OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСарвар Тўраев
Асар номиКарвонқуш (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Сарвар Тўраев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм24KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/11/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ёшлик» журналининг 2011-йил, 1-сонидан олинди.


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Карвонқуш (ҳикоя)
Сарвар Тўраев

Саҳронинг бепоён кенгликларида йилнинг уч ойини айтмаса, ташқи дунёдан буткул узилган элатлар яшарди.

Йирик-йирик тижорат марказлари томон йўлга чиққан карвонлар баъзан бу овуллар ҳақидаги узуқ-юлуқ афсонанамо гапларга бўлган қизиқишлари туфайли шу томонларга йўл солишарди.

Карвонни иззат-икром билан кутиб олишгач, аввалига овул улуғи ўтовида меҳмоннавозлик бўлиб, сўнг савдо ишлари ғимирлай бошлар, бозор шу даражадаги авжга минар эдики, йирик шаҳарлардаги савдо марказларидан қолишмасди.

Саҳрода бир-бирларига нисбатан ғаним уруғлар яшаб келарди. Улар ўртасидаги бу душманлик азалдан қудуққа бой ҳудудлар устидан назоратни ўз қўлларига олиш масаласида эди. Улусу билан Азсу ана шундай уруғлардан эди.

Улусу овулида сувга мўл қудуқлар жойлашган бўлиб, ҳаётлари тўкин ва барқарор, бошқа уруғлар, хусусан, Азсу доим қудуқларидаги сув танқислигидан қийналарди.

Бир замонлар осмондан бало ёғилиб, касалликлар авж олганида Азсу овули улуғлари кенгашиб, Улусуга чопар жўнатишган ва бундай дегандилар: «Тангри ер-кўкни, сувни ҳаммамиз учун берган, сенинг аждодларингнинг ютуғи эртани кўра билганида, бугун- ги емагини эртага атаганида, менинг аждодларимнинг гуноҳи бугуни билан яшаганидадир.

Шу кечирилмас хато эвазига кўп жонларни қурбон бериб келамиз. Келингиз, қон-қариндошлик ипини боғлайлик, Тангри бундан ва биздан хушнуд бўлажак».

Улусу узоқ кенгашди-да, жавоб берди: «Қуёш ортидаги кун худоси билан ой ортидаги тун тангриси дўсту ёр бўлиши мумкинми?

Ҳар нарсанинг ўз сўроғи бор, шунинг учун ҳам тун ва кун бор.

Тунлари қуёш чиқмаган, лекин кундузи ой қуёш салтанатининг ичида у-бу жойида биқиниб юради-да, зулмат чўкканида кундан ўғирлаганини ўзиники қилиб мақтанади. Сиз ва биз ана шу кабимиз».

Азсу қурғоқчиликдан азоб чекди.

Ўшанда Азсу улуғлари бир кунмас-бир кун бу қўшни уруғни қилич билан забт этишни дилига тукканди.

Узоқ йиллик гина-кудрат, ҳаёт – мамот жангини келтириб чиқариши аниқ, аммо ўша фурсат ҳали бўй кўрсатмаган эди.

Улусуга карвон қўнган.

Бозор қайнайди.

Қуёш беаёв қиздиради.

Саҳройилар кўникиб кетган дим ҳавода ажнабий савдогарлар, айниқса ёш йўловчилар зўрға нафас олишади.

Кун ярмидан оққанида бошдан-оёқ қора либосга ўранган, ўрта бўйли, кенг пешонали, кўркам йигит пайдо бўлди.

У отдан тушибоқ от жиловини уни қизиқиш билан ўраб олган ўсмирлардан бирига тутқазди-да, бозор оралади.

Ажнабийлар гавжум оломон орасида яққол кўзга ташланиб турган ўткир нигоҳли бу йигитнинг ким эканлиги билан қизиқишди.

Ёнгинасидан ўтаётган бир тўп сулув қизлар табассуми, пичир-пичирлари ўзига бағишланганлигини сезса-да, бепарволарча йўлидан қолмаётган йигитнинг кимлигини ёйиб қўйилган жанг қиличларини оғзидан таноби қочиб томоша қилаётган ўсмирдан сўрашганида, у қувончданми, қўрқувданми энтика-энтика жавоб қилди:

– Карвонқуш!

Шу ердан ўтиб кетаётган мункиллаб қолган кампир тишсиз оғзини катта очганича, изоҳлади:

– Карвонқуш ...бу бизнинг овулимиз, у борки, биз бор, у борки,сиз бор.

Қора либосли йигит нимадир харид қилишга уннаганида, бир гуруҳ овулдошлари унинг атрофида гирдикапалак бўлиб қолди.

Карвонқуш – Улусуни ташқи хавфлардан огоҳ этиб турувчи қўриқчи.

Ёз тунлари осмонда «Карвонқуш» деб ном олган юлдузлар туркуми кўзга ташланадики, баъзида адашган карвонлар шу юлдузни мўлжал олиб, саҳро халқларига етиб келишади.

Етти қароқчи юлдузи ер бағирлади, тун яримлади.

Бирдан Карвонқушнинг нигоҳи олисда от чоптириб кетиб бораётган чавандозга тушди.

Карвонқушнинг кўнглида ҳадик турди.

U tomon ot soldi. Chavandoz oyning botishini istamagandek oʻqdek uchib borar, shamolda uzun sochlari oʻynardi.

Узоқ қувлашмачоқлардан сўнг Карвонқушнинг учқур тулпори чавандозни қувиб етди.

– Эй, сен, тўхта!

Чавандознинг кўзлари юмуқ, бироқ ҳаракатлари нозик, жонли ва жадал эди.

– Тўхта, бизнинг ҳудудларга нега келдинг? – Карвонқуш узангига оёқ илиб ерга қўнди. – Нима излаяпсан?

– Сув!

Карвонқуш чавандоз билан ёнма-ён юрганида, унинг қиз эканлигини, бунинг устига ойпараст эканлигини тушуниб етди.

Бу пайт ойнинг сўнгги ўроқдек парчаси ҳам ер бағирлаб, замин зулмат қудуғига чўкиб борарди.

Қиз йўлидаги Карвонқушни қучди.

Карвонқушнинг юзини унинг узун сочлари сийпалаб ўтди.

– Эй,саҳро эгаси, сени излаб топдим! Сени узоқ қидирдим. – Карвонқушнинг қулоғига майин пичирлади қиз. – Сендан сув сўраб келдим, сув бер!

Ой саҳронинг шамол бунёд этган катта-кичик қирларидан ҳам соясини аяди.

– Сув бер, одамлар чанқоғи босилсин.

Улар сукунат қаърида қолиб кетишди.

* * *

Карвонқушлик узоқ йиллардан буён тайин этиб келинади.

Қуёш тутилганидан сўнг туғилган илк фарзандни муқаддас қуёш ўғли деб ҳисоблашади ва уни карвонқушликка монанд улғайтирилади.

Овулда қуёш тутилганидан сўнг, агар қиз фарзанд туғилса, у ойдан бунёд бўлган дейишади ва бу қиз бутун умр Улусуга чўрилик қилишга мажбур этилади. Қуёш зурриёди – Карвонқушнинг ота-онаси бўлмайди. Унинг дўстлари ҳам, душманлари ҳам, маъшуқаси ҳам бўлмайди, у бутун умр уйланмай ўтади.

* * *

– Ҳеч ким ойга етолмайди дейишарди. Кўп ҳам хато қилиши мумкин эканки, мана, сени топдим.

Карвонқуш қандай қилиб ойпараст қизни аслига қайтариш йўлини ўйларди.

Унинг кўкрагига бош қўйган қиз эса хотиржам эди.

– Ўйлаб олишимга вақт бер, бундан кейинги тунларни кут, мен сени бу дарддан фориғ этарман балки.

Узоқ сукунат чўкди.

Қиз Карвонқушни бағридан бўшатди.

Зулмат ичига сингди, от дупури унинг кетиб бораётганлигини англатди.

Ойдинда, учиб юрган ҳурни эслатиб, отида елиб келаётган бу қиз унинг нигоҳига қўниб қолган эди.

Ойпараст қиз ботиб бораётган ойни, Карвонқуш эса уни таъқиб этишни ўрганди.

Бепоён саҳрода узоқ от чоптиришлар...

Марҳамат кутиб келган қиз...

Узоқ қучилган Карвонқуш..

У Карвонқушлигидан қўрқмай қўйганди.

Ой юзини тўсиб-тўсиб қўядиган узун сочларга кўмилишни хуш кўриб қолган эди.

Ой кечика борди.

Карвонқуш янги тўлин ойни кутиши лозимлигини айтганида, қиз лом-мим демай кетди.

Тунлар зулматга тўлган, Карвонқушнинг кўнглидек қорайиб қолганди.

Кунларнинг бирида уни овулга чақиртиришди.

Овул улуғининг катта ва кенг ўтовида, тўрт оқсоқол, овулнинг икки катта коҳини ва кичик беклар йиғилиб бўлганида, у ҳам кириб борди.

Оқсоқоллар унга норози қараш қила бошлаганидан, ўзидан нимадир ўтганлигини пайқади.

– Сарҳадларимизда Азсу уруғининг айғоқчиси юрса-я.

– Азсу билан неча асрлик адоватимиз бор.

– Қуёш ўғли, тафтинг сезилмаяпти!

Карвонқуш чўчиб тушди. У айғоқчини қандай қилиб кўздан қочирганига ишонолмай турарди.

Кўп ўтмай ўтовни оломон ўраб олди.

Ташқаридан овозлар келарди.

– Чўпонларимиз топган, Азсу уруғи бизга жўнатган жосусни кўрсатинглар!

– Тошбўрон қилиш керак!

– Унинг муддаосини эшитишимиз керак! Эски гап бўлса, қатл этишимиз шарт!

– Карвонқуш нимадир билар?

Овул улуғлари оломон қаршисига чиқишди.

Карвонқуш ўзининг эли олдидаги буюклигига рахна солаётган ўша душманни чопиб ташлашга тайёр турарди.

Улуғ чувиллашаётган оломонга юзланиб, уларни тинчликка ундади.

– Бас, уни кўз ўнгингизда сўроқ қиламиз, жазони ҳам ўзингиз тайин этарсиз, фақат олдин уни эшитишимиз керак.

Икки жангчи овул зиндони томонидан бировни турта-турта етаклаб келди.

Овул улуғлари ва оломон орасида пичир-пичир гап оралади.

– Ғанимларимиз сенга нима юклашганини баён эт!

– Буюклигимизнинг сабабини билмоқчи бўлдингми, Улусунинг тотув эли орасида низо уруғини сочмоқчимидинг!

– Мен сизга ёмонликни соғинганим йўқ.

Бу товушдан Карвонқушнинг бутун вужуди музлаб кетди ва асирга кўз ташлади. Бунгача душманига ҳали кўзи тушмаган, боиси, овул тайинлаган жазони ўзи ижро этар, сўнгги ҳисобни Карвонқуш талаб қилардики, бунга фурсати ва юзма-юзликка тоқати ҳали олдинда эди.

– Нега бизнинг худудларда дайди итдек изғидинг ?

– Айбсизлигингни исбот эт!

Карвонқушнинг кўзлари тиниб борар, қулоқларига атрофдагиларнинг бу гаплари эшитилмасди.

– У ов пайтида адашиб қолгандир, балки...

Кимнингдир бу гапи оломоннинг жаҳлига сабаб бўлди, нигоҳлар сўз айтувчининг юзига ўйиб юборгудек ўқрайдики, бу билан давранинг руҳини пайқаш қийин эмасди.

– Йўқ!

Одамларнинг нигоҳи анчадан бери ҳайкалдек қотиб қолган қўриқчисига қадалди.

– У биздан марҳамат кутиб чиққан! Уни озод қилиш керак!

Оломон гувранди.

– У саҳро сарваридан сув сўраб чиққан ой қизи, холос.

Қўллари орқага қилиб боғланган қиз ерга тиззалаб йиқилди, чўккалади.

– У саҳро эгасидан сув сўраб чиққан!

Қиз ердан кўз узиб, овоз келаётган томондан уни қидирди, топди.

– Қуёш ўғли! – гувранди халойиқ.

– Унга ёмонликни тиламанг!

– Уни ватанига тирик қайтариш, овулимизнинг култепаларга айланиши дегани эмасми?

– Қуёш ўғли, уни қурбонликка атаймиз!

– Қуёш ўғли, унинг бошини танидан жудо қилгинки, Тангри биздан ва зуриёдидан рози бўлсин.

Карвонқуш чўккалади.

Эл тинчиб қолди. Асабий сукунат тин олди.

– Унга озодлик бериш керак, у ойдан сув сўраб чиққан ойпараст қиз, холос.

У рўпарасида ўзига тикилиб турган қизни, унинг юзини кўз ёшлари ювиб ўтаётганлигини кўрди.

Қиз қандайдир бир қувонч, ҳаяжон билан титраб турардики, унинг бу ҳолатини Улусуда Карвонқушдан бўлак киши тушунолмасди.

– Улуғлар, бу не гап, – қичқирди кексайиб қолган чол. – Эсимни танибманки, у уруғ бизни таҳқирлаб келади. Қачон бизнинг овулдошларимизни бизга омон қайтаришганини кўргансиз?

– Қуёш ўғли, аслингга қайт!

– Манфур ёвга ўлим, уни қатл этишимиз керак, вассалом.

Овул улуғининг ўтовида, оқсоқоллар ўзаро кенгашиб, қизга турли-туман жазолар қўллашни кенгашишаётганида, ташқарида қолиб кетган Карвонқуш ва чўккалатиб қўйилган қизнинг нигоҳлари бир-бирларига қадалган эди.

Бу қарашни оломон ечолмас, маъносини ҳис қилмаган эди.

Улуғлар қатл кунини белгилашиб, тарқалишганида қизни ҳам зиндон томон ҳайдаб кетишди.

Йўл-йўлакай унга болалар, қиз-жувонлар қўлларига тушган нима бор, улоқтириб боришарди.

Йигит эса узоқ вақт шу алфозда қолиб кетди.

Бу тун овулнинг у ёки бу томонидаги қум тепаликларининг бировида ҳам гулхан ёнмади.

Овул аҳлига бу тун нимадир камдек туюлди.

Қуёшга қурбонлик куни эркак зоти борки, ибодатга чиқарди. Ноғоралар сурони остида оломон Азсу кенгликлари томон йўлга чиқди.

Энг олдинда ойпараст қизни олиб кетишарди.

Ойнинг тўлин бўлишини муштоқ кутаётган қизнинг чарос кўзлари қизарган, янада гўзаллашган, жозибали эди .

Халойиқ қаршисида, бир-бирига уланиб кетган Азсу овулининг уйлари кўзга ташланиб қолганида юришдан тўхтади.

Қиз кўз ўнгида намоён бўлган ватанига илҳақ тикиларди.

У ўзи от солиб, ой қувган кенгликларни томоша қиларди.

Карвонқуш тайин этилган пайтдан кечика бошлади.

Улуғлар кўнглида қўрқув исён кўтарди.

Чунки бу жойда узоқ қолиш жуда хавфли бўлиб, Азсу ҳудуди ҳисобланарди.

Улуғларнинг боши кенгашишдан чиқмади. Карвонқушсиз маросим ўтказиб бўлмасди ҳам, шу сабаб қатл эртаги кунга қолдирилганида қизнинг юрагига миттигина нур инди.

Улусу кетишга чоғланганида кенгликларнинг бир бурчидан, қуёш чиқар томондан мўр-малахлардек ёпирилиб келаётган оломонни кўрдилар.

Ulusu ulugʻlari urugʻni jangga shayladi.

Азсу унинг шундоққина қаршисида тўхтаганида, энг олдинда қўллари ортига қайрилиб кишанланган Карвонқушни кўрган Улусунинг капалаги учиб кетди.

– Қуёшимизни бизга қайтар!

– Ойдан сув сўраган қизни қайси гуноҳи учун ўзингдек ёвуз тангрингга атамоқчисан?

– Азсу минг йиллик даъвосини қўзғаб, биздан сув сўради.

– Муқаддас ойнинг қизини бизга қайтар!

– Қуёш зуриёдини бизга омон қайтар, акс ҳолда биздан омонлик кутма!

Икки томон ўзаро узоқ кенгашди.

Кун тикка келди.

Улусу Карвонқушнинг баҳридан ўтиб қўяқолди.

Икки томон ҳам урушни истадики, бундан сўнг қайсидир уруғ ўлимга маҳкум эди.

Бир барзанги ой излаган қизнинг ёнига келиб, унинг ойдек юзларини ўйнади-да, либосини зўрлаб йирта бошлади.

Қиз типирчилар, бироқ қочиб кетолмас эди.

Барваста йигит унинг узун сочларига ўткир ханжар солиб, кесиб ташлаганида, аламдан қийқириб юборган Карвонқушнинг олдинга отилганини қочоқликка йўйган Улусу улуғи:

– Ўлдиринглар! – деди.

Қиличлар овози янгради.

Қизни чопиб ташлашди. Карвонқушнинг кўзларидан ёшлар сизиб чиқиб, юзи бўйлаб пастга энганида, унинг боши узра ҳам қилич ярқиради.

Кимдир овоз берди:

– Эй, икки нодон уруғ, наҳотки ҳамон англамадинг. Бизнинг қизимиз сенда эди-ю, сенинг Карвонқушинг ўзи келиб, ўртадан низо олинишини сўраган ва алмаштиришларини истаган эди-я.

Унинг гапини кўпчилик эшитса-да, аммо шу пайтда ўйлашга фурсат етмасди.

Бу урушни ҳеч ким тўхтатолмади.

Қиличлар жарангги, жангчилар урҳоси буюк саҳрони тутган эди.

Бу урушда ҳаёт ва мамот масаласи кўндаланг турарди.

Эркаклари овулга қайтмаган Улусу ва Азсу эрта тонгданоқ йўлга чиқиб, қуёш кўтарилаётганида саҳро ўртасидаги қип-қизил дарёни кўрдилар.

Бу сароб эмасди.

Аёллар сувсиз саҳрода қонга қорилган лойдан қўрғон бунёд этдилар.

Қўрғон ўртасида ойпараст қиз ва қуёш зурёдига қабр қазилди. Сўнгра, эркакларининг хуни учун аёллар ўртасида аёвсиз жанг кетади деганлар хато ўйлади.

Уларнинг ўй-хаёллари, дарду изтироблари бир жойдан чиққач, бир-бирларининг истиқболига чиқишди.

Бирлашишди.

Энди ҳам овулларда ҳаёт давом этар, энди ҳам узун-узун карвонлар улуғ саҳрони кесиб ўтишга журъат топишар, бироқ энди Карвонқушнинг сирли гулханига тикилишмас эди.