OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСайди Умиров
Асар номиАсқад Мухторнинг элчилари
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Публицистика
Муаллифлар
   - Сайди Умиров
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Очиқ хатлар ва мактублар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм18KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/03/31
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2005 йил 2-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Асқад Мухторнинг элчилари
Сайди Умиров

Адиб ҳаёти журналистика билан чамбарчас боғлиқ: дастлаб «Ёш ленинчи» (ҳозирги «Туркистон»), «Қизил Ўзбекистон» (ҳозирги «Ўзбекистон овози») газеталарида ишлаган, «Шарқ юлдузи», «Гулистон» журналларига бош муҳаррирлик қилган, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати»ни шакллантирган, Ёзувчилар уюшмасига котиб бўлган. Олтмиш йиллик ижодий фаолияти давомида ўн мингга яқин (!) публицистик асар — корреспонденсия (фиқра), лавҳа, репортаж, ҳисобот, интервю, мақола, тақриз, кузатиш, шарҳ, хат, очерк, фелетон, эссе ёзган, эфирда, экранда беҳисоб чиқишлар қилган. Ўн мингтача! Айтишга осон: битта мақола, очерк ёзиб, эълон қилиш қанчалар қийин.

80-йилларнинг ўрталарида кутубхоначиликка ўқиган бир талабанинг бошдан-оёқ Асқад Мухтор бадиий, публицистик асарлари рўйхати, қисқа изоҳларидан иборат каттагина диплом ишига кўзим тушган эди. Шундан кейин ҳам адиб ўн йилдан ортиқ ижод қилди, кўп нарса ёзди.

Ёзувчилар бор, публицистикага ҳар замонда, ҳафсала қилганда, завқи келганда ё бирор сана муносабати билан мурожаат этади. Бирор мақола, суҳбат билан чиқади-да, узоқ вақт жим бўлиб кетади. Асқад ака бу иш билан мунтазам, бетиним шуғулланган. Урушдан кейинги йиллари «Пўлат қуювчи» достони, «Дарёлар туташган жойда» қиссасини яратишдан олдин Бекободга бир неча бор сафар қилиб, туркум мақолалар, очерклар ёзиб келгани, радиога кўп эшиттиришлар тайёрлагани маълум.

Ўтган асрнинг 60 — 70-йиллари, 80-йиллар ўрталаригача публицистикамизда, тўғриси, офаринчилик, воқеаларнинг сиртидан гап уриш, мадҳу сано, таъзим-тавозе услуби устувор эди. Ўша йиллари кўп ва хўп ёзган Асқад Мухтор мана шундай қусурлардан имкон қадар қочишга, табиийликка интилар, дунёқараши кенглиги оддий воқеа, ибратли далиллардан катта фикр, салмоқли хулоса чиқаришга имкон берарди.

«Ёзувчи маҳорати бирор қизиқ воқеани топиб тасвирлашдан кўра, бирор воқеани қизиқ қилиб тасвирлашда кўпроқ намоён бўлади», деган ибратли гапи бадииятигагина эмас, публицистикасига ҳам тааллуқлидир. Адибнинг «Заранг япроғи» номли йўл очеркидан Канада табиати, одамлари ҳақида кўп маълумотлар оламиз. Машҳур боғбон Ризамат отанинг дил рози — монологи асосига қурилган «Умр ҳикматлари»да нуронийларимизга хос донишмандлик, бағрикенглик, камтарлик уфуриб туради. Болалар, ёшлар ҳақида ёзганда адиб тилда, услубда бола бўлиб, ёш бўлиб кетарди. Умрининг охирги йилларида, бемор пайти «кундаликлар», тўғрироғи, «Тундаликлар» ёзди. «Уйқу қочганда...» номи билан китоб бўлиб ҳам чиқди.

Қисқалик — истеъдоднинг ҳамшираси, деган нақлга амал қилибми ёки катта нарсаларни ўқишга ҳафсаласи йўқ китобхоннинг вақтини аябми, лўнда, пурҳикмат публицистик лавҳа, чақмоқ сатрлар битди. Бундай миниатюр лавҳалар Лихтенберг, Бернард Шоу, Станислав Ежи Лецда кўп учрайди. Энди бизда ҳам урф бўлаётибди: Асқад Мухтор, Ғайбулла ас-Салом, Ўткир Ҳошимов қатралари бунинг бир мисолидир. Мана, Асқад аканинг афоризмларидан айримлари: «Китоб бойлик, Лекин сотиб олингани эмас, ўқилгани», «Чинакам бадиий асар ҳамма вақт жавобсиз саволлардир», «Шоир бўлиш яхши, шоирлик даъво қилиш ёмон», «Кимнингдир ёзганига офарин, кимнингдир ёзмагани учун раҳмат», «Авваллари яшаш учун ёздим, энди ёзиш учун яшаяпман», «Кичкина яхшилик қилиш учун ҳам одам (балки буюк одам) бўлиш керак, катта ёмонлик қилишга кичик одам ҳам қодир»...

«Инсонга қуллик қиладурман» китобига ёзган муқаддимасида ўтган асрнинг ўттиз тўққизинчи, қирқинчи йилларида, ҳали талабалик кезлари буюк Соҳибқирон Амир Темур ҳақида илмий-бадиий йўсинда курс иши ёзгани, бу ҳурматли домласи Иброҳим Мўминовга маъқул келгани, 60-йиллари ҳикоя ёзилиб, устози — таниқли академикка кўрсатилганда у кишига манзур бўлгани, лекин эълон қилмай туришни маслаҳат бергани («... сен буни ҳозир бирон жойга бермай қўя қол. Менинг куним сенинг ҳам бошингга тушиб ўтирмасин...» деган эканлар), фақат мустақилликдан кейин чоп эттирганини эслайди. (Соҳибқирон ҳақидаги «Инсонга қуллик қиладурман» ҳикояси ва шу номли китоби севимли муаллими Иброҳим Мўминов хотирасига бағишланган.)

Асқад Мухторнинг адабий-танқидий мақола, тақриз, суҳбатлари ўзида илм, бадиият, публицистика унсурларини мужассам этган антиқа, синкретик асарлардир. Улар ҳикоядек, очеркдек қизиқиш билан ўқилади, кучли эстетик завқ беради. Зулфиянинг «Қатра» шеъри махсус таҳлил қилинган теран, эҳтиросли мақола фикримиз далилидир.

«Давр масъулияти» мақоласида («Мухбир», 1970) Асқад Мухтор публицистика ижодий ниятни самарали рўёбга чиқариш, фикр, туйғу, ҳиссиётларни образли акс эттириш йўлларидан бири эканлигини таъкидлайди. Адиб фикрича, одамларнинг, омманинг маънавий дунёсини, идеаллари ва эҳтиросларини фақат лирик ва психологизм тўлқинларида тўлалиги билан китобхон онгига етказиб бўлмайди, бунда ижтимоий фикр ифодасига кучли эҳтиёж сезиладики, публицистика айни шу вазифани адо этади.

Адиб «Вопрос? литератур?» журналининг 1974 йилги танқидчиликка бағишланган махсус сони саволларига берган жавоб-мақоласида Озод Шарафиддиновнинг илмий-бадиий-пулбицистик мақола, тадқиқотларига юқори баҳо беради: «Бу танқидчи ёзувчига, китобхонга ақл ўргатмайди, насиҳат қилмайди, балки ҳаёт ҳақида, адабиёт ҳақида ўқувчи билан тенгма-тенг суҳбат қуради, ўқувчилар қаторида менинг ҳам симпатиям унинг томонида».

Асқад Мухтор кўп ва хўп, куюниб-койиниб ёзган мавзу — тил муаммоси, сўз масъулияти. «Тилимиз бир мўъжиза» мақоласида автобусда ўрин бўшатиб берган йигитга қарата ёши улуғ аёлнинг «Умрингиздан барака топинг, тасаддиқ...» сўзларининг мағзини чақишга ярим бетча, кир-чир автобус ҳайдовчисининг дағдаға билан айтган «Билет олларинг, олдинда контролёр бор» деган гапларини изоҳлашга катта бир абзац ажратганини, бир китобхон унга — журнал редакторига «кўз» сўзи билан боғлиқ мингга яқин мақол, матал, афоризм ёзиб юборганини миннатдор бўлиб эслайди...

Асқад Мухтор моҳир муҳаррир, бетакрор мураббий, бағрикенг устоз эди. Аввало, ўзининг устозларига ҳурмати, ихлоси баланд эди: шеърлари, мақола, суҳбатларида Алишер Навоий, Мирзо Бобур, Муқимий, Фурқат, оқсоқол адибларни, устоз олимларни ёдлаб турар, асарлари, фазилатларини тез-тез ибрат қилиб кўрсатарди.

Бир суҳбатида Ёзувчилар уюшмасида ўтган мушоирада «Икки нарса оғирдир кўнглимга асти, Икки нарса учун йўқ менда бардош, Бири — душманимнинг шодон қаҳ-қаҳаси, Бири — дўст кўзида ялтиллаган ёш» деган тўртлигини ўқиб берганда тўрда, ҳайъатда ўтирган Ғафур Ғулом хурсанд бўлиб ўрнидан туриб кетиб: «Яхши нарса ёзибсан, «ялтиллаган»ни ўрнига «мўлтиллаган» де, таъсири кучлироқ чиқади», деганини эслайди Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ адиби Саид Аҳмад ва тенгдош дўсти хотирасига бағишланган эссесини «Мукаммал инсон сурати» деб атайди. Кейинги авлод вакилларидан ёзувчи Xайриддин Султон «Бобурийнома»да Асқад акани «Улуғ инсон, улуғ адиб, шафқатли мураббий, зоти шариф», дея таърифлайди, у киши муҳаррир бўлган «Гулистон» журналини мустабид бир тузумдаги эркин фикр оролчасига ўхшатади, Твардовский бошқарган «Нов?й мир» журнали рус жамиятига қанчалик ижтимоий таъсир кўрсатган бўлса, «Гулистон» ҳам ўша кезлари ўзбек жамиятининг маънавий ҳаётига шунчалик кучли таъсир кўрсатганини таъкидлайди. Xайриддин Султоннинг илк ҳикояси талабалик йилларида бош муҳаррир оқ фотиҳаси билан журналда босилган эди. Бошқа бир адиб Алишер Ибодинов ҳали талаба эмас, армия хизматида денгизчи бўлиб юрган кезларида илк ҳикояси чоп этилгани, адибимиз истеъдодли йигитга университет журналистика факултетига илиқ тавсиянома-тавсифнома ёзиб юборгани эсимда. Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Зулфия, Шайхзода, Озод Шарафиддинов, Матёқуб Қўшжонов, Одил Ёқубов, Ғайбулла ас-Салом (кейинги авлод ижодкорларидан Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Иброҳим Ғафуров, Ўткир Ҳошимов, Икром Отамурод, Маҳмуд Саъдий) каби Асқад Мухтор ҳам қалам аҳлига, айниқса, ёшларга ғоят меҳрибон, бағрикенг, таҳрири тоза, тиниқ ижодкорлардан. Қанчадан-қанча қўлёзмалар у киши таҳриридан чиқиб, очилиб кетмаган, дейсиз. Миртемир домла «Асқад қўлёзмага билиб қалам тегизади», деган экан. Абдулла Орипов шеърларидан биридаги «Асқад ака лутф этгандай» деган сатр ҳам машҳур адибга катта ҳурмат, эҳтиром рамзи. Адибнинг мунис, меҳрибонлиги, танти ва камтарлигини кўрган, эшитган ёшлардан қай бирлари қимтиниб, қай бирлари тортинмай ҳузурига келганлар, қўлёзмаларини қолдирганлар, хат йўллаганлар; маслаҳатларидан, ёрдамларидан баҳраманд бўлганлар қанча. Суҳбатларидан бирида ҳазил мақомида шундай дегани кечагидек ёдимда: «Яқинда бир қизалоқ телефон қилиб журналингизга борсам, маслаҳат олсам майлими?» деб сўради. «Марҳамат, сиз кимсиз?» деб сўрасам, «Ёш талантман», деб жавоб берди жарангдор овози билан...»

Асқад Мухтор публицистикасида ҳам шўролар даври мафкураси ўз таъсирини қолдирган, албатта. Лекин кўпгина мақола, суҳбатлари бугунги кунда ҳам ўзининг долзарблигини, таъсир кучини йўқотмаган: «Камолот калити», «Табиат гўзаллиги — маънавий бойлигимиз», «Сиз қандай ўқийсиз?», «Хат ёзиб турасизми?», «Ижодкорнинг дахлсиз дунёси», «Тарихийлик — замонавийлик», «Дарё ва соҳиллар», «Ажойиб сирли гармония» ва бошқа мақолаларини — улуғ инсоннинг авлодларга элчиларини эслаш кифоя. Дарҳақиқат, замон ва қаҳрамон, маънавият, маърифат, мактаб, оила, тарбия, тил, экология ва адиб кўтарган бошқа муаммолар бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ ва долзарброқ. «Тундаликлар»нинг «Иккинчи дафтар» қисмидаги кичик қатраларда ҳам катта, муҳим фикрлар айтилган. Шеърий сўзнинг илоҳий қудрати, тасаввур («бу — олий савқитабиий»), тасаввуф («Нима учун пантеизм, неоплатонизм оқимларига амал қилган Данте, Петрарка асрлардан бери улуғланади-ю, тасаввуфга бунча қора чапланади?.. Бу сингари камситишлар бизларга мустамлака деб қарашнинг аломатлари эди»), Шарқ адабиётининг Ғарбга таъсири, кейинги пайтлари ҳамма нарсани рад этишнинг авж олганлиги, ўзбекчадан русчага таржималарнинг кескин камайиб кетаётганлиги, утопик асарларнинг идеал излаш натижасида юзага келганлиги ва ҳоказолар ҳақидаги теран мулоҳазалари фикримиз далилидир.

Асқад Мухтор публицистикаси, айниқса, ёш ижодкорлар учун маҳорат мактаби, ибрат намунасидир.