OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШаҳло Ҳошимова
Асар номиКутиш (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Шаҳло Ҳошимова
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм39KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/11/11
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Кутиш (ҳикоя)
Шаҳло Ҳошимова

Ўттиз йиллик қадрдони билан учрашиш мақсадида Комил Н. шаҳрига бир кун олдин учиб келди. Аеропортдан такси тутиб дўсти таъкидлаган меҳмонхона номини айтганида, такси тезгина олиб келиб қўйди.

Меҳмонхона кўп қаватли бўлиб, шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган экан. Комил юқори қаватнинг хоналаридан бирига жойлашиб, чиройли ва кўркам шаҳарни узоқ томоша қилди.

Июн ойи эмасми, ҳаво эрталабдан иссиқ ва дим.

Комил шаҳарни айланиш мақсадида меҳмонхонадан чиқди. Тирбанд тор йўлаклардан ўтиб, кенг, серқатнов йўлда узоқ юрди. Яна қайсидир йўлларга ўтиб, келган йўлини унутди. Аммо таксига ўтириб меҳмонхонага қайтиш имконияти борлиги уни ҳеч нарсадан чўчитмасди. Бир маҳал худди ўзининг маҳалласига ўхшаган маҳаллага кириб қолди. Тартиб билан қурилган уйлар, кенг, равон, тоза ва озода кўчалар, унинг бу шаҳарда мусофир эканлигини ҳам бироз бўлса-да хотирасидан кўтарди.

«Одамзод ҳамма жойда гарчи тили, ирқи, замони бошқа бўлса-да, бир хил тирикчилик қилади. Қуёш нуридан баҳра олиб, табиат манзараларидан завқланади. Севади, севилади, хиёнат қилади, алда-нади... кичкинагина юрагига ҳамма ҳис-туйғуни жойлаштириб, қисқагина умрида барчасини бошидан кечиради. Аммо ҳаётни англаган вақтда ўлим унга юзма-юз келган бўлади...» Комил шундай ўйлар гирдобида борар экан, ортидаги қайсидир темир эшик қаттиқ шарақлаб очилди. Ундан аёл кишининг юракка оғир ботадиган нолага ўхшаш аламли қичқириғи эшитилди. Нима бўлди экан-а, деб Комил ортига қайрилганида, унга томон шу эшикдан чиқиб келаётган баланд бўйли, қора шим, кул ранг кўйлак, кул ранг шляпа кийиб бошини хам қилиб келаётган кишини кўриб, йўлини давом эттиришга мажбур бўлди.

«Танимаган, билмаган одамни эшиги олдида тўхтатиш ноқулай... аммо нимадир бўлди шу хона-донда», дея қошларини чимирганча ўйланиб бораверди Комил.

Ҳали соат эрталабки ўндан ошмаган бўлса-да, кун жуда исиб кетган. Саратон қуёши атроф-муҳитни ўз ҳукмига буйсундириб олганди. Офтоб тиғидан ҳеч ким қаршисига тик қарай олмасди. Комил ичкари кўчаларни анча айланиб чиқди. Энди катта кўчага амаллаб чиқиб олса, такси тўхтатиб тўғри меҳмонхонага боради. Шу алфозда уни бир нарса ўйлантириб турарди. Ҳалиги эшикдан чиққан нотаниш кимса унинг ортидан соядек эргашиб келарди. Вазиятни аниқлаш мақсадида Комил меҳмонхонага қайтиш фикрини ўзгартиб, яна ихтиёрини йўлнинг йўналишига топширди. У катта йўлни кесиб ўтиб, икки қаватли иморатлар орасидаги кичкина йўлакчага кириб олди. Ҳалиги нотаниш ҳамроҳ ҳам унинг ҳаракатини такрорлаб, бошини хам қилганча ортидан эргашиб кела бошлади. «Бу ёғи қизиқ бўлди-ю, бегона юртда танимаган одам ҳамроҳ бўлиб олса. Йўқ, буни ҳамроҳ деб ҳам бўлмайди... У мени ортимдан кузатиб келмоқда. Аммо нима учун бу тарзда ошкора... ахир кўр ҳам сезади-ку унинг бу тарздаги эргашишини. Ҳозир тўхтаб, мендан нима исташини сўрайман», дея Комил турган жойида тўхтаб ортига қайрилди. Кутилмаганда ҳалиги кимса ҳам беорларча тўхтаб ортига қайрилди. Комил унга томон бир-икки қадам ташлаган эди, у ҳам олдинга интилди. Қизиқ, жуда ҳам қизиқ.

Баланд бўйли бу кимса жуда ҳам озғин бўлиб, шляпани бостириб кийганидан унинг юзи кўринмасди. Ҳалиги киши секин олдинга юра бошлади. Комил бироз эргашган киши бўлди-да, «Ортимдан эргашса эргашибди. Нима, мен фавқулодда бир одаммидимки, юрган йўлимни кимгадир берсам ёки бир миллионермидимки, ўзимнинг соямдан ўзим қўрқиб яшасам», деб қўйди. Комил ортига қайрилиб йўлида давом этар экан, «аслида ҳеч нарсаси йўқ ва ҳеч нарсага қодир бўлмаган киши жуда қўрқоқ ва ҳаммага ҳисобот бериб яшайди», дея мийиғида кулиб қўйди.

Комил чамаси бир соатча янги-янги кўчалардан юриб чарчади.

«Сен ҳам чарчадингми?» дея ўзича ичида «ҳамроҳи»дан сўраб қўйди. Нотаниш ҳамроҳ эса ҳамон боши эгилганча унинг ортидан эргашиб келарди. Комил бинолар орасидан юриб болалар майдончасидан чиқиб қолди.

Вақт тушга яқинлашганлиги сабабли майдончада ҳеч ким кўринмайди. Атроф жимжит. Қуёш ерни қиздиргандан қиздирмоқда.

Комил ўзидаги чарчоқни ҳис қилиб, майдонча четида, дарахт соясида жойлашган ўриндиқлардан бирига бориб ўтирди. Нотаниш ҳамроҳ ҳам бошини олдингидан ҳам баттарроқ эгиб ўриндиқнинг бир чеккасига омонатгина ўрнашиб олди.

«Қизиқ, ҳеч бўлмаса қилаётган ишидан озгина ноқулайлик ҳам сезмайди-я... Ҳа, бу ҳаётда одамзод онги ҳазм қила олмайдиган жумбоқлар жуда кўп», дея ўйлади у баланд чинорга тикилганча.

– Чанқадим, эрталаб нонушта қилмаганлигим учун қорним ҳам очиб кетди. Сен ҳам қорнинг очиб, чанқадингми? – дея яна одатдагидек ичида ҳамроҳидан сўради Комил. – Ёки менинг сабрим қай даражада эканлигини билишни истайсанми... Мен жуда сабрли одамман. Ҳаётда ҳеч нарсани биринчи бўлиб бошламайман. Ҳамиша кутаман. Гоҳида юрагим тўхтаб қолишини ҳам кутаман. Тўғрисини айтсам, менда бу ҳолат жуда кўп бўлади. Баъзида ҳамма нарсалардан тўйиб кетаман, одамларни умуман кўргим келмай қолади. Чунки кўпинча уларни кўз қарашларидан нимани ўйлаши, нима ҳақида гапиришларини биламан. Аммо уларни ҳамиша жимгина эшитишга мажбурман. Айниқса аҳмоқ бошлиқни – сиз ақллисиз, – дея у билан биргаликда ишлаш ёки унинг бир чақага арзимайдиган ҳаёт фалсафасини маъқуллаб ўтириш қанчалик оғирлигини билсайдинг?.. Баъзида ҳаммасини башарасига айтиб, савияси паст одам эканлигини исботлаб, креслосидан ирғитиб, ишхонадан чиқиб кетгинг келади. Аммо нима ўзгаради? Аянчлиси, ҳеч ким, ҳатто дўстларинг ҳам сени ту-шунмайди. Балки тушунар... бунинг қандай аҳамияти бор. Бироқ ёмон томони – тирикчилик учун ундан ҳам баттарроқ бошлиқ билан ишлашга мажбур бўласан.

– Бирда, унда ҳали энди олийгоҳни тугаллаб келган эдим. Кутилмаганда яхши иш таклиф қилиб қолишди. Хурсанд бўлиб иш бошладим. Адашмасам бир ойлар ишлаганимдан сўнг бошлиқ хонасига чақириб қўлингдаги ҳужжатларингни шундай қилгинки, тўртни тўртга қўшса беш бўлсин, деб қолди, мен унга ҳайрон бўлиб қараган эдим: «Мен сенга мана шу қалам осмонда учади десам сен ҳам уни учади, деб айтасан, тушунарлими?» деди менга қисиқ кўзларини баттарроқ қисиб. Олдинига анча вақт ўйланиб юрдим, ҳисоб-китоб аниқлик талаб қилади. Ахир бу сиёсат эмас-ку бир нарсани ўн хил йўл билан ечимини топсанг.

Шу воқеадан бир оз вақт ўтгач бошлиқ ўринбосари билан суҳбатлашиб турганимизда мен унга «мана шу қалам осмонда учади», дедим. У эса кўзларини катта-катта қилиб «иссиғинг йўқми?»– дея савол берди. Мен ҳам бўш келмасдан буни менга бошлиқ айтди, дедим. У бўлса ҳеч иккиланмасдан бошлиқ айтган бўлса учади, фақат пастроқ учади деди жиддий оҳангда.

Ана шунақа, дўстим. Бу ҳаётда ҳар тоифа бошлиқларга ҳисобчи бўлиб, кутишни ўргандим. Чунки ўзим учун бундан ўзга чорани қидириб тополмадим.

Бу сафар кутишни истамадим. Дўстим билан учрашишни ўзим таклиф қилдим. Сабаби биринчидан у аёл киши, иккинчидан эса бу аёл мени неча йиллардан бери ўзига оҳанрабодек тортиб келмоқда. Аммо мен бу аёлни аёллиги учун эмас, уни ич-ичимга яширинган, ҳатто ўзимга ҳам сирли равишда кўринадиган номаълум бир қиёфамга ўхшатаман. Эртага учрашганимдан сўнг, балким, унинг ташқи кўриниши шу кунгача бўлган хаёлларимни тарқатиб юборар... Тўғрироғи, ана шун-дан қўрқиб шу вақтгача учрашишни ортга ташлаб келдим. Аммо шу вақт давомида унинг ўзи ҳам мен билан учрашишга интилгани йўқ.

– Мана энди ёнингда нима учун ўтирганлигимни тушунгандирсан. Сен бўлсанг бемақсад ортимдан эргашиб юрибсан.

Мен оддий бир идора ҳисобчисиман, умрим бировларнинг пулини санаш билан ўтди. Гоҳида ўйла-ниб қоламан, арзимаган мана шу қоғозлар одамзодни турли қиёфага киритиб, ҳаётининг асосий мазмунига айланиб қолади.

Сенинг касбинг нима? – Комил одатдагидек ҳамроҳига овоз чиқармасдан савол берди-да, уни ошкора кузата бошлади. Озғиндан келган бу киши, қирра бурун, киприклари қалин ва қоп-қора бўлиб, қирқ бешларда эди. У бошини бир оз кўтариб, рўпарасида нимагадир бургут қараш қилиб, ниманидир ўйлаб ўтирарди. – Ахир мен бир оддий мусофир бўлсам, бу ерда ҳеч кимни танимасам, ҳатто ҳозир қайси манзилда ўтирганлигимни ҳам билмасам, нега менга бунчалик ёпишиб олдинг? Мендан нима истайсан? Очиқ айтсанг, ўзинг ҳам бироз енгиллашасан... – дея Комил ичида ўзига ўзи гапириб, хўрсиниб қўйди. Атроф жимжит, қуёш тикка кўтарилган, кун қизигандан қизиб борарди.

Майдончада ҳеч ким кўринмайди. Ҳамма иссиқдан уйига беркиниб олганди.

Улардан бир оз нарида болалар ўйнаб-ўйнаб ташлаб кетган тешик чарм тўп иссиқнинг зўридан ҳид чиқармоқда эди. Комил ўрнидан туриб тўпни бир тепди. Тўп думалаб сувсиз ариқчага тушиб кетди. Унинг бу ҳаракатини кузатиб ўтирган ҳамроҳининг юзи қилт этмади. Уларнинг нигоҳлари бир-бирига тўқнаш келган бўлса-да, нотаниш киши кўзларини ҳаттоки пирпиратмасдан ўша-ўша Комилга бургут қараш қилиб ўтираверди.

– Тавба, одам ҳам шунчалик сурбет бўладими? – дея Комил ундан кўзини олиб қочди. – Жуда ғалати одам экан. Агар ҳозир кетсам ортимдан эргашармикин? ... аниқ ортимдан эргашади. Қарашидаги сурбетлигидан мендан айрилгиси йўқ.

Комил жойига ўтирар экан, уни суҳбатга тортмоқчи бўлди. Нима деб гап бошласам экан, дея ўйланиб турганида, нотаниш ҳамроҳи гўё сен билан гаплашадиган гапим йўқ дегандек, юзига шляпасини бостирганча бошини ўриндиқнинг орқа суянчиғига ташлади. Бу ҳолатдан Комилнинг жаҳли чиққан бўлса-да, сўнг ўзини қўлга олиб, меҳмонхонада нима ҳам қиламан, учрашувим эртага бўлса, у ерда ўтирдим нимаю бу ерда ўтирдим нима. Тўғри, у ер салқин, сув ичиш, бирон нарса еб олиш ҳам мумкин. Умуман олганда бу ер ҳам унчалик ёмон жой эмас. Нима, саҳронинг ўртасимидики, иссиқдан, сувсизликдан нолисам. Қолаверса ёлғиз эмасман. Ҳамроҳим ҳам чанқаган, яна иссиқдан юзини ҳам беркитиб олди.

Бу ҳаётни сабр билан енгиш керак, майлига сабр юракни, умрни эговласин. Барибир нима бўлганда ҳам энг тўғри йўл – кутиш, – дея Комил оғир хўрсинди. Сўнгра ҳамроҳига қараб шу ердан биринчи бўлиб кетишингни кутаман, дея пичирлади. Бу вақтда қуёш ғарбга олдингидан бироз ёнбошлаган бўлса-да, аммо унинг тафти ҳали қайтмаган, айниқса шаҳарда ҳамма жой бетон эмасми, кун қизигандан қизирди.

Комилни иссиқ илитиб кўзи илинди. Тушида катта бир шаҳарга меҳмонга борган эмиш. У ерда уни бир қадрдони кутиб олибди. Улар узоқ суҳбатлашганларидан сўнг, унинг қандайдир бир бедаво дарди хусусида маслаҳат қила бошлабди. Қадрдони уни шаҳардаги энг зўр руҳий касалларни даволайдиган табибга олиб боришини айтибди. Улар йўлга тушишибди. Йўл балчиқ эмиш. Йўлнинг икки четида ҳар хил машиналар лойга ботиб ётган эмиш. Комил дунёдаги энг катта шаҳарнинг йўллари шунақанги балчиқлигидан ҳайрон бўлиб бораётса: – Нима бўлса ҳам бу ерда адашиб қолма, – дея, ўртоғи унинг қўлидан маҳкам ушлаб олибди. – Агар адашиб қолсам нима бўлади? – деб сўрабди Комил ўртоғидан. Ўртоғи унга шунақанги совуқ нигоҳ ташлабдики, бундан Комилнинг эти увишиб кетибди. – Бу ерда адашсанг тўғри қабристонга кириб қоласан. Сўнгра мен сенга ҳеч қачон ёрдам бера олмайман. Шунинг учун атрофга эътибор бермасдан мени маҳкам ушлаб ол, – дебди. Шу вақт қаттиқ шамол кўтарилиб атрофдаги яланғоч чинорларни илдизи билан қўпориб ташлабди.

Комилнинг кўзига нимадир кирди. Бир қўли билан олиб ташлайман, дея ҳаракатланган вақтда нимагадир бориб урилиб, йиқилиб, ўртоғининг қўли қўлидан чиқиб кетибди. Унинг ортидан қарай деса, кўзларига нимадир кирган, қўллари эса балчиққа ботган ҳолда узоқ ўтирибди.

– Барибир ўлар эдим-ку, нима қилардим ўзимга шунчалик азоб бериб. Ким бу дунё билан хайрлашгиси келарди, қолаверса ҳали ёш бўлсам. Кўзгуга бир кўз ташлагин, ёшлигингни биласан. Вақт қушдек учади. Ҳеч нарсага улгура олмай қоласан. Улгурган вақтингда ҳам ҳаммаси тамом бўлгани алам қилади кишига.

Кўнгил эса қаримайди. Ҳаётдан ниманидир излашни бас қилмайди. Тинчингни, ҳаловатингни ўғирлайди. Унга қулоқ солмаслик лозим, аммо ҳидоят йўлини ҳам угина билади, холос, дея ўзига ўзи қарама-қарши фикр билдириб турса, кўзлари ёшланиб, ёшланиб, сўнгра кўра бошлади. Бу ҳам Худонинг каромати, агар ҳар томонлама Комилга нур етишмаганда у тушкун кайфиятда бўлиши мумкин эди. Мана, унинг кўзлари кўрмоқда, унга яна нима керак? Агар шу вазиятда ҳам пессимист бўлса бу унинг енгилтабиат эканлигини билдиради. Нима бўлганда ҳам яшаш керак... фақатгина олдинга интилиш лозим. Шу сўзларини ўзига-ўзи таъкидлаб Комил ўрнидан даст турдию ёнида, оғзи-қулоқларигача балчиққа ботган, икки-уч ёшлар чамасидаги йиғлаётган болакайни кўриб эти жунжикиб кетди. У болани балчиқдан кўтариб олиб, ифлос қўллари билан унинг кўзлари атрофини тозалади. Болачанинг катта-катта, қоп-қора кўзларидан тинимсиз ёш оқарди.

Комил уни бағрига маҳкам босганча онасини ахтара бошлади.

Шовқин-сурон авжида, атрофда ташландиқ болалар жуда кўп бўлиб, баъзилар оғзига балчиқ қопланиб қачонлардир жон таслим қилган, қолганлари эса жон талвасасида эди. Катталар эса бир-бирларини турткилаб болаларни босиб-янчиб олдинга қараб югуришарди. Болаларнинг аянчли, қўрқувдан йиғ-лаётган овози, эркакларнинг сўкиниши, аёлларнинг шанғиллаши, атрофнинг балчиқлиги, яна қаердадир сувнинг шилдираши, бағридаги боланинг йиғлаб ундан нон сўраши Комилнинг юрагини ич-ичидан эзиб юборди. У болачани яна ҳам маҳкамроқ бағрига босиб балчиққа буланиб олдинга интилар экан, Комил бу шаҳарга нимага келганини ҳам унутиб, атрофидаги гўдакларнинг бирини елкасига, бирини бўйнига, бирини бағрига босганича бир жойда чўккалаганча, қоп-қора балчиққа буланиб, овози борича уларга қўшилиб йиғлади. Бу унинг эркак бўлиб биринчи уввос тортиб йиғлаши эди.

* * *

Комил ўзига келганида, қуёш тафти олдингидан анча қайтган, майдончада болалар шовқин солиб ўйнашмоқда эди. Уларнинг ёнидаги ўриндиқларда эса, шу атрофдаги кўп қаватли уйларда яшовчи аёллар ўрнашиб олиб кимнидир ғийбат қилишмоқда. Қаердадир унга номаълум бўлган бир қуш чўзиб-чўзиб сайраб, қотиб қолган бўғиқ ҳавони тўзғитмоқда эди.

Комил кўзини очиши билан рўпарасида сочи узун елим қўғирчоқни ўйнаб ўтирган чамаси уч ёшлар болага кўзи тушди. У шундай ҳайрат билан Комилга термулиб ўтирардики, бундан у тушида йиғлаганлигини бола ҳам сезганлигини билди. Бола бироз Комилга қараб ўйланиб тургач, қўлидаги қўғирчоқни унинг олдига келиб, қовоғини уйганча Комилга узатди. У ҳайрон бўлиб, қўғирчоқни қўлига олди. Бола эса шундай қилиши керакдек аёллар олдига югуриб кетди. Комил нима қиларини билмасдан малла соч елим қўғирчоққа термулиб ўтириб, сўнг ҳамроҳига қаради. У ҳам одатдагидек киприги пир-пирамасдан сурбетларча қараб турарди.

– Бу нима қилиқ, нега у менга бунчалик ёпишиб олди. Тавба, одам ҳам одамга шунақанги ёмон қарайдими? – кўрган тушидан юраги эзилиб ўтирган Комил ҳамроҳининг совуқ нигоҳидан фиғони фалакка чиқиб кетди. – Мендан нима истайсан, гапир?

Нотаниш киши эса ҳеч нарсани эшитмагандек юзини Комилга тескари қилди. Комил шарт ўрнидан турди. Ҳамроҳи ҳам ўрнидан туриб Комилга гўё нима қилай дегандек, бақрайиб тикилиб турди. Комил ниманидир ўйлаб яна жойига ўтирди. Нотаниш киши ҳам индамасдан ўриндиққа чўкди. У рўпарасидаги майдончада икки жамоа бўлиб олишиб тўп сураётган турли ёшдаги болаларнинг ўйинини томоша қила бошлади.

Болалар турли ёшда бўлиб, гавдалари ҳам турлича: бири озғин, бири новча, яна бирлари бақалоқ эди. Икки жамоа дарвозасини ҳам кўринишдан нимжон, ёши ҳам жамоадошларига нисбатан анча кичикроқ болалар қўриқлаб туришарди. Тўп дарвозадан ўтиб кетса жамоадаги болалар уларга овозлари борича бақиришар, сўкишар, баъзида тепкилаб ҳам олишарди. Дарвозабон эса бу сафар сезгирроқ бўлишга ҳаракат килар, аммо фойдасиз эди. Ажабланарлиси шундаки, дарвозабонлар шунча ҳақоратга ҳам индамасдан бардош бериб, ўйинни давом эттирар, уларга фақат футболдан чиқариб юборишмасалар бас эди.

Комил болаларнинг ўйинини кузатиб ўтириб, ўзининг ҳам болалиги ёдига тушди. Бир вақтлар ўзи ҳам катта болалар билан футбол ўйнашни ёқтирарди. Аммо улар Комилни фақат дарвозага қўйишарди. Комил ҳам худди шу болалар сингари қанчалик ҳушёр бўлса-да, тўпни дарвозадан ўтказиб юборар, жамоадошларидан сўкиш эшитар, баъзида ўйиндан чиқариб ҳам юборишарди. Шуларни ўйлаб мийиғида кулиб қўйди.

Нотаниш ҳамроҳ юзига шляпасини бостириб, бошини ўриндиқ суянчиғига ташлаганча ухламоқда эди. Комил ёнидаги одам ухлаётганини сезиб, ўрнидан туриб кетиб қолгиси келди, аммо, нимагадир ҳамроҳининг ухлаб ётганидан фойдаланиб қочиб кетгиси келмади. – Бирон-бир мақсади бордирки, эрталабдан буён ортимдан эргашиб юрибди. Агар ҳозир кетиб қолсам унинг ҳаракати жумбоқлигича қолиб кетади, – дея Комил сабр қилиб ўтирди.

Ҳаво жуда ёқимли, майин шабада эсмоқда. Кимлардир шошилиб ишдан қайтмоқда, яна кимлардир пардоз-андоз қилиб, қаергадир кетмоқда. Майдонча эса болалар билан банд. Атрофдаги ўриндиқларга эркаклар-аёллар ўрнашиб олиб, кимдир баҳслашмоқда, кимдир шахмат ўйнамоқда, яна кимлардир ҳаммани кузатиб хаёл суриб ўтирибди. Комил одамларнинг кўплигидан вақт алламаҳал бўлиб қолганлигини ҳам сезмай қолди. Ёнидаги ҳамроҳи эса юзига шляпасини ташлаганча ҳамон ухламоқда эди. «Ҳой дўстим, кечаси ким ухлайди? Кўзингни оч, одамларга эътибор бер, ҳамма ўз ташвиши билан банд. Фақат сен нима қилаётганингни билмасдан, бемақсад, ўзингни ҳам, мени ҳам қийнамоқдасан. Кел, ундан кўра мана шу ҳузурбахш ҳавода самимий суҳбатлашайлик, бир-биримизни яқиндан билиб оламиз. Сен ҳам ўзингни қийнаб юрган дардларингни айт, мен ҳам ўйланиб ўтирган жавобсиз саволларимни айтай...» Шу вақтгача ҳамроҳининг ёнига калта бўйли, тўлачадан келган кўзлари бесаранжом киши келиб жойни торлигига қарамасдан тиқилиб ўтирди. Комил у кишининг бу ҳаракатидан бир оз таажжубланди. Чунки бу пайтда одамлар уй-уйларига тарқаган, ўриндиқлар эса бўшаб қолганди.

Комил билан ҳамроҳининг орасида яна бир киши ўтирса бўладиган жой бор эди. У бу кишининг мақсади ёмонлигини сезгач, ҳеч нарсадан бехабар ҳамроҳига яқинроқ сурилиб, уни уйғотмоқчи бўлди-ю, нимагадир бу иши ўзига маъқул келмади. Авваламбор, Комил ҳамроҳининг ҳатто исмини ҳам билмайди, қолаверса, улар орасидаги жой уларнинг бир-бирига мутлақо бегона эканлигини яққол кўрсатиб турарди. Нотаниш киши Комилга шундай ерқараш қилиб тикилардики, у бошини кўтариб ҳамроҳига қарай олмасди. Комил ўзини бу шаҳарда мутлақо мусофир эканлигини, мусофирлик эса қанчалар ночорлик эканлигини ич-ичидан ҳис қилиб турарди. Бегона киши ҳеч нарсадан чўчимасдан, хотиржам ҳамроҳининг чўнтакларини кавлаштириб нималарнидир олди. Сўнгра унга ошкора менсимасдан тикилиб, ўрнидан туриб майдончани кесиб ўтганча кўпқаватли уйлар орасига кириб кўздан йўқолди.

Комил қисқа вақт оралиғида бўлиб ўтган воқеадан карахт бўлиб бир муддат ўтириб, ўзига келиб олгач ҳамроҳига назар ташлади. У эса дунё бехабар юзига шляпасини ёпиб, бошини ўриндиқ орқа суянчиғига ташлаганча ухлаб ётарди. Тавба, шунақанги ҳам ғалати одам бўладими, бор будини кимдир шилиб кетса-ю, ҳеч нарсани сезмаса. Ёки сезиб турса-да индамадимикан? Йўқ, сезиб индамаслиги мумкин эмас. Аммо киссавурнинг ҳаракатини ҳам билмаслиги мумкин эмас.

Вақт алламаҳал бўлиб одамлар уй-уйларига тарқалишган, ҳаммаёқ жим-жит, улардан озроқ нари-даги ўриндиқда икки ёш бир-бирларига чирмашиб ўтириб олган. Комил кутишни бас қилиб ўрнидан турди. Уни уйига кузатиб қўяман-да, ўзим меҳмонхонага қайтаман. Йўлда бир-биримиз билан танишиб олармиз, ўшанда, киссавур ҳақида айтарман.

Комил ҳамроҳини ташлаб кета олмаслигини сезиб: – Ҳой ўртоқ, тур ўрнингдан, уйингга кузатиб қўймоқчиман, кўзингни оч, вақт ҳам анча кеч бўлиб қолди. Атрофингга бир қара, ҳеч ким қолмади. Ҳамма уйқуга кирди. Уйингдагилар ҳам кутиб қолгандир, – деди. Комил ҳамроҳининг қимирламасдан ўтиришини кўриб: – Ўзи ҳам ўликка ўхшаб ухлайди шекилли, – дея, унинг ёнига ўтириб секин билагидан турткиламоқчи бўлганида, билагининг муздеклигидан сакраб ўрнидан турди. Турган жойида юзини беркитиб турган шляпасига қараб бироз ўйланиб тургач, шляпасини кўтарди. Нотаниш ҳамроҳининг кўзлари юмуқ, оғзи эса қийшайиб очилиб қолганди. Кундузи эътибор берганида ҳамроҳининг қош-кўзлари тим қора эди, ҳозир эса сарғайган, ҳатто териси ҳам сарғайиб кетгандек эди. Комил нима қиларини билмасдан қўлида шляпа билан бироз унга термулиб турди. Сўнгра унинг юзини қайтадан ёпиб, «қачон улгура қолдинг?» – дея секингина пичирлади ўзига-ўзи.

Бир оз паришонликдан сўнг нарида бир-бирига чирмашиб ётган ёшлар олдига бориб томоқ қириб йўталди. Йигит бошини кўтариб «нима истайсан» дегандек бақрайди. Йигит негадир унга ачиниш билан қаради:

– Ҳой бобой, ўзинг бир келгинди бўлсанг, қолаверса уни мутлақо танимасанг, нима қиласан бошингни ачитиб? Ҳозир милитсияга бориб бўлган воқеани айтиб берсанг, улар сенга раҳмат айтишмайди. Биринчи бўлиб ўзингни тергов қила бошлайди. Нима, сенга шу керакми? Қолаверса, ҳозир замон ўзгармоқда, ҳамма сенга ўхшаб кўчадаги ўликларга ҳайратланиб ўтирса дунёда ривожланиш бўладими? Нима қилибди, ўлса ўлибди... Ҳов ана нариги ўриндиқда ҳам биттаси ўлиб ётибди, билмадим, балки мастдир. Аммо бу ер сенга катта шаҳар. Улар билан шуғулланадиган махсус одамлар бор. Қўй, бошингни ачитма, бор, йўлингдан қолма.

Йигит юзини терс буриб сочи тўзиб ётган «қўғирчоғ»ини қучоқлаб ҳиринглай бошлади.

Комил нима қиларини билмасдан негадир яна ҳамроҳи ёнига бориб узоқ ўтирди. Сўнгра юрагида нимадир илдиз-пилдизи билан гурсиллаб қулаганини сезиб ўрнидан турди. Мана, бемақсад кутиш ниҳоят, тугади, дея секин ўзига-ўзи пичирлади. Вақт эса алламаҳал бўлса-да, кўп қаватли уйларнинг ортидаги катта йўлдан битта-битта машина қатнамоқда. Комил ўша томонга қараб борар экан, йўлида учраган ҳайвон, қуш, одам мурдаларига қараб, булар билан шуғулланадиган махсус одамлар бор, дунё ривожланмоқда, дея ўйлади.

«Ёшлик» журналининг 2011-йил, 4-сонидан олинди.