OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШарап Уснатдинов
Асар номиАна, келяпти (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/Қорақалпоқ адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Шарап Уснатдинов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонМузаффар Аҳмад (Қорақалпоқ тилидан)
Ҳажм31KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Ана, келяпти (ҳикоя)
Шарап Уснатдинов

1

Бу телеграмма Ўрозбекнинг ҳаётида сўнгги йиллардаги энг кутилмаган воқеалардан бири бўлди, дейиш мумкин. Ажабо, бўлмаса, бунақа томошалардан кўнгил узиб кетгани аллақачонлар... Айниқса, сўнгги бир-икки йилдан бери зиёфатларда «одамларни оғзимга қаратиб ўтирмасам уят бўлар, нима қилсаям, фалончи деган отим бор» деб, аввалгидай ҳаллосламоқни қўйиб, навбат тегса сўз айтиб, тегмаса жим ўтириб, жамоат орасидаям аввалги лақаби унутилиб, фақат «Ўрозбек оға» бўлибгина юрган эди. Манов телеграмма кутилмаганда яна дардларини қўзғатиб юборди.

Уйига ҳам кечаги ёки олдинги кунги Ўрозбек эмас, бошқачароқ бўлиб келди. Кўзларида қаҳр, шу билан бирга, қувонч изларини кўрсатувчи алланималар бор, қадди-бўйларини тиклаб юришларида қандайдир бир расмийлик сезиларди. Бироқ унинг шу мағрур келишида ҳам юрагининг бир четида ётган, ўзга бировга ошкор қилиб бўлмайдиган, армон деб армон эмас, ўкинч деб ўкинч эмас, жимжилоқдайгина афсуслантирадиган яна бир нарса бор эди.

Аттанг, аттанггина-я, боя почтачи йигит йўлда учраб, «Сизни излаб мактабингизга бораётган эдим, Ўрозбек оға, сизга шошилинч телеграмма бор», деди. Ўрозбек йигитнинг қўлидаги буклоғлик кўк қоғозни олди, очиб ўқий бошлади, ўқий бошлади-ю, «Ё пирим-ай, янглиш тушунмадиммикан?» дегандай, яна қайтадан ўқиди. Сўнг эса йигитга бир, телеграммага бир қараб турди-да: «Иним, сен ҳалиям бўлса буни мактабимизга олиб бориб директорга берсанг. Бир ўқиб кўрсин. Мен, майли эртага оларман», демоқчи бўлди. Аммо тортинди. Кўнглига юк бўлиб келаётгани фақат мана шу армон эди.

Уйига етиб келгандан сўнг ҳам аҳволи яхши кечмади. Кечги чой учун ёйилган дастурхон йиғилгунча хаёл сурди. Нукусдаги эски дўст-ёронлар, уйига келиб туз-томоқ бўлиб кетган меҳмонларни бир-бир хаёлдан ўтказди. Шундайлардан бири, чала амалдор: «Ўрозбек, сен мана шу ҳаракатингни бўшаштириб юборма, илҳом қанотида жўшиб-жўшиб учавер! Қачон бўлмасин, сени бир вақт Нукусга оламиз», деган эди.

«Телеграммани қайси бири юборган экан-а? Тўғри, раҳбарнинг имзоси бор, лекин имзо тургани билан, ҳамма телеграммани раҳбарнинг ўзи юборган деб бўлмайди-ку. Уйдан туз ичиб кетган йигитларнинг биронтаси рўйхатга тиркаб қўйган бўлса керак... Ёддан чиқаришмабдими, шунинг ўзига раҳмат, йигитлар!».

У чойга ўтиргандан кейин ҳам хотинига «Эртага Нукусга кетаяпман», деб айтишнинг қулай фурсатини топмади. «Сабабдан сабаб чиқариб айтмасам, худди ёш боланинг гапига ўхшаб қолар», деб ўйлади. Кириб-чиқиб юрган хотини ҳам Ўрозбекнинг кайфиятини тезда англаб олавермади. Xотин дегани бир нарсани сезақолса экан, бунинг юки енгиллашарди, йўқ, хотини сезадиган эмас. «Ҳар куни ўтирган-турганингни тергаб суриштирадиган одам, энди бугун жим ўтирганига қара...», деб қўйди ичида Ўрозбек.

Бу орада дастурхон йиғилди-ю, Ўрозбек тўппа-тўғри тўрдаги хонага ўтиб кетди. Неча йиллардан бери эҳтиётлаб қўйган «дунёлари» мана шу хонадаги шкафда! Шкафни очиб, у ердаги семиз-семиз папкаларни олди. Очиб, газета қийқимларини, биринчи нусха — иккинчи нусха қоғозларни, «Амударё» журналининг иккита сонини олиб, кўра бошлади. Шу пайт нимадир эсига тушиб кетди-ю, қувонганидан кулиб юборди.
— Шинар! — деб хотинига овоз берди. Ичкаридан «ҳов» деган товушни эшитгач, буйруқ берди:
— Кийимларимни тозалаб, дазмоллаб қўй! Эртага Нукусга кетаяпман. Анови галстуклар ичида чиройлироғини танлаб, Эржоннинг боласига боғлатиб кел! Ёки тайёр боғлангани борми?
— Қайдам, излаб кўрай, — деди хотини бемалол ўтирган ерида.

Ўрозбек Шинардан бунақа муомалани кутмаган эди. «Ҳов, Ўрозбек, йўл бўлсин, бирданига қизишиб кетдинг, тинчликми?» дейиши керак эди. Xотини эса бундай демади. Агар шу гапни айтганидами, Ўрозбек унга бор гапни тўкиб солар, телеграммани ҳам кўрсатарди. Йўқ, ундай бўлмади. Қайтанга ўтирган ўрнида:
— Айтмоқчи, неча кунга кетяпсан? — деб товушлади.
— Эркакнинг йўлини олдиндан бунақа қилиб кесмайдилар, Шинар, — деди Ўрозбек юмшариб. — Йиғилиш чўзилиши мумкин, у ердаги дўст-ёрлар мурувват қилиб қолиши бор. Ким билади, учрашувдан кейин улкан завод-фабрикаларга учрашувга олиб кетишадими?..

Хотини шундан кейин ҳам «қанақа йиғилиш, қанақа учрашув» деб бир оғиз сўрамади. Аксинча, «Айтмоқчи, Қорабойлидаги жиянинг бир ойдан бери касалхонада ётибди. Бир кило қоқ ўрик ол-у, шуни кўриб келиш ёдингдан чиқмасин. Манов ўртанча боланг ариқдан итбалиқ сузиб тутаман, деб чўмичнинг дастасини синдириб қўйди. Нукусда кўзинг тушса, шундан биттасини олиб келарсан...», дея баттар энсасини қотирди.

Бу сўзлардан кейин Ўрозбекнинг портлаб кетишига сал қолди. Нималар деяпти бу хотин ўзи, осмонда учиб, қайта туғилгандай бўлиб турган одамга шунақа гапларни айтишнинг нима кераги бор? У Шинардан дуруст гап эшитишдан умидини узиб яна қоғозларга тикилди. Шу пайт телефон жиринглаб, хаёли бўлинди. Симнинг нариги томонидаги одам икки марта «алло, Ўракамисан?» деб сўради.
— Шу уй бизники бўлгач, албатта ўзиман-да! — деди у бироз вазмин, бироз қувноқ оҳангда.
— Ҳов, овозинг ўзгариб кетибдими, жўра. Xудди қутирган туянинг овозидек хириллаб турибди-ку, — деди нариги томондаги одам. — Қани, эртага Жумаканинг уйига бориб, зиёфатни ундирамизми? Борадиган бўлсак, ҳозир команда бераман!

Ўрозбек шундан сўнггина овозини бироз пасайтириб гапира бошлади:
— Мен эртага овулда бўлмайман...
— Қаёқларга сандироқлаб кетмоқчисан?
— Нукусга.
— Ҳов, шунақами? Йўл бўлсин, тинчликми ишқилиб? Бу дейман, вазирликка кириб, мактаб директорининг ўрнига михдай тасдиқланиб қайтмоқчимисан дейман?
— Ҳазилингни қўйсанг-чи! Нима, мактаб директори бўлиш шунчалик шараф ишмиди? Берса — ишлайверамиз, сенга борса — сен ҳам ишлайсан. Мен Нукусга ёзувчилар йиғилишида қатнашиш учун кетаяпман, — деди Ўрозбек яна овозига вазмин тус бериб.
— Ёзувчилар йиғилишига дейсанми? Сен уларнинг қайси ярасига эм бўларкансан? — дўсти дастакни ёриб юборгудай қаҳ-қаҳлаб кулди. Бироқ Ўрозбек шошмади, сир бермади.
— Қишлоқларда яшаётган ёш истеъдодларга ёрдам бериш масаласи кўрилаётган экан. Йигитлар ёдга олиб бизниям чақиришибди.
— Жўражоним-ов, ўн йилдан бери биронта шеъринг ёруғ кўрмай, «чала шоир» деган лақабдан қутилиш учун зиёфат берганинг ўтган йили эмасмиди? Нукусдагилар сени тирик шоирлар рўйхатидан қандай қилиб топиб олишган экан-а?

2

Ота-боболарнинг бир сўзи бор: «Одамнинг кўнгли бир отим носдан қолади». Дўстининг сўзлари унга заҳар пуркагандай таъсир қилди. Куни бўйи сурган ширин хаёллари кўкка учиб, кимдир уни ажойиботлар дунёсидан қайтариб олиб келиб, яна шу уйига итқитиб ташлагандай бўлди. «Шу Шомурод жуда фаросациз-да, — деб озорланди у. — Яратган эгам қандай гуноҳим учун икковимизни бир овулга тиқиб, мактабда ишлашга мажбур қилди-я! Ишдаям, ўтириш-зиёфатдаям кун бермайди...

Нукусга қатнаб, шоир бўлиш учун астойдил ҳаракат қилиб юрганида тенгқатор жўралари: «Сен ҳали шоир бўлмоқчи бўлиб юрибсан. Манов Шомурод айтган гапларнинг биронтасини ҳам топиб гапира олмайсан. Нукусга бориб-келиш учун сарфлаган йўлкира пулларингни тўплаб Шомуродга берганингда, аллақачон лауреат бўлиб кетар эдингга», деб танглай қоқиб, заҳарли кулишар эди. Тилингга оташкурак босилгур Шомуроднинг топган гапига қаранг: «Шеър ёзмайдиганларга ғамхўрлик қилишаётган бўлса, бизлар ҳам борсак бўларкан...» эмиш.

Хуллас, Шинарнинг «човли-чўмич олиб кел», деган гапига ранжиб ўтирган Ўрозбекка Шомуроднинг бу гаплари оғир тегди. Телефон дастагини ўрнига қўйганидан кейин қайси хонага қараб йўналишни билмай туриб қолди. Ғазаби тошди. Шомуроднинг ачитиб-ачитиб айтган сўзларига жавоб излади. Бироз иккиланиб турди. «Шуларнинг айтган гапларида жон бор-ов», дегандай ўйларга ҳам борди. Барибир, руҳи тушмади, ўзини тиклади. Шаҳд билан тўғри хонага кириб борди-да, Нукусда керак бўлиб қолар деган қоғозларини яна тахлай бошлади...

Эрталабдан мактаб раҳбарларига, касбдошларига, йўл бўйи учраган таниш-билишларга телеграммани кўрсатиб юриб, сал бўлмаса Нукусдаги йиғилишга кечикиб қолай деди. Бахтига, йўлда учраган биринчи машина Ўрозбекнинг таниши экан, Нукусга вақтида етиб келди...

3

Йиғилиш бўладиган жой Ўрозбекка аввалдан маълум эди. Xудди мана шу залда, бундан етти йил бурун Содиқ шоирнинг юбилей кечаси бўлиб ўтгани худди кечагидай эсида. Бинонинг сирти мармар билан қопланибди, таъмирланибди, зинапояларга ҳам мармардан ишлов беришибди. Ўрозбек йиғилишга келган оломонга қўшилиб ичкарига кирди. Юриб бораётиб, таниш-билишлар учраб қоладими, деб кўз югуртирди. Кўпчилигининг юзи танишга ўхшайди-ю, аммо аввалдан кўришиб, саломлашиб борган одамлар эмас. У эса эски танишларини изларди. Залга кирмай, узун даҳлиз бўйлаб тўп-тўп бўлиб, бош қўшиб, суҳбатлашиб турган одамларни оралаб юрди. Бир пайт «Мўйноғим», «Оролим» деб шеър ёзаверадиган Турумтой шоирга дуч келиб қолди. Унинг ўсиб кетган соқол-мўйловини кўрган Ўрозбек беихтиёр ўзининг иягини ушлаб, бўйинбоғини тўғрилаб қўйди.

Йиғилишга келганларни рўйхатга олаётганлар ҳам нотаниш, сочлари ўсиб кетган йигитчалар. Ўзувчи ёки шоирга эмас, кўпроқ завод ишчиларига ўхшаб кетишади.
— Иним, мени ҳам рўйхатингга олиб, белги қилиб қўй, — деди у йигитлардан бирига. — Фамилиям Сойибжамолов, исмим Ўрозбек.

Маъмур йигит унинг исм-фамилиясини ёзиб олаётган пайтда, столнинг нариги томонида қатор турганларнинг бири, ориқдан келган йигит ялт этиб қарагандай бўлди, Ўрозбек ҳам унга тикилди-ю, дарров таниди — ёзувчи Раҳмон Имоматдинов. Ўрозбек дарҳол қўл узатди:
— Ассалому алайкум!
— Сиз ҳам келдингизми? — кулимсиради Имомаддинов. Ўрозбек «ҳа» деб бош ирғади-ю, залга кириб кетди. Учинчи қаторнинг ўрталарига бориб ўтириб олди. Ҳайъат столига ҳам, минбарга ҳам микрофон қўйилган. Ҳув тепага ҳақиқий талант — халқнинг миллий бойлиги эканлиги ҳақида чақириқ-шиор илиб қўйилибди. Олдинги икки қаторга ҳеч ким келиб ўтиравермади, Ўрозбекнинг ўтирган қатори бир пастда тўлди-қолди. У таниш-билишлар учраб қоладими, деб бир-икки марта атроф-теваракка аланглаб қаради. Аммо ўзи танийдиган одамлар кўринавермади, аксига олиб одамлар орасида бояги Имомаддинов қайта-қайта кўзга чалинди, хаёли ўшанга оғди. «Занғарнинг боласи, «Сиз ҳам келдингизми?» деганига ўлайми. Ҳалиям ўша заҳархандалигини ташламабди.

Йиғилиш бошланди. У ҳайъат столидаги барча ҳаракатларни зийраклик билан кузатиб, айтилаётган сўзларни шоён диққат ила тинглаб ўтирди. Айниқса, уюшма раисининг ахборотини ихлос билан эшитди. Ёнида ўтирган нотаниш одамларга ўхшаб, қўлига қалам-қоғоз олиб, алланималарнидир ёзиб ўтирмоқчи бўлди. Бироқ, нимани ёзиш кераклиги, бошқа ўтирганлар нималарни ёзаётганлигини билолмади. Шунга қарамай, ўзини ёзиб ўтирган одамдай тутди.

Ахборотда Нукусда яшаб ижод қилаётган, матбуотдаги чиқишлари билан халққа танилиб қолган ёш истеъдодларнинг, ҳаваскор қаламкашларнинг номлари ўқилди. Булар орасида «Сойибжамолов» деган фамилия йўқ эди. Унинг фамилияси танқид қилинганлар орасида ҳам тилга олинмади. Шу пайт миясига бир фикр келди: «Ўзишни бошлашим керак!» Йиғилишда тилга олинадиганлар қаторида бўлишим керак. Анови лаънат ёғгур Шомуроднинг сўзларига чидамай, қўлимни қаламдан совутиб олганим ёмон бўлган экан-да. Ҳаммасини қайтадан бошлашим керак!..

Ёзиш керак, ёзиш керак...

4

Келажак сари талпиниб, жўшқин таассуротлар орасида тошиб турган бир пайтда яна Имомаддиновни эслади-ю, кайфияти бузилди, манглайини тер босди. «Омадсизлигимни Шомуроддан кўриб юрибман-а, ахир мени эзиб ташлаган, шаштимни сусайтириб, илҳомимни ерга киритиб юборган одам — мана шу уйинг куйгур бўлади-ку! — алам билан эслади у. — Бундан етти йил аввалги азобларини ёддан чиқариб бўладими? Шу лаънатининг гапига чидамай ташлаб кетдим-а барини. Нималар деган эди ўшанда? «Сен шеър ёзиб овора бўлиб юрма, сендан барибир яхши шоир чиқмайди. Шикоят ёзиш, арз қилиш билан шоир бўлган одамни шу пайтгача кўрдингми?» — деб сўраган эди-я.

Шундай деган эди-я! Имомаддиновнинг айтган гаплари худди кечагина айтилгандай, нақ ипидан-игнасигача ёдида қолибди. Бу фикрдан Ўрозбекнинг юраги шув этиб орқага тортиб кетди. Xаёлида Имомаддинов бутун зал оша унга тикилиб ўтиргандай туюлди. Ортига қараш нари турсин, ёнида ўтирганларнинг юзига қарай олмай, чўкиб кетди. Ўриндиққа сингиб кетгандай бўлди. Залда ора-тура бошланиб қоладиган чапакларгина Ўрозбекнинг хаёлини жойига келтириб қўярди...

5

Имомаддинов ҳам йиғилишда бемалол ўтира олмади.
— Сен анови учинчи қаторда ўтирган Сойибжамолов деган кўзабўйинли кишини танийсанми? — сўради у ёнида ўтирган нашриёт директоридан.
— Қайси кўзабўйин?
— Ана, ўтирибди-ку елка сочлари чийратилган сўтак.
— Йўқ, танимас эканман.
— Унда бунинг сенга қизиғи йўқ, — деди-да, яна ўз хаёлларига берилди. «Сойибжамоловни бу йиғилишга ким чақирган бўлиши мумкин? Ёки, ўзи эшитиб келавердимикан? Туппа-тузук ишига сингиб, берилиб ишлаётган одамни яна иссиқ ўрнидан қўзғатиб нима қилишар экан-а? Шоир-ёзувчиликни пичоқ билан кесгандай ташлаб, шикоятбозликдан ҳам воз кечиб кетувди-ку бу...» — деб ич-ичидан афсус чекди Имомаддинов. У йиғилиш тугаганидан сўнг ёзувчилар уюшмасига кириб ўтишга аҳд қилди. «Бораман, чақирув рўйхатини ким тузганини аниқлайман, қани, билайлик-чи, ким чақирган экан ўзи? «Зални тўлғазиш учунгина чақирдик», дейишса ҳам, барибир, айтадиганимни айтиб чиқаман. Бунақа бепарволик давом этаверса, истеъдодсиз одамлар қўлтиғига сув пуркаб, ўчиб қолган «ўт»ни қайта ёндириш давом этаверадиган бўлса, адабиёт олдидаги масъулият қаерда қолади ахир?! Ундан кўра, ҳақиқий истеъдодларни аниқлаб, ана шуларга ёрдам қўлини чўзиш савобли иш-ку. Шуларнинг барини айтиб соламан...».

Ўрозбек ишлайдиган мактаб директорининг айтган сўзлари Имомаддиновнинг ёдига тушиб, беихтиёр кулиб юборди. Газета ишлари билан ўша овулга борганида уни мактаб директори уйига чақириб, чой берди. Гапдан гап чиқиб, директордан Ўрозбекни сўраганда, «Ҳозир Ўрозбек йўлга тушиб олди, — деди директор. — Авваллари эди, йиғилиш бўлса, ҳаммани танқид остига олиб, саводсизга чиқариб, адабиётни тушунмайдиган, ортда қолиб кетганлар деб айб тақиб чиқарди. Йиғилишларда, байрам кечаларида «шеър ўқийман» деб, минбарга чиқиб оларди. Таълим раҳбарлари ҳам «шу ўқисин, майли, бўлмаса қутулмаймиз», деб рухсат беришарди. Ёру биродарлар зиёфатида, тўйларда-ку буни сира тўхтатиб бўлмасди, бемаза, қофияси келишмаган тизмаларини шеър деб ўқийверарди, ўқийверарди... Одамларни жуда жонидан тўйдириб юборди. Охири, бир-бирига зарда қилишиб, «шу Сойибжамоловга ким сўз берди ўзи? Баракат топ, обкет, бор, уйингга обориб ўқит!» дейдиган бўлишди. Энди, бу «шоири замон»нинг уйидагилар ҳам худди чўғ устида юргандай, юрак ҳовучлаб ўтираркан. Қовоғини уюб уйига келаркан-да, овқатини еб, чойини ичиб, белбоғини боғлаб, «жим ўтиринглар, мен шеър ёзишга кетаяпман!» деб, тўрдаги хонага кириб кетаркан. Шундан то тонг отгунча ҳеч ким билан хабарлашмай, шеър ёзиб чиқаркан...».

6

Орадан анча кун ўтди. Ўша йиғилишда айтилган ижобий тавсияларни амалга ошириш учун ижодий ташкилотларда иш қизиб турган бир палла эди. Имомаддинов ҳам газетанинг яқин сонларидан бирида «Ёшлар ижодидан» деган махсус саҳифа тайёрлашга киришиб, ҳали кўпчиликка танилиб улгурмаган ёш истеъдодларнинг асарларини тўплаб, таҳрир қилиб ўтирган эди. У мана шу мавзуда ёзаётган мақоласига энг сўнгги нуқтани қўйиб, эски одати бўйича дераза олдида тамаки тутатмоқчи бўлди-да, ўрнидан турди. Деразадан ташқарига назар ташлаб, марказий кўчада ўтиб-кетиб турган одамларни кузата бошлади. Кўчанинг нариги бетидаги универмагнинг олди одатдагидек одам билан тўла. Ундан юз метрлар нарироқда — «Қирқ қиз» ресторанининг эшигидан кириб-чиқиб турган хўрандалар бугун негадир камдай. Xудди шу пайт дераза олдида турган Имомаддинов Матбуот уйи олдидаги йўлакдан бу томон келаётган одамга кўзи тушди-ю, уни кимгадир ўхшатди. У қайта-қайта тикилиб қаради, ҳа, худди ўзи — Сойибжамолов! «Шу, ўзи! — ғудранди Имомаддинов — Ана, келаётир! Бу ёққа, газеталар биноси томон келаётир!» Ўрозбекнинг ҳақиқатан ҳам бу томонга келаётганига ишонч ҳосил қилиш учун яна бироз вақт ҳаяллаб, деразадан қараб турди. (Айтгандай, Имомаддинов ҳу бояги йиғилишдан кейин ёзувчилар уюшмасига бориб, Сойибжамоловга ким телеграмма юборганлигини аниқлаштирган эди. Маълум бўлишича, уюшмага янги ишга келган қиз ёш ёзувчиларнинг бундан ўн йил бурунги эски рўйхатини кўздан кечириб ўтириб, янги рўйхатга бунинг номини ҳам ўтказиб юборган экан).

Имомаддинов ғўлдираганича столига келди-да, сочилиб ётган қоғозларини апил-тапил териб олди ва ғаладонга ташлади. Кулдоннинг бир чеккасида турган гугурт чўпини, осиғлик турган телпагини шоша-пиша олиб кийинди-да, тезроқ чиқиб кетиш учун тараддуд кўра бошлади.
— Сен, иним, тушгача жилмай шу ерда ўтир, — деди бўлимда адабий ходим бўлиб иш бошлаган йигитга. — Менинг ҳозир бориб келадиган зарур ишим чиқиб қолди. Ким мени сўраб келса, тушдан кейин келса керак, деб айтақол...

У шундай деб шошилинч тарзда ходимларга топшириқлар берди-да, ўзи Матбуот уйининг чорбоғи томондаги орқа эшикка қараб тез-тез юриб кетди.

Бу пайтда Матбуот уйининг зинапояларидан Ўрозбек Сойибжамолов таҳририят томон шахдам чиқиб келмоқда эди.