OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШерзод Комил Xалил
Асар номиТалваса (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шерзод Комил Xалил
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм42KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/12/15
МанбаMuallif ruxsati bilan


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Талваса (ҳикоя)
Шерзод Комил Xалил

Ўша йилги баҳор ниҳоятда серёғин ва серташвиш келгандики, буни биз кейинчалик ҳам кўп йиллар давомида эслаб юрдик. Онда-сонда қуёшли кунларни айтмаса, эртаю кеч майда шиват ёғар, осмон ва ерни аллақандай қуюқ рутубат қоплар, баъзида эса тўсатдан ёмғир шунақанги шаррос қуярдики, қочиб яширинишга жой тополмасди, киши. Ўрмон этагидаги қишлоғимиз устидан биз баъзан йирик-йирик дўл севалаб ўтаётганлигини, томларнинг такиллаши гуё биров ноғора чалаётгандек таассурот қолдириб, кўча-кўйдаги ариқ ва кўлмакчаларнинг ичи худди қор ёққандек оппоқ жала қумалоқлари билан тўлиб-тошганлигини, чорчўп деразаларнинг сурункали ёмғирдан моғор босиб кетган униққан ромлари ичидан жимгина кузатиб ўтирардик. Кулранг сур булутлар ортидан гоҳида қуёш мўралаб қолганда биз исканалик бўз йигитлар эндиликда ботқоққа айлана бошлаган лойшанг кўчалардан кирза этикларда кечиб ўтиб, қишлоқ чойхонасига йиғилардикда, ҳаммамизнинг умримиз ўзанларига бало-қазодек бостириб келаётган алланечук номаълум ва ғайритабиий офат хусусида соатлаб муҳокама юритардик. Йўқ, гап фақат тўхтовсиз ёғаётган ёмғирда эмасди, ён-атрофи баланд тоғлар билан ўралган бу ўлкаларда кўкламнинг гоҳо шундай келиши, қадимги синоптикларнинг бизнинг давримизгача етиб келган мемуарларида бот-бот такрорланган, биз бунга деярли кўникиб ҳам кетган эдик. Ҳамма гап ўрмон шарқидаги ялангликда жойлашган қишлоқ қабристонидан янги кўмилган майитларнинг йўқолаётганлигида эди. Биз буни қишлоқдаги қари тегирмончининг вафотидан кейиноқ билиб қолган бўлсак-да, раҳматли тегирмончидан кейин ҳам вафот этганларнинг тақдири шундай интиҳо топгалигини илғаб турсакда, жабрдийда ва мушфиқа қарияларнинг ювиб-таралган кафандийда маййитлари қабристон тупроғидан ер ютгандек ғойиб бўлаётганлиги сирини ҳали-ҳануз тагига етиб улгурмаган эдик. Илгарилари биз чойхоналарда йиғилганимизда нарда ўйинларидан қўлларимиз бўшамасди, самовардан чиққан оталаримиз уззукун қарта ташлашдан нарига ўтмасди, қишлоғимизнинг ғийбатчи хотинларини тиллари ғийбадан чарчамасди, энди эса, ҳамма-ҳаммамиз, худди аввалдан гипнос қилингандек, қабристондан маййитлар йўқолиши мавзуси теварагида фикр юритардик, умр ғаладонимизнинг қум соатлари шу ваҳима чархпалагида айланарди бундан бу ёғига ҳаётимиз қандай кечиши ҳақида ўйларканмиз, бамисоли арвоҳ таъқиб қилаётгандек, биз ҳатто оқшомлари бу тўғрисида гапиришга ҳам чўчирдик. Бу қўрқув ва ваҳима сурони, бизнинг қалбимиз ва минталитетимизга шунчалик кириб борган эдики, бу ҳол, қачонлардир колхоз давридан қолиб кетган эски шийпонда, катак камзул кийган пойтахтлик кишилар олиб келиб кўрсатадиган вампирлар ҳақидаги кинолардан ҳам кўра, бизнинг онгимиз ва ўзлигимизга баттароқ таъсир кўрсатиб, юрагимизга ваҳима ва ғулу соларди.

Қабристондан маййитларнинг йўқолиши сири хусусида узоқ мулоҳазалар юритаверганимиздан, аниқ мантиқий мулоҳаза лаёқатига асосланган фикр ва тахминлар шунчалик кўпайиб кетдики, биз уларнинг қайси бирларига ишонишни ҳам билолмай ҳайрон эдик. Бу бамисоли қадимги юнон файласуфлари даврида юзага келган плюрализм ва кўп фикрликнинг ўзгинаси эди-ки, уларга кўра, ҳамма гап йилнинг сирёғин келиши туфайли, маййитлар танаси ёмғирда ивиб, уч унсур – олов, сув ва ҳавонинг таъсирида тўртинчи унсур бўлган тупроққа илгариларга қараганда тезроқ қўшилиб кетаётганлигида эмиш; соғлом фикрли яна бошқаларнинг айтишларича, бу юмронқозиқлар ва дала каламушларининг сурункали ёмғир туфайли ер остидаги озуқалари тамом бўлганидан ва ер устига чиқиб озуқа ғамлашнинг имкони йўқлигидан, чор-ночор, қурт-қумурсқаларнинг доимий озуқаси бўлмиш маййитлар танасини истеъмол қилишга мажбур бўлаёганлигида эмиш; баъзи қарияларнинг эскилик сарқитларига йўғрилган дудмал мулоҳазаларига қараганда, қишлоқ Худонинг қаҳрига учраган эмиш; улар яна комил ишонч билан таъкидлардилар-ки, агар бунинг сабаблари аниқланиб, шошилинч чоралар кўрилмаса, ҳали бу кунларимиз ҳам ҳолва бўлиб қолармиш… Лекин тез орада биз аслида нима бўлаётганлигини миридан сиригача билиб олдик. Бу ҳақиқатдан ҳам азалдан қишлоқ қариялари ишониб келадиган қора жинлар тўдаси экан. Ана шу кезларда қишлоқдан чиқиб қолган фолбин хотин, кўлмак ва лойшанггарчиликнинг сирғанчиқ гўшалари итбалиқлар ва чувалчанглар билан тўлиб тошган чоршанба кунларнинг бирида, бу ҳақиқатни ҳаммага баралла ошкор қилди:
– Қуёш гирдини зулмат қоплади, ўрмон ва қабристонда қора жинлар изғиб юрибди, – деди у пахмайган сочлари орасидан маҳзуб кўзларини халойиққа тикаркан.

Шундан сўнг унинг ўзи биринчилардан бўлиб ташаббус кўрсатиб , қишлоқни гир айланганча шамчироқлар ёқиш билан биргаликда, қўлига оқ ва қора калтак тутганча жинларни ҳайдаш амалиётини бажарди. Биз бу машъум ҳақиқатни англаб етганимиздан сўнг қишлоқда ғалати ҳодисалар содир бўла бошлади. Ана ўшанда эски ҳикмат сирини биладиганлар кўпайиб кетди, ана ўшанда, қизил хўрозлар ва қора қўчқорлар ҳақидаги гаплар чиқди. Фолбин хотин сувараклар изғиб юрадиган ва ўргимчаклар уя қуриб олган гўшанишин уйида сопол косадаги азал сувига қараб фол очаркан, ундан нажот сўраб келаётган хотинларга яқин ўртада қора жинлар етказиши кутилаётган оламшумул зарардан асраши учун қалампирмунчоқлар ва сумбил ҳиди келиб турадиган туморларга дуо ўқиб берарди. Биз эзгин ёмғирдан шалаббоси чиққан фолбин хотиннинг кўчасидан ўтиб кетаётганимизда қизил хўрозлар қучоқлаб ва қора қўчқорлар етаклаб олган одамларнинг узун қаторларини кўрардик, фолбин хотин эса ўзининг муроқабага берилган ўйида, жинлар тажовузидан асровчи қора қўчқорлар ва қизил хўрозларнинг сон-саноқсиз ададлари хусусида ғаройиб фоллар очарди.

Ўша кезларда одамлар шунчалик ваҳимага берилган эдики, чўққисоқол қишлоқ имоми жума намозидан кейин халққа мурожат қилмагунча, биз бу ваҳима талвасасининг қандай қилиб олдини олиш мумкинлиги хусусида деярли бошимиз қотиб қолган эди. Имомнинг комил ишонч ва нотиқлик руҳи уфуриб турган маърузасидан тушинганимиз шу бўлдики, муқаддас китобларда гарчи жинлар борлиги эътироф этилган бўлсада, фолбинларга ишониш қатъиян ман этилган экан. Шунинг учун жинлар ҳақидаги асосий гапларга у қадар ишонмаслигимиз зарур эмиш. Лекин ишонмай бўларканми?! Қишлоқда ҳеч бир замонда бўлмаган ғалати воқеалар рўй бераётганди. Калтакесаклар хурмо дарахтларининг танасига ёпишиб олган ўша ёмғирли кунларда қишлоқда навбатдаги таҳликали хабар янградики, биз фолбин хотиннинг сўзлари ҳақиқатдан йироқ эмаслигига батамом амин бўлдик. Оқсувдарё бўйига кечга яқин сув олиб келишга тушган ёшгина келинчак тўсатдан йўқолиб қолди. Шундан кейин уни қишлоқнинг тизза бўйи келадиган лойшанг кўчаларидан ҳам, уфққа тасмадек туташиб кетган Оқсувдарёнинг соҳилларидан ҳам, мойчечаклар ўсиб ётган ўрмондан ҳам – ҳеч қаердан топа олмадик. Фолбин хотин чоршанба кунлари эълон қиладиган фолларида уни қора жинлар олиб кетганлигини яна бир карра тасдиқлагач, биз қора жинларнинг қабристондаги базми жамшидлари энди қишлоққа кўчиб ўтиши мумкинлигини англаб етдек. Ана шундан кейин қишлоқдаги одамлар битта-битта билдирмасдан кўчиб кета бошлади. Қишлоқ қариялари эса оммавий равишда, ялангликдаги қабристонда ўз ҳокларини қўйилишига қарши чиқа бошладилар. Ўшанда энди вафот этиш арафасида турганлар ўз васиятномаларида ўлгандан кейин патмурда маййитларини қишлоқ қабристонига қўймасликни васият қилишар, ҳатто бундан кўнгиллари тўқ бўлишлари учун шаҳар нотариусларида қонунан тасдиқлатиб келишни одат тусига киритишди. Ўша пайтларда шунақанги ваҳимали гаплар тарқагандики, биз, соғом фикрли инсонлар, майдалаб ёғаётган ёмғирдан қочиб, чойхона айвонида тўпланиб олган куни, келажак тўғрисида ҳал қилувчи қарор қабул қилиш учун узундан-узоқ муҳокамалар юритардик. Албатта ҳамма гапларга ҳам ишониб бўлмасди. Гарчи қишлоқдаги кўпчилик оилалар бу оммавий ваҳиманинг талвасага солувчи қудратидан эсанкираб, аллақачон бў ерлардан кўчиб кетиш тараддудини кўраётган бўлсада ва аллақачон ҳамманинг кўзини шамғалат қилиб ими-жимида кўчиб кетганлар ҳам учраётган эса-да, биз бу – Худо қарғаган гўшада охиргача қолишга қарор қилгандик.

Қишлоқдан шунча кишилар кўчиб кетаётганлиги етмагандек, биз июннинг бошларида қишлоқ оқсоқолининг ҳам ҳеч кимга билдирмай, бизни тақдири илоҳийнинг ададсиз ёзуғига ташлаганча, ярим тунда бутун лаш-лушларини олиб кўчиб кетганлигини сезиб қолдик. Ана ўшанда биз қишлоқдаги тартибни ўз зимамизга олишга, минг йиллардан буён яшаб келаёган қавмларимизни оммавий миграциядан сақлаб қолиш учун амалий чоралар кўришга мажбурият сездик. Энг дастлабки қилган ишимиз қишлоқда тартибни сақлаш учун фавқулодда ҳолат эълон қилиб, махсус комиссия тузиб, маузерлар билан қуролланган гуруҳ жўнатишини сўраб, ҳукуматга хат билан мурожаат қилдик, унгача ов қуроллари билан қуролланган қишлоқ мудофаа армиясини тузишга қарор қилдик. Бу чора-тадбирларимиз бизга иш бермасдан қолмади. Аввало биз зўрлик ишлатиб бўлса-да, қишлоқдан кўчиб кетишни таъқиқлаб қўйдик. Бу ишимиз учун бизнинг талабимизга кўра, туман марказидан келган махсус экспертлар гуруҳи бизга яна бир бор чуқур ташаккур билдириб, Оммавий галлюцинацияга берилмаганимиз учун ҳар биримизнинг номимизга раҳматномалар эълон қилишди. Экспертлар – иккита ҳарбий киши, бир детиктив, бир психалог, ижтимоий антропология мутахасиси ҳамда «Китоб тонги» газетаси муҳбири ва фотографидан иборат эдики, биз уларнинг маузерлар билан қуролланмасдан келганлигига ҳайрату надомат билан боқиб, гарчи улардан бирон иш чиқишига кўзимиз етмаса-да, ноилож уларни ҳафта мобайнида кузатиб юришга мажбур бўлдик. Улар қабристондаги йўлакларни текширишар, жинлар очиб ташлаган мозорларни сўратга олишар, қишлоқ аҳлини қандайдир алмисоқдан қолган анкеталарни тўлдиришга мажбур қилишар, аср намозларида имомдан сўнг нутқ сўзлаб, кундалик ахборотларни биз билан бўлишишар, хуллас жинларни инкор этишга уринишиб, бизнинг энсамизни қотиришарди. Ҳафтанинг охирларида ўз ишларини якунлаган экспертларнинг алал-оқибат хулосаси шу бўлди-ки, буни эшитиб кўпчилик ҳайратдан ёқа ушлади. Экспертларнинг аниқлашича, қабристондаги ҳолат, қишлоқнинг дайди итларининг иши бўлиб чиқди. Экспертлар очилган қабрлар атрофидан бир неча саёқ итларнинг изларини топишиб, уларни видео ва фотокадрларда муҳрлашди. Айрим итбоқарлар бу ўрмон бўриларининг иши деб чуввос солишган эди, экспертлар изларни қайта ўрганишиб, бу ҳатто қишлоқдаги қайси итнинг иши эканлигигача аниқлашди. Шундан сўнг итбоқарларнинг ҳолига маймунлар йиғлади. Эртасигаёқ туман марказидан келган қуролланган гуруҳ уйма-уй юриб, итларни отишди. Зотдор итларни яширишга уринган айрим итбоқарларга энг кам иш ҳақи баробарида жарима ҳам солинди. Ўша кунлари биз кўча-кўйда итлари ўлигини кўмишга олиб кетаёган жабрдийда ит эгаларининг маҳзун қиёфаларини томоша қилиб юрдик. Ўшанда ўрмоннинг шимолий-шарқий томонида итлар қабристони очилганини эшитдик. Баъзи ит ишқибозлари ўзларининг итлари шарафига қабр тошлариҳам ёздириб келишганди. Ўша қабр тошларида, “бу ерда жаноб Тузик ётибди”, ёйинки, “жаноб Шарикнинг мангу оромгоҳи” каби оҳангтамали сўзлар битилганди-ки, беихтиёр ит эгасининг ҳолига қараб, кўзингизга ёш қалқирди. Ҳақиқатан ҳам июннинг учинчи чоршанбасига қадар қишлоқда биронта ҳам ит қолмади. Ўша ит қирғинидан кейин биз кечалари қишлоқда биронта ҳам ит ҳуришини эшитмадик. Қоронғу юлдузли осмон остида, узоқ-узоқлардан шамол дарахтлар шохини сийпалар, қарағай новдалари ғийчиллаб овоз чиқарарди. Илгари итларнинг ҳуришига ўрганиб қолган қишлоқ энди тунлари Оқсувдарёнинг шовиллаши-ю, ҳали-ҳамон ёғаётган ёмғирдан моғор босиб кетган ўрмон дарахтларининг шамолда ғийшиллашини айтмаганда, деярли шовқинлардан халос бўлганди. Дарвоқе, энди биз кечалари аллақаердаги девор ковакларига беркиниб олган қора чигирткаларнинг чириллаши-ю, қишлоқ атрофидаги кўлмакларда танда қўйиб олган қурбақаларнинг қуриллашинигина эшитардик. Итларнинг овози бутунлай ўчгандан сўнг, биз ҳаммамиз энди эркин нафас олиб, экспертларнинг хулосасига деярли ишонган ҳам эдик-ки, тўсатдан ишончларимизга яна путур етди. Ҳисор ўрмон хўжалигининг тоғ билан туташиб кетган чекка ҳудудларига бундан бир ой муқаддам овга жўнаб кетган Қурбон овчи қайтишда итлар қабристонининг очиб ташланганлигига гувоҳ бўлибди. Шундан сўнг биз экспертларнинг хулосаси кўп ҳам тўғри бўлмаганлиги ҳақида муҳокама юрита бошладик. Фолбин хотин охирги кўрган фолларининг бирида қора жинларнинг итлар қабристонига кўчиб ўтганлигини башорат қилди. Аллақачон ёз кириб келаёганига қарамай, ёмғир ҳамон тез-тез ёғар, дафн маросимларида гўрковлар қабр қазишга қийналишаётганлигидан шикоят қиларди. Ўша кунлари тақдири илоҳийнинг ёзуғига биноан қишлоқда бир аёл кишининг таъзиясини ўтказишга тўғри келди. Очиғи, бу аёл менинг бўлажак умр йўлдошимнинг онаси эди. Гўрковларга қабр қазишга ёрдам бергани борганимизда биз ўрмон этагидаги итлар қабристони ҳақиқатан очиб ташланганлигини, ҳатто янги очилган ялпи уй ҳайвонлари қабристонидаги яккаю ягона эшак маййитининг ҳам йўқолганлигини кўрдик. Биз яна, моғор босган ўрмон дарахтлари остида ўсиб ётган мойчечакларнинг пайхон қилиб ташланганлигини қандайдир жинларнинг излари тўғри Оқсувдарёга туташиб, изсиз йўқолганлигини кўрдик. Ўрмон жанубидаги ялангликда етиб борарканмиз, қишлоқ қабристонининг уфунат ҳукм сурган ҳувиллаб ётган манзараларини, қаторасига очилиб ётган қоронғи гўрларнинг оғзини кўрдик. Ана шунда биз ўзимизни фақатгина ўзимиз ҳимоя қилишимиз зарурлигини тушиниб етдик. Қурбон овчининг чақириғига биноан қишлоқ чойхонасида Исканадаги манаман деган барча эркаклар, хотин-халажлар, чолу-капмирлару мишқи болаларгача – барча-барчаси йиғилишди. Анча замонлардан буён, тўғрироғи, бир пайтлар хотини ташлаб кетгандан бери одамови бўлиб қолган Қурбон овчининг дафъатан бундай фаоллашиб қолиши ҳаммамизни ҳайратга солди. У илгаритдан узоқ-узоқ ҳудудларга ойлаб овга чиқиб кетар, қўни-қўшни, маҳалла-кўйга қўшилмас, бироз жиззаки ва айтгани айтган одам эди. Унинг айнан шундай феъли учун ҳам хотини битта боласи билан кетиб қолган, Қурбон овчи эса, ўшандан буён бошқа уйланмаган, одамлардан бутунлайга узилиб овда юргани юрган эди. Шунинг учун ҳам биз унинг тўсатдан ҳаммамизни чойхонада чорлаб чақирганини эшитиб, бу ерга тўпландик. Чойхона майдонида елкасига узун ов милтиғини қўндирган, қора яктак кийган шопмўйлов Қурбон овчи қавмларимизга худи масжид имоми каби нутқ ирод қиларди:
– Биз ҳаммамиз бир жой кишиларимиз, тиригимиз ва ўлигимиз бир замин устида ҳамда бир замин остида бўлажак! Мен ҳар доим ўзимизни фақат ўзимиз ҳимоя қилишимиз керак деб ҳисоблайман. Ҳеч қачон ташқаридан мадад кутишимиз керак эмас. Қандай куч бўлса, фақат ўз ичимиздан олишимиз зарур. Мен ўйлайманки, Исканада ҳали мард йигитлар кўплаб топилади. Мен яна шунга ишонаманки, қабристондаги маййитларнинг йўқолиши фолбин хотин айтганидек, қандайдир жинларнинг иши эмас. Бунинг руҳий нарса эмаслигига менинг ишончим комил. Қадрли исканаликлар, бугун қишлоғимизда бир мушфиқа аёл вафот этди. Унинг ҳокини тунлари қабристонга бориб навбатма-навбат бориб қўриқлайлик. Токи маййитлар нима учун ғойиб бўлаётганлигини тагига етайлик, болаларимиз оқшомлари тинч ухласин! Биринчи навбатчиликка мен билан кимлар борса, марҳамат олдинга чиқсин…

Қурбон овчи шундай дея гирд-атрофини ўраб олган оломонга қаради. Одамлар орасида “қий-чув” бошланди. Қариялар юрагида ўти бўлган ёш йигитлар чиқсин ўртага, деб чуввос солишарди:
– Биз сизлардай пайтимизда ўлимга ҳам тикка кетаверардик. Сизларни қаранглару, –  деди улар. Бир барзанги эркак:
– Мен ҳозироқ Қурбон овчига қўшилиб кетардиму, кечқурун “горчишник” олаяпман-да, озроқ шамоллаб қолибман, – деди.

Яна бир домонгир эркак айтдики, унинг кўзлари кечқурун яхши ўтмас экан, йўқса, биринчиликдан бўлиб ўзи йўл бошлаб борар экан. Яна кимнингдир оёғи симиллаб оғриркан, ҳозироқ уйга қайтиб, вазелин суртмаса, юролмай қолиши мумкин эмиш. Яна бир киши энди бораман, деб турганида, кўнгли айниб, бир чеккага ўтиб қайт қила бошлади. Тушликда эскирган овқат еб қўйганини, хотини тезда уйга олиб кетмаса, бўлмаслигини айтди. Ана шундай талатўплар ичида бугун онаси вафот этган бўлажак рафиқамнинг менга умидвор нигохлар билан қараб турганлигига кўзим тушиб қолди. Йўқса мен ҳам тўсатдан нафаси қисиб қолган қўшнимизга ёрдам кўрсатиш баҳонасида бу ердан тезроқ кетишни кўзлаб тургандим. Лекин у менга нигорон қараб турарди. Шунда мен қандай қилиб Қурбон овчининг олдига чиқиб борганимни билмай қолдим. Овчининг паррихта кўзлари яшнаб кетди. Бақувват кафтлари билан менинг елкамга шапатилаб уриб қўяркан, атрофдагилар шов-шувни тугатишиб, мени олқишлаб қарсак чалишарди. Даврада пайдо бўлганлигимни кўрган ҳаммаслак оғайниларим бирин-кетин даврага чиқиб келишдилар-ки, бирпасга бугун қабристонда навбатчиликка борадиган етти кишилик гуруҳ йиғилдик. Тез орада бу гуруҳга Қурбон овчининг ўзи бошчилик қилиши ойдинлашиб қолди. Ҳаммамизнинг елкаларимизда ўн олти калибрли ов милтиқларимиз бор эди. Биз жўнаб кетарканмиз, бутун қишлоқ ортимиздан кузатиб қолди. Одамлар суронидан узоқлашиб муюлишга қадар етиб борарканмиз, мен ортимдан бўлажак рафиқамнинг ҳам кузатиб турганлигини ҳис қилардим. Мен яна шуни ҳис қилардим-ки, биз ҳаммамиз Қурбон овчи бошчилигида буюк қаҳрамон бўлиб қайтамиз, қишлоқ аҳли бизни устимизга мойчечаклар сочиб қарши олади. Шундай ҳаёллар оғушида юриб борарканман, атрофга тун қуюлиб келаётганлигию, масжид имомининг хуфтон намозида бизниҳам дуо қилаёганлигини хотирдан ўтказардим. Қурбон овчи имилламасдан тезроқ юришимиз кераклигин айтди. Зеро қоронғулик тобора қуюлиб келарди. Исканадан чиқиб Оқсувдарё ёқалаб ўрмон йўлагига чиқиш учун олдинма-кетин қадам ташлаб борарканмиз. Қурбон овчидан ташқари, ҳаммамизнинг юрагимиз тез-тез урар, қўрқув ва ваҳима талвасасида отишга тайёрлаб қўйилган милтиқларимизни маҳкам сиқиб ушлаб олгандик. Қурбон овчи олдинда йўл бошлаб борар, йўлакдаги ўрмон буталари юзларимизни тилиб ўтар, бир-биримиздан ортда қолмаслик учун овчининг ортидан шошилинч юриб борардик. Итлар қабристонига етганимизда, Қурбон овчи фонарларни ёқишга рухсат берди, шундагина кўнглимиз сал жойига тушди. Унинг ўзи эса итлар ётган қабрларни бирма-бир текшириб чиқаркан, ниҳоят, олдимизга қайтиб келиб, оғзи очилмаган биронта ҳам итнинг қолмаганлигини айтди.
– Тезроқ ялангликдаги қабристонга етиб боришимиз керак, –  деди у.

Биз эса унинг олдида қўрқувдан дағиллаб турарканмиз, ҳаммамиз ич-ичимиздан бу ерга келганимиздан афсус-надоматлар қилардик. Ярим соатлар ўтар-ўтмас, ўрмон шарқидаги ялангликка чиқиб, жанубга қараб юра бошладик. Бу ер ўрмон зимистонидан ҳам кўра қўрқув ва ваҳимага тўла эди, зеро, биз қабристонга кириб борардек. Ой, булутлар орасида гумдон бўлган, доимгидек майда шиват севаларди. Қурбон овчи ўзининг қайсар одатига кўра:
– Ҳеч ким фонар ёқмасин, ўлжамизни эътиборини тортмайлик ! – деди.

Биз гарчи, дўппайган мозорларга тўқишиб, суриниб. Қурбон овчининг ортидан аста-секинлик билан юриб бораётган бўлсак-да, ҳали замон юрагимиз ёрилиб, ўлиб қолсак керак, деб ўйлардик. Назаримизда Қурбон овчига ҳаммаси барибирдек эди. У уфунат ҳукм сурган мозорлар оралаб, ўзига қулай жой қидираркан, биз унинг ортидан келаяпмизми-йўқми, иши ҳам йўқдек эди. Ниҳоят, у бир жойда тўхтаб милтиғини ерга қўйди-да, ўзи ҳам эмаклагандек ерга чўккалаб олди. Биз ҳам унга тақлид ўлароқ, унинг ён атрофида чўкка тушдик. Лекин биз нимага бундай қилаётганлигимизнинг моҳиятига ҳали-ҳануз тушуниб етмаган эдик. Биз ҳозир жинлар келади-ю, Қурбон овчини ҳам, унга ишонганимиз учун бизнинг ҳам жонимизни олади-ю, шу билан биз эртанги кунларни кўрмасдан бевақт ҳаётдан ўтиб кетамиз, деб ўйлардик. Ҳаммамиз шунчалик титрардик-ки, ёнимиздаги Қурбон овчининг парво ҳам қилмасдан шиват ёғаётган майсалар узра пусиб ўтиришини кўрарканмиз, этларимиз музлаб, тақдири илоҳийнинг пешонамизга ёзган ёзуғини кутиб ўтирардик. Ёмғир эринмай майдалар, кийимларимизга нам сиза бошлаганди. Лекин биз ўрнимиздан туришга қўрқардик, зеро бундай қилишимиз ҳамоноқ, бизга жинлар кўкдан учиб келиб, кўтариб кетиши мумкиндек, юрагимизни талваса босарди. Ниҳоят қабристон томонга қандайдир ваҳимали шовур кела бошлади.
– У келаяпти, – деди Қурбон овчи милтиғини отишга тайёрларкан.

Қурбон овчидан бўлак, биз ҳаммамиз ўрнимиздан қандай қилиб туриб кетганимизни билмай қолдик. Бир сония ичида ҳаммамизнинг вужудимизни қуюқ тер босди. Қандайдир узун қора нарса вашшиллаган кўйи, янги кўмилган қабр тепасига улкан бир шашт билан бостириб, ёпирилиб кела бошлади. Шунда ичимиздан кимдир ўша томонга фонар ёқди.
– Фонарни ўчир, – деди Қурбон овчи унга. Фонар ёниб – ўчган ҳамоноқ, биз уни фолбин хотин айтганидек, ҳеч қандай жинлар тўдаси эмас, балки, баҳайбат илон эканлигини кўрдик. Улкан илон фонарни ёқиб-ўчирганимизни сезган ҳамоноқ, биз тарафга бурилди. Шунда Қурбон овчи унга қарата биринчи ўқни бўшатди . Ўқ варанглаб, илонинг нақ кўксига тегди шекилли, у ғалати ва ғайритабиий овозда шундай чинқирди-ки, унинг овозидан ўтакамиз ёрилиб, орқага – келган йўлимизга қараб қоча бошладик. Шундай чопиб борардик-ки, ортимиздан Қурбон овчининг улкан илонга қарата ўқ узаётганлигини, питоннинг юракларимизни суғуриб олаётгандек ўткир чинқириғини эшитардик. Аввал ялангликда, сўнг ўрмон йўлакларидаги итлар қабристони аро, ундан кейин эса, Оқсувдарё ва қишлоқ оралаб югуриб борарканмиз, биз адои тамом бўлгандек. Ўқланган ўн олти калибрли милтиқларимиз ҳам аллақайси гўрга тушиб қолган, ярим оқшомги шиват остида уйларимизга ҳаллослаб-ҳаллослаб кириб келарканмиз, ота-оналаримиз бизга учоқ қозонларнинг қора куясини ичирарди. Зеро, дунё-дунё бўлгандан бери, биз ҳам бундай катта ва улкан илонни кўрмаган эдик. Ҳамма ваҳима ва қўрқувларимизнинг сабабчиси, ўликларимизни хўрлаётган манхус махлуқнинг совуқ афт-ангорини бир бор кўрдиг-у, унинг аянчли чинқиришини юрагимиз қатларидан ўтгаздиг-у, бу ҳол, узоқ йиллар бизнинг хотирамизда муҳрланиб қолди…Эртаси куни биз, қишлоқ аҳлига улкан питон ҳақидаги гапларни айтиб бердик. Шунда бизнинг орамизда фақат Қурбон овчиниг йўқлиги эътиборимизни тортди. Тушга яқин туман марказидан ўша, итларни отиш кунлари келган қуролланган гуруҳ етиб келди. Ана ўшанда биз, гарчи уч-тўрттамиз аллақачон ортиқча ваҳимадан жонлантириш бўлимларида қаттиқ назорат остида даволанаётган бўлса-да, ўзимизни босиб олиб, қуролланган гуруҳга эргашганча, оломон орасида кечаги кўрсатган жасоратларимизни аста-секинлик билан ҳикоя қилиб борардик. Унга кўра, улкан илон бизга қандай ташлангани, милтиқларимизни ютиб юборгани, ўзимиз унинг чангалидан қандай чиқиб кетганимиз, уни яралаганимиз ва бошқа жасоратларимизни биримиз қўйиб, биримиз айтиб берардик. Аммо ўрмон шарқидаги ялангликка чиққанимизда, ҳаммамизнинг қочаётганимизда тушиб қолган милтиқларимизни топиб олганимизда, бу ҳақда бизга савол нигоҳ билан боққан кишиларга лом-мим демай, гапни чалғитишга уриндик. Қабристон ҳовлисига кириб бораётганимизда, ўрмон қарғаларининг бир галаси дув этиб осмонга кутарилганлиги эътиборимизни жалб қилди. Қарғалар кўтарилган ерда баҳайбат питон ва унинг буралган думлари орасида Қурбон овчи ўлиб ётарди…

Тошкент – Яккасарой. 2009– йил.