OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШерзод Комил Xалил
Асар номиВасваса
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шерзод Комил Xалил
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм82KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/12/15
МанбаMuallif ruxsati bilan


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Васваса
Шерзод Комил Xалил

I

Серёғин баҳор кўз илғамай ўтиб кетди. Чўлга гиёҳларни қовжиратадиган ёз келди. Энди қақраб кетган ёбонларда диккайиб ўсадиган янтоқлару саксовуллардан бўлак тириклик асари кўринмасди. Шунинг учун ҳам Янгисувга етиб келгунча, император Пётр Iтомонидан Хива хонлигига юборилган экспедиция аъзолари Ўрта Осиё ёзининг бутун инжиқликларига чидашига тўғри келди. Айниқса жазирама иссиқда ўтлар қовжираб кетганлиги туфайли отлар ва туяларни боқиш ниҳоятда қийин кечди. Экспедиция дегани бу, сирасини айтганда, юк ортилган хачир-туялару, уч мингдан зиёд отлиқ қўшин бўлиб, унга подшо гвардиясининг Преображенск полки поручиги Александр Бекович-Черкасский бошчилик қиларди. Рус урфларига монанд соқол-мўйллов ва бакенбард қўйган, миқтидан келган Черкасский аслида қабарлик мусулмон зодогонларидан бўлиб, унинг ҳақиқий исми Искандарбек эди. У қачонлардир, Пётр I саройида катта нуфузга эга бўлган князь Голицинннинг қизи Марияга уйланган ва насронийлик динини қабул қилганди. Чўқинтириш маросимидан сўнг, у ўзига Александр Бекович-Черкасский номини қабул қилди. Бу билан у ҳеч нарсани йўқотмади, балки, черкаслик бек ўғли Искандарбек бўлиб қолаверди. Пётр I ҳам рус давлатига хизмат қилишга бл боғлаган бу қабарлик йигитга илтифот кўрсатиб, унга князь унвонини тортиқ қилди. Князь Голициннинг қизи Мариядан фарзанд кўргач, уни хорижга ҳарбий соҳани ўрганиш учун ўқишга юборишди. У ёқдан қайтгач, Бекович-Черкасскийни Преображенск лейб-гвардия полкида поручик унвонида хизматга тайинлашди. У лейб-гвардияда хизмат қиларкан, қайнотаси князь Голициннинг ёрдами ва ўзининг ҳарбий истеъдоди туфайли подшонинг яқин ва ишончли мулозимларидан бирига айланди. Мана энди ана шу ишонч туфайли императорнинг шахсан ўзи Хива хонлигини тобе этиш вазифасини айнан унга топширди. Тўғри бу вазифани ўз зиммасига олиш учун Бекович-Черкасскийнинг ўзи ҳам катта ғайрат кўрсатганди. Бунга ҳозирда экспедиция сафида бўлган, тақдири Черкасскийникига ўхшаб кетадиган князь Михаил Самонов сабаб бўлганди. Серсоқол, қора қош-кўзли Михаил Самонов авваллари Эроннинг Ғилон вилояти ҳокими бўлиб, айрим сабабларга кўра Россияга қочиб келиб насронийлик динини қабул қилган, Черкасский каби исми-шарифини ўзгартириб, князь унвонини олганди. Ана шу Михаил Самонов бир куни Черкасский ҳузурига Хўжа Нафас деган бир туркман савдогарини бошлаб келганди. Чўгирма телпакли, ғуриллаб гапирадиган бу савдогар Самоновни ҳам, Черкасскийни ҳам оғзини очириб қўйди. У Амударёнинг бир пайтлари Каспий денгизига қуйилишини, хоразмликлар туғонлар қуриб дарё оқимини Орол денгизига буриб юборишларини сири ҳақида гапирди. Унинг айтишича, бунга олтинлар сабабчи эмиш; Ҳозирда дарёнинг қуриган ўзанларида олтин қумлари уюлиб ётган эмиш; ўрта асрлардаги Хорамшоҳлар давлатининг қудрати ана шу олтинлар орқасидан бўлган экан. Эндиликда бу жойлар Хива хонларининг қатъий назоратида эмиш; Агар қайсиир давлат Хива хонлигини бўйсундирса, тиллолар тагига қолиб кетади. Хўжа Нафас олтинлар ҳақида васвасага бериларкан, Бекович-Черкасский отни ўз вақтида қамчилаб қолиш ҳақида ўйларди. У Россия учун олтинларни нақадар зарурлигини яхши биларди. Шунинг учун бу ҳақда зудлик билан Пётр I га ахборот беришни лозим топди. Агар бундай қилмаса, бу ишни ғилонлик князь Михаил Самонов ҳам қилиши мумкин эди. Бироқ Бекович-Черкасский ҳам оғзидан ошини олдирадиганлардан эмасди. У ўша куниёқ зудлик билан саройга борди. Изн сўраб ичкарига кираркан, Пётр I Санкт-Петербургга келган Сибирь губернатори Матвей Гагарин билан суҳбатлашиб ўтирарди.
– Зоти олийлари суҳбатларига халал берган бўлсам узримни қабул қиладилар, – назокат билан сўз бошлади Черкасский.
– Князь, сизда бирор янгилик бўлмаса, ҳуда-беҳуда хотиримизга малол келадиган иш қилмаслигингизни биз яхши биламиз, – дедиПётр I, Черкасскийга Матвей Гагарин қаршисида ўтиришга изн бераркан.– Марҳамат ўтиринг.
– Ташаккур жаноби олийлари, – деди Черкасский курсида ўтираркан.– Мен савдогарлар орқали Хива хонлиги ҳудудида жуда катта олтин заҳиралари борлиги ҳақида маълумот олгандим. Шу ҳақда сизга ахборот беришни лозим топдим.

Черкасский Амударё ўзанларида уюлиб ётган олтин қумлари ҳақида Хўжа Нафасдан эшитган гапларни Пётр I ва Матвей Гагаринга сўзлаб бераркан, император:
– Амударё соҳилларида олтинлар кўплигига ишончингиз шунчалик комилми? – деб сўради.
– Албатта ҳазрати олийлари, бундан кўнглингиз тўқ бўлсин, буни ўз кўзи билан кўрган одамлар бор.

Сибирь губернатори Матвей Гагарин бахтга мувофиқ Черкасскийнинг сўзларини тасдиқлади:
– Ҳазрати олийлари, – деди у. – Князь Черкасскийҳақ гапни гапирмоқда назаримда. Мана, яқиндагина Ёркентга бориб келган сибирлик савдогарлар буғу мўйналарини ушбу олтинларга сотишибди.

У ички чўнтагидан чарм сахтиёнини олиб, очганча, нуқрадай олтинларни Пётр I га эҳтиром билан узатди:
– Ёркентликларни айтишича, бу олтинлар Сирдарё соҳилларидан олиб келинган эмиш…

Пётр Iгубернатор Матвей Гагарин узатган олтин доналарини синчковлик билан кўздан кечирар экан:
– Ҳақиқий, асл олтинлар, – деди. Сўнг Черкасскийга нигоҳини қаратиб деди: – Наҳотки, Аму ва Сир оралиғида сиз айтганингиздек, олтинлар уюлиб ётган бўлса, ишониш қийин?!
– Бироқ эшитганларимиз ва кўрганларимиз шундан далолат бермоқда аъло ҳазратлари, – деди Черкасский шарқона лутф билан. – Бу олтинлар Россияники бўлиши лозим. Бироқ бахтга қарши ҳозир у ерлар Хива ва Бухоро хонларининг назоратида. Агар олтинларга эгалик қилишни истасак, мазкур хонликларни рус давлати тобелигига ўтказишимиз керак.
– Аммо бу сиз ўйлаганчалик осон иш эмас, – луқма ташлади Матвей Гагарин.

Пётр губернаторга тиллаларни қайтариш учун узати. Губернатор таъжубланиб, ўрнидан тураркан:
– Бундай қилишингизни ҳожати йўқ, ҳазрати олийлари, – деди. – Мен бу тиллаларни хазина учун сизга тортиқ қиламан. Жаноб Бекович-Черкасский Хива ва Бухоро хонликларидан сизга яна ҳам каттароқ тортиқ олиб келса, ажаб эмас.

Пётр губернатор қайтарган тиллаларни ҳашаматли стол устига қўяркан, Матвей Гагаринга:
– Сиз шундай деб ўйлайсизми? – деб сўради.
– Албатта, – деди губернатор бошини хиёл сараклатаркан.– Сиз ҳазрати олийлари, жаноб Черкасскийнинг кўзларига қаранг. Унда шижоат ва ўт порламоқда.

Пётр лейб-гвардия поручигига юқоридан боқаркан, Черкасскийга сиз бунга нима дейсиз, дегандек туюлди. Черкасский Сибирь губернаторидан ич-ичидан миннатор бўларкан, императорга:

–Ҳазрати олийлари, мен рус давлати учун қўлимдан келган ҳамма ишни қилишга тайёрман, – деди. – Ҳатто Хива ва Бухоро хонликларини тобе этишни зимммамга топширсангиз буни аъло даражада уддалайман деб ўйлайман.
– Князь бу сиз ўйлаганчалик осон иш бўлганда биз буни аллақачон амалга оширардик. Бухоро хони Абулфайзхон ва Хива хони Шерғозихонлара сиз ўйлаганчалик олтинлар бўлса, улар бунга бекорга эгалик қилишмаётгандир. Бу ерларни забт этишимиз учун катта ҳарбий куч ва ҳарбий харажатлар талаб қилинади.
– Лекин жаноби олийлари, – деди қатъиятли Черкасский. – Сиз Россияни Европанинг ривожланган давлатларидек қудратли давлат бўлишини ҳамиша орзу қиласиз. Бунинг учун бизга кўп олтинлар лозим. Агар менга ижозат берсангиз давлатимиз учун олтинла келтиришни ўз зиммамга оламан.
– Яхши жаноб князь, –деди Пётр I. – Мен сизнинг қатъиятингизни ҳурмат қиламан. Мен бу ҳақда вазирла ва губернаторлар билан маслаҳатлашаман. Унгача, сиз менинг қароримни кутинг.

Император шу билан олтин мавзусмга чек қўйди. Александр Бекович-Черкасский изн сўраб, Пётр I ва Матвей Гагарин билан хайрлашаркан, саройдан ташқарига қадам қўйгач, ўзини улуғвор ишлар кутаётганлигини ҳис қиларди…

II

У император ва Матвей Гагарин олдида ўзини мардона тутганидан кўнгли анча таскин топди. Ўзида шунчалик қатъиятли ирода борлигини илгари сира ҳам ўйлаб кўрмаганди. У ўзини қачонлардир катта ишларга қодирман деб ўйларди. Энди эса унинг орзулари рўёбга чиқишига жуда оз вақт қолганлигини у бутун вужуди билан туйди. Бутун умри Қабарда ўтган отаси унга Искандар исмини қўйганда нималарни ўйлагани эндиликда Александрга айланган Бекович-Черкасскийга қоронғу-ю, аммо унинг орзулари ўзига кундек равшан. Қачонлардир, олис замонларда Ўрта Осиёга юриш қилган македониялик Александрни ҳам маҳаллий халқлар Искандар номи билан аташган. Пётр I саройида муайян нуфузга эга бўлиш учун аслан Искандарбек бўлган Бекович-Черкасский Александр номини қабул қилса нима бўлибди?! Бу билан осмон узилиб ерга тушармиди?! Агар ҳаммаси у ўйлагандек кечадиган бўлса, унинг иқбол юлдузи порлаш арафасида турганлигига шубҳа йўқ. Князь Бекович-Черкасский Пётр I саройидан шундай ўйлар ичра уйига қайтиб келди. Князнинг насронийлик услубида қурилган пича салобатли ва шу билан биргаликда ихчам кўринадиган қасрида доимгидек осудалик ҳукм сурарди. Князь гарчанд жангу-жадаллар ва суронларни севса-да, аммо уйида осудалик муҳити ҳукм суришини хуш кўрарди. Шунинг учун ҳам хизматкорлар оёқ учида юрар, боғ адоғиаги отхонадан бери келишмас, бундан фақатгина қаср эшиги олдида мудраб турадиган қоровулгина мустасно эди. Князь ҳар гал уйга келганда, унга дакки берарди. Бу мудраб ўтиришингда, қачондир қасрни ўғрилар тунаб кетади, дерди князь. Аммо бу гал қоровулга ҳеч қандай огоҳлантириш бермасдан ўтиб кетишни лозим топди. Қоровул қаср соҳибини ўтиб кетаётганлигини кўриб, анча хушёр тортган бўлса-да, аммо барибир кечикканди. У қоровулхона эшиги олдидан чиқиб князнинг ортидан югурди. Князь қорабайир отидан тушаркан қоровулга:
– Отбоқарларга айт, қорабайирга дам беришсин, – деди.
– Хўп бўлади, – деди қоровул отни жиловидан ушларкан. Сўнг отбоқарларни номини айтиб чақира бошлади:– Паша, Миша қаёқдасизлар?..

Князь Черкасский қасрга қадам ранжида қилди. Хушбичим, малласоч Мария уни жилмайиб қарши олди. Марияни кўрган Искандарбекнинг ҳам юзига табассум югурди.
– Келдингизми Александр, – одатий қарши олди уни Мария.
– Ҳа, азизам, – хушнуд алфозда Марияни белидан қучиб ўрнида гир айланди Бекович-Черкасский. – Биласанми, ҳозир қаердан келаяпман. Пётр I саройидан.
– Хуш, саройа нима гаплар азизим?..
– Чамамда мени Хива хонлигини забт этишга юборишса керак?!– такаббурона жилмайи Черкасский.
– Менива қизимни ташлаб кетасизми? – аразнамо олдинга юриб кета бошлади Мария.
– Қачон ташлаб кетган эканман?– Марияга етиб олиб, хотинини юзини ўзига қаратди Черкасский.
– Хорижга ўқишга кетганингизда ҳам қизимиз икаламиз ёлғиз қолгандик. Энди яна кетаман деяпсиз?..
– Аммо азизам, мен унда ҳарбий соҳадан билим олиш учун кетгандим. Энди эса мени Ўрта Осиёни забт этиш учун юборишмоқчи?! Айтишларича, у ерда олтинга беланган соҳиллар бор эмиш. Хивани забт этсам сени ҳам, Россияни ҳам олтинларга кўмиб юбораман. Мария, сен маликалардек яшайсан, тушуняпсанми?..
– Нима десангиз ҳам сизнинг кетишингизни истамайман. Чунки менга олтинлардан ҳам муҳим эр керак, – ялинганнамо нозланди Мария. – Азизим, сизни соғинаман…

Бекович-Черкасский хотинининг лабларидан бўса олди. Сўнг уни кўтарганча заллар оша ётоқхона томонга олиб кетаркан, Мариядан сўради:
– Дарвоқе, қизимиз кўринмайди?..
– Бобоси билан кетганди. Биласиз-ку, отамнинг қасрида катта ҳовуз бор. Қизимизнинг ўша ҳовузда чўмилгиси келиби.
– Князь Голицин келганмиди? – Марияни пастга тушираркан, сўради Черкасский. – Эҳтимол, менда бирор юмуши бордир.
– Йўқ, йўл устидан ўтаётганда, бирровга кирган экан, – жавоб берди Мария. – Қизимиз эса, у билан кетаман, деб туриб олди.
– Уйда зериккандир-да, – деди князь Черкасский. – Майли, бобосиникига ҳам айланиб келсин.

Мария жавоб ўрнида эрини бўйнидан қучди. Черкасский эса бунга жавобан Марияни опичлаб кўтарганча, ётоқхона диванига итқитди. Ўша дамда дунёда Черкасскийдан бахтлироқ одам йўқ эди. Баҳаққи Худо, Мария уни севарди. Эркак зоти учун ҳаётда бундан бошқа яна нима керак?!  Аммо Черкасскийга ўхшаган одам мана шу кичкина, жўн бахт билан қаноатланиб қолишни истамасди. У Марияга бўлган муҳаббати ёнига буюклик ва шон-шуҳрат ҳам қўшилишини истарди. Бахтга айнан шу шаклда эришиш унинг ҳаётида мукаммаллик бахш этарди…

III

Александр Бекович-Черкасский Пётр I ҳузурида бўлганидан сўнг, орадан кўп ўтмай, уни ҳарбий вазирликка чақиришди. У ерда унга Россиянинг Хива хонлигига юриш қилишга аҳд қилганини ва бу юришга бошчилик қилиш Пётр I томонидан Черкасскийга топширилганини, ҳарбий қўшин эса экспедиция деб аталиши ҳақида қатъий топшириқлар беришди. Ҳарбий вазир унга ўзи билан доимий алоқада бўлиб туришини тушунтиргач, князь Черкасскийга Пётр I нинг махсус йўриқномасини топширишди. Черкасский йўриқномани ҳарбий вазир ҳузурида кўздан кечиришга изн сўради.
– Албатта, жаноб Черкасский, – деди вазир. – Ҳеч хижолат чекмасдан йўриқнома билан танишишингиз мумкин.

Черкасский шоша-пиша йўриқномани очди. Унда қуйидагилар битилганди:

«Жаноб Александр Бекович-Черкасскийга махсус йўриқнома[1]

  1. Амударё бир вақтлари Каспий денгизига қуйилган жойда 1000  чақиримни қамрайдиган ҳарбий истеҳком қурилсин. Амударё оқимини ва туғонларини синчковлик билан ўрганиб, имкони бўлса эски йўлга буриб юборилсин. Сувни Орол денгизига йўналтирадиган тўғонлар бузилсин. Бу ишларни бажаришга қанча киши кераклиги аниқлансин.

  2. Хива хонлигининг рус давлати тобелигига ўтишига эришилсин ҳамда бизнинг манфаатларимизга хизмат қилиш шарти кўтарса, ҳарбий қисм қолдирилсин. Агар хон рози бўлса ва шароити кўтарса, ҳарбий қисмни ўзи таъминласин. Бордию буни қила олмаса, ҳарбий қисмни бир йил таъминлаш кафолати берилсин, кейинги йиллардаги харажатлар эса унинг зиммасига юклатилсин.

  3. Агар Хива хони розилик билдирса, у вақтда хон кишиларига икки русни қўшсин ва улар Сирдарё суви бўйлаб олтин борлигини аниқлаш учун Ёркентга жўнатилсин. Шунингдек, хондан савдогарларимизнинг Амударё бўйлаб Ҳиндистонга боришлари учун кемалар бериши сўралсин. Савдогарлар кетаётганларида қуруқлик ва сув йўлларини, дарё ва кўлларини, айниқса Ҳиндистонга борадиган йўлни яхши ўргансинлар ва маълумотлар тўпласинлар. Агар савдогарлар Ҳиндистонга Каспий денгизи орқали борадиган йўл мавжудлигини эшитсалар, у вақтда шу  йўл билан орқага қайтсинлар ва кўрганларини қоғозга туширсинлар.

  4. Хива хонидан Бухоро хонлигининг рус давлати тобелигига ўтишга хоҳиши бор-йўқлиги аниқлансин. Бордию бундай истак бўлмаса, дўстлик муносабатлари ўрнатишга эришилсин.

  5. Кўрсатилган топшириқларни амалга ошириш учун 4000 кишидан иборат мунтазам қўшин ва керакли кемалар ажратилсин. Бундан ташқари, Ёйиқ казакларидан 1500, эшкакчилардан 500 ва отлиқлардан 100 киши берилсин. Улар савдо карвонларини муҳофаза қилиш ниқоби остида Аштархондан ҳарбий қалъа ва шаҳар қуриладиган жойга, яъни Каспийнинг шарқий қирғоғига юборилсин. Қўшин командирлари барча жойлардаги туб аҳолига нисбатан хушмуомилада бўлсинлар. Шаҳарни қуриш зарур бўлган асбоб ва чўкичлар берилсин.

  6. Денгиз офицерларидан поручик Кожин ва навигаторлардан 50 ёки кўпроқ киши ҳарбий қисмга қўшилсин. Кожин савдогар ниқобида иш юритиши, навигаторлар эса Ёркентга юборилиши лозим.»

Черкасский йўриқномани авайлаб ёпаркан, ҳарбий вазир билан хайрлашишга тутинди. У вазир қабулидан чиқаркан, ўзини қушдек енгил ҳис этди. Бу унинг ҳаётида янги давр бошланаётганидан далолат берарди. Ҳақиқатан ҳам мана шундан сўнг, ҳарбий ҳаракатлар Бекович-Черкасский ўйлаганидан ҳам кўра тезлашиб кетди. Ҳарбий вазир Пётр I нинг махфий режасига кўра, биратўла иккита экспедицияни сафарга ҳозирлик кўришга барча шароитларни яратиб берганди. Биринчи экспедиция капитан Иван Бухгольц раҳбарлигида Сибирь орқали Тобольскдан Иртиш дарёси бўйлаб Ёркентга бориши керак эди. Гарчи ҳарбий вазир буни яширин тутишга ҳаракат қилган бўлса-да, Черкасскийга етиб келган маълумотларга қараганда, Иван Бухгольц гуруҳи 1715 йилдаёқ йўлга чиққан бўлиб, Ямишчев кўли бўйида истеҳком қуради. Аммо у ерларда яшаётган қалмоқ қабилалари ҳар тарафдан ҳужумлар уюштиравергач, Бухгольц орқага чекинишга мажбур бўлганди. Шу боис Пётр I нинг ҳам, ҳарбий вазирнинг ҳам бор умиди князь Черкасскийнинг бу борадаги саъй-ҳаракатларига боғлиқ эди. Черкасский Пётр I нинг ҳарбий истеҳкомлар қуриш ва шу йўл билан Каспий денгизининг шарқий қирғоқларида рус давлати таъсирини ўрнатиш ҳақидаги кўрсатмасини бажариш учун 69 та кемада денгиз оша йўлга чиқди. Тикқараған деган жойдан Манғишлоққа келиб, бу ерда Авлиё Пётр номида истеҳком қурди. Красноводскка етгач, у ерда ҳам худди шундай истеҳком барпо этилишига бош-қош бўлди. 1717 йилнинг кўкламида Бекович-Черкасский ўз қўшинларини бир қисмини йўл бўйига қўйиб, ўзи қолган аскарлари билан кемада Каспий денгизи орқали Гурьевга келди. Бу ерда унинг ҳузурига қалмоқлар хони Аюканинг одамлари ташриф буюрди. Черкасский капитан Бухгольц экспедициясини муваффаққиятсизлигидан яхши хабардор бўлгани учун қалмоқлар келишидан қаттиқ хавотирланди. Қалмоқлар ҳам буни дарҳол сезди. Улар Бекович-Черкасский билан учрашаркан:
– Князь Черкасский, биз қалмоқлардан хавотир олмаслигингизни истардик, – деди. – Хонимиз Аюка рус давлатидан узр сўрашимиз учун бизни бу ёққа юборди. Хонимиз сизнинг подшоҳингиз Пётр I билан дўстлик сулҳини тузишимиз учун ўртада кафил бўлишингизни истамоқда.
– Қалмоқлар Ёркентга кетаётган экспедициямизга ҳужум қилгандан кейин ҳам шундай сўзларни гапиряпсизларми? – Аюканинг одамларига таҳдид қилишга уринди Черкасский.
– Шу боисдан ҳам хонимиз подшоҳингиздан узр сўраш учун бизни сизнинг ҳузурингизга юборди, – деди қалмоқлар элчиси.– Хонимиз қалмоқларни қилган беадабликлари учун сизнинг экспедициянгизга астойдил ёрдам беришни истайди. Хонимизнинг мактубини сизга топширишга изн берсангиз?!

Князь Черкасский изн айлади. Элчи Аюканинг мактубини унга топширди. Мактубда Аюка Бекович-Черкасскийни Хива хонлиги чегарасидаги вазиятдан огоҳ қилганди: «Менинг Хива хонлигига бориб келган одамимнинг гувоҳлигига кўра, - деган эди хон ўз мактубида, -2000 кишидан иборат хиваликлар, қарақалпоқлар ва қозоқлар бирлашиб, чегара жойларда турибилар. Улар йўллардаги қудуқларни кўмганлар ҳамда жанг қилиш ниятидалар. Йўлларда жазирама иссиқ оқибатида ўт йўқлигидан рус аскарлари оғир аҳволга тушиб қолмасинлар. Вазиятни батафсил тушунтириш учун етти кишини юбормоқдаман[2]».

Бекович-Черкасский элчи билан келган олти нафар қалмоққа кўз ташларкан, Аюкага ишонсаммикан, ёки йўқмикан, деб ўйлади. Эҳтимол, бу қалмоқлар Черкасский экспедицияси тўғрисида маълумот йиққани келгандир?! Эҳтимол, қалмоқларнинг аввал қилган айблари учун Аюка русларга чиндан ёрдам бермоқчидир?! Аюка  бу билан Пётрнинг марҳаматига сазовор бўлишни кўзлаганмикан?! Бир нарса дейиш қийин. Нима бўлганда ҳам қалмоқларнинг капитан Бухгольцга қилган ёмонликларидан сўнг, Черкасский уларга ишона олмасди. Шунинг учун у Аюканинг элчиларига берган маълумотлари учун ташаккур билдириб, уларни ортга қайтарди.

IV

1717 йилнинг май ойини охирларида Бекович-Черкасский уч мингдан ошиқ қўшин билан Гурьевдан чиқиб Хива томонга юрди. Экспедиция аъзолари Эмба дарёси ирмоғидан кечиб ўтиб, икки кундан сўнг Багачат манзилига келиб қўнди. Сўнгра тегишли равишда Дукчон, Мансулмас, Чилдоп, Сан Дурали ва ниҳоят Янгисувгача бўлган манзилларни қийинчилик билан босиб ўтишди. Аюка одамлари тушунтирган қудуқли манзиллар бўйича юришганига қарамай, ўтлар қовжираб кетганлиги туфайли отлар ва туяларни боқиш кони азобга айланди. Янгисувга етиб келгач Бекович-Черкасский экспедиция аъзоларига бир неча кунлик ҳордиқ эълон қилди. Ўзи экспедиция сафидаги туркий тилни биладиган Михаил Каретовни тинчлик ва дўстлик элчиси сифатида бораётганлигини маълум қилиш учун Хива хони Шерғозихон ҳузурига юборди. Михаил Каретов хон ҳузурига жўнаб кетгач, Бекович-Черкасский бироз ҳордиқ чиқарган экспедицияни яна йўлга бошлаб Шершик қудуғи ва Қорақумобод ариғи орқали Оқкўл ариғи бўйига келди. Князь шу ерда турганида унинг ҳузурига Хива хони Шерғозихон номидан икки киши ва Каретов билан қўшилиб кетганлардан бири келганининг хабарини беришди. Черкасский уларни қабул қилди. Улар хон номидан Бекович-Черкасскийга от, тўн ва турли шоҳона матолардан иборат совға-саломлар топширди. Черкасский ҳам қараб тургани йўқ. Хон элчиларига турфа навозишлар кўрсатиб, уларга дилкаш муносабатда бўлди. Элчилар қайтиб кетиши биланоқ, у Хивага юришини давом эттирди. Пойтахтгача тўрт кунлик масофа қолганда, экспедицияни Хива хонлигининг қўшинлари қарши олди. Кутилганидек, хонлик қўшинлари ҳужумга ўтди. Бекович-Черкасский ўзини йўқотиб қўймади. У рус ҳарбий қисмларини тизимли равишда жойлаштириб, хонлик қўшинлари ҳужумини нафақат қайтарди, балки ўзи ҳам рус қўшинларини ҳужумга чорлади. Уч кун давом этган шиддатли тўқнашувдан сўнг, русларнинг қўли баланд кела бошлади. Хива хонлиги қўшинлари чекинишни афзал кўришди. Князь Михаил Самсонов хонлик қўшинларини таъқиб этишни таклиф этди. Аммо Черкасский шошмасликни афзал кўрди. У Самоновга:
– Ҳарбий ҳаракатларда шошилиш муваффаққият келтирмайди, – деди. Самонов ноилож:
– Ихтиёрингиз князь Черкасский, – деди. – Бу ерда бизни сиз бошлаб келгансиз. Бинобарин, ҳарбий ҳаракатларга ҳам сиз жавоб берасиз. Биз эса сизнинг муваффаққиятингизга озгина бўлса-да, улушимизни қўшолсак, ўзимизни бахтиёр ҳис қилардик.

Черкасский князь Самоновнинг ўзининг муваффаққиятидан ичи қизиётганлигини сезди. Ахир тўғрида, Хива хонлигидаги тиллалар хабарини берган Хўжа Нафасни унга айнан Михаил Самонов таништирганди. У эса Самоновнинг оғзидаги ошини илиб кетди. Энди эса Черкасский Хива хонлиги устидан зафар қозониш арафасида турибди. Бу муваффаққиятдан Самоновнинг ҳасади келаётган бўлса ажаб эмас. Князь Черкасский Самонов билан хайрлашиб, ўз чодирида ёлғиз қоларкан, энди бундан буёғига нима қилиш лозимлиги ҳақида ўйларди. Бугунги тўқнашув кўрсатдики, Черкасский Хива хонлигини бемалол забт эта олади. Хива унинг оёғи остида турибди. Унинг мукаммал қуролланган қўшинига қарши Шерғозихон нима ҳам қила оларди?! Шерғозихоннинг қўлидан ҳеч нарса келмайди. Керак бўлса, Шерғозихоннинг тахтига ўзи ўтиради. У хон унвонини қабул қилади. Мария Хива маликасига айланади. Пётр I га Хива тиллаларидан юбориб турса бас, хонлик тахтини император ундан бошқа кимга ҳам берарди?! Черкасский шундай ўйлар ичра ўтирар экан, бригадир Григорий Волков кириб келди:
– Жаноб Черкасский, оромингизни бузганим учун авф этсинлар, – деди у. – Биз томонга чамамда хивалик элчилар келмоқда. Бу ҳақда сизга биринчи бўлиб хабар беришни лозим топдим.
– Рахмат Григорий,– ддеди князь Черкасский.– Юр, ҳарбий мажлислар ўтказиладиган чодирга борайлик.

Бригадир Волков унинг ортидан эргашди. Хива устидан қозонилган дастлабки муваффаққиятдан сўнг Черкасскийга ҳамма унга хушомад қилаётгандек туюлди. Йўқса, мана бу бригадир Волковга нима керак?! Ўзининг ишини билиб қилиб юравермайдими?! Ҳатто шу ҳам ўзини Черкасскийга яқин олишга уриняптими, бошқаларни қўяверинг. Черкасский ҳарбий мажлислар чодири олдига яқинлашгач, бригадир Григорий Волковга деди:
– Жаноб Волков, барча бошлиқларни ҳарбий мажлислар чодирига тўпланг. Чодир атрофида солдатларни кўпайтиринг.
– Хўп бўлади, князь Черкасский, – деди Волков ҳамда югургилаганча, бошлиқларнинг хос чодирлари томнга кетди.

Зум ўтмай ҳарбий мажлислар чодирида барча ҳарбий бошлиқлар навбатма-навбат кириб кела бошлади. Князь Самонов ва Григорий Волков охирида кириб келди. Ҳамма келгач, Черкасский гап бошлади:
– Сизларга маълумки, – деди у, – биз Хива хонлиги устидан муваффаққият қозониш арафасида турибмиз. Бригадир Григорий Волковнинг айтишича, биз томонга Хива хонлигиддан янги элчилар келаётган эмиш.
– Жаноб князь улар аллақачон келиб бўлиши, – луқма ташлади Григорий Волков. – Ҳозир улар қоровул бўлинмаларининг коменданти ҳузурида. У ерда Михаил Каретов ҳам бор.
– Шундайми, – таъажжубланди князь Черкасский. – Биз ҳаётдан орқага қолибмиз-ку?!

Чодирда дув кулги кўтарилди. Григорий Волков қовун туширганидан бўзараркан:
– Князь Черкасский, авф этадилар, – деди.

Черкасскийнинг кайфияти чоғ бўлгани учун Григорий Волковга ҳеч қиси йўқ дегандек қўл силкиб қўйди. Сўнг қоровул бўлинмалари бошлиғига:
– Комендантингизга одам юборинг, – деди. – Михаил Каретов билан келган элчиларни бу ёққа бошлаб келишсин.

Қоровул бўлинмалари бошлиғиЧеркасскийнинг буйруғини бажо келтириш учун чодирни тарк этди. Черкасский чодирнинг тўрида қўйилган ўз курсисида жойлашиб оларкан Михаил Самоновга:
– Жаноб Самонов, сиз айтганингиздек хиваликларни таъқиб қилмасак ҳам, уларнинг ўзлари энди мағлубиятларини тушуниб етишди, – деди. Сўнг бошқаларга: – Шундаймасми, жаноблар,– деб мурожат қилди.
– Албатта шундай,  – узуқ-юлуқ овозлар эшитилди чодирдан.
– Тўғри айтасиз, – тан олди Самоновнинг ўзи ҳам.

Князь Черкасский ичида ғурур туйди. Шу пайт чодирга қоровул бўлинмалари бошлиғи кириб, чодир ортида Михаил Каретов билан бирга хоннинг элчиси Эшонхўжа ҳамда Шерғозихоннинг лашкарбошилари Қулунбек ва Назархўжалар турганлигини айтади. Черкасский ўзини салкам пошодек тутаркан:
– Айтинг, киришсин, – дедди қоровул бўлинмалари бошлиғига.

Ичкарига қоровул бўлинмалари бошлиғи ортидан аввал новча Михаил Каретов, сўнг чопонлик ва салла ўраган Эшонхўжа кирди. Уларнинг ортидан совут кийган Қулунбек ва Назархўжалар кўринди. Черкасский келган меҳмонларни хушкайфият билан кутиб оларкан:
– Сизларни кўрганимдан бағоят хурсандман, – деди. – Бу чодир гарчи хонингиз Шерғозихоннинг саройи олдида одми ва жўн бир каталакдек кўринса ҳам, сизларни бу ерда кутиб олганимиздан хафа бўлмайсиз деган умиддамиз.
– Асло жаноб Бекович-Черкасский, – деди соқолларига оқ оралай бошлаган Эшонхўжа. – Биз сизнинг ҳолатингизни тўғри тушунамиз. Аслида сиз меҳмонларга хуш келадиган жойни биз ҳозирлаб беришимиз лозим эди. Аммо орада бу тахлит совуқчилик тушгани бизга халал берди.

Элчининг сўзамоллигидан ҳайрон бўлган Черкасский уларни ўтиришга таклиф қиларкан, хоннинг лашкарбошилари Қулунбек ва Назархўжалар билан ҳам яхшироқ танишиб олди. Шерғозихон ҳузурида бўлиб қайтиб келган Михаил Каретов ҳам Черкасскийга хиваликлар ҳақида илиқ фикрлар билдирди. Князь Михаил Самонов, бригадир Григорий Волков ва бошқалар ҳам хивалик аъёнлар билан илиқ муносабатда бўлишди. Айниқса Эшонхўжанинг муомиласи ва ўзини тутиши Черкасский ва бошқа рус зодогонларига айрича таъассурот қолдирди. Эшонхўжа князь Черкасскийга:
– Марҳаматли князь, – деди. – Мен хонимизнинг сизга ва экспедициянгизга етказиб қўйишим лозим бўлган бир гапни айтишни истардим.
– Хўш, қанақа гап экан? – қошлари чимирилди Черкасскийнинг.
– Хонимиз Шерғозихон орада бўлиб ўтган кўнгилсизликларни унутган ҳолда сулҳга келишимизни истайди.
– Яхши,– деди Черкасский. – Бу сулҳнинг шартлари сизнингча қанақа экан?..
– Оддий, – деди Эшонхўжа ўзини дадил тутиб. – Яъни, бундан буёғига бир-биримизга ҳужум қилмасликка келишиб олсак. Шунинг учун биз хонимизнинг лашкарбошиларини ҳам ҳузурингизга олиб келдик.
– Жаноб Қулунбек, – деди кутилмаганда Черкасский. – Сиз жаноб Эшонхўжанинг фикрларига нима дейсиз?..
– Биз Назархўжа икаламиз ростдан ҳам шундай сулҳга эришиш учун бу ерга келганмиз.
– Шундай, – Назархўжа ҳам Қулунбекнинг сўзларини тасдиқлади.– Бизнинг мақсадимиз фақат шу. Шерғозихон ҳазратлари ҳам тинчлик ва дўстлик сулҳига эришишни жуда-жуда истамоқда.
– Буни биз ҳам истаймиз, – деди кутилмаганда  Бекович-Черкасский.
– Жаноб князь, – деди бундан норози бўлган Михаил Самонов.
– Князь Самонов,  сўзимни бўлманг, – эътироз билдири Бекович-Черкасский.
– Аммо, – оғиз жуфтлади яна Самонов.
– Қарорни мен қабул қиламан, сиз эмас, – чўрт кесди – Менинг ҳам бирдан-бир ниятим Хива хонлиги билан тинчлик ва дўстлик алоқаларини ўрнатиш.
– Сиз жаноби олийларининг бу сўзларидан бошимиз осмонга етди, – кўнглидагини яшириб ўтирмади Қулунбек.

Элчи Эшонхўжа ва лашкарбоши Назархўжалар ҳам Бекович-Черкасскийнинг қароридан хурсанд эканликларини изҳор этишди. Шерғозихон ҳузурида бўлиб қайтган Михаил Каретов ҳам бундай битимга келинганлигини хушкайфият билан қарши олди. Аммо Черкасскийнинг бу фикрларига қўшилмаганлар ҳам талайгина эди. Князь Михаил Самонов ва бошқа кўплаб қўшин командирлари ва айрим навигаторларнинг қовоғидан қор ёғаётганлигидан ҳам буни пайқаб олиш мумкин эди. Бироқ Черкасскийдек узоқни кўзлаган киши учун уларнинг бундай ҳатти-ҳаракатлари жаҳлга берилиб ақли кетган кишиларнинг қилиғини эслатарди. Ҳарбий дипломатияни тушунмайдиган бундай бошлиқларни ўзига қолса шу бугуноқ экспедиция таркибидан ҳайдаб юборарди. Аммо уларнинг кўплари шахсан императорга яқин одамлар, подшонинг ишончли ва хуфия мулозимлари. Шу боисдан ҳам улар билан келишиш лозим. Бироқ Шерғозихоннинг одамлари кўз ўнгида бундай қилиш ҳам бир қарашда ярамайди. Майли, улар тинчлик ва дўстлик сулҳи тузишганига ишонишсин. Хиваликларнинг ҳарбий ва руҳий тайёргарлиги бироз бўлса ҳам сусайсин. Ана ўшанда Хивани Черкасский янада осонроқ қўлга киритади. Ахир деярли қон тўкмай бутун бир хонликни эгаллаш ҳар қандай фотиҳнинг ҳам қўлидан келавермайди. Князь Черкасский мана нималарни ўйламоқда эди. У мана шунинг учун ҳам хоннинг элчиси Эшонхўжа ва лашкарбошилари Қулунбек ва Назархўжаларнинг тинчлик ва дўстлик сулҳига эришиш ҳақидаги таклифига лаббай деб жавоб берганди…

Элчилар билан ҳарбий мажлислар чодирида бўлган суҳбатдан сўнг Бекович-Черкасский Шерғозихон томонидан келган кишилар шарафига базм уюштирди. Меҳмонларни дудлама балиқ ва рус ароғи билан хушнуд этди. Ҳамманинг кайфияти чоғ, вақти мазмунли ўтаётганди. Князь Черкасский ҳам ўзига йўқ хурсанд эди. Шу пайт қоровул бўлинмалари бошлиғи унинг олдига келиб:
– Жаноб Черкасский, қайнотаниз князь Голициннинг чопари сиз билан зудлик билан учрашмоқчи, – деди.– Биз, ҳозир жаноб князь банд деганимизга қарамай, у учраштиринглар деб қистамоқда.
– Яхши, – деди Черкасский кўнгли алланималарни сезиб. – У билан ҳозироқ учрашаман.

Черкасский давра аҳлидан узр сўраб, қоровул бўлинмалари бошлиғини ортидан меҳмонхона учун ажратилган чодирдан ташқарига чиқди. Қоровул бўлинмалари бошлиғи соқчилардан бирига:
– Князь Голицин номидан келган чопарни буёққа бошлаб келинг, – деди. Аммо Черкасскийнинг ўз чодири томон қайрилиб кетаётганлигини кўриб деди: – Жаноб, уни чодирингизга юбораман.

Черкасский қоровул бўлинмалари бошлиғига бош ирғаб қўйди. Бирпасдан сўнг соқчилардан бири кириб Черкасскийга:
– У келди, – деди.
– Айтинг кирсин, – деди Черкасский.

Соқчи ташқарига чиққач, ичкарига князь Голициннинг чопари кирди. У Бекович-Черкасский билан ҳарбийчасига саломлашаркан:
– Жаноб, мен князь Голициннинг топшириғига кўра ҳузурингизга келгандим, – деб гап бошлади.
– Хабарим бор. Нима гап ўзи?– хавотирланиб унга қаради Черкасский.

 – Жаноб, минг афсуски, сизга машъум хабар келтирдим, – деди князь Голициннинг чопари. – Рафиқангиз Мария ва қизингиз Волга дарёсига чўкиб кетди…

Черкасский ялт этиб чопарнинг кўзларига қаради. Унинг бу қарашида аччиқ ҳақиқатни ҳазм қилаётган инсоннинг мунгли ва назаркарда кўзлари зуҳур этарди. У шу куйи бир муддат меровланиб тураркан, ғамгин товуш билан аста сўради:
– Улар ўлдими?..
– Афсуски, ҳа жаноб, – бош силкиди чопар.– Князь Голицин сизни бу фожеадан хабарор бўлишингизни истаб мени юборди.

Черкасский бурқситиб тамаки чекаркан, чопарга нима дейишни ҳам билмасди. Унинг кўзларидан ўзи ҳам сезмаган ҳолда ғилтиллаб ёш оқарди. Чопар Черкасскийнинг ҳолатини дарҳол пайқади.
– Жаноб, рухсатингиз билан сизни ёлғиз қолдираман, – деди.

Бекович-Черкасский чурқ этиб оғиз очмади. Чопар уни чодирда ёлғиз қолдириб ташқарига чиқди. Ичкарида эса Черкасскийнинг ҳўнграб йиғлагани эшитиларди…

V

ХотиниМариявақизинивафотиниэшитганкнязьБекович-Черкасскийўшакуникечгақадарҳечкимниқабулқилмади. Жонданортиқкўрганаёливақизиданайрилганикнязнингкўнглигасиғмас, утинимсизтамакичекарваюрагинингтуб-тублариданазобланарди.Уучунэндидунёбўм-бўшбўлибқолган, анашубўшлиққўйнидакаттаорзулариниюрагидадафнқилганЧеркасскийармоникезибюрарди. Учодиридашундайёлғизликбодасинингаччиқталхинисимираркан, қоровулбўлинмаларибошлиғиунингҳузуригаШерғозихоннингэлчисиЭшонхўжакирмоқчиэканлигиниайтди.
– Элчижанобларибилангаплашаолармиканман? – саволомузқоровулбўлинмаларибошлиғигақарадиЧеркасский. Аммо ундан ҳеч гап ололмаслигини билгач деди: – Майли, элчини киритинг.

Ичкарига соқолларига оқ оралаган, юзлари жануб офтобидан қорайган ўша саллали чол Эшонхўжа кирди.
– Авф этадилар жаноб Черкасский, – деди у кирган заҳоти. – Қизингиз ва заифангизнинг мунглиғ кечмишини эшитдим. Сизга тангридан сабр тилайман.
– Рахмат, – деди Черкасский Эшонхўжага миннатдорона қараб қўяркан. – Тақдиримда бор экан, нима ҳам қилардим.
– Биз қайтиш учун сиздан рухсат олмоқчи эдик. Саркардаларимиз Қулунбек ва Назархўжалар ҳам сизга ўз таъзияларини билдириб юбордилар. Энди биз қайтсак. Шерғозихон ҳазратларини маҳтал қилмайлик. Сизни ҳам шундай оғир дамда безовта қилишни истамасдик.
– Ҳаммаси учун сизга рахмат элчи жаноблари, – Черкасский оғир сўлиш олди. – Шерғозихон ҳазратларига менинг номимдан катта саломлар йўлланг. Биз сизлар билан тинчлик ва дўстлик сулҳига албатта эришгаймиз. Хон ҳазратларига бу сўзларимни етказинг.
– Хўп бўлади жаноб Черкасский, – қуллуқ қилиб бош эгди Хива элчиси. – Сизнинг эзгу истакларингизни хонимизга албатта етказаман. Дарвоқе, сизга хонимизнинг яна бир илтимосини етказмоқчиман.
– Қанақа илтимос? – ҳайрон бўлиб Эшонхўжага қаради Черкасский. Сўнг шарқона лутф билан деди: – Хон ҳазратлари биз фақирдан қандай илтимос қилмиш?..
– Шерғозихон ҳазратлари сизни ўз саройига меҳмонга таклиф этадилар ҳамда, сиз ва одамларингизга меҳмоннавозлик рўйини кўргузишни ўзларининг олий мақсади деб билмоқдалар.
– Ростдан айтаяпсизми? – Черкасский кўз қирини Эшонхўжага қаратди.
– Албатта жаноб, – деди Эшонхўжа. – Кўпчиликнинг ичида кўришганимизда бунинг мавриди бўлмаганди. Аммо кетиш олдидан хонимизнинг бу таклифини сизга етказиб қўяй дегандим. Хонимизнинг илтимосини ерда қолдирмайсиз деган умиддаман.
– Хотирингиз жам бўлсин Эшонхўжа жаноблари, – элчига тик боқди Черкасский. – Шерғозихон ҳазратлари бизни меҳмоннавозлик билан сийламоқчи экан, биз албатта яқин кунларда саройга ташриф буюрамиз.
– Жаноб Черкасский, – деди элчи. – Энди бизга рухсат берсангиз.
– Майли, сизларга рухсат. Қулунбек ва Назархўжаларга ҳам менинг миннаторлик туйғуларимни етказинг. Афсус, ҳозирги ҳолатимда сизларни кузатишга чиқолмайман. Экспедициядагилар мени бундай абгордийда кўришларини истамайман. Хонингизга менинг номиман қуюқ саломларингизни етказинг.

Эшонхўжа Черкасский билан хайрлашиб ташқарига чиқди. Князь Бекович-Черкасский қоровул бўлинмалари бошлиғини чақиртириб Хива элчиларини иззат-икром билан кузатиб қўйишни буюрди. Чодирда ёлғиз қоларкан, хотини Мария ва қизи яна ёдига тушди. Энди Марияни бошқа кўрмаслигини ўйларкан, юраги баттар кони талх бўларди. Тўғри у Мариягача ҳам кўп аёлларни кўрган аммо уларнинг ҳеч қайсисини хотини билан тенг қўя олмасди. Кўз ўнгидан ёшлигининг ҳамроҳи кўзларнинг ёндирувчи черкас қизлари ўтди. У пайтлар Искандарбек бўлган Александр Бекович-Черкасский ҳар кеча битта черкас қизнинг оғушини гуллатарди. Қандай бебошлик даврлар эди-я у пайтлар. Ҳаммаси қандай тез ўтди-кетди. Кейин бу шуҳратпараст йигитча Петербургга келди. Бадавлат ўзига тўқ бу йигит сарой ҳаётига суқилиб кириш учун император аъёнларининг қизларини кўнглини овлай бошлади. Ва бир куни баҳаққи кушод унинг тўрига князь Голициннинг қизи Мария илинди. Узун бўйли, оқбадан, малласоч жонон Искандарбекнинг юрагини шундай ўртаб юбордики, буни сўзлар билан таърифлаб бўлмасди. Йўқ, бу шунчаки хомтала муҳаббат эмас эди. Бу черкас қизларининг оғушини ёндирган йигитнинг росмана муҳаббати эди. Сирасини айтганда, Марияга етишганидан сўнг ҳам унга хиёнат қилишига тўғри келган. Аммо бу Мариянинг ҳомиладорлик вақтларида, шунчаки, рус ойимчаларининг таъзирини бериб қўйиш учун йўл-йўлакай қилинган ҳою-ҳаваслар эди. Бироқ тан олиш керакки, уларнинг ҳеч қайсиси Мариянинг ўгай тукига ҳам арзимасди. О, Европада ҳарбий билимини ошириш учун борганида ҳам Марияни унутишига қанча маротаба тўғри келган. Бир гал биратўла иккита қорамағиз голланд қизларини ҳақини беришга тўғри келганди. Балиқдай шалоплайвериб жуда ҳоли-жонига қўймаганди қизи тушмагурлар. Француз ойимчалари ҳам унга қандай бахтиёр лаҳзаларни ҳадя этганди. Аммо барибир Мария бошқача эди. Барча полянкалар, немкалар, италянкалар борингки у кўрган бошқа аёллар ичида унга тенг келадиганини Черкасский эслолмайди. Балки хивалик гўзаллар ичида шунақаси бордир. Шерғозихон саройида гўзал ойимчалар қанча экан-а?.. Қанча канизаклару маликалари бор экан бу Шерғозихоннинг, ким билсин?.. О, мен нималарни ўйлаяпман-а?.. Менинг хотиним ва қизим вафот этди. Менинг бузуқ кўнглимга шайтон оралаганини қаранг-а?.. Қандай виждонсизлик?.. Мени ўзи Худо ургани шу бўлса керак. Ўз динимдан чиқиб насронийликни қабул қилдим. Бу Худога хуш ёқмаган кўринади. Шунинг учун ҳам у мени жазолади. Хотиним Мария ва қизимни мендан олиб қўйди. Мен чўқинтирилган бадбахт ўзим беимон бўлганим етмагандай, энди насронийларнинг югурдаги бўлиб, мусулмонларнинг давлати ва жонига қасд қилиб экспедиция ниқоби остида менинг туркий биродарларим устига қўшин тортиб келибман. О, туркийлар – вақтида бирлашолмаган ҳалқлар. Қўш каллали калхат Россия бизни биттама-битта еб келмоқда. Қабардинлар, ингушлар, ёқутлар, чечинлар, татлар, лезгинлар, татарлар, энди эса Ўрта Осиёликлар ҳамма-ҳаммамизни бу қўшбошли бургут бир кун еб қўяди. Черкасский боши-кети йўқ хаёллар ичида адашар, қандай қилиш, нима қилиш кераклигини ҳеч ҳам тагига етолмасди…

VI

Тонгнинг нурафшон ёғдулари она заминга дурахшон нурларини тўкаётган муаззин кунда Александр Бекович-Черкасский бутун қўшини билан Хива хонлиги томон йўлга тушди. Чегарага яқин жойда уларни хоннинг таниш саркардалари Қулунбек ва Назархўжалар бошчилигидаги бир гуруҳ хивалик аъёнлар кутиб олди. Аъёнлар Черкасскийнинг асъаса ва дабдаба билан шаҳар томонга бошлаб боришди. Хонликнинг бош шаҳри Хивага етишиш жойида шахсан Шерғозихоннинг ўзи Бекович-Черкасскийни кутиб олди. Оқ тулпор минган, келишган, кенг яғринли, ёши бироз ўтинқираганига қарамай анча дадил кўринадиган хоннинг ўзи Бекович-Черкасскийни отдан тушган куйи қарши олди. Черкасский ҳам хоннинг ҳурматига яраша мулозамат қилиб навозишлар кўрсатди. Рус аслзодалари ҳам хивалик аъёнлар билан ўзаро саломлашувдан сўнг Шерғозихон Черкасскийга деди:
– Узрхоҳлигимизни қабул этинг, жаноб Черкасский, ўзаро тушунмовчилик сабаб, сизларни меҳмондек кутиб ололмадик.
– Ҳеч қиси йўқ, хон ҳазратлари, сиздек улуғ зотнинг мен каби бир мусофир ва унинг одамларига бундай шоҳона илтифотингиз ҳеч бир таърифга сиғмас.
– Қани, Хивага марҳабо! – навозиш кўрсатди хон.
– Қуллуқ, хон ҳазратлари, – қўлини кўксига қўйиб хон билан бирга йўл юра бошлади Черкасский.
– Дарвоқе, хон ҳазратлари, – аъёнлар орасидан ажралиб чиққан Қулунбек Шерғозихон ва Черкасский томон яқинлашди.– Мени маъзур тутинг, бир истиҳола гапни шу ерда айтишни лозим топдим.
– Хўш, не гап экан? – ҳайрон бўлиб унга қаради хон. Черкасский ва унинг экспедициясидагилар ҳам Қулунбекнинг оғзига қарашди.
– Хон ҳазратлари, бир қошиқ қонимдан кечсангиз, Черкасский жанобларини олдида бироз уялиб қолмасак деб қўрқаман.
– Нима учун саркарда? – хон Қулунбекни сўроққа тутди.
– Авф этадилар хон ҳазратлари, бизнинг саройимиз, яъни, сиз жаноби олийларининг саройи бунча меҳмон борса, торлик қилиб қолади. Черкасский жаноблари олдида уятга қолмайлик.

Шерғозихон илжайди. Сўнг Бекович-Черкасскийга изоҳ берди:
– Саркардамиз Қулунбек, жуда хушёр одам-да, биз эътибор қилмаган нарсаларга бу кишининг эътибор қилганини қаранг. Биз буни ўйламаган эканмиз.

 – Нимани назарда тутаяпсиз, хон ҳазратлари? – сўради Черкасский.
– Гап шундаки жаноб Черкасский, – жавоб берди Шерғозихон. – Хивада Петербургдаги каби катта меҳмонхоналар йўқ. Сарой ҳам бунча меҳмонни ўз бағрига сиғдира олмайди. Саркарда Қулунбек шундан хавотирга тушмоқда.
– Шундай, жаноб Черкасский, – хоннинг фикрларини қўллаб-қувватлади Қулунбек.
– Нима дейишга ҳам ҳайронман, – хавотирланиб хон ва Қулунбекка қаради Черкасский.
– Аммо бу муаммони биз албатта ҳал қиламиз.
– Қандай қилиб ахир хон ҳазратлари, – Черкасскийнинг дилидагини айтди Қулунбек.
– Черкасский жаноблари қарши бўлмасалар, менинг бир таклифим бор, – деди хон.
– Қандай таклиф, хон ҳазратлари? – сўради Черкасский.
– Биз ўз имкониятларимиздан келиб чиқиб, сизнинг экспедициянгизни олти гуруҳга ажратсак. Сиз бошчилигингиздаги биринчи гуруҳ бизнинг хонлик саройимизга ташриф буюради. Қолган бешта гуруҳ эса, Хиванинг энг ҳашаматли бешта меҳмонхонасидан ўрин эгаллайди. Рус подшоси Пётр I номидан Хивага юборилган экспеициянинг ҳар бир аъзосига шоҳона илтифот кўрсатилади. Токи улар бизнинг давлатимиз ҳудудида экан улар менинг сояйи давлатим паноҳида бўлгай.
– Ҳимматингиз бениҳоя кенг, ҳазрати олийлари, – хонга қуллуқ қилди Черкасский. – Таклифингиз чин юракдан бўлса, сиз жаноби олийларини ноқулай аҳволга солмаслик учун биз буни ташаккурона қабул қилгаймиз.
– Саркарда Қулунбек, – деди хон намойишкорона.
– Қулоғим сизда ҳазрати олийлари, – қўл қовуштирди Қулунбек.
– Сиз саркарда Назархўжа билан биргаликда, меҳмонларни жойлаштириш ишларига бош-қош бўлинг. Мен сарой аъёнлари билан биргаликда жаноб Черкасскийни саройга бошлаб борамиз.

Хоннинг шу таклифидан сўнг, Черкасский экспедицияси олти гуруҳга бўлинди. Биринчи гуруҳда Черкасский билан биргаликда бўлган унинг тан соқчилари, Михаил Самонов, Михаил Каретов, Григорий Волков, қоровул бўлинмалари бошлиғи ва комендантлар ва яна бир қатор таниқли кишилар бор эди. Қолган гуруҳларда эса навигаторлар, ирригаторлар, геологлар, географлар, ижтимоий антропология мутахассислари ва бошқалар жой олганди. Гуруҳлар олтита тарафга бўлингач, бир-бирларидан батамом узоқлашиб кетишди. Йўқ, Хива меҳмонхоналари бир-биридан кўп ҳам узоқ мавзеда жойлашмаган эди. Аксинча, бу Шерғозихоннинг аввалдан ўйлаб қўйилган айёрона сиёсатининг натижаси эди. Буни Черкасский қолган гуруҳлар узоқлашиб кетганидан сўнг, хоннинг лутфи ўзгариб қолганлигидан сезди. Аммо энди кеч бўлганди.
– Бекович-Черкасский, – деди хон. – Менинг хуфияларим сен ҳақингдаги барча маълумотларни менга етказишган. Кимсан, қандай қилиб Бекович-Черкасскийга айлангансан, ҳаммаси менга маълум.
– Хон ҳазратлари, бундай такаллуфсизлигингизни боиси нима? – сўрадди Черкасский.
– Боиси шуки, – деди хон. – Сен бизнинг юртимизни тасарруф этишга келгансан. Демакки, сен бизнинг ғанимимизсан. Ғанимга эса ҳеч қачон такаллуф қилинмайди.
– Сўзларингизни тушунолмадим, хон ҳазратлари, – Черкасский қўлини қинидаги қиличга юборди.
– Қимирлама Черкасский, – унинг ортидан қилич тирғади кимдир. У ёнига секин ўгрилиб, хоннинг элчиси Эшонхўжани кўрди.
– Аскарлар, – деди хон. – Бу бетавфиқларнинг барчасини ўлдиринг!

Бир зумда атрофни пилтали милтиқларнинг қасар-қусур товуши-ю, қиличларнинг жаранги тутиб кетди. Хоннинг тан соқчилари Шерғозихоннинг атрофини зич ўраб олишди. Бир муддатлик жангу-жадалдан сўнг, экспедиция аъзоларидан Черкасский, Михаил Самоновдан бошқа барчанинг майити завол тўшагига бош қўйганлигини кўриш мумкин эди. Черкасский ва Михаил Самонов Шерғозихонинг буйруғига кўра, саройга олиб кетилди. Уларнинг қўл-оёқларига ғул солиб зиндонга ташлашди…

Эртаси куни Шерғозихон саройда кенгаш ўтказаркан, асирларнинг тақдирини ҳал қилиш учун уларни ҳузурига келтиришни буюрди. Сарой соқчилари асирларни хон ўтирган олий машваратга олиб киришди.
– Черкасский жаноблари, бурунги Искандарбек, – қаҳ-қаҳ отиб уни қарши олди хон.
– Мен рус императори Пётр I нинг ишонган одамлариданман, мен билан бу оҳангда гаплашманг, хон, – Черкасскийнинг ичини оташ ёндирди.
– Овозингни ўчир муртад, – деди саркарда Назархўжа. – Сенинг хонимизга пўписа қилишга ҳаққинг қолмаган.
– Бу русларнинг малайи туркийларнинг номини топтади, – деди Қулунбек.
– Ҳа, у шундай қилган. Ўзи ҳам туркий бўла туриб, туркий халқлар устига славянларни бошлаб келди, – деди кутилмаганда асирларнинг бошқаси Михаил Самонов. – Агар мени озод қилсангиз, сизларга Пётр I нинг уни Хивага нима учун юборганлигини айтиб бераман.
– Ҳожати йўқ, – деди хон. – Сен форснинг гуноҳинг қандай бўлса, уники ҳам шундай. Бизга русларнинг, жумладан, Пётр I нинг ҳам асл мақсади аён. Мен Шерғозихон, сўзни чўзиб ўтирмайман. Жаллод, бу муртадларни ҳар икаласини ҳам қатлга элтинг ва ўлдиринг. Ўз эли ва ватанини сотганларнинг бошқа жазоси йўқ…

Черкасский ва Михаил Самонов дод солганча, Шерғозихондан авф сўрашди. Бироқ хон ўз қароридан кечмади. Жаллод аввал Михаил Самоновнинг калласини ойболта билан шартиллатиб чопиб ташлади. Бекович-Черкасский тақдирга тан берди ва бошини жаллод кундасига қўйди. Унинг кўз ўнгида Волга дарёсида чўмилаётган қизи ва хотини Мария кўринди. Улар Волганинг тиниқ шоввадек сувлари остидан уни қўл чўзганча чорлашётганди. Черкасский ойболтанинг шарқ этган товушини эшитди. Кўзларини юмаркан, энди бошқа ҳеч нарсани сезмади…


  1. Пётр I нинг Бекович-Черкасскийга йўриқномасининг асл варианти Россия Федерацияси Марказий Давлат ҳарбий-тарихий архивида сақланмоқда. ВУА-жамғармаси, 35-иш, 57-варақ.
  2. Қалмоқлар хони Аюканинг мазкур мактуби Москвадаги Қадим Актлар Давлат Марказий Архивида турибди. ЦГАДА, «Бухарские дела», кн.I, ч. II, 215-216-бетлар.