OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШодиёр Ҳазрат Исмат
Асар номиКўздаги акс (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шодиёр Ҳазрат Исмат
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм15KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/07/10
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Кўздаги акс (ҳикоя)
Шодиёр Ҳазрат Исмат

Ҳар бир оилада ўзлари амал қиладиган тартиб,йўл-йўриқлар бор. Бу одатни ким ўрнатган экан? Лекин кўпда бу нарсалар улар учун худди ота-боболари васият қилгандай гап. Масалан, қишлоқдаги Узоқ чўпоннинг уйида ўроқни оғилхонадан, майда –чуйда асбобларни томдан олиш ёки супургисини излаш учун тандирхонага бориш керак. Унинг рўзғори мана шундай бадастирликка ўрганган. Узоқнинг отаси ҳам уйида шундай тартиб ўрнатган эди.

Узоқ чўпон табиатан камсуқимроқ ва вазмин одам. Бировнинг гапи, сўзи билан иши йўқ. Сирини кишига айтмас, ўзи ҳам кишининг сирига қизиқмасди. Эсини танибдики, сурувнинг ортидан отини миниб, изғирину саратонни писанд этмасдан юради.

Ёши элликдан ошса ҳамки, ҳали кўрпа-тўшак қилиб ётган эмас.Чўлнинг у билмаган ери йўқ. Қаерда ўт, гулхайри, янтоқ, ажриқ, туяқорин мўл бўлишини яхши билади. Бироқ ўсимликнинг сирини билиш, бу дунёни билиш эмас-ку! У чўпон кўнгли билан дунёни ҳам ўзига яраша ўйлайди...

Танасининг бўшашганини ҳам англаб қолади. Бош фарзандлари қиз эди. Уйли-жойли қилди. Қудалари билан ҳам ўзига яраша борди-келди қилади. Неваралари бор. Улар келади, бобо дейди, эркалик қилиб, соқолидан тортқилайди. Ўзи ҳам улар билан ўйнаб кетади. Айни манзаралар тамом бўлгач, болаликдан боболикка қайтади. Сўнгсиз хаёлларга ғарқ бўлиб, ўтмишини бир карра эслаб кўради. Отасини, бобосини, онасини, болаларини ва невараларини кўз ўнгига келтириб кўрди. Ўзи эса ўртада ҳаммасига гувоҳ... Эрта бир кун ўзининг ҳам қазоси етса, ўғлининг ҳам ўзи каби шундай аҳволда хаёл сураётганини ўйлаб қолди. Ўйлади-ю, сергакланди. Ожизлигидан куйинди. Ваҳимадан қутилиш, аниқроғи кўнгилдаги гапларини кампирига айтгиси келди. Ўрнидан туриб, унинг олдига келди. Кампири бемалол ва бепарво кўрпа қавиб ўтирарди. Шу заҳоти неваралари уйга бостириб кирди.

Отига миниб чўлга кетди. Йўл ўткинчиларга саломини бериб, алигини олиб, Қизилтошга етди. Ўғли – Обрўй чопонини соябон қилганича узала тушиб ётибди. Отасининг яқинлашгани замон ўрнидан туриб, отдан туширди. Сўнг эгардан хуржунни олиб, отасининг ортидан эргашди. Ота паришонхотир. Авзойи бошқача. У отасига ботиниб қарай олмасди. Аммо бу сафар қаради. Тикилиброқ, худди ҳозир ва биринчи марта кўриб тургандек қаради. Узоқларга тикилган кўзларининг ёнидаги ажинларни, уларга туташган манглайига назар солди. Ажин. Худди қари толнинг пўстлоғидек бўртиб-бўртиб чиққан. Соч-соқолига ҳам оқ оралаган. Елкаси эса букилмаган – адл.

Шу маҳал ит бошини эгиб, салом бергандек хўжасининг олдига келиб ётди. Ўғил хуржундан нон олиб, итга ташлади. Бола яна отасига қаради. Отасининг кўзлари ботаётган уфққа қадалган. Узоқ бу манзаларни ёш боладек жуда мириқиб, бутун борлиғи билан томоша қилаётган эди. У кундуз билан хайрлашаётганди. Узоқнинг боласи билан суҳбат қуришга майли йўқ эди. Хаёлида кечаётга фикрларини унга айтиб, дардлашгиси келди. Лекин кўнгли бунга изн бермади. Негадир ҳадиксиради. «Ёш бола. Кўнглига ҳар хил гаплар келиши мумкин. Кейинроқ, вақтнинг ўтиши билан аста-секин ўзи ҳам тушунар, ҳозир унинг хаёли қаерларда...»

Ўғил ҳам отасининг хаёлларини бузгиси келмади. Отасининг нималар ҳақида ўйлаётганини ўзича чамалайди: сурувни қишдан беталофат опчиқиш, токларни кўмиш, молларга ем тайёрлаш ва ўғли Обрўйни уйлантириш...

Тун. Чўлнинг жимжит туни. Майин шамол чўпоннинг соқолларини силаб, қулоғига неларнидир шивирлагандек бўлади.

У шамолнинг не деяётганини тушунмаса-да, ўз-ўзидан хурсанд. Узоқ бундай тунни анча вақтлардан бери кутиб келаётганди. Мана ўша кунга етди ҳам. Лекин бу туннинг бошқа тунлардан фарқи йўқ эди. Осмон қора. Эндигина чиқа бошлаган ой элас-элас нур таратмоқда. От. Ит. Сурувдаги қўйларнинг кавш қайтариши-ю эриниб марашлари ҳамма-ҳаммаси бир хил эди. Кўнгли ҳали олдинда яхши кунлар унга мунтазиру муштоқ бўлиб турганини сезаётганди. У кўзини тун қаърига қадаб тикилди. Унда саноқсиз юлдузлар ва осмонни тенг иккига бўлиб турган сомон йўли тепадан турганича чўпонни кузатаётгандек туюлди. Булар менга ўхшаган қанчадан-қанча одамларни кузатмаган, деб ўйлади. Чўпон юлдузлар туркумидан фақат айиқ, етти оғайни, чўмич ва тонг юлдузини билар эди. Уларни ҳозир ҳам излаб топди.

Узоқ чуқур хўрсинди. У иримчи эмасу лекин ҳозиргина кўз ўнгида бир юлдузнинг сузиб, бора-бора йўқолганини кўрди-ю кайфияти бузилди. Мана шу юлдуздек кимнингдир умри ҳам сўнди, деб ўйлади. Сал фурсатни ўтказиб, яна кўзларини осмонга қадади. Энди у бир-бири билан ёнма-ён турган юлдузларни излай бошлади. Ана топди ҳам. Топганини дарҳол ўзини қилиб олди: кампири ва ўзи. Нурлари ҳам ёмон эмас. Яна бошқасини топди: уни ҳам хаёли тоблаган кишисига бериб бўлди. Энди у чўмичнинг олдида ёлғиз турган юлдузни кўрди. Буни эса ўғлига атамоқчи бўлди. Жуфти йўқ. Адашибди, пастроқда бошқа бири ёлғиз экан. Худди уялиб тургандек, уни келин ҳисоблади. Келин аслида ҳам қайнотадан ийманиброқ туради. Иккови ҳам ёлғиз, ҳали ўғлини уйлантиргунича булар ҳам ёнма-ён бўлиб қолар...

Шунда отнинг безовта кишнаши хаёлини бўлиб юборди. Қарадики, ҳеч жондор йўқ, фақат унинг еми берилмаган. Емхалтани олиб, отнинг бошига илиб қўйди. Ўрнига яна қайта ёта туриб, хаёлини бошқатдан тикламоқчи бўлди. «Қизиқ, нега отларнинг ёки бошқа жониворларнинг осмонда ўз юлдузлари йўқ. « Шунда Узоқнинг хаёли ва топган фикри ўзига маъқул тушди. Жониворларга ичи ачиди. Уларга раҳми келди.

«Дунёда одамзотнинг раҳми келмайдиган нарса бормикин? Агар бор бўлса у нима? Наҳотки, ҳайвон зоти умрида рўшнолик кўрмай ўтса? Агарда улар ўзаро гаплашганида нималарни айтар экан? Одамзот билан гаплашмаса ҳам кўзлари борку? Масалан, мен итим билан отитмнинг кўзларига қараб туриб, уларнинг кўнглидагини илғагандек бўламан...»

У отини яхши кўрарди. Шу тобда раҳматли аммасидан эшитган бир чўпчакни эслади. Эмишки, от айри туёқ бўлмаса-да, гўшти ҳалол экан. Яна бир гап юрардики, қайсики жонивор кавш қайтармас экан, унинг гўшти макруҳ ҳисобланади. Лекин от жониворнинг тўёғи айри бўлмаса-да, йилда бир марта кавш қайтарар эмиш. Аммасининг айтганлари худди мана шу отнинг кавш қайтариш воқеаси билан боғлиқ эди. От оғзидан ўт сочиб кавш қайтарар эмиш. Буни кўрган кишининг юраги ёрилмаса ҳам берироқ бўлиб, ёқасига туфлаб қўяр экан. Уни кўрганда қўрқмаса бой, қўрқса қазоси етар экан. Яна шуниси ҳам борки, отнинг кавш қайтариб турганини кўрган одам уни ҳеч кимга айтмаслиги керак экан.

Лекин чўпон умри бино бўлиб, от миниб юриб, бундай воқеага гувоҳ бўлган эмас. Узоқ отнинг гўштидан бир марта еган. Қаттиқ бўларкан.

Ажаб, кўнгилдаги гапларга ҳам фаришталар омин дер экан. Узоқнинг от гўштини эслагани хайрли бўлмади.

Ўғли елкасида сочиқ, офтобани тутганича Тошмирза қассобнинг

қўлига сув қўйяпти.
-Ҳа, тинчликми, болам, - деди шошилиброқ.
-Отга бир бало бўлибди, инграб ётаверганидан кейин энам ҳалоллаб олгин девди, шунга... – дейди ўғли чайналиброқ.

Узоқ қассоб билан салом-аликдан сўнг, отнинг сўйилишига важ бўладиган нарсани сўради. Тошмирза қассоб ҳам ичагидан ёмон нарса чиқмади, бир бўлса, отингизга кўз теккан ёки товуқнинг закаридан еган чиқар, деди.

Узоқ қассобни кузатиб, тўғри отхонага кирди. Кириши биланоқ димоғига гўнгнинг ҳиди урилди. Катта охур. Бурчакдаги деворда унинг эгар-жабдуқлари. Сувлиқлари билан нўхтаси ҳар доимгидек қозиқда осиғлик турибди. Емхалта эса охурнинг ёнида ётибди. Чўпон қадрдон отини эслаб, оғир хўрсинди. Кўнгли безовта бўлди.

Кампири ўчоқнинг бошида куймаланиб юрибди. Ўғли эса қозон тагига шох-шабба ташлаб оловга зўр бермоқда. Қозонда эса кеча кишнаб юрган жониворнинг гўшти қалқиб турибди. Демак, кечки овқат ҳам тайёр бўляпти. Иштаҳаси бадтар бўғилди. Чакмонини елкасига илди-да, супа томон юрди. Супанинг чеккароғига чакмонини тўшаб, устига ўтирди. Чанқаганини сезиб, чой буюрди. Ёнбошлаб чойдан ҳўплар экан, худди қўрққандек қозон бошига қаради. Кампири гўштга пичоқ қадаб кўряпти, ўғли эса гўлахлик қиларди. Чўпон ёзилиброқ ўтириш пайида қўлларини ёйиб керишмоқчи бўлди. Бироқ ўрнидан илкис турди. Ушлаб кўрди: нам – от териси – тузланган. Кампири пўстак қилади. Нарироқда эса отнинг калласи, ёнида ит мукка тушиб ётарди. Чўпон отнинг бошига яқинроқ келди. Қулоқлари динг. Гўё ҳозир кишнаб юборадигандек. Гўё оти ўлмаган, у ҳозир эгасини миндиради-ю, чўлга бошлаб кетадигандек. Унинг кўзлари эса балиқникидай қимирламай туради. Отнинг кўзларини ёпмоқчи бўлиб, қўл чўзди. Уринди. Йўқ, кўзлари юмилмади. Унда осмон манзараси: тун, ой ва юлдузлар бор эди.

Ити суйкалди. Силамоқчи бўлиб угирилди, нарироқда эса ўғли тиззаларини қучиб ўтирарди.