OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШодиёр Ҳазрат Исмат
Асар номиҚуралай (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шодиёр Ҳазрат Исмат
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм14KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/06/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қуралай (ҳикоя)
Шодиёр Ҳазрат Исмат

Кампир бошданоқ мулла Қудратнинг қизини келин қилишга қарши эди. Мулла Азим эса аҳдида турди. Икки мулла бир пайтлар қуда бўлишга, орани янада мустаҳкамроқ қилишга сабаб бўладиган риштани топмаганди. Мулла Қудрат қизини мулла Азимнинг ёлғиз ўғлига берадиган бўлди. Оғзаки битим тузилди.

Мулла Азим бу воқеани кампири – Қуралайга айтди. Кампири эрига ажабланиб қаради-ю, «Ҳали эрта-ку, ўғлингиз рози бўлармикан? » – деди.
— Мулланинг қизи ёмон эмас, ўғлинг ундан ортиғини тополмайди. Мулланинг хотини ҳам биноийдек, кейин рўзғори ҳам ўзимизга мосроқ, фақиргина, отасининг гапини ўғли икки қилмайди, - деди мулла Азим.

Бу гаплар қатъий ва недир бахтдан умидворлик билан айтганди. Хотини ғингшимади. Лекин эрининг бу ишидан норози эди. Пайти келиб бу масалада яна гаплашиб, ўзимга маъқул хонадондан қиз топишга кўндирарман, деб ўйлади.

Эрининг феъли маълум. Ҳозир унга қарши гап айтса, тутоқиб кетади. Даврада дўсти билан келишган. Лафз. Уни бузиш учун журъат керак. Бузгандан кейин кўчада кўтариб юрадиган бошни топиш керак.

Мулла Азимнинг хотинига келин ёқмаётганди. Лекин жим ўтирди. У мулла Қудратнинг хотинини ҳам унчалик ҳушламасди. Шу баробарида унинг тарбиясини олган қизни ҳам ғойибдан ёмон кўрди.

Мулла Азимнинг бешта боласи бор. Тўртта қиз, бир ўғил. Иккита ҳовлиси бор эди. Бирида қишда, бирида эса эрта баҳордан то кеч кузгача яшарди. У томорқада яхши ишларди.

Деҳқончиликни пухта биларди. Мол, қўй-ю эчкиларни ҳам асрарди. Чорвадан ҳам хабардор эди. Мулла Азим рўзғорбоп эркак эди. Девор кўтаришни, вассажуфт тахтлашни, сават тўқишни, тароқ ясашни, том ёпиш каби ишларни ҳам биларди. Мулла Азимни даҳадаги ҳамма хонадон танийди. У даҳа одамларининг тўй-ю маъракаларида хизмат қилади. Унинг хизмати тиловат қилишдан иборат бўлади.

Мулла Азим ёшларга никоҳ ҳам ўқийди. Гоҳида «Мулла бува, дам уриб қўйинг,» деб келувчиларни ўқиб ҳам туради. У тумор ва зуннор каби нарсаларни ясамасди.

У камтар, тупроқ одам. Бировга қаттиқ гапириб, дилини оғритмайди. Хотин, бола-чақасини тергаб турардики, бу эса уларга малол келмасди. Мулла Азим бола-чақасини томорқада ишлашга, чорва боқишга ўргатарди.

Даҳада тўй-ю маъракага фақатгина Мулла Азимни чақиришади. Мулла Қудрат ҳам ўзининг даҳасида, мулла Миср эса ўзининг даҳасидаги элнинг хизматида бўлади. Муллалар бир-бирининг қозонига мўраламайди. Томоша тадбир якунландан сўнг тугунча билан уйга қайтишади. Тугунча хонадон эгасининг муллага атагани бўлади.

Мулла Азим хотини – Қуралайни бир пайтлар отасининг амри билан олганди. Энди ўзи ҳам худди отаси каби ўғлини мулла Қудратнинг қизига уйлантирмоқчи. Уларнинг бахтли яшашларига ишончи комил. Жуда бўлмаганда, ўзи кафил бўлади. Уларнинг иқболини таъмин этарга ўзида недир кучни сезаётганди. Лекин хотинда нимагадир иштиёқ йўқ эди. Қуралай бунга хайрихоҳлик кўрсатмаётганди. У эрининг кўнглидан ўтган ва кечаётган туйғуларни ҳис қилмасди. Мулла Азим хотининг бепарволигига эътибор бермади. Қайтанга ўғлини ёнига чақирди-да айтдики, « Ўғлим, мана опаларинг жойи чиқди, узатдик. Энди навбат сеники, сўнг сингилларингники. Мен энангни чимилдиқда кўрганман. Кўриб турибсанки, ёмон яшамаяпмиз. Энди болам, кўзим очиқлигида сенинг ҳам болаларингни кўрсам, девдим. Шунга мулла

Қудратнинг Зубайда деган қизини биласан... Отаси билан гаплашиб қўйганман, болам. Ҳамма рози-ризо. Фақатгина ўзинг қолдинг. Йўқ демасанг, тўйни бошласак.»

Мулла Азимнинг ўғли – Тўрабой жим ўтирарди. Хўрсиниб дедики, «Ота сиз нима десангиз шу бўлади. Бир нарсаники ният қилибсиз ота, шу амалга ошсин. Мен ҳам, келин ҳам сиз билан энамга хизмат қилайлик.»

Мулла Азим ўғлининг гапидан боши осмонга етгудек бўлиб суюнди. Эртасига мулла Қудратникига совчи жўнатди. Индинига бориб нон синдиришди. Сўнг фотиҳа тўйини қилишди. Орадаги ҳайитни ўтказиб, Зубайдани ҳам Мулла Азимнинг уйига келин қилиб туширишди.

Афсуски, ўғлининг тўйини кўриш мулла Азимга насиб қилмаган экан. Мулла Миср тўйда ўртоғининг руҳига атаб тиловат ўқиди.

Тўйдан сўнг Тўрабой махсум ҳаммага раҳмат айтди. Кунлари одатдагидай ўтаверди. Зубайда ҳам куёвнинг қариндошларини ҳурматини жойига қўйиш билан овора.

Қуралай кампир барибир келинини ёқтирмади. Зубайда қайнонасига юз-қўлини ювиш учун офтобада илиқ сув тайёрлайди, жойини йиғиштиради, ошу овқатини олдига қўяди. Қуралай кампир ҳаммасига бепарво. Келинининг қилган барча таваллолари кампир учун бир пул эди. Қуралай кампир унинг ҳар бир ишидан мин топарди. Келин эса дарди ичида миқ этмасдан юраверарди.

Қуралай кампир бўйи кичкина, кўзлари кўк, миқти гавдали эди. Унинг ҳаракатлари чаққон бўлиб, уддабуронлиги юзидан ҳам билиниб турарди. Ёши етмишга яқинлашаётган бўлса-да, хамир қориб, тандирда ўзи нон ёпарди. Овқат қилади. Тоғорада ўзининг уст-бошларини ўзи ювади. Чолига ўхшаб чорва билан томорқа илмидан анча хабардор.

Қуралай кампир бу йил тепадаги – қишки ҳовлига кўчиб ўтмади. Қизи билан қолди. Ўғли келини билан қанчалик ёлворишмасин, барибир Қуралай кампир унамади. Қишни пастки ҳовлида ўтказди. Тўрабой махсум ҳам Зубайда ҳам унинг ҳолидан ҳар куни хабар олиб туришарди. Эрта баҳорда унинг олдига яна ўғли-келини билан кўч-кўронларини кўтариб келишди. Томорқада ишлар бошланди.

Тўрабой махсум ҳам отасининг қўлини олиб, эл-улуснинг тўй-ю маъракаларида муллалик қиларди. Қолган пайтлари томорқасида ишларди. Махсумнинг қўли гул эди. Меҳнаткаш эди. Теварак- атрофда унингчалик ернинг ва молнинг тилини биладиган йўқ эди.

Ёзнинг чилласида Зубайданинг кўзи ёриди. Қиз туғилди. Унга Қуралай кампирнинг ўзи доялик қилди. Махсум ҳам бўлаётган воқеадан хабардор эди. У сабзи экиш учун жўяк олиб, қулоқдан сув тараётганди. Чақалоқ осонгина туғилди. Синглиси махсумдан суюнчи олди. Сўнг мулла Қудратникига хабар юборишди. Чақалоққа Қуралай кампирнинг ўзи – Розия деб исм қўйди. Ҳамма хурсанд бўлди. Қулоғига азон айтиб, бешикка белашди. Қуралай кампирнинг ғайрати мана шу пайтда ҳам жўш урган эди. У барча ҳолат ва йўриқларда ҳам вазиятни бошқариб турарди. Мана шу дақиқаларда кампир негадир шижоатли бўлиб, ўзини қўярга жой тополмасди. Ҳаммани уйдан чиқарди. Хонада чақалоқ билан онаси қолгач, ҳазорисфандни ҳокандозда тутатиб, бешикнинг устида айлантирди сўнг ҳокандозни бўсағага қўйди.

Қуралай кампир остонада турганича нафасини ростлаб олди ва олисларга қаради-да, хўрсиниб қўйди. Кампирнинг хаёлидан босиб ўтган ҳаёти бирма-бир ўта бошлади...

Гўдаклиги.
Ёшлиги.
Бўй қизлиги.
Дугоналари билан қурган сирли суҳбатлари.
Чимилдиқдаги туришлари.
Мулла Азим билан ўтган ва кечирган умри.
Болалари, неваралари.
Куёвлари.
Келини – Зубайда.

Буларнинг барчаси ўзининг ихтиёридан ташқарида эканлигини англайди. Ҳаётнинг бешафқатлиги, дунёнинг охири не бўларини билмаслик, одамзот умри қанчалик тез ўтаётганлигини Қуралай кампир дафъатан англаб қолди. У ўйлаб кўрса, ўғлини ҳаммадан, айниқса келини – Зубайдадан ҳам қизғанар экан. Шу важдан бўлса керак, келинига ҳам рағбат билдирмаслигини тан олди. Эри мулла Азим Зубайдани келин қиламан, деб юрган маҳалда ўзининг турсайиб юрганлигини эслади. Ва шу баробарида келини – Зубайданинг атрофида парвонадек жонҳалак юрганларини, ўзининг эса бепарво қараганларини ўйлади. Одамзот умрининг охирини бахайр бўлишини исташи бежиз эмас экан. Ажабким, бир кунда, бир хаёл сурган билан яхши бўп қолиш мушкул-ку! Лекин қон томирда гупириб турибди-ку! У билан ҳисоблашиш шарт. Истиғфор айтиш билан одам елкасидаги юкдан халос бўлармикан? Тазаррунинг қудратини ўлчаш мумкинми? Аслида, инсон гуноҳининг кечирилиши ва авф этилмаслигини билса, оламнинг борлигидан маъни не экан?!

Тўрабой махсум онасидан бу йил қишда тепадаги ҳовлига чиқиш-чиқмаслигини сўради. Қуралай кампир «йўқ чиқмайман,» деган жавобни берди. Сўнг махсум хотини-ю қизи билан кампирнинг ёнида – пастки ҳовлида қолишди.

Қуралай кампир энди келинини аярди. Ўзи сигир соғади. Тандирда нон ёпади. Ўчоқда овқат тайёрлайди. Сандалга ўт солади.

Қуралай кампир ўғлининг, келинининг ва бутун даҳанинг олдида ўзгариб бораётганди...