OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШодиёр Ҳазрат Исмат
Асар номиТазарру (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шодиёр Ҳазрат Исмат
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм156KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/06/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Тазарру (қисса)
Шодиёр Ҳазрат Исмат

...Киши ариқ бўйида ўтириб, сувнинг бир маромда оқишини кузатаркан беихтиёр тин олади. Сувнинг тафти бор. Ва ҳар неки офат ҳам ундан.Азоб деганлари шундан бўлса керак. Сув балоси ҳам борки, жимгина ҳаракат қилаётган ариқ бошида ирмоқ бўлгани-ю яна қаерлардадир дарё-ю уммонга қўшиларини ўйласангиз, янада олислайсиз, чуқурлашасиз...

Сув ўзига муқим маскан топади. Марра шу ерда...

Камина иримчи эмасман. Кўраётган тушларим хавотирга солмайди. Бироқ, негадир сув билан чиқишгим келади. Сув эса буни тушунадими йўқми, билмадим. Тушимни сув тугул самога ҳам айтмаганман.Улар фақатгина ўнгим билан яшайди. Тушдан недир хулосалар ясаб, сабоқ оламан.

Сув менга ёшлигимни эслатади. Негаки, уйимизнинг ёнгинасидан сой бўларди. Бу сой қишлоқни тенг иккига бўлиб оқарди. Унинг фаслларга қараб турланишига кўп гувох бўлганман. Гоҳ сокин, гоҳо шовқин билан оқадиган сой ҳавасга лойиқ эди. Ёзда унда ҳузур қилиб чўмилардик.

...Бир куни қўшни болалар билан чўмилаётганимизда, соқоллари кўксига тушган Самад бобо ҳам яктагу иштони билан ўзини сойда оқаётган сувга ташлади. Сув қалқди. Бизлар эса унга ҳайрону лол бўлиб қолдик. Бобо ҳузур қилиб чўмиларди. Қўллари билан тез-тез ҳаракатлар қилиб, тажрибали ғаввосдек бошларини сувга тиқиб-тиқиб оларди-да, юзини кўтариб, оғизларини очиб сузарди. Сўнг биз ҳам секин аста калла ташлаб, сойга шўнғий бошладик.

Чўмилиб бўлганимиздан кейин сой буйидаги қумлоқда ҳаммомпиш ва бошқа ўйинларни бошладик. Шу пайтда Самад бобо ҳам ёнимизга келиб, биз билан худди бўйинсадек ўйнай бошлади. Аввалига ажабландик, кейин эса одатдагидек ҳар ким ўзича турли хил суратларни қумга сола бошладик. Бобо соқолларини силаганича завқу шавқ билан билан чаққон ҳаракатлар қиларди. У билан ёшимиз орасидаги фарқ деярли унут бўлганди. Бобо тутнинг суратини чизарди. Дарахтнинг қабариқ танасини маҳорат билан ишлаб, томирларини эса сувга тушириб қўйганди.

Самад бобо ҳақиқий рассомларга хос ҳаракат билан тутни ҳосилга эндирмоқчи бўларди. Унинг шоҳларига майда тошларни мева каби қадаб чиқди...

«Энди мен сизларни тут билан меҳмон қиламан,» деб турган пайтида бобонинг неваралари келиб қолди. Неваралар бобонинг ишидан ҳам ҳайрат, ҳам уятдан қизариб турарди. Улар бобосининг усти боши ҳўл бўлишига қарамасдан уни маҳкам қўлтиқлаб олганди. Самад бобо эса индамайгина, бошини қўйи эгганича невараларига қўшилиб кетиб борарди...

Биз болалар бобонинг изидан кузатардигу ва у чизган тутларга қараганимизча жимгина қараб турардик... Яна қайтиб, сойда чўмилиб, ҳаммомпиш ўйнадик.

Ана шундай кунларнинг бирида Самад бобо яна сойга келди. У бу гал чўмилмади. Бобо бизнинг сувдан чиқишимизни кутиб турди. Уст-бошимизни кийгач, бобо бизларни ортидан эргаштирганича, йўлга тушди. У бизларни қирнинг ёнидаги зиёратгоҳга бошлаб бораётганди. Айни зиёратгоҳ қишлоқнинг қабристони билан қўшилиб кетганди. Биз қўрқа писа қўйиндилар орасидан ўтиб, мақбара олдига келдик. Болалар дўппайган қабрлардан қўрқиб турардик. Бобо эса чаққон билан ҳаракат қиларди. Унинг юриш-туриши-ю кўзларида ишонч бор эди. Кўзлари чақнаб турарди.

Мақбаранинг усти кошинлар билан қопланган бўлиб, қуббасида мисдан ишланган ҳилол билан бешпанжа рамзлари турарди. Атрофидаги ўчоқлар куллардан тозаланмаган ва унинг ёнида қозонлар ҳам тўнтарилганича турарди. Теваракдаги дарахтларнинг шохларига эса турли тусдаги латталар ўраб ташланган эди.

Зиёратчиларнинг сони кам. Самад бобо мақбара ичига бизни бошлаб киради. У ер унчалик катта бўлмаса-да, ўн-ўн беш киши бемалол сиғарди. Бобо тахтапанжарали даҳма оғзида чўккалаб неларнидир пичирлаб ўқиди. Сўнг қўлини дуога очди, биз ҳам беихтиёр унга эш бўлиб, юзимизга фотиҳа тортдик...

Бу зиёратгоҳ илгаридан машҳур бўлган экан. Боз устига аркони давлат ҳам бу жойга келиб, тавоб қилганлиги эл орасида гап бўларди. Шу сабаб бу ер йўлўткинчилар учун ҳам қадрли эди. Негаки, зиёратгоҳ шундоққина катта йўлнинг ёқасидан жой олганди. Бу ерга дафн этилган зот ҳам ислом оламининг машҳурларидан бири бўлган экан. Кейинчалик бу жойлар озоду обод масканга айланди. Элу улус мудом зиёратгоҳга келиб турарди. Сабабки, кўнгиллари таскину тасалли топиш, умиду илинжларининг рўёби учун. Айни ишончу умид бобонинг қалбида турса-да, бизлар учун ҳам далда бўлди. Бобо зиёратгоҳнинг таърифи ва тарихи ҳақида кўп сўзлаб берганди. Айтишларича, бу жой тоза кўнгилли кишиларнинг эзгу ниятлари тингланадиган ва амалга ошадиган жой экан. Бу ерда дафн этилган зот қишлоқнинг қут баракасига кафил экан. Шу сабаб, бу элда ўлат вабо бўлмайди, қишлоқдан хайру барака кўтарилмас экан. Мақбара, ичида бир одам ўтгулик жой ҳам бор эдики, агарда кишининг гуноҳи бўлса, ана шу йўлакдан ўтар чоғи қисилиб қолар эмиш...

Биз болалар катта бўла бошлаганимиз сари, кўп нарсалар ва шу билан бирга атрофимиздаги кишилар ҳам ўзгариб бораётганинин кузатиб турардик. Ҳаттоки, ўзимиз ҳам ўзгариб, турланиб борардик...

Бу орада Самад бобо ҳам қазо қилди. Уни ҳам мана шу зиёратгоҳ ёнидаги қабристонга қўйишди.

Сув менга ёшлигимни эслатади. Ва бунинг ортидан ўз-ўзидан Самад бобонинг чўмилгани-ю, у билан мақбарага борганларимиз кўз олдимга кела бошлайди.

Сувга қўшилиб, умрим ҳам оқиб кетаётганини сезиб қоламан. Бироқ, не бўлганда ҳам кўнглим таскин топади.Бу вақт орасида кўп давраларда бўлдим. Кўпни кўрдим. Не-не савдо-ю вокеалар бошимдан ўтди. Яхши билан ёмоннни фарклай бошладим. Бировга атай ёмонлик тиламадим ва қилмадим ҳам. Отамнинг панду насиҳатларига риоя этдим. Яратган мени кўп сийлади...

* * *

Муҳтарам ўқувчи! Сўзим шу ерга етганида беихтиёр ўзим ҳақимда гапириш ва кимлигимни айтишим кераклигини англаб қолдим. Буни қаранг, ўз болалигим, сою зиёратгоҳ ҳақида сўзлабману ўзимнитаништиришни унутибман...

Исмим–Пўлат. Шарифим эса – Бузруков. Мен қишлоғимиз - Тутлисойдаги мактабни тамомлаб, марказдаги илм даргоҳларининг бирида таҳсил олдим. Тақдир тақозоси билан шу ерларда қолиб кетдим. Дастлаб, шапалоқдай газетага ишга кирдим. Оила тутдим. Кейинроқ эса қалинроқ бир журналга таклиф этишди. Йўқ дея олмадим. Ва мана шу даргоҳда рўзғоримни тебратиб юрибман.

Айтишим керакки, бу даргоҳда ҳамма сипо, ўзини билағону донишманд тутадиган, бировга ён бермайдиган ажабтовур кимсалар ишларди. Гўёки, улар учун ҳаёт мана шу жой эди. Ҳаммаси ўзини кўз-кўз қилиш учун бу ерда ўралашиб юргандек туюларди. Боз устига каттага ҳурмату кичикка иззат деган тушунчалар эса кўтарилиб, тушуниксиз ва ғурбатли ҳолат юзага келиб қолганди.

«Турди Ташаккур билан Садаф деганлари шодиёнага атаб қасида битишибди. Бу ерда бир гап бор. Турди Ташаккуринг қўйилмаганини қаранг!?. Ўзининг оиласининг ўйламагани майли-ку лекин Садафнинг гулдай рўзғори бузилмасинда!..»

«Помир Лақай деганлари қўшночми табиб бўлибди. Лапарчи қизларнинг овозини ширали қиламан, деб пулларини олибди. Берган ўтларининг таъсири бўлмаган чоғи, қизлар бечоранинг бошига дутору доиралари билан урибди. Қонга беланган табиб базур қочиб қутилибди. Раҳмат Жуманинг ҳам овозингизни тузатаман, деб пулини олибди-ю лекин натижаси йўқ эмиш. Раҳмат Жума эса «бу энағар Помир Лақай алдамчи экан-ку!» дея табибини излаб юрганмиш.»

Ҳар бир идорада бўлгани каби бу ерда ҳам мана шундай гапу сўзлар оғиздан оғизга ўтиб, қулоққа чалиниб турарди.

Даргоҳнинг раҳбари – Хайриддин Носир чарм сумкачасини кўтариб, кўзига оҳангжама ойнакни кундирганича, бошини кўкка қадаб шахдам қадамлар билан юради. У хардамхаёл одам. Ҳуши келса сиз билан ҳол сўрашади, бўлмаса берилган салом аликсиз қолиб кетаверади.

Кўпчилик унинг келаётганини кўрса, йўлини буриб кетарди. Баъзилар эса елкаларини қисганича, икки қўлини жуфтлаб худди бедана тутмоқчидек раҳбарнинг ёнига ошиқарди. Шунда Хайридин Носир ноилож қўлларини узатади.

Айтиш жоизки, раҳбарнинг гапига идорадагилар унчалик ҳам тушунмайди. Негаки, у тез ва устига устак бошига шаҳват урган серакдек калта-калта сўзларди. Раҳбарнинг ўзи ҳам буни тан оларди.

У ҳам барча каби мақтовни хуш кўрарди. Буни эса бутун жамоа биларди. Айниқса, ўринбосарлари – Ҳалим ва Ёрматлар бири қўйиб, бири олиб Хайриддин Носирни варракдек кўкларга чиқариб, мақташардики, сўз охирида раҳбарнинг ўзи «раҳмат акалар, сизлар мени тўғри тушунасизлар,» деб қўяди. Сўнг чапдастлик билан суҳбат ўзанинини бошқа томонга бурмоқ учун Ҳалимга юзланиб:
-Уйлар тинчми?- деб сўрайди.
-Тинч, - дея Ҳалим ерга тикилади. – Ўғилларникида турибман, келин иссиқ-совуғимдан хабардор. Яхшиямки, келинни ўзимиздан қилган эканман. Бечора оғринмайди.
-Янга билан ярашингда энди, ака? – дейди раҳбар.
-Энди бўлмайди, ғишт қолипдан кўчган, - дея Ҳалим хўрсинади.
-Қариган чоғингизда бу азоб ҳам бор экан-да? – сўроқлайди раҳбар.
-Эй, ука, қўйинг бу гапларни. Юрагим эзилади. Бировга қўшила олмайман. Ишхонага келсам, сал-пал овунаман, - дейди Ҳалим.

Раҳбар бироз жим турди. Бу билан у «суҳбат тамом, энди жўнанглар,» демоқчи бўлди. Юзага келган вазиятдан ўнғайсиз бўлиб, Ёрмат ўрнидан оҳиста турди-да, эшик томон юрди. Эшикнинг қабзасидан тутиб:
-Хайриддин ака, ишлар ҳаммаси режа асосида ташкил этилган. Агар бирор топшириқ бўлса, айтарсиз шартта бажарамиз. Мен ўзимдаман, - деди-ю хонадан чиқишга чоғланди.
-Бўпти, бораверинг, - дея раҳбар кулиб кузатди.

Бу билан у Ёрматнинг гапидан ҳам, ўзидан ҳам истеҳзо қиларди. Ҳалим эса ёш боладек бошини қўйи экканича жим ўтирарди.
-Ёрмат ака қизиқ одам-а? – дея раҳбар ўсмоқчилайди.
-Яхши одам у, - дея Ҳалим бошини кўтаради. – Сизни жуда ҳурмат қилади. Содиқ қулларингиздан. Баъзи бир нуқсонлари ҳам борки, лекин кечирса бўлади. Кимда айб йўқ дейсиз. Тиниб-тинчимас одам. Кўп нарсаларни билади. Лекин айтмайди, қўрқоқ.
-Қўрқоқ одам сотқин бўлади, - дейди раҳбар дабдурустдан.
-Лекин Ёрмат сотқинлик қилмайди. Синаб кўрганман, - дейди Ҳалим.
-Ходимларнинг ундан норози эканлигини билмайсиз, шекилли, - дея раҳбар ажабланиб қарайди. – У нима топшириқ бераётганини ўзи билмас экан. Йиғинда мен нимани айтган бўлсам, ўшани оқизмай-томизмай ёзиб олар эканда, бир бошдан ўқиб берармиш. Ҳаттоки, мен сизларни байрам билан табриклашим керак экан, дея бошини қоғоздан кўтариб, ходимларига «Хайриддин ака айтдики, мен сизларни ушбу байрам билан табриклайман,» дебди. Ҳамма ўтирган ходимлар бунинг устидан мириқиб кулибган. Ака,бу шармандалик-ку!.. Айтинг унга уят бўлади. Сал бўлса-да орту олдига қараб иш тутсин. Бу ҳолда сизу бизни ҳам изза қилиши ҳеч гап эмас.
-Парво қилманг, - дейди Ҳалим беписандгина. – Буни Бузруков атай тўқиганини ҳам биламан.
— Йўқ,бошқалардан эшитдим. Ишончли манба. Бузруков уни менсимаслигини биламан. Умуман олганда, Ёрмат аканинг хато қилаётганини аччиқ бўлсаям тан олишимиз керак-ку ахир. Бу каби нуқсонларимиз даргоҳдан ташқарига чиқса ёмон бўларини ҳам ўйлашимиз керак, - дейди раҳбар.
-Гапингиз тўғри, Хайриддин ака, лекин Ёрматдан бошқа одам бу ерни эплай олмайди. У боёқиш сиз берган топшириқни қандай бажарар эканман, деб бошқотиради. Ишни ўйлайди. Қўл учида апил-тапил ишлашга ўрганмаган. Сизга ҳурмати баланд,- дейди Ҳалим.
-Ёрмат аканинг Бузруков билан мунособати яхшими ишқилиб, ёки? – сўроқлайди раҳбар.
— Хабарим йўқ. Бузруков Ёрматни менсимайди. Ишгаям гоҳида, кўнгли тусаса келади. У маҳмадана, кўп олифталик қилмоқда. Ҳамма бир томон, Бузруков бир томон. Кимига ишонар экан-а, бу Бузруков деганлари? – дея Ҳалим саволомуз раҳбарига разм солади.
-Бузруков ёмон болага ўхшамайди-ку! – дея раҳбар ажабланиб ходимига назар солади.
-Одамнинг оласи ичида. Сиз у олифтани билмас экансиз. Бўлимдагилар унинг дастидан дод дейишади У бола унча-мунча одамни менсимайди. Устидан кулади, - дея Ҳалим авж қилади.
-У кимга олифталик қилди? Кимнинг устидан кулибди? Гаплашсангиз сўзида маъни бор-ку! Балки ундай эмасдир, балки сиз чалғиётгандирсиз? – дея раҳбар ҳадиксирайди.
-Қанийди, шундай бўлса. Сиз уни билмайсиз. Эҳтиёт бўлинг, эртага гап-сўз кўпаймасин, - дейди Ҳалим сўлғингина.
-Ҳар нарсани ишга аралаштирмаслик керак. Лекин бу боланинг бўлимида унгача турли қаланғи қасанғилар томир ёйганлигини бошқа билмаса ҳам сиз жуда яхши тушунасиз. Бола янги. Муҳитни тозалаб, ишнинг олға кетиши учун Бузруковга ёрдам бериш зарур. Одамнинг оёғини чалишдан кўра, бошини силаган яхши эмасми, хожи ака, - дея раҳбар разм солади.

Ҳалим жимгина бошини қўйи солиб ўтирарди.Раҳбарнинг писандаларини бошида пишитиб оларди. «Менга бировни сотаяптими эрта бир куни мени ҳам арзон гаровга сотиши тайин экан,» деган хаёл раҳбарда кечаётганинини у аллақачон тушуниб улгурган эди.

Раҳбар эса унинг хаёлларини уқиб тургандек, мағрур қиёфада ходимини зимдан кузатарди. Итининг феъли эгасига маълум, деганидек раҳбар Ҳалим, Ёрмату Бузруковларнинг кимлигини яхши биларди. Шу боис уларнинг барчасига ўзига яраша муомила қиларди. Иложи борича тошу тарозини тўғри ушлашга интилади. Баъзида эса унга Ҳалим ҳам дахл қилардики, буни у билиб билмасликка олган киши бўларди.

Ҳалим Бузруков ҳақида гап очишнинг бу гал мавриди эмаслигини сезса-да, бироқ:
-Хайриддинжон ака. Бузруковга ёрдам берамиз. Ёш кадр. Хатоларини кечирамиз.Секин-аста тарбиялаб оламиз. Раҳбарлигингиз остида ишларимиз олдинга кетсин. Бошимизга доим омон бўлинг. Худонинг ўзи сизни ёмон кўзлардан асрасин, - дея юзига фотиҳа тортди.

Шундан сўнг Ҳалим ўрнидан турди-да, раҳбар билан хайрлашиб, хонадан чиқди.

Хайриддин Носир унинг сидқидил эмаслигини, айтган гаплари шунчаки кўнгил ҳуши учун сўзланганлигини сезса-да, на илож индамай қўя қолади...

Хотини Ҳалимни уйдан қувиб солган. Негаки, у эрини мундайроқ тамаддихонада сатанг шоира – Дилрабо Бардош билан шакаргўфторлик қилиб ўтирганида қўлга тушириб, роса тўполон қилади. Шоирани мушук тимдалангандек юзини тилиб ташлайди. Эрининг «орамизда ҳеч гап йўқ, азизам,фақат дўстлик бор, холос. Шоира қизимизни тўғри тушунишингизни сўрайман,» деганларига ишонмайди.

Ҳақиқатдан ҳам, Ҳалим талантли шоира - Дилдора Бардошнинг бошини силагани рост. Жанжал сабаб, идорада махсус йиғин бўлди. Хотини хонани бошига кўтариб бақирди, жанжал қилди.»Эр бермок, жон бермок,» дея қўлидаги катта сумкасини эрининг жазманига қаратиб отди. Сўнг эрига юзланиб, «хайф сизга бу юриш, бола-чақангизни боқиб уйда ўтирсаму сиз бу ёкда ялло қилиб қаланғи қасанғи хотинлар билан илиқишиб юрсангиз. Уят. Шарманда бўлдим.Бу кунингиздан ўлганингиз яхши эди. Бундан кўра тобутингиз устида йиғлаганим минг марта авло эди. Садқаи одам кетинг!» дея роса койиди. Бечора хотин эрининг дастидан анча кўзёшини тўкди…

Шу сабаб бўлди-ю хотини Ҳалимни уйига киритмайди. Ишдан олдирмоқчи бўлади. Бироқ орага уламо – Хайриддин Носир тушади:
-Опа, эй, эй, янга, кеннойи Ҳалим акани кечиринг. Боши айлангандир, бу ишга қайтиб қўл урмайди.
-Ҳали, яна қўл урмоқчи бўлиб юрибдими, бу гўрсўхта! – дея бошқатдан жазавага тушди.

Опа, янга, кеннойи эрини барибир кечирмайди. Қайтага, «...шу одам билан қандай ишлаб юрибсилар, буям одамми ўзи? Хайф бунга одамийлик!» дейди-ю уламони паша ҳайдагандек уйидан чиқариб юборади.

Эр-хотин шу буйи бирга яшамайди. Боёқиш Ҳалим буларни уйлаб охирига етолмайди. Боши қотади. Кутилмаганда Ёрмат унинг хонасига бош суқди.
-Келинг, Ёрматбой, - дейди у.
-Саломалайкум, Ҳалим ака, - дея югурганича келиб, унинг қўлини тутади. – уйдагилар тинчми, неваралар, ўғлингиз, келину куёвлар яхши юрибдими? Кеннойи…

Ёрмат сўзининг охирида дудуқланиб, юзлари қизариб кетади. Бироқ Ҳалим сир бой бермасдан:
-Ҳа, тузук. Ҳаммаси жойида, - дейди истар-истамас.
-Негадир кайфиятингиз тушкун, юзингиз сўлғин кўринади. Сиздек кишини хафа килишга ким журъат этди? – дея Ёрмат хўрозланади.
-Билмадим, ўзим хам тушунмай колдим. Нима қиларимни билмай ҳалакман, ука, ҳаловатим йўқолган, - дея у нолий бошлади.
-Ҳамма нарсаниям юракка якин олавермангда ака, Эҳтиёт чорасини кўринг. Сиз бизга хали жуда кўп керак бўласиз, асранг ўзингизни, - дея Ёрмат ҳамдардлик қилади.
-Ёрмат Турбатдан опкелган қимизингизни қолдими? – дея сўроқлайди у.
-Бор, ака, хозир опкелайми ёки тушликда бизга ичамизми? – дейди шериги шошиб.
-Кечга ташкил қилайлик, ука, юрагим тўлиб кетяпти.
-Хўп бўлади, сиз нима десангиз шу. Кимлар бўлсин, айтсангиз, уларниям хабардор қилиб қўярдим.Баҳри дилингиз очилиб бир яйранг, - дея Ёрмат ялтоқиланади.

Ҳалим кунбуйи ҳолсиз, тушкун бир алфозда юрди. У ўзини овутиш учун нималар қилмади. Бир ходимини чақириб олиб роса мақтади. Яна бошқа бирини чорлаб, койиди. Қимматли маслаҳатларини берди. Ҳаттоки, сулувроқ ходимаси – сатанг шоира Дилрабо Бардошни хам ҳузурига буюртириб, ишдан гаплашгандек бўлди-ю, аслида кўп нарсаларни сўради:
-Ижод яхшими?
-Аслида, орада мухаббат бўлганми ёки сотиб олинганми?
-Сиз баҳонгизни билмайсиз, афсуски, биз хам қадрингизга етолмаяпмиз!
-Ижодни гуллатаверинг. Сизга шароит яратиб берамиз. Куч борида ишланг!
-Сиздаги матонату латофатни кўрсам ҳузурланаман. Шунинг учун сингилжон, илтимос, мени ўзингиздан бебаҳра қилманг! Кечга вақтингизни ажратсангиз. Ҳарна, дийдорлашиб ўтирар эдик…

Ходима – сингилжон кўзларини сузганича таннозланиб ўтирар, гоҳида бошини силкиганича сочларини тўғрилаб қўярди. Ходима икки марта эр қилган, гавдали, хушрўйгина, бироқ манжалақитабиат боз устига бева эди. У хонада ишва билан ўтирарди. Улар анча вақтгача суҳбат қуришди. Кетар чоғини сезди шекилли, ходима нозу қарашма қилди-да узрини айтиб, хиром билан хонадан чиқиб кетди. Хона эгаси уни ортидан кўзи билан кузатиб қолди.

У бошини силкиб, танглайини тақиллатди. Айни гурунгдан унинг кўнгли жойига тушмади. Юраги баттар сиқилди. Шу пайтда кечки бўлажак зиёфат кўз ўнгига келди. Тамшаниб туриб, юраги тўлиқаётганини сезди. Хаёлларини недир сиру синоат қамраб олдики, кўзлари қўвнаб, мийиғида кулди. Сабри чидамай дафтарчасидан сатанг шоира – Дилрабо Бардошнинг телефон рақамини излаб топди. Сим қоқди. Шоиранинг ўзи гўшакни кутарди.
-Алло, лаббай, - деди шоира шанғи овоз билан.
-Қизим, яхшимиз? – дея сўроқлайди Ҳалим.
-Эй, устози аввал Ҳалим ака қайларда юрибсиз. Саломалайкум. Сувга тушган тошдек йўқ бўлиб кетдингиз-ку! – дея нозланади шоира.
— Бағрингиз хам сувга тушган тошдек қаттиқ экан, - талтаяди у.
-Кўнглим юмшоқлигини биласиз-ку. Туну кун сизни ўйлаб юраман. Нима қилай? – дейди шоира.
-Мен хам ичикдим.Кечга келишганимиздек идорага келсангиз.Шарафингизга зиёфат уюштирсам. Янги намуналардан ўкиб берардингиз.
-Майли, бораман.Тўхтанг,у ерда кимлар бўлади?Яна тағин ўтган сафаргидек… - дея сатанг ўсмоқчилайди.
-Ҳаммаси ўзимизники. Хавотир олманг, барча хавфсизлик чоралари кўрилган. Келишингизни интизорлик билан кутаман, - дея гўшакни жойига қўйди.

У сим қоқганидан ўзида йўқ хурсанд эди. Ва унинг келишига мутлоқ ишонарди ҳам. Ҳалим қизи тенги бу сатанг шоирани яхши кўриб қолганига ҳозиргача ишонмасди. Ишқ ёшу жой танламас деганлари рост экан.

Идорада кечки пайт. Ҳамма ишдан уйга шошган. Ёрмат юртидан опкелган қимизни Ҳалимнинг столи устига келтириб қўйди. Иккаласи бир пиёладан тотиб кўришди.»Бошқа нималар бор?» деб сўроқлайди Ҳалим. Ёрмат эса елкасини қисганича «хеч нарса,» дейди.

Шундан кейин Халим чўнтагидан бир даста пул чиқаради - да;
-Ёрматбой, нозик меҳмонлар келади. Мана шу пулларни олингда, турли ичимлик ва газакларнинг зўридан келтиринг. Уялтириб қўйманг, тағин ука, - деб тайинлади.
-Бўпти, айтганингиздай қип келаман. Хайриддин Носирович ҳам келадими? Яна бошқа кимлар кутилмоқда. Агар сир бўлмаса, албатта,-дея ўсмоқчилайди.
— Келганда билиб оласиз. Ҳаммаси нозик одамлар. Уларнинг кўнглини олиш керак. Биз сизга ишонсак, бу ёғи сал қопти-ку расво қилишингизга, ука, - дея буниси гина қилади.
-Халим ака, бир қошиқ қоним, содиқ қулингизман. Ҳозир ҳаммасини ҳозирлайман, - деди-ю хонадан отилиб чиқиб кетди.

Анча вакт ўтганидан сўнг Ёрмат қўлларидаги юкни базўр кўтарганича, инқиллаб-синқиллаб хонага кириб келди. Қоғозу елим халталардаги нозу неъматларни столга қўйди. Ҳалим бундан ҳайрон бўлиб қолди. Ёрмат эса «енди кечирган бўлсангиз керак,» дегандек қараб қўйди.

Ёрмат неъматлари ювиб артиб, дастурхонга тера бошлади. Кейин ўртага қимиз, вино, коняк ва ароқ қўйилди. Ходимларнинг барчасига уйига кетган. Фақатгина хос одамлар бу ерга таклиф этилган. Уларнинг орасида мен ҳам борман. Ёрмат қўлларини бир-бирига ишқалаб, дстурхондан бир дона узумни оғзига солиб, тамшаниб турган чоғида хонага анови сатанг шоира – Дилрабо Бардош кириб келди. У шу зайлда бориб, Ҳалимнинг бағрига ўзини ташлади. Унинг рапидадек юзларидан чўлпиллатиб ўпти. Ҳалим ҳам жавоб бўсаларни қайтарди. Ҳаммамиз стол атрофига ўтирдик. Ҳол-аҳвол сўрашилди. Ёрмат бу пайтда гавдасига ярашмаган чаққонлик билан шоира билан Ҳалимга бир пиёладан қимиз узатди.

Ҳалим ажабланди. Шоира «нима бу?» деб ҳайрон сўради. Ёрмат бечора «Турбатнинг қимизи, уйдагилар бериб юборишган экан,» дея ийманибгина гап бошлаганида, шоира асабий холда,»мен қимиз ичмайман, бошқасидан қўйинг,» деди. Шундан сўнг соқий қадаҳларга конякдан сузди-да, тавозъе билан шоирага узатди.

Даврада икки-уч сидра қадаҳлар уриштирилди. Энди гурунг қизий бошлаган бир маҳали хонага Хайриддин Носир буйнини елкасига ташлаганича шахдам кириб келади. Ҳамма билан қўл бериб кўришди. Навбат Дилрабо Бардошга етганида «ей, шоираи замон ҳам шу ерда эканлар-ку! қандай яхши, ажойиб давра бўлибди,» дея сатангнинг қўлига қалин лабини босди.

Раҳбар давранинг тўрига ўтирди. Соқий унга ҳам босиб-босиб қадаҳ қўйди. Раҳбар салгина бўлса-да қизиб олди. Нафси ором олди чоғи, Дилрабо Бардошга қараб, «ижод қалай, шеър ёзяпсизми?» дея сўроқлайди. Шоира ҳам истар-истамас жавоб беради. Бу аснода Ҳалим шоирасини раҳбаридан рашк қилаб ўтирарди. Гурунг ўзанини атай бошқа томонларга буришга уринади:
-Ҳаво ҳам исиб кетди, деҳқон билан чорвадор энди нима қилади?
-Бу йил қимматчилик бўлармикан ёки фароғатчилик…
-Ҳамма томон қалқиб турибди. Охири бахайр бўлсин…

Бироқ даврадагилардан ҳеч бири унинг сўзларига рағбат билдирмасди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора эди. Алжираётган давра бировни эшитишга қодир эмасди ҳам. Раҳбар Дилрабо Бардошнинг кўнглини сел қилиб эритаётганди. Охири, иккаласи бири олиб, бири қўйиб шеър ўқиди. Қарсаклар қуршовида мушоира анча давом этди. Ҳалимнинг кўнгли бўшаб, хўнгради. Ёрмат ҳам унга қўшилиб уввос тортди. Алёр айтаётганлар эса уларни юпатишга тушди. Дилрабо Бардош Ҳалимнинг бошини силаб «йиғламанг, акажон, садқаи кўзёшингиз кетсин. Дунё сизнинг дардингизга арзимайди. Сизни ҳеч ким тушунмасаям, мана мен англайман. Бу дунёда сизни ҳис қилувчи ягона инсон бўлса, уям каминаи камтарин қулингиздурман!» деди. Бундан кейин Ҳалим баттар уввос тортди.

Шу алфозда нима бўлганини ҳеч ким билмайди.Ҳалим ўйғониб қараса, ишхонада ётибди. Дилрабо Бардош эса диванда ўтирганича телевизор томоша қиларди. У уялиброқ ўрнидан қўзғолди. Керишди. Шоира унга бир қаради-ю, кулиб қўя қолди.

Нима бўлгандаям, Хайриддин Носир мастликда берган ваъдасининг устидан чиқди. Ҳалим сафар жабдуғини ҳозирлашга тушди. Энди у олис ва иссиқ ўлкада ҳаж амалини бажариб қайтиши шарт. Кейин вазият ўзгариб, унинг ишидаям ва кейин эса уйидаям тинчлик бўлар, деган ният бор эди бунда. Ёрмат унга бозордан юздан зиёд пичоқ келтирди. «У томонларда бу нарса қиммат матоҳ саналаркан, ҳарна, ҳаражатларни қоплайди. Бу биздан сизга совға.» Ҳалим индамайгина пичоқларни жомадонга солади.

Икки кундан кейин Ҳалим учоқда сафарга жўнаб кетди.Мусофирхонага жойлашди.Хона шинамгина.Ётиб ухлади. Керакли тавсияларни олгач, яна ўрнига келиб чўзилди. Йўлда чарчаганлиги сезилди, кечга томон мусофирхонанинг ҳовлисига чиқди. Шаҳарни томошо қилгиси келди. Атрофдан келаётган барча гап сўзлар унга таниш. «Кеп қолинг, обқолинг, ҳамма арзон моллар шу ерда, пулингиз ўзингиз билан кетади.» Бозор айланиб чиқди. Ҳаммаси таниш. Олдида турли атторлик моллари.

У ҳам зиппилаб хонасига чиқди-да, Ёрмат бериб юборган пичоқларни пастга оптушди. Харидор йўқ ҳисоби. Кечга довур ўтирди ҳамки, ҳеч ким пичоқни сўрамади. Кун оғар пайти бозорчага бошига ридо ўраган, суррибурун, юзи силлиқ, муйлабли буйчан киши оралади. Ҳалим югуриб келиб, пичоқларини унинг суррибурни оша кўзига тутди-ю, «укажон, шуни сотиб олинг, асл мол. Пулингиз хам ўзингиз билан кетади,» деди. Ажабки, ажнабий ҳам унга ўзбек тилида сўзлади. Ҳалим унга лол бўлди. Иккови сўрашди. Маълум бўлишича, ажнабийнинг боболари бир замонлар бу ерларга Бухородан кўчиб келишган экан. Алалхусус, ажнабий савдолашиб ўтирмасдан пичоқларнинг ҳаммасини эгаси айтган пулга олди. У хайрлаша туриб, уйнинг адресини бериб, «меҳмоним бўлинг,» деди.

Ҳалим амал тақал қилиб ҳаж тадбирларида қатнашди. Бажараётган ишидан ўзи хам уялиб кетди. Ҳали у ўзининг кўп нарсаларга тайёр эмаслигини ич-ичидан сезди.

Кетар чоғида маҳаллий юрт оғаларининг одатига кўра, меҳмонларга аталган совғалар улашилар экан. Бунда шарт шу эдики, меҳмонлар расамади билан бориб, белгиланган жойдан тасбех, жойнамоз ва китобни олишлари керак эди. Ҳалим икки дафъа бир сидрадан совғаларни олди. Охирида тайинки, бир кишига айнан мана шу туҳфа етмай қолса бўладими?!. Мезбонларнинг боши қотган. Руйхатни қарайди. Ҳаммаси жойида. Аммо бир совға изсиз йўқолган. Улар уялганларидан ҳам яна шу тахлитда сўнгги кишига совға беришади.

Сафари қарий бошлаганида Ҳалим ажнабийнинг уйига борди. У ерда мехмон бўлди. Мезбонни мақтади. Яшашидан, уйдаги шароитидан нолиган бўлди. Уй эгаси унга бир талай совна саломлар билан мехмонини мусофирхонагача кузатиб келди. Ҳамма кетишга ҳозирлик кўрмоқда. У ҳам хонасига кирди-да, анжомларини йиғиштира бошлади. Ажнабий эса унга ёрдам берарди. Не тонгки, бухоролик ажнабий шеригининг совғаларининг орасида иккита бир хили борлигини кўриб қолиб, ажабланди. Ноқулай вазиятга тушди. Ишонишни ҳам ишонмасликни ҳам билмасди. Меҳмонга сирли қаради. У эса парвойи фалак буюмларни жойлаш билан банд эди. Мезбон қўлларини ювиб, сочиққа артди-да, меҳмоннинг хонасидан бошини сермаганича чиқиб кетди.

Ҳалим тўлиб тошиб уйига қайтди. Ёрматга совғанинг бир жуфтини берди. Гўёки бу билан қарзини узган киши бўлди. Воқеадан бехабар Ёрмат унга ташаккур айтади. Ҳалим бутун ишхонага совға улашарди. Шундан менга хам бир улуш тегди…

* * *

Камина раҳбаримиз – Ёрматнинг эшигини қаттиқ ёпиб, хайр-маъзурниям нася қилиб ташқарига чиқдим. Унинг хонасида бўлиб ўтган гаплардан дилим хуфтон бўлди...

Секин –аста хонамга кирдим. Иш столимга ўтириб, «нега энди Хайриддин Носир деганларига менинг аризам зарур бўлиб қолди, экан. Ёки ишимни тўғри бажара олмаяпманми? Ёхуд бошқа сири бормикан?» деб ўйлаб қолдим.

Бироз вақт ўтиб, ходимларимиз кела бошлади. Салом-алик, ҳол-аҳвол сўрашиш бошланди. Сўнг ҳамма ўз иши билан овора бўлиб кетади.

Тушга яқин телефон жиринглади. Гўшакни секингина кўтардим.
— Саламалайкум, ака яхшимисиз? Ижодлар зўрми? Чарчамаяпсизми? Устоз бизнинг хонага бир келиб кетасизми? – гўшакнинг нариги томонидан раҳбаримиз – Хайриддин Носирнинг мағруру масрур овози келди. Овозки, кинояли лутфларга қорилган илтифотли манзират эди.

Мен ҳам «ҳозир етиб бораман» дея гўшакни ташладиму унинг ҳузурига йўл олдим.

Раҳбарнинг қабулида одам сийрак экан. Бир оз фурсатдан сўнг ўтирган хонамизда булбул сайроғи жаранглади-ю котиба қиз ўрнидан шиддат билан турди-да, раҳбарнинг хонасига кириб кетди. Қайтаб чиққач, «сиз кирар экансиз» деб менга юзланди. Эшикни тақиллатиб ичкарига кирдим.
-Мумкинми, ака, - дедим.
-Эй, эй, устоз келинг, марҳамат, марҳабо. Хуш келибсиз. Қадамларига ҳасанот, - дея у мен томон қучоқ очиб кела бошлади. Иккаламиз ачомлашдик. У менга ўтириш учун жой кўрсатди. Рўбарў ўтирдик.
-Яхшимисиз, - дейман.
-Яхши. Ўзларидан сўрасак? Камнамо, - дейди.
-Ёмонмас, топшириқларни бажариб юрибмиз, - дейман.

У пахта гулли чойнакдан бир пиёла чой қўйиб менга узатди.Ўзига ҳам бир пиёла чой қўйиб, секингина хўриллатди.
-Вилоятлардаги қаламкашларнинг ижодий фаолиятининг ёритилиши қандай боряпти, - сўроқлайди.
-Яхши кетяпти, яқинда Самарқанддан Ғулом Али келди. Янги достони билан романи китоб бўлиб чиқибди. Шуни опкелди. Кейин Бухородан Ғулом Шомуроднинг асарлари пешма-пеш бериляпти. Воҳадан ва водийдан ҳам ёритилиш ёмон эмас, - дейман.
-Ўзингиз нима қиляпсиз? Янгисидан бор деб эшитяпмиз, китоб чиқаришга тайёргарлик кўряпсизми? – дея сўроқлайди.
-Йўқ, ака, бизда ижодий қисирлик. Онда-сонда бир нарсаларни қоралаб қўймасак, буёғи мардикорчилик, - дейман.
-Ишлаш керак, ижод қилиш керак, ана шу нарсалар қолар экан. Қолгани бефойда, - дейди у.
-Албатта, - дейман юзига қараб. – Сиз анча сермаҳсул шоир чиқдингиз. Ҳар куни шеър ёзасиз. Мақола, мансура, таржима қиласиз. Тиним йўқ сизда. Худо куч-қувват берсин. Кўз тегмасин.

Шунда у менга босиброқ тикилади. Гапнинг мағзини чақмоқчи бўлади. Лутфнинг хушомад ёки киноя эканлигини билмоққа уринади.У ошкора мақтовни унчалик хуш кўрмайди. Менга ҳам шубҳа аралаш қарайди. Сўзимнинг росту ёлғон эканлигини билишга киришади. Секингина сўроқ қила бошлайди:
-Сиз ҳам мақтовга сахийсизда, ука.
-Йўқ, ака, бор гап ҳам шу, - дейман.
-Нимаси бор гап шу? – дейди у.
-Бутун ижод аҳли сизга ҳавас билан қараётганидан бехабар экансиз-ку! – дейман атай.
-Қўйсангизчи? – дея у келинчакдек уялади.
-Сиз анча илғор бўлдингиз. Атрофингиз тўла шогирд. Ҳозир бунақаси кам. Сиздаги одамгарчиликнинг мақталишини айтмайсизми? Балки, бу ўзингизга билинмас. Лекин ҳавас қилишга арзийсиз. Сизга ҳасад қиладиганлар ҳам кам эмас, буни эсингиздан чиқарманг. Тилни яхши биласиз. Бу сизнинг энг катта ютуғингиз. Атрофингиздагилар ҳам зийрак ва сезгир, - дейман.
-Одам дегани ҳаммага яхшилик қиладиган ва камтар бўлиши зарур ҳамда шарт деб ҳисоблайман, - дейди.

Раҳбаримиз недир демоққа шайланди. Мен тилимни тийиб жим тураман. У юзини осмонга қадаб, бир муддат хаёл суриб турди. Кейин катта калласини ерга ташлаганча унсиз ўтирди. Ниманидир мулоҳаза қиларди. Пиёласидаги чойни бир ҳимо билан кўтариб ичиб юборди. Сўнг юзларини кафтларининг орасига солиб ишқалади-да, амру маъруфга ўтди:
-Ука сиз ҳали ёшсиз. Шароитингизни яхши биламан. Қишлоқдаги оғайниларни ҳам унутманг, ҳолидан хабар олиб туринг. Бу дунёда ҳаммамиз омонат эканмиз. Йигитнинг уйи тинч бўлса, қолгани ўз-ўзидан бўп кетаверади. Оила – бу катта қўрғон экан. Ишхонадаги гап-сўзларга унчалик эътибор бериб ўтирманг ука, буларнинг бари ўткинчи. Сизу биздан аввал ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор, кейин ҳам бўлаверади. Уни ҳеч ким тўхтатиб туролмайди. Шундай экан сиз сира ҳам ижоддан тўхтаманг. Менинг сизга ягона маслаҳатим шу. Ҳа, айтмоқчи маишатингиз қандай? Пул, мояна етарлими? Ёрдам керак эмасми? Агар зарур бўлса айтинг. Муҳайё қиламиз.

Олампаноҳ кўзларини маъюс мўлтиратиб каминага олам-жаҳон панду насиҳатлар қилди. Йўл-йўриқлар кўрсатди. Мен ҳам оёқ-қўли боғланган одамдай жимгина туриб уни тингладим. Унинг асосий гап – мақсадга ўтишини интиқ бўлиб кутардим. Раҳбар – олампаноҳ буни пайқамасди. Ёки илғаса ҳам индамай кези келишини кутиб ўтирарди.

Сабрим чидамай, буёғи бошимни силаб айтган сўзларидан сўнг қайтаримни ўйлаб, секин сўрадим:
-Ака, узр,чақиртирган эдингиз. Энди шунга ул-бул топшириқлар бўлса айтсангиз. Кўп вақтингизни олдим. Қабулингиздаги одамлар ҳам кутиб қолишди. Ҳаммаси мени ёзғириб ўтирган чиқар.
-Қўйсангизчи ука, - деди у беписанд қўл силтаб. – Кутса кутар. Сиз билан дийдорга нима етсин. Яхшигина суҳбатлашиб ўтирибмиз
-Мендан бошқа ишларингиз ҳам бордир. Ҳалақит бермай дегандим. Ҳарна, катта идора, ўзига яраша тутуми бор, - дейман.
-Йўқ, ука хавотир олманг. Ҳаммаси жойида бўлади, - дейди.
-Ҳа, майли, - дейман сабрсизлик билан.
-Вилоятдаги ижодкорлар билан алоқалар яхши дедингиз. Шу рост гапми ука, - дея у қизиқсинади.
-Ҳа, рост, тинчликми? Нима гап бўлган экан? – дейман.
-Йўқ, ўзим бир текшириб кўрай девдим. Ҳарна улар ҳам қалам тебратиб юришибди. Намуналаридан ўқувчиларни баҳраманд қилсак ёмон бўлмасди. Буям бир кўнгил-да... - дейди.
-Ҳаммаси жойида. Кўнглингиз тўқ бўлсин. Улар биздан айниқса, сиздан миннатдор. Ҳар келганида бу ердагиларни, сизни алқайди, - дедим.
-Эй, зўр экан-ку! – дейди у. – Ука уларга топшириқ берса бўладими ёки йўқ?
-Бўлади. Нега бўлмас экан. Нимани бажариш керак ўзи? – дейман шошиброқ.
-Шошманг ука, улар ишончлими ўзи? – дейди у ҳадиксираб.
-Ҳа, баҳузур, - дейман бамайлихотир.
-Ука топшириқ махфий эди. Яъни хосроқ. Сиз ҳам бегона эмас, лекин гап-сўз чиқмасин дейман. Шунга оғзи пишиқ одамга топшириқ берсак. Минг қилсаям бегона – бегона –да, - дейди у.
-Майли, қўлдан келса ҳал қиламиз. Асли нима гап ўзи? – дейман.
-Ука, ҳарж кўпайиб кетди. Рўзғор катта, укаларни ўқитиш, уйли-жойли қилиш... Бу ёқда уйни янгилайман деб, иштонсиз бўлишимга сал қолди, - дея гап бошлади. – Шунга менда зўр китоб бор. Тиражи ўн мингдан зиёд. Ўз меҳнатим, юрагим қури билан тартиб берганман. Ўшани вилоятлардаги ўртоқлар орқали у ер–бу ерга ўткизсак. Сизниям қуруқ қўймасдим. Мамадали Эргаш деганлари «қип бераман» девди, энағарни боласи ишини битирди-ю, йўқ бўлди.

Сиз Ғулом Али ана Ғулом Шомуродларга айтсангиз йўқ демас. Кейин водий, воҳадаги акаларни ҳам ишга солсангиз, улар сизга йўқ демайди.
-Бўпти, бу ишни сизга ташкил қилиб берамиз. Хавотир олманг, оғзи пишиқ, кўру кар одамларимиз бор. Оғирингизни енгил қилади, - дейман.
-Укажон, гап шу ерда қолсин. Душманларнинг қулоғига етса, ҳар хил маҳобатли гаплар урчийди. Бу ишга фақтгина ўзингиз бош-қош бўласиз. Илтимос, мени тўғри тушунинг. Азбаройи ҳаддим сиққанидан сизга ёрилдим, укажон. Эҳтиёт бўлинг,- деди у.
-Баҳузур ака, мен тилига пишиқ одамман. Ҳамма ишнинг бошида ўзим тураман. Ташвишланманг, - дея уни юпатаман. – Ўша дурдонани қаердан оламан. Ишни бошлайлик. Қанча эрта бўлса, шунча яхши бўлади.
-Дурдонани сизга Ёрмат ака беради, - дейди у. – Ҳаммаси унинг хонасида тахланиб турибди. Бориб менинг номимдан олаверасиз.
-Узр, мен у кишининг хонасидан ўша дурдонани ололмайман, - дедим тап тортмасдан.
-Эй,ей, нега укажон, нимага ололмайсиз, - дея у ҳам ажабланди.
-Худди билмаган одамдай гапирасиз-а? Ахир бугун азонлаб у киши амрингизга биноан мендан ишдан бўшаш ҳақида ариза сўради-ку! – дейман.
-Бўлиши мумкин эмас, сизни хафа қилишибди. Ҳозироқ у кишининг танобини тортиб қўямиз, - дея ёнидаги турган қутидек телефоннинг тугмасини босди. Нариги томондан:
-Ассалому алайкум Хайриддин ака, яхши келдингизми? Уй-иш, ижод тузукми? Итингизни тиши энди яхши бўлиб қолдими? – деган Ёрматнинг доимий ялинчоқ ва хушомадгўй овози келиб, бутун хонани тутди.
-Тузук, - деб унинг гапини бўлди олампаноҳ. – Сиз нега ижод аҳлига дуруст ёрдам кўрсатмаяпсиз. Бу ерда оқсоқлик бор. Нега ўртоқ Бузруковдан ариза сўрадингиз. Сизга ким ваколат берди, қани гапиринг-чи?
-Кечирасиз, Хайриддин ака, айбимизни тан оламиз. Ҳаддимдан ошибман. Тегишли чораларни кўрамиз Бузруков масаласида нима десам экан, ҳа у куни Покиза опаникида ўтирганимизда берган топшириғингизга мувофиқ...

Раҳбар шу ерда телефон гўшагини қўлига олади. Энди Ёрматнинг овози хонани тутмай қўйди. Раҳбар гўшакни қўлида тутганича ёлғон пўписа қилади:
-Ёрмат ака, сизга кўчадаги гапни ишхонага кўтариб келманг, деб неча марта айтаман. Ёш кадрларни асраш керак. Майда-чуйда сўзлардан юқорироқда юришни ўрганинг. Ҳозироқ хонангиздан анови китобларимни Бузруковнинг хонасига опчиқариб беринг. Тушундингизми?
-Ёши катта бўлсаям кўп нарсаларга ақли етмайди бу одамнинг. Сиз хафа бўлманг. У кишининг гапларини кўнглингизга оғир олманг. Ижодни гуллатиб, кўнгилни тўқ қилиб, ўйнаб-кулиб ишлаб юраверинг. Бояги масалани кейинроқ бафуржа гаплашиб оламиз.Бу гумроҳнинг топшириғи учун сиздан узр сўрайман. Мени ҳам маъзур тутасиз. Ишда ҳаммаси бўлиши мумкин , - дея менга юзланди.

Биз шу тарзда хайрлашдик.

Хонамга келсам, бир уюм китоб тахланиб турарди...

* * *

Хайриддин Носирнинг янгича-ю эскичадан ҳам саводи борлиги рост. Замон ўзгариб, юрт оғаларининг ёдига элу улуснинг қадим тарихи, анъаналари, арбоблари ва бошқа нодир хазиналари гўёки қорни тўйиб, ҳазми учун чой ичиб ўтирган кишига нашъаси хумор қилгандек ҳеч кутилмаганда тушди. Барча довдираб, жонсарак алфозда ўзини авло кўрсатиб, ҳар ерга пешкаш қиларди. Ҳарна ўзини содиқу вафодор кўрсатиш, недир илинжу манфаат, жуда бўлмаганида ўзини бечора ва афтодоҳол кўрсатиб қўйиш.

Атроф теваракни фақатгина аждодларимиз кўрсатган қаҳрамонликлар, уларнинг жасоратлари, ёзувлари-ю асарлари, ихтиро-ю кашфиётлари ҳақидаги гап-сўзлар кимўзарга бошланди. Уларни бизга олабўжи, ёт унсур деб ўргатганларни сўкишга сўз тополмай боши қотишган.

Ёппасига мозийни ўрганишга, уни тадбиқ этишга киришилди. Хайриддин Носир ҳам бу вазиятда моҳир сарбон каби карвонини йўлга бошлаб борарди. Жони ҳалак. Хато қилмасликка чиранади. Гир атрофдан маслаҳат сўрайди. Насиҳат олади. Идорани бошқариб туришнинг ўзи бўлмасди.

Хайриддин Носир аслида мен яшаган қишлоқ – Тутлисойдан уч қир наридаги – Узоқбулоқдан. У бозоримизу мозоримиз бирлигини инобатга олиб, менга қайишади. Аслида, унинг талаби билан бу ерда ишлаб юрибман. Раҳбарни қора тортсам-да, бироқ ундан ўзимни опқочиб тураман. Бошқалар ўхшаб унинг рўзғори-ю ишларига аралашмасдим. Ва булар мени қизиқтирмасди ҳам.

Хайриддин Носир мени вақти-вақти билан хонасига чорлаб, юлу юрт ҳақида гаплашиб ўтиришни яхши кўради. Насиҳату маслаҳат берардики, бу ҳам азбаройи ичи ачиганидан. Кейин тергаб ҳам турардики, буни ҳам айтмасам бўлмайди. Ўйлардимки, у мени кўрса, қишлоғи, ёшлиги ва элатдошларини эсласа керак...

Сойнинг сувлари ва зиёратгоҳларни қўмсаб юрган кунларимда хизмат сафарига отландим. Мен сафарга отланган юртга бориш учун аввалига ўзим яшаган қишлоқнинг устидан ўтиш шарт эди. Негаки, ягона йўл бўлиб, у ҳам бўлса, менинг қишлоғим – Тутлисой орқали ўтарди. Кетар олди раҳбаримиз – Хайриддин Носирга учрашдим. Кайфияти чоғ экан, анча суҳбатлашдик. «Китобларингизни ҳам биратўла опкетиб, пуллаб келаман, яна бошқа топшириқлар йўқми?» деб сўрайман. Раҳбар анча дам ўйланиб турди. Сўнг столнинг тортмасини ковлай бошлади ва охири ундан елимланган конвертни олди-да, «Узоқбулоқнинг мактабида Ойсулув деган муаллима бор, мана буни унга бериб қўясиз. Фақатгина эҳтиёт бўлинг,» дея узатди.

Хайр-хушлашиб, унинг хонасидан ташқарига чиқдим.

Ўйлаб қарасам, анчадан бери қишлоққа бормаган эканман.

Фурсат етиб, тегишли нарсаларни халтага жойлаб, тонгда йўлда отландим. Худо хоҳласа, тўрт соатда уйга етиб оламан. Шу баҳонада қариндошларни кўраман. Сўнг довон ошиб, хизмат сафаримни ҳам адо этаман, деб ўйладим.

Энди шаҳарда чиқаётганимда машинамга кекса – тахминан ёши етмишлардан ошган шляпали киши қўл кўтарди. Тўхтадим. У киши ҳаллослаб етиб келганича, энкайиб сўради:
-Ука, қаергача борасиз?
-Амаки йўл бўлсин сизга?
-Бухоро томонларга бормоқчи эдим.
-Йўлим Қарши тарафга эди-да!
-Ундай бўлса мени Самарқандгача опкетинг. Илтимос сазамни ўлдирманг? – дея ўтинади.
-Бўпти, ўтиринг, йўлда гап бериб кетасиз...

Чол афтодаҳол эди. Кўзлари киртайган. Суррайган бурнини косовдай қўллари билан ишқаб қўяди. Йўл-йўлакай об-ҳаво, нарху наводан гаплашдик. Сўнг сафарга чиққанимни ва шу баҳона уйга бораётганимни, туғилган юртим билан боғлиқ истиҳолаларимни ҳам айтдим. Тўй-маъракаларда қатнаша олмайман, дедим. Эртага болаларим нима қилади? Ўзим-чи? Ўзим? Мана шундай нарсаларни ҳам ўйламаса бўлмас экан, дедим.
-Ука, - дея гап бошлади шеригим. – Бундай савдонинг энг ёмони менинг бошимдан ўтди. Келинг, узоқ йўл, сизга бир бошидан гапириб берай. Асли – Оқтовданман. Отамнинг отини – Ражаб деган. Онамнинг оти эса - Кунсулув эди.Онам илғорлардан эди. Қишлоғимизда энг биринчи бўлиб, паранжисини ўтга отган, ёшкамол бўлиб, фаол аёл у қизларга раҳномалик қилган эди.

Отам мен ҳали туғилмасимданоқ урушга кетади. Урушдан салкам етти йил деганда қайтди. Худога шукрки, тани-жони соғ эди.

Мана шу орада мен туғиламан. Онамни у далада ўроқ ўриб, машоқ териб юрган дамда тўлғоқ тутганида, Маҳкамтош кампир доялик қилган экан.

Менга – Омон деган исмни қишлоқ оқсоқоли қўяди. Мақсад шу эдики, менинг исмим тимсолида юрт обод, урушнинг тезроқ бартараф бўлишини ва бошқа хайрли ниятлар бор бўлиб – охири бахайрлик тўйғуни кўрмоқ исташади...

Отам урушдан қайтган кезлари мен ундан бегонасираганда пайтимда, онам:
-Болам, бегонасирама, отанг бўлади. Урушдан қайтди. Сенга кўп ўйинчоқлар опкелди. Ҳали сени мактабга олиб боради. Катта одам бўлиб кетасан. Отга миндиради. Бозордан сенга ҳар хил ширинликларни опкелади. Ўзинг ҳам отам қаерда? Қачон келади? дея мени қийнардинг-ку! Мана энди ҳаммаси жойига тушди. Шукрки, отанг бағримизга эсон-омон қайтди. Чоп, отангнинг олдига бор. Бегонасирама...

Отам кулиб-кулиб мени қучади. У бошимни силаб, ўзининг бошидан ўтганларини бирма-бир кўз олдидан хаёлан ўтказди. Тақдиридан рози бўлади. Дайди ўққа учмасдан уйига соғу саломат келди. Отамнинг кўзида ёш қалқиб ва юзи аро бошимга томчилади. Мен эса унга ажабланиб қарайман. Онам ҳам бу ҳолни кўриб туриб, «уруш ҳам унинг дийдасини қотирмабди,» дея ўйлайди.

Ёшлигим охир кечган.

Дафтар, қаламни латта халтачага солиб, қишлоқнинг бир чеккасидаги мактабга қатнардик. Мактаб ҳам омонатгина қурилган эди. Ёзда иссиқ, қишда совуқ бўладиган бу даргоҳда у ўн йил ўқидим. Менга қўшилиб икки укам ҳам бу ерда таҳсил оларди.

Мен шўх эдим. Қизларнинг жамалагини бир-бировлариникига боғлаб қўярдим. Ўрнидан илкис турган қизлар додлашарди. Сўнгра улар мени ёзғиришарди. Мен болаларни бир-бирига тезлаб, гиж-гижлаб, уриштирардим. Жанжал бўлганида, ўзим силлиқгина жуфтакни ростлардим.

Охири ҳаммаси фош бўлди. Улар мени тутиб олиб роса дўппослашади. Мен эса яна ҳеч нарса кўрмагандек юраверардим.

Вақти етиб, мактабни ҳам тугатдим. Отам мени Самарқанддаги муаллимлар тайёрлайдиган даргоҳдан бирига опкелади. Ҳужжатларни топширдик. Сўнг шаҳар четида - узоқ қариндошларимиз яшайдиган Арабхона қишлоғидаги Мамасодиқ бобонинг уйига келиб қўнамиз. Мен бу ерда туриб ўқишга тайёрланган киши бўлдим.

Мамасодиқ бобонинг рўзғорида ҳам ул-бул юмушларга қарашиб турдим. Мен ўқишга кира олмадим. Отам ҳам, уй эгаси – Мамасодиқ бобонинг ҳам дилхира бўлди. Эртасига эрталаб, тонг ёришса, ота-бола қишлоққа қайтишимиз керак. Бироқ, боргим йўқ. Орият йўл қўймайди. Охири қолган-қутган кучимни йиғдиму отамга юзланиб ва дардимни айтдим:
-Ота, мен энди қишлоққа бормайман. Боришдан уяламан. Шу ерда ёки бошқа жойдан иш топиб, ишлаб, сўнг, келаси йили ўқишга кириб, уйга бораман. Энамга ҳам тушунтириб айтинг. Мендан хафа бўлмасин. Мен барибир ўқийман. Ҳали кўп ишларни қиламанки, кўриб ҳайрон бўласизлар. Ота, эртага ўзингиз қишлоққа кетаверинг, озроқ пул-мулдан менга ташлаб кетсангиз бўлди.

Эрталаб отам қишлоққа қайтиб кетади. Мен бироз – ҳовурим босилгунча Мамасодиқ бобоникида юрдим. Кейинчалик тақдири таваккал деб Тошкентга иш қидириб келдим.

Бу ерга келиб, бир нўғой кампирнинг уйига жойлашдим. Нўғой кампирникида мендан бошқа Хайриддин деган бир йигит ҳам бор эди. Шеригим билан танишдим. Уч-тўрт кун ўтиб, у мени ўзи ишлаётган заводга бошлаб келди. Мени заводга ишга қабул қилишди. Ижарачи нўғой кампир бизларни назорат қиларди. Маишатларимиз яхши эди бу орада отам ҳам келиб, аҳволни билиб кетди. Шу билан бирга ўқишимни ҳам суриштирди. Мен ҳали шаштимдан тушмаган эдим, «ота, барибир ўқишга кираман,» дедим.

Оладиган маошларимиз ҳам тузуккина эди. Бу мавсумда мен муаллимлар тайёрлайдиган курснинг сиртқи бўлимига хужжатларини топширдим. Туну кун бошимни кўтармасдан китоб ўқидим.Бу гал омадим чопди. Имтиҳонлардан ўтдим. Мени ўқишга қабул қилишди.

Отам хурсанд бўлганидан нўғой кампирникига қўй сўйиб келди. Дўсту биродарларимга зиёфат берди. Отам боласининг бахтидан хурсанд эди.

Мен ўқишда янги одамлар билан танишдим. Турли тоифа инсон... Ҳаммаси хурсандчилигига шерик излайди. Барчаси ҳам олис манзилларни мўлжалга олишган.

Ана шундай кунларнинг бирида нўғой кампир мени ёнига чорлаб, ийманибгина турган бир қиз билан таништирди:
-Бу қизнинг исми – Фарида бўлади. Акамнинг қизи. Бўлажак дўхтир. Ҳозирча ота-онаси олис ва узоқ командировкага кетяпти. Шунинг учун бу қиз–Фарида бизникида туради. Бир-бировларингга ёрдам этасизлар.

Шундан сўнг нўғой кампир Фаридага мени ҳам касби-коримни, ўқиш-туришини айтиб таништирди.

Не қилайки, мен Фаридага шайдо бўлдим. Ишдан эрта қайтаман. Нўғой кампирнинг юмушларига ёллашаман. Шу орада Фаридага ҳам ёрдамимни аямайман... Унга ҳар турли латифалару ривоят-ҳикоятларни айтаман. Шеъру достонларни ҳам сўзлардимки, охири кўринмасди.

Мен қизни аврадим.Ва кўнглини ҳам олдим. Буни эса нўғой кампир ҳам пайқади.
-Ҳов, бола, - деди нўғой кампир менга. - Бу ишни чидаганга чиқарган, ярим йўлда қочадиган бўлсанг, ҳолингга маймунлар йиғлайди. Қадамингни билиб бос, кўзингга қара, бошингга ёмон савдолар тушмасин.
-Мен мардман, хола, - дедим, - кўнглим амри нимани буюрса шуни қиламан. Бировга зиёним тегмайди. Фариданинг муҳаббати мен учун шараф. Мен бундан бахтиёрман.
-Эй, бола, сен бунақанги ҳавойи гапларингни қўй. Сенга ишониш қийин, негаки, кўзларинг ўйнайди. Сен бола қувга ўхшайсан. Ҳали бошингда кўп ташвишлар бор кўринади. Одам қадрини билмайдиганга ўхшайсан. Ҳозир ҳам кеч эмас. Ҳаётингни тўғри йўлга бошлаб юборишинг мумкин. Акс ҳолда, сенга қийин бўлади, - деди нўғой кампир.
-Сиз нотўғри фикрлаяпсиз, - дейман, - менинг тақдирим ҳали ҳеч кимга маълум эмас. Сиз эса бемалол фол очяпсиз.
-Эҳ-ҳе-э, болам, - деди нўғой кампир. – Мен фол очмаяпман. Бор-йўғи тахмин қиляпман, холос. Бувим синчи бўлган. Нима бўлгандаям сен мендан хафа бўлмагин.

Суҳбатимиз шу билан тугайди.

Фарида билан тўйимиз дабдаба-ю асъасалардан ҳоли тарзда ўтди. Ота-оналаримиз бўлаётган тўйимиздан норози эди.Тўйда куёв томон қариндошлардан вакил ягона – Хайриддин эди.Тантана тугагандан сўнг келин-куёв нўғой кампирнинг дўлтахонасига жойлашдик. Бироз вақт ўтиб, Фариданинг отаси шаҳарнинг ўртасидан икки хонали уйни бизга совға қилди. Энди мен бутунлай бошқа оламга киргандим.

Қайнотам ўқишни тугатаётганимни билиб, машина совға қилди. Ва шу билан бирга мени ўзим битираётган даргоҳга ўқитувчи қилиб ишга жойлаштирди.

Тан оламан, юриш-туришим осонгина ўзгарди. Энди мен ҳам ҳар қандай давраларга мослаша оладиган одамга секинлик билан айланаётган эдим. Мен эришаётган ютуқларим учун қайнотамдан миннатдор эдим. Негаки, уйда ҳам, кўчада ва ўқув даргоҳида ҳам обрўим баланд бўлди. Фақат отамгина ўғлининг обрўсига беписанд эди. Онам сандиқдаги сепларини ёйиб йиғларди...

Мусофир юртда биргина Хайриддин мудом мендан хабар оларди. Унинг устидан истеҳзо билан кулмоқчи ҳам бўлардимки, лекин афсуски, бундай қила олмасди. Негаки, у мени ўтмиш билан боғлайдиган ягона кўприк эди.

Тақдир экан, қаранг, мен ишхонамиздаги боши очиқ бир аёлни ёқтириб қолдим. Аввалига кўнглини олдим. Кейин қўл солиб кўрдим. Ҳаммаси жойида. Аёлнинг ҳам менга майли бор экан. Машинамда шаҳар айлантирдим. У билан ошиқ-маъшуқлигим давом этарди. Турли хил зиёфатлар, антиқа совға-саломлар уюштирилди. Охири воқеалар ривожи шу бўлдики, менинг саргузаштларимни кимдир Фаридага еткизади. Орада катта жанжал қўпди...

Боши очиқ аёл дўхтирдан нома келтирадики, унда берилган нома эгаси иккиқат, унга парвариш ва меҳр зарур. Муштипарни авайламоқ шарт, деб ёзилган экан.

Аёл бу хатни қўлида тутиб, аввалига ишхонадаги раҳбарларига айтади, сўнг уйга келиб, бор гапни Фаридага айтади-ю кетади. Қолган томошога ўзи аралашмайди.

Хотиним машинанинг калитини опқўйиб, мени кўчага чиқариб юборади. Кейин ишдан бўшаттиради.

Мен яна ўша эски – нўғой кампирнинг уйига қайтиб келдим. Кампир киритмади. Роса ялиниб ёлворганимдан кейин изн берди. Бу ерда ижарада яшаб юрдим. Хайриддинни сўриштирдим.Бу орада у ҳам оила бўлибди. Ўқишни тугатиб, қаердадир ишлаяпти экан. Ўзим ҳам босиб сўрамадим.

Кунлардан бирида хотиним болаларим билан келиб, мени уйига опкетади. Кечга томон қайнотам ҳам етиб келади. Мен эса ўзимни қайнотамнинг оёқларига остига ташлайман.
-Мен айбдор эмасман, - дейман. – Бу тушунмовчилик. Мен ёлғиз Фаридани севганман. У аёл – жодугар. Оиламга раҳна солмоқчи бўлган. У манжалақи мени шарманда қилмоқчи. Негаки, менда бойлик, обрў, эътибор, иззат-ҳурмат ва қолаверса, сиздек суянган тоғ бор. Шунга ҳасади келади.

Қайнотам менинг гапларимни бўлмасдан эшитиб ўтирди. Бошини чайқади. Унинг боласига ачингани-ю афсусланаётганини сезиб турардим. Унга раҳмим келди.
-Сен болада кўп гап борга ўхшайди, - деди қайнотам. – Авваласига ажал худодан. Лекин сен ўз ажалинг билан ўлмайдиган кўринасан. Икки ёлғон, бир қасам дейишади. Қасамдан қўрққин бола. Сен яхшиликни билмайдиган, оқу қорани фарқламайдиган, нону намакни унутган одам экансан. Майли, қизимнинг тақдири сен билан қўшилган экан, пешонамдан кўраман. Лекин сен аблаҳ ва ифлос экансан.

У шу гапларни айтди-да, ўрнидан турди.

Фалокат устма-уст келаркан. Ишларим орқага кетди. Яратганга ҳам қилган ишларим ёқмади чоғи ва бу ёғи қайнатамнинг қаҳри қаттиқ келиб, ишдан кетдим. Сўппайиб, уйда ўтирадиган бўлдим. Илгариги давру давроним ўтдими дейман, биров ҳаттоки, нима қиляпсан дея эшигимни қоқмайди. Ўзимни қўярга жой тополмайман. Дунёларга сиғмай кетаман.

Уйда юраману декин бу ердагилар мени ҳисобдан чиқаришган. Мен билан бировнинг иши йўқ. Бору йўқлигим билан биров қизиқмайди. Ўзимга ўзим андармон бўлиб юраман. Бунга ҳам сабабчи ўзим, деб ўйлайман. Идиш товоқларимни ҳам алоҳида қилиб беришган. Алоҳида хонада ётиб тураман. Улар бир коса овқатимни ўлганининг кунидан қўйиб кетишади. Чойни ўзим дамлаб ичаман. Дастурхонларни ўзим соламан, ўзим йиғаман. Кирларни ҳам ўзим юваман. Бир азобда кун кечира бошладим. Бироқ, уйдан бир гап ташқарига чиқмаслик учун қозоннинг қопқоғини маҳкам тутиб турардик...

Мен энди секинлик билан худди ҳаётни ўрганишни бошлаган боладек, секин уйдан чиқиб, ташқаридаги дунё – бошқа оламга ҳам қизиқа бошладим. Ва бу оламга астагина кира бошладим ҳам. Ташқари деганим – бу кўча – чойхонада ўтирадиганларнинг ёнига бориб келиб, шу ерга секин бўлса-да танда қўя бошладим. Бу ердагиларнинг ҳам ўз дунёси бор эди. Ажабки, бу ерда ҳам олам муҳокома қилинарди. Тахмину тусмоллардан ташқари, хукми хулосалар ҳам ясалардики, эшитиб ҳайрон қолардингиз. Улар ҳам ҳаётни ўзларича кузатарди. Мениям бу давра қучоқ очиб кутиб олмади. Негаки, улар мендан чўчишганди. Ҳадиксираб сўз бошларди. Даврада ўтирсам, улар бирданига жим бўлиб қолиб, гапнинг ўзани бошқа томонларга бурилиб кетаётганлигини сезиб турардим. Шашти бирданига тушган давра, бирданига жўн суҳбатга ўтарди.Улар мени хушламаётганини сезиб қоламан. Ўйлашимча, улар мени менинг кимлигимни орқаваротдан эшитган ва тақдиримдан хабардор эди. Даврадан менга одатий саволларни ташлаб кўрарди:
-Домла, ҳозирги ёшлар ҳам аввалгиларга ўхшамайди!..
-Бу гап эрамиздан олдин ҳам бўлган экан, Манбаларда буям қайд этилган, - дейман пинигимни бузмай.
-Илгарилари муаллим койиса, ота-оналар ҳам маъқулларди, ҳозир эса иддао қилади, - дейди яна бири. – Боласига қўшилиб келиб, сизни изза қилади.
-Беш қўл баробар эмас. Ҳаммаси ҳам сиз айтгандек, бетгачопар эмас. Орасида яхшилариям кўп, - дейман.
-Нима бўлгандаям, сиздек домлаларга қийин бўлди. Авваллари пичоқ мой устида эди. Энди замон ҳам одамлар ҳам ўзгарди. Бир гап камлик, иккитаси эса кўплик қилади, - дея яна бошқаси писанда қилади.
-Эллик йилда эл, юз йилда қора қозон ўзгарар экан.Бунга ҳайрон бўлмаслик керак. Замон шиддат билан олға кетаётган бир пайтда эски тутумлар билан яшаш ҳар қандай илғор фикрли кишини толиқтириб қўяди.Бунингучун сира қайғуриб ўтириш керак эмас, - дейман.

Шундан кейин давра бир пас жим туради. Орада суҳбат барчанинг бошида айланиб, таҳлил қилинаётганини англайман. Бироқ, олдинда яна саволлар бошланиши тайинлигини ҳам унутиб бўлмасди. Мана айтганим бўлди. Яна бири бошини кўтариб савол ташлайди:
-Замонга қараб иш кўриш керак, дейсизда- а домла?
-Замон ҳам макон ҳам жойида турибди. Фақатгина ғоялар ўзгарган. Уларни рўёбга чиқариш учун фурсат керак. Биз мана шу ерда сабрсизлик қиламиз. Аслида, мавриди билан ҳаммаси ўз-ўзидан жойига тушиб кетади. Бу юмушларнинг бизга боғлиқ жойи фақатгина мана шу ерда. У юқридан бошқарилишини билиб олсак, кўнглимиз жойиша тушарди, - дейман.
-Яшанг, домла, тўғри айтасиз, замон эмас, ўзимиз ўзгариб боряпмиз, - дея бири гап бошлаган дамда, яна бошқаси:
-Тўғри-ку-я лекин деганлари ҳам турналардай учиб кетди,- дея шартта сўзни бўлади.- Ана Шукурнинг отаси уни бола-чақаси билан кўчага чиқариб юборибди. Нариги кўчадаги Норқул қассоб онасини қариялар уйига обориб ташлабди. Илгарилари бундай ишлардан ҳайиқишарди. Уяту андиша бор эди.

Даврага разм солсам, улар мени қизитиши билан бирга ўзлари ҳам оташга айланиб борарди. Аммо ҳаммаси ҳам менинг оғзимга қараган. Биргина мен уларнинг эътиборини тортиб ўтирардим. Бу ҳолат менга даврага кураш учун тушган полвонни эслатарди. Полвон рақибининг қай ҳолатда, қай пайтда қайси усулдан фойдаланишини ўйлаганидек, мудом сергак туради. Менинг аҳволим ҳам шундай эди. Даврадагилар ёши-ю касбига қараб турли туман саволлар ташлайди. Унинг заминидаги мазмун моҳият ўзимга ҳам аён бўларди.
-Сармоя ҳаётни белгимаслиги керак, - дейди юзи ҳам, кийиниши ҳам сипо бир киши. Бу одам бир пайтлар дўкондор бўлганлигини кейинчалик билиб оламан.
-Ҳаётни биринчи навбатда муҳаббат ва кейинги галда эса пул белгилаши бор гап, - дейман унга қараб туриб.
-Инсон пулу маблағлардан юқори туриши керак. У олдингизга ўтдими, тамом, худо урди, деяверинг. Кўз олдингиз қоронғулашиб, не қиларингизни билмайсиз. Бойликни ҳамма ҳам кўтара олмайди, - дейман.
-Дунёда ҳамма бою бадавлат бўлса, унда камбағаллар кимга керак бўлади. Ахир у ҳам оламда ризқини териб юриши учун яратилган-ку! Уям мен ночору нодон бўлиб яшайман, дея дунёга келмаган-ку! Беш қўл баробар эмас, қўйинглар, шу гапларни кун бўйи фақат шуларни сўзлашамиз. Бировга фойдамиз тегмайди-ю, лекин йўл-йўриқ кўрсатамиз. Бошимизга келса, кўраверамиз-да, - дея кексароғи гап ташлайди.

Давра менга ва мен ҳам ўз-ўзидан даврада ўтирган бу одамларга қўшилиб борардик.

Эрмак учун бу ерда турли ўйинлар ташкил этиларди. Шахмату шашкадан тортиб қиморгача бу гўшада тонг отгунича ўйналар экан. Бу орада эса бурчакдаги ўчоқда қозонга ҳам егулик ташлаб қўйишарди. Дастурхон ҳам атрофдагиларнинг ҳимматига қараб тусланиб турар экан.

Суҳбатимиз бирданига сўнди. Негаки, кеч кириб, ҳамма уйига шошила бошлади…

Секин аста мен мен ҳам уйдан отилиб чиқардиму мана шу жойга шошилар эдим. Бу ер мени ўзига оҳанграбодек жалб эта бошлаган эди. Инсон барча шароитга кшника бориши ва шу тариқа ўзида яшовчанлик қобилиятини намойиш этаётганини ўзи ҳам илғамаса керак, деб ўйлаб қолдим. Бунга мен ўзим мисолимда амин бўла бошлаган эдим. Аммо нима бўлганда ҳам, бу чойхонадагилар мана шу оламда ўзларининг борлигини кўрсатиб қўйишлари ва турли қарашларини ҳамда шу билан бирга ғаройиб фикрларни ўртага ташлаб кишини шошириб қўярди.

Бироқ, менинг ҳам бу даврага сингиб кетолмаётганим гоҳ-гоҳида аён бўлиб қоларди. Қозондаги ўпкадек сувда қалқиб турардим.Овунчоқ топганимдан, кўнглим чигилини шулар билан бироз бўлса-да, ёзилаётганидан ожиз қалбим билан сезиб турардим. Аммо юрагим барибир тўлагича очилмасди. Бу менга ҳам қоронғу эди.

Чойхона йилнинг барча фаслларида ҳам оломонга тўла бўларди. Келувчилар кўрган кечирганларини шу ерга келиб, ўртага ташларди-да, бири олиб, бири қўйиб муҳокома қилишарди.Бу ерда мен аввалига ароқ ичишни, ичганда хам ўзимни билмайдиган даражада етдим. Ва шу орқали танимда бир ҳузур ҳам туядиган бўлдим. Бошимда туну кун тинчлик бермайдиган, мени банди қилган ҳар неки ўй-ю хаёллар бирданига бирданига ғойиб бўлиб қоларди. Шунда мен ўзимни жуда эркин сезардим. Дунё кўзимга яна илгаригидек тотли кўрина бошларди. Менга чалғиганим ва бироз бўлса-да ташвишларни унутганим ҳисоб эди. Мастлигимда бутун олам оёғим тагида ётгандек бўларди. Бу ҳам майли, мен бу ерда бора-бора қимор ҳам уйнай бошладим.

Кеч куз эди. Шамол аралаш ёмғир эрталабга қадар бетиним ёғди. Азонлаб ўрнимдан турсам, хотиним ўйғонишимни кутиб ўтирган экан. Юз-қўлимни ювиб келиб, дастурхон ёнига ўтирдим.
-Томдан чакка ўтяпти, тоғора-пақирлар тўлиб бўлди. Тепага чиқиб тузатиб тушинг, - деган амр бўлди.

Оғзига талқон солган одамдай жим ўтирардим. Сўнг, нарвонни топдиму деворга тақаб, томга ўрмалай бошладим. Кечаги ичган ароқларим бошимни айлантирар эди. Нимагадир шу ишни қилгим келмасди, оёғим тортмаётганди. Томга чиқиш мен учун жуда азоб эди. Ёшлигимда ерга юрса осмонга сапчийдиган, шиддаткор бола эдим. Товонимдан ҳам, кўзларимдан ҳам ўт чақнаб турарди.

Бир амаллаб томга чиқдим. Ҳаво айниган, шамол туриб, яна ёмғир ёғадиган аҳвол юзага келмоқда эди. Булутлар янада куюқлашган. Мўлжал қилиб, тешилган тунука томон бораман. Шу зайлда кетаётганимда, бир пайт не фалокат юз бериб, оёғим сирпаниб кетди. Ўзимни бажара олмай қолдим. Тасавввур қилинг, мана шу гавдам билан томдан ерга қуладим. Худо деганим бор экан, фақатгина бир қўлим билан бир оёғим синди. Қариганда битиши қийин кечаркан. Анча азоб тортдим. Ҳаттоки, хожатга ҳам бировнинг ёрдамисиз боролмас эдим. Бошида хотиним билан болаларим ўлганининг кунидан қараб туришди. Мен уларнинг жонига тегаётганимни сезардим. Бир куни ҳеч ким олдимга кирмади. Жим ётавердим. Иккинчи ва учинчи кунни ҳам шу ҳолда ўтказдим. Учинчи кун жуда ташвиш тортдим. У ёқдан бу ёққа ағдарилиб олишим мушкул эди. Ёрдамга муҳтож эдим. Тўртинчи куни эрталаб, қайнсинглим келди. Мен ётган хонанинг эшигини очди-ю бурнини жийирди.
-Фаридалар Қримга кетишди. Аквариумдаги балиқларга емак бериш учун келувдим. Уям тугаб қолибди, охиргисини бердим. Магазиндан уларга овқат опкеламан. Сиз уйдагиларингдан бировини чақиринг. Қараб турсин ёки бўлмаса сизни ўша ерга опкетиб қарашсин, - деди.
-Яхшимисиз, Наима, ахир улар ёзда кетарди-ку! – дейман хўрлигим келиб.
-Ихтиёр ўзида, қачон хоҳласа, ўша пайтда кетаверади. Айни ўйнаб куладиган вакти келган, - дейди беписандгина.
-Тўғри айтасиз, ихтиёр ўзида, меники эса бировнинг қўлида,-дейман кесатгандек бўлиб.

Бироқ Наима парво ҳам қилмайди. Аслида, бу гаплар унга заррача бўлса-да, таъсир килмаётганлиги англаб турардим. Айни каломлар Наиманинг табиати-ю руҳиятига хам мутлоқо зид эди.
-Домла почча, сиз буларни бошида ўйлашингиз керак эди. Опамни оёқости қилган пайтингизда бу кўргулик борлигини умуман ўйламагансиз, мана олдинда сизни кутиб турган тақдир бу экан, - дейди шартта.

Сўз шу ерда тугайди. Унинг ҳам ва боз устига менинг хам гаплашишга ҳушимиз қолмаган эди. Наима эшикни ёпди-ю ташқарига чиқиб кетди. Хонада яна ўзим эски дардларим билан қолдим. Осмон йироқ, ер қаттиқ, деганларини шу ерда билдим. Сим кароватда оёқ-қўли боғланган ҳолда ётганимча дунёга, тақдиримга ланъат айтардим. Биров келиб мендан хабар олмасди. Энг оғир кўргулик мана шу эди менга. Танимда симиллаб турган оғриқ менга таъсир ўтказа олмасди. Мен бунака азобга кўникиб бощладим. Ва бундан тўлиғича кутилмоқ истардим. Гапнинг рости, жонимга қасд қилмоқчи ҳам бўлдим. Бироқ, ноилож эдим.Қўлимдан ҳеч нарса келмасди.

Менинг кўзим энди очилди. Одам ҳар нарсасиз яшаши мумкин экану лекин орсиз яшай олмаскан. Яхшиямки, оламда номусу ор яралган экан. Кўп нарсаларни қўлдан чиқариб бошлаган эканман, дея уйлай бошладим. Шу дамда отам бечоранинг менга қилган оламжаҳон насиҳатларини беихтиёр эслайман.

»Болам, энанг билан мениям, манови қариндош –уруғ, оғайниларниям ўйлама, майли. Лекин элни, тупроқни ўйлагин. Яхшидан яхшиси кўп. Кўча тўла аёл. Илиқ гапирганнинг ортидан илиқиб кетаверсанг охири нима бўлади? Уруғни булғадинг, бола. Лекин бир нарсани билиб қўйгин болакай, ҳали кўп нарсани кўрасан. Увол ёмон нарса. Майли боравер, олдингдан оқ кун туғсин!»

Бугунги кунда келин ўша отанинг ўғлини ташлаб, сайру саёҳатга кетган. Эр эса уйда оёқ-қўлсиз ётарди. Гунохкору жабрдийдани истаб, уни ёзғиришга фурсат йўқ. Ҳамма бир-биридан ўтган. Ҳамма ҳақ.

Кўҳна тарихни эслагим келмайди. Бундан хотирам оғрийди. Умрнинг эса кўпи ўтиб хам бўлди. Ноумид бўламан. Хўрлигим келди. Балиқчалик меҳрга, иззату эътиборга ҳам нолойиқ эканлигимдан нафратландим. Иззатим битганини сездим. Кўрпага бошимни буркадиму йиғладим. Кўп ва ўксиб йиғладим. Анчадан бери йиғламаган эдим. Ҳайҳотдек ҳовлида, қоронғу торкунжакли хонада, сим каравонтнинг устида оёғу қўли синган одамнинг йиғлагани жуда жонли чиқарган. Овозимни чиқариб, баралла бақириб, ҳўнграб йиғлайман. Хуморимдан чиққунича йиғладим. Танимдан оғриқлар кетди. Хаёлимдаги мушкулотлар ҳам тугаб битди.Бунақа ҳузурни ва бунақа ҳаловатни яқин орада тўймаган эдим. Таним яйради. Гуноҳларимни бир бир эслаганимда йиғи янада кучаяди. Оғриқ эса ўз-ўзидан йўқолиб кетди. Бироқ ўрнимдан силжий олмасдим.

Бир маҳал, дарвоза тақиллаб, овоз келди:
-Домла, уйдамисиз?
-Омон ака, овоз беринг!
-Одамни соғинтириб юбордингиз-ку!

Бу овозлар чойхонадаги одамларники эди. Мен ҳам жонҳолатда уйдан туриб овоз чиқардим. Улар тортиниб, ҳижолат бўлганича уйга кириб кела бошлашди. «Баҳузур келаверинглар, мен кутиб ололмайман,» дедим. Улар мен ётган хонага бостириб келишди-ю ҳангу манг бўлиб қолишди. Боя йиғлаганларимдан кўзларим ҳам сал-пал шишган экан, чоғи, улар ҳам қараб –қараб қўйишди. Вазиятни тушунтирдим. Орадан ҳижолатпазлик кўтарилди. Улардан бири ёстиғимни тўғрилади. Яна бири ошхонага кириб овқатга уннади. Бири чой келтириб, менга ҳам чой узатади. Ичдим. Дастурхонга ҳаш паш дегунича овқат келтиришди. Суюқроқ жойидан менга ҳам сузиб беришди. Уни ҳам ичдим. Озроқ гурунглашган бўлдик. Бир маҳал улардан ёши каттароғи гап бошлади:
-Домла хафа бўлмайсиз. Сизга навбатма навбат йигитлар қараб туришади. Иссиқ-совуғингиздан хабар оламиз.Ўзингизни уринтирманг.Ҳозирча Жаббор сен қоласан, домлани кўпам безовта қилмайлик, қани кетдик, - дея дўкондор Салим гапини тугатиб йўлга тушди.
-Ўтиринглар, гурунглашамиз, тонг узоқ бўлса? – дедим.
-Йўқ, – дейишди улар кескин.

Жаббор иккимиз ҳангомалашиб ўтирдик. Сўнг унга ҳам жавоб бердим. Бироқ у жойидан жилмади. Унамади. Йўқ, Салим ака билсаям, эшитсаям хафа бўлади, деди. Бу гапдан иккимиз ҳам кулишдик. Гапидан Жабборнинг ўзи ҳам илжайиб қўяди.

Жаббор билан суҳбатлаша туриб, ўша оқшом минг бир истиҳола билан уйга телефон қилдим. Укамни чақирдим.

Тонг отарига укам ҳам етиб келди. Уйга киришда уни Жаббор табассум ва тавозеъ билан кутиб олди. Укам мени кўриб авзойи ўзгарди. «Ҳаммаси бир бошидан айтиб бераман,» дея имо қилдим. Дастурхон тузалган. Нозу-неъматлар муҳайё. Чой келтирилди. Бир пиёладан чой ичдик. Сўнг Жаббор укамга юзланиб:
-Ака, домла сал-пал суринганлар, унчалик хавотир олманглар. Ҳаммаси жойига тушиб кетади, – дейди.
-Нима бўлди, ака, тинчликми, парашюти очилмай қолган учувчидай ётибсиз, - дея сўроқлайди.
-Томга чиқувдим, тунука эскирганми ёки бошқами, хуллас, оёғим тойиб йиқилдим. Бу ёғи тақдир экан, деб осмонга кўз тикиб ётибман, - дедим.
-Томга сиздан бошқа чиқадиганлар йўқмиди? – сўрайди укам.
-Фалокатда, ҳалиям худо бир асрабди, домлани, - дея Жаббор укамга юзланади.
-Тўғри, белим синиб, кўтарам бўлиб қолсам нима бўларди, - дейман.
-Домла, янгам билан бола-чақалар учун сизни яратган қайтариб берди. Энди унинг ҳузурини кўринг. Мана укангиз келди, сизлар бемалол гаплашиб олинглар, кейинроқ келаман, хизматлар бўлса айтинг?– дея Жаббор изн сўрагадек бўлади.
-Майли, борақолинг, ука. Хизматингизга рози бўлинг, раҳмат, - дейман.
-Майли, бориб келсин. Оқ йўл. Лекин яна қайтиб келинг,- дейди укам унга астойдил.
-Ана, бу бошқа гап, мен албатта келаман, ака, - дейди Жаббор кулиб туриб.

Укам Жабборни кузатгани эшикка чиқади. Бир муддатдан кейин укам қайтиб келади.Унинг туси ўзгарган.Унга бор гапни айтдим. У мени уйга опкетишга тушди. Мен кўнмадим. Укам ташқари чиқиб кетиб, бир пайтда егуликларни кўтариб кириб келди. Бироз вақт ўтиб, уйга оқ халатини кийган дўхтир ҳам бош суқди.

Дўхтир мени обдан текширди. Сўнг, кексалигингизга қарамай, битиши яхши, деди. Фақатгина қимирламай ётинг, тузалиб кетасиз. Тойчоқдай чопиб юришингиз яқин қопди. Ундан кейин томга қараб сакраманг, дея тайинлади.

Кечга томон чойхонадигилардан яна тўрттаси келди. Уларга яна ўша дўкондор бошчи эди. Укам билан танишдилар. Гурунг бошланди. Қозон осилиб, ўртага дастурхон ёзилди. Қозон осилди. Орага ароқ тушди. Менга ҳам узатишди. Бироқ, рад этиб, ароқни ичмадим. Улар ҳам мени қистаб ўтиришмади. Суҳбат қизий бошлади. Ора-сира менинг дардимга ҳам шерик бўлиб, ҳали кўрмагандек бўлиб кетасиз, деб қўйишади.

Тун кириб, вақт алламаҳал бўлганида улардан бири чўнтагидан картани чиқариб ўртага ташлади. Аввалига бир қўл икки қўл шунчаки ўйнашди. Кейин ўртага пул тикилди. Менга тагпули бериб туришга бир овоздан келишиб олишди. Укам ҳам уларга қизиқиб, уста қиморбозлардек,карталарни чапдастлик билан олиб, қўлида ушлаб турарди. Уларнинг ҳаммаси бургутдек бир-бирига синчковлик билан қараб туришарди. Кимнинг қўлида нима борлигини билгиси келарди. Бироқ, бирортаси ҳам сир бой бермасди. Дўкондор даврадагиларни юта бошлади.

Тонготарга яқин ўйғонсам, давра ҳали ҳам қимор ўйнар эди. Энди пул тугаб, ўртага нарсалар ўртага қўйила бошлаганди.Ким соатини,бири пичоғини ва яна бошқаси телпагини қўяётганди. Уларни оламни унутиб, бутун вужуди билан қиморга берилиб кетганди. Ҳаммаси ютуққа умидвор. Бироқ дўкондор ҳаммасини шир ялонғоч қилгунича ютиб бўлганди. Тонг оқарган маҳали у даврадагиларга қараб, «бугунча ўйин тугади, энди ишга борамиз. Кечга агар Омон ака рози бўлсалар шу ерга келиб, яна давом эттирамиз. Бунинг учун бир зиёфат мендан,» деди.

Барчаси жимгина қулоқ солиб ўтирарди. Биров орага гап қўшмади. Ҳаммаси карахт эди. Мен уларни ўтиришга уннадим. Укам жойидан ирғиб туриб, чой дамлади. Меҳмонлар дастурхондан бироз тотингандек бўлдилар-да, юзларига фотиҳа тортиб яна ўрниларидан туриб кетишди.

Мен икки ой тўшакда ётдим. Укам жонимга аро кирди. Бу вақт орасида хотиниму бола-чақаларим ҳам саёҳатдан келишди. Ишонасизми, хонамга бош суқиб, аҳволинг қалай, дейишга тили бормади. Умр поёнига етай деб турган пайтда иложсиз қолиш, қўлингдан ҳеч нарса келмай, бировга мутъе бўлиб яшашнинг азобини мендан сўраса, ҳаммасини бир бошдан айтиб берадиган даражага етдим. Улар менга энди мутлоқо қарамай қўйганди. Гўёки, мен улар учун йўқ одамдек эдим. Ҳаттоки, ўз пуштикамаримдан бўлган болаларим ҳам ҳолинг не, деб сўрамаса дунёнинг тугаб битгани шу экан, дейишим камлик қиларкан. Бироқ, айбни улардан излашдан олдин, ўзимга ҳам разм соламан. Ўзим ҳам сўфи эмаслигимни, айбим борлигини беихтиёр тан оламан. Бироқ, қилган гуноҳларимни кечирса ҳам бўларди-ку! деб ўйлаб қоламан.

Аммо ўзингни ўзинг кечирганинг билан бошқалар сени кечирмаса, дардингин яна кимларга айтасан. Аслида, сени дардингнинг кимга кераги бор.

Мен яримжон бўлиб қолдим. Барибир ҳам уйдан ташқарига чиқолмасдим. Ҳолим йўқ эди.Чойхонадагилар мендан хабар олиб туришади. Гоҳ-гоҳида укам келиб, холи-жонимга қўймай уйга оптеман дейди. Мен бормайман, деб хархаша қиламан. Шукрки, қолган жоним омонот экан, дея ўзимни авайлайман.

Бир куни Салим дўкондор қўни-қўнжи тўлиб келди. Ёнида шериклари бор. Мендан хабар олгани келишган экан. Кўриб, гапнинг рости хурсанд бўлдим. Юрагим тўлиқди. Масаллиқларни шериклари қозонга босишди. Дўкондор суҳбати соз одам экан, кўрган билганларидан гапириб, даврани кулдириб, оғзига қаратиб ўтирарди. Овқат тайёр бўлгач, дастурхонга сузилди. Йигитлар ҳам атрофдан келишди. Яна ароқ сузила бошлади. Менга ҳам тутишди. Бир қултум ичаман, деб бир икки қадаҳни бўшатдим.

Анча вақтгача гурунглашиб ўтирдик. Кейин одатдагидек, қимор бошланди. Ҳар доимгидек, менга тагпули беришади. Жимгина уларни кузатиб тураман. Нима бўлди-ю, ўзим ҳам қиморга берилиб, шйнай бошладим. Бошида бир икки қўл ютдим. Кейин эса омадим кета бошлади. Ўйиндан бемаврид чиқиб бўлмасди. Буниям чидаганга чиқарган. Ўйинда охиригача қолдим. Анчагина нарса ютқаздим. Бу сафар Жабборга омад келганди. Буни унинг юриш-туриши тугул гапу сўзларидан ҳам билиб олса бўларди. Дўкондор эса кўпни кўрган одам эмасми, жимгина кузатиб турарди. Тонг отар отмас улар уйига тарқаб кетишди. Бу сафар мен уларни уйдан туриб кузатдим. Ўзлари ҳам тиашқарига чиқишимни исташмади. Ўрнимга ётдиму тонг қотиб ухладим.

Биров мени тургандек бўлади. Ғира шира уйқу аралаш бурилиб қарайман, тепамда хотиним билан қизим турарди. Хотинимнинг қўлида ўқлов бор эди. Энди билсам, у мени ўқлови билан турган экан.
-Шерикларингиз қани?-дея сўроқлайди у.
-Кетишган, -дейман.
— Уларни ҳозироқ чақиринг, -дейди қатъий.
-Нимага ? Тинчликми ? Уларда нима гапингиз бор эди? – дейман.
-Масала жиддий. Келиннинг сепига атаб олинган тиллолар йўқ. Онам берган тилло балдоқ ҳам қўқолган! – дейди хотин.
-Қаерда турган эди ўзи ўша матоҳлар. Шерикларимнинг бунга нима алоқаси бор?–дея ажабланаман.
-Матоҳ, деманг! Меҳнатингиз сингмаганда-а, қиморга бой бергансиз, - дея хотиним уйни бошига кўтариб уввос солади. -Тезроқ чақиринг, бўлмаса, милисага бераман, кейин кеч бўлади. Ундан кўра жимгина, яхшиликча жойига қўйсин.Бўлмаса,туғилганига пушаймон бўлади.

Шу заҳоти чаён чаққандек ўрнимдан яримжон бўлишимга қарамасдан ирғиб туриб кетаман. Бошим қотган. Ва устига нима қилишимни ҳам билмасдим.Хонанинг ўртасида сўррайиб қотиб қолдим. Карахт бўлиб қолган эдим. Атрофимда хотиним гапириб турарди. Қулоқларим уни эшитмасди. Бир амаллаб, юз-қўлларимни ювиб келиб, жойимга ўтирдим. У ҳалиям шаштидан тушмаган. Ўғрини топиш пайига тушган. Мени қистайди. Ҳоли-жонимга қўймади.

Охири, Салим дўкондорга воқеани айтиб, уларни чақирдим. Ҳаммаси зудлик билан етиб келишди. Орада тушуниксиз вазият. Хотиним белига қўлини тираб, қўлидаги ўқловини ўйнатганича, дағдаға қилади:
-Топасизлар, бўлмаса, милиса ити билан келади-да, масалага ойдинлик киритади. Шунда уялиб қолманглар. Ўзингизча касал одамга қараган киши бўлиб, уйни тунаб кетиш яхши эмас.
-Кеннойи,кечирасиз, арслон билан келса ҳам майли, бургут келиб кўзимизни ўйиб олсин. Биз ҳамма ишни қилармиз. Лекин ўғрилик қилмаганмиз. Негаки, бу ердан туз тотдик. Намакнинг қадри бор. Бизни еган нонимиз кўр қилади, агарда шу ишни қилган бўлсак, - дейди Салим дўкондор.

Бошқалар жим туради. Уларнинг номидан Салим дўкондор сўзларди. Бироқ унинг ўзини ҳам сўзини ҳам писанд қилмаган хотиним:
-Ўғри ҳеч қачон мана шуни мен қилганман, демайди. Кечгача муҳлат, қандай олган бўлсанглар, яна шундай жойига келтириб қўйинглар. Бўлмаса, бошқа чорасини кўраман, - дейди-ю, уларга жавоб беришга ошиқади.
-Кечирасиз, қанча кутсангиз ҳам биз йўқолган нарсангизни жойига келтириб қўяолмаймиз. Маҳалла-куйдан сўранг, бизни кимлигимизни. Азбаройи эрингизга раҳмимиз келгандан бу ерга келиб кетиб юрдик. Бундай бўларини билсак, оёғимизни умуман босмасдик. Тавба, бунақасини кўрмагандим, - дейди дўкондор салмоқ билан.

Сўнг улар менга қарашди. Бошим бўйнимга осилиб қолганини кўриб, улар ҳам авж қилди:
-Эрингиз ёш боладек уйда ётади-ю сиз эса сайру саёҳатда юрасиз. Қайси аёл бу ишни қилади, - дея авж қила бошлаган Салим дўкондорнинг гапини бўлиб:
-Бу бошқа масала,- дейди хотиним.
-Тиллонинг йўқолгани ҳам бошқа масала, бунинг бизга алоқаси йўқ, - дейди Жаббор.

Музокора якунланмасдан, шерикларим уйдан жаҳл билан чиқиб кетади. Кейин хотиним чор атрофга жар солиб, томошани бошлайди. Ҳовлини миршаб босди. Улар ўзлари билан кучугини олиб келмаган эди. Негаки, исковуч ит олмоқчи бўлганлар ислар аллақчон кетиб бўлганди.

Улар аввалига бўлган воқеани хотинимдан эшитишди. Орада менга ҳам қараб қўйишади. Уятдан тиришиб ўлдим. Кейин менга юзланиб, сўроқ қила бошлади:
-Воқеа қандай бўлди. Тахминан соат нечиларда ўйин тугади. Кимлар бор эди?

Мен билганларим ва кўрганларимни бир бошдан айтиб бераман.Улар эшитганларининг ҳаммасини қоғозга туширишарди. Шунда улардан бири, афтидан раҳбари бўлса, керак, гувоҳларни суриштиради. Гувоҳлар, йўқ , дейди хотиним. Ундай бўлса, отахоннинг шерикларини чақириш керак. Қароқчи чоллар, - деб қўяди.
-Ана ўзлари чақирсинлар, ҳеч нарсани билмагандек ўтирибди-ю, - дейди хотиним ҳам кесатиб.
-Амаки, шерикларингизни бу ерга чақиринг! – амр қилади миршаб.
-Улар ҳозир кетишди. Янгангиз муҳлат берган, тиллони жойига келтириш учун. Шунга ҳозироқ кетувди, - дейман пинагимни бузмай.
-Ҳазилнинг ўрни эмас, амаки, тезроқ чақиринг, воқеа жойида ҳаммасини ҳал қилганимиз яхшироқ, - дейди яна бири муомила билан.
-Одамни уялтирди, бу хотин. Уларни энди нима деб чақираман. Қайтиб келиши гумон уларнинг, - дейман.
-Ундай бўлса, гумонингиз кимдан? – дея бирданига сўроқлайди бошқаси.
-Худо билади, ким олган у тиллони? – дейман. – Гумон иймондан айиради.
-Ундай бўлса, бир бошидан суриштирамиз, - дея раҳбари жаҳд билан курсига чўкади. - Ахмедов гумонланувчиларни воқега жоийга чақир, келмаса, уйидан судраб опкел, тушунгдингми?!
-Бўпти, бажарамиз! – деди-ю миршаб мулозим ишга тушди. Салим дўкондорга қўнгироқ қилди.

Дўкондор бечора номусдан икки букилиб, уйга шерикларини эргаштирганича кириб келди. Мен унинг юзига қарай олмадим. Улар нафратини яшириб утирмасди. Бу эса юз-кўзларидан шундоққина билиниб турарди.
-Бу ерда содир этилган ўғриликдан хабардорсизлар, гумонланувчилар, айтинг-чи, тилло буюмларни ким олган? Яна шуни ҳам қўшиб қўйишим керакки, ёлғон гувоҳлик бериш ва терговни чалғитишга уриниш қўшимча мода билан жазонининг оғирлашувига олиб келади. Бироқ, масаланинг яна бир томони хам борки, чин дилдан, пушаймон бўлиб, ичимлик ёки чекув таъсири олиб қайтариб беришнинг чорасини тополмаётган бўлсангиз, дарров шу ишни амалга оширинг. Бу эса жазони енгиллаштиради. Ҳаттоки, уни жазодан озод этишимиз ҳам мумкин. Кеннойимнинг тавсиясига биноан, шу вақтгача ўйлаб ҳам кўрган бўлсангиз керак, - дейди миршабларнинг раҳбари хона буйлаб қадам ташлаб уларга нутқ ирод этаркан.
-Ўртоқ, бошлиқ, ҳамма гапингиз тўғри, қаршилигимиз йўқ. Мана шу ерда ўтирганлар бу уйда фақатгина меҳмон бўлганмиз. Омон аканинг ҳолидан хабар олиш учун келганмиз. Бундан ташқари, бирортамиз илгари судланмаганмиз. Боз устига ота-боболаримиздан бирортаси ўғри ўтмаган. Ҳозир бу гапни биров эшитса, кўча-куйда юргилигимиз қолмайди, - деди Салим дўкондор.
-Қўйинг, бу гапларни, ҳозир ҳаммангиз чақирса терговга етиб келаман, ташқарига чиқиб кетмайман, дея тилхат ёзиб берасизлар, - дея амр қилди миршаб.
-Бўпти, Омон ака, аслида нима йўқолган, баҳоси қанча? – сўрайди Салим дўкондор бетоқат бўлиб.
-Ана, булар энди ўзига келяпти, - гапга қўшилди Фарида.
-Бошланиши шундай бўлади, - дея миршаб тиржаяди.
-Акангиз унинг баҳосини билмайди. Иккита зирак ва иккита узук яна бир тилло балдоқ бор эди. Нархи тахминан уч минг бўлмасаям, икки ёки икки ярим минг доллар турарди, - дея хотин эрининг ўрнидан сўз бошлайди.
-Майли, гап-сўз кўпаймасин, бугун бўлмаса эртага албатта, кечиктирмасдан пулни еткизамиз. Тилхатни қўйиб туринглар, ҳаммасини айтганларингдек қиламиз, - деди Салим дўкондор.

Фарида билан миршаблар гоҳ менга, гоҳ гумондорларга қараб қўйишади. Афтидан, иш бунчалик тез ҳал бўлади, дея ўйлашмаган чоғи. Кейин менга юзланишиб:
-Домла, тиллоларни ким олганлиги маълум, энди сиз кўп ҳижолат бўлманг. Ҳалол пулга келган мол яна қайтиб эгасини топадиган бўлди, - дейди жўровозда.

Мен индамай тураман. Ҳамма тарқалди. Хонада яна ёлғиз ўзим қолдим. Кеч бўлди. Овқат келтиришди. Иштаҳам йўқ эди. Емадим. Ётдим. Яна ўйга толдим. Одамизотнинг ишларига лол қолдим. Ўғри ким, тўғри ким билмай қолдим. Ўйимнинг охирига етолмай овора булдим.

Сим кароватда уёқдан буёққа ағдарилиб ётаман. Унинг ғижирлаши ёқмайди, жоним оғрийди. Асабларим қақшаган. Шу ётганимча қачон ухлаганимни билмайман. Бир маҳал дераза тақиллайди. Шошиб ташқарига чиқдим. Қарасам, укам турибди. Ичкарига бошладим. Ҳол-аҳвол сўрашдик. Ундан нега бемаҳалда юргани-ю бу ерга келишининг сабабини сўрайман. Унинг ҳам жавоби тайёр экан. Бирданига айтди – қўйди;
-Ака, етар энди. Қўйинг бу ерларни. Кетдик. Болаларим катта бўлди. Уй кўп. Бир уйни бераман, болаларимдан бири сизга қараб юради. Катта шаҳарда бир ўзингиз овора булиб юрманг. Мен сизга укаман, хато кимдан ўтмайди, дейсиз. Тўр оёқда туриб от ҳам қоқилади. Пешанангизда шу нарсалар бор экан, мана кўрдингиз. Бу ёғига худо шарманда қилмасин. Ота-онангиз яшаган элда тую томошаларга қатнашиб, элнинг олди одамлари орасида юрасиз. Сиз бу ерга сиғмайсиз.Ростини айтадиган бўлсам, сиғдиришмайди. Бегоналигига боради. Биламан, у ер тугул оламга ҳам сиғмай кетяпсиз. Лекин ўлчамини олдим, ака кетмасангиз бўлмайди. Ҳаммаси ўйлаб – кўриб кейин келдим. Қани, нарсаларни йиғиштирайлик. Вақт борида йўлга тушамиз.
-Йўқ, ука, бироз шошма. Ҳали бир-иккита қиладиган ишлар бор, - дейман.
-Эй, - дея бепарво қўл силтайди у. Қари одамда яна қандай иш бўлиши мумкин. Ёки мерос масаласидами… Ёки яна бошқа болаларингизни кўриб хайрлашишни истаяпсизми? Ака, бўлди орқага қараманг.

Укамнинг шашти жуда баланд эди.Шарти эса оғир эди. У ўзи қилаётган ишга астойдил берилган бўлиб, буюмларимни жамодонга соларди. У елдай келиб, қушдай олиб кетмоқчи бўларди. Бироқ мен унга содир бўлган воқеани бир бошидан оқизмай-томизмай айтиб бердим. Укам кўзларини ката-катта очди. Унга монанд оғзи хам очилиб анграйганича сўзларимга қулоқ соларди. Суҳбат сўнгида бошини чангаллаганича курсига ўтириб олди. Анча вақт жим ўтирди. Мен ҳам бу пайтда сўзимни тугатган эдим.
-Ака, қўйинг, у одамлар пулни келтириб ташлайди-ю сизнинг номусингиз топталди. Сиз бебурд бўласиз. Улар кейин сизни одам ўрнида кўрмайди. Обрўйингиз тўкилган бир пайтда яна бу ишларни қилсак, ота-боболаримнинг руҳи чирқирайди. Ҳаммасини мен бўйнимга оламан. Янгамга шу керак. Куч-кўронни кўтариб сиз уйга, мен эса турмага кетаман. Ўлмасам, яна қайтиб бораман. Бу иснодга чидаб бўлмайди. Орқамиздан ҳеч ким ёмон гапира олмасин, ака, - дейди укам қатъий.

Бу орада тонг отади. Ака - ука чой ичиб турган чоғимиз, Жаббор эшик тақиллатиб, ичкарига кириб келади. Гап сўз айтмасдан қўлидаги тугунчани дастурхон устига ташлайди.
-Домла, Салим акам бериб юбордилар. Тиллоларнинг пули. Етмаса, айтасиз, яна қўшамиз, – дейди-ю кетишга чоғланади.

Укам уни кетишга қўймайди.
-Ўтиринг, Жабборжон, кайфиятингиз тушкун. Пулни сиз тўламайсиз, мана мен тўлайман. Меҳмон одамни уринтириш яхшимас. Керак эди, ҳаражат тортиб қолувдим. Гаров бериб пул олувдим. Вақтида келтириб жойига қўйиш эсимдан чиқибди. Бегона эмас, акамники-ку, дея ҳаддим сиғиб олувдим. Янгам бу ёқда тўполон кўтарибди. Орада бироз тушунмовчилик бўлибди. Тўғри тушунасиз, деб ўйлайман, ука. Бир қошиқ қонимни мана ҳозир акамдан сўраб ўтирибман. Ҳозир янгамга ҳам бор гапни ётиғи билан тушунтираман, - дейди укам.

Шу пайт хонамга хотиним ҳам кириб келади. Бироз ўтиб, унинг ортидан миршаблар ҳам ётган жойимга бостириб келишди. Жаббор энди гап бошламоқчи бўлиб турган жойида, укам илдамлик билан сўзга тушади;
-Марҳамат, келинглар, дастурхонга қаранглар. Янга узр, гаровга тиллоларни қўйиб пича пул олувдим. Вақтида опкела олмадим. Қарзим кўпайиб кетди. Хавотирга тушманг, ҳаммасини қайтараман. Фақатгина уйга бориб келишим керак. Узр, мен гумроҳ шунча одамни овораи сарсон қилдим.
-Ана ўғри ўз оёғи билан келибди. Сизларга ҳам осон бўлди, - деб хотиним миршабларга юзланди.

Улар хам вақтни бой бермасдан, укамни кишанбанд қилишиб, маҳкамага олиб кетишди. Жаббор иккимиз уйда бир-биримизга не қиларимизни билмай қараб ўтирган чоғимиз Салим дўкондор кириб келди. Мен улардан узр астойдил сўрадим.
-Домла, тилло укангиз олмаган. Ўғри бита гумон мингта. Кўнгил сезади, бола бечорага жабр қилибмиз, Жаббор? – дейди Салим дўкондор.
-Майли, тақдирида шуям бор экан,- дейман.
-Домла иморатни қураётган пайтида пойдеворини мустаҳкам бўлишига эътибор қаратишган. Биз буни унутиб қўйганмиз. Лекин ҳар ким ўлса, гўри бошқа. Бировнинг гуноҳини бўйнимга олмай. Укага катта жабр қилдик. Жаббор, маҳкамасига бор, пулни бер, айбимизни тан олдик, дегин. Меҳмонга келган болани қаматиб юборсак, кейин эшитган қулоқ нима дейди. Шарманда бўлишдан кўра, юрмаган яхши, - дейди дўкондор.

Шу махал, дарвоза қаттиқ тақиллаб қолди. Меҳмонларни қўйиб, ўзим эшикка отилдим. Чиқсам, дарвозамиз ёнида тез ёрдам машинаси турибди. Ёнида таниш чеҳрали киши оқ халатда менга қучоқ очди.
-Омон ака, бормисиз? – дейди.

Унинг қучоғидан чиқар эканман, «рахмат, ука, қарилик гаштини суряпман. Мана уйдаман. Шогирдлар йўқлаб туради,» дейман.
-Устоз узр. Ўғлингиз - Мўмин Ражабовни бизнинг шифохонага опкелувди. Сал-пал мазаси қочган экан. Бироз даволадик. Ҳурматингиз бор, атай келдим, олдингизга. Хосроқ гап ҳам бор эдики, шуниям айтмасам бўлмайди. «Бола безориларга қўшилса майлийди-ку-я, лекин анави ўтлардан ҳам татиб кўрадиган бўлган экан. Шифохонамизга оғир аҳволда келтиришган эди, бир амаллаб тузатдик. Суриштириб билсак, бола сиздек азиз устоздек фарзанди экан. Бировга айтмадик. Аноним дейди-ку! Анна шу тарзда, сир тутиб даволадик. Кейин домлажон, мана бу нарсани ҳам опқўйинг.Йигитнинг киссасидан чиқибди. Ҳамширалар менга келтириб беришди. Ҳарна, омонат, « дея қўлимга бир тугунчани тутқазди.
-Нима бу ўзи? – дейман шошиб.
-Домла, бу тилла зирагу узук ёнида балдоқ ҳам бор. Бола ўтга ишлатаман деб, уйдан бесўроқ олиб чиққан бўлса керак. Буларнинг ҳаммасида шу одат бор. Хумор тутган пайтида кўзига ҳеч нарса кўринмайди. Болани энди кўздан қочирманг. Доим назорат қилиб туринг, - дея уқтирарди дўхтир.
-Раҳмат, ука, дунё тургунча туринг! – дейман ўпкам тўлиб.

Шу гапни унга айтаману ерга ўтириб қопман. Дўхтир бечора мени ҳам, боламни ҳам уйга киритади. Бир маҳал ўзимга келсам, бошимда укам ва дўкондор бошчилигидаги чойхоначи улфатларим турарди.

Укам ҳафта – ўн кун уйимда юрди. Опкетаман, дейди. Мен эса тихирлик қилиб унамайман. Охири у уйига кетди.

Ҳар томонларни ўйлаб, мен хам унинг ортидан манзилимга боряпман, ука, дея менга юзланди ҳамроҳим.

* * *

Йўлдошим менга қараб туради-ю яна кўзларини олисларга тикади. Бу болага айни гапларни нима учун айтдим, ўзи, деб ўйласа керак, дейман. Ука, кечирасиз, анави одамлар турган жойга бир сакланг. Ул-бул харид қилай. Уйга қуруқ қўл билан кириш ўнғайсиз, дейди. Машинани секинлатиб, йўл четида тўхтайман. Шеригим шошиб тушиб кетади.

Уни кутиб тура, машинанинг юкхонасидан бошпуртимни қидираман. Нарсаларни титкилар эканман, рахбаримиз Хайриддин Носир берган конвертни беихтиёр йиртилганига кўзим тушади. Нима сабабдан йиртилди экан, дея қўлимга олдим. Очиб ўқигим келди. Бироқ, бировнинг номасини ўқиш, одобдан эмаслиги эсимга тушади-ю яна шаштимдан қайтаман. Шайтон васваса қилади-да боз ўқигим келади, у ердаги сирлардан воқиф бўлгим, раҳбаримизнинг кечинмаларини билгим келади. Бироқ омонотни эгасига етказишим кераклигини ўйлайман. Ўзимни ўзим бу ишдан қайтараман.

Не қилайки, номани ўқигим келарди. Конверт йиртилган эди. Ойсулув муаллима бу хатни қўлига олганида ўқимайди-ю, бир жойга яширади. Кейин ўзи ёлғиз қолганида очиб кўради. Ичида қайд этилган дил изҳорларидан кўнгли яйрайди. Бир неча кун мана шундай кайфиятда юради. Кейин сирдан бирор ким хабардор бўлмадимикан, деб хаёл суради. Хатнинг йиртилгани ана шу пайтда ёдига тушади. Ва тайинки, бу пайтда, муаллима мени номани очиб ўқиган, дейди.

Хатни йиртилган конвертга қайта жойлайман-да, яна юкхонага ташлайман.

Бу билан мен хаёлимдан кечаётган иштиёқни ҳам ташлаган бўлдим. Шу пайтда шеригим ҳаллослаганича машина томон келарди. Унинг қўни-қўнжи тўла эди. Унга ёллашган киши бўлиб, эшикни очдим. Нарсаларни ортга ташладик. У ўтиргач, машинани ўт олдириб, йўлимизда давом этдик. Сафаримизнинг бу ёғи оз қолган эди.

Мен йўлакай зиёратгохга кирмоқчи эдим. Шеригимга айни истиҳоламни айтсам, унга хам бу таклиф маъқул тушди.

Бошида айтганимдек, бу зиёратгоҳ қишлоғимнинг ёнида эди. Иккимиз йўлда борарканмиз, жимгина кетардик. Мен йўлдошим - Омон аканинг бошидан кечирганлари ўзимча мушоҳода қилардим.

Манзилга етиб келдик. Уловдан тушамиз. Кеч кузакнинг шамоли эсарди. Атроф тирамоҳнинг кўкига беланган. Қабристон ичи сокин. Дўмпайган қабрларни ҳам кўк майсалар қоплаган. Жимжитлик. Шамол эсарди. Ҳали ҳамон ёмғир ҳам ёғиш эҳтимоли бор. Димоққа намиққан хашакларнинг ҳиди уради. Ўзим юрган сўқмоқлар, кўчалару йўлларга интиқ бўлиб қарайман. Таниш одамларни учратгим келади. Ёш боладек сакраб-сакраб ўйнагим келади.

Ва олисдан ота-онамнинг қабрига қараб қўяман. У ерда яна бошқа жигарларимнинг ҳоки ҳам бор эди. Уларни бирма бир кўз олдимдан ўтказа бошлайман. Хаёлим олис замонларга кетади…

Ҳамроҳим билан секин–аста мақбара томон юра бошлаймиз. Атрофдагилар бизнинг юриш-туришимиздан меҳмон эканлигимизни билиб, секингина йўл беришади. Саломлашиб, зиёрат жойига борамиз. Мен шеригимни ўзимдан олдин ичкарига бошлайман. У киради, ортидан мен ҳам. Дуо қилиб, юзимга фотиҳа тортдим. Сўнг ўрнимдан секингина жилдим-да, ортга қайтдим. Ташқарига чиқдиму чеккароқда шеригимни кутиб ўтирардим. Атрофимга мени таниган юртдошларим келиб, сўрашди. Мен хам уларнинг кайфиятига мос сўзларни топиб, гурунглашиб ўтирдик.

Қарасам, раҳбаримиз – Хайриддин Носир ҳам оломон орасида кўрингандек бўлди. Балки, бировга ўхшатаётгандирман, дея қайта тикиламан. Худди ўзи, адашмапман–Хайриддин Носир эди у. Елкасига бирданига бош қўндирилгандек, бўйни билинмасди. Катта калласини силкиганича ким биландир гаплашиб турибди. Ёнида яна бир қанча одамлар унга мунтазир. Ўзимни секингина панага олмоқчи бўламан. Аммо қизиқсиниб ва боз устига каловланганимча атрофимдагилардан сўрайман,»анови одам Хайриддин аками?» Улар ҳам ўгирилганича,» ҳа, Хайриддин, Узоқбулоқдаги Носир буванинг ўғли,» дейишади. Энди ростдан ҳам ўзимни четга олишим керак, деб ҳозирлик кўриб турган жойимда, қандай пайдо бўлди, билмадим, раҳбаримиз – Хайриддин Носир секингина билагимдан тутиб турарди. Шошиб салом бердим. Алик олди. Ва билагимдан тутганича оҳиста четга тортди. «Сизнинг оёғингиз етган жойларга бизлар хам борайлик, дедик ука, баҳонада зиёратга ҳам кирдик. Шеригингиз қани? Пўлат, хат қаерда? Ҳали бермаган чиқарсиз? Уни ўзимга қайтариб берасиз. Ўйлаб кўрдим, неварали одамга уят бўларкан! Бунинг устига эски яраларни тирнаган билан, ўзимизга зиён қиларканмиз! Биров эшитмасин, билмасин ҳам ука. Хатни беринг ва бунинг устига устак бировга айтмаслик бўйича ваъдангизни ҳам беринг, мен тинч юрай, шарманда бўлмайин. «

Ваъда бердим. Хат машинанинг юкхонасида, бу ердан чиқсак бераман, дедим. Иккимиз биргалашиб, шеригимни кута бошладик. Бетоқат бўлардим. Оламжаҳон вақтдан кейин шеригим, бўғриққнича мақбара ичидан чиқиб келди. У кела туриб, узр сўрар сўрамас, «ей, ука, Хайриддинжон бормисиз, қаерларда юрибсиз? Сизни кўрар кун хам бор экан-ку!» дея раҳбаримизнинг қучоғига отилди. Раҳбар ҳам йўқотган одами топган кишидек ачомлашди. Мен уларга ҳайрон бўлиб қараб турадим. Улар бир замонлар ижарада бирга туришган экан…

Машинага ўтирарканмиз, раҳбаримиз мендан конвертга солинган хатни олди-да, пастликка тушиб, уни сойга оқизди. «Энди Пўлатжон, ишлар битди. Омон акани олиб, бизникига ўтинг, уйда ўтириб, суҳбатни давом эттирамиз,» деди.

Биз олдинма кейин йўлда кетар эдик…