OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШодиёр Ҳазрат Исмат
Асар номиТуғилган кун (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шодиёр Ҳазрат Исмат
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм16KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/07/10
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Туғилган кун (ҳикоя)
Шодиёр Ҳазрат Исмат

Бир юртдан бошқа шаҳарга яқинда кўчиб келган вақтларим эди. Кўч-кўронларни секингина саришта қиляпмиз. Дам олиш кунларини мўлжаллаб ишни жадаллаштирдик, бозорга чиқиб ул-бул харид ҳам қилдик. Самарқанддан келган хўроз оёғидаги арқончасини судраб ҳовлида юрарди. Хўрозни туркман момомиз янги уйга қон чиқариш учун бериб юборган эди. Ун ҳам қўшиб беришган экан.Кўнгилетар дўстлар, оға-инилар ва қўшниларни дам олиш куни, пешин вақтига уйга таклиф қилдик. Хўроз сўйилди. Қони бўсаға-ю дераза-эшикларга суртилди. Сўнг бозордан олинган масаллиқлар расамади билан қозонга солинди. Ўчоқбошида, уйда гурунг бошланди. Хотин-халаж эса бошқа хонада суҳбат қуриб ўтиришарди. Аввал бошда «уй қуллуқ бўлсин,» «жуда яхши жойдан олибсиз,» «буюрсин,» каби гапларни қуюқ қилишади. Сўнг бир муддат ўтиб ҳаммаси ўзидан, касбидан, об-ҳаво, нарху наводан сўзлай бошлади.

Ош сузилди. Кела олмаган, касал бўлган ҳамсояларга алоҳида лаганда ош чиқарилди. Даврадаги кишилар орасида ўрис қўшни ҳам бор эди. Унинг юриш туриши, гапириши, ошни қўл билан ейишигача ўзбекча эди. Унинг фақатгина кўзини ранги ва исмигина ўрисча экан. Оти – Геннадий эди.

Геннадийга давра аҳли диққат билан гўёки бир ажойиботга қарагандай назар қиларди. Унинг ўзиям суҳбати соз йигит экан. Қайси соҳадан гап очилса бас, ўшандан сўзлай кетади. Вақт етиб, дастурхонга фотиҳа ўқилди. Геннадий ҳам юзига фотиҳа тортди. Ҳамма уй-уйига тарқалишди.

Геннадий озроқ муддат ўтиб умуман кўринмай қолди. Эшигига муҳр босишди. Бу орада у ҳақида кўп гап-сўзлар урчидики, ҳаммаси ҳар хил маъноли эди. Уни қамашгани рост бўлиб чиқди. У тўрт йил ўтирди.

Кеч куз эди. Дарвоза тақиллади. Дарчани очсам, Геннадий кулимсираб турарди. Иккаламиз узун-қисқа бўлиб уйга кирдик. Қарасам, унинг сочлари анчагина оқарибди, ранглари синиқибди. Кўзлари маъюс ва қарашлари ҳам ғамгин эди. Дастурхон ёзилиб, болалар нон ва чой опкелишди. Иккимиз хонтахтанинг икки четида ўтириб суҳбатга тушдик. Асосан у гапирарди. Мен эса жимгина тинглаб ўтирардим. Геннадий ҳикояни ўзининг гўдаклик палласидан бошлади. Унга мана шу дамда ўзини тушунадиган, қилган хатоларини кечирадиган инсон керак эди.

«Мен отам ва онамнинг меҳрини оиладагиларимиз орасидан кўпроқ сезардим ва бундан тўйиб ўсганман. Улар мени жуда яхши кўришарди. Нимани хоҳласам шуни қилардим. Кўнглим тусаган нарсани улар олиб беришарди. Оилада ҳеч ким менинг раъйимга қарши бормасди. Хавотирланманг, мен инжиқ ва тантиқ бола эмасдим. Ўзимнинг ҳолимни билардим. Ҳаддимдан ошмасдим. Спортни яхши кўрардим. Отам менга бу борада рағбат кўрсатарди. Умримни спортга бағишлашга аҳд қилдим. Устозларим ва отам ҳам менинг бу қароримни маъқул топишди. Мен машғулотларда тинмай қатнашардим. Мактаб мусобақаларида фақат биринчиликни олардим. Бундан ўзим ва атрофимдагилар ҳам фахрланишарди. Отам ва устозим менинг ғалабамдан ғурурланишарди.Обрўйим мактабда, кўча-куйда ва маҳаллада ошиб борарди. Онам менга кўз тегмаслиги учун турли ирим-сиримларни қиларди. Дўстларим кўп бўлди. Ҳамманинг мен билан дўстлашгиси келарди. Менинг ютуқларим борган сари ортиб кетаётганди. Мактабдан сўнг мени институтга имтиёзли тарзда қабул қилишди. Талабалар орасида ҳам иззатим ёмон эмасди. Домлалар ҳам менга рағбат кўрсатишарди.

Мен талаба дўстларим билан шоду хуррам юрардим. Ҳаётимдан ўзим ҳам, ота-онам ҳам рози эдик. Мен бир қиз билан танишдим. Афсуски, ўша кун мен учун энг қайғули ва офатли тақдирнинг бошланиши эканлигидан мутлақо бехабар эдим. Айни хулосаларга кейинчалик келдим, албатта. Дастлаб, мен ҳам у қизга муштоқ эдим. У билан суҳбатлашгим, унга боғлиқ воқеа, тарих ва бошқа тафсилотлардан тезроқ бохабар бўлгим келарди. Қиз мени уйига таклиф қилди. Табиийки, мен ул-бул харид қилиб қўлимда бир даста гул билан унинг уйига келдим. Қиз хурсанд бўлди. Мени меҳмонхонасига таклиф қилди. Стулга ўтирдим. Сўнг у ота-онасини бошлаб кирди. Мени уларга таништирди. Қизнинг ота-онаси менинг кимлигим билан қизиқди. Саволларига жавоб бердим. Биргаликда тамадди қилдик. Фурсат етиб, хайрлашиб уйга қайтдим. Келиб туриб онамга қаерга борганим ва ким билан учрашганимни оқизмай-томизмай айтиб бердим. Онам ҳам пойлаб ўтирган чоғи, дарров сўроққа тута кетди.
-Ким?
-Қаерда ўқийди, қаерда яшайди?
-Ота-онаси ким, қаерда ишлайди?
-Ишқилиб яхши чиқсин-да, суриштирдингми?
-Умр савдоси билан ҳазиллашиб бўлмайди...

Қиз нмаси биландир мени ўзига ром эта бошлаган эди. Уни кўрмасам туролмайдиган бўлдим. Сизда бу одат йўқ. Ота-онам қиз билан танишишни истаб, уни уйга чақиришимни тайинлади. Уни таклиф қилдим, уйга келди. Дастурхон атрофида суҳбат бошланди.

Ҳар ким ўзига тааллуқли мавзудан гап бошлайди. Савол-жавоб ҳам шунга яраша. Хуллас, ҳамма бир-бирига маъқул тушди. Рози-ризолик билан тўй ҳам бўлди. Ҳаётимиз одатдагидек бир маромда кетарди. Хотиним ҳам беморларни даволарди. Мен эса спорт билан машғул эдим. Йил ўтиб ўғилчалик бўлдик. Унга отам раҳматликнинг исмини қўйдик. Отамнинг исми Никита эди. Ўғлим менинг борлиғимга айланди. У менга овунчоқ эди. Ишдан келсам, чарчоғим ўз-ўзидан тарқаб кетарди. Никита мен учун ўтмиш ва келажак ўртасидаги воситага айланганди. У авлодимиз томири эди. У менга отамни эслатарди. Никитани авлодимизда пайдо бўлган бўшлиқни тўлдириш учун келган ҳилқат десам бўларди. У юра бошлади. Ҳовлида бемалол чопқиллайдиган бўлганидан сўнг унга яна бир ука ҳам қўшилди. Укасига Игор деб исм бердик. Мен бу орада сафарларга бориб, спорт мусобақаларида қатнашиб юрардим. Игорнинг туғилиши мен учун унчалик ҳам қувончли бўлмайди. Тўғри, униям эркалардим, опичлаб кўтариб юрардим.

Юрагимда ғашлик пайдо бўлганди. Уйдан совий бошлаётган эдим. Сафар ёки бошқа мусобақалардан сўнг уйга ошиқмасдим. Иложи бўлса, ўша жойларда қолиб кетсам, дердим. Спортда ҳалиям муваффақиятларга эришардим. Ҳурматим жойида эди. Оилада эса пала-партишлик бошланди. Дастлаб, болаларимнинг сўнг менинг уст-бошимизда, юриш-туришимизда аёл кишининг қўли йўқлиги билинди. Бора-бора бу нарса еб-ичиш ва ётиб туришда ҳам сезилди. Мен хотинимни тартибга чақирдим. Теваракдан уялгин, одамлар кулади, ҳаммасини жой-жойида қилгин, дердим. Йўқ, у парво қилмасди. Мен қўни-қўшниларнинг олдида юриш- туришимиздан уялардим. Ўзимнинг, болаларимнинг уст-бошини ювардим. Дазмоллардим. Овқат қилдим. Қозон-товоқ ҳам ўзимга қолди. Рўзғоримиздан хайру барака кўтарилди. Хотиним бу уйда меҳмондай эди. У уйга фақатгина кечга ётиш учун келадиган бўлиб қолди. У ичадиган ва чекадиган одат чиқарди. Уни қандай жин чалганини билолмасдим. Хотиним эса жин чалган алвастидай бўлиб қолди. Унинг юриш-туриши менга умуман ёқмасди. У ўзига алоҳида бир хонани қулф-калит қилиб олди. Мен хотинимнинг аҳволидан қўни-қўшни ва болаларим олдида изза бўлардим. Болаларим ҳам онасидан безор бўлганди. Сафарга кетсам, улар мени интиқ кутишарди.

Мен узоқ йўлга чиққан одам ҳар замонда босиб ўтган масофасига қарагандек, ўзимнинг ҳаётимга разм солардим. Неларнидир ўзимча муқояса қилардим. Ўзимга ўзим савол берардим.
-Кимга ёмонлик қилган эканман?
-Нега бунақа бўляпти?
-Гуноҳим нима эди?
— Охири қандай тугаркан?
— Мен ҳам... ҳаққим бор-ку!!!

Катта ўғлим – Никитанинг туғилган куни. Сафардан қайтаяпман. Аеропортдан тўғри бозорга келдим. Майда-чуйда харид қилдим. Ўғлимга атаб дудама пичоқ олдим. Машинага ўтириб уйга келдим. Эшикни иккаласи очди. Бўйнимга осилишди. Чақчақлашиб ҳаммамиз ичкарига кирдик. Иккала ўғлим дастурхон тузашга уннади. Мен эса овқат қилишга киришдим. Никита димламани яхши кўрарди. Қозонда ҳам худди шу нарса пиширилаётган эди. Ота-болалар дастурхон атрофида гурунглашиб ўтирганимизда, эшик очилиб, хотиним гандираклаганича биз ўтирган стол ёнига келди. Стулга бир амаллаб ўтирди. Ундан келаётган ҳидга хонада ўтириб бўлмасди. Бунинг устига у ярим яланғоч. У бир маҳал мени ҳам, болаларни ҳам сўка бошлади. Бизлар дарғазаб бўлдик. Энг ёмони... кейин...кейин бўлди. Хотиним чиққан эшикдан қўлида шиша тутган шир яланғоч эркак ҳам биз ўтирган дастурхон томон кела бошлади. Бу хоним уни кўрди-ю, ўша томонга талпинди. Чидаб туролмадим. Қўйнимдан ўғлим – Никитага атаб олинга совға яъни дудама пичоқни иккаласига аямай санчавердим. Ҳамма томон қон бўлди. Дудама пичоқнинг дастаси ҳам лахта-лахта қон эди. Уни дастурхон ўртасига ташладим. Пичоқни ўғлим сенинг туғилган кунингга совға эди, дедим. Йиғладим. Ва шу ҳолатда уйдан чиқиб кетдим. Айбимни тан олдим. Жазолашди. Лекин барибир менга алам қиларди. Тақдиринг бир расвонинг дастидан ағдар-тўнтар бўлиши жуда-жуда оғир экан. Худога шукрки, болаларим мени тўғри тушунишди. Ҳолимдан хабар ҳам олиб туришди. Айтмоқчи, қўшни бугун кичкинам – Игорнинг туғилган куни. Кечга ўтинг. Албатта, келинг, кутаман. Мен бозорга бориб майда-чуйда харид қилай.»

Геннадий айтган воқеа ҳодисалардаги ҳолату манзалар унинг юзидаги ажинлар орасидан сизиб чиқаётгандек эди.

У бир инсон тақдирини мана шундай содда ва жўнгина айтиб берганди. Аслида бори ҳам шу эди.