OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШодиёр Ҳазрат Исмат
Асар номиУста (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шодиёр Ҳазрат Исмат
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм14KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/07/10
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Уста (ҳикоя)
Шодиёр Ҳазрат Исмат

Уни қишлоғида исми билан кам чақиришади. У ўзидан тинчиган одам. Элга кам аралашади. Умри бино бўлиб, ҳали биров билан ёзилиб гурунг ҳам қилмаган. Давраларда елкасини қисиб, ҳеч ким мендан гина қилмасин дегандай биров унинг ҳамиятига тексаям жим ўтираверади. Устанинг феълини тушунганлар у билан ошночиликни аллақачонлар йиғиштириб қўйишган.

Биладиган одамларнинг айтишича, устанинг авлодлари каби аждодлари ҳам мард бўлишмаган экан. Одамлар бу уруғнинг вакилларини қони бузуқ, деб яқинларига йўлатишмайди. Не қилса-да бу авлоднинг симобдай суюлиши, сувдан ўтгунича эшакни тоға дейиши, унча-мунча одамнинг бошини силаб, елкасига қоқиб, тузоғига илинтириш каби ўзига хос одатлари бор.

Ҳозир бу уруғни эслаганда одамларнинг кўз ўнгида дарҳол уста гавдаланади. У ўрта бўйли, тўладан келган, калласи катта одам. Эл-улус устани худо урган одам дейишади. Яратганга қўшилиб, бандалари ҳам уни қарғайди.

* * *

Кўп олис замонлар эди. Ҳар тарафда парокандалик. Таҳликали бир ҳолат ҳукмрон ва бундан ҳамма безовта эди.

Саврнинг бошлари. Худди шу паллада қишлоқ чеккасидаги устахонага касби чавондозу ўроқчи борки, ҳаммаси юмуш билан келишади. Бу ерда отлар тақаланади. Кетмону ўроқлар тузатилади. Рўзғорга керакли анжомларни ясайди. Ҳуши келганда чанқовуз ясаб, неларнидир хаёл сурганича уни чалади.

Ана шундай кунларнинг бирида шомга яқин устахонага соқол-мўйлаби қоп-қора, алпкелбат киши бошчилигида олтита барзанги йигитлар кириб келди. Уста бу пайтда анжомларини йиғиштириб, кетишга ҳозирлик кўраётган эди. Кутилмаган меҳмонларни кўрди-ю, тили калимага келмай, ортига тислана бошлади.
-Қўрқма, уста, - дея алпкелбат беписанд сўрига ўтираркан. – Бирор егулигинг бўлса опкел, ўлардай оч қолдик.

Алпкелбат бу гапларни айтар экан, чалқанча ётиб олди-да, устага зимдан разм сола бошлади. Мезбон дастурхонни ҳозирлай-ҳозирлай кўз ости билан меҳмонларига ўғринча қарар қўярди. Охири юрак ютиб, қўрқа-писа сўради:
-Сизларни танимадим, кимлардан бўласизлар?
-Сен бизларни барибир танимайсан, - дейди алпкелбат яна аввалгидек беписандлик билан. – Бу элдан бизни Абдишукур мерган билади. У билан кўп нон-туз тотганмиз. Мерган бир Мусаллам деган араб хотинни опқочб келувди. Араб хотини ҳалиям юрибдими?
-Ҳа, юрибди, бола-чақали бўп кетишган.
-Айтмоқчи, сен биздан кимлигимизни сўрагандинг чоғи, мени Чинмирза чиноқман, – деди алпкелбат кемтик қулоғига ишора қилиб. – булар менинг шотирларим.
-Шогирдларим денг, - дея йигитлардан бири гап қотади.
-Тўғри, ҳам шогирд ҳам шотир булар. Уч кунлардан бери шу яқин атрофлардаги қишлоқларни талаб юргандик. Қўлга илинадиган ҳеч бало тополмадик.

Чинмирза чиноқ сопол товоқдаги ивитилган нонларни ютоқиб ер экан, ҳадик аралаш мезбонга юзланиб,
-Сен ҳам Оқбошни билсанг керак-а? – деб сўради.
-Йўқ, мен Оқбошни танимайман, - дея уста ёлғонлади.

Мезбоннинг бу гапидан уларнинг жаҳли чиқди. Шундай кейин чиноқ устани айблай бошлади:
-Биз мардмиз, сен ундай найранг қилма, гапнинг дангали сен-ку сен, қишлоғингнинг бешикдагисидан тортиб то эшикдагисигача ҳаммаси Оқбошни билади! Нимага ёлғон гапирасан, ростини айтавер, биз сени еб қўймаймиз.

Даврадагилар устага нафрат билан қараб туришарди. У эса меҳмонининг дашномларини ерга қараганича жим эшитиб турарди. Уста ёлғон айтганига пушаймон бўлса-да, миқ этмасди. Алпкелбат чиноқ устанинг туришишини кўриб бадтар авж олди:
-Оқбошни танийсан, лекин бизни кўрганингни унга айтмайсан. Агар айтсанг биз сени тинч қўймаймиз. Мана сенга бир халта тилло, бу биздан сенга ҳадя, - дея чиноқ ётган жойида халтани устанинг устига ирғитиб юборди.

Мезбон хуррамлигини киприклари билан қайтариб, хурсандлиги ошкор этмай сабр қилиб ўтирарди.

Шундан сўнг у халтасидан бир бўлак гўштни олиб, таом тайёрлашга уннади. Меҳмонлар ҳам унга ёллашди. Таомни дастурхонга келтириб ўтиришганида, чиноқ ҳам кўзасидан шароб олиб, косаларга сузди.

Авжи зиёфат, энди гаплар қовушиб, гурунг қизий бошлаганида устанинг юраги ҳижил бўлиб ташқарига чиқди.

Бедапоядаги чигирткаларнинг чириллаши ва ҳовуздаги бақаларнинг ваққиллаши осуда оқшомнинг тинчини бузиб турарди. Осмонда юлдузлар ярақлаб турарди. Ой йўқ эди.

Шу маҳалда ҳовуз томондан кимнингдир овози чиққандай бўлди. У сас эшитилган тарафга қараб юрди. Йўл-йўлакай уни кимдир чақираётганини ҳам эшитди. Ҳовузга яқин келганида бир шарпа унга рўбарў кела бошлади. Улар қўл бериб сўрашишди. Уста уни таниди. Отаси каби қўйнинг ортидан таёқ судраб юрадиган Абдусалом чўпоннинг ўзига ўхшаган ёлғиз ўғли.
-Бемаҳалда нима қилиб юрибсан, Воқиф?
-Отамнинг олдига – даштга нон-пон обориб, уйга қайтаётган эдим, олдингизда ўтирганларни кўриб, тинч кетгим келмади. Энди уста қўшотарингиз бериб турсангиз, бу ит эмганларни бир ёқлик қилсам, ҳарна ўзимизга тинчроқ бўларди, - деди Воқиф.

Уста бироз сукут сақлади-да, сўнг бошини адл кўтариб:
— Майли, опкеб бераман, лекин ўзингга эҳтиёт бўлда, - дея изига бурилиб қайтди.

У меҳмонларининг олдига кетар экан, Воқифдан қутилганига шукр қиларди. Воқиф эса бундан бехабар, устанинг милтиқ опчиқишини кутиб ўтирарди.

Орадан бир муддат ўтиб, устахонадан қўшотарнинг ўрнига қўшодам чиқиб келиб, тўғри Воқиф томонга қараб йўл олди. У буларни кўриб қочмоқчи ҳам бўлди, лекин орияти зўр келиб, уларнинг келишини жойида турганича кутаверди.

Юзма-юз келишганида улар гаплашишмади ҳисоби, қўшодамлардан бири қўлидаги қўшотаридан тўртта ўқни бехато узиб, ниятларига етишгач яна индамай изларига бурилиб кетишди.

Атрофда тўполон бошланди. Итларнинг вовуллаши оламни бузди. Устахонада ҳам бесаранжомлик, ким нима қиларини билмай қолди.
-Энди ҳаммадан ҳам менга қийин бўлади, - деди уста хаста овоз билан. – У бола отасининг менга ўхшаган ёлғизи эди, агар билишса мени бу ерларда тинч қўйишмайди. Менинг теримни тириклайин шилишади...

Уста, сен қўрқма, ҳозир кетишимизда отасини ҳам бир ёқлик қилиб кетамиз, сен бизга унинг яйловини кўрсатсанг бас, қолгани биз тан. Ўзимиз билгандай қиламиз, шунда сенгаям бизгаям осон бўлади, - деди алпкелбат тагдорроқ қилиб.

Устанинг кўнглидаги гапи тилига кўчди, ялиниб, боланинг отаси қўй боқадиган яйловини айтиб, униям риҳлатга юборишларини сўради. Меҳмонлар устани юпатишди.

Қоронғу кечада устани уйига қўйиб, ўзларининг бад ниятларини амалга ошириш пайида яйлов тарафга йўл олишди.

Пешинга яқин уста ўз уйи томон келаётган бир отлиқни кўрди. Суворий «Абдусалом чўпонникига таъзияга» деб айтиб кетди. У жарчидан бир нарсаларни аниқлаштириш учун сўрашмоқчи бўлди, лекин баданини титроқ қоплаб, гап айтарга тили айланмай қолди.

Устанинг боши гангиб азахонага келганида Абдисалом чўпон билан кампирини одамлар суяб, кўзёши қилиб, аюҳаннос солишаётган эди. Бу ерда ҳеч ким устага ёмон қарамади. У ҳам бува бандаликда, бандалик, дея ёлғондакам кўзёши қилди.

Воқифни дафн этиб келганларидан сўнг кимдир устанинг билагидан тутиб азахонадан ташқарига олиб чиқди. Аввал бошда уста қўрқди, сўнг ўзини тутиб олди-да, барибир яна қўрқув аралаш шеригининг авзойига қаради: мулойим. Сўнг унинг юзига салобат билан тикилди-да, яна ерга қараб олди.
-Уста чидаймизда энди, бошимизда бор экан, катта-ю кичик деб турмасдан опкетар экан, - дея шериги босиқлик билан гап бошлади. -Бечора отангизни кимдир даштда, сурувининг олдида ўлдириб кетибди, ҳозир хабар келди, худо раҳмат қилсин, бечора яхши одам эди.

Уста уйига қандай етиб келганини тузук эслай олмайди. Кўзи ҳеч нарсани илғамай, уйига отилиб кирди-да отасининг жасадини қидира кетди. Жасад эса алоҳида қурилган, ўн бир болорли, якка уйда экан. У ўзини мурданинг устига ташлади-да, бетини отасининг оқариб кетган юзига босганича узоқ турди.

Қаттиқ йиғлади. Кўзёшларидан отасининг юзлари ҳўл бўлиб кетди. Отасини қучиб, кўтаргиси келди. Лекин хешлари уни тинчлантиришди.

Отасининг мурдасига узоқ вақт суқланиб туриб, уста сесканиб кетди. Не кўз билан кўрсинки, отасининг жасади, ўша алпкелбат чиноқ инъом этган, кеча ўз қўллари билан кўмган бир халта тиллонинг устида ётар эди.

Устанинг хаёллари потраб кетди. Бунга сабаб эса ўша бир халта тилло бўлди.