OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШодиёр Ҳазрат Исмат
Асар номиЯхшилик манзили (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шодиёр Ҳазрат Исмат
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм11KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/06/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Яхшилик манзили (ҳикоя)
Шодиёр Ҳазрат Исмат

Уни ҳамма нарсага қўл силтаб, чўлгами, тоққами, ишқилиб, бу ерлардан кетсам, кетсаму шунинг баробарида бу ерларга қайтиб келмасам, кўрмай-куйинмай ўша хилватда яшасам, деган ўй эзаётган эди.

У бошида чарх ураётган хаёлларни ҳалигача ҳеч кимга айтмаган. Айтгудай бўлса, «ёш ўтавергандан кейин шу экан-да...» деб, унинг сиғиниб, кўнглида асраб-авайлаб юрган илинжу истагини икки оғиз сўз билан руҳсизгина ифодалаб беришларини ва энг ёмони, устидан кулишларини билади-ю, ўзининг ночорлигидан янада куйинади.

Раҳмон ярим тунда уйғониб кетганида, бошида оғриқ борлигини сезди. Ташқарига чиқмоқчи бўлиб, ўрнидан амаллаб турди-да, эшик олдигача келди, нарироққа боришга кучи етмагач, зинага ўтирди. Шунда унинг ёдига бир ривоят тушди. Ривоятнинг мазмуни шундай эдики, Иброҳим пайғамбар ўғли — Исмоилни уйлантиргач, келинининг одамгарчилигини синаш учун уникига боради. Келин қайнотасининг иззатини жойига қўймаганидан сўнг, у келинига Исмоил келса айт, остонасини тузатиб қўйсин, дейди. Эри келгач, у қайнотасининг гапини айтади. Амри падар аршдан аъло. Ўғил хотинига талоқ айтади. Остонани «тузатади», яъни, қайтадан рўзғор тиклайди. Пайғамбар бу келинини ҳам имтиҳон қилгани келади. Келин қайнотасининг иззатини жойига қўяди...

Пайғамбар кетар олдидан келинига тайинлайди: «Исмоилга айт, остонаси яхши бўлибди...»

Айни чоғда ўзини расулзоданинг ўрнига, отасини эса пайғамбарнинг ўрнига қўйиб таққослади. Еттинчи осмонга чиқаётганида кимдир унинг енгидан тортгандай бўлди. У ўзини бунақа осмонўпар қилиб менгзашни ноўрин санади. Хаёлини ҳам, отасини ҳам ўз ҳолига қўйди-ю, бироз таскин топгандай бўлди...

Шу аҳволда ҳам Раҳмоннинг раҳматли отаси тирилиб келсаю ўғлининг туриш-турмушини кўрса... Ўшанда валинеъматининг оддий сўроғи ҳам оғир ботарини сезади. Сезгандаям нима қилсин, тили қисиқлик жойи кўп. Онасининг тихирлик қилиб уйлантирганини айтиб, у бечоранинг руҳини чирқиллатишдан қўрқади.

...Қизнинг исми Норхолмиди, Норгулмиди, ҳалиям чалкаш айтади. Лекин гулдек қиз эди, ёноғидаги холиям юзига ярашиқли эди, Қанийди, анови ётган аёлнинг ўрнида ўша ўзи истаган Норхолми, Норгулми бўлса, ёнларидаги бешовлон ҳам ўзларидан тарқаган фарзандлар бўларди... Улар билан овунарди, бужмайган юракнинг чигилини ёзарди...

Айни дамда онаси ўламан саттор деб, қариндошининг қизига уйлантириб қўймаганида аҳволи бундан минг чандон яхши бўларига ишонади. Ва шунга ишониб яшади ҳам.

«Худо бир томондан қисган одам инжиқ ва тутган жойидан кесадиган бўларкан,— деб айтганди дўсти.— Мен ўшанда нима қиларимни билмай, ўша ўзим яхши кўрган қизни ўғлига обермоқчи бўлган качалнинг уйига бордим. Лангнинг ўғли ўзи келиб, уйланганман, ука, ишонмасанг бошпуртимни кўрсатай, иккита болам ҳам бор, деди. Яхши гап билан инидан чиққан илоннинг боласи яна айтдики, отам у қизни амакимнинг ўғлига обермоқчи. Ноилож, падарингга лаънатни чақиртирдик. Отаси ҳассасига таяниб, чиқиб келди.

Мен у оқсоққа: «Илтимос, бува, ўша қизникига қайтиб совчиликка борманг», дедим. Чўлоқ чол гапимни ҳам эшитмади, қайтага ҳассаси билан урмоқчи ҳам бўлди. Бўйнимни мўлжал қилиб хезланган экан. Ҳассасини тутдиму индамай қўйдим. Урсам бўларди, лекин уйини тўлдириб ўтирган чувриндиларининг қарғишидан қўрқиб, тегинмадим. Ўша чўлоқ чол номард экан. Эртасига миршабхонага бориб, мени, кечаси уйимга бостириб келди, туҳмат қилди, хотину бола-чақамнинг олдида онамни сўкди, деб устимдан арз-дод қилган эди. Миршаб ҳам ўзимизнинг уруғимиздан эди, арзгўйнинг арзи ёлғонлигини сезганми, ишқилиб, чўлоқ чолнинг онасини ростакамига эсига солиб, жами уруғ-аймоғини обориб опкебди».

Бу жўнгина хотиротни дўсти бундан ўттиз йиллар аввал, айни салт-сувой юрган кезларида айтган эди. Дўсти ўша қизга уйланди. Тўйига ўша чўлоқ чолни атайин бориб айтди. Лекин оқсоқ чол тўйга келмади...

Раҳмоннинг бу дўсти камсуқум эди, бировларнинг маҳрами ҳақида гап сотишни ёқтирмасди. Фисқу фасодни унчалик хушламасди.

Раҳмон аввалбошда дўстига маслаҳат солди: «Бўлмайди, жўра, мен бу билан қандай яшайман? Жўра, мен ўша холи бор қизга уйланишим керак эди. Ўша бўлса бас, қолгани бир пул. Ҳозир ўшанинг олдига борсам, у юзимга тупурмасмикан?.. Ёки дунё деганлари шу экан деб, индамай яшайверайми?..»

Дўсти мулзам тортди. «Энди, чидашга уриниб кўр, тоза бўлмаса, талоғини айт-қўй. Бу трмони ўзингдан қоладиган гап».

Бу сафар ҳам дўстига истак-илинжини айтса, турган гапки, у ҳам савдойилигининг боисини сўрайди. Бунга жавобни қайдан излайди?

«...Худди шундай, — аҳд қилди у. — Ҳаммасига қўл силтайману кетаман, ажабсиниб қоладиган кўнгил етар дўстларга кетиш важҳини тушунтираману тоғу тошларга кетаман. Ўша тоққа жами мазмуни яхши одам борки, йиғилсак, сўнг уни жўнгина бўлса-да, «Яхшилик манзили» деб атасак. Унда-мунда бу масканнинг довруғини эшитганларнинг кети узилмаса. Қолганлар ҳам бирор юрт ёки кишвар тузишса-да, унгаям бир ном қўйиб, ўз тоифаларини жамлашса... Ана ўшандагина нимаики бўлса, бари яхши бўлади, ҳамма ўз қавмлари ичида юргандан кейин, ҳеч ким бир-бирига зиён етказмайди. Кўрилган зиёнлар ҳам сезйлмас бўлиб кетади. Кўнгил озор топмайди».

Раҳмон тоққа етгач, булоқнинг муздай сувидан бир ҳовуч ичди-да, сал баландроқ, бутун қишлоқ кўринадиган жойга келиб ўтирди. Кўпдан бери тоғнинг худди мана шу еридан туриб қишлоқни томоша қилишни дилига тугиб қўйганди. Айни дамда у ўзини меърожда тургандек, ҳамма нарсанинг ҳадисини олган каби, гўё барчаси ҳозир кўз ўнгида намоён бўладигандек туюлди...

Хаёлига қўшилиб, осмонга юз тутди: унинг тубида саноқли юлдузлар қолганди. Исмини ҳалиям чалкаш айтадиган қизни эслаб, қишлоқнинг кунчиқар тарафига қаради. Уйлар кўпайиб кетган, Раҳмон қизнинг ўша пайтлар қаерда яшаганлигини эслай олмади.

«Энди кеч, анча кечикдинг. Ҳеч нарса кор қилмайди. Бошни қай туйнукка суқма, қай харсангга урма, бари бефойда. Ўзгариш мумкин бўлган дамлар ўтиб кетди. Ҳайит бир кунлик. Мен бу тоғни «Яхшилик манзили» демоқни истаган. эдим, бироқ адашган эканман. Ният пуч экан. Хаёлим сиққан жойга ўзим сиғмас эканман».

Раҳмон уйига келганида ҳали ҳеч ким уйғонмаган экан. У аста ётоқ бўлмасига кирди-ю, ўрнига ётди. Ухламоқчи бўлиб, у ёққа-бу ёққа ағдарилиб кўрди. Бўлмади. Ахийри, кўрпани юзи аралаш буркаб олди...

«Шарқ юлдузи» журнали, 1992 йил 7-сон.