OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШодмон Отабек
Асар номиДўрмон ҳангомаларидан
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Публицистика
Муаллифлар
   - Шодмон Отабек
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Очиқ хатлар ва мактублар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм19KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/03/31
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Дўрмон ҳангомаларидан
Шодмон Отабек

Топиб Қўйилган Ном

Мирпўлат Мирзонинг илк пиесаси — «Қачон тонг отади?» Сайрамдаги вилоят драма театрида қўйиладиган бўлди. Муаллиф спектакл кўригига ижодкор дўстларидан Ёқубжон Xўжабердиев билан каминани таклиф этди. Биз кўрикдан бир кун олдин спектаклнинг ҳал қилувчи репетициясига етиб бордик. Томошадан сўнг оқшомда Мирпўлатнинг акаси — Бекпўлат аканинг файзли хонадонида спектакл таассуротлари ҳақида гурунглашиб ўтирдик. Камина пиесанинг номига андак эътироз билдирдим. Аммо муаллиф ўжарлик қилиб фикримга қўшилмади.

Йўлда чарчаган эдик, ётишга чоғландик. Катта меҳмонхонадаги ёнма-ён солинган уч кишилик жойни кўриб, андак сергак тортдим. Ҳамроҳларимнинг ғаройиб одатидан хабардор эдим-да. Шу боис дангал сўрадим:
— Мирпўлат, бу... хуррак масаласи нима бўлди?
— Нима бўларди, жа-а авжига чиқиб кецак сал туртиб қўясиз-да, — деди шоир пинагини бузмай.

Беихтиёр раҳматли ёзувчи Ёқуббек Яквалхўжаевнинг «Хавотир олманглар, мен хуррак отганда бошқаларники мутлақо эшитилмайди», деган ҳазилини эсладик.

Ёқуб ака хуррак масаласида эстафетани ишончли қўлларга топшириб кетган экан, ҳамхоналарнинг бошлари ёстиққа тегар-тегмас ажабтовур овозлар хонани зилзила янглиғ титрата бошлади. Xудди бошимда биров тегирмон тоши юргизаётгандек гарангсиб қолдим. Туртишлар, силкитишлар хурракчиларга пашша қўнганчалик таъсир қилмасди. Аламимни кимдан, нимадан олишни билмай, тинимсиз «уф» тортаман. Бу аҳволда қачон тонг отади дедиму кўрпа-ёстиқни кўтариб, рўзғорни бошқа қилдим — қўшни хонага кўчиб ўтдим. Аммо ўт балосидан, сув балосидан деганларидек, хуррак балосидан ҳам қочиб қутулиб бўлмас экан. «Эҳ, қачон тонг отади?» дея яна хуноб бўламан.

Эрталаб Мирпўлатга айтган биринчи гапим шу бўлди:
– Шоир, пиесанинг номини жуда топиб қўйган экансиз. Ўзгартириб ўтирманг!

Ашуланинг Фарқи

Бир даврада хонанда ва қўшиқчилик санъати ҳақида гурунглашаётган эдик. Дўстлардан бири сўраб қолди:
— Мен катта ашула, кичик ашула деган гапларни умуман тушунмайман. Бу нима дегани ўзи?

Бундай маҳалда ҳамиша ўқланган милтиқдек тайёр турадиган Мирпўлат Мирзо жавоб қилди:
— Агар ашулани тик туриб айцангиз — катта ашула, ўтириб айцангиз, — кичик ашула бўлади, биродар.

Вертолўт Шарт Эмас

Мустақилликдан илгари Мирпўлат Мирзо бир гуруҳ ижодкорлар билан Россиянинг Тюмен вилоятига сафар қилади. Ҳамроҳлар орасида раҳматли рассом Неъмат Қўзибоев ҳам бор эди. Бир куни Неъмат ака олис-олисларда шуъла таратиб ёнаётган ўрмонни кўриб қолиб, мутасаддилардан илтимос қилади:
— Иложи бўлса, вертолёт билан ўша ёққа бориб келайлик. Мен ёнғинни чизишим керак.

Ўша маҳалда вертолёт масаласи муаммороқ эканми, мезбонлар сал хижолат тортиб, ўйланиб қолишади. Шунда Мирпўлат масалани осонгина «ҳал қилиб» қўяди:
— Неъмат ака, вертолёт-пертолёт деб бош қотириб ўтирасизми? Ҳозир айтамиз — ўрмонни шу ернинг ўзида ёқиб беришади.

Сипоҳлар Залворли Бўлса...

Санъат ва шахмат мухлиси, моҳир шифокор, ҳаваскор шоир Иброҳим Мусаев кенг, файзли ҳовлисидаги ўрик соясига худди истироҳат боғларидаги каби махсус шахмат ўйнайдиган жой қилишни режалаштиради. Мўлжалича, шахмат тахтаси ўрнида чиройли, рангли хорижий кафеллар қўйилиши, шахмат доналари ҳам салмоқли-залворли, пиёдалар камида келининг сопидек бўлиши лозим эди.

Иброҳим ака мақсадини эски қадрдони, севимли шоиримиз, шахмат бўйича икки карра Чорвоқ чемпиони Эркин Воҳидовга айтади. Шоир режани астойдил маъқуллаб, шундай дейди:
— Яхши ўйлабсиз, Иброҳимжон! Бунақа жойда менга Раҳматулла (Аллоҳ охиратини обод қилсин) билан шахмат ўйнаш, айниқса, осон бўлади.
— Нега энди...
— Сипоҳлар залворли бўлса, Раҳматулло юришини қайтариб олмайди-да!

Ишонтириш Усули

Бир зиёфатда ўзбекнинг Афандиси деб ном чиқарган ёзувчи Адҳам Ҳамдам хайрлашаётиб мезбонга хасрат қилади:
— Янгангиз жуда ҳам рашкчи-да! Ўзим шафтолиқоқи бўлиб қолсам ҳам рашк қилавериб куйдиради. Мана, ҳозир ҳам уйга бориб, зиёфатдан қайтдим десам, ишонмайди.
— Қизиқ, унда... нима қилсак экан? — мезбон астойдил ачинади.
— Э-е, эшак минишнинг ҳам йўли бор, — дейди Адҳам ака мезбоннинг қулоғига сирли шивирлаб.
— Қ-қандай йўл экан?
— Мана бу дастурхондаги ноз-неъматлардан бир тугун қилиб машинамга ташлаб қўйинг-чи! Зора шунда янгангиз зиёфатдан келганимга ишонса...

Айб Ўзида

Рауф Парфини кўчада учратган шогирди унга шундай дейди:
— Рауф ака, яқин дўстингиз фалончи уйида оғир касал бўлиб ётибди.
— Э-е, афсус... Xўш, унга нима бўлибди?
— Уйида мева тераётиб дарахтдан йиқилибди. Боши билан тушган экан, ёмон жароҳатланибди.
— Боёқиш ҳамма нарсани тескари қиларди. Менимча, у мевани ҳам оёғи билан тергану боши билан қулаган. Айб ўзида!

Японлар Билмайдиган Нарса

Ёзувчи Ашурали Жўраев ва журналист-таржимон Қаҳрамон Раҳмонов бир тўйда иккита япониялик меҳмонлар билан ёнма-ён ўтириб қоладилар. Ошнинг қазисини тўғраётган Ашурали Қаҳрамонга гап қотади:
— Меҳмонлардан сўранг-чи, қазини билишармикин?

Қаҳрамон бир лаҳза меҳмонлар билан инглизча чуғурлашиб олгач, шундай жавоб қилади:
— Йўқ, билишмас экан.
— Тавба, — дейди Ашурали ҳайрон бўлиб, — дунёда японлар билмайдиган нарса ҳам бор экан-да!

Шамоллаш Сабаби

Мирпўлат Мирзонинг уйидаги бир зиёфатда шоир Турсун Али «Янги шеър ёзувдим, бир эшитиб кўрингларчи!» дея жавобимизни ҳам кутмасдан, жўшиб-тошиб шеърини ўқий кетди: «Қиш. Ташқарида аёз, шамол изиллар...»

Даврада ўтирган шоир Азим Суюн шамоллаган шекилли, кетма-кет акса урар, шу боис асосий диққатимиз шеърга эмас, унга қаратилган эди.

Турсун Али шеърини тугатиши ҳамон Мирпўлат Мирзо луқма ташлади.
— Э-э шоир, мана шунақа совуқ шеър ёзиб, Азимни шамоллатиб қўйдингиз-да!

Мақолнинг Янгича Талқини

Яқин дўстимиз қизини турмушга чиқараётиб, тўйга бир кун қолганда хотини билан жанжаллашиб уйдан чиқиб кетибди. Xотин бояқиш каминага йиғлаб телефон қилди: «Бу тентакни бир амаллаб уйга олиб келинглар, эл-юрт олдида шарманда бўлмайлик энди...»

Мушкул вазифани уддалаш учун Мирпўлат иккимиз йўлга чиқдик. Аразчини кўкрагини захга босиб ётган жойидан аранг чиқариб, уйига олиб келдик. Йўлимизга илҳақ бўлиб, юрагини ҳовучлаб ўтирган хотинига «Мана, олдин катта куёвни тушириб олинг!» дея ҳазиллашган бўлдик.

Қайтар маҳали ҳали-ҳануз шаштидан тушмай, аёлига ёвқараш қилиб турган дўстимизга Мирпўлат оҳиста шивирлаб, далда берди: «Э-е, кўпам парво қилаверманг энди, бу хотин зоти ҳамма ерда бир хил қичқиради».

Маҳорат Ошгач

Кунлардан бир куни шахмат ҳақидаги гурунгда Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона директори Абдусалом Умаров шундай деди:
— Мен мактабда ўқиб юрганимдаёқ иккинчи разряд талабини бажарганман.
— Ундай бўлса, маҳоратингиз йилдан-йилга ошиб, ҳозир саккизинчи разрядга (аслида тўртта разряд бўлиб, биринчиси энг юқори ҳисобланади) етиб қолгандирсиз! — дедим жиддий оҳангда.

Ҳамма кулиб юборди.

Эҳ Аттанг...

Бир вақтлар филармония найчиси бўлган Маҳмуд Муҳамедов тартиб-интизомли, саранжом-саришта одам эди. У айниқса кийиниш маданиятига алоҳида эътибор берар, гастрол сафарларида дазмол топилмай қолса, ухлашдан олдин шимини ҳафсала билан кўрпа остига тахлаб, «Мана, ошни дамладик, эрталаб қулинг ўргилсин паловхонтўра бўлади» деб қўяркан. Буни кузатиб юрган ҳамкасб артистлар бир куни ўзаро маслаҳатлашиб, найчини бир бопламоқчи бўлишади. Улар Маҳмуд ака «ошини дамлаб», бирров ташқарига чиқиши ҳамон апил-тапил кўрпа остидаги шимнинг тахини бузиб, яна қайта жойига қўйишади.

Эрталаб Маҳмуд ака одатдагидек қўлларини бир-бирига ишқалаб, кўрпа тагини аста кўтариб қараса шимнинг тахи дабдала бўлиб ётганмиш. Боёқиш найчи ҳафсаласи пир бўлиб, ўзларини зўрға кулгидан тийиб турган ҳамкасбларига мўлтираб қараганча шундай дермиш:
— Эҳ аттанг, ош тагига олиб кетибди-ку!

Савияси Паст Ўғрилар

Ён қўшним, заҳматкаш адабиёцҳунос олим Ортиқбой Абдуллаев бир куни Xумсондаги уйига ўғри тушганини айтиб қолди.
— Xўш, ўғри нималарни ўғирлабди? — деб сўрадим ҳамдардлик билан.
— Ҳа энди, қўлига илинган анча-мунча нарсаларни ўмариб кетибди-да.
— Дарвоқе, бой кутубхонангиз бор эди, ишқилиб китобларга тегинмабдими?
— Ҳайриятки, китобларга тегмабди.
— Маҳаллангиздаги ўғриларнинг маънавий савияси анча паст экан, — дедим.

Чангитмай Ўтинг

Советлар даврида, қизил мафкура ҳукмронлиги йиллари Андижон вилояти ёзувчилар уюшмасининг бир йиғилишида уюшмага узоқ муддат раҳбарлик қилган раис кутилмаганда заҳматкаш шоир Восит Саъдуллага иддао қилиб қолади.
— Восит ака, сиз жуда ҳам иззатталаб одамсиз. Нима, сизга энди ҳар қадамда букилиб таъзим қилишимиз керакми? Ахир устоз Абдулла Қаҳҳор ҳам бир мақоласида «Мабодо кўчада уч-тўрт қария турганини кўрсангиз, саломлашингу ишингиз зарур бўлса, олдинга ўтиб кетаверинг» деган-ку!

Раҳматли Восит аканинг бунга жавобан айтган машҳур гапини андижонлик ижодкорлар ҳали-ҳамон эслаб юришади:
— Майли укажон, олдинга ўцангиз бемалол ўтиб кетаверинг, — дейди ўшанда Восит ака, — фақат чангитмай ўтинг-да!

Мулоҳаза

Талабалик йилларимизда раҳматли адабиёцҳунос олимлар Ғулом Каримов билан Озод Шарафиддинов ўртасида реализм масаласи юзасидан баҳс-мунозара роса қизиганди. Ғ.Каримов табиатан эҳтиёткор ва сермулоҳаза, О.Шарафиддинов эса дангалчи ва жўшқинроқ эди.

Кунлардан бир куни иккала домла троллейбусда ишга келишаётган экан. Манзилга яқинлашганда Озод ака Ғулом Каримовни огоҳлантиради:
— Домла кейинги бекатда тушишимиз керак.

Ғулом Каримов бошини сал энгаштириб, кўзойнаги устидан Озод акага синчковлик билан қараб туриб, шундай дермиш:
— Сиз шундай деб ҳисоблайсизми, Озод Обидович? Менимча, бу масалани жиддийроқ ўйлаб кўриш лозим!

Оёғимни Босмай Туринг

Телекўрсатувда машҳур санъаткор Тамарахоним билан суҳбатлашиши лозим бўлган сухандон йигит олдиндан маслаҳатлашиб олади:
— Аяжон, кўрсатувимизнинг вақти-соати чегараланган, шунинг учун қисқа, лўнда гапириш керак. Мабодо хотираларга берилиб кетиб, гапингиз чўзилиб кеца, сизни қандай тўхтатаман?

Ўйлай-ўйлай йўлини топишади — сухандон стол остидан секин аянинг оёғини босиб қўйса бас — гапга нуқта қўйилади.

Ниҳоят, кўрсатув бошланади. Кутилганидек, Тамарахоним санъат даргоҳига қандай кириб келгани, ҳамкасб ва устозлари, фронт ортида кўрсатган хизматлари ҳақида жўшиб-тошиб гапираверади. Сухандон келишилганидек аянинг оёғини секингина босиб қўяди. Шунда ая ногоҳ гапидан тўхтаб, сухандонга ажабсиниб юзланади:

— Ўғлим, гапимни охиригача айтиб олай, оёғимни босмай туринг!