OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШодмон Отабек
Асар номиИмтиҳон яқинлашганда (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Шодмон Отабек
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм14KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/07/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Имтиҳон яқинлашганда (ҳажвия)
Шодмон Отабек

Хуллас-калом, ана шу ажойиб даврнинг ажойиб гаштини «маза» қилиб суриб юрган қаҳрамонларимиз — Тошпўлат, Мўмин, Ҳамидлар ётоқхонада ширин уйқуда эдилар. Талаба халқини биласиз — уззу кун тиниб-тинчимайди, қоқ ярим тунгача ухлашни хаёлига келтирмайди. Жамики муаммоларнинг ечимини охирги кечага тақаб қўяди. Катта алломалар бутун умрини сарфлаб ўрганадиган фанни талаба бир кечада ўрганиб-ўзлаштириб, эртаси куни имтиҳон ҳам топширади.

Қаҳрамонларимиз туни билан куймаланиб, алла-паллада ухладилар. Эртаси куни якшанба бўлгани учун бемалол ётавердилар. Одатда гавжум, сершовқин ётоқхона айни тонг палласида ногоҳ сокин бўлиб қолади. Аммо ана ўша сокинликка бугун кўз тегди. Ҳали сўфи азон айтмасдан қаҳрамонларимиз ётган хона эшиги қаттиқ тақиллади. Биринчи бўлиб ёши шерикларидан каттароқ, ҳарбий хизматни ўтаб келган Тошпўлат уйғонди. Эринибгина ўрнидан туриб, эшикни очди. Очди-ю ҳайратдан лол қолди. Остонада «Материаллар қаршилиги» дарсининг домласи, қаттиққўллиги билан талабаларнинг юрагини олиб қўйган Ғойипов турарди. «Кимки шу дарсдан эсон-омон имтиҳон топширолса, институтни битирдим деб ҳисоблаши мумкин», деган гаплар бежиз айтилмаганди.
— Э, келинг, домла, — деди Тошпўлат андак тараддудланиб, — қани ичкарига...
— Раҳмат, арзимас бир илтимос билан келувдим, — домла дангалига кўчди.

«Ажабо, домланинг талабада қандай илтимоси бўлиши мумкин? Ҳамиша бунинг тескариси бўларди-ку!» дея Тошпўлат ҳайрон бўлди.
— Шу... участкада озгина иш бор эди. Шунга ёрдамлашворсанглар. Бугун якшанба, баҳонада бир «разминка» қиволасизлар.

Тошпўлат бўшашибгина «Майли» деб юборганини сезмай қолди. Бояқиш бундан бошқача жавобни тасаввур ҳам қилолмасди. Бир ҳафтадан кейин Ғойиповнинг имтиҳони! Қани йўқ деб кўр-чи! Фақат арбоблар эмас, домлалар ҳам ҳар боб билан уришга уста бўлиб кетишган. Айниқса, Ғойипов! «Материаллар қаршилиги»ни ўқиб-ўқиб енгиш мумкин, аммо домла бир ўчакишса, унинг қаршилигини енгиб бўлмайди.
— Бўпти! — деди домла ишнинг осон кўчганидан мамнун илжайиб. — Пастда сизларни кутиб тураман, шерикларингни уйғотиб тушарсан.

Шерикларни уйғотиш осон кўчмади. Мўмин ҳарқалай ўз номи билан мўмин эди, уни бир амаллаб уйғотди-ю инжиқ ва нозикмижоз Ҳамидни ўрнидан қўзғотгунча анча хуноб бўлди.

Қаҳрамонларимиз юз-кўзларини чала-чулпа ювдилару шоша-пиша пастга тушдилар.

Ташқарида тез-тез соатига қараб, бетоқат кутиб турган домла талабаларни автобус бекатига бошлади. Ҳамид Тошпўлатга иддао билан ўқрайди: «Қурумсоқ домланг текин ишлатганига яраша таксида олиб кеца ўладими?»

Тошпўлат «иложим қанча» дегандай елка қисди. Йўл ҳам анча олис экан, домланинг шаҳар четидаги ҳовлисига етгунча уйқуга тўймаган йигитлар автобусда тик туриб, мудраб-тебраниб боришди.

Манзилга етишгач, домла ишни маъруза ўқигандек, қисқача тушунтирди: айвондаги чала кавланган ертўлани қазиб, охирига етказиш керак!

Шоввозлар енг шимариб ишга киришдилар. Ертўла қазилаётган жой тошлоқ экан, бақувватроқ Тошпўлат лом билан шағалли тупроқни кўчириб, замбилга солар, Мўмин билан Ҳамид юкни ҳовли адоғидаги чуқурликка элтиб, тўкиб келар эди. Тошпўлат ҳар гал замбилга тупроқ солаётганда Ҳамид минғирлайди: «Ҳей, замбилни кўп тўлдирма, сенга ўхшаб ҳўкиздек кучимиз йўқ!» Тошпўлат бунга жавобан «Ҳўкиздек кучинг бўлмаса ҳам, энди эшакдек ишлайсан, ҳа, бўлақол, хих!» дея қитиқпатига тегади. Мўмин мўминдек кўрингани билан андаккина писмиқлиги ҳам бор эмасми, «Мана кўрасанлар, домла то қоронғи тушмагунча қўйвормайди, келажагимиз порлоқ», дея шериклар кўнглига ғулғула солади.

Оғир иш қилиб ўрганмаган Ҳамиднинг нозик қўллари шилиниб кетди. Замбил дастасини ушлашдан безиллаб қолди. Ахийри азобга чидолмай, замбилни отиб юборди:
— Э бор-е, кимга керак бўлса, ўзи қилаверсин. Менга нима зарил?!

Шу маҳал домла ичкаридан эски челакни кўтариб чиқди ва бостирма тагида боғлоқлик турган улкан овчарка итнинг ялоғига ювинди қуйди. Ит ютоқиб овқатни ича бошлади.

Эрталабдан нонушта қилмай ишлаётган талабаларнинг ичини ит таталагандай бўлди.
— Домла бизни нонушта қилиб келган бўлса керак, деб ўйлагандир, — деди Тошпўлат шериклар номидан ишга розилик бериб юборгани учун ўзини айбдордек сезиб.
— Ҳафтада бир кун оч юриш соғликка кони фойда экан! — деди Мўмин. — Америкалик олим Пол Бреггнинг китобида ўқиганман.
— Сафсатани бас қилайлик! — деди Тошпўлат ногоҳ жиддий тортиб. — Барибир шу ишни битирмасак қутулмаймиз.

Ниҳоят, домланинг тушликка чорлаган чақириғи эшитилди.

Талабаларнинг ўзидай ғарибгина дастурхонга айни «мардикорбоп овқат» — макарон шўрва тортилди.
— Аксига олиб, бугун маҳаллада қассоб мол сўймабди!
— Ҳечқиси йўқ, домла, гўшт соғликка зиён экан! — деди Мўмин ҳозиржавоблик билан.
— Шундай денг?! — домла кесатиқни пайқамади. — Тарихда ўтган жуда кўп буюк шахслар гўшт ейишмаган!
—Лекин улар ертўла қазишмаган-да! — деб юборди Ҳамид беихтиёр.

Тошпўлат «Ўчакишма!» дегандек хонтахта остидан унинг оёғини босиб қўйди.

Тушликдан кейин орадан бир-икки соат вақт ўтгач, ниҳоят ертўлани қазиб бўлишди.

Йигитлар «Энди бу ерни елкамизнинг чуқури кўрсин!» дея кетишга чоғланиб туришганда домладан янги гап чиқиб қолди.
— Баракалло, ертўлани бопладинглар! Энди ишнинг иккинчи қисми қолди. Ҳовли четидаги ҳов ана бу симтўрларни кўряпсизларми? Ҳозир ўша ерга бориб, аввал арматура қозиқларни қоқасизлар, сўнг унга симтўрларни боғлаб, ҳовли атрофини ўраб чиқасизлар. Яна бир ғайрат қилсанглар, қуёш ботгунча битирворасизлар.

Янги ишнинг дарагини эшитган талабалар қишда бошидан совуқ сув қуйилгандек жунжикиб кетишди. Балки ҳазиллашаётгандир, дея домлага мўлтираб қарашди. Йўқ «Материаллар қаршилиги» жиддий эди.

Шўрлик талабалар тарвузи қўлтиғидан тушиб, яна иш бошлашди. Мўмин билан Ҳамид билакдек йўғон арматура қозиқларни қўллари қалтираб зўрға тутиб турар, шашти анча тушиб қолган Тошпўлат уни гурзи билан инқиллаб уриб, ерга аранг киритар, сўнг симтўрни боғлашар эди. Бу ишнинг охир-адоғи кўринмас эди.
— Топдим! — деди Ҳамид кутилмаганда.
— Нимани топдинг? Тиллами? — энсаси қотиб сўради Мўмин.
— Йўлини топдим, йўлини! Бу лаънати ишдан тезроқ қутулиш йўлини топдим.
— Xўш, хўш? — Тошпўлат ишонқирамай, оғир гурзини ушлаганча қараб қолди.
— Ана бу қум уюмларини кўряпсизларми?
— Кўрдик, хўш?
— Нажот ўша ерда. Мана бу арматура қозиқларни секин, биров кўрмайдиган қилиб ўша қумга кўмиб қўямиз.
— Xўш, кейин-чи?
—Кейин, домлага «Қозиқларингиз тугади» деймиз. Қозиқлар тугагач, иш ҳам тугайди.
—Бошладик. Таваккал!
— Таваккал!

Ишдан зада бўлиб, эзилиб-сиқилиб турган талабалар хаш-паш дегунча арматураларни қумга гумдон қилишди. Қолган саноқли арматурани тезда ерга қоқиб, симтўрни нари-бери тортгач, «Хайрият, энди қутулдик бу даҳмазадан» дея секин ўтириб тин олишди.

Гурзининг овози эшитилмай қолганидан хавотирланган домла дарҳол етиб келди.
— Арматура тугаб қолди, домла! — Тошпўлат тантанали равишда масалага аниқлик киритди.
— Йўғ-е?! Чамамда бемалол етиши керак эди-ку! Биронтаси ўғирлаб кетдимикин? Атроф очиқ. Ҳай майли, қўшни маҳалладаги Қамбаралида бор, сўрасам йўқ демайди, келаси йили ўғли ўқишга киради. Кетдик, ўша ёқдан ташиб келтирамиз!

Озодликка чиқарилган маҳбусга «Авф нотўғри экан, Сиз яна қамоққа олиндингиз!» дейилса қандай ҳолга тушади? Бояқиш талабалар худди шундай аҳволда эдилар. Ҳангу манг бўлиб, ноилож домлага эргашдилар. Йўлда Мўмин Ҳамиднинг ярасига туз сепди: «Ҳе, йўлини топмай ўл!..»

Иккови ҳам аламзада эмасми, муштлашиб кетишига сал қолди. Тошпўлат катталик қилиб, ажратиб қўйди: «Жим! Жанжаллашган... имтиҳонга ёлчимайди!»

Ишнинг осонини кўзлаб, қийинига тутилган бояқиш талабалар оқшом чўккунча силлалари қуриб, қўшни маҳалладан арматура ташидилар. Сўнг, чироқнинг ёруғида алламаҳалгача қозиқ қоқиб, симтўр ўрнатдилар. Ётоқхонага ярим тунда қайтиб келганларида, уларни ажойиб бир хушхабар кутиб турарди: Домла Ғойипов пенсияга чиққанлиги муносабати билан «Материаллар қаршилиги»дан имтиҳонни профессор Азроилов шахсан ўзлари оладиган бўптилар...