OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШодмонқул Салом
Асар номиБолаликнинг сўнгги куни (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Шодмонқул Салом
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм18KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Болаликнинг сўнгги куни (ҳикоя)
Шодмонқул Салом

— У ерга фақат аёллар боради, сенга нима бор, ер юткур, — деди онам уйнинг пастак эшигидан айвонга чиқаркан, ўдағайлаб. Мен эса ҳали кийиб улгурмаган бир пой этикчамни қўлимга олиб, момомнинг ортига қочиб ўтдим. Бу гал ҳам момом жонимга оро кирди:
— Бу бир нониреза-да, болам, қўй, ўзи бориб, ўзи келади. Ит қўриган жойга ўч дегани шу-да.

Онам тўнғиллаганча қулоғига эн солинган оқ эшакни тандирнинг супасига олиб келиб тўғрилади, момом эшакка қийналмай минди, мени эса онам қўлтиғимдан олиб, момомнинг ортига ўтқазаркан, ёлғондакам ғудраниб қўйди: «Эшакка минишни билмайди-ку бу тиламишингиз».

Онамга қараб тиржайдим.

Эшак илкис силкинди, мен момомнинг куртасидан маҳкам ушлаб олдим. Биз Ойсулувларникига Бибисешанбага жўнадик.

Уларнинг уйига тутзор ёқалаб борилади, бир томон тутзор, бир томон пахтазор. Ўртадаги ёлғизоёқ йўлдан ювош эшак бир зайлда одимлайди. Ерга эгилган тут новдалари юришга халал беради. Момом менга борганимиздан сўнг эслигина бўлиб юришимни таъкидлаб кетаётир, момомнинг ҳар гапига «ҳмм-ҳмм» деб қўяману, хаёлим эса боргач бўладиган ўйин — «уруш-уруш»да. Биз доим бирга бўлсак, «уруш-уруш» ўйнаймиз. Ўйинни иккига бўлиниб олиб ўйнаймиз, бир томон «советлар», бир томон «афғонлар» бўлади. Ким «совет» бўлса хурсанд бўлади, чунки Ойсулувнинг акаси ҳам «совет»-да. У ҳозир армияда, оти Исроил ака. Ойсулув доим акаси ҳақида ҳикоя қилганда Шералининг ҳам, менинг ҳам унга ҳавасимиз келиб кетади.

Исроил ака декабрнинг охирларида армиядан келар экан, шунда Эргаш ака катта ҳўкиз сўйиб тўй қилармиш. Исроил аканинг уёқда «танка»си, Алек деган ўрис ошнаси бор эмиш...

* * *

Кузнинг илиқ куни. Кўкда мезон учади. Кенг пахтазор адоғидаги девори лойсувоқ уй Эргаш аканики. Уйнинг ёнидан кўкка тутун ўрлаяпти — ўчоқ бўлса керак.

Момом эшакнинг бошини тутариққа бурди, жонивор аста оралай бошлади. Менимча, у ҳам момомнинг тилини тушунгандек туюлади, агар мен ҳайдаганимда ариқдан сакраб юборган бўларди.
— Ўчоқдан нарёққа ўйна, момонг келяпти, томоғингди босади ҳозир, — дея Зулфия хола ўчоқ бошидан биз томонга юра бошлади. Момом бу гал ҳам эшакдан тандир супасига тушди, мен эса ерга сакрадим. Момом аввал Зулфия хола билан, сўнг болалар билан бир-бир кўришди, мени эса Зулфия хола қўлимдан тутиб кўришаркан: «Қани Турсунполвон, катта йигит бўляпсизми?», деди. «Ҳмм» дедим ва дарҳол болаларга қўшилиб кетдим. Момом эса Зулфия хола билан уй томонга юрди.

* * *

Бугун биз олти киши бўлдик. Ойсулув болаларни бўлиш учун қўлини орқасига қилиб тош яшира бошлади, топган «совет», топмаган эса «афғон». Тош яшириш гуруҳлардаги болаларнинг сони тенглашгунча давом этди. Мен, Ойсулув, Икром «афғон» бўлиб қолдик, «советлар» эса Шерали, Ғайрат ва Гавҳар бўлди. Улар оғил тарафга кетди, биз эса уй тарафга бурилдик. Қўлимизда ёғоч тўппонча, энг зўри меники, отам ясаб берган.
— Аго-он... аго-он... — оғил тарафдан Шералининг овози эшитилди. Мен тандирнинг панасига ўтиб олдим. Шу пайт оғил томондан ҳушёр бўлиб келаётган Шерали кўринди.
— Та-таат, Шерали, та-таат ўлдинг... — деб бақириб юбордим. Шерали «вой» деди-ю, гўнг уюми томон — паккага юра бошлади. Қоидага кўра ўлганлар паккага чиқиб туради.
— Та-таат, Икром, та-таат, ўлдинг Икром... — Гавҳарнинг овози эшитилди. Икки кишига икки киши қолди — ўйин қизиб кетди.

* * *

Кун тушга яқинлашиб қолганди. Уйнинг ёнбошидан Зулфия холанинг «Ойсулув» деган овози эшитилди, кейин эса ўзи кўринди.
— Ойсулув, буёққа кел қизим, манови овқатни Салтанат холангга бериб кел, — деди Зулфия хола.

Ойсулув менга: «Юр, Турсун, бериб келайлик», деди. Мен бош ирғаганча унга эргашдим. Салтанат хола яқинда фарзандли бўлган, ҳали «чиллали», шунинг учун кўпчиликка аралашолмайди. Ойсулув иккаламиз рўмолга тугилган нон ва узнакдаги овқатни олиб йўлга тушдик.

* * *

Ойсулувларникига қайтганимизда уйнинг олдида ҳеч ким кўринмасди. «Ҳамма овқатланишга кириб кетибди», деб ўйладим. Ойсулувларнинг ўзлари яшайдиган уйда аёллар ўтиришган экан, биз тўғри шу уйга кирдик. Улар овқатланиб бўлишган экан. Олти-етти аёл айлана бўлиб ўтирибди, ўртада катта ун супраси ёзиғлиқ. Тўрдан эса момом жой олган.
— Келдиларингма? — деди Зулфия хола, — ўтиринглар шу ерга, овқат олиб келаман, — Зулфия хола шундай деб ўрнидан қўзғалди.
— Улбаччага нима бор бу ерда, нарёқда бер овқатини, — деди момомнинг ёнида ўтирган аёл. Бу Шералининг онаси Xадича хола эди. Бу гапга Зулфия хола эътироз билдирди:
— Улбаччалиги борма ҳали бунинг, ўтираберсин шу ерда.

Аёллар бу гапга кулишди. «Ўтир, Турсунжон, ўтир», деди момом.

Бурчакка ўтирдик. Ойгул иккита косада овқат олиб кирди. Ойгул Ойсулувнинг опаси, у далага кетмоқчи шекилли, эгнида ўғил болалар киядиган йўл-йўл енгли куйлак.

Овқат ерканмиз, аёлларнинг ҳаракатига қизиқиб қараб ўтирардик. Тўрда момом, қўлига пахта тутамларини олиб супранинг ўртароғида турган катталиги пиёладай келадиган оқтошнинг устига қўяяпти. Бу тош момомнинг чилтонтоши. Тошнинг икки томони бироз қорайган. Момом пахтани эшиб қўяркан, менга аввал ҳам айтиб берган «Етим қиз» маталини айтаяпти. Момом гапдан тўхтаганда аёллар гап қўшиб қўяди:
— Ҳмм, товба...
— Xудойимнинг ғазнаси кенг-да...

Аёлларнинг қўлида чигити олинмаган пахта, улар пахта чигитлаб ўтиришибди. Бу орада чала-чулпа овқатланиб, айвонга чиқдик. Эргаш ака офтобада қўлини юваётган экан. У менга қараб: «Ҳа, Турсунтой, қачон от бўласан?» деди. Мен эса «Мен той эмасман», дедим.

Болалар ўйинни бошлаб юборишган экан, бизни кўриб «Қайтадан бошлаймиз», дейишди чувиллашиб. Биз яна «афғон» бўлиб қолдик. Одатдагидек, уй томонга йўл олдик. Ойсулув тандирнинг панасига беркинди, мен эса айвонга кириб бордим-да, ўртадаги уйнинг эшигини очдим. Бу Ойсулувларнинг меҳмонхонаси экан.

Хонанинг тўрида юзида катта ойнаси бор икки эшикли шкаф, унинг ёнида эса икки қатор қилиб тахланган кўрпалар бўлиб, кўрпа билан шкаф ўртасидаги бурчакда озгина жой очиқ экан. Мен шу бурчакка бордим-да, секин орқам билан кириб ўтириб олдим. Бурчак қоронғи экан. «Мени тополмай излаб келса, бу ерда кўрмайди», деб ўйладим. Тўппончам қўлимда.

Шу пайт ташқаридан яқинлашиб келаётган мотосиклнинг овози эшитилди, овоз уйга яқинлашиб ўчди ва нотаниш эркакнинг «Эргаш ака», деган товуши эшитилди. Айвондан эса Эргаш аканинг «Келаберинг, меҳмон, келаберинг», деган жавоби эшитилди. Бир пасдан сўнг эса мен ўтирган хонанинг эшиги очилиб, Эргаш аканинг изидан баланд бўйли, озғин киши уйга кирди. Меҳмоннинг қўлида тўрт бурчак шаклдаги қора чарм ҳамён бор эди. Уларнинг изидан кирган Ойгул мен ўтирган бурчакдан ўтиб кўрпалардан иккитасини тўшаб чиқиб кетди. Эргаш ака меҳмон ўтиргач, юзига фотиҳа тортди ва ҳол-аҳвол сўрай бошлади. Меҳмон менга орқа ўгириб ўтирар, ҳамёни эса мендан ярим метр нарида, кўрпанинг устида турарди.

* * *

Шу пайт аёллар ўтирган уйдан уларнинг кулгиси, кейин эса Зулфия холанинг «Кўряпман, кўряпман», деган овози эшитилди.

Бундан тушундимки, Бибисешанба охирлабди. Яъни Бибисешанбанинг охирида уй эгаси ўртадаги супрани бошига қўйиб олиб уйни айланиб чиқади, шунда уйдаги бошқа аёллар ундан «Нимани кўряпсиз?», деб сўрашади. У эса кўнглидаги барча яхши ниятларини айтиб уйни айланади.
— Нимани кўряпсиз, Зулфиябойбича? — момомнинг овозини танидим. Бунга жавобан Зулфия холанинг айвондан «Тўй қиляпмиз-е, момоси, Ойгулимди узатяпман», деган товуши эшитилди. Зулфия холанинг овози пасайди, у айвондан чиқиб кетди чамаси.

* * *

Меҳмон билан Эргаш ака эса ҳамон юзма-юз ўтирарди. Эргаш аканинг бироз хавотирли кўзлари меҳмоннинг оғзида. Меҳмон гўё айбдор одамдай ерга қараб гап бошлади:
— Эргаш ака, мен облвоенкоматданман. Термизга кеча келдим... — Меҳмон бир тўхтаб олди-да гапида яна давом этди. — Кобулда эдим шу ҳафта... Энди ака, Xудонинг айтгани бўлар экан-да... Шундай бўлиб қолди...
— Қандай бўлиб қолди? — Эргаш ака қарийб бақириб юборди. — Исроил тинчми ишқилиб, нима бўлди?
— Исроил... Исроил, — меҳмон дудуқланиб, кўрпачанинг устида турган ҳамённи тезда очди-да, ундан бир парча қоғоз олди. Эргаш ака қоғозни меҳмоннинг қўлидан юлиб олди ва пичирлаб ўқий бошлади. Мен эса ўтирган жойимда нима гаплигига тушунмай ўтирардим.
— Нимага бундай бўлади... нима-ага... — Эргаш ака лаблари титраб бирдан йиғлаб юборди ва меҳмоннинг ёқасидан ола кетди. Кутилмаган бу ҳаракатдан меҳмон ёнбошига йиқилиб тушаёзди. У Эргаш аканинг қўлларидан қутулишга ҳаракат қилиб, «Эргаш ака, Эргаш ака», дерди фақат. Ўтирган жойимда чўчиб тушдим. Эргаш ака меҳмоннинг ёқасидан қўлини олиб, ўзини гиламга ташлади. Унинг елкалари титрар, овози хирилларди: «Нима-ага?..»
— Исроил... Исроил мард йигит эди... Ватан учун мардларча ҳалок бўлди... — Меҳмон боши эгилган куйи гапирарди. Овозининг титрашидан у ҳам йиғлаётганга ўхшарди. Эргаш ака гиламдан бошини кўтарди, унинг битта-яримта оқ оралаган мўйловлари ҳам кўзёшидан ҳўл бўлганди.
— Э-е, шу... онасини... — унинг йиғи аралаш овози бироз босилгандай туюлди менга. Xонага бир зум оғир жимлик чўкди. Шу маҳал уйнинг орқа томонидаги деразадан бошига супра қўйган Зулфия хола кўринди. У тўхтаб-тўхтаб, баланд овозда ўзига-ўзи гапирарди. Унинг кўзлари жуда узоқларга қадалганди.
— Исроилимди кўряпман, кўраяпман, юзлари ойдай бўп келаяпти. Исроилимга келин тушираяпман, келинимнинг... — Зулфия холанинг овози пасайди, уйни айланиб кетди.

Менинг эса уйдан югуриб чиққим келди шу топда.
— Энаси эшитмасин, энаси, — Эргаш ака кўзларини артаркан қийналиб ўрнидан турди. Меҳмон ҳам ўрнидан қўзғолди. Гиламнинг устида эса ҳалиги қоғоз ғижим бўлиб ётарди.
— Эргаш ака... энди пешонасида бор экан-да. Эртага соат 12 да Термизга... — гапнинг давомини эшитмай ташқарига отилдим, эшикка етганда қўлида дастурхон ва тарвуз кўтарган Ойгулга урилиб кетдим.

Аёллар ҳам ташқарига чиқаётган экан, момом эса Зулфия хола жиловидан тутиб турган эшагимизга минаётибди. Югуриб айвондан чиқарканман, оғил томондан келаётган Шералининг «Та-таат, Турсун, ўлдинг, урра афғонлар енгилди», деган ҳайқириғи эшитилди. Мен эса момом томонга паришон борарканман, бирдан бақириб йиғлаб юбордим. Айвондан эса Эргаш аканинг баланд, лекин титроқ овози эшитилди.
— Тўхтат уруш-урушингни, иккинчи ўйнаганингни кўрмайин.

Зулфия хола эса мени эшакка миндираркан, ҳадеб овутарди:

— Йиғлама Турсунжон, йиғлама, ўйинда йиғлаган кал бўлади...