OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШомирза Турдимов
Асар номиСиртлон (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шомирза Турдимов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм16KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/11/15
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Сиртлон (ҳикоя)
Шомирза Турдимов

U kun qizigan payt, tiqilinch avtobusda uyiga qaytdi.

Bir tomoni roʻzachilik, issiqda yoʻl yurish ogʻir keldimi, yuzlari qizarib ketdi.

Эшик очган қизи уни кўриб ажабланди:

– Ичдингизми?

Савол унга эриш туюлди. Кесатиб жавоб берди.

– Пиво!

– Вой, рўзангиз-чи?

– Ухлади.

– Ичганга ўхшаяпсиз.

– Ўзинг ўхшайсан.

У жаҳл билан ички уй томон юрар экан, ҳовли бурчагида ўзига ҳушёр тикилиб турган ити – Сиртлонга кўзи тушди. Сиртлон эгасини кўриб ўрнидан турди, сўнг керишиб уйчасига қайтиб кирди...

* * *

Қўлида қизил елим челак билан ариқ лабида турибди. Ариқнинг икки қирғоғи бетонланган. Сув тиниқ, бир қаричча пастда сокин кўринади, оқаётгани сезилмайди. Ариқ кичкина кўприкка тақалган, гўё сув шу кўприкдан чиқаётгандек. Кўприкнинг баландроқда жойлашгани шундай таассурот уйғотади. Кўприкдан машиналар бемалол ўтса бўлади, лекин икки четида белдовлари йўқ.

Аёлини кўприкнинг сув чиққан жойида кўрди. Аёл эрига хавотирли қарайди.

Кўприкдан юрса қулай эди, нимагадир ариқдан ҳатламоқчи бўлди. Ариқни чамалади. Кенглик бир одим. Ўтишга тараддуд кўрар экан, кўзи қарама-қарши томонда ўтирган икки бегона хотинга тушди. «Бозорчилар», лип этиб хаёлидан ўтди. Ҳатлашга чоғланди, бирдан ўзини нохуш сезди. Оёғи, қўллари ўзига бўйсунмай сархуш бир кайфият туйди.

Аёли сергак тортди:

– Ҳой, бу нетади?!

Аёл бошқа сўз айтишга улгурмади.

Қадам олинган, оёқ ердан узилган эди. Гавда эгасига бўйсунмасди. Ҳуши ҳали ўзида, бор кучини йиғиб ариққа юзтубан йиқилмасликка интилди. Кўтарилган оёқ ариқнинг у қирғоғига ярим улашиб тушди, қадди эгилди. Қизил елим челак тутган қўл сувга ботди.

Узилган барг сокин, солланиб-солланиб ерга учиб тушгандек, аёлининг кўз ўнгида у ҳам оҳиста ариқ устига энгашиб букчайган ҳолатда тўхтади.

«Итнинг овқати, сувга кетди!» Қизил елим челакнинг сувга ботаётганини имконсиз кузатар экан, тортиб олишга мадори келмай хаёлидан шу фикрни ўткарди.

Қўллар унга бўйсунмасди. Гавдасини тўхтатиб қолишга куч топди холос.

Челакли қўл билагигача сувга кирди, сув юзига ёғ ҳалқаланиб ёйилди, тўрт-беш макарон ва ушоқлар қалқиб чиқди. «Суяклар оғир, тубда қолар». Ҳеч бўлмаганда итига суяк борса ҳам майли, шунисига ҳам шукр қилади.

Аёл нимагадир: «Туринг!», деган сўз айтди. Кутилмаган ҳолат таъсир қилдими, жойидан жилмади, ёрдам беришга шошмади.

У бу пайт кўприк устида қотиб турган аёлини, нарида текин томошабин бозорчи хотинларни бутунлай унутганди.

Итининг овқати оқиб кетса, нима қилади, «Итим оч, итим оч», деган ўй асири эди, тамом..

Ичида қандайдир куч уйғонди. Сархушлик тарқалди. Танасига бўйсунмай осилиб турган қўллари, эгилиб, букилаётган оёқларига қайта жон кирди. Шошилинч қизил челакни сувдан шалоплатиб кўтарди. Челакни сувдан айириш баробарида қаддини ростлаб, нариги қирғоққа ўтди. Челакка қаради. Итнинг насибаси омон қолибди. Челакка кирган сувни тўкди, суягу сарқитларни чамалаб кўрди: «Лайчага етади». Таскин топди.

Аёлининг қўлидан тутгани лайча хаёлини бўлди:

– Дадаси, ана улар итга овқат олганларни қамаяпти. Ташланг буни.

Аёлининг овозида кўҳна хавотир бор эди.

Узоқдан шошилинч келаётган икки кишини кўриб аёлининг рост гапирганига ишонди. Кишилар тўғри эру хотинни мўлжаллаб юришди.

«Челагимни олиб қўяди». Кўнглида шубҳа уйғонди. «Бу айтдими?» Аёлига синчил тикилди, «итимни азал-абад ёмон кўрган, шу айтган». Аёлининг юзу кўзидан шубҳасига тасдиқ ахтарди. Кўнглини юпатгувчи ҳеч нарса топмади.

Аёл эрининг қўлидан челакни олиб бекитмоқчи бўлди.

Эр челакни кишиларга беради, деган хаёлда, аёли қўлини итарди. Шубҳасига истаган тасдиғини олгандай бўлди. «Айб ундан ўтди, мен ҳақман, ҳақман, ҳақман...» деб такрорлаганича чопқиллаб, ўзи билмаган ҳолда бозорчи хотинлар томон ўтди. Бир қарашда улар кимлигини билиб бўлмасди. Хомуш тортиб ўйлади: «Бозорчининг бари бир гўр. Савдочи чорбозорчиларнинг на ирқи, на миллати, на жинси бўлади. Фойда тушса бўлди». Хотинлар олдида итларнинг овқати уйиб қўйилганини кўриб, нажот топгандай бўлди. «Булар итга овқат сотади-ку», қабилидаги ўй, челакни шуларга берсам, айбсиз қоламан, деган фикрни туғдирди. Челакни шошилинч бозорчи хотиннинг олдига қўйиб, йўлнинг у томонида қолдирган аёлига «уддаладимми» дегандай қаради. Имконсизлик одамни топқир этади. У бозорчи аёлни бир сўз демай ўзига эл қилиб, ҳамкорига айлантирганига ўзи қойил қолди. Аёлига ҳам буни кўрсатмоқчи эди. Аёлининг ариққа юз буриб турганидан, унинг санъатини сезмаганлигини англади. Аёлининг ёнига қайтди.

Текширувчилар тўғри уларнинг ёнига келишди. Буларда кийимдан бўлак нарса топмай изига қайтиб кетишди.

Негадир текширувчилар бозорчи хотинлар томон бормади, гўё улар бу ҳудудда йўқдай бееътибор ўтиб кетишди. Ҳайрон қолган жойики, текширувчи дегани кимдир итга деб бир нарса олиб келганини кўриб қолса, ур калтак, сур калтак қилади-ю, бутун бошли бозор очиб ўтирган хотинларни кўрмайди. Замонанинг зўрини кўринг. Булар очиқча ит еми сотади, униси бехабар.

Аёлига шу гапни айтмоқчи эди, ёнига бурилиб топмади. Аёли қачон кетган, хаёл олиб қочганда сезмай қолибди.

Нимагадир хавотир олмади. Ўй-хаёлини яна ити эгаллади.

Текширувчилар кўздан йитди. У бозорчи хотинлар ёнига бориб челагини олмоқчи бўлди. Челагини бўм-бўш кўриб кайфи учди. Бозорчи хотинларнинг хайрихоҳлиги уни тунаш экан-ку, деган ҳукмга келди.

У энди гапга оғиз жуфтлаётган эди, хотинлардан бири челакка ҳар хил эту суяклардан солиб қўлига тутди. Унинг гапи оғзида қолди.

Ўз-ўзидан кўнглида: «Ит эту суяк билан тирик, одамнинг этига, итидан яқин йўқ», деган фикр уйғонди.

* * *

У итим ёлғиз очликдан силласи қуриб ўтиргандир, деб борди-ю, лол қолди. Дунёда шунча оч ит борлигини кўриб ваҳимага тушди. У ер юзида одам кўп, деб ўйларди, кўрдики, оч ит кўп экан. Ҳар бир итлар борки, томдай-томдай. Занжирларини шарақлатиб, кўринганга ўзини ташлайди.

Сарҳадсиз ҳудудни эгаллаган бу итларни боқишнинг ўзи бўладими?.. У четдан сер солиб, лайчасини ахтарди. Лайча кўринмади. Кузатганлари хаёлини олди. Бир четда икки катта ит кучукчани ўртага олиб кетказгани қўймайди. Кучукча, қочсам, деб йўл ахтаради. Ўзини четга олса, катта итлар оёқлари билан босиб, кучукчани ерга қоғоздек ёпиштириб қўйишади. Ит оёғини олади, кучукча дам кирган коптокдек қад ростлаб кетмоқчи бўлади, бошқа ит бошидан босиб, ерга қапиштиради. Катталарга эрмак, кучукчага қисмат. Унинг кўзи катта бир қанжиққа тушди. Қанжиқ безовта, жонсарак ҳаллослаб чопқиллайди, орқасидан боласи туғилиб ерга тушмоқчи, типирчилайди. Изидан семиз, иркит бир чўчқа искаланиб эргашади. Кучукча туғилиб, тўғри чўчқанинг оғзига тушди. Чўчқа кучукчани тишлаганича, ўзини четга уриб, кўздан йитди.

У, лайчамни топмасам керак, деб хомуш тортди. Қайтмоқчи бўлди. Охирги бор итлар ҳудудига тикилди. Шунда узоқда мунғайиб ўтирган Олапари кўрингандек бўлди.

Олапар унга қарамас, кутмаган бўлса керак, бошини қуйи солганича тек турарди.

У Олапарнинг олдига ўтмоқчи бўлди. Бир-бирини, дуч келганини еб ётган қутурган итлар тўла бу ҳудудга қандай ўтишни билмади.

Бошқалар қандай ўтди экан, наҳотки шунча итнинг эгаларидан бирортаси келмаса, деб атрофга тикилди.

Ўзи билан оч итлар ҳудудини ажратиб турган саробдек ҳарир пардага яқин бориб, ниманидир аниқларман, деб ўйлади. Адашмаган экан. Пардага яқин ёндош йўлакка бир машина келиб тўхтади. Машинадан чиққан эркак ва аёлнинг икки қўнжи озиққа тўла эди. Улар авваллари ҳам кўп бор келиб-кетишган шекилли, пардага етиб, ҳеч иккиланмай қўл ушлашиб оч итлар ҳудудига «қийқириб» сакрашди... Парда ортига сингишди...

У исмсиз ваҳима ичида қолди. Титрай бошлади. Бутун бадани қизиб, юзлари лов-лов ёнди. Ҳароратидан қизил елим челак аввал бурушди, сўнг бужиб, эриб ерга оқиб тушди...

* * *

Телефон жиринглади. У аввал рақамга қаради. Бир паст тикилиб, яшил тугмачани босди.

– Қандай бордингиз?

– Қил кўприкдан ўтгандай...

– Кетиб қолдингиз, бирдан, тинчликми?

– Қўрқдим.

– Қўрқоқ...

– Айбим бўйнимда...

– Қутулдим дейсиз-да.

– Итимга тутилмадим...

– Қанақа ит яна?

– Бўшаб-бўшалмаган ит.

Аёлининг гапи ташқаридан келиб, суҳбат узилди.

– Ким билан гаплашяпти, ана ити яна бўшалиб кетди, бойласа-чи.

* * *

У ҳовлига чиқди. Ити уясини олдида боғлангандай турарди.

– Жойида-ку?

Аёл дарвозанинг кираверишини супурар экан, жавоб қилди:

– Ҳозир мени кўриб уясига қайтди-да.

У итининг ёнига борди. Ит эгасининг оёқларига эркаланиб бошини қўйди. Итнинг бўйинбоғи занжирдан чиққан экан. У занжирни бўйинбоққа илмоқчи бўлиб тўхтади. Қаршисида аллақачон ўлиб кетган Олапар ётганини кўрди. У ҳайрат билан аёли томон ўгирилди. Айб устида қўлга тушган боладай довдиради. Аёли қўқимларни олар экан, қайрилмай гапирди:

– Боғласа боғласин-да, ўтирадими?..

У бу гапдан ҳушёр тортди. Ит томон бурилди. Не кўз билан кўрсинки, Олапар йўқ, малла Сиртлон кўзлари йилтираганча унинг оёқларига тумшуқ тираб тикилади.

У Сиртлоннинг бўйнига занжирни илди.

Сиртлон занжирни шилдиратиб нари кетди.

* * *

Ошхонадан қизининг овози эшитилди:

– Дада, оғиз очиш вақти келди...

«Шарқ юлдузи» журналининг 2010-йил, 5-сонидан олинди.