OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШуҳрат Маткарим
Асар номиЧорраҳадаги «аҳмоқ» одам (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Шуҳрат Маткарим
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм5KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/07/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Шарқ юлдузи» журналининг 2012 йил 1-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Чорраҳадаги «аҳмоқ» одам (ҳикоя)
Шуҳрат Маткарим

Аввалига қаттиқ қўрқиб кетдим. Кейин ўз танимни ўзим ҳис қилмай туриб қолдим.

Чурр!!! Ҳуштак яна қаттиқ чириллаганида ҳушимга келиб атрофга аланг­ладим. Теварагимда машиналар «шув-шув» ўтар, ҳайдовчилар менга норози бақраярдилар.

Чуррр!

Энди ҳуштак чалаётган кишини кўрдим. У йўл четида турар, қўлига қизил латта боғлаб олган ҳаваскор дружиначи экан. Менга шахт билан «қайт, қайт» ишорасини қиларди. Ноилож йўл ўртасидан изимга қайтдим.
– Жонингиздан умидингиз борми? – қулоғим остига келиб шанғиллади у. – Нев­чун йўл берк вақтида кесасиз кўчани?!

Кун анча салқин бўлишига қарамай унинг манглайида реза-реза тер, эрталабдан бақирса керак, овози бўғилаёзган эди.

У жавоб кутмай тағин бир тўда эътирозларини бидирлаб ташлади. Чамаси менинг жавобим ёки ўзимни қандай оқлашим унинг учун аҳамияциз эди. Унинг учун ўзи ва қилаётган иши муҳим эди. Мен эса ўнғайсизланиб бошқа ёққа қарадим.
– Сиз, сиз не ёққа борасиз?! – хириллади энди ўша овоз аллақачон анча узоқда.

Қарадим. Семизликдан пишиллаб зўрға юриб келаётган хотинни дружиначи қорнига деярлик туртиб тўхтатди.
– Қаранг! Сиз учун йўл ёпиқ-ку!

Хотин унга ҳеч нарса демади, орқасига ҳам қайтмади. Ўша дружиначи сабаб яшил чироқ ёнишини мажбур кутаётган йўловчилар йигитнинг нега бунча ёниб куяётганлигини тушунмай, баъзилари эса асабийлашиб кифтларини қисиб қўйишарди.

Чур! Чурр!

Энди дружиначи йўлнинг нариёғидаги ўтиш қоидасини бузаётганлар томонга ола таёғини важоҳат билан силкитиб югура кетди.
– Қайтинг, қайтинг, қайтинг ахир орқага!

Шунда ёнимда турган йўловчиларнинг бири тўнғиллади.
– Калласи жойида эмасга ўхшайди бу бечоранинг!

– Аҳмоқ! – деди бояги семиз, юзи рапидадай хотин. У ҳам яшил чироқ ёнишини кутаётганлар сафига қўшилган эди. – Қип-қизил аҳмоқ!

Ёнимизда турганлардан бири яшил чироқ ёнишини кутишга сабри чидамай йўлни кесиб ўта бошлаган эди, «Аҳмоқ» биз томонга югурди. Чуррр!!!
– Тўхтанг, қайтинг!

Машиналар шовқини унинг овозини кўмиб кетди. Шу пайт қайсидир машина қаттиқ тормоз берди: «ғиййқққ!!!» «Аҳмоқ» чап бераман деган эди бошидаги

дўпписи учиб кетди. Тормоз берган машинанинг шофёри – барзанги йигит туша солиб «Аҳмоқ»нинг жағига мушт туширди:
– Ўлгинг келдими?!!

«Аҳмоқ»нинг икки қўли жағида, кўзи ёнида тиржайиб турган қоидабузарда эди. Барзанги шартта машинасига ўтирди-да, жўнаб қолди. «Аҳмоқ» эса қоидабузарни четга ундай бошлади. У кўнмади. Иккови, «сен не дейсан, мен не дейман» деб, йўл ўртасида тиралишиб қолдилар. Улар бир-бирларини туртишар, итаришар, бири-биридан қаттиқроқ бақиришга ҳаракат қилишарди. Машиналар эса ёнверларидан «ғир-ғир» ўтишарди. Энди қоидабузар билан «Аҳмоқ» ўрта йўлда расманасига таталашардилар. Не бўлди-ю қоидабузар «Аҳмоқ"нинг кўкрагидан итариб юборди. Машиналар кетма-кет қаттиқ тормоз бера бошладилар. Қоидабузар чақчайганича котиб қолди.

Машина босиб кетганди чорраҳадаги «Аҳмоқ» одамни!

Oʻtgan asrning 90-yillari