OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

2 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШукур Xолмирзаев
Асар номи«Толстойнинг нияти мени мафтун этган»
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Публицистика
Муаллифлар
   - Шукур Xолмирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Адабий суҳбатлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм39KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/07/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 7-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





«Толстойнинг нияти мени мафтун этган»
Шукур Xолмирзаев

— Шукур ака, биласизки, тарбиянинг воситалари кўп. Турли даврларда одамлар тарбиянинг турли усулларига мурожаат қилишган. Ҳатто тарбияда қайси усул афзал, деган баҳслар ҳамон тугагани йўқ. Сиз дунё адабиётининг мумтоз намуналари билан танишсиз ва бу асарларни яратган ижодкорлар ҳаёти, жумладан, уларнинг инсон тарбиясига муносабати ҳақида ҳам яхши биласиз. Xўш, Сизнинг бу масаладаги қарашларингиз қандай, уни қай тарзда баён этган бўлур эдингиз?
— Мен ҳам қай бир даражада «тарбия кўрган» одам сифатида, қолаверса, бир адибнинг Инсон тарбиясига ички бир эҳтиёж-ла қизиқиши тақозоси билан ушбу масала ҳақида ўйлаб-ўйланиб қолардим баъзан.

Қўрни қўзғаганингиз учун раҳмат.

Энди, буюк адибларнинг Инсон тарбиясига муносабати ҳақида сўз юритадиган бўлсак, камина жуда олислаб кетмай, қўшнимиз Русиянинг «олтин асри»да ижод этиб, «дунёнинг талай қисмини забт этган» Лев Толстой ҳазратларининг бу йўриғдаги изланишларию хулосалари ҳақида гапирсам девдим. Ёки Жанубдаги қўшнимиз Ҳиндистоннинг «олтин даври» соҳибларидан Рабендранат Тагор (Тхакур)нинг бу борадаги изланишу топилдиқлари ҳақида гапирсамми? Эсларсиз: бу аллома адиб 30-йилларда бола тарбияси бобида маорифнинг тутумларини ўрганиш мақсадида янги Русияга келган ва «Русиядан хатлар» номли рисолаям битган эди.

Келинг, Толтой бобонинг этагини қўйвормайлик.

Маълумингиз, Толстой Ясная Полянада қўним топиб қолганидан кейин беихтиёр Инсоннинг ҳаётдаги ўрни, унинг Аллоҳга эътиқодлари, пироварди, «комил инсон» киму нимадан иборат ва ўша мақомга қандай етмоқ мумкинлиги ҳақида ўйлаб, «Тирилиш» романини ҳам ёзди. Унда бир помешикнинг бир замонлар қилган гуноҳини Ўзи олдида — айни чоғда Тангри қаршисида ювмоқ — покланмоқ учун қилган саъй-ҳаракатлари, ўртаниб тортган изтироблари тасвирланади. Шуниси ажойибки, унга — ўша бош қаҳрамонга (исмлар ёдимдан чиқади-да! Моҳияти қолаверади — нима қилай?) бу борада ҳеч ким, ҳеч бир зот маслаҳат бермаган, дейлик, ғойибдан қандайдир ваҳий-да келмаган. Ҳа, у Ўзи-Ўзлигини поклаш, аниқроғи, ниҳоят, Инсон номига муносиб бўлмоғи учун шу йўлни тутади...

Офарин! Унга эмас, уни Яратган зотга офарин!
— Шукур ака, бир дақиқа. Ўша асарни мен ҳам ўқиганман. Яхши. Лекин, баъзи жойлари одамни ишонтирмайди-да. Масалан, ўша Маслованинг орқасидан сургунларга бориб юришлари қандайдир...
— Тушундим. Сиз-ку — сиз, ўша асар эълон қилинганида, уни дастлаб ўқиб чиққанлардан бири Антон Павлович — Чехов жаноблари ҳам, масалан, «мен фақат ўша мурданинг ётиши тасвирларига ишондим. Мурдани қандай гўзал тасвирлаган. Бошқаси...» ва ҳоказолар деган эди.

Бу — табиий ҳол, албатта. Мен ҳам ишона қолганим йўқ Нехлюдовнинг хатти-ҳаракатларига...

Лекин, Толстойнинг НИЙАТИ... мени мафтун этган. Ундай инсонлар инсонига топингим келган. Ҳа, ўша ИНСОНСЭВАРГА... Xуллас, тарбия отли мавзуимизга қайцак, Толстой Инсон Тарбиясига ўта-ўта жиддий ёндашган экан.

Унинг — минглаб «душлари» бор дворян-бойнинг деҳқон болаларини йиғиб, мактаб очиб, уларни ўқитганини эсланг! Нима зарил келибди экан. Унга бу ишлар? Тағин денг, ўша жужуқларга дарслик китоблари ҳам ёзган-а?

Мактабда — ўзбекча дарсликларимизда ўқиганмиз-ку: «Шер билан кучуквачча», «Айиқ билан икки дўст» ва ҳ. Нима кераги бор эди унга бу ташвишларнинг?!

Шу тобда ўзимизда — айни ўша 30-йилларда чиққан маърифатпарвар адибу шоирларимиз, борингки, зиёлиларимиз бўлмиш — Авлонийлар, Мунавварқорилар, Фитратларни эсламай бўладими? Ўз-ўзидан эсингизга тушиб кетади-я, тавба.

Ана, ўзим ҳам хиёл чалғидим... Гапнинг қисқаси, бу аллома адиб, бу дворян-бойвачча Баркамол инсоннинг шаклланиш жараёнлари ҳақида (инчунин Ўзи-ўзлиги ҳақидаям!) ўйларга толиб, шундай бир хулосага келади.

Мен бу хулосани «ўзлаштирма гап» қилиб баён этаман. Мана, Инсон тарбиясига замин бўлгич омиллар бор: МАКТАБ (ўқитувчилар, сабоқлар...) бор, ОТА-ОНА (демак, жамият-кўй ҳам шу ҳисобга киради) бор. Тағин, умумий МУҲИТ-да мавжуд (давлат сиёсати, манфаатлари, ташвиқотлари...).

Бу УCҲОВЛОН, аниқроғи, икковлон ёш вужуднинг камол топиши, баркамол инсон бўлиб етмоғи учун қўлидан келган ҳаракатни қилади: демак, ақли етган қадар (ўзлигидан-да келиб чиқиб) тарбия беради... Аммо, — о, дунёи қўтир, — «тарбия топган» жужуқларнинг тўқсон тўққиз фоизи ота-онасига тортиб кетади…

Толстой ота-онасига тортмаган!

Қарабсизки, бири — анчайин помешик-дворян бўлиб етишибди, бошқа бирови яна «душ»лигича қолаверибди... Уларнинг ҳар иккисида ҳам БАРКАМОЛЛИК кўринмабди.

Толстой ҳазратлари бу ҳолга иқрор бўлганларидан кейин қуйидаги тезис-дастурни олға сурадилар: «ДЭМАК, ИНСОН — бўлажак инсон ЎЗИНИ ЎЗИ тарбия қилиши керак!»

Ўрисчасига: «САМОВОСПИТАНИЕ».
— Қаранг, масаланинг шу тарафи ҳақида жуда кам гапирамиз-а? Менимча, гап адабиётга келиб тақалди?
— Xудди шундай... Чунки китоб ўқийдиган кимса — ёшми у, кексами у — қатъи назар, КИТОБ билан юзма-юз қолади. Ундаги — асардаги қаҳрамонлар билан ЎЗИЧА гаплашади. Орага биров тушмайди! Йўқ-йўқ. Китобхоннинг ўзи... ўзини тарбия қила бошлаганини сезмай ҳам қолади. Сиз айтган «турли усуллар»дан Толстой домла айни мана шу усулни «енг самарали усул», деб ҳисоблайди ва шунга буткул ишонч ҳосил қилади. Илло бу ҳолга ЎЗИ мисол — ўзлиги шоҳид...
— Шукур ака, илтимос, Сиз ҳам ўзингиздан-ўзлигингиздан бирон мисол келтириб ўцангиз. Тарбия бобида.
— Энди мисоллар шу қадар кўпки, ҳатто қандай қадам босишим ҳам ўша — Адабиёт билан боғлиқдек...

Болаликдан тушсам. Иккинчи курс... узр, иккинчи синфларда ўқирдим. Ўша ўзингизга маълуму машҳур «Икки сандиқ» эртак-китобчани ўқиб қолганман. Бу тўғрида ёзганман ҳам... Унда, масалан, «Зумрад сув олгани жилғага тушса, гуллар эгилиб салом берарди», деган жумла бор. Ўлай агар, «гулларнинг эгилиб салом беришига» наинки ишониб қолган эдим, билъакс, уларни илгаригидан ҳам яхшироқ кўриб қолгандим. Оқшомлари баргаклари юмилаётган номозшомгулни кўрсам, «уйқуга кетаётир», деб кулимсирардим. Кейин ҳовлининг чироғини ёқиб қўйсам, қурмағур номозшомгул очилиб кетарди-да, мен: «Алдадим, алдадим!» деб кулардим. Кейин унга раҳмим келарди...

Ёки бўлмасам, ўша... йўқ, иккинчими-учинчими синфнинг «Ватан адабиёти» дарслигида бўлса керак: Қуддус Муҳаммадийнинг «Бол ари» деган шеъри бор. Шеърнинг устида учиб юрган асалари билан атиргулларнинг расмиям солинган эди. Шеърда шундай сатрлар ҳам бор эди:

Бол ари, ҳой, бол ари,
Учиб ўйин сол, ари.
Боғчамизда яйрашиб,
Ғув-ғув нағманг чол, ари...

«Вей, асалари билан гаплашиш мумкин экан-ку?» деб ўйлаган бўлишим аниқ. Ўйламаган эсам-да, арилар билан гаплашадиган бўлувдим. Баъзан уларни қувлаган бўлиб, шу шеърни қўшиқ қилиб куйлардим. Ёки бўлмасам, ўша китобда Зафар Диёрнинг:

Тўрткўз итим ўйнайди.
Ўйнамасам — қўймайди...

деб бошланадиган шеърини ўқиганимдан кейин Қорабой деган маймоқ итимни янаям яхши кўриб қолгандим. Ўша йиллар итлар қулоғидан касал бўлишар, кейин қулоғи... осилиб, боши ҳам ўша томонга қийшайиб, ўлиб кетар эди. Во-о, ўша ит учун қанча қайғурганман:

Энди ким билан ўйнайман, Қорабой жўра,
Сени соғинаман, бир ўйлаб кўр-а...

Умуман, «Табиатни» дейишим мумкин — менга қайта бошдан севимли қилган, дўстга-ҳамроҳга айлантирган «мактаб ҳам, ота-онам ҳам» — аслида Адабиёт бўлади!

Энди, кап-катта йигит, ҳатто университетнинг қайсидир курсида ўқиётганимда Адабиётнинг менга дафъатан кучли таъсир этган моментларидан бирини айтиб берсам.

Ўшанда Ўзувчилар уюшмаси «Первомайский» деган кўчада — икки қаватли иморатда эди. Биз — толиби илмларни қайсидир домламиз оборган эдилар ўша ерга — қандайдир йиғинга. Шунда йўлакда сотилаётган китобларни кўриб, кимнингдир маслаҳати билан Эрнест Xемингуейнинг янги чиққан икки жилдлик русча асарларини 25 сўмга сотиб олдим.

Квартирамга обкелиб, биринчи ўқиганим — «Имет или не имет» деган романи бўлди. Ўзбекчаси — «Гардкам!..»ми? Йўқ — «Бўлсанг-бўл, бўлмасанг-ўл». Асар асосан контрабандистлар ҳақида... Тағин унда Испан урушидан келган бир ногирон жангчи ҳам бор. У — таги журналист. Ўша йигит (тағин исми эсимда йўқ. Майли, кебқолар) бир куни денгиз ёқасида сайр қилиб юрганида, плашига ўраниб ўтиб кетаётган бир жувонга кўзи тушади. Жувон ҳам уни кўриб: «О, Генри!» деб изига қайтади. Кўришадилар. Йигит эслайди: бу — машҳур фоҳиша. «Қалай энди?» деб аҳвол сўрайди йигит. «Э, сўрама, уруш тугади-ю, қашшоқлик қачон тугар экан, ҳайронман», деб жавоб беради аёл. Кейин у: «Эй, Генри, мени бир кафега обкирмайсанми?» деб қолади. Йигит жилмайиб: «Юр, яхши бўлади-да», деб уни эргаштириб кетади. Кафедан кафе кўп. Биттасига кирадилар. Швейцарга плашларини ечиб беришади. Кейин ўзлари умумий залга ўтишади. Тамаки ҳиди, виски ҳиди! Ғала-ғовур. Танца тушишаётир. Булар иккови ҳам уч оёқли стол ёнига бориб, виски буюришади. Бироз ичишганларидан кейин ўйин тушаётганлар орасидан журналистнинг бир-иккита таниши буларни кўриб қолиб, ёнларига келишади. Яна бироздан ичишади. Кейин улардан бири Генридан сўрайди: «Хоним билан рақс тушсак майлими?» Генри яна кулимсираб: «Ўзи билади. Ўзидан сўра», дейди. Фоҳиша шундай мамнун, чеҳраси очилиб кетган бўладики, жон-жон деб унинг қучоғига киради. Улар айланиб-айланиб кетишади. Булар гурунг қилиб туришади. Кейин уйинчининг шериги ҳам кетиб, Генри ёлғиз қолади. Тағин бироз отади-да, битта сигаретни чекиб бўлгунча, хонимни кутади. Xоним шод-масрур! У йигитдан бу йигитга, бундан яна бошқасига отилиб бориб, рақс тушаверади. Ниҳоят, Генри ярим жилмайиб, ярим хўрсиниб қўйиб залдан чиқади. Швейцардан плашини олиб кияди. Ҳақини тўлайди-да, унга яна ўн доллар узатади: «Менинг ким билан залга кирганим эсингизда бўлса керак?» — «Ҳа, сер, эсимда. У қизни жуда яхши танирдим», деб жавоб беради хизматкор. «Чиқиб, мени сўраса, мана шу пулни унга беринг. Сўрамаса, обқўйинг, кейин бир киришда оламан». — «Хўп бўлади, сер», деб уни кузатиб қўяди швейцар.

Орадан анча кунлар ўтгандан кейин Генрининг йўли тушиб, тағин шу кафега кириб қолади ва швейцардан: «Ўша хоним нима қилди залдан чиқиб? Мени йўқладими?» деб сўрайди. «Йўқ, жаноб (сер). Кайфлари бор эди. Танишлари билан кетиб қолди», деб жавоб беради хизматчи. Сўнг Генрига ўн долларни узатади. Генри пулдан беш долларини унинг олдига ташлаб, чиқиб кетади...

Тамом.
— Буни ўқимаган эканман, Шукур ака. Xемингуейнинг қаҳрамони жуда олижаноб йигит экан.
— Гап шунда-да... Шунинг ўрнида, ўша журналистнинг ўрнида ўзимизнинг йигитларимиздан биронтаси... келинг, ўзим бўлганимда, нималар қилган бўлардим? Тасаввур этиш қийин эмас. Авваламбор, фоҳишани бунақа даргоҳларга етаклаб кирмасдим. Xўп, етаклаб кирганимдаям унинг бировлар билан танса тушиб кетишига қараб турмасдим. Ниҳоят, унинг йигитдан йигитнинг қучоғига ўтаётганини кўриб, тоқат қилолмасдим-да, уч оёқнинг устидаги бутилкани олиб, секин уларнинг ёнига борардим. Ана тўполон — мана тўполон...

Ёки, ёки анову швейцарга мени эсидан чиқарган аёлнинг эсига яна тушиб қолиб, мени суриштирганида: «Бериб қўйинг», деб ўн доллар берган бўлурмидим? Тошни берардим...

Э, яна буёғиям қизиқ: бирон ҳафтадан кейин ўша кафега қайтиб кириб, ўша жонон мени сўраган-сўрамаганини суриштирганимда, ўзбек швейцар нима деб жавоб берган бўлур эди?

Бу ёғини тасаввур этишни Сизга қўяман...

Ўшанда жуда ёлғизликни ҳис этганман. Ўзи, ҳақиқатан ҳам ёлғиз ўзим эдим квартирамда. Ўзиму китоб! Ўзиму Генри билан фоҳиша... Ўзлигим ҳақида кейин қанчалар изтироб билан ўйлаб қолганимни тасаввур этишингиз қийинмас. Ўзимни шу қадар юраги тор, яна алламбалолардек ҳис қилгандимки, қўяверинг.

Кейин, табиий равишда, ўша журналистдай Одам-Инсон бўлгим келган эди-да! Тағин денг, ўша пайтда — ўша йилларда совет сиёсати ҳар сония миямизга қуярди: «Америка — империалистик давлат. Чириб бораяпти. Xалқи жоҳил ва оч. Уларда бўрилар қонуни амалда! Бир-бирини ейиш пайида кун кўрадилар!» ва ҳ.к.

Бадиий асар — Китоб — Адабиёт... менинг кўзимни очиб юборган эди, десам ишонасизми?

Мана — Адабиётнинг кучи.

Мана, у билан ёлғиз (атрофда одамлар бўлсалар ҳам, барибир ёлғизликда суҳбатлашасан асар қаҳрамонлари билан) қолганингда кўнглингдан кечадиган — киши билмас ўйлар-хаёллар, мулоҳаза-фикр, ҳатто — тақлиду қиёлашу қиёсланишлар...

Бир олам ТАРБИЙА беради (ҳар йўсинда) бу мўъжиза-Адабиёт! О, унинг садағаси кетай... Шу ерда «мисол»га нуқта қўйиб, бошқа бир нарсани айцам, майлими?
— Қани-қани?
— Бундан уч-тўрт ой муқаддам десаммикан, телевизорда — хато қилмасам, — Алишер деган укамиз «АДАБИЙОТ» мавзуида давра суҳбати ўтказди. Ҳим, ўртада яна иккита йигит: бири — шартли равишда қораловчи, бири — оқловчи. Уларнинг ортида — йигит-қизлар...

Ўшанда пачоққина, сурроқ кулимсираб турган бир йигитча бошловчининг саволига жавобан — тахминан шундай деди: «Адабиёт менга керак эмас. Менинг мақсадим бор, компютерни ўрганаман. Шу мақсадимга мос келадиган илмий қўлланмаларни ўқийман. Мақсадимга, албатта, етаман!»

Мен ўшанда ўзимча шивирладим:
— Мақсадингга етарсан-у, аттанг, барибир одам бўлолмас экансан-да, нодон. — Кейин жаҳлим чиқа бошлади. — Унинг ишшайиб туришини қара. Xудди бир нарсани қойил қилиб қўйгандай... Оббо, қаердан чиқди ўзи бунақа гаплар-а: «Ҳар кимнинг ўз ФИКРИ бўлиши керак!» Ҳа-ҳа-ҳа, фикри бўлиши керак!

Лекин оламда шундай ҳақиқатлар борки, жумладан, Яхшилигу Ёмонлик, Нодонлигу Жоҳиллик, Раҳм-шафқату буларнинг акси... Бу тамойилларга нисбатан ҳар хил эма-ас, БИР хил фикр, бир хил кўзқараш бўлиши керак-ку! Акс ҳолда...

... урғочиси ғажиётган сўнгакни тишлаб тортиб олган йиртқич сиртлондан нима фарқимиз қолади?

Ҳа, бунақа — нигилист йигитчалар ўз МАҚСАДларига етиш йўлида сўнгакдан каттароқ ўлжаларниям ўмариб кетишлари мумкин... Раҳмдиллик? Нега раҳмдил бўлишлари керак? «Мақсад» йўлида олға босаётган шоввознинг бировга меҳр-шафқат кўрсатиб ўтиришга вақти йўқ, ахир! Ўхуд бир мунгли — қайғулардан ҳикоя қиладиган мумтоз мусиқа янграётир дейлик. Уни тинглашга вақти борми унинг? Вақти бўлган чоғдаям тинг-ла-майди. Ахир, бу куй уни ўйлатади... Унга эса, ўйлатмайдиган, МАҚСАД сари юришига кўмак берадиган ё кайфини чоғ қиладиган енгил, ўйинқароқ ва қичимол қўшиқлар керак...

Юнусобод бозорига кираверишда ҳар гал эшитаман шундай қўшиқларни: «Оқшом кел, бир маза қилайлик...», «До-од», деб чинқириб қўяди мусиқа ёзилган кассеталарни сотаётган йигитча гижинглаб. Унга бошқа шериклариям қўшилади ва ўша кассетани харид қилишади... Ҳа бизнинг ўша — МАҚСАД сари интилишга аҳд қилган пучуқ йигитчамизнинг ўзига хос маслакдошлари — булар...

Й-ўўқ, бунақалар билан бир окопга тушиб қолишдан Xудо асрасин. Мисол учун-да...

Унга жон керак: мақсад сари интилиши учун... Ҳимоя, дўстни ёлғиз қолдириш?

А, нима бўпти!

Даҳшат-а?

Ўша кўрсатувнинг охирида яна битта — қандайдир саволга ўша йигитча шундай жавоб берди: «А-а, «Ўтган кунлар»ми? Ўқимаганман. Отебк («Отабек» эмас) деган йигитнинг фожиаси ёзилган эмиш. Телевизорда кўзим тушган... Йўқ, ўқимайман. Ахир, айтдим-ку, менинг адабиётгаям ўз нуқтаи назарим бор. Ўз фикрим бор...»

Вассалом.

Кейин бошловчимиз ҳам назаримда, қовун туширдилар. «Мана, маълум бўлдики, — дея палағдагина товушда хулоса ясай бошлади бошловчи укамиз, — ҳар бир масалага ҳар хил ёндашиш бўлганидек, адабиётга ҳам икки хил қараш мавжуд экан. Бу — табиий ҳол...»

Э, бекорларни айтибсиз!

Тавба.
— Шукур ака... Бундан анча йиллар бурун чиққан бир маъруза-мақолангиз «Адабиёт ўладими?» деб номланган эди. Орадан шунча йил ўтди. Ҳақиқий адабиёт тақдирига доир мунозаралар эса ҳамон давом этиб келаяпти... Ҳаваскор шоиру носирлар топса — ўз пулига, топмаса — уддабурролик қилиб — ўзига яқин ташкилотларнинг бошини қотириб, машқларини китоб қилиб чиқараяптилар. Ҳатто баъзилари ўша — бир пулга қиммат китобларини кутубхоналаргаям жойлаштириб, пул ишлаётирлар... Шу ўринда иккита нарса ўйлантиради. Биринчиси — ўша пул қайси манбадан олинишидан қатъи назар, барибир — жамиятнинг бойлигидир. У беҳуда совурилаяпти! Иккинчиси: майли, қоғоз, босмахона ҳақини айтмаган тақдирда ҳам, уларни китоб қиёфасига келтириш учун нашриётларда меҳнат қилаётган қанчадан-қанча ижодкорлар ақлий меҳнатларини самарасиз ишга сарфламоқдалар... Боз устига ҳақиқий адабий меҳнат билан қиёмига етмаган асарларини журналларда, китобларда турфа жанрлар билан бостириб, ўқувчилар дидини ўтмаслаштираётганлар-да йўқ эмас.
— Аввало, ўша маърузамга «Адабиёт ўладими?» деб ном қўйган бўлсам, бу — Адабиётнинг куни тўлаётганидан хавотирга тушганимдан эмас эди! Мен ушбу сарлавҳани қўштирноқ ичига олган эдим ва бир-икки саҳифадан кейин шу мазмундаги гаплар қулоғимга чалинаётганини илова қилган эдим. Шу боис бировнинг гапини қўштирноққа олиб, сарлавҳага чиқаргандим. Зеро, бу сарлавҳа ўқувчилар диққатини кўпроқ торца ўзига, деган ниятим ҳам йўқ эмас эди.

Сиз таъкидлагандек, маъруза-мақолага (маърузамнинг учдан бири ўшанда «ЎзАС» саҳифаларида қисқариб чиққан) нисбатан турли-туман муносабатлар билдирилди. Ҳатто битта тузуккина ёзувчи укам: «Шукур ака, адабиёт ўлмаслигини биламан. Шунинг учун ўша йиғинга бормай қўя қолдим», деган эди. «Ажаб, мен буни билмас эканманми?» деб кулимсираб қўйган эдим мен ҳам...

Энди бозор иқтисоди шароитида ҳар хил қораламаларнинг китоб ҳолида чиқиб кетаётганига келсак, бундай муаллифларга эргашаётган айрим ёзувчиларни ҳам ана ўша «ҳаваскорлар» сафига қўшмоқ керак. Чунки уларнинг адабий савияси ҳам, ном чиқаришга ишқибозлик даражалари ҳам бир хил.

Шу тобда раҳматли Асқад Мухторнинг бир мулоқотда айтган гаплари ёдимга тушиб кетди: айтмасам бўлмас... «Асқад ака, — деб сўраганман мен, — нимага бу одам чол-мўйсафид бўла туриб, бунчалар нодон-а?» Асқад ака жавоб берганлар: «Чунки, Шукуржон, улар ёшликларидаям нодон эдилар. Демак, нодон ёшлардан доно қариялар пайдо бўлмас экан». Зўр гап-а?
— Асқад ака — донишманд одам эдилар-да!
— «Хўш» деганингиздан билдик — ўзбек экансиз, деганларидек, бир-биримизни тушундик. Энди мен сизга бир эмас, иккита мисол айтаман-да, кейин биргалашиб ўйлаб кўрамиз... Остап Бендер ролини кинода ўйнаган машҳур актёр, ҳозирда режиссёр (исми нимайди? Руревми, Гуревми — шу-да!) телевизорда мухбирга интервю берар экан, «Нима учун бемаза саҳна асарлариям кўпайиб кетди?» деган саволга анча ўйланиб қолиб, афтидан не-не андишалар билан шундай жавоб берган эди: «Бизда цензура йўқотилди. Бу, бу — жуда яхши иш бўлди. Аммо лекин бадиий асарни ўқиб чиқиб, мулоҳаза билдирадиган, керак бўлса — уни таҳлил қиладиган, керак бўлмаса — қайтариб юборадиган зукко муҳаррирлар ҳам ғойиб бўлишди. Ёзганингни чиқаравер — қўлингдан келса, демократия замони бу!» дейилди, демак. Ана шунинг учун «Яхши асар» билан «Ўмон асар»нинг фарқига боролмай қолдик. Бу соҳада «замона — зўр графаманники ё пулдорники бўлиб кетди».

Бу теран ва аччиқ мулоҳазалар — боёқиш режиссёрнинг юрагидан ситилиб чиққан дард — бизнинг ҳам дардимиз эмасми?..

Энди, иккинчи мисолни айтаман. Бир куни Антон Павлович шогирди Бунин билан Қора денгиз соҳилида сайр қилиб юриб, иттифоқо тўхтаб қолишади. Толстой... Лев Толстой сув ёқасидаги бир қояда қоядек бўлиб ўтирганмиш. Оппоқ соқоли елпиниб, елкаларига учармиш. Чехов ўзига хос назокат ва дўхтирларга хос хотиржамлик билаб дебди: «Иван, Толстой қариди. Яқинда ўлади. Биласанми, унинг ўлими мени унчалик ҳаяжонга солмайди. Бошқа нарса ҳаяжонга солади: адабиётимизда қаланғи-қасанғи ёзувчи, хом-хатала асарлар бодраб кетади. Диднинг бузилиши бошланади. Демак, одамга зиён етади... Толстойнинг авторитети адабиётимизни ана ўша лойқа оқимлар босқинидан асраб турибди ҳозир...»

...Буюк авторитетлар, Адабиётни виждони пок ҳолда кўтариб тургувчи билимдон истеъдод соҳиблари... Қани? Қаҳҳору Ойбек қаторидаги чинорларимиз қулаб кетди. Танқидчи-адабиёцҳунос олимларимиз ҳақидаям шу гапни айтиш мумкин. Масалан, Озод ака Шарафиддинов батамом публицист бўлиб олдилар. Домла Қўшжонов анчайин ҳаваскор адибнинг ҳам бошини силаяптилар, холос. Умарали ака шоирона эҳтиросларга бериладиган бўп қолдилар. Норбой ака, умуман, сафдан чиқиб кетди. Иброҳим Ғафуров бошқа йўлда ижод қилаяпти. Қозоқвой Йўлдошев зўр-у, баъзан унинг шахсий «мен»и «шунос»лигини босиб кетади...

Хаёл қиламанки баъзан, азиз умрларини адабиётимизга тиккан бу олимларимиз худдики селдан — бўтана тўлқинлар қаъридан соҳилга чиқиб бир қаттиқ силкинишда анча-мунча лойқа сув зарраларини сочиб ташлаб, атрофларга чимирилиб қараган тулпордек, би-ир силки-иб олсалар, олам гулистон бўлиб кетадигандек.

Аммо айни чоғда сезиб ҳам тураман: буларнинг ортида суянадиган тоғлари бўлиши билан бирга қўллари ҳам узун — нашриёту журналларга бемалол етадиган бўлиши керак... Ўзини ҳурмат қиладиган ёзувчи ҳам йирик жанрдаги ҳар қандай асарини шу соҳа мутахассислари муҳокамасига қўймасдан эълон қилиб юборишни... ор билгани тузук.

Ҳа, шундай бўлиши керак. Акс ҳолда китобхоннинг савияси — бизнинг савиямиз орқага кетиши тайин... Ҳолбуки, биз комил инсон, баркамол жамият йўлини тутганмиз. Шундайми?
— Албатта... Чарчатиб қўймадимми, Шукур ака?
— Йўқ... Айтдим-ку, бу масалаларда маслаҳат беришга мен ҳам «ёшлик қиламан». Сиз айтган муаммоларга бирмунча муносабат билдирдим, холос.
— Майли. Суҳбатингиз учун, раҳмат, Шукур ака.
— Сизгаям...

Суҳбатдош: М.Абдуллаев



Адабиётнинг ўлими — Инсоннинг ҳалокатига тўғри келади: илло бу инсониятнинг тадрижий такомилидаги ақлий ва ҳиссий Ўсувининг ҳосиласидирки, Инсон ундан кечиб орқага — ибтидоий сезимлару фикрлаш тарзига қайтолмайди. Билъакс олға бориб, Адабиётнинг янгидан-янги имкониятларини очадики, Адабиёт, ўз навбатида, ана шу Инсон(ият)нинг ақлий ва ҳиссий такомили даражасини ойнадагидек кўрсатиб туради: булар — узангги-йўлдошдир.