OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШукур Xолмирзаев
Асар номиАрпали қишлоғида (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шукур Xолмирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм30KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Арпали қишлоғида (ҳикоя)
Шукур Xолмирзаев

«
Ой Барчиним, ёр-ёр,
Гул Барчиним, ёр-ёр,
Ултонтозга теккунча
Ўл Барчиним, ёр-ёр.

«Алпомиш» достонидан
»

Арпали қишлоғи сойнинг бўйида. Сойнинг нариги бетида бир замонлар теваракдаги супалари одам билан гавжум бўлган ҳовуз бор. Ҳовуз лабларида ўсган гужум, буталар ҳозир уни ўраб-чирмаб ташлаган. Дарахт шоҳларига ҳар хил қушлар ин қўйган. Ҳовузни ўраган пастак девор ортидаги тош кўчадан қачон ўтсангиз, чангалзордан қушлар чуғурини эшитасиз; ҳовузнинг у тарафидаги супада оқ туғи ўнгиб кетган танҳо қабр кўриниб туради. Қишлокда хонадонлар кўп эмас, беш-олтита. Ҳаммасининг ҳам соҳиби — подачилар, чўпонлар, йилқичилар. Шунинг учун бу қишлоқни «подачи қишлоқ» деб ҳам юритишади. Шу сабабдан қишлоқ уйларида ҳам, тор кўчалари, боғ-чорбоғида ҳам, ҳатто одамларнинг кийинишию туриш-турмушида ҳам уларнинг касб-корлари муҳри босилган. Сойнинг ўртасидан икки тегирмон сув оқиб ётади, ёзнинг жазирама кунларида у қуриб ҳам қолади.

Арпалининг одамлари — ўзбекнинг тўғиз уруғидан. Маълумки, бу элат бир қадар қайсар ва бетакаллуф бўлади; уларнинг ғам-ташвиш, севги саргузаштлари ҳам ўзларига хосдир.

* * *

Абрай подачининг ўғли Абдурасул институтга киролмай, қишлоққа қайтиб келди. У отаси сингари баланд бўйли, кенг яғринли; отда кўп юргани учун оёғини кериб ташлайди, овда кўп бўлганидан фикрини қўл ҳаракати билан ҳам тушунтириб гапиради.

Абдурасул уч кун уйда бўлди. Уни кўргани олис-яқиндан қариндош-уруғ, ёр-биродарлари келишди. Тўртинчи кун уй меҳмондан холи бўлиб, йигит зерикди ва иштонини липпа уриб, сойга тушди. У болаликда ёки Тошкент сафари олдидан қолдирган аллақандай нарсаларини топадигандек, сойда узоқ кезди-изғиди.

Сойнинг бериги бетига ўтиб, Хўжаназар отанинг қабрига қаради. Уни чакалакзор орасидан зўрға кўриб: «Ў, хароб бўпти-ку», деб қўйди. Сўнг тор кўчадан раёнга қатнаб ўқиган чоғлари — бу мозорот ёнидан ўтаётганда оёғи учида юрганларини эслади. Ҳозир сесканмагани учунми, ичида мамнун бўлиб, яна сув бўйига қайтди. Сувнинг кечувига етиб, харсангтошга ўтирди ва аллақандай аланглаган кўз билан атрофни томоша қила бошлади.

Шунда орқа томондан қадам товушларини эшитди. Бурилиб қараб, Бодомгулни кўрди. Абдурасул Бодомгул билан бир синфда ўқиган, ёшликда иккаласи «бешиккертти» бўлган, лекин у қизга бепарво қарар, ўқишга кирсам, ўша ёқлик биттасига уйланаман деб юрар эди. «Тошкентдан кўнгли қолгани» учунми, бу умиди барбод бўлиб, ҳозир Бодомгул кўзига ўт бўлиб кўринди. Дарҳақиқат, қиз тўлишган — қарғашойи кенг кўйлаги ҳам унинг етилган сумбатини кўздан яширолмас эди. Оёғида учи қайрилган шиппак, бошида афғоний дурра. «Бу нима қилаётган экан ҳозир?» деб ўйлади Абдурасул ва секин ўрнидан туриб жилмайди: — Салом бердик, Бодомой!

Қиз йигитга қараб қувнаб кулди:
— Алик олдик, Расулбой!

Абдурасул Бодом билан ҳеч қачон қўл бериб кўришмаган эди, шаҳарнинг таъсири — «маданиятли бўлганини» ҳозир кўрсатгиси келдими, қўлини чўзиб, унга пешвоз юрди. Шунда оёғига чағир тош қадалиб, ҳаккалаб қолди, лекин ўзини дардга бардошли эканини кўрсатгиси келдими, яна тап этказиб, оёғини ерга қўйди.

Қиз ҳам унга қўлини берди.

Абдурасул Бодомгулнинг биққи-бўлиқ бармокдарини ўз кафтида сезмади гўё, лекин унинг жуссаси ўзидан бир қадам нарида бўлса ҳам, уни чуқур ҳис қилди.
— Қани, нима қилиб юрибсиз?

Бодомгул чарслик билан жавоб берди:
— Бунинг ташвиши сизга тушиб қолгани йўқ, Расулбой! Қани, ўзингиз нима иш қилиб юрибсиз бу ерда? Ўқишдан ҳам гуппа йиқилиб келибсиз деб эшитдим.
— Э-э, Бодомой! — деди Абдурасул синиқ жилмайиб. — Подачининг ўғли институтга кирмайдиган замон бўпти. Ишонинг!.. Подачи бўлсанг бўпсан-да, деб «икки»ни босди. Чопонни елкага ташлаб, ҳайдай-бердик буёққа.
— Ажаб бўпти! — деб кулди Бодом. — Вақтида ўқинг эди, сандирақлаб, ов деб, кўпкари деб юрмасдан. Айб ўзингизда.
— Энди, айб биздами, бошқадами, ўтган иш ўтди.
— Хўш, нима касб қиласиз энди?
— Ҳозирча бекорчилик...
— Подачи бўлинг! Қўй боқинг... Нимаси ёмон?
— Э, сиз ҳам гапирасиз-да.
— Отдан тушсангиз ҳам эгардан тушманг.
— Бодом.. -Ҳа.
— Ёшликда бизни.. бешиккертти қип қўйишган-а?
— Эсимда йўқ, — деб кулди қиз.
— Эсингизда бо-ор, — деди йигит. — Тўғри, унда кичкина эдик. Леки шундай иш бўлган-да!
— Бўлган бўлса, нима қипти энди?
— Нима қипти дейсиз... Мана, ёшимиз ҳам бир жойга бориб қолди...

Бодом унга ўткир тикилди:
— Расулбой, тушингизни манави сувга айтинг, тузукми? Мени... бошқа деганим бор... — Шундай деб қиз йўлига кетди.

Абдурасул унинг ортидан кўз узмай турарди.
— Ҳай, Бодом! — қичқирди у.

Қиз сув юзасига чиқиб турган тошлардан юриб, нариги соҳилга ўтгач қаради.
— Бодом, мени хафа қилма.
— Хафа қилсам, қўлингдан нима келади? — деди қиз.
— Қўлимданми... сени олиш келади. Сен... закунний қаллиғимсан.
— Бекорларни айтибсан! — қиз кетиб қолди.

* * *

Арпали қишлоғининг давоми сой чиқиб келаётган дарадан ичкарига ҳам ўтади, дара юз қадамлар чўзилиб соҳиллари ёйилиб кетади, сой эса олисдаги арчали тоғ этагигача боради. Сой бўйида бир-иккита яланглик бор, шунда ҳам беш-тўрт оила туради. Бири — Бодомгуллар хонадони. Қизнинг отаси дала қоровули. Тур деса турадиган, юр деса юрадиган тўриқ оти бор. Шуни миниб дала айланади. У киши Абрай подачи билан эски ошна. Бодомгулнинг онаси бундан беш йил бурун кўз юмган...

Бодомгул сой ёқалаб ялангликка етгач, ўтовлари томон бурилди.

Бу вақтда Абдурасул ҳам мол қийи, таппаси эзғиланиб ётган тор кўчадан андак чўлоқланиб кетиб борарди. Чорбоғлари деворига етиб, кемтикдан ошиб ўтди. Йўнғичқапоя пуштасидан юриб, айвонларига чиқиб борди.

Абрай ака шипда осилган лампочкани тескари бу-раб, чиқаролмай қийналар эди.
— Муни тилига тушунасанми, улим? Манави каттаконини қўйиб қўй, рўшан бўп турсин! — деди.

Абдурасул лампочкани қўйиб, уйга кирди. Унинг авзойидан хафаликни сезган ота ҳам эргашди. Абдурасул қуроқ кўрпачага ўтириб, чордана қурди. Абрай ака чакмонини ечиб, пойгакка чўкка тушди.
— Ҳа, Расулбой?
— Ота... мени уйлаб қўйинг...

Ота унга зеҳн солиб тикилди-да, секин туриб, эшикдан қаради, бақирди:
— Ҳай, энаси! Берман ке!

Майрам опа, бошидаги пўтаси эшик тепасига тегмасин учун ҳам бўлиб, ичкарига кирди.
— Улингдан гап сўра, нима деяпти бу? Майрам опа эри ёнига чўнқайиб, ўғлига тикилди:
— Расулжон?
— Сўра, сўра, — қистади ота.
— Сўраяпман-ку. Расул?..
— Мени уйлаб қўйинглар деяпти улинг! — тушунтирди ота.

Майрам опа мийиғида илжайиб, кигизга ёпишган гуруч донасини олиб ташлади, ўғлига меҳр билан боқиб:
— Шундайми, болам? — деди.
— Шу... бизни кичкиналикда... — мижғовланди Абдурасул.

Она эрига суяниб ўтириб олди-да, қўлларини силтаб кенг енгини тирсагига туширди.
— Чол, қўлингизди кўтаринг, овмин денг! — деди.
— Энди... — чайналди Абрай ака.

Абрай ака Хўжаназар отанинг мозоридан файз кетиб, ҳовуз бўйи ўрмонга айланиб қолганидан бери урфу одат йўриқларида ўйлаб фикр айтадиган бўлганди.
— Кўтаринг қўлни! — қизишди Майрам опа. — Бодомгул буники бўлмай, кимники бўлади. У кутиб ётибди-ку буни!
— Йўғ-а? — деди подачи ичдан мамнун бўлиб.
— Ҳа. Раҳматли энаси ўлмасдан бурун кунора шунинг гапини қилгич эди. Шералибой ҳам бир-икки марта менга қуда деб қўйди.
— Овмин бўлмасам, — деди Абрай ака. Майрам опа фотиҳа ўқиб, ирғиб турди:
— Мен эртан-мертан уларнинг юртига бораман.
— Мен ҳам катта-кичик билан маслаҳат қилай бўлмасам.

* * *

Эртаси куни кечки пайт Шералибой қизи билан ўтовда бетма-бет ўтирар, Бодомгул Майрам опанинг бугун келиб кетганини билар, шунинг учун диққат, лекин ўзидан кўнгли тўқ эди. Шералибой «янгилик»ни қизига айтолмай, кўп андиша қилди, ҳамсоя кампирни чақириб, айттиришни ҳам ўйлади. Охири бу фикридан ҳам қайтиб:
— Қизим, мен сенга ота эмас, энаям бўп қолганман, шунинг учун баъзи гапни очиқ айтсам, кўнглингга оғир олма, — деди.

Тўлиб турган Бодомгул ҳам шу тарзда жавоб берди:
— Бўлмасам, ота... мен сизга очиғини айтаман.
— Баракалло! — Шундай деб, ота қизига хавфсираб қаради: — Нима? Эшитдингми? Йўқ... дейсанми?

Қиз қип-қизариб эшикка юзланди.
— Айт, болам, Кўнглингда армон бўлиб қолмасин.
— Ўйлаб қолдим-да, ота, — деди қиз. — Сиз... мен тарафда бўлмасангиз, унда нима бўлади...

Ота бошини эгди.
— Отанг айлансин, ўзбекнинг гапи битта бўлади.
— Ундай бўлса, ота, — қиз отасига қараб олди, — мениям гапим битта.
— Шошма...
— Айтаберайми?
— Айт-чи.

Қиз ўрнидан турди, керагага рўпара бўлди:
— Ота... мен унга тегмайман!

Шералибой қизига анграйиб қараб қолди. Сўнг:
— Йўғ-э, — деди овози титраб. — Бу гапинг бекор гап, болам. Бизнинг лабзимиз бор, жон қизим... Мени шарманда қилиб қўясан... Бир умр улардан қутулмаймиз кейин...

Бодомгул хўрсинди:
— Шу ерга келганда, ота... сиз менга оналик қилолмадингиз. Энам оз бўлсаям раъйимга қарар эди... Майли, икки кун муҳлат беринг бўлмасам.

Ота ўрнидан турди:
— Ўйлаб ол, ўйлаб ол. Лабзидан қайган қавмидан қайтган бўлади, болам.. — деб чиқиб кетди.

* * *

Эртаси кун чошгоҳларда раён йўлида юк машинаси дўқиллаб келар, ундан кўтарилган қизғиш чанг йўл ёқасидаги қувраб қолган қўзиқулоқлар устига қўнар эди. Кабинада Эшқувват билан Бодомгул.

Эшқувват ҳам Абдурасуллар билан бир синфда ўқиган, у ҳам Расул каби баланд бўйли, кенг елкали, кизғиш юзли, бодомқовоқ йигит. Бурноғи йил Бодом билан тил топишиб, бир-бирига кўнгил берган... Бодом бешик-кетти бўлганига парво қилмас, Эшқувват эса бир кун эмас-бир кун бу йўриғда гап қўзғалишини сезар эди. Қолаверса у Абдурасул билан тенгқур, бир-бирининг сиридан хабардор, ўқувчилик йиллари бир-бирининг уйига келиб ётиб ҳам кетар эди. Арпалига бир дўнг қолганда, қиз:
— Тўхтатинг, мен пиёда кетаман, — деди.
— Ҳайдайберайлик, бетма-бет гаплашамиз-қўямиз-да, — деди Эшқувват.
— Тоқатим йўқ у билан гаплашгани, — деди қиз.

Эшқувват бош ирғади. Қиз тушиб, кабина эшигини ёпди. Йигит қизга чанг тегмасин учун машинани бир оз масофагача секинлатиб борди-да, сўнг яна суръатни оширди.

У Арпалига етиб, сойнинг кечувидан ўтди. Соҳил ёқалатиб бориб, Абдурасулларнинг чорбоғ девори остида тўхтатди.

Майрам опа айвонда кув пишар эди. У келгучига қизиқиб қараб, ёғли қўлларини артиб тураверди. Эшқувват айвонга чиқиб борди:
— Саломалайкум, хола.
— А-лекум, болам! — опа қўлини енги ичига тортиб, йигит билан кўришди ва уйга қараб: — Расул? — деб қўйди-да, Эшқувватдан гина қилди: — Ҳа, қорангизниям кўрсатмайсиз, Эшқувватбой? Ошначилик мундай бўлмайди-да. Бир кунлик йўлдан одамлар келиб кетишди... Ҳа, насибаси экан, институтга киролмапти...

Абдурасул уйда янги костюмини кийиб кўраётган эди. Чикди. Собиқ синфдошлар қучокдашиб кўришишди.
— Тортинглар. Тортинглар уйга, — деди уй бекаси.
— Анави олчанинг остига бир тўшанчи солинг, уйга қамалиб ўтирамизми, — деди Абдурасул.

Лекин Эшқувват рад этди:
— Хола, мен қайтаман, ишим зарил... Расулбойни бир кўрай деб йўлдан бурилдим.
— Э, аллағайтиб бир кепсиз. Борасиз-да, болам.

* * *

Майрам опа уларга олча тагига жой қилди. Кўрпачаларни тўшаб, лўлаболишларни қўйди.
— Ёнбошланглар. Энаси айлансин шундай жўралардан! — опа қайтиб кетди.

Йигитлар ўтириб, таомилга кўра фотиҳа ўқиган бўлишди. Бир муддат уёқ-буёқдан гаплашишди...
— Хўжаназарбобо хароб бўпти-да.
— Зиёратчиларнинг ҳам эсидан чиқиб кетди.
— Йўнғичқа ўроққа кеп қопти-ку?
— Уч-тўрт кун дам олай, ошна. Иш қочиб кетмас... Айтмоқчи, отам мени уйлаб қўймоқчи. Йўқ десам ҳам кўнмаяпти, — деб қолди Абдурасул.
— Кимга? — сўради Эшқувват.
— Ҳей, Бодом бор-ку. Бодом? Ўзимизнинг синфдош! Бизга бешиккертти бўлган-да вақтида, биласан-ку, энди муҳлат етди, бошларингни қовуштириб қўяйлик дейишяпти булар.. Сен нима дейсан?
— Ўзингнинг хушинг қалай?
— Хушим энди... Бодом ўлгур ҳам бўпти-да, сухсурдай қиз бўпти. Эшқувват, шунинг биров билан гапи бор деб эшитдим, шу ростми?
— Билмайман.
— Э, қўй, биласан!..
— Билсам... айтсам, хафа бўлмайсанми?
— Нимага хафа бўламан. Лекин...
— Энди, ошна, ўзингдан қолар гап йўқ, ҳаммамиз ҳам мактаб кўрган, ўқиганмиз... оз бўлсаям. Тўғрими? Эскича урфу одатлар бизга кўп ҳам тўғри келмайди энди.
— Тўғри-ю, лабз бор-да орада! — деди Абдурасул.
— Лабзидан қайтган номард! Лекин лабз деб, бировни жувонмарг қилиш ҳам инсофдан эмас-да?
— Гапингнинг тагида гап борга ўхшайди. Ким билан юради? Тағин ўзинг юргич бўлиб чиқма?
— Рост, — деди Эшқувват, — пешона экан... Хафа бўлма, сенга насиб қилгани ҳам бор, албатта...
— Ў, шунда хатога кетдинг, ошна! Гап пешонада бўлса, у туғилган замониёқ менинг пешонамга битган...
— Бу гапинг келишмайди, Расул. Биз ёшликдан жўрамиз, орамизга совуқчилик тушмасин. Бир уруғданмиз... алоқаларимиз бузилмасин. Мен сени қўрқитмоқчи эмасман. Бу замонда биров-бировдан қўрқмайди. Фақат айтиб қўяяпман...
— Нима, ундан кеч дейсанми? -Ҳа.
— Агар... йўқ десам-чи?
— Йўқ десанг, алоқаларимиз бузилиб кетади-да.
— Нима қиласан? Обқочиб кетасанми? Ёки... райкомларга хабар берасанми?
— Ошна, қўлимдан келган ишни қиламан-да. Бодомнинг ўзиям тек турмас.
— Ўзи билан келишдик де?
— Келишмасак ҳам бу бўларли гап.
— Бошқа сўзинг йўқми?
— Йўқ... Ўзингдан гапир, нима бўлди, ўқишга кириш қийинми шунчалик?

Абдурасул ўрнидан турди:
— Ошна, бўлмаса йўлингдан қолма! — деди. — Иккинчидан, сен ўзинг ҳам номард бола экансан. Шуни менга атаб қўйганларини билар эдинг. Билиб туриб, номарднинг ишини қипсан... Мен ҳаракат қиламан яна. Ололмасам, унда бизни юз кўрмас бўлиб кетди деб юрабер!
— Уни... менча яхши кўрмайсан-ку? Уям сени яхши кўрмайди.

Абдурасул олча шохини синдириб олди.
— Тур, мен кигизни шипираман!

* * *

Майрам опа Эшқувватнинг вақтли турганини кўриб, қолишга кўп ундади. Сўнг: «Ошнангиз ҳам айтгандир. Яқинда тўйи бўлади. Машинангиз билан келиб, бир хизмат қиласиз-да, улим! Расулбой ҳам вақти келганда қайтарар», деб қолди. Эшқувват: «Хола, биз хизматдан қочмаймиз. Лекин Абдурасул билан бир тузук-тўрали гаплашиб олинг», деб кетди.

Абдурасул онасининг саволларига жавоб бермади.

* * *

У Бодомгулни сойдан сув олаёттан ерида топди. Қиз сувга тўла сатилини ўт устига қўйиб, юлғун бутоғини ўйнаб турган Абдурасулга қаради.
— Бодом.. менинг Эшқувватдан нимам кам? — сўради у ниҳоят.
— Сени Эшқувватдан кам жойинг йўқдир, — деди қиз. — Лекин ортиқ жойинг бўлгандаям, Расул, мен уни деганман! Шунинг учун ўзингни торт... инсофга кел. Биласанми, баримиз бир элат боласимиз... Оталаримиз бир-бири билан эскитдан ошна. Мозоримиз бир, кўчамиз бир. Сен бизларни ажратиб юборма. Ўйлаб кўр. Сенгаям сочини тараб ўтирган бир қиз чиқар ахир? Кўрган кўзинг мен бўлиб қолдимми... Авваллари парвоям қилмас эдинг.
— Энди... яхши кўриб қолган бўлсам-чи?
— Унда кечикибсан, Расул. Энди вақт ўтди. Танангга ўйлаб кўр, жанжал чиқмасин орада. Эшқувватнинг одатини биласан. Мен икки бошдан қайтмайман ўз гапимдан. Отамга раҳмим келади...
— Мени ўйламаяпсан, мен ҳам уларга айтиб қўйдим, — деди Абдурасул.
— Гапингни қайтиб ол!
— Йў-ўқ, бу менга ўтиришмайди, Бодом.
— Бўлмасам, қўлингдан келган ёмонликни қил, Расул. Лекин мендан ҳам яхшилик кутма.

Бодомгул сатилларини кўтариб, ҳамон шудринг кетмаган ўтзорга оралади. Абдурасул бутоқни сувга ташлаб, қирғоқ ёқалаб изига қайтди.

Шу куни Абдурасул кечгача даранинг ўркачида милтиқ ушлаб, чумчуқ отиб ўтирди. Кейин уйига бориб, тўшак солиб ётди. Оқшом ота-она унинг атрофини ўраб, гап сўрашди.
— Лабзи йўқ экан уларнинг, ота, — деди ўғил оқибат.

Ота-она ҳайрон... Бир маҳал иккаласи ҳам айвонга чиқишди. Майрам опа супа лабида чўнқайиб, Хўжаназар отанинг мозорига қараганча хўп дуойибад қилди. Абрай ака бўлса, Шералибойни қидириб кетди.

Уни хирмондан топди:
— Нима гап ўзи?

Шералибой елкасини қисди. Сўнг подачидан унинг ўғли айтган гапларни эшитиб, ўйланиб қолди ва:
— Ошна, мен ҳам қизнинг кўнглига қарамасам бўлмас экан. Мени гапида туруми йўқ десанг ҳам майли, — деди.

* * *

Орадан бир ой мудлат ўтиб, Эшқувватлар уйидан Бодомгуллар юртига совчи келди. Шералибой қизини беришга рози бўлди. Ҳафта ўтиб, тўй бошланди. Тўйга айтгани Шералибойнинг ўзи отланиб, Абрай подачининг уйига борди. Бироқ, эски ошнаси унга қайрилиб ҳам қарамади. Майрам опа эса, ўғлининг билагидан тортиб, уйга кириб кетди. Тўй дабдаба, расм-русми билан ўтди.

Тўйдан қайтган тўйхўрлар тўйхонадаги сир савдони муҳокама қилиб кетишар, улар бу замонда лабзга эҳтиёт бўлиш қийин экани, шунинг учун бу йўриғда зинҳор ўйлаб-чўйлаб иш тутиш кераклиги ҳақида сўзлашарди.

Абдурасул тўй кечаси сойда кезиб, қудалардан «қайсисининг отига шикаст берсам, қайсисининг эшагини ёриб ташласам», деб кўп ўйлади. Охири қўл силтаб, раёнга тушиб кетди.

1973