OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

3 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШукур Xолмирзаев
Асар номиБахтли бўлинглар (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шукур Xолмирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм25KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Бахтли бўлинглар (ҳикоя)
Шукур Xолмирзаев

Ташқарида лопиллаб лайлакқор ёғарди. Зебо бувисининг танчасида мудраб ўтирар, унинг кўз олдидан қачонлардир китобларда ўқигани ёхуд одамлар тилидан эшитгани бир манзара ўтар эди: деразалар!

Дераза ойналари лампочкалар нурига йўғрилиб кўринади. Ичкаридаги ноз-неъматларга тўла стол атрофида тик турган одамлар қўлларидаги қадаҳларини чўқиштириб, бир-бирига ширин орзу-тилаклар билдиришяпти.

Зебо хаёлан ўшалар даврасига тушиб қолди: ана, биттаси Зебонинг ҳам қўлига қадаҳ тутиб, пешонасидан ўпди. Зебо қараса, у акаси эмиш. Ана, янгаси ҳам уни қучиб ўпди: «Сенга бахт тилайман, Зебо! Янги йил билан!» — деди.

Қиз чўчиб бошини кўтарди. Ён-верига қаради ва шахт билан танчадан туриб кетди. Айвонга чикди.

Айвондан тўғрига, ўз уйларига қараб кетган йўлка оппоқ, ундаги ёлғиз одам қолдирган изни ҳам қор кўмиб боряпти.

Зебо калишини кийиб, айвондан тушди. Қордаги изларни таваккал босиб пилдираб кетди. Чорпоя остидан чиққан ит ҳам чўзилиб керишди-да, қизнинг ортидан чопди. Ундан олдинга ўтиб, рўпарадаги уй айвонига чиқиб борди.

Зебо нам тортиб кетган даҳлизда калишини ечиб, ўнг қўлдаги хонага кирди. Юзига бўғриққан иссиқ ҳаво урилди. Чўян печнинг кулхонасини тозалаётган онаси қошида тўхтади.
— Эна, шаҳарга кетаман. Акамни кўриб келаман!

Она унга ҳайрон бўлиб қаради.
— Ҳозирми? Байрам ўтсин. Кейин бориб келасан. Бизникига ҳам битта-яримта меҳмонлар келади. Мен ёлғизлик қилиб қоламан.
— Бораман! — деди Зебо онасининг гапини эшитмагандай. — Ҳозир кетаман! Нима берасиз, тайёр қилинг ҳозир!
— Отангдан сўра бўлмасам. Ҳали-замон келиб қолади.
— Отам рози бўладилар. Менга пул беринг! Сандиқни очинг...

Ота-она ёлғиз қизлари билан қолган. Улар Зебонинг сўзини икки қилишмасди.

Зебо даҳлизга қайтиб чикди. Нариги хонага кирди. Деворларга кўз ташлаб, тўрдаги шкафни очди. Тугундан атлас кўйлагини, қозиқдан палтосини олди. У бир-пасда кийиниб ҳам бўлди.

Палто унга узунлик қилар, гулдрр шол рўмол уни катта қилиб кўрсатар, ичи мўйнали этикчасининг қўнжи кенг, қизга ярашмас эди.

Она кирди, чиқди. Зебонинг қошида тўхтади. Нимадир деб тўнғиллади. Охири:
— Борасан дедим-ку! — деди.

Орадан бир соатлар вақт ўтди чамаси. Зебо шаҳарга қатнайдиган автобусда ўтирар, автобус қорга бурканган қишлоқдан чиқиб бийдай дала йўлига тушган, йўлнинг одоқлари оқариб, туманланиб кўринар, гўё автобус аллақанча одамларни олиб номаълум, сирли томонга кетмоқда эди.

Лекин йўловчилар мамнун, деразалардан олисларга кўз ташлашади, бир-бирига қишнинг яхши келгани, қор ҳам айни вақтида ёғаётганини айтишади.
— Ҳа, қор бўлмаса Янги йил байрами бўладими! — деб қўйди Зебо ҳам.

У суҳбатга қўшилмагани учунми, гапига ҳеч ким парво қилмади, зеро қиз ҳам уларга парво қилмади. Аста-секин унинг хаёлидаги манзара — онасининг «ертагаёқ орқангга қайт!» дея елкасини силагани, ота-сининг автобус шоферига ортиқча пул бериб: «Акасининг уйига яқин обориб ташланг», дея илтимос қилиб Зебони кўрсатгани, йўл ёқасида чўнқайиб ўтирган ола-парнинг аллақандай синиқ товушда ҳуриб қўйгани — унинг хаёлидан кўтарилиб, автобус олдинга жилгани сари қизнинг фикри-ёдини тағин ўзига таниш, азиз манзара эгаллаб олар эди.

Одатда автобус шаҳарга кечки соат бешга қолмай етиб борарди. Бугун эса олти яримда етди.

Таниш кўча. Иўл ёқасида ўша новча дарахтлар! Қизиқ, шаҳарда йўлларга қор тушгани қўйишмай-ди-я? Ер супургич машиналар ва яна аллақандай кичкина автобусчалар уёқдан-буёққа ўтиб, асфалтни тозалаб кетишяпти. Қор эса бунга ўчакишгандай.

Мана, беш қаватли баланд иморат. Унинг юқори қавати кўринмайди! Булут пасайиб қолгандай.

Зебо аллақандай ички ҳаяжонда йўлни кесиб ўтди. У йўлкага тушмаёқ автобус ҳам изига қайтиб кетди.

Мана, ёш-ёш чинорлар! Барглари тўкилмапти. Шохларини қор босган. Ана, арчалар. Шу шаҳарликлар қизиқ! Тоғдан арча келтириб, уйлари ёнига ўтқазишади. Шуларга қараб завқланишса керак, ёки ўзларини тоғда яшаётгандай ҳис қилишадими?

Ана, акаси билан янгаси турадиган иморат.

Бу иморат Зебога яқин, азиз кўриниб кетди. Худди ўз уйига етгандай мамнун бўлиб бир тўхтади, чап қўлидаги оғиргина чамадонни ўнг қўлига олди.

Зиналар. Эшик. Зебо оппоқ тугмачани босди. Ичкарида қўнғироқ жиринглади. Шип-шип қадам товушлари келди. Ниҳоят, нимадир қитир этди ва эшик очилди.
— Э, Зебо! — бақириб юборди акаси.

У яхши кийиниб олган, эгнида қора костюм, бўйнида қизил галстук, оёғида ялтироқ туфли.

Ака синглисининг пешонасидан ўпди. Йўлакка қараб қўйиб, эшикни бекитди.
— Янгам уйдами, ака?
— Уйда... кийиняпти! Шарифа! Зебо келди! — Оқилжон Зебога кулиб боқди: — Тўғри қишлоқдан келяпсанми?
— Ҳа, — деди Зебо ҳам кулимсираб. — Янги йилни кўргани келдим. Майлими?
— Э! — деди ака. — Зўр иш қилибсан-да, синглим! Энам қалай? Бобой тузукми? Палтойингни еч! Этикни ҳам. Ана шундай. Энди менга бер! Мана бу ерга илиб қўямиз. Совқотибсан-а? Ичкарига ўт!

Оқилжон ҳовучига йўталиб қўйиб, унга зални кўрсатди. Ўзи чап қўлдаги йўлак билан бориб, ётоққа кирди. Эшикни зичлаб, хотинига шивирлади:
— Зебо келди.

Шарифа синиқ кулимсиради.
— Аямлар юборишибдими?
— Янги йилни ўтказгани кепти.

Аёл эрига маъноли тикилди. Эр чимирилиб, бурнини қашиб қўйди.
— Парво қилма. Зебо уйда ўтиради, — деди.
— Ёлғиз... Қанақа бўларкан?
— Ҳим, билмадим энди... ўтиришга обориб бўлмайди. Умарни биласан, одамларни саралаб чақирган. Кейин, умуман, Зебо у даврага тўғри келмайди.
— Бари бир... нимадир қилиш керак. У ёлғиз ўзи ўтирмайди-ку, Янги йилни кутаман деб келган бўлса?
— Ҳим-м, қўшниларнинг ҳам у тенги қизлари йўқ, — Оқилжон кескин қўл силтади. — Бир йўли топилар. Айтмоқчи, биз вақтли қайтамиз-ку? Иккига қолмай етиб келамиз... — У қувониб кетди. — Умарнинг эси бўлса бир соат ўтирмай туриб, «айланамиз!» деб қолади. Ўтган йили ўзимизникида ўтиргандаям шундай бўлганди.
— Ҳа-я. Ундай бўлиши ҳам мумкин. Тўхтанг, унга ўзингиз тушунтириб айтинг, мен айтолмайман.
— Яхши. Кийин тезроқ. Оқилжон қайтиб залга борди.
— Ҳозир янганг келади... Кийиняпти. Ўтир!

Зебо хона ўртасида қотиб турар, бурчакдаги одам бўйи арчага тикилиб қолган, арча бамисоли қўғирчоқдек безатилган эди.
— Зебо?

Қиз акасига кулиб қаради.
— Арчани яхши безатибсизлар!
— Ҳа, энди... Ўзим яхши кўраман арча безатишни! Янганг иккаламиз безадик. Э, бугун уч соат вақт шунга кетди, — Оқилжон аллақандай маъюсланиб креслога чўкди. — Энди, бу ишнинг ҳам бир гашти бор-да...

Зебо акасининг ҳурмати учун сўзига бош ирғаб, стулга ўтирди.

Янгаси келди.

Бир соатдан кейин Зебо хонада ёлғиз қолди.

...Акаси билан янгаси жуда қадрдон бир ўртоқлари уйига айтиб қўйгани, ўтган йили бу ерга келишгани, бормасалар бўлмаслиги, лекин узоқ ўтирмай қайтиб келишлари ва Зебо билан бирга Янги йил байрамини шу ерда давом эттиришларини айтиб, Зебодан қайта-қайта узр сўраган бўлишди.

Зебо уларнинг сўзини эшитиб турди-да:
— Йўқ-йўқ, мени ўйламанглар, акажон. Раҳмат, — деди. — Биламан. Мен ҳам дугоналарим уйига чақирса, сизларни бошлаб бормайман-ку. Янгажон, бораверинглар. Мен уйда ўтираман. Зериксам кўчаларни айланиб келаман.
— Ёки... Шарифа, шу ерда қиттак-қиттак қиламизми? Келинглар! — У чап қанот девор остида турган стол бошига борди. Иккиланди. — Ҳозирдан-а, Шарифа?
— Ихтиёрингиз, — деди хотини.

Зебо акаси бу ишни ўзи учун қилаётганини фаҳмлади.
— Акажон, қўйинг. Вақтида ичганингиз яхши. Кечикиб қоласизлар, боринглар!

Хайрлашаётиб Оқилжон синглисининг пешонасидан яна ўпди. Шарифа ҳам унинг елкасидан қучиб қўйди.

Акаси билан янгасининг кетиб қолишгани Зебога оғир ботмади. Қайтага уйда ёлғиз қолгани унга ёкди. Қизиқиб, яна арча қошига борди. Бутоқ танасига ёпишиб турган тулкига тикилиб: «Ўлмабсиз!» деди. Бурнига чертмоқчи бўлди. Лекин арча устига ташлаб қўйилган ялтироқ қоғоз шилдираб кетиб, арча титради. Қиз тезгина қўлини тортиб олди.

Сўнг арчани ўраб олган митти лампочкаларни ёқмоқчи бўлди.Ҳали акаси ёқиб кўрсатган эди. У изланиб телевизор қошига борди. Полда ётган штепселни олиб, токка тиққан эди, қорайиб-яшилланиб турган арча лоп этиб қизарди. Унинг шохлари, бутокдар, барглари орасига яширинган лампочкалар бодраб ёнди.

Зебо ҳаяжонга тушиб, арча қошига қайтди. Ундан кўз узолмай қолди: мунча чиройли!

«Одамлар билади-я? Ҳамма нарсани чиройли қилишади», деб ўйлади у.

Ярим соатдан кейин Зебо уй чироқларини ўчириб, эшикни қулфлади. Зиналарни бир-бир босиб, пастга тушди. О! Рўпарадаги деразаларда чироқлар ёнибди-ку! Ҳаммасида арча бордир-а? Анави дераза — қора. Эгаси ўтиришга кетган. Анави уйдаям одам йўқ. Улар ҳам янги йилни ўтказиб қайтишади ҳали.

У кўчада қанча вақт айланиб юрганини билмайди.

Бўралаб ёғаётган қор тагида жунжикиб хиёбонда кетаркан, йўл ёқасида қўнқайиб турган фанер уйча олдида тўхтаб қолди. Уйчанинг битта деворига арча кўтариб кетаётган айиқча сурати солинган. Иккинчи томонида қуёнча билан қўл ушлашиб турган Қорқиз! Учинчи томонида каттакон Қорбобо!

«Шу ерда арча сотишган, — ўйлади қиз. — Одамлар олиб кетишган!» У хўрсинди — тоғда ўз бошига ўсиб ётадиган арчаларнинг бу ерда танқислиги қизга жуда ёқиб кетди.

У жойидан жилган ҳам эди, рўпарадан келаётган йигит унга урилиб кетаёзди. Унинг ҳам қўлида... арча. Кичкина арча. Ҳа, бировнинг уйига боряпти. Шошганини қаранг! Вақтида ҳаракат қилиш керак эди. Ҳали буни безатиш керак. Бепарво экан.

Ана, қўлида зонт тутган аёл шошиб кетяпти.

Зебо кўчада одамлар сийраклашиб қолганини кўриб, қаттиқ ҳаяжонга тушди: Янги йил ўтиб кетмадими?

Орқага қайтди. Йўли қаёқда? Акасининг уйи қаёқда? Қани, шу хиёбон билан бораверсин-чи.

У тез юриб борар, этикча ичидаги оёқлари совқотаётгани энди билинар, қўлини оғзига тутиб куҳлар, лекин жилмаяр ва антиқа бир жойга бораётгандек шошар эди.

Қиз шу ҳовлиқишда таниш иморатга етди. Зиналар. Эшик. Ичкарига кириб, эшикни ёпди-ю, залга кириб йиғлаб юбораёзди. Арчага ўрнатилган митти чи-рокдарни ўчирмай кетган экан.

Хона қизариб, жуда сирли, жуда ҳам гўзал бўлиб турибди. Бунинг устига, иссиққина.

Зебо шоша-пиша ечинди. Кийим-бошини боя акаси қўйган жойга оҳиста осиб қўйди. Этикчасини ҳам ечди-ю, янгасининг оқ туфлисига кўзи тушди. Шунда унинг ҳали чиқаётганида қора, лакланган туфлини қоғозга ўраб сумкага солаётгани ёдига тушди. Кулимсираб ва завқланиб, туфлини кийди.

Ўзига ўзи зеҳн солиб, шоҳона қадам билан залга қараб юрди. Унинг кўнгли тоғдек кўтарилиб кетган эди.

Беихтиёр дераза ёнига борди.

Қор секинлагани учунми, қарши тарафдаги уйлар деразаси яқин бўлиб кўринар, бир неча дераза ортида чиройли кийинган эркак-аёллар бор эди. Ана, биттаси қаттиқ кулиб, бошини йигити орқасига яширди. Анави уйда ёруғ кўп. Қандилини қаранг! Ўнталаб лампочка ёниб турибди.

И-я, анави одамлар нега тўзиб қолишди? Қўллари-да қадаҳ. Бир-бирига узатишяпти? Ҳозир ичишади... Янги йил!

Зебо ялт этиб телевизорга қаради, оқариб турган экранда қоп-қора соатнинг миллари «12» рақами ус-тига бориб қолган эди.

А-а, ана у стрелка секундни кўрсатяпти. Секунд... Уям «12» га яқинлашиб боряпти!

Ҳозир боради... Сўнг аста ўтади... Янги йил ҳам киради... Эски йил ўтади!

Қизнинг яна йиғлагиси келиб кетди. Ҳиқиллаб яна деразага қаради.

У нега қараб турибди? Нимани кутяпти? Ахир, ўзи ҳам нимадир қилиши керак-ку? Нима? Кийиниши керакми? Кийими устида, ёмон эмас. Тўғри, кўйлак этаклари янгасиникига ўхшаб калтамас. Лекин тузук. Сочи... турмаклаб олса бўларкан. Майли, энди вақт ўтди.

Нимадир қилиши керак!

Чироқни ёқсинми? Унда... улар ҳам Зебони кўришади. Ёлғиз экан дейишади. Бу иши тўғримас!

Ахир, у мана шу манзарани — Янги йил кутиш дақиқаларини, одамларнинг қувониб қадаҳ чўқиштиришлари, табрик қилишларини кўрмоқчи эди-ку!

Яна-тағин... бу манзарани шаҳарда аллақандай дераза ортида туриб кўрмоқчи эди. Шу орзусига етдими ҳозир?

Лекин ўзи ҳам буларга қўшилиши керак-ку?!

У шошиб стол ёнига борди. Ҳа-а! Ана, ичимлик! Ана идишчалар. Унга мана шу нарса етмаётган экан. Йўқ, у ичолмайди. Ичиб кўрмаган. Нафаси бўғилиб қолмасин тағин. Ёки маст бўлиб қолса, шармандалик! Акаси нима дейди.

Яхши эмас.

У столдан оппоқ чинни пиёлани олгани, ошхонага ўтгани, чироқни ёқиб, водопроводдан пиёлага сув қу йиб олгани, тағин дераза ёнида пайдо бўлганини сезмай қолди.

...Ана, одамлар уёкда...

Зебо қўлидаги қадаҳни олдинга узатди:
— Бахтли бўлинглар! — деди. Кўзларидан тирқираб ёш чиқиб кетди. — Омон бўлинглар, — шивирлади у ва гарангсиган кўйи сўз айтишда давом этди: — Сиз ҳам, сиз ҳам... Акажон, сиз ҳам! Янгажон, сиз ҳам омон бўлинг! Эна! — беихтиёр аллақаёқларга қараб олди. — Отажон сиз ҳам.

У бахтиёр эди. Унинг қўллари қалтирар эди. Пиёлани секин лабига элтди-да, муздек сувни ичиб юборди.

Ташқарида қор ёғар, ҳар бир уй, ҳар бир гўшада байрам. Зебонинг акасиям дўстлари даврасида, янгаси ҳам ўша ерда. Йирокда... қишлокда ота-онаси ҳам байрам шодиёнасида. Зебо бу ерда, лекин у ҳозир ўзини қизғиш митти чироқлар ёниб турган нимқоронғи уйдамас, ўшаларнинг даврасида, йўқ, анави нотаниш одамларнинг, бутун шаҳар, бутун қишлоқ уйларида, чеҳрасида Янги йил, янги бахт завқи гупурган одамлар орасида ҳис этиб, уларнинг ғала-ғовури ичида гангиб ўтирар, ўзигина уларга бахт-саодат тилаб қолмай, уларнинг ҳам ўзига бахт-саодат тилаётган сўзларини эшитар, бутун вужуди, фикри-зикри, борлиғи билан байрам, Янги йил қувончига чулғаниб қолган эди.

Ҳақиқатан ҳам кечаси соат иккидан кейин эшик ортидан қадам товушлари келди. Янгаси ва акаси бошчилигида бир қанча эркак ва аёллар гул-гул очилиб киришди.

Байрам давом этди!

Эрталаб Зебо қишлоққа қайтди. Таниш бекат. Автобус. Таниш йўл. Довон. Бийдай чўл. Қишлоқ. Уйлари. Отаси. Онаси. Бувиси.

Танча. Ташқарида қор гупиллаб ёғмоқда. Зебо танча ёнида мудраб ўтирибди. Унинг хаёлида китобларда ўқигани ёхуд одамлардан эшитгани бошқа манзаралар...

1976