OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШукур Xолмирзаев
Асар номиБир кўрган таниш (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шукур Xолмирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм25KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Бир кўрган таниш (ҳикоя)
Шукур Xолмирзаев

Мактабда яхши ўқирдим. Синфдошларим мени ҳурмат қилишар, муаллимларим: «Салом, Тошбойжон», деб сўрашишар, қўшниларимиз: «Яхши одам бўлади», дейишарди. Лекин фақат бир киши — табииёт муаллимимиз — мактабимизнинг директори Зокир Ўринович менга эътиборсиз қарар, ҳеч вақт: «Салом, Тошбойжон» демас, ҳатто рўпараларидан чиқиб, кўзларига тикилиб салом берганимда ҳам, оддийгина бош қимирлатиб, ўтиб кетардилар. Мен, ғашим келиб, нима қилсам бу киши ҳам менга бошқача кўз билан қарайдилар, номимни айтиб сўрашадилар, деб ўйлардим.

Кунлардан бир кун, эрта бозор оқшоми тоққа, тоғамнинг овулига сомонга кетдим: отам аравадан олакўз, ориқ отни чиқариб, «бойлоқ»қа ташлагандилар (Мен уни ҳар эрта ўтлоққа элтиб боғлардим, кечқурун олиб келардим). Тоғдан келсам, янги ерга кўчиб кетган қўшнимизнинг ҳовлисига ўша киши — Зокир Ўринович кўчиб келиб, жойлашиб олибдилар.

Мен нима қилиб бўлса ҳам ниятимга етиш пайига тушдим: мактабдан қайтишим билан кўчага чиқаман, муюлишдаги араванинг шотисига ўтириб олиб, китоб ўқишга «шўнғийман». Қаршимда ўртоқ Зокир Ўриновичнинг дарвозалари! Албатта, бунақа ўқишда мияга бир нарса кирмайди. Бир кўзинг директорнинг дарвозасида бўлгандан кейин аҳволинг шу-да.

Икки кун шундай қилдим: бир иш чиқмади. Ўртоқ директор хиёбондан сап-сариқ баргларни қисир-қисир босиб, ҳафсала билан юриб келадилар-да, шу юришда дарвозадан кириб кетадилар. Мени пайқамайдилар ҳам. Бўйнимни чўзиб қарайман. «Балки ҳовлидан қараётгандирлар»... Йўқ, дарвоза паст бўлса ҳам ҳеч ким кўринмайди. Айтмоқчи, у кишининг бўйлари анчагина паст, мен билан баб-баравар. Лекин бошлари жуда катта, қулоқлари ҳам шалпангроқ, бурунлари ҳам узунроқ. Кийим масаласида, бизнинг фарқимиз ер билан осмонча.

Якшанба куни арава ёнидан жилмасликка қасд қилдим.

Тонг отди, кун ботди: ўртоқ директорнинг тирноқлари ҳам кўринмади.

Қош қорайганда, йиғламоқдан бери бўлиб, уйга кирдим.
— Отни обкелдингми?
— Э-эе... — Ўтлоқдан отни келтиришни ҳам унутган эканман. Ўтлоққа югурдим: от йўқ! Бу қоронғида филни ҳам топиб бўлмайди. Бунинг устига, ҳаммаёқ тоғ, арчазор, жардара... Уйга борсам, отам теримга сомон тиқади.

Битта тошни топиб, ўтириб олдим. Ўтиравердим. Устим юпқа эди, тошдан совуқ ўтди. Қўзғалмоқчи эдим, йирокдан келаётган туёқ товушини эшитиб қолдим: тап-тап-тап... Олакўзнинг қадам ташлашига ўхшайди. Олакўз! Битта ўзи эмас, кимнидир кўтариб келяпти. Ердан бир чангал ҳўл тупроқ олиб бақирдим:
— Туш отдан!

Отлиқ фонарини ёқиб, менга тутди.
— Олифталик қилма!

«Олифта» ерга тушиб, ипни узатди.
— Қочиб бораётган экан, ушлаб олдим.

Қулоқларим чиппа битди: рўпарамда ўша кишининг ўзлари — Зокир Ўринович турардилар.
— Ўлай агар, муаллимжон, мен сизни бошқа киши деб ўйлабман.
— Зарари йўқ. — Юриб кетдилар. Кифтларида рюк-заксимон халта, устларида узун пахтали, бошларида телпак. Ҳозир кўрса ҳеч ким у кишини директор деб ўйламасди. Мен отни етаклаб, шоша-пиша эргашдим. Ичимда отни сўкаман: «Тентак! Бориб-бориб шу одамга тутқизасанми?» Ўртоқ директор бир текис қадам таш-лаб борар, белларига осилган алланарсалар ёнларига шап-шап уриларди.
— Овдан келяпсизми, ўртоқ муаллим? -Ҳа.
— Унинг ҳаммаси какликми? -Ҳа.
— Шунча кўп отдингизми? -Ҳа.
— Отам овга чиқсалар, ҳеч нима отолмай келадилар.

Жавоб бўлмади.
— Муаллим, мени кечиринг.
— Зарари йўқ.
— Ўртоқ муаллим... мен ҳам овни яхши кўраман.
— Яхши. Овнинг ўзи яхши-да.
— Мен ҳам сиз билан чиқсам-чи?
— Марҳамат.
— Сиз қачон чиқасиз?
— Шанба куни. Кечқурун.
— Кейин ўша ёкда ётиб, эртаси овлайсизми? -Ҳа.
— А, қаерда ётасиз?
— Овулда.

Азонда отни миниб тоққа жўнадим. Тоғамни ўтин ёраётган ерида топдим.
— Тоғажон, шу келаётган шанбада кечқурун мактабимизнинг директори билан келаман. У кишини биласизми, Зокир Ўринович дейдилар. Жуда зўр одам. Паловни дамлаб турасиз-да, тоға! Уят қилиб кетмасинлар.
— Хўп, жиян, отдан туш.
— Дарсга кеч қоламан, бу ўлгир от ҳам имиллаб юради. Тоға, жон тоға, милтиғингизни беринг, обкеламан ўша куни.
— Жиянжон... биласан-ку, иримим бор.

Otamning yiroq bir oshnasidan miltigʻini olib keldim. Bizda miltiq yoʻq. Direktorimizga aytgan gaplarim yolgʻon, dadam umrida ovga chiqmagan. Oʻzim ikki yil burun, yangi yerga koʻchib ketgan qoʻshnimiz Mirzaqobil ovchiga ergashib ikki marta chiqqandim.

Шанба. Кечқурун. Мен ўтлокда отдан тушиб, Зокир Ўриновични қарши олдим.
— Ўртоқ муаллим, отга мининг.
— Раҳмат.
— Мингашайлик бўлмаса. Сиз эгарга ўтиринг.
— Раҳмат. Жўнадик.

Ўртоқ директор отни ўз ҳолига қўйиб борар, ара-вага қўшиладиган от — Олакўз чарчаган эшакдай бошини осилтириб, элан-қаран қадам ташларди: тап-тап-тап... Кўнглимга ўт тушди: «Бу юришда тоғамникига қачон етамиз?»
— Ўртоқ муаллим, от зўр, қаттиқроқ ҳайдайверинг.
— Ҳожати йўқ.
— Ўртоқ муаллим... мен какликнинг конини биламан.
— Яхши. Каклик қаерда кўп бўлса, ўша ерга борамиз.
— Лекин у ер узоқ-да. Отни тезроқ ҳайдасакми дейман?
— Майли. Ундай бўлса, майли.

От жадаллади. Мен ҳам отнинг биқинига ниқтай бошладим.
— Соат неча бўпти, ўртоқ муаллим?
— Ўн. Тўғри кетяпмизми?
— Ҳа. Ҳув, сойдан ўтиб, тепага чиқамиз. Яна икки тепаликдан ошиб, пастга тушамиз. Ўша ер — какликнинг кони.

Мана, охирги тепаликка чиқиб келдик. Паст қоп-қора арчазор. Йироқда ўт милтиллайди. Итларнинг чўзиқ-чўзиқ ҳуришлари эшитилади.
— Соат неча бўпти?
— Бир. Оҳҳо, тез етиб келибмиз-у. Шу ерми айтган жойинг?
— Шу ер. Пастга тушайлик.
— Ҳожати йўқ.
— Ўртоқ муаллим, ҳов овулга борсак-чи? Яқингина.
— Анчадан бери мана шунақа, яланг ерда — арча-зорда ётмагандим. Мана, икки кишимиз. Ётамиз. Туш... Жуда гаштли бўлади. Ҳар гал бир ўзим чиқардим. Овулда тунардим.
— Мен анча кундан бери овулда тунаганим йўқ.
— Кейинги келишда тунаймиз. Қани, туш энди. Бундай кечаларни қадрлаш керак. Ҳадемай совуқ тушиб қолади.

Бетма-бет ўтирибмиз. Ўртамизда овчиларнинг, йўловчиларнинг доимий ҳамроҳи — гулхан. Гулханнинг икки четида икки баланд тош. Улар устида яшил кастрюлка. Ҳали замон чой қайнайди. Этакда булоқ бор эди, ўртоқ директор буюрдилар, кастрюлкада сув олиб келдим.
— Овда кастрюл яхши, нима дединг, овқат пишириш ҳам мумкин, чой қайнатиш ҳам.
— Ҳа, ўртоқ муаллим.
— Хафа кўринасан?
— Ўзим... йўқ...
— Хурсанд бўлиш керак. Завқланиш керак. Завқлана билиш ҳам яхши нарса. Қара, майин шабада эсяпти. Кўкламникидек юмшоқ эмас, озгина дағал. Кузники-да, кузники. Хусусан, мана шу кунларники. Бундан роҳатланиш керак. Завқ олиш керак.

Илжаяман — ўзимни роҳатланаётгандай кўрсатмоқчи бўламан.

Зокир ака давом этадилар:
— Биз кўп хато қиламиз. Кўп завқли манзаралар қаршисидан бепарво ўтиб кетамиз. Кўп завқлардан бебаҳра қоламиз. Тўғри, турмуш ташвишлари бор. Аммо улардан устун келиш керак. Акс ҳолда ташвишларга кўмилиб кетасан. Турмуш татимайди... Сен нимадандир хафасан?
— Нега, ўртоқ муаллим?
— Гапим зериктирган бўлса, бас қиламан, — кастрюлканинг қопқоғини очдилар. Оппоқ буғ кўтарилди. Сув сутга ўхшаб кўринди. — Ҳозир қайнайди. — Рюкзаксимон халталаридан қуруқ чой ва кружка олдилар. Сўнг алланечук алаҳсиб, халтани авайлаб титкиладилар-да бир шиша чиқардилар: қорнида «Водка» деб ёзилганди. Арақ! Сал камайган. Тиқини ҳам очилган.

Демак, оз-моз ичилган. «Ҳозир яна ичадилар. Мактаб директори ўз ўқувчисининг олдида ичади! Ундан кейин... ундан кейин...» От кишнаб юборди. Зокир ака беихтиёр милтиққа қўл чўзди. Шитир-шитир юриб кимдир келарди. «Тоғам оловимизни кўриб келаётган бўлса-я?»

Умримда кўрмаган бир одам келди. Ҳабашдай қоп-қора, бошида жуни тўкилиб кетган ярғоқ телпак, оёғида чориқ. Қўшқўллаб кўришди:
— Ёв бисмилло, ёв бисмилло.

Қўллари жуда дағал эди. Елкасидан милтиғини олиб чўккалади, бошини эгиб:
— Сўранг, ака, — деди директоримизга.
— Сиз сўранг, — деди директоримиз.
— Ёшингиз улуғ, сиз сўранг.

Эски қадрдонлардай сўрашдилар. Келган одам фақат: «Шукур, шукур» деди, директоримиз, «раҳмат, раҳмат», деди.
— Овга чиқибсизда?
—Ҳа.
— Биз ҳам овга чикдик. — Менга ўгирилди. — Сиз, иним, Салим мўйловнинг жиянимасми?

Мен ерга қарадим.
— Йўқ.
— Аттанг, аттанг.
— Нима эди? — деб қолдилар Зокир ака.
— Салим мўйлов деган одам бор-да анави овулда. Шуникидан келяпман. Раёндан жияни директорини олиб келмоқчи экан. Бечора бир қўй сўйиб, ош дамлаб ўтирди. Келишмади. Кўп хафа бўлди-да мўйлов.

Энди директорлар катта одам-да, а, ака? Милтиғин-гизни бир кўрай. — Милтиқни олди, нилининг узун-лигини кўзи билан чамалади. — Соз милтиқ, соз. — Сўнг меникини олди. — Ў-ҳў, ичини кир босиб ке-типти-ку? Мойламапсиз-да, иним-эй.

Мен Зокир Ўриновичга қарамаслик учун бу одамдан кўз узмасдим. У арчадан новда кесиб келди. Тилини чиқариб тишлаб, дудама пичоғи билан новдани бу-талай бошлади.
— Каклик қалай? — бир оздан сўнг сўради Зокир Ўринович.
— Бор, товушқон ҳам бор. Бултур хийла кўп эди, бурноғи йил ундан ҳам кўп эди. Шу шаҳардан кела-диган ўғри овчилар камайтириб ташлади. Саратонда овга келади-я. Бўғоз товушқонни ҳам отади, тухум босиб ётган какликни ҳам. Но-марддар. Энди, ака, қасд қилдим, бошқа одамларимиз ҳам қасд қилган. Шундай номард келдими, ғиппа ушлаб ҳукуматга топ-ширамиз. Мана, ҳозир овласин, қишда овласин, ҳало-ли бўлсин. Каклик ҳам бор, товушқон ҳам. Қоплон ҳам учраб қолади. Ҳа. Бултур ёзда бирини ўзим кўрдим. Қурғур қўлимда милтиқ йўқ эди. Шу новдадай хивчи-ним бор эди. Бузоғимни ахтариб бораётсам, олдимдан чиқиб қолди. Муни қаранг, уни урмоқчи бўлиб, шу хивчинни кўтарибман. Таққа тўхтади у ҳам.

Мен олдинга сурилдим. Тиззам тегиб, арақ ағанаб кетди. Дарров кўтардим. Ҳикоячи бўлса, бир менга, бир директоримга ўқрайиб қаради-да, милтиғини олиб секин ўрнидан турди:
— Ака, биз энди кетсак ҳам бўлади. — Жавобни кутмай қоронғиликка кирди-кетди. Зокир ака: «Биродар!» деб чақирганларича қолдилар. Мен ҳайрон. Аммо Зокир Ўриновичга қаролмайман.

Анча вақт жим қолдик.

Зокир Ўринович устма-уст уч кружка чой ичди-лар. «Нимага арақни ичмаяптилар? Мендан уяляпти-ларми? Нега бўлмасам уни менга кўрсатдилар? Мана, ҳали ҳам олдимизда турибди. Яширмайдилар».
— Ёт, мизғиб ол.
— Уйқум келмаяпти, ўртоқ муаллим.
— Ундоқ бўлса, мен ухлайман. Мана, соат ҳозир бир. Тўртда мени уйғотасан.

Уйғотгим келмади. Лекин ўзлари чўчиб уйғондилар.
— Ёт, энди сен ухлаб ол.
— Уйқум келмаяпти.
— Гапни кўп қилма.

Уйқудан турганимда Зокир ака милтиқларига ўқ жойлар, соатларининг мили еттининг устида эди. Тонг ёришиб қолган, какликларнинг шўх-шўх сайраши эшитилди. Тураётиб араққа кўзим тушди. Кечагидан қиттай ҳам камаймаган эди: ичмабдилар.

Чошгоҳгача арчазорни кездик. Олдимиздан села-села какликлар учди, қуёнлар қочди. Бироқ ҳеч нар-са отолмадик. Нишонга олган каклигимизни ҳам, устидан чиқиб қолган қуёнимизни ҳам кечаги одам отиб олди: аллақаердан етиб келиб, бизга соядай эрга-шиб юрди, лекин биз билан на сўрашди, на гаплашди.

Какликларнинг сайраши камайди, қуёнлар ~ ғойиб бўлди. Ов «муддати» тугади. Қўшхонамизга қайтдик. Энди ўтирган эдик, тепамиздан бир гала кўк қарғалар учиб ўтди. Зокир Ўринович ўқ бўшатдилар. Биттаси йиқилди. Олиб келдим. Зокир Ўринович бир қўлларига қарғани, бир қўлларига «арақ»ни олиб, булоқ то-мон кетдилар. Эргашдим. Ҳалиги одам мукка тушиб, булокдан сув ичаётган экан. Нарироқ бо^еди-да, Зокир Ўриновичга қараб тўхтаб қолди. Зокир Ўринович қар-ғани ёриб тозаладилар. «Арақ»ни очиб, қарғанинг ичига қулқиллатиб қуя бошладилар.
— Энди бу қотади, — дедилар менга.
— Қотади?
— Ҳа. Бу қотирадиган дори.

У одам эса аста ёнимизга келди, чўнқайди, бармоғини бутилканинг оғзига тегизиб ҳидлади.
— Иси йўқ-ку?
— Йўқ, — деди Зокир ака. — Каклигингизни беринг. Қотириб бераман. Уйингизга қўясиз. Худди ти-рикдай туради.
— Тирикдай? Тирикдай турса, қизиқ бўладими дейман-а, ака?
— Қизиқ бўлади.
— Мана, мана, ичини тозалайми? Хўп... мана... э, яшанг, кам бўлманг. Ака дейман, сиз овдан маза қилмадингиз-а? — деди маъноли қилиб.
— Ҳа, — деди Зокир Ўринович.
— Ҳозир маза қиласиз. Иним, сиз бу товушқоннинг терисини шилиб туринг. Кетдик, ака, тўхтанг, биттадан милтиқ бўшатайлик... ана учишди, қўзғаб юбордик. Кетдик.

Қуённинг терисини бир амаллаб шилдим, жирриқ лабини томоша қилаётгандим, улар келишди. Зокир Ўриновичнинг белларида битта қуён ва иккита каклик осиғлиқ, у одам кечаги ҳикоясининг давомини айтиб келарди:
— Икковимиз бир-биримизга қараб турибмиз. Орамиз уч қадам. Хивчинни кўтарганимга кулгим келади. Эс кетган-да, эс кетган. Ака, йўлбарсда қирқ йигитнинг ҳайбати бор, бир йигитнинг кучи бор; қоплонда бир йигитнинг ҳайбати бор, қирқ йигитнинг кучи бор, дейдилар. Бекор гап экан. Бир йигитнинг ҳайбати бўлса, менинг эсим кетармиди? Кейин десангиз, бир-

биримизга қараб туравердик, туравердик. Киприк қоққанимиз йўқ. Ишонасизми, ака, шунда мен киприк қоқсам, қоплон мени олар экан. Қўрққанимдан бақрайиб туравердим-да. Бир вақт десангиз, аста изига қайрилди. Икки қадам юриб, менга яна бир қаради, кетди, ҳа, кетди. Ана шу мардликни қаранг энди.

Овқатни едик. Мен ҳам бир каклик отдим. Чарчаб ўтирган эдим, олдимга келиб қўнди, отдим.

Қош қорайишига яқин қайтдик. Директор у киши билан оддийгина хайрлашди. У одам эса бизни уйидан кузатаётгандай:
— Хушвақт боринглар, — деди. Баландда, садақайрағочга ўхшаган арчанинг ёнида унинг жиккак гавдаси узоқ вақт кўриниб турди.

Кетяпмиз.

Олакўз қадам ташлайди: тап-тап-тап... Ўртоқ директор эгарда, мен эгар корсонидан ушлаб ўтириб-ман. Бошим хам. Бир пайт директоримиз сўраб қолдилар:
— Бу одам сенга ёқдими?

Нима дейишимни билмай қолдим:
— Сизга-чи, ўртоқ муаллим?
— Ёқди, жуда ёкди.
— Нимаси?
— Софлиги, тўғрилиги. Лекин, у, бу кишиларга ёқай деб ҳатто ўйлаганиям йўқ. Кўнгли нимани тусаган бўлса, шуни қилди.

Индамай қолдим. Гўё тилдан қолган эдим...

Кунлар ўтди.

Мен шотида ўгириб китоб ўқишни ҳам, овга чиқишни ҳам йиғиштириб қўйдим; ўша куннинг эртаси тоғам келиб, мендан хўп ранжидилар. Бир ҳафтадан кейин эса бозорда мўйловларини бураб: «Директоринг овулимизда тунади», дедилар. Лекин... мен хурсанд бўлмадим. Мундоқ қараганда, мен ўз ниятимга етган эдим: Зокир Ўринович ҳам менга бошқача кўз билан қарайдиган, номимни айтиб, қўлимни тутиб сўрашадиган бўлиб қолдилар. Аммо у кишининг қарашлари ҳам, сўрашишлари ҳам бошқа муаллимларникидан фарқ қиларди.

1965