OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШукур Xолмирзаев
Асар номиБитикли тош (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шукур Xолмирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм44KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Битикли тош (ҳикоя)
Шукур Xолмирзаев

Бойқувар эшикни аста очиб, бошини суқди. У ёқ-бу ёққа қараб, тўрда оқиш шарпани кўрди.
— Ассалом алайкум! — У отилиб кириб, йўрта кетди. Шу боришда узун стол қиррасига урилди ва илжайганча тисланиб, тўрга тикилганди, оқиш шарпа ёришиб, оқ кофта кийган, тўлагина юзига доғ тошган Дилнура... йўқ, Дилнура Қосимова... раён партия комитетининг идеология секретари кўринди.

Шу асно хона ҳам ёришиб ва кенгайиб кетди. Деворда плакатлар, ўнгда китоб жавони, девор ёқалатиб қўйилган стуллар ва яхлит деразалар ҳам ўзини кўрсатди.

Унинг кўзи равшан тортиб кетган эди.
— Нимага тентирайсиз? Мастмисиз? Кўзларингиз ғалати? — деди Дилнура Қосимова ва ўрнидан адил туриб, унга дадил қўл узатди. Кейин, қўли бировнинг панжаларини ушладими-йўқми, асло сезмай, стол ёнидан жой кўрсатди. — Ўтиринг!
— Хўш, хўш... — Бойқувар стулга аста ўрнашди-да, олдидаги газетага тикилиб, уни ағдариб кўрди.
— Нима қиб юрибсиз?
— Нима? — Бойқувар оғзини катта очиб, секретарга қаради. Унинг таниш... болаликдан таниш қиёфасини яққол кўриб жилмайди. — Ҳеч нима, ўзим... — Кейин шошиб қолди. — Чақирган экансиз! Ўртоқ Келдиев айтдилар. Шу билан чопавердим. — Кейин нафасини ростлаб, хўрсинди. — Ўзингиз ишлаб, чарчамай юрибсизми, Дилнура? Ҳе, биз жуда фахрланамиз, синфдошимиз райком секретари бўлди деб...
— Қўйинг, хушомадниям эплолмайсиз, — деди Дилнура Қосимова. — Нимага отангизнинг қабрига мар-мартош қўйдингиз?
— Қандай... А-а! — Бойқувар кулиб юборди. Кейин Дилнура ҳеч нарсани тушунмайдиган ёшгина қизалоқ-у, ўзи мураббийдек: — У мармартош эмас, гранит, — деди. — Гранит! — Сўнг енгилгина хўрсинди. — Мармар тополмадим. Шаҳрисабзгаям бордим, — куюниб давом этди. — Иўқ дейишди. Бошқаларга берса керак-у, мендан шубҳаланишдими, билмайман.
— Нимага тош ўрнатдингиз деб сўраяпман?
— Нимага... — Бойқувар бирпас гангиб қолди. — Нимага... нимага қўймаслигим керак экан? — Дилнурага қараганди, у яна шарпага айлана бошлади.
— Динга қарши кураш ҳақида янги кампания бошланди. Газета, ўқийсизми ўзи?
— Қўлимга тушгандаям... ўқий олмайман.
— Ҳаётдан орқада қопсиз... Хўш, жавоб беринг!

Йигит бор кучини йиғиб унга тикилганди, тағин у жамол кўрсатди. Хаёлини йиғиб:
— Менинг отам у, — деди. — Урушга кетиб, олти жойидан ярадор бўлиб келган! Шу асколканинг жабрида кетдилар...
— У киши мулла ўтган экан-да?

Бойқувар анграйиб қолди-да, яна қаршисида ёшгина қизалоқ ўтиргандек хайрихоҳона жилмайди.
— Йўқ, Дилнурахон... — Кейин тетикланиб кетди. — Ахир, ўзингиз кўриб юрардингиз-ку? У киши қачон муллалик қипти?
— Нега у кишини сўпи дейишар эди?

Бойқувар яйраб кулиб юборди.
— Ашула айтгани учун. Овозлари баланд эди-да! Шу ерда туриб бақирсалар, ўзимизнинг Қурисойга эшитиларди! Э, ўзларингни сигирларинг йўқолганда, эсингизда борми, гужумга чиқиб жар солганлари? Ҳе, эсдан чиқарибсиз-да, Дилнура.
— Кечирасиз, кўп Дилнура-Дилнура деманг. Биз расмий идорада ўтирибмиз.

Бойқувар қизиб, ҳатто терлаб кетди.
— Кечирасиз, — деди овози зўрға чиқиб. Кейин ўйланиб қолди. — А, нима? Сўпи деганлари ёмонми?
— Сиз кўп талмовсираманг, ўртоқ Бойбўриев! — Столга ручкасини уриб қўйди секретар. — Саволга жавоб беринг. Нима учун отангизнинг қабрига... гранит тош қўйдингиз? Унга «Мулла Бойбўри ўғли Бойқувватовга», деб ёздирдингиз? Тағин «Ўғлингиз Бойқувардан», деб ҳам ёздирибсиз... Чектирибсиз! Ким у ишни қилиб берди?
— Шаҳрисабзда қилиб беришди, — деди Бойқувар. — Битта арманига ёздирдим. Тошдан уй қурар экан, тошйўнар экан... Улар бундай ишга жуда уста бўладилар.
— Нимага ёздириб... қўйдингиз?

Бойқувар унга қараб-анграйиб тураркан, тағин секретар бир зумга узоқлашиб кетди ва тағин яқинлашди.
— Э, ўртоқ Қосимова, сиз қизиқ саволлар берасиз-а! — деди у жиддий тортиб. — А, нима бўпти тош қўйдирсам? Ҳа-а... — Яна кулимсираб, кулиб юборди. — Бизда расм эмас-а? — Кейин уни кўздан йироқлатмаслик учун тикилганча сўради: — Сиз Тошкентда бўлгансиз-а? Чиғатой қабристонида-чи? — Кейин ўз хатосини тузатди: — Албатта, бўлгансиз-да. Секретарлар ҳар ҳафта Тошкентга бориб келади...
— Менга қаранг, нимага «Мулла Бойбўри ўғлига...» деб ёздириб...
— А, нима деб ёздиришим керак эди? Шунчаки...
— Сиз мени калака қиляпсиз.
— Вой, вой! Ўлай агар, Дилнурахон... Ахир мен... биз сиз билан фахрланиб...
— Бас!
— Хўп, хўп.
— Чиқинг! Каридорда кутиб туринг. Ўзимиз чақирамиз!
— Хўп бўлади.

Бойқувар тисланиб таъзим қилди. Бурилганди, тағин кўз олди шафақланиб қолди. Туртиниб кетмаслик учун таваккал қилиб тўғрига юрди. Эшикни пайпаслаб очиб чиқди. Машинистка қиз ёнидан ўтаётганда, кўз ўнги хиёл ёришди-ю, нимқоронғи йўлакка чиққач, девор ёқалатиб қўйилган стулларни зўрға топди.

Дилнура Бойқуварнинг чиқиб кетишини беихтиёр кузатиб турарди. «Бечоранинг кўзи хиралашгани рост, — деб кўнглидан кечирди. — Қуриб кетсин бутифос дегани... Э, ўзидан кўрсин! Ким унга самолёт дори сепаётганда култиватсия қил, депти?»

Хаёлидан шу ўйлар кечгач, шошиб телефонда номер тера бошлади.
— Ўртоқ Келдиев? Салом... Бир келинг! Ҳозир! Бошланғич партия ташкилоти секретариниям ола келинг! А? Ҳа-да! Шу ерда... Э, гапини тушуниб бўлмайди! Барибир... Бир иш қилайликки, қарорга жавоб бўлсин. Ҳа... Ҳим, шундайми? Бўлмасам, ўзим ҳам бораман. Э, бемалол.

Дилнура Қосимова жавон ёнидаги шкафдан област Советининг депутатлик нишони қадалган костюмини олиб кийди. Чиқиб, машинистка қизга, ўзининг интернат-мактабга шошилинч иш билан бораётгани, агар Биринчи йўқлаб қолса, дарҳол Келдиевнинг кабинети билан улашни уқтирди.

Бойқувар стулда бошини хам қилиб, кўзини юмиб ўтирар, отасининг қабри устидаги баҳайбат ям-яшил гужумлар нақ қаршисида шилдираб турар, улар шохидаги қушларнинг шаддод чуғурлашларини ҳам эшитар, устига малла тупроқ уюлган қабр ва унинг бош томонига тупроққа санчиб, таги сомон қоришмасида сувалган қоратош худди ярақлар эди.

«Ҳа-а, жуда чиройли бўлди-да! Лекин буларга унинг нима оғирлиги тушди? — деб ўйлар эди. — Мармар эмас... Мармар қиммат-а! Мен ўттиз сўмга олдим, холос! Агар мармар бўлганда, қиммат турарди, чоғи. Ана унда бунинг пулини қайдан топдинг, деса, ҳаққи бор эди...

Тўғри-да, интернат қоровулида катта пул қайдан бўлади? Мармар қўйганимда, интернатдан бир нимани ўғирлаб сотибсан деса бўлар эди... Тавба, ўғирлаб сотадиганлар ҳам бор-а? Болачаларнинг ҳақига жабр қилиб... Э, дунё!»
— Бойқувар!
— Лаббай! — Ўрнидан туриб кетди йигит ва қаршисида ғира-ширада Дилнура Қосимовани таниди.— Ҳа? Ўзингиз чиқибсиз?
— Юринг! — Секретар йўлак бўйлаб кетди.
— Қаёққа? А-а...

Бойқувар унга эргашиб кетаверди. Зиналардан тушди. Каттакон ойнабанд эшик.

Эшикдан чиқиши билан гўё уйқуси очилиб кетгандек, теварак-атрофни яққол кўрди.

Қуёш порлаб турибди. Бетон лавҳалар ётқизилган майдон адоғида, яшил қарағайлар остида тумшуғини бу ёққа қаратиб турган турли машиналар.

Дилнура йўлакда келаётганда Бойқуварни ўзи билан бирга олиб кетишни ўйлаган эди. Энди, ташқарига чиққач, ҳали жуда катта хатога йўл қўйишига оз қолгандек, шарт бурилиб:
— Интернатга ўтинг! Ҳозир... Ўша ерда гаплашамиз! — деди.
— Интернатга? Хўп, хўп. Ҳозир етиб бораман. А, сиз...

Қосимова унинг гапини эшитмай жилди. Машинасига яқинлашаркан, қарағай ортидаги бетон ҳовузча бўйида чўнқайиб ўтирган шофёри туриб келиб, кабинага кирди.
— Школа-интернатга! — деди Дилнура ҳам кабинага киргач. Кейин Бойқуварга шунча қарамай десаям машина бурилаётганда кўзи тушди.

У каловланиб, ҳовузча ёнидан тўғрига тушган зи-налардан энмоқда эди. Яна унга ачиниб кетди.

Интернат. Директор Ҳусан Келдиевнинг кабинети. Жамоат жам экан. Бошланғич партия ташкилотининг секретари Шойим Шайдулов билан унинг бюро аъзолари ҳам ирғиб-ирғиб туришди.

Дилнура Қосимова улар билан илиқ жилмайиб кўришди. Ҳар биридан бўғиқ, ясама шўхчан овозда аҳвол сўради. Сўнг Шойим Шайдуловга ҳазиллашди:
— Ўзингизам намоз ўқисангиз керак-а?

Паст бўйли, елкалари кенг, юзи чоркунж, бошида тук йўқ Шайдулов жуда зўр аския эшитгандек бошини эгиб, пих-пихлаб кулди.
— Қарор чиқмасаям шундай дермидингиз? — Кейин сийрак қошларини кериб гапиришга, демак, ўзининг намоз ўқишдан неча-неча чақирим наридаги одам эканини сўзлашга шайланган эди, унинг сергаплигини биладиган Дилнура:
— Хўш, нима қарорга келдинглар? — деди.

Барваста, сарғишдан келган, кўкраги баланд Ҳусан Келдиев:
— Нима бўларди, ўчирамиз-да, — деди. — Уёғини сўрасангиз, Дилнурахон, у коммунист бўлиб гўр бўлармиди. Вақтида чўлқувар деб ўтказиб қўйишган-да.
— Шу, шу. Кампаниячилик жуда авж олган эди-да! — деб гапга қўшилди Шойим Шайдулов. — Мен, масалан, ўттизинчи йилларда...
— Ўзингиз бориб кўрдингизми қабрни? — сўради Дилнура директор Келдиевдан.
— Ҳе, ўтган куни лагерни кўргали ўтаётиб, машинани тўхтатдим. Борсам, бир парча қора доска турипти. Ёзувиям бор.
— Қора доска эмас, гранит, — деди Қосимова. — Шаҳрисабздан опкепти. Шундан шунча жойга бориб кепти. Унга қолса, мармар олмоқчи экан.
— Ў, азамат! — деди Шайдулов. — Мармар-а! Аммо-лекин, ўртоқ Қосимова, ҳаммамиз ҳам ғафлатда қолиб юрганга ўхшаймиз.

Бойқувар очиқ дарвозадан кириб, ғунчалаб қолган гулзор ёқасидан туртинмай-қоқилмай (ўрганиб кетган) ўтиб, тўғри директор хонасига етди. Ердаги тўшанчани қарамаёқ топиб, кирза этигини артди-да, эшикни дангал очди.
— Мумкинми?

Крупскаянинг портрети ёнида уймалашиб турган катталар бурилиб тўзиб қолишди.
— Кир, кир! Ҳе, уйинг буғдойга тўлгур, — деди Ҳусан Келдиев. — Бўлди... Ўша ерга ўтир!
— Хўп, бобо.
— Ҳим, қани ўртоқлар... Ўртоқ Қосимова, бу ёққа ўтинг. Шундайми? Майли. Хўш, ҳамма бор. Мажлисимиз очиқ. Демак... Э! Шойим ака, ўзингиз туринг!
— Ҳа, бюрони партия ташкилоти секретари обориши керак, — деди Қосимова.
— Марҳамат, — деди Ҳусан Келдиев. — Лекин қисқароқ бўлсин, Шойим ака.
— Хўп, хўп. — Шойим Шайдулов сал тўрга ўтиб, солланиб, костюмининг енги жуда узун-у, осилиб кетаётгандек ҳар иккала қўлини ҳам тепага кўтариб, енгини тирсак томон туширган бўлди. — Гапнинг қисқаси, масала битта, — деди. — У ҳам бўлса, коммунист, бизнинг сторож Бойқувар Бойбўриевнинг коммунистлик шаънига асло тўғри келмайдиган... коммунист деган номга доғ туширадиган, кечирасизлар, доғ туширган, шунинг билан бирга бизнинг Крупская номли интернат мактабимиз бошланғич партия ташкилотининг обрўсини тўккан... раён партия комитети олдида юзимизни шувит қилган, хўш...
— ...ишини муҳокама қилиш, — деди Келдиев.
— Ҳа, муҳокама қилиш! — такрорлади Шойим Шайдулов. — Ўртоқлар, бизлар атеистлармиз. Кечаги қарор эса бизни янада ҳушёрликка...

Дилнура унга ижирғаниб қаради.
— Бирон кишига сўз беринг!
— Да. Жуда тўғри!
— Мен гапираман, — деб ўрнидан турди Ҳусан Келдиев. — Ўртоқ Қосимова, бюромизга келганингиз учун раҳмат. Биз ўзимиз бу болани муҳокама қилиб, кўзини жойига тушириб қўймоқчи эдик... — Кейин Бойқуварга тепадан тикилди. — Ҳе, ўл-э, сендай отали! Ким билади, шу отадан бўлгансанми, бошқаданми?

Дилнура унга оғринган кўз билан қаради.
— Ўртоқ Келдиев...
— Э, энди, одамни қуюшқондан чиқариб юборади-да! Мана, шуни деб ишдан қолиб ўтирибмиз. Буям майли... райком олдида, Шойим ака айтганларидек, юзимиз шувит бўлди! — Яна Бойқуварга дўқ қилди. — Эрта мени райкомга чақириб сўраса, бу нима деган гап? Бир одамингиз мулла отасининг қабрига тош қўйипти, деса... нима дейман, аҳмоқ?!
— Сўкманг!

Бойқувар шундай дегач, гарангсиб, стол теварагида ўтирганларга қаради. Сўнг бор кучини кўзига тўплаб, бир-бир тикилиб чиқди-да, Шойим Шайдуловнинг ҳали айтган гапларини эслади. Кейин ҳайрон қолиб ва нафаси бўғилиб, Келдиевга кўз тикди. Сўнгра Дилнурага қаради-да: — Э, — деди. — Сизлар мени муҳокама қиляпсизларми?
— Тавба! — деб жилмайди Шойим Шайдулов. — Артистликдан ҳам анча-мунча бор экан. Биз кўрганмиз...
— Нима бало, меров-перов бўлиб қолганмисиз? — деди Дилнура Бойқуварга.
— Нима... мен.. Йўқ! Йўқ! Мен тушунмаяпман, холос, — деб Бойқувар ўрнидан турди. — Қарор... қарор чиқаверади-да!
— Ўтир-э! — деди Келдиев. Сўнг Дилнурага мурожаат қилди: — Ўртоқ Қосимова, бу йигит... динни прапаганда қилгани учун, бизнинг худди шу кунларда юритаётган... жуда ғайрат билан киришиб йўлга қўяётган атеистлик прапагандамизга қарши боргани, атай қарши боргани учун уни... буни дарҳол партиядан ўчиришни таклиф этаман. Бу билан майда-чуйда гап қилиб ўтиришга ҳожат йўқ! Кимлар қарши? Кимлар...
— Ўртоқ Келдиев... — деди яна Дилнура зорланган овозда. — Сиз ахир раис...
— Э, кечирасиз, Шойим ака!
— Ўртоқлар! — деб яна солланди Шайдулов ва дам Дилнурага, дам директорга манглай остидан қараб: — Бўлмасам мен... овозга қўяман, — деди.
— Шошманг, — дея унга ҳам ўрнини кўрсатди Дилнура. — Хўш, Бойқувар, айбингизга иқрормисиз?
— Нима... га? — Анграйиб, яна ўрнидан турди-да, бақириб юборди. — Қанақа айбим бор? Э, одамни... Ахир, одамсизлар-ку? Коммунистсизлар-ку?
— Мулла отангизнинг қабрига...
— Тош қўйдим!
— Нега?
— А, нима... — У кўзларини катта очди. — Мени динчи... динни тарғиб қилди деб айблаяпсизларми?
— Тавба, ҳамма нарсани тушуниб турипти-ю... — Шайдулов бошини чайқаб илжайди. — Лекин...
— Э! Сизлар қизиқ экансизлар-ку? Нимага... Тошкентда... Чиғатой қабристонига борганмисизлар? Йўқ...

Демак, бормагансизлар! Ў, у ерда... — Кейин минғирлаб қолди. — Бизда эса, қабристонда эшак юради... Шойим Шайдулов Дилнурага олайиб қаради-да:
— Эса овозга қўяман. Мен «за!» — деди.
— Мен ҳам, — дея Ҳусан Келдиев ҳам қўлини кўтарди.
— Эсиз, йигит... — дея Дилнура ҳам бармоғини кўтарди.

Шу билан бошқа уч киши ҳам улар қилган ишни қилишди. Сўнг Шойим Шайдулов:
— Демак, сиз партиядан ўчдингиз, — деди Бойқуварга. — Қани, билетти опкелиб қўйинг бу ерга!

Бойқувар худди қопқонга тушган ҳайвондек уларга мўлтирар эди. Бирдан ҳушёр тортиб:
— Йўқ. Бермайман! — дея чап кўкрагига кафтини босди.
— Опкелиб қўйинг!
— Йўқ!
— Э! Сенга милиса чақириш керакми? — деди Ҳусан Келдиев. — Керак бўлса, милисанинг ишиниям ўзимиз қиб қўямиз. Чиқар! Келтир! Аҳмоқ бўлма.
— Мен, мен... — Бойқувар кўкрагига қўлини босганча, чамаси, қочиб кетиш учун аланг-жаланг бўлиб ўрнидан тураётганди, Дилнура жуда эзилиб кетиб:
— Бойқувар, менга ишонасизми? — деди.
— Энди йўқ.
— Унда ўзингиз биласиз. Мен айтмоқчи эдимки, — ён-веридагиларга зимдан кўз ташлаб, давом этди: — маълум бир вақт ўтсин... Сиз, умуман, ёмон хизматчи эмассиз. «Пахтакор»да кўзни чатоқ қилиб келганингизниям биламиз. Бу ердаям, умуман, хизматингиз ёмонмас экан. Мана, ўртоқ Келдиев анча ижобий фикр-да... Ҳим, қулоқ соляпсизми?
— Ҳа, ҳа!

Дилнура чайналиб:
— Хуллас, бизда айб... абадий қолмайди, — деди. — Ҳатто халқ душманлари ҳам амнистия қилинган вақтлар бор...
— Тушундингми? Буёғи ўзингга боғлиқ! — деб Дилнурани танг ҳолатдан қутқарди Келдиев. — Тўғрими, ўртоқ Қосимова?
— Ҳа. Мен ҳам шундай демоқчи эдим.
— А-а, унинг учун нима қилишим керак?
— Биринчи навбатда... — Шойим Шайдулов тағин енги тушиб кетаётгандек қўлини тепага кўтариб кўйди. — Сен ҳозир бориб... хўш, — жамоага маслаҳатомуз қараб олди, — ҳозир бориб, қабртошни олиб ташлайсан! Йўқотасан! Токи ҳеч ким уни эсламайдиган бўлсин. Биров қизиқмасин.
— Ана! Эшитдингми? — деди Ҳусан Келдиев партком секретарининг таклифидан фавқулоддд мамнун бўлиб.
— Эшитдим, — деди Бойқувар. — Лекин...
— «Лекин-пекин»и йўқ!
— Унда... — Бойқувар чап кўкрагидан қўлини олди. Кейин бирдан бақириб юборди: — Кейин алдамайсизларми?
— Э, ёш боламисан?!
— Ҳмм, майли. — Бойқувар қўйнига қўл солиб, чиройли қизил жилдга солинган билетини чиқарди-да, кафтида бироз авайлаб ушлаб тургач, қўзғалди. Стол ёнига келгунча икки бор тўхтаб ўйланди. Кейин уни шартта столга қўйди. — Мана!
— Энди бизга жавоб, — деди Дилнура. — Бойқувар, сиз билан — энди директорингиз гаплашади...

Дилнура Қосимовани кузатиб партком котиби ҳам чиққач, Ҳусан Келдиев стол қошида бир қўлини белига тираганча иккинчи қўлини чўзиб:
— Ана, қоғоз, ручка... Ёз, ёз! — деди стулда бургутдан кўрққан товукдек писиб ўтирган Бойқуварга. — Расми шу, ука. Ариза. Тушундинг? Ёз! Ўзим сени уч-тўрт ойдан кейин...
— Ишга оласизми?
— Оламан! — деди Келдиев деразага қараб. — Райком секретарининг гапини эшитдинг-ку?
— Ҳа..
— Ана шу-да!
— Ундай бўлса... — Бойқувар шарикли ручканинг учини лабига тегизиб олиб, қогозга энгашди. Бир зумлик зўриқишдан кейин нигоҳи равшан тортиб ва бундан алланечук шошилиб ёза бошлади: «Крупская номли интернат директори... шул ҳакдаким, мени ўз ихтиёрим билан сторожликдан озод...»

Келдиев аризани тортиб олиб:
— Сенга жавоб. Озодсан, — дея тўрга ўтди.
— Мен энди...
— Шойим акага учра! Гап бор.
— Хўп.

Бойқувар ташқарига чиққанида гардиши тепага қайириб қўйилган шляпасини бошига кийган Шойим Шайдулов битта бюро аъзосининг «Москвич» машинаси ёнида эди.
— Кел, кел-э, ука! Анави кетмонниям ола кел! Ол! — деди.

Бойқувар гулзор ёқасидан кетмонни олиб келди. Шойим Шайдулов шофёрнинг ёнига кириб ўтирди.

Бойқувар туртина-туртина орқа ўриндиққа жойлашиб, кетмонни бутлари орасига қийшайтириб қўйди.

Машина ҳадемай раённи четлаб ўтиб, Қурисойга энди. Ундан ўрлаб, катта трактга қўшиладиган асфалт йўл ёқасида — юз қадамлар ичкарида яшил «булут»лардек ҳурпайиб турган гужумзор томон бу-рилди.

Шохлардаги қушлар чуғурлашиб учдилар. Атрофни бир маромдаги шитир-шитир овозлари тутиб кетди. Бу ер жуда салқин, шу билан бирга тоғ томондан шабада эсарди.

Қабрнинг биқинидан қизғалдоқ унган экан. Нозик баргаклари титрар эди.
— Ҳа, қаранглар-а! — деди Шойим Шайдулов қўлларини орқасига қилиб, салқи қорнини олдинга чиқарганча қаршисида кирди-чикди, тўлқинсимон бўлиб ёйилиб ётган қабристонга қараб. — Ана, биров от боғлапти!
— Шу, шу, — деди Бойқувар кетмонга суяниб, қабрда бир нарса бор-у, уни кўрадигандек тикилиб тураркан.
— Ҳа. Буз, буз, — деди Шайдулов. Кейин тупроққа хийла ботган қора япалоқ тош устига бориб энгашди. Илжайганча дона-дона қилиб ўқиди: — «Мулла Бойбўри... Бойқувардан». Та-ак! Йўқот! — Бир нарсадан хазар қилгандек чекинди. — Ҳе, нодон бола! Олиб ташла! Синдириб ташла!

Бойқувар кетмоннинг сопини қўйвориб, энгашганча тош олдига борди. Кейин оёқларини кериб, тошнинг икки четидан ушлаганча тилини тишлаб, тортди.

Ниҳоят, тош тагига ёпишган қоришма билан бирга кўчди. Бойқувар уни бир он тутиб турди-да, қўйворганди, тош ағанаб, пастга думалади. Булоқдан чиқиб кўлмаклаб турган сувга тушди. Бир қисми ботиб қийшайиб қолди.

«Кетди, — деб ўйлади Бойқувар тошдан кўз узмай.

Наздида, отасининг мурдаси ҳам қаёққадир кетгандек эди. Кейин чўнқайиб ўтирди-да, бултурги янтоқдан синдириб олиб, беихтиёр тишини кавлади. Кейин тупуриб ташлаб, ўрнидан турди. Тошга тикилиб: — Э, буни синдириш керак эди-ку?» деди.

Бироқ кетмон билан синдиришнинг имкони йўқ.

Бойқувар уни уриш, парчалаш учун бошқа тош излаб қаранди. Бу ерда йилт этган тош йўқ. Бари гўрлар ям-яшил. Ўт-ўлан. Айниқса, бахмал гуллар кўп.
— Бойқува-ар!

Йигит чўчиб тушиб:
— Ҳа! — деганича уларнинг қошига ҳаллослаб борди.
— Бўлдими?
— Бўлди.
— Лекин қайта қўйсанг...
— Э, нега...
— Шундай бўлсин, ўғлим. Замон нозик... Кетмонни ол. Машинага сол. — Гўрга қия қаради. — Тураверсин. Эрта-индин ўт-ўлан босиб, билинмай кетади.

Бойқувар яна қабрга тикилиб қолган, тош кўчирилган жойда энди чумолилар ғимирлашар, улар жуда кўп, баъзисининг оғзида оқ-оққина тухуми бор эди.

«Москвич» бирдан гуриллаб, Шайдулов:
— Хайр эса! — деди.

Бойқувар кетмонни машинага солишни унутган, зеро, шофёрнинг ўзи олган эди.
— Хайр, — деб пичирлади йигит. Машина силкина-силкина кетди. Тошлоқ йўлга тушди, бурилди. Кейин асфалтга ўтиб, раёнга қайрилди.

Бойқувар маъносиз назар билан қараб тураркан, беихтиёр чўнқайди-да, яна ниманидир тимирскилаб олди. Қўйнинг қумалоғи экан. Эзиб ташлади.

Кейин ўрнидан туриб, яна қабрга боқди. Сўнг бузилган жойини апил-тапил тузата бошлади-ю, худди биров уни пойлаётгандек бирдан чекинди. Шунда қўлини чумоли чақди. У қашиниб, тўнғиллаб, энг катта гужум остига борди. Унинг танасини сийпалаб, бўртма қобиғини кўчириб, бироз турди-да, бирдан чопиб, тошлоқ йўлга ўтди. Тўхтаганди, кўз олди қоп-қоронғи бўлиб қолди.

Бироз вақтдан кейин назари тиниқлашгач, худди яна дунёсини қоронғилик босадигандек шошилиб, шу йўл билан шимолга жўнади. Бора-бора ўрикзор боққа кирди.

Бир неча ой ўтди.

Бойқувар уч марта райкомга бориб, «ўртоқ Қосимовага» иши борлигини машинистка қизга билдирди. Қиз чиқиб, бир гал: «У кишининг вақти йўқ», деди, кейинги икки гал: «Кутар экансиз. Ўзлари чақиради», деди. Бойқувар интернат мактабга ҳам уч марта борди. Ҳусан Келдиев уч гал ҳам: «Опанинг гапини эшитдинг-ку? Сабр қиласанда энди!» деб жавоб берди.

У кўчаларда тентираб юрар, уйига бормас... борса ҳам на камгап хотини билан, на-да олти яшар қизалоғи билан гаплашар, баъзан ҳовлисида кун бўйи кетмон чопар ва тол остида ухлаб қоларди. Кейин яна чиқиб кетар эди.

Бора-бора одамлардан четда юргани билан бошига тушган «савдо»ни ҳамда унинг сабабини улар аллақачон билиб кетганларига ишонди-да, чойхоналарга кирадиган бўлди.

Аста-секин минғирлаб, дуч келган ҳамсуҳбатга ўз дардини айтадиган одат чиқарди:
— ...Мен тушунмайман. Мен ўзим атеистман! Қандай қилиб, динни тарғиб этарканман?

Яна:
— ...Кимга борай? Ким тушунади?

Оқибат, ҳеч ким билан чаплашмай, одамови бўлиб қолди.

Бир куни довдираб, Қурисойга тушиб ювинди-да (кун иссиқ эди), аста гужумзорга чиқиб борди. Бирам салқин! Ўша қушлар овози! Ўша шабада!

Бойқувар бирдан ҳансираб отаси қабрига етди. Гўр устидаги ўт-ўланлар қовжираб битган, гўрнинг оддий дўнгчадан фарқи қолмаган эди. Шунда қабртошни эслаб, булоқ бўйига чопди. Тош йўқ. Кимдир олиб кетибди.

Йигит бўшашиб, яна қабр бошига қайтди. Кейин қўлларини қовуштириб, бир қадам берига ўтирди-да:
— Э, ота, ота, — деди. — Қаёкдан ҳам сенга тош қўйиш хаёлимга келган экан? Аттанг... — Кейин Тошкентга боргани (чўлдан келгач), Чиғатой бозорчасида юрганида бир тобутни кўтаришиш асноси кириб қолгани қабристонни эслади. Яшил дарахтлар, қарағайлар. Ҳайкаллар ўрнатилган, катта-катта мармартошлар қўйилган қабрлар хаёлида кўринди. Бир зумга маза қилиб, ҳатто илжайиб ўтирди (У хаёл сураётганда кўзини юмар эди). Сўнг кўзини очди-ю, қаршисида бефайз, ғариб, тош қотган тупроқ уюмини кўриб, инграб юборди.
— Бу, нима аҳвол ўзи? Чиғатой қабристонигаям шу кунлар тушадими? Йў-ўқ. У ёкда эсли одамлар кўп. Раҳбарлар бошқача бўлиши керак! Йўғасам... ҳамма ёқ эшшак ўтлайдиган даштга айланар-ов... — Кейин беихтиёр булутли осмонга қараб қолди-да, ўша булутлар ортида сирли бир олам-у сирли ва қудратли зот бордек туюлди. Ва шу заҳоти унга тавалло қила кетди: — Эй, Тангрим, агар бор бўлсанг, бу аҳвблни... менинг аҳволимниям кўриб турибсан! Сенга топингувчи мусулмонларга мурувват қилур эмишсан... Мана, мен ҳам сенга ёлвораётибман. Чунки сендан бошқа зот қолмади...

Бойқувар беихтиёр қўлларини олдинга чўзиб шу тариқа тавалло қилар экан, уни тошлоқ йўлдан кузатиб турган бир кимса (қабрга тош қўйганини райкомга ёзиб берган қари ветеран) мийиғида жилмайиб қўйди-да, ғизиллаб йўлга тушди.

Шундан кейин Бойқувар гоҳо кунора, гоҳо уч кун-тўрт кунда бир марта нимадир тортаётгандек бўлиб бу манзилга келипши одат қила бошлади: илло, бу ерда у энди ҳордиқ чиқарар, ҳаловат топар, гоҳо тили ўз-ўзидан кўзга кўринмас Зотга ибодатми-тиловатми қилиб қолар ва наздида, ҳаётида ўзгариш бўлаётгандек туюларди. Ва, дарҳақиқат, уйига-боғига қайтиб боргач, ғайрати қўзиб, кетмонни қўлга олар, қандайдир — кимгадир берган ваъдасининг устидан чиқадигандек бир шаҳд ила гоҳ жўяк тортиб кўчат ўтқазар, гоҳо дарахтларнинг тагини юмшатар, гоҳ гўнг ташир ва сочар эдики, бундан камгап хотинида хурсанд бўлиб, унга чой тутар, қизалоғи эса қувнай-қувнай изидан эргашиб юрарди...

Алқисса, илгари ишлаган жойи — мактаб-интернат ҳам, унинг раҳбарлари ҳам, ҳатто собиқ мактабдоши — райком секретари Дилнура ҳам унга узоқ ўтмишдек туюладиган бўла бошлади.

Ҳа, у қандайдир табиий ва ибтидоий ҳаёт тарзига тушган, буни бутун борлиғи билан ҳис этар ва бошқа эътиқоду ботиний ишончлар унга мадад берар эди.

Табиийки, Бойқуварнинг мозорчага қатнаши ва отаси қабри бошида ўтириб, юзига фотиҳа тортиши туман аҳлига овоза бўлиб кетган — бу ҳолдан баъзилар хурсанд эса, баъзилар кинояли жилмайишар эди.

1987