OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШукур Xолмирзаев
Асар номиБиз кеч қолиб юрамиз (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шукур Xолмирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм24KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Биз кеч қолиб юрамиз (ҳикоя)
Шукур Xолмирзаев

Райком секретари Алпомиш ака укаси Бердиёрни имлаб, чинор остига ўтирди. Олисдан югуриб келган чойхоначи йигитга:
— Битта чой... Кейин бизга халақит берманг! — деди.
— Хўп бўлади, райкум бобо! — чойхоначи қайтиб кетди. Кабобпазнинг олдига бориб, шивирлай бошлади. Мактаб томондан бўлим бошлиғи ҳовлиқиб тушиб келаётган эди, чойхоначи йигит уни ҳам чақириб, вазиятни тушунтирди.

Алпомиш ака кўча юзида «газик»дан тушиб, то столга келиб ўтиргунича кузатиб турган хўрандалар ҳам ундан кўзларини узишди.

Бердиёр тикдан тикилган костюм-шими устидан узун йўл-йўл елак кийиб, белини оқиш қийиқ билан боғлаб олган эди. Тош зинадан ирғиб тушди-ю, булоққа қараб бурилди. Сув лабига чўнқайиб, қўлини чайди, белбоғига артиб келиб, акасига узатди:
— Саломалейкум, ака.

Алпомиш ака унга қўлини учини бериб, столнинг нариги бошидаги стулни кўрсатди:
— Ўтир!
— Хўп, ака. — Бердиёр ўтирди, тош зина бошида қолган шофёрига ўқрайиб қўйиб, акасига юзланди: — Яхшимисиз, ака? Бу ёқларгаям қидириб чиққан экансиз-да? Янгаям яхшими, жиянларим-чи? Иш билан бўлиб боролмадим ҳам... Кампания маҳали десангиз...
—Онамиздан сендай фарзанд туғилганига ишонмай қолдим, нокас!

Бердиёр учиб тушди:
— А? Ака... бир гап бўлдими?

Алпомиш ака столга урмоқчи бўлибми бошмалдоғини кўтарди, лекин ён-верига кўз ташлаб, қўлини стол четига оҳиста қўйди.
— Гапир! — деди. — Бир бошдан гапир! Нима иш қилиб юрибсан ўзи?
— Ака...
— Тайсаллама! Ҳозир участковойни чақираман, кўкрагингга «пияниста» деб ёзиб, қўлингга сатил беради. Кўча супурасан. Ўн беш сутка қамалдинг деб шу ерда буйруқ чиқартираман. Хўш?
— Ака, энди...
— Шарманда қилиб юрган экансан-ку, мени! Аканинг номи билан иш кўришни сен тирмизакка ким ўргатди? Нимага заготконторанинг машинасини раиси минмайди-ю, сен минасан? Қаердан чиққан қилиқ бу!.. Нимага ичасан, а? Нима ғаминг бор! Боланг оч қолдими? Хотининг ташлаб кетдими? Аканг ўлдими? Нимага ичасан? Нима беради ичкилик сенга?.. Ичиб олиб ҳамма нарсани унутгинг келадими? Ишниям, топшириқниям, оиланиям, а? Ўрганиб қолдингми? Мундан кўра бир чилвирни олиб, ўзингни осмайсанми! Ҳар ҳолда, одамлар, номусли экан, дейди. Ўзим ҳам сезиб юрар эдим-а! Лекин сен, қоранг ўчкур, муғамбирлик қилар эдинг... Йўқ! Мен сени бу аҳволда қолдирмайман. Сен акангни билмабсан! Менга ука керак эмас, ор-номус керак! Ўн минг одамга бош қилиб қўйибди мени давлат, биласанми, шуни! Мен сени, ибрат бўлсин учун, эшакка чаппа миндираман, ҳали...
— Ака...
— Нима?!
—Охирги марта... Ака, ака... Тўхтанг-да, энди! Га-пимни эшитинг-да, ваъда беряпман-ку!
— Ваъда! Пиянистада, масхарабозда ваъда бўладими!
— Ака, нима қилай? Ўзимни осайми шу ерда? А? Айтинг. Сизнинг гапингиз — гап. Сиз менга ҳам ота, ҳам эна, ҳам акасиз... Айтганингизни қиламан... Биринчи марта... охирги марта, ака...

Бирпасдан кейин Бердиёр кўчанинг нари бетидаги тақир дўнг ортида, тошлоқда ўтирар, ҳовучида бир неча шағал тошни ўйнаб, лабини алам билан тишларди.
— Бердиёр ака!

Бердиёр бурилиб тепадан тушиб келаётган шофёри — Шониёзни кўрди. Шониёз келиб, олисларга тикилди.
— Нима дейсан?
— Ўзим...
— Ҳе, ука... чатоқ бўлди!

Шониёз секин чўнқайиб, ердан хас олди.
— Алпомиш ака билан гаплашдингизми?
— Э, ука, юргилигим қолмади. У одам менинг пуштипаноҳим эди, мени ёмон сўкди. Зўрға ўтирдим, ука... Менга қара! Акам мени ёмон кўриб қолди! — у ирғиб туриб кетди. — Э, уйинг куйсин, ичкилик! Уйгинанг куйсин! Мен шунга қачон ўргандим ўзи?.. Чатоқ бўлди!
— Энди...
— Нима «енди?»
— Энди бир иш кўрсатасиз-да!
— Ишми? Ҳў-ў! Ишни мен кўрсатаман-да! Мева опкелишми, мен опкеламан. Тухумми? Мен опкеламан. Жунми, мен опкеламан... Мен одамлар билан муомала қилишни биламан. Ўламан саттор деганда ҳам ҳар бало қилиб сотиб оламан! Э, ука! Мен заготовител бўлиб ишлаётганимга неча йил бўлди? Сен билмайсан. Унда сен йўқ эдинг... бизга ишга ўтмаган эдинг унда... Тўхта, сен қандай бўлиб, нуқул мен билан юрадиган бўлиб қолдинг, а?.. Ҳа, бунгаям ўзим айбдор, ўзим. Юр десам, кетавергансан-да, а? Ҳа... Ахир, кимсан, райкум секретарининг укасиман! Лекин бизнинг раис ҳам одаммас экан, бир оғиз вақтида айтмади-я! Уям қўрққан-да, мендан? Қўрққан... Акасига айтади, чақади, деган, ҳа, ярамас! Охири айтипти-я! Айтгандаям боплаб айтипти! Бўлмасам акам мунча қизишмас эди. Чатоқ бўлди! Ука, у одам менга ака эмас, ота-она ҳам! Шу мени катта қилган, билсанг! Мен унга суянар эдим. Унинг қаттиққўллигини билар эдим. Мени нима жин урди... Энди, айтганингдай, ишда кўрсатаман ўзимни, ишда, мен ўнта заготовителнинг ишини қиламан! Ўнтасининг! Лекин сен... менга қара, сен мен билан яна уч-тўрт кун бирга бўл, хўпми? Кейин сени раисга топшираман! Бўлимни бир обход қилайлик.
— Майли. Мен ҳам шуни айтмоқчи эдим.
— Боракалло, ақлинг бор сени, Шониёз... Шониёз ука, мен аслида ёмон одам эмасман.
— Ким сизни ёмон деяпти, Бердиёр ака. Мен бир оғиз қаттиқ гапингизни эшитмаганман.
— Боракалло. Лекин ўзим айбдорман, Шониёз. Мана, уч-тўрт ойдан бери заготконторага бир кило мева берганим йўқ, бир кило жун... Уч юзта тухум нима бўлади, а? Ҳалиям раиснинг бағри кенг экан. Э, мен сенга айтсам, акам ҳали тўғри гапирди, ичкилик ўлсин! Лекин одамлар ҳам ғалати-я? Қаерга борсанг, кўрпача ёзади, дарров қозон осади, гўшт қовуради, арақ тайёр бўлади. Анави беш-олти раёнга бекор бориб келдик, раис шундан кейин ўчакишган менга. Тўғри-да, нима ҳақим бор ўзи?.. Бўпти! Ишлаймиз, энди ишлаймиз. Бўлди! Арақнинг уйи куйсин! Яна ичсам, тил тортмай ўлай! Бола-чақамга оталик қилмай...
— Эй, қўйинг шу гапларни!
— Ҳозир кўзимга дунё кўринмайди!

Улар чинорлар соясидан ўтган кўчага тушганда Бердиёр яна хуруж қилди.
— Менга қара, Шониёзбой. Сен шу ерда тура тур, хўпми? Мен магазиндан яримта олиб чиқай. Шу тепага опчиқиб, уриб майдалай. Ҳа, ҳамма кўрсин!..
— Бердиёр ака, қизишманг.
— Шу ерда тур! Кейин даппта кетамиз... Мен жун топаман, жун! Мен чорвадорларнинг тилини биламан, ошнам!

Бердиёр магазинга кирганда, пештахта ортидаги эшикчадан кириладиган омборда Алпомиш ака ичимлик яшикларини санаб, рабкообнинг бошлиғига бу молларни камайтиринг, деб турган эди.
— Ҳов, дўкончи бобо, бери келинг! — бақирди Бердиёр.

Эшик оғзида қўрқибгина турган дўкончи орқасига қаради.
— Олинг анави полвондан яримтани!

Дўкончи тайсаллаб қолди, омборга мўралади, кимдир унга нимадир деди, у нимадир деб жавоб қилди. Шундан кейин ҳам дўкончи ўша ёққа бир муддат қараб турди, ниҳоят Бердиёрга ўгирилди:
— Яримта дедингизми?
— Ҳа, яримта! — хитоб қилди Бердиёр. — Хоҳласангиз, бутун қилинг! Мен у ҳароми билан олишай, қани, ким йиқитар экан!

Дўкончи газмол токча остидан битта шишани олиб, кир латта билан артган бўлди. Оёғи остидан қоғоз топиб, ўраб берди. Бердиёр дўкончига беш сўм ташлаб, қайтимини ҳам сўрамай чиқди. Сўнг, чинор остига етганда, шишага ўраган қоғозни шилиб ташлади-да, унинг бўйнидан ушлаб, намойишкорона юриш билан Шониёзнинг ёнидан ўтди:
— Кўрасанми? Томоша қиласанми?

Шониёз у билан боришга уялди шекилли:
— Ўзингиз бир ёғли қилиб келинг, — деди ва булоқ бошидаги ўриндиққа ўтирди.

Бердиёр мамнуният билан тепанинг ўркачига чиқиб борди. Кўкрагини кериб, кунботардаги Қуҳитан тизмаларига қаради-да, арақни ерга ўрнаштириб қўйди. Сўнг, илжайиб, ундан бир-икки айланди. Кафтларини бир-бирига ишқаб, нари кетди.

Ердан бир неча тош олиб, оёқларини ерга тира-ганча, сал ёнбошлатиб ота бошлади. Қани тегса!
— Ҳа, сени чиқарганни! — хитоб қилди Бердиёр ва югуриб бориб, уни кўтарди, бошидан айлантириб, этак тарафга отди. Шиша чир айланиб бориб тошлоққа тушиб чил-чил синди.

Бердиёр қайтиб келганида Шониёз йўқ эди. Уёқ-буёққа қараб чақирди:
— Шониёз! Шониёз!
— Ҳов магазинга чақириб кетди, — деди ўриндикда ўтирган йўловчи.
— Магазинга? Ҳа, майли. — Бердиёр булоқ бўйига тушиб, яна нима учундир қўлларини чайди, белбоғига артди. Илжайиб чиқиб машина ёнида қаққайди. — Шониёз!

Йўловчи кулимсираб гап қотди:
— Жониворни уч минутда соб қилдингизми, жўра?
— Бизми? Биз ана шундай! — деди Бердиёр. — Оберинг сиз ҳам бирини, шу ерда тинчитиб қўяман!
— Зўр экансиз, важоҳатингиздан ҳеч билинмайди.
— Ҳа, биз ана шундай зўр!

Шониёз кўринди, Бердиёр қўлларини белига тираб уни қаршилади:
— Ҳа, закускага кетганмидинг?
— Йўғ-э, — деди шофёр, у хафа кўринарди.
— Кетдик бўлмасам. Тўғри даштга, ошна! Шониёз унга ғалати қаради:
— Кетамизми?
— Ҳа! Кетамиз-да, энди! Ўтир машинага. Шониёз бир қадам қўйиб тўхтади:
— Бугун дам олсакмикан, Бердиёр ака.
— Йўқ, бугун айни ишлайдиган кун-ку? Шониёз ер чизди.
— Ҳа? — деди Бердиёр. — Келишдик-ку? Ё, сен ҳам айнидингми? Майли, ундай бўлса!

Шониёз хўмрайди, илдам ўтиб машинанинг эшигини очди. Бердиёр кириб ўтирди. Шониёз моторни ўт олдирди. Борти шиқиллаб қолган эски юк машинаси гуриллаб жилди.

Ҳадемай қишлоқ марказидан ўтиб, тепага чикди, текис нишабдан кета бошлади. Ниҳоят, сойга етдилар. Сой кенг бўлиб, унда ўсиб ётган юлғунлар сарғайиб, гулдан қайтган эди. Сув милтиллаб кўринади, сой ёқаси-да бир парча қамишзор.
— Тўхта! Бур пастга, Шониёз! — буюрди Бердиёр.

Чамаси, Шониёз учун қаерга боришнинг аҳамияти йўқ эди. Рулни кескин буриб, машинани нишабга солди. Ундан тушириб, юлғунзорга оралатди.
— Секинроқ ҳайда, ошна. Ҳа? Нима бўлди?
— Ҳеч нима. Овулга борамизми?
— Ҳа-да, шу ердан ишни бошлаймиз... Юсуфнинг овули шекилли бу?
—Ҳа, ўзи йўқми дейман. «Москвич»и кўринмайди.
— Да-а, унда жун ундириш қийин. Юсуф бўлган-да, гапга кўнар эди. Кампири зиқнароқ. Ўтган йили келганимиз эсингдами?
— Ўтовга қаранг. Кимдир қараяпти, кампири эмасми?
— Шунга ўхшайди.

Сойнинг нариги соҳилидаги тақир дўнглик этагида иккита ўтов кўринар, ўтовлардан бири олдида кўйлаги қизил бир аёл қўлини пешанасига қўйиб, қараб турарди.

Шониёз илжайди:
— Бизни таниди, дейман... Орқага қайтди.
— Йўлга соламиз, ошна! Биз ўзимиз учун уннаяпмизми!

Машина сувга етиб тўхтади, сувдан ўтиши мумкину лекин нариги тик бетга чиқиши гумон эди.
— Тушамиз, азоб берманг машинага.

Тушиб, қамишзор оралаб йўл излашди. Сўнг, сойдан кечиб ўтишди.
— Ҳов, кайвони! Ўтовдан сас чиқмади.
— Бердиёр ака, ити ёмон.
— Э, ит нима қилади ҳозир, молнинг ортидан кетган-да.

Улар ўтовлар орасига етиб, тўхташди.
— Ҳов янга! Ҳов, чеча!.. Одам борми? Меҳмон келдиям демайсизлар!

Ниҳоят, четдаги ўтовдан энгашиб, олтмишлардан ошган кампир чиқди.
— Саломалейкум.
— А-лекум... — Бердиёр кампирга қарамай, у билан қўл бериб кўришди, гаплаша бошлади: — Яхшими? Бачалар чопқиллаб юрибдими? Юсуфбой қани? Шаҳарга кетганми, дейман?
— Ҳа, эрта-мертан тушиб кетган эди, майлис бор эканми.
— Хўш, кампир, бизнинг вақтимиз йўқ. Чой-пойга уннаб юрманг! Бизнинг нима учун келганимизни билсангиз керак!
— Ҳа, сиз нимага келардингиз, жунга-да, — деди кампир.
— Балли! Биз заготовителларнинг иши шу, кампир!
— Э, қўйинг, иним. Заготовителниям кўп кўрдик. Кўп келиб туради, йўқ десак, қайтиб кетаверади.
— Биз қайтиб кетмаймиз, — деди Бердиёр ва ваъз қила кетди: — Гап шундаки, момо, хўш... давлат бу йил жун планни катта берган. Хўп, деб туринг... Менга қаранг, бир тўшакча опчиқинг-э. Йўқ-йўқ, уйга кирмаймиз... Шундай қилинг!.. Ҳў, раҳмат... қатиқ ҳам опчиқасизми? Майли... Бир йўла чалоб қила қолинг... Раҳмат, энди ўтиринг, момо!.. Гап шундаки, ўзингиз тушунадиган хотинсиз, планимиз катта! Лекин савхоз ўз моли билан узолмайди... Тўхтанг-да! Бизда индивидуалний план деганиям бор-да. Бу планни тушунасизми? Сабр қилинг! Бу дегани — аҳолидан ортиқча жуни борми, тухуми борми, териси борми — сотиб олинг, дегани... Биламан, биламан, кампир! Менга қаранг, кампир, шу жунни мана мунга ўхшаган кигиз қиласиз! Кигиздан нима фойда! Гилам олсангиз-чи? Ҳам арзон, ҳам чиройли... Хўп, бир қоп сотинг, майли, қолганини тўқим қилсангиз ҳам ўзингизга! Э, энажон-э! Барака топинг, энабой! Шониёз, тур, ошнам!.. Ана бу ишдан кейин юз грамм ичсанг ҳам арзир эди... Лекин энди йўқ, йўқ, йўқ!.. Нархи ўша-ўша, а? Ё кўпайтириб берайми? Майли! Ана, ҳозир фактура тузамиз, хўш... Мана, бу ерга қўл қўйинг! Э, чизиб қўйинг-да, билмайсизми!.. Шундай! Юсуфбойга биздан салом айтинг... Кампир, агар яна сотиладиган жун чиқиб қолса, илтимос-да, биздан бўлакка сотманг, хўпми? Нима бўлсаям, ҳаммамиз бир уруғнинг одами! Ҳе, ўзимнинг Қўнғиротимдан!

...Улар кечгача бир неча овулларда бўлишди, хийлагина жун, тери харид қилишди. Бердиёрнинг кайфи чоғ бўлиб кетди. Лекин Шониёзнинг чеҳраси очилмасди.

Қишлоққа тушиб келдилар. Чой ичгани чинорлар остига ўтишди. Салқин тушиб қолгани учунми, сув қаттиқ шариллар, шохларни тўлдирган майналар чуғурлар, чойхона ва ресторанга олиб борадиган тсемент йўлка атрофидаги райҳонлар хушбўй ҳид уфуриб, улар ўртасидаги электр чироқлари порлар эди... Одам ҳамон гавжум, айниқса, Шаҳрисабзга ўтадиган шофёрлар кўп.
— Қани, Шониёзбой, ўтиринг ошна! Буюринг! Ичкиликсиз буюринг!

Намозшом маҳали Шониёз Бердиёрни уйи эшигига олиб бориб туширди.
— Саломат бўлинг! — деди Бердиёр. — Эрталаб саҳарроқда келинг-да! Узунчуқурни обход қиламиз... жунга эҳтиёт бўлинг, болалар титиб кетмасин. Эртага топширамиз буни. Энди мен кўрсатаман иш қандай бўлишини. Лекин Шониёзбой, қовоғингиз очилмади-да, ука!.. Сир бекитмас эдингиз?
— Э, Бердиёр ака, — деди Шониёз.
— Хўп, сиз ҳам чарчадингиз, боринг, эртага гаплашамиз!
— Эртага... мен келолмайман, — деди Шониёз.
— Келолмайман? Уч-тўрт кун бирга бўламиз, деб келишдик-ку?
— Гап унда эмас.
— Хўш, нимада бўлмаса?
— Сизни эрталаб ишдан бўшатишган. Мени магазинга акангиз чақирган эди. Арақ олганингизни кўрибди... Айтдим, ишонмади. Ишонмайман, дедилар... Шу ерда бўшатилди, ҳозироқ раисни топ, дедилар. Юзингиздан ўтолмадим, Бердиёр ака... Гап шу.

1972