OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШукур Xолмирзаев
Асар номиБойчечак очилди (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шукур Xолмирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм22KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Бойчечак очилди (ҳикоя)
Шукур Xолмирзаев

Домла Қўнғирот анчадан бери илмий ишлар ёзмас эди, ёзишга ўтириши ҳамоно юраги сиқилар, кейин, бу кимга керак ўзи, деган хаёлга бориб қоларди. Бу орада эса азиз умрининг ойлари, йиллари ўтиб борар, сочидаги битта-яримта қора ҳам оқариб, бир замонлар китоб устида кўп ўтирганининг гувоҳи бўлган эгик кифти тобора эгилар эди.

Бу ўзгаришларнинг ҳаммасини домла билар эди, жуда яхши билар эди-ю, кўнглига яқин олгиси келмас, ундаги туғма қайсарлик ва руҳий порлоқлик ўтмишдаги довруқ — шон билан қаноатланиб, ўшалар паноҳида ором топар эди.

Чунки ўшанда нимаики ёзган бўлса, қандай китоб чоп эттирган бўлса, бу унинг қалб-қалби тубидан чиққан, инонган эътиқодлари маҳсули ўлароқ юзага келган эди. Умуман, домла ўз руҳи, ақидасига зид бир сатр ёзмаган, бир калима ҳам сўзламаган эди.

Домла ижодини синдирган йирик омил нимадан иборат эди? Бу аввало лирикани эскирди деб эълон қилинган баъзи ўткинчи мулоҳазалар эди.

Домла бунинг бир қадар асоссиз ва ўткинчилигини ҳам яхши билар эди: лирикани рад этишлар фаннинг мисли кўрилмаган тараққийсидан келиб чиққан бир ҳол, қолаверса, бу фикр тарафдорлари ҳаётнинг ўзи томонидан рад этилди ва инсон яратган мўъжизалар ичида санъат ҳам тоабад у билан ҳамқадам бўлиши, бусиз инсоннинг инсон аталиши қийин бир ҳол экани ҳам исбот этилибгина қолмай, бу эски ҳақиқат янги бир тўсикдан ўтиб мустаҳкамланди — домлага булар ҳам яхши маълум эди.

Ана шу одам яқиндан бери ўзгариб қолди.

Бунинг сабаби бир қарашда у қадар катта эмас, лекин уни инсон ҳаётида кичик деб ҳам бўлмайди.

Домла Куҳитан қишлоғи этагида, дарё бўйида жойлашган сўлим бир қишлоқдан эди, қишлоқ одамлари табиатан хушсуҳбат, ширинсухан ва азалдан шеъриятни, мусиқани хуш кўргувчи кишилар эди.

Домланинг ўзи кўп йиллардан буён шаҳарда — марказда хотини ва ягона қизи билан кун кечирар, таниқли нашриётда муҳаррирлик қилар эди.

Гоҳо ҳуши келганда, қадимий форсий ғазалларни ўзбекчага ағдариб қолар, шу иш муносабати билан андак ором олар ва доимий ҳамроҳи андишани ҳам унутар эди.

Лекин кейин... кейин, ҳамма билган, таниш-билишига отнинг қашқасидек маълум, вақтида зўр илмий асарлар яратган, бироқ кейин «илҳоми сўнган» домланинг ўзи бўлиб қолар эди.

Дарвоқе, у она қишлоғига борганда ҳам, дўстлар даврасида ўтирганда ҳам, ёшлиги-навқиронлиги кечган боғларда сайр эттанда ҳам ва илк муҳаббатининг гувоҳи бўлмиш қари ёнғоқ соясида тўхтаганда ҳам, ўша... оромли кайфиятини ҳис этар, бир нафас ҳамма нарсани унутар, бу сирли ҳузурбахш он қучоғига шўнғир ва шунда яшар эди.

Бу йил нақ декабр ойида домла Қўнғиротнинг олтмиш ёшга киргани муносабати билан кичкина зиёфат бўлди, зиёфатда аввалдан ўзига ихлос қўйган тенгдошлари ва унинг ўшандаги асарларини ўқиб, ҳурмат билан қаровчи шогирдлари иштирок этди.

Улар домлани табриклаб, умрига умр, ижодига барака тиладилар.

Домла жуда мамнун бўлиб, ўзини бахтиёр ҳис этди ва ҳақиқатан ҳам энди яна қадимгидек куч-ғайрат билан енг шимариб ишга тушадигандек Низомий, Фузулий, Навоий ғазалларини таҳлил этиб ҳамда бугунги ёш истеъдодлар шеъриятини саралаб, булардаги шакл ва мазмун билан улардаги шакл ҳам мазмунни чоғиштириш ва мазмундаги умуминсонийлик билан шаклдаги замонавийликни топиб, уни беҳад ширин тил би-лан шарҳлаб берадигандек туюлди.

Домла кўчага чикди, таниш шаҳар манзараларини кўрди, таниш кишиларни учратди, таниш муносабатларни эшитди.

Яна айниди.

Бироқ бу дақиқадан бошлаб қалбида ўзининг яшашидан қандайдир қаноатланмаслик ҳисси туғён ура бошлади, қандайдир сирли-сеҳрли куч илк бор қалам олиб, қоғоз устида ўтирган манзилига тортаётганини сезди.

Бу сезги сўнай-сўнай деганида, баҳор етиб келди, домла ҳар гал ёзда қишлоғига борар эди. Бу гал баҳорда қишлоғига боргиси келди, чунки баҳор — одамдаги жонланиш, тикланиш домланинг қалбидаги сирли-сеҳрли интилиш туйғуларини жунбишга келтирди.

Домланинг бир қадар барвақт келишидан таниш юртдошлари уни одатдагидан зўрроқ эҳтиром билан кутиб олдилар. Одатдаги ўтиришлар, суҳбатлар бошланди. Домла ўзига таниш қадамжоларга борди. Сукут қилди.

Шаҳарда бошланган баҳор тоғ этагидаги қишлокда энди юз оча бошлаган: дов-дарахтлар яланғоч, қишдан қолган изғиринда тунлари жунжикишар, кундузнинг илиқ офтобида исиниб улгуролмас эдилар.

Фақат қишлоқнинг у ер-бу ерида тансиқ бодомлар оппоқ булдуруқ боғлагандек гуллаб турар, уларнинг ҳам шамол йўлида турганларини совуқ уриб, оқ гулларини сарғайтириб қўйган, томорқадагилари омон — остида кечаси буруқситилган тезак тутуни уларни аёздан асрар эди.

Ҳеч маҳал баҳорда, яна баҳорнинг ҳам худди ҳозирги уйғониш даврида келмаган домлага ушбу манзаралар, янгиликлар қаттиқ таъсир қилди.

Бир кеча домланинг дўстлридан бири кўкрак киссасини кавлайверди, кавлайверди ва афсусланиб, бош чайқади:
— Эсиз, тушиб қопти, бойчечак опкелган эдим бир дона, — деди.

Домла Қўнғирот бойчечакнинг қандоқ бўлишини ҳам анча йиллардан бери унутиб юборган эди, у киши бирдан ҳовлиқиб, худди ёш боладек қувониб:
— Қани? Ҳай-ҳай-ҳай!.. Қаерда экан, қаерда очилибди? — деб сўроқлаб кетди.

Чўнтагини кавлаган киши ҳамсуҳбатларининг таажжубига қарши, бойчечак қишлоқда эмас, нақ тоғнинг кунгай бетида очилгани, уни кеча овга чиққан ўғли олиб келганини сўзлади.
— Борайлик, мени олиб боринглар ўша ерга! — туриб олди домла.

Даврада ўтирган ижроқўм раиси:
— Хўп бўлади, эртага олиб борамиз! — деб сўз берди.

Эртаси саҳарлаб ижроқўмнинг яп-янги «Виллис» машинасида йўлга чиқдилар.

Бироқ, машина тоғ этагига етганда шофёр:
— Нарёғига боролмаймиз, домла. Кун кўтарилиб кетса, эрувгарчилик бўлади, қайтолмай қоламиз, — деди.

Домла ирғиб машинадан тушди-да, палтоси ёқасини шаҳарчасига кўтариб олиб, музлаб қатқалоқ бўп қолган сўқмокдан илдамлаб кетди.
— Бориш керак! — деди ижроқўм раиси.
— Бу жуда қайсар, йўлидан қайтмайди, — деди ҳамроҳларидан бири.

Сўнг, бойчечак очилган кунгай бетга етишларига ҳали анчагина масофа борлигига афсусланиб ҳамда кеча суҳбатда бойчечак тўғрисида гап очган шерикларидан нолиб, домла изидан тушдилар.

Домла шу топда қалбида ғайритабиий бир куч сезиб ўзини худди навқирондек ҳис этар, қарилик — кам қувватликни ҳам унутган, гўё шу кетишда тоғлардан ҳам ошиб кетгудек важоҳатда эди.

Домла тоғ унгурига етганда қийшиқ йўл билан пастга юрди.

Йўлнинг сўл томони унча чуқур бўлмаган жарлик, жар тубида музларни ялаб жилдираб сув оқяпти — ранги сарғиш, қаердадир сариқ тупроққа ишқаланиб келяпти. Йўлнинг ўнг томони нишаб ёнбағир, унда-бунда майсалар кўкарган, лекин ҳали улардаги нам кўтарилмаган, сабзалар чиройи очилмаган.

Яна бир оз юрганларидан кейин, домла бу ёқларга бир эмас, бир неча марта келганини хотирлади ва энди... нечун шунча йиллардан бери ҳеч келмаганини, ахир бу ерлар ҳам ўзи учун ўта табаррук қадамжолар эканини ўйлаб, қаттиқ ўксинди.
— Шу манзил илгари ҳам бормиди, тақсирлар? — деди.

Ҳамроҳлар кулишиб, домлани гапга тутиш пайида бўлдилар, бу орада улардан бири белгиланган манзил шу ер экани, шу ерлардан ҳам бойчечак топиш мумкинлигини айтди.
— Дарҳақиқат... тўғри! — деди домла.

Излаб кетдилар.

Домла гангиб паришонҳол, йўл ёқасидаги ғадир-будур харсангга суяниб ўтирди. Унга қўлини теккизди, муздек. «Ҳали совуқ, шуям музлаган-а!» деб ўйлади. Кейин харсангга хиралаша бошлаган кўзларини тикаркан, унинг у-бу ерида милтираётган жажжи томчиларни кўрди, бармоғини теккизди, қўли ҳўл бўлди.

Домла хўрсиниб, нариги бетдага қорайиб кўринаётган ўркач-ўркач тоғларга, улар устидаги оппоқ қорларга қарай бошлади ва бир дамга ўзини унутди, тез-тез юриб, пастга тушди, сувдан ҳатлаб, айланма билан тепага кўтарилди.

Кифтига офтоб тегди, кўзлари қисинқираб, қаршисида миллион-миллион юлдузчалар мисол порлаётган қорга тикилди.

Тунлари бу ердан изғирин-шамоллар кўп эсган, улар қор бетини ялаб, чўтир қилиб кетган, баъзи жойлардаги қор сурилиб, қийшайиб қолган, баъзи жойларда у шу қадар юпқаки, худди дока пардага ўхшайди, тагидан муз қотган хас-хуслар кўриниб туради.

Домла тепароқда ола пўстин кийгандек кўриниб турган арчани кўрди ва ғайришуурий бир қувонч билан ҳаллослаб шу томонга йўналди.

Лекин унга етиши анча қийин бўлди: қор юпқа жойларда юриш осон, қор қалин жойлардан ботиб қолган оёқни кўтариш малол келарди.

Домла ҳансираб, каттакон бир мўъжизани топгандек, арчага илжайиб тикила бошлади. Қизиқ: худди унда хаёлларида азалдан ўрнашиб, энди хиралашиб қолган қандайдир ранглар, йўқолган — ўтмаслашган туйғуларини кўраётгандек анграйиб қолди ва аста-секин атрофини айлана бошлади. Ниҳоят, совқотаётганини, оёқлари карахтланганини сезиб турса-да, бу тансиқ ҳолатдан ўзини опчиқиш ҳақида асти ўйламай, секингина арча тагига кирди, чўнқайди ва бекинмачоқ ўйнаётган боладек, елкаларига арча шохлари тегди, ерга ўтириб олди.

«Дунёга келганимга шукур. Тириклигимга шукур. Шу гўзалликларни кўриб турибман!» деб шивирлади у.

Ана шунда қалбида бошқа бир ғалаён — бу туйғуларни айтиш, ҳайқириб айтиш, йўқ... ёзиш истаги жўш ураётганини пайқаб қолди.

Кейин... Домланинг бу томонга кетаётганини кўриб изидан тушган ҳамроҳлари етиб келишди ва уни шу алфозда кўриб, соғлиғи ҳақида ўйлаб, ялина кетдилар:
— Кетдик, домлажон, кетдик!
— Ахир, совуққа олдирасиз ўзингизни!
— Биз кеннойимизга нима жавоб берамиз кейин? Улар йўлга қайтиб тушдилар.

Домла, ҳали суяниб ўтирган харсангга етганда яна унга ўтиргиси келди.
— Бойчечак топдиларингми? — бирдан сўраб қолди у. — Ахир, бойчечакка чиққанмиз-ку, тақсирлар!

Ҳамроҳлар афсус билдиришди:
— Йўқ, шекилли. Балки битта очилгандиру уни шу бола узгандир.

Кулишиб, домлани энди орқага юришга ундадилар.
— Хўп, ман бир оз дамимни ростлай, — деди у ва тағин харсангга ўтирди. Қўтир харсанг устидаги қиров энди «ериган», унинг ҳамма ери нам эди.

Домла қуёшга қаради-ю, худди уни биринчи марта кўраётгандек бўлди, бу офтоб ўзига азалдан таниш, жуда қадрдон офтоб эканига иқрор бўлди.

Шунда бирдан унинг хаёлига гувиллаб, аллақачон ҳаёт рад этган табиатга қарашлар — қуёшга ҳам оддий бир сайёра деб қараш, оламда унинг шу нурлари мисол даҳшатли зарралар кезиб юргани хусусидаги ваҳималар қуйилиб келди.

«Йўқ, бу тоза офтоб! Агар фазода бирон ёмон нарса бор бўлса, у йўқолиши керак. Ахир, инсонлар бунинг учун курашиши керак... Мана шу оппоқ қорлар бор бўлсин, арчалар, сув, харсанг.. Кўкатлар!»

Домла бир дақиқа ўзини анчадан бери ҳаётнинг гўзаллиги учун курашмаётган кишидек, аллақандай кўзбўямачи — жиноятчидек ҳис этди ва бир замонлар ёзиб қўйган рисолалари, поетик тахлиллари ўз қимматини ҳамон йўқотмаганига, уларнинг виждонан ёзилганига, улар инсонлар яшашига ёрдам бериши, инсонларнинг яна ҳам гўзалроқ яшашлари учун керакли эканлигини ўйлаб қолди.

Бу ҳис домлага қаттиқ таъсир этиб, уни маҳзун қилди.

Ана шунда бу ҳолатдан яна табиатнинг ўзи қутқарди: нақ харсанг ёнида қандайдир гулнинг ингичка, оч пушти боши чиқиб турганини кўриб қолди. Домла апил-тапил бурилиб, бармоқлари билан уни сийпай бошлади.
— Бойчечак! Бойчечак! — деб ҳайқириб юборишди ҳамроҳлар.

Бойчечакнинг ипдек томири чуқур эди.

Домла ишга берилиб кетди, бармоқлари совқотди, тирноқлари қизариб зирқирай бошлади — у сезмагандай эди, охири гулни тортиб, узиб олди. Пуфлаб, искади ва ўта нозик, унутилаёзган бир ҳидни туйди.

«Мунча қўполлашиб кетмаган бўлсам!» деб ўйлади у баттар таъсирланиб ва яна ҳиддади. Энди домла ёш гўдакнинг покиза, ўткир сезгиси билан ҳидни яхши пайқади, яна... ёшлигига қайтди.

Шундай қилиб, улар орқага жилдилар. Ижроқўм йўлдаги бир хонадонга овқат буюрган экан, у уйга кирдилар.

Домла Қўнғирот шаҳарга қайтди.

Уни кўрган хотини ҳам, қизи ҳам чеҳрасидаги шодиёналик, барқ уриб турган кўтаринкиликдан ҳайрон бўлишди, бу ҳолни унинг дўстлари ва шогирдлари ҳам пайқашди.

Энди, таниш ҳис — ёзиш ҳисси домланинг қалбида тамом ўрнашиб бўлган эди.

Бироқ домла стулга ўтириши билан қизиқ ҳол содир бўлди.

Худди ёзажак мақоласини кимларгадир аччиқ қилиб ёзадигандек, нималарнидир инкор этадигандек туюлаётганини сезди ва бу ҳол ҳам уни ёзишга ундади.

У кутубхонасига кириб, азалий дўстлари — завол билмас оғайнилари — жавонидаги китобларига тикилди.

Биз домла Қўнғирот билан шу ерда хайрлашайлик, майли, кимгадир аччиқ қилиб ҳам ёзсин, лекин бизга маълумки, «кимгадир» номли шахс — унинг ўзи, гумонлари.

Ўзини эса яқин-орада енгади.

1971