OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШукур Xолмирзаев
Асар номиЧиллак ўйин (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шукур Xолмирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм27KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Чиллак ўйин (ҳикоя)
Шукур Xолмирзаев

«
Болалар ҳақида...
Нафақат болаларга.

Муаллиф
»

ъъИзоҳ.ъъ Ўйлаб қарасам, болалар ўйинларида гап кўп экан. Биз ўша ўйинларда фақат жисмонан эмас, балки маънавий жиҳатдан ҳам чиниқар эканмиз. Қандай одам бўлдик? Бу — четдан қараганда маълум. Бироқ биздаги, шахсан ўзимдаги аирим сифатлар заминини ҳам ўша ўйинлардан кўраман. Ахир, ўйинда, ғирромлик қилган айрим дўстларимизнинг кейинчалик, катта бўлгандан кейин ҳам Ҳаётда ғирромлик қилганликларига гувоҳмиз. Ёхуд бунинг аксича. Қисқаси, болалик ўйинлари ҳар биримиз учун ажиб бир синов даврлари — жабҳалари булар экан. Мен болалар ўйинлари мавзуида ҳикоялар битяпман. (Муаллиф)

Баҳор. Мен боғимиз адоғидаги деворнинг у ёғида ястанган ялангликка чиқаман. Онам ишда — эрталаб жийрон отимизни миниб кетган. Синглим Раъно дугоналари билан қўғирчоқ ўйнайди. Мен нима қилай? Уйда ўтирайми? Дарсларим тайёр. Кечаси бажариб қўйганман. Тушгача кунни ўтказиш керак.

Чиллак, яъни онасоп билан боласошш олиб йўнғичқапояга йўртаман. Раҳматларнинг девори ёнига бориб, букри ёнғоқнинг танасига онасоп билан бир-икки ураман. Кейин ерга йиқилган шохларни, бутоқларни савалайман. Ишқилиб, овоз чиқсин. Раҳмат зшитсин. Бўлмаса ким билан ўйнайман. Гузардаги бари бола эрталабдан мактабга кетган, биринчи сменада ўқишади. Фақат Раҳмат билан мен иккинчи сменада. Тўғри, у мендан бир синф юқори ўқийди-эттинчида. Шундай қилиб, уни қарсиллатаман, ашула айтаман. Кимнидир чақирган бўламан. Охири «Раҳмат гўппон» чиқиб келади.

У семиз, елкалари кенг бола. Энгашиб юради, ердан бир нарса топадигандек. Шунинг учунми унга кимдир «гўппон» деб лақаб қўйган-у, уям ўша лақабга ўрганиб қолган. Лекин ўзи ҳўкиздек кучли. Билаклари йўғон, чиллакни урса.. О! Чиллакболани икки адир нарига ўтказиб юборади.
— Ҳа, Бўрижон, нима қиляпсан? — дейди у девордан қараб.
— Ўзим. Чиллак ўйнаяпман, — дейман. — Келинг.
— Сен ғирромлик қиласан.

Мен жим қоламан. Ғирромлик қиламан унга. Масалан, чиллак ўйнаяпмиз дейлик. Ўйин охирида кимдир зувиллаши керак. Кимдир чиллакни узоққа отиши керак. Қуриб кеткур, ҳамма вақт Раҳмат биринчи бўлиб тугаллайди. Яъни, мен урган чиллакбола, қаерга тушмасин, у отганида нақ онасопнинг ёнига келиб «ётарди». Шу билан тамом. У урарди чиллакболани. Мен уни онасига яқинлата олмасдим ҳам. Кейин нима бўларди? У қадамлаб санарди. Маррагача. Кейин яна урарди. Яна бояги аҳвол, Бир вақт қарабсизки, ўйин адоқ бўлибди. Навбат бизни зувиллатишга келибди.

Нима қилардим? Қараб турардим. У енгларини шимариб, онасопни олиб боласопни тепага отиб, пастдан «Бир, икки, уч, тўрт» деб, чиллакболани ерга туширмай коптокдек сапчитиб-уриб санайберарди. Боласопни тўрт марта сакратиб, онасопни унга тегизолган бўлса, тўрт қўл уради. Боласопни онасопнинг тумшуғидаги кемтикка қўйиб, бир сакратади-да, онасоп билан шундай уради — боласоп камида олтмиш-этмиш қадам нарига бориб тушади. Кейин у ерга бориб, «иккинчи чиллакни» уради. Кейин учинчисини... Тўғри, онасоп боласопга тегмай қолиши ҳам, бир учига «чирт» этиб тегибгина кетишиям мумкин. Лекин Раҳматда ҳеч шундай бўлмасди.

Хўш, у урган дейлик, уч чиллак масофани зувиллаб келиш осонми? Гап осон ё қийинликда эмас. Ўйиннинг тартиби шу: ютқаздингми, зувиллашинг керак.

Лекин мен... ҳали айтганимдек иш қилардимда. Яъни, у боласопни сакратиб санай бошлар экан, аста нари-бери қараб олардим-да, ғизиллаб қочиб қолардим. Деворимиздан сакраб ўтиб кетардим. Буям етмагандай тўғри уйга кириб, эшикни ичкаридан занжирлаб олардим-у, деразадан қараб турардим.

Раҳмат бечора баъзан девор кемтигидан ошиб, уйимизга келарди. Деразани тақиллатарди. Кейин супа лабига ўтириб оларди. Мен деразадан қараб тураман денг. У, зувиллаб бер, деб ялинарди.

Хуллас калом, ўша куниям Раҳмат гўппонни бир амаллаб девордан бу ёққа туширдим.
— Ғирромлик қилмайсанми? — деди у.
— Ғирромлик қилсам, ўлай!
— Қасам ичдинг-а?
— Қасам ичдим.

Ўйнай бошладик. Яна ўша аҳвол. Сал вақт ўтмай Раҳмат ўйинни тамом қилди. Демак, у мени зувилла-тиши керак. Кейин мен уни зувиллатишим мумкин.

Жим турибман. Раҳмат боласопни ирғитиб урди. Зинғиллаб кетди. Етмиш қадамлар нарига тушдиёв. Секин юриб бордик. У менга қараб-қараб қўяди. Мен жим. Иккинчи чиллакниям урди. Яна шунча масофага кетди. Чўтлаб кўрсам зувиллаб келолмайман.

Учинчи чиллакниям урди-э! Метеостантсйя деган жой бор эди. Об-ҳавони текширадиган идора. Ўшанинг ҳовлисига бориб тушди. Ўла қолсам ҳам у ердан маррагача зувиллаб келолмасдим. Раҳмат чиллакбола тушган ергача билагимдан ушлаб борди.

Хўп, чиллакболани олдим. Чуқур-чуқур нафас ҳам олдим. Нима учундир кафтларимгаям туфладим. Сўнг худди ўлжага отиладиган тозидек оёқларим билан турган еримни депсиниб «тирнаб» ҳам кўрдим. Ниҳоят, чопдим.

Раҳмат ҳам мен билан ёнма-ён чопиб келяпти. Унинг аҳволи оғир. Чопгани устига тағин менинг оғзимга қарашиям керак. Чунки нафас олиб қолишим мумкин. Унда... яна ғирромлик бўлади.

Э, чопавердим. Охир... йўқ, бўлмади. Чамамда маррага етар ҳам эдик. Лекин эринчоқликми, нима бало бўлди-ю, ерга тикила бошладим. Бир юмроннинг инига кўзим тушди. Яқинда тупроқ чиқарган. Сариққина бўлиб турибди. Шунга қараб бурила бошладим. Бошига етганда, чиллакболанинг учига тупуриб, юмроннинг инига ташлаб юбордим.

Назаримда, чиллакбола чуқур кетмаслиги керак эди. Унинг учгинаси кўриниб қолди. Ўзи, ўйиннинг қонуни шу: маррага етолмаган ўйинчи боласопни бирон тешикка тиқиб юбориши ёки дўпписининг ичига тупуриб, кейин уни дўппида қисиб туриши керак. Рақиб уни онасоп билан уриб тушириши лозим. Лекин Раҳмат шўрлик юмрон инига тушиб кетган боласопни қандай уриб чиқара олади? Тағин шуниси борки, уриб чиқаргач, ҳавода яна тўхтовсиз уриб қолиши керак. Кейин чиллакбола бориб тушган еридан яна зувиллаш лозим.

Раҳмат юмрон инига тикилди. Хўп тикилди-да:
— Сен уяга тупурмадинг, чиллакболага тупурдинг, — деди.
— Э, чиллакболага тупурсам нима, — дедим. — Барибир тупугим ерга тегади.
— Ғирром.
— Ўзингиз ғирром.

Раҳмат боласопни уриб чиқариш учун хўп ўйлади. Иложи йўқ. Ниҳоят, онасоп билан чиллакболанинг учига бир туртди-да, индамай кетиб қолди.
— Ҳо, — деб бақирдим. — Мен зувиллайман!
— Зувилласанг, зувиллайвер!

Боласопни индан чиқариб олиб, бир зувилладим. Ҳадемай маррага етиб бордим. Кейин онасопни ўнглаб, Раҳматнинг йўлига чиқдим.
— Қаёққа?
— Сен билан ўйнамайман.
— Зувиллайсиз.

Бечора бир оз ўйлаб турди-да:
— Майли. Лекин кейин ўйнамайман, — деди.
— Бўпти. — Икки чиллаккаям зувилласа ҳарна-да деб, онасопнинг кемтигига боласопни қўйдим. Сакратиб, тик-тик ура бошладим. Қарангки, бешта бўлди.

Э, менинг хурсандлигим! Бунинг устига, биринчи чиллагимоқ камида олтмиш қадам жойга бориб тушди. Иккинчиси ундан нарига. Хуллас, мен ҳам боласопни метеостантсия биносидан оширдим. Раҳмат гўппон эран-қаран бориб, чиллакболани олди. Маррага қараб югурди. Мен у билан ёнма-ён боряпман. Терлаб кетди. Қизара бошлади. Чамамда, кўкара бошлаганда, маррага етиб боласоп қўйиладиган чизиққа тупурди-да, бир-пас дир-дир титраб турди. Кейин «ўҳ-ўҳ» дея йўталиб, уйига кетди.

Мен ҳам хурсанд бўлиб уйга қайтдим.

Орадан яна бир кун ўтди.

Яна чиллакни кўтариб, ҳаятга ўтдим. Раҳматларнинг девори тагига етдим. Букри ёнғоқдан тушган шохларга қарсиллатиб солдим. Кейин ёнтоқнинг танасига тушира бошладим. Қобиқлари кўчиб кетди. Қани энди Раҳмат чиқса!

Кейин чиллакболани ҳавога ирғитиб, ҳар тарафга ура бошладим. Қуриб кетгур денг, энди учади! Саксон кадамлар нарига бориб тушди. Шунақанги қилиб тўртта чиллак урсам, Раҳмат гўппон зувиллаб келгунча ўпкаси тамом бўлади. Шундай қилиб, чиллакни қарсиллатиб ураётган эдим, Раҳмат девордан қаради.

Уям зерикади, бечора. Ўйнагиси келади. Тўғри, у ўртача ўқирди. Лекин менинг нима ишим бор?!

Мақтаниш эмас, айтиб қўяй, мактабда яхши ўқирдим. Аълочилардан эдим. Лекин ҳалигидай қитмирлик дейсизми... шундан ҳам оз-моз бор экан-да.
— Ўйнаймизми? — сўрадим.
— Ғирромлик қилмайсанми? — деди. Нимагадир бу гап менга оғир ботиб кетди.
— Агар ўйнамасангиз, сизни «гўппон» дейман! — дедим.

Шундай келишувимиз бор эди. Бир кун у ялинганди-да: «Бўрижон, шундай дема. Майли, бошқалар айтсаям сен айтма. Қўшнимиз-ку, ука».

Раҳмат орқасига бурилди.
— Ра-мат ака, ака-а!
— Нима дейсан?
— Х,азиллашдим. Келинг ака, ўйнайлик... Энди ғирромлик қилмайман!

У бир оз жим турди. Кейин девордан ошиб тушди.

Ўша куни бозор эди. Лекин, нима учун Раҳматни сўраб чиққанимни билмайман. Бошқа болаларниям сўроқласам бўларди. Ким билади, унга ўрганиб қолган эканманми...

Ўйнай бошладик. Мен энди жиддий, эҳтиёткор эдим. У бўлса ҳар икки гапнинг бирида менинг қачон қочиб кетишим, қачон ғирромлик қилишимни айтар, кулим-сирарди. Оҳ, менинг жони-жонимдан ўтиб кета бошлади, унинг гаплари!..

Чиллак ўйин одатдагича тамом бўлди. У боласопни сакратиб, тагидан аста-секин урар экан, ўзим ҳам санар эдим: саккизта бўлди.

«Ўлдим!» деб ўйладим. Лекин негадир қочгим келмас эди. Муғомбирлик қилишниям ўйламасдим.

Ниҳоят у ура бошлади. Биринчи чиллак, иккинчи чиллак, учинчи чиллак...

Метеостантсиядан ҳам ўтиб кетди. «Ибрат» колхозининг ҳовузига борадиган ариққа етдик.

Боласоп ариқнинг ичида.

Уни олдим. Олдим-у, нима жин урди мени, шартта ариққа тушдим. Муздеккина. Лой.
— Зувиллайми? — дедим.
— Зувилла, — деди Раҳмат.

Ўйлаб туриб, дўппимни олдим-да, буклаб тишладим. Сезиб турибман, Раҳмат хурсанд бўлди. Бунақада нафас оламан десанг ҳам, ололмайсан.

Лекин маррага етишим ҳам... э-ҳе, бир соат нафас олмай югурсам ҳам, етишим гумон. Бирдан зувиллаб жўнадим. Раҳмат ёнимда. Оғзимга тикилиб боряпти. Кўзи менда бўлгани учун қоқилиб кетади. Бир-икки йиқилди. Лекин мен вақтдан фойдаланиб, нафас олсам бўларди. Негадир ололмабман. У яна менга етиб олади.

Кетяпман. Сездим. Қизара бошладим, қандайдир шишиб ҳам кетдим. Кейин, яқинда Раҳмат кўкарганидек кўкаришгаям тушдим дейман. Лекин кетяпман.

Охири.. бўлмади-да! Нафас олмай бўладими? Бора-бора текисроқ жойга етганда, дўппини оғзимга олдим-у, ўт устига тупурдим. Раҳмат мамнун бўлиб кулимсиради.
— Тузук-тузук, — деб ўзиям нафасини ростлаб олди. Кейин чиллакболани худди тупурган еримга қўйиб, учига шундай туртган эди, у худди чигирткадек дик этиб сакраб кетди. Шу пайтнинг ўзида Раҳмат ура қолди.

Билмадим, боласопнинг қаерига урди. У учгандан учиб, ёлғон эмас, кўринмай кетди.

Қарангки, худди ҳовузнинг бўйига бориб тушибди. Раҳмат чиллакболани олиб, менга берди. Мен уни олиб, тағин дўппимни буклаб тишладим. Тағин зувиллай кетдим. Ариқдан ўтаётганда тойиб йиқилдим. Лекин зувиллашдан тўхтамадим. Тўхтасам, у яна чиллак уриши керак.

Тура солиб, яна чопа кетдим. Бояги ётган еримга яқинлашиш қайда... анча берида ҳолдан тойиб, тўхтаб қолдим. Дўппини оғзимдан олиб ерга тупурдим. Тупугим бир тошга тушган экан.

Раҳмат чиллакболани шу тошга қўйиб тағин сал урганди, у сапчиб кетди. Энди, ишонинг-ишонманг, чиллакбола ҳовузнинг нарёғидаги ҳаммом ҳовлисига бориб тушди. Салдан кейин қарабсизки, қишлоқдан чиқдик. Пиллачиларга мингбош ўрадиган даштдамиз. Раҳматнинг ўзиям ҳолдан тойган эканми, энди чиллак уришга шошилмади.

Бирпас у ёқ-бу ёқдан гаплашдик. Кейин мен:
— Уринг! Ҳозир кеч бўлади! — дедим.

У жаҳл билан яна урди...

...Даштнинг адоғида Кўкқия бошланади. Ўша ерга етдик. Менда қадам босишга мажол йўқ. Раҳмат ҳам чарчаб бўлганича бўлган.
— Бўрижон, ке, бўлди қилайлик, — деди ниҳоят.
— Нима деяпсиз? — бақириб юбордим. Қизиқ! Одам шунақа бўлиб қолиши мумкин экан. — Урасиз. Зувиллайман! — дедим.
— Бўлмаса, зувилла!
— Хўп.

Мингбош ўрадиган даштимизнинг ярмигаям етолмадим: Ишонинг-ишонманг, кун ботиб кетган эди. Подалар қайтадиган пайтдан ҳам оша бошлади.

Раҳматнинг чиллаги энди Кўкқиянинг сойига тушиб кетди. Биз тепалик ёқасига етганда Раҳмат менинг билагимдан ушлади.
— Бўрижон, қўй. Ўзим сенга чиллакбола ясаб бераман.
— Йўқ. Нима деяпсиз сиз? — Энди чинқириб юбордим. Кўзимга ҳеч нарса кўринмасди. — Юринг! — дедим. — Чиллакболани топамиз. Мен зувиллаб чиқаман.

Биз сойга эндик. Чиллакбола шўрсув оқаётган жилғага тушган экан. Олдим. Раҳмат менга қараб турибди.
— Бўрижон, — деди. Тавба, кўзи жиққа ёшга тўлган эди. — Мен кечдим.
— Кечмайсиз. Биз ўйнаяпмиз!
— Ахир, чарчадинг! — У ўтириб олди. — Мениям қорним очиб кетди. Жўяк оламан деб ҳеч нарса емаган эдим.
— Менга барибир.

Раҳмат ирғиб турди.

Мен яна зувилладим. Кўкқиянинг ўркачига чиқдим деганда юзтубан йиқилиб қолдим. Раҳмат келиб кўтармоқчи бўлганди, силтаниб, ўзим ўтириб олдим. Лекин ҳадеб ўтириш, дам олиш ҳам тартибни бузиш саналади. Энтикиб ўрнимдан турдим-да, чиллакболани унинг қўлига бердим.

У бир боласопга қаради, бир менга. Кейин уни ерга ташлади. Мен шоша-пиша ерга тупурдим-да, чиллакболани қўйдим. Раҳмат узоқ ўйланди. Кейин енгини шимариб, тағин бир туртганди, чиллакбола ўйнаб кетди. Раҳмат яна онасопни силтади. Кейин чиллакбола қаёққа учди? Раҳмат ҳам, мен ҳам билолмай қолдик.
— Юринг. Топамиз.
— Тополмайсан.

Жинни бўлган эканман-да!

Унинг енгидан ушлаб олдим. Ана шунда Раҳмат бирдан ерга ўтириб олди-да, уялмай-нетмай йиғлаб юборди.

Мен ҳайрон.
— Рамат ака?
— Э, бор-э, — у ўрнидан туриб кета бошлади. Мен унинг йўлини тўсдим.
— Нима дейсан ахир? Ўйнамайман сен билан, — деб бақириб юборди.

Шунда сал-пал ўзимга келдим, шекилли. Энди уни тутиб туришдан фойда йўқлигига ақлим етди.
— Бўлмаса нима қиламиз?
— Кетамиз. Майли, сен ютдинг! — деди у.
— Йўқ, сиз ютдингиз.
— Бўлмасам, кел, икковимиз бирга зувиллаймиз. Бу ғалати таклиф эди.
— Майли-ю, ғирромлик бўлади-да, — дедим.
— Нимаси ғирромлик! Мен розиман.
— Барибир, Ра-мат ака.
— Уф... Қорним очди! — У яна йиғлай бошлади. Семиз одамлар тез очқаса керак-да.
— Бўлмаса қолганини эртага зувиллаб бераман.
— Майли, майли.

Шунда мени яна жин урди.
— Йўқ, эртага келмайсиз!
— Рост, келаман, — деди Раҳмат. — Бугун бўлди. Кетайлик. Жон ука, сен ғирром эмассан. Билдингми? Сени ғирром десам, ўлай агар.

Мен жим қолдим. Шу гапни эшитмоқчи эдимми? Билмайман. Лекин кўпдан бери айтилиб юрилган бу сўз, демак, ёқмас экан-да менга?

Шунчалик шумлик, шайтонлик қилиб, уни ўзимга олмай юрар эканманми?

Балки қийналиб бўлсаям ғирром бўлмасликка ақлим етдими? Униям билмайман.

... Лекин, бир нарсани энди қайд этишим мумкин: ўша кундан кейин Раҳмат билан яна ўйинимиз давом этишга этди-ю, мен қочмайдиган бўлдим. Ҳатто у тўғрида ўйлашдан уялардим. Кўкқиянинг бошигача борганимиз, шўрсувли жилғагаям тушганимизни эсласам, ўзимдан ўзим хурсанд бўлиб кетардим.

Қандайдир... ғирромлик бошқа, ҳа-ҳа, қандайдир жуда катта, чидам, бардош, ҳатто мардлик талаб қила-диган ишларга ҳам қодирдек сезардим ўзимни.

Тўғри, кейинчалик у қадар мард бўлиб қололмадим. Бироқ шу йўлдаги илк қадам ўша кун қўйилган эди.

1992