OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШукур Xолмирзаев
Асар номиҲайкал (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шукур Xолмирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм26KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ҳайкал (ҳикоя)
Шукур Xолмирзаев

Боққа кирсам, Сталиннинг ҳайкалини бузишяпти... Шундай бир куз куни эди. Олтмиш олтинчи йилми-эттинчимиди — аниқ айтолмайман. Хуллас, эгнимда мана шу каломинка кител, мана бу «За отвагу» ҳам — кўкракда; чой ичгани киргандим-да боққа. Эслайсизми, қандай соя-салқин жой эди! Ўриклари пишиб, тўкилиб ётарди. Ҳа, аптека қуриб, расвосини чиқаришди. Ҳозир парк шаҳардан четда: биров бормайди... Сталиннинг ҳайкалини эсланг! Баланд супада оппоқ бўлиб турарди. Шинел ҳам, мўйлов ҳам бир ярашган. Кителини ҳам ҳеч маҳал эгнидан ташламаган экан.

Боққа кирдим. Чойхонадаги одамлар ҳар ёққа сочилиб-жавдираб туришипти. Ҳайкалнинг пойида ижроқўм раиси Бўтаев билан музейнинг директори Холиқбердиев! Доҳийнинг пойида карлик бўлиб туришипти. Шунда ҳайкалнинг орқасидан Қулмуҳаммад жўрам, фронтовик ошнам, чиқиб келди-да:
— Ортига ағанайди. Кўчатни синдирмайди, — деди.

Эшитяпсизми, Сталиннинг ҳайкали ҳақида гапиряпти? Доҳийни эмас, кўчатни ўйлаяпти...
— Ҳей, нима қиляпсизлар ўзи? — деб уларнинг олдига бордим.

Бўтаев пучуқ бурнини тортиб:
— Келинг, Кимсан ака. Шуни йиқитиш керак, йўқотиш керак бўп қолди, — деди.
— Кимни? Кимни йўқотиш керак? Йиқитиш керак?

У ҳиринглаб кулди.
— Биламиз, сиз ветеранларнинг бу одамга ихлосинглар баланд. Лекин бу — энг катта халқ душмани экан, ака... Хрушёв бобонинг докладини ўқимадингизми?
— Ўқидим, — дедим. — Балки сиздан олдин ўқиган-дирман, ўртоқ раис! Лекин у кишиям доҳийнинг ҳайкалини бузинглар демаган...
— Кимсан ака, нервингиз бурнингизнинг учида туради-я! Қизишмасдан ўйлаш керак-да... Ўлиги мавзолейдан олингандан кейин ҳайкали бу ерда турадими? Минг одам киради бу боққа. Ёшлар киради... Ахир, сиёсатгаям қараш керак-да!

Мен жимиб қолдим: сиёсатни тилга олгандан ке-йин лаб-даҳанинг боғланиб қолади-да. Шунда қисталоқ:
— Бузинг, Қулмуҳаммад ака! Ҳамма кўрсин! — деб буюрди.

Ҳалиги бетон супанинг пастида каттакон гурзидай болға турган экан. Қулмуҳаммад олди-ю, айлантириб солди денг! Доҳийнинг иягига урган экан, боши учиб кетди.

Кўз олдим қоп-қоронғи бўлиб қолди. Ҳайкалнинг орқасига қандай қилиб ўтганимни билмайман. Каллага энгашган эдим, болға яна гурсиллади. Шартта изимга қайтдим. Қулмуҳаммад доҳийнинг мана шу ерига — кўкрагига урипти.
— Э, баққа бер-э, энангди... — деб болғани тортиб олдим. Қулмуҳаммаднинг башарасига шапалоқлаб солиб юбордим. Кейин болғани Бўтаевга тутдим. — Олинг! Мени уринг!.. Мен розиман! — Йиғлаб юборибман. — Шу одамни деб қон тўкканман, кантужин бўлганман. Ҳалиям биқинда асколка бор!

Одамлар келиб мени ушлашди. Унга сари жаҳлим чиқиб кетди.
— Бу одам юртни ўйлаганда сен қайда эдинг?! Э, жўжахўроз, политик! ? — Оғзимдан у кирди, бу чиқди. Эсим ҳам жойида эмас, шекилли. — Ахир, ахир... Бу одам доҳий-ку? — деб бақирдим. — Кеча «Яшасин!» деб юрган эдинг... Ҳа, ҳароми! — Қулмуҳаммадниям сўкиб кетдим. — Урушга «За Сталин!» деб кирган ким эди? Курский дуга эсингдами, иплос? Сен салкам пошист экансан-ку!

Ғала-ғовур бўлиб кетди. Қаёққа қарайман! Сўкяпман!.. Энди, оға, бу жон — фойдага қолган жон. Буёғига нимадан қўрқаман? Шунда бир-иккита мусулмонлар ҳам бор экан, менинг тарафимни олишди.
— Ҳе, шуни олиш керак бўлса, бузиш шартми? Ул-бул... — деган гаплар қилишди.

Чамаси, Бўтаев ҳам шундай бир ҳимояга маҳтал эканми:
— Йўғасам буни ағанатайлик. Майли, ўзларинг бирон жойга обориб кўминглар, — деб қолди.
— Мана, биз оламиз-да! — дедим. — Кўмаманми, кўммайманми — уёғи билан ишларинг бўлмасин!
— Майли, биз сизларнинг олдингиздан ўтдик. Биз халққаям қулоқ соламиз, — деди-да, Холиқбердиевни эргаштириб кетди.

Энди Қулмуҳаммаднинг йиғлаганини айтинг:
— Менга қадри йўқмиди доҳийнинг? Чақириб айтишди-да: «Сиз сиёсатга қаршимисиз?» деб... Уларнинг гапини қайтариб бўладими, жўра?
— Мен сенинг жўранг эмасман! Бугундан бошлаб! — дедим. Кейин болғани отвориб, уф, доҳийнинг калласини кўтардим. Жуда оғир экан. Лекин бутун. Мўйлабиям... Ияги учган. Қаттиқ тсементдан ясашган эканми, хайрият, унча шикаст емапти...

Боғдан чиқиб, бозорга чопдим. Эшак бозорда Пар-да қийшиқ аравасини энди миниб турган экан.
— Жон ака, гап шундай-шундай, — дедим. — Мана, сизга ўн сўм! Пенсиямни олсам, яна бераман...
— Э, пулни қўйинг, — деди у бечораям. — Ишқилиб, бизга гап тегмаса бўлди.
— Тегмайди!

Қаранг, ёли оқариб кетган шу аравакаш ҳам қўрқади-я, политикадан. Бир замонлар «қўш ҳўкизинг бор», деб отаси кулоқ қилинган-да. Кейин «враг народ» бўлиб отилиб кетган.

Эшак аравани тўғри боққа ҳайдатиб кирдим. Ҳайкални кўчириш, авайлаб аравага ётқизиш ҳам кўп қийин бўлди. Одамларга раҳмат, қарашишди. Ахир уларниям мана бу ерида бор-да Сталин!..

Кейин уйга жўнадик!

Кўчанинг ўртасидан ҳайдатиб кетдим аравани. Одамлар у бетдаям, бу бетдаям ғуж бўлиб, ажойиботга қарагандай қарайди. Парвойим палак. Нима бўлса, кўрдим бу оламда: қўрқадиган жойим йўқ. Болаларим уйли-жойли бўлиб кетган.

Сўққабошим билан бир ҳовлида ётардим! Мана, энди... икки киши бўламиз.

Ҳа-ҳа, тўппа-тўғри сойдан ўтказиб, уйимга обордим. Дарвозани ланг очиб киритдим. Ҳе, у ердаям томоша! Ким эргашиб келган, ким мени алқаяпти, ким қўрқитяпти...

Аммо-лекин, ука, шу қўрқитиш... деган гапимда жон бор: мен ҳар қанча ботирлик қилган бўлсам ҳам, кўнглимнинг ости дир-дир этиб турганини тан оламан.

Ҳа. Энди бизам унча-бунча кўрганмиз-да, оға! Лениндан кейин, Сталин бободан кейин ўтган арбобларниям кўрдик... Тўғри айтасиз, ҳақиқатни кейинроқ тушундиг-у... Ҳа-ҳа, ўртоқ Сталин ҳаётлигидаям роса ғалати ишлар бўлганди, рост.

Минг-минглаб одамлар «халқ душмани» бўлиб кетган. Анчайин гапнинг устидан...

Энди денг, биз кимсан — Хрушчёвнинг замонида сталинчи бўлиб турган бўлсак...

Мени обориб тиқиб қўйишлари ҳеч гап эмас эди. Сталинни оқлаш — Хрушчёв бобони қоралашга ўтарди...

Қўйинг-чи, ҳайкални ҳовлининг ўртасига ётқизиб қўйдик...

Мен нодонлик қилиб, паркдаги тагсупаниям кўчириб келтирмаган эканман. Қайтиб борсам, боғнинг қоровули деворга ишлатаман деб бузиб-ташиб кетибди, нокас.

Кейин у ёққа чопдим-бу ёққа чопдим: уч-тўрт қоп тсемент топдим. Сойдан шағал ташиб келиб, су-пани ўзим ясадим. Қўни-қўшнини чақириб, ҳайкални тикка қилдик. Энди ҳайкалнинг бошини ўрнатиш қолган эди.

Хайрият, қўшни совхозда арманлар тошдан иморат қураётган экан, чўткачи Рама жўрам: «Шуларга бор. Ҳар бало қўлидан келади арманининг», деди.

Борсам, ҳақиқатан ҳам биладигани бор экан. Бир тийин олмай, каллани жойига ўрнатиб берди.

Ўлай агар-а, худди ўзидай қилиб берди. Лекин бечоранинг бир кун вақти кетди: иякни яматгач, ичидан сувади.

Ишонасизми, бир тийин олмай кетди. Тўғри, кейин учта товуқ обориб, димлама қилиб бердим жўраларига. «Пенсионер бўлмасам, қўй сўярдим», дедим.

Ана энди денг, ҳайкал ҳовлида турипти. Бала-анд! Оппоқ! Мўйлаблари бирам хушрўй. Ўзига ярашиб... Тоққа қараб турипти. Томдан ҳам баланд-да!
— Эй, доҳий, — деб қўяман онда-сонда. — Қалайсиз, Иосиф Виссаранович?

Ўлай агар, лаблари қимирлагандай бўлади.
— Яхши. Раҳмат сенга, Кимсанбой. Сени билар эдим. Менга садоқатли эдинг! — дегандай бўлади.

Бир кеча ҳақиқатан ҳам гапирди-ёв!

Ой чиқиб турган эди. Уйимдан сал нарида жар бор, қуриб кетгур ахлатхона бўлган. Раёндаги бари синган бутилкани келтириб тўкишади. Яна алламбало чиқиндилар. Ёввойи мушук дейсизми, ит дейсизми — макон қилиб юборганди. Кундузиям одам боришга қўрқарди. Ўша оқшом нимаям бўлиб, бир гала ит жуда увлади. Ҳе, увлади. Уйқум қочиб кетди.

Ташқарига чиқсам, ой сутдек ёруғ... Қўрқдимми дейман, эшик тепасидаги лампочкани ёкдим. Ҳаммаёқ равшан бўлиб, кўнглим сал жойига тушди.

Доҳий бўлса, туриптилар!

Худди менга қўриқчидай!

Гангиб, пойларига ўтирдим. Чекипши ташлаган эдим, битта тутатдим. Жуда ғуссага ботдим. Энди одам ўйлайди-да, оға: «Бу инсон оламга келиб, нима орттирди? Битта шинел, бир жуфт этик, каломинка кител, фуражка билан ўтди...»

Ў, ўзингиздан қолар гап йўқ: Ҳозирги думбул раҳбар ҳам «бир нарсали бўлай» дейди. Халқдан юлай, дейди. Кейинги вақтда партия сафига кираман деб ариза берганларнинг тўқсон фоизи раҳбар бўлсам, қўлим узун бўлади деб ўйлайди...

Ахир, раҳбар одам — партия аъзоси бўлиши керак-ку бизда?

Сизга ёлғон, худога чин, «Икки минг сўм бер, партияга ўтказаман», деган парткомларни эшитганмиз...

Ҳе, ҳаммаёқ бузилиб кетди!

Лекин бу одам... Иосиф Виссаранович худди Ленинга ўхшаб яшадилар-да!

Тўғри, тўғри, тушуниб турибман: Ленин бобоям Сталин ҳақида бироз...

Аммо-лекин умрини халққа берди-ку буям!

Ҳа! Мен шундай деб ўйлайман! Ҳе, Хрушчёв тахтга ўтиришидан олдин халқ ҳам шундай деб ўйлар эди.

Сталин ўлганда минглаб одамнинг кўнгли озиб қолгани бежиз эмас-да! Менинг касалхонага тушганимга ишонмайсиз-да?

Ана шунақа, оғажон.

Би-ир маҳал шивирлаб қолдим:
— Ўртоқ Сталин, бу ишлар... қандоқ бўлди? — Кейин секин ўрик соясига ўтдим.
— Парво қилма, Кимсанбой, — деди у киши. — Бу кунлар ҳам ўтади. Ҳали менинг қадримга етадиган кишилар келади тахтга... Хрушчёв ҳам ўтади. У аслида мени хуш кўрмас эди. Мен уни писанд қилмас эдим. «Никита» дер эдим.

Балки, балки бу гаплар хаёлимда кечгандир? Балки мен қўшиб айтаётгандирман. Аммо гаплашдик!
— Курский дуга эсингиздами? Танкада ёниб кетаёзган эдим?
— Эсимда... Кремлда ўтирган бўлсам ҳам, кўриб туриб эдим! — деди доҳий. Ҳа-да, у кўриб турарди. Бе, ишонмас экансиз-да одамга...

Бир вақт қарасам, йиғлаяпман. Кейин аста уйга кираман деган эдим, ҳалиги итлар яна увлаб юборди. Туриб қолдим: «Доҳийни қўрикдаяптими улар ҳам?»

А? Ҳа-да, ҳайкални кўргани ҳар хил одамлар келиб туришарди: бири яширинча, бири ошкор. Бири қизиқиб, бири мендан аҳвол сўраш учун. Ишқилиб, бизнинг ҳовли Холиқбердиевнинг музейига ўхшаб қола бошлади.

Ҳе-ҳе-ҳе! Билет сотсангиз бўлар эмиш! Ёшсиз-да! Ундан кўра ўлдириб қўярман ўзимни...

Э! Сизлар — бошқа авлод!

Худони биласизми? Билмайсиз. Пайғамбарни-чи? Йўқ. Тўғриси, мен ҳам билмайман. Кўрганим йўқ, ўзи кечирсин... Лекин аҳли мусулмон худога ишонади, тўғрими?

Хўп, қўрқади дейлик.

Сталиндан ҳам ана шундай... Йўқ, у кишига ишонар эдик.

Ишонинг шу гапимга: Сталин — биз учун ҳам худо, ҳам пайғамбар эди!

Уларга қарши бориб бўладими? Уларга сиғиниш мумкин, тавоф қилиш мумкин, холос.

Ана шундан кейин...

Э, э, тилингизга шаккар, келишди-да грузинлар! Иккитаси. Мана шундай ерга ўтиришди. Қайдан билишган бу савдони? Худо билади. Кейин тусмолладимки, тоштараш арманилар бориб айтишган бўлса керак? Капказга борганда...

«Пакаяний?» Дарвоқе, яқинда қулоғимга чалинди: грузинлар шундай кино қилишипти. Сталинга ўхшаган — расмига халқ сиғинадиган кишини кўрсатипти дейишди.

Ҳа, рост: кинода халқ қўрққанидан сиғинар эмиш... Аммо ҳаётда ўз-ўзидан сиғинар эди, оғажон!

Ҳе, фалак, ундай одамлар битта ўтади! Худо ҳаққи, Сталин тириклигида Ленин бобониям эсдан чиқариб қўйгандик. Энди, асосий ишлар, қийинчиликлар Сталин даврига тўғри келганди-да... Ҳа-ҳа, лекин Сталин инқилобниям тепасида турганлардан, ахир.

Грузинлар кетишди.

Бир ҳафта ётишди. Қўй сўйдик. Ўзлари опкелди. Ҳе, яшик-яшик вино...

Қўшниларниям оғзи тегди.

Улар кетгандан кейин бизни райкомга чақиришди. Бордик. Биринчи билан Бўтаев ўтирган экан. Бўтаев айтди:
— Сиз нима қиляпсиз ўзи?
— Нима қиппан? Сталин сизларга керак бўлмаса, менга керак, — дедим. — Хўп, ана, битта-яримта қизиққан ўртоқлар боришади. Кўрса нима? Мен уларга ташвиқот қилмасам. Сталин яхпти эди демасам... Миқ этмайман. Томоша қилиб-қилиб кетишади. — Кейин Бўтаев жиғимга теккан эди, жаҳлим чиқиб кетди. — Э, ўртоқ раис! — дедим. — Оғзингизга қараб гапиринг: мен ҳам шу юртнинг бир патриотиман. «Чет элларда» эмиш! «Шу одам инсониятни оёқости қилмоқчи бўлган!» деб кўрсатишар эмиш!.. Ўртоқ Сталиннинг номини эшитса, зир титрашар эди. Улар хурсанд... Менга ўхшаган...
— Йўқотинг, — деди Бўтаев. — Мендан ҳам айб ўтган экан, ўртоқ секретар...

Биринчи бўлса, кулди.
— Менинг қаршилигим йўғ-у, Кимсан ака, — деди. — Лекин шу ҳайкал сизниям бошингизга бир ташвиш солмаса деб қўрқаман. Мени тушунинг, ака... — Кейин Сталин даврида қирилиб, «халқ душмани», деб қораланиб, отилиб кетган одамлар, жуда катта-катта раҳбарлар, ўзимизнинг ўзбеклардан ҳам уч-тўрттасини тилга олди. Кейин: — Сизгаям касофати тегмаса деб қўрқаман, — деди.

Касофати тегмайди! — дедим. — Мен фронтовик! Мен Сталин деб жангга кирганман. Балки шу гап менга қувват бўлиб, ўлмай қолганман! — дедим. — Чунки Сталин: «Биз ғалаба қиламиз!» дер эди. Мана, ғалаба қилдик.

Кейин иккиси минғирлаб, менга бир гапларни, бир гапларни айтишдики, асти сўраманг...

Айтаверайми ?
— Сиз сиёсатнинг ўзгариб туришини билмайсиз, ака, — деди биринчи. — Ҳа. Худо кўрсатмасин, «халқ душмани» деган гап тилимиздан йўқолган эмас...
— Э? — дедим. Аммо сиздан яширмайман: бўғинларим бўшашиб кетди. — Ҳалиям борми?
— Ахир сиз расмий сиёсат билан ўйнашяпсиз-ку?
— Қачон?
— Мана шу қилиғингиз нимадан далолат беради?
— Эй, ўртоқ котиб! — дедим. — Мен принтсипли одамман, оғажон! Мен агар бу ишни ошкора қилаётган бўлсам, бошқалар ичида... яхши кўради Сталинни. Хўп, ёш болаларни қўйинг...
— Сиз хавфли одам экансиз, — деди Бўтаев.
— Гап тамом. Уни ўз қўлингиз билан бирёқли қилинг,— деди секретар. — Ҳеч бўлмаса, кўздан пана қилинг!

Бир ёқли... қиламанми мен? Охири ўйлай-ўйлай, устига чодир ёпиб қўйдим. Ўрабгина. Шундай турибди... Ҳа, онда-сонда очаман. Кечалари...

Очиб қўйиб гурунглашаман. Ишонмайсиз-да? Биласизми нима, ўзи ишонмайдиган одамлар... нима де-сам экан, ўзингиз синаб кўринг бир нарсага қаттиқ ишонсангиз, у нарса тош бўлсаям тилга киради! Худогаям одамлар ишонгани учун уни «бор» деб юришади. Ҳа, энди ҳаммамиз атеист бўп кетганмиз-у, барибир-да...

Йўқ, ҳозир ҳеч ким безовта қилмаяпти. Одамлар ҳам оёғини тортиб қолган.

Икки йилдан бери грузинлар ҳам келмай қўйди.

Сталин бобо даврида ҳалигидай бўлганлар ҳақида бўлса, газеталар ҳар кун ёзишяпти...

Ҳа, энди таъсир этади менгаям, бир гапни ҳадеб қайтараверсангиз, таъсир қилади-да...

Лекин мен... тушунмайман, ниманидир кутгандай, кутиб юргандайман.

Бир оқшом шу тўғрида Сталиндан сўрадим ҳам.
— Бекор гап. Сенга ўзим зиён етказмасам, ҳеч ким зиён етказмайди, — дедилар.
— Бу нима деганингиз, ўртоқ Сталин?
— Қара, кечаги довулда қимирлаб қолдим. Босиб тушсам, ўласан.

Начора?.. Бу ёғиниям айтайин. Бир оқшом Рама жўрам билан тағин бир-икки ошналарни обкелиб, доҳийни ётқиздик. Устига чодирни ёпганимиздан кейин, ишонинг-ишонманг, девнинг мурдасига ўхшаб қолди. Кейинги куни ўзим у кишинг устига тупроқ уюб қўйдим.

Назаримда, доҳийнинг охирги васиятини адо этгандай эдим.

1988