OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШукур Xолмирзаев
Асар номиИкки кўрган билиш (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шукур Xолмирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм14KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Икки кўрган билиш (ҳикоя)
Шукур Xолмирзаев

Ўша тоғ сафаридан сўнг менда шундай бир фикр пайдо бўлган эди: «Энди бировга ёқаман деб ҳеч уринмайман. Йўқолсин хушомадгўйлик!»

Бир куни — ўшанда қиш эди — бозор оқшоми дарс тайёрлаб бўлиб, дераза ёнида тургандим. Ташқарида шитирлаб қипикдай қуруқ қор ёғар, айвон устунидаги чироқ ёруғида йилтиллаб, айланиб-айланиб тушарди.

Дарвоза тақиллаб қолди. «Отам келди», деб ўйладим. Қариндошимиз тўй қилиб, бизни чақиртирган эди. Онам ёш гўдаги борлиги учун, мен дарсим кўплиги учун уйда қолгандик — отам кетган эди. Пиджагимни киймасимдан, хонам девори дукуллади. Тушундим: нариги уйдан онам дукуллатяпти — дарвозани оч, дегани.

Дарвозани очсам, рўпарамда новча отам эмас, ўзим билан теппа-тенг бир киши елкасини қисиб, жунжикиб турибди. Уст-боши оппоқ қор, қорбобога ўхшайди. «Қорбобо»нинг белига осиғлиқ алланарсаларга кўзим тушди-ю танидим: Зокир Ўринович!
— Саломалейкум.
— Салом, — деди у киши. — Бу, янганг бир ёққа кетган кўринади. Дарвоза қулф. Калитни сизларда қолдирмадими?
— Йўқ, — дедим. Онамдан сўраб чиққим келди-ю бу киши хушомадгўйлик қиляпти, деган хаёлга боради деб, қимирламадим.
— Чатоқ! — деди Зокир Ўринович. Этикларининг қорини қоқиб, атрофга қараб олди. — Балки онангга ташлагандир. Сўраб чиқмайсанми?
— Майли. Сўраб чиқаман, — дедим. Югуриб бормоқчи бўлдим-у, ўзимни босдим. Салмоқли қадам ташлаб кетдим. Онам Зокир Ўриновичнинг исмини эшитиши ҳамон ирғиб турди.
— Калит йўқми, шуни айтинг? — дедим.
— Йўқ-йўқ, келинойинг кеч тушмай келаман, девди.
— Бўлмасам, ўтиринг, бориб шундай дейман. Нимага туряпсиз?
— Сени қара-ю, у киши совукда қотиб турсинларми уёқда?

Мен индамай қолдим. Ростдан ҳам бундай совукда кўчада туриши яхшимас. Онам чиқиб Зокир Ўриновични бошлаб қайтди.
— Ҳали замон келиб қоладилар, домлажон.
— Асли ўзим ҳам бугун қайтмоқчи эмас эдим, — деди Зокир Ўринович, — қарасам, қор ҳали-вери тинмайдиган. Қайта қолдим.

Улар гаплашиб айвонга чиқишди. Мен хонамга кираётган эдим:
— Шу уйга кирамизми? — деди Зокир Ўринович. Мен эшикни очган кўйим беихтиёр тўхтадим.
— Йўқ, бу Тошбойжонники, шогирдингизники, — деди онам.
— Қани, қани, — Зокир Ўринович ёнимдан ичкарига мўралади. Хонам, мақтанмайман, айтса айтгудеккина эди. Рўпарада, бурчакда тунука печ ловиллаб турибди. Ундан нарирокда, жавонда китобларим тахлоғлиқ. Шифтга осилган чироқ уйчамни ёп-ёруғ қилиб юборган.
— Дуруст, дуруст, — деди Зокир Ўринович. — Шу ерга кира қолайлик бўлмасам.

Таъбингиз, таъбингиз, — деди онам. Зокир Ўринович ўша ерда этигини ечмоқчи эди, онам: «Этигингиз музлаб қолади», деб қўймади, Зокир Ўринович ичкарида ечинди. Онам у кишининг этигини ерга ётқи-зиб, тагини печга қаратиб қўйди, узун пахталигини қозиққа илди. Зокир Ўринович печга қўлларини тоб-лаб бир оз иситгач, кафтларини бир-бирига ишқай-ишқай, жавон ёнига борди. Онам стол устини тартибга солар, каравот қошидаги кийимларимни олиб, қозиқларга илар, тинмай ивирсир ва оғизлари ҳам тинмас эди:
— Домлажон, шугина ўқисин, одам бўлсин деймиз-да. Отаси ҳам, мен ҳам бундан ҳеч нарсамизни аямаймиз. Худога шукур, бу ҳам юзимизни ерга қаратмай келяпти.

Мен бир четда ғижиниб турардим, онамнинг баъзи гаплари кўнглимнинг қаеригадир ёқиб-ёқиб кетса-да, бари бир ғашимни келтирарди.
— Қани, домласи, ўтиринг, усталга ўтиринг, — деди онам. Зокир Ўринович стулга ўтириб, уйни кўздан кечира бошлади.
— Яхши, яхши, — деди у киши. — Энди, хола, ҳаммамиз ҳам шулар одам бўлсин деймиз-да.
— Раҳмат, ўргилай, раҳмат. Домласи, сиз бемалол ўтираверинг, мен ҳозир келаман.
— Ҳеч нарсага овора бўлманг.
— Оворагарчилиги борми, домлажон. Аллағайтиб бир кирибсиз уйимизга. — Онам чиқди. Мен тоқатим тоқ бўлиб, Зокир Ўриновичнинг қаршисидаги стулга чўкдим.
— Хўш, ишлар қалай? — сўради у киши.
— Ёмонмас, — дедим ёнбошимга қараб.
— Бу, овни ҳам йиғиштириб қўйдингми дейман? Мен бош ирғадим.
— Яхшимас, яхшимас, — деди у киши. — Кишилар узоқ-узоқ шаҳарлардан ов учун тоғимизга келишади. Сен эса бу ерда туриб, қадрламайсан. Яхшимас. Ўша одамлар шу ерга келгунча қанча машаққат тортадилар, пул харж қиладилар. Олиб кетадиган бойликлари эса иккита-учта каклик. Лекин улар бундан асло хафа бўлмайдилар. Бу ерда гап бор-да.

Мен бош қимирлатиб ўтирардим.

Онам чой қайнатиб келди. Столга шоколад ва мен мазасини тотмаган мармеладлар ҳам келтирилди... Онам яна қайтиб чиқди, шу пайт ташқарида ўтин ёрилаётгани эшитилди.
— Онанг бир нима қилмоқчи, айт, овора бўлмасинлар, — деди Зокир Ўринович.

Мен чиқдим.
— Она... қўйинг...
— Нима? — Онам ҳайрон бўлиб қаради.
— Қўйинг... ўзлари шундай деяптилар.
— Жинни бўлдингми? Десалар дептилар-да.
— Хушомадгўйлик қилмоқчимисиз?
— Ё, пирим, бу нима деганинг? Бўлди-бўлди, бор, кир ичкарига. Гаплашиб ўтир у киши билан, зерикиб қолмасинлар. — Онам мени чирт буриб, елкамдан итариб юбордилар.

Зокир Ўринович девордаги дарс жадвалимни кўздан кечираётган экан.
— Онам унамади, ўртоқ муаллим, — дедим. Зокир Ўринович менга оҳиста бурилди-да, тикилиб қаради, сўнг жимжилокдари билан кўзларининг пастини қашиб, ўйчан сўради:
— Нима дедилар у киши?
— Одамгарчиликни билмас эмишман. — Мен елкамни қисдим ва «узр, ўртоқ муаллим, онам сал хушомадгўйроқ» дегандай, кулимсирадим. Назаримда, у киши ҳам кулимсираётган бўлиши керак эди. Аммо қарасам, у киши тамом жиддий, бунинг устига, чимирилган.
— Бўлмасам сендан илтимос, — деди Зокир Ўри-нович алланечук темирдек жарангли товушда, — шу какликларнинг бирини у кишига чиқариб бер. — Туриб, какликларнинг биттасини олиб берди. Мен ҳайрон бўлиб у кишига қарадим.
— Нега?
— Бор-бор.

Музлаган патлари юмшаб ҳўл бўлган какликни кўтариб чиқдим... Онам қайтариб олиб келди. Лекин Зокир Ўринович: «Хафа бўламан», деб қўймади.

Мен яна ҳайрон эдим. Назаримда, Зокир Ўринович ҳам онамга хушомадгўйлик қилаётган эди.

Шўрва ҳам келди. Ичилди ҳам. Албатта, менинг томоғимдан ўтмади. Чой устида суҳбат яна менга кўчди. Онам яна менга яхши шароит яратиб бергани, мени ўқитиш ва яхши одам қилиш ниятида эканлигини гапирди.
— Яхши, яхши, — деди Зокир Ўринович. — Биз ҳам шуларни одам бўлсин деб ҳаракат қиляпмиз. Лекин биласизми, хола, назаримда, ҳаммамиз ҳам жуда оддий бир нарсани унутаётганга ўхшаймиз. Бу энг оддий одамгарчилик нима? Кишиларга қандай муомалада бўлиш керак? Жамоат орасида ўзини қандай тутиш керак? Ёки бўлмасам, меҳмондўстлик нима? Булар ҳақида кам таълим бераётганга ўхшаймиз. Мактабда ҳам одамгарчилик тўғрисида фан киритсакмикин деб ўйлаб қолдим.

Директорнинг гапларини бош қимирлатиб маъқуллаб ўтирган онам бирдан қизариб кетди-да, менга қараб олди, синиқ кулимсиради. Зокир Ўриновичнинг гаплари тўғридан-тўғри менга қаратилганини сезиб, ўзим ҳам музлаб кетдим: «Лекин... нега? Нега ахир? Мен хушомадгўйлик қилишни истамадим, холос!»
— И-э, бизнинг ҳовлида чироқ ёнибди! — деб қолди Зокир Ўринович.

Ҳақиқатан, у кишининг ҳовлисида чироқ ёнган эди.

Зокир Ўринович онамга қўш-қўш раҳмат айтиб, ўрнидан турди. Онам раҳматнинг ҳеч ҳожати йўқлиги, у кишининг иззатини жойига қўёлмаганларини айтди. Зокир Ўринович кийиниб, какликларни олди. Чиқдик. Дарвоза ёнида ҳам онам билан у киши бир муддат ҳалигига ўхшаш гаплар қилишди: онам у кишидан калит ёнларида бўлган чоғдаям кириб туришларини сўради. Зокир Ўринович ваъда бериб, онамни ҳам уйига таклиф этди.

Онам тирсагимни бир чимчилади-да, рўмолини пе-шонасидан пастроққа тушириб, ҳовлига кирди. Мен қимир этмадим.

Зокир Ўринович дарвозаси ёнига борди-да, менинг ҳали ҳам турганимни кўрибми, тўхтади. Сўнг секин юриб, ёнимга келди.
— Сен бир гап айтмоқчига ўхшайсан?
— Ҳа, ўртоқ муаллим, — дедим мен, — сизга яна ёқмадим... Негадир бошқаларга ҳам ёқмай қоляпман.

Зокир Ўринович бир муддат ўйланиб тургач, жавоб берди:
— Чунки хушомадгўйлик билан одамгарчиликни фарқлай олмаяпсан. Тушундингми?.. Хўп, бу ҳақда ҳали кўп гаплашамиз. Айтмоқчи, тайёргарлигингни кўриб юр, келгуси ҳафта овга борамиз.
— Майли, — дедим секин.

Қор ёғар, уйда мени онам кутарди.

1965