OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШукур Xолмирзаев
Асар номиЖарга учган одам (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шукур Xолмирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм32KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Жарга учган одам (ҳикоя)
Шукур Xолмирзаев

Ислом туғилган уй эски, вассалари қорайиб кетган, битта кенг деразаси эллик қадам наридаги қишлоқнинг дарахтларга бурканган томонига очилар эди. Уйнинг устида Бойсунтоғнинг мусаффо осмони осилиб турар, унинг орқа томонида тўлқинсимон сарғиш адирлар тоғ тарафга эмгаклаб кетган, адирлар ортида эса чағир тошли қирлар ва улар орқасида мол подаларига ўхшаб арчазор қоплаган тоғ кўринар эди. Тоғнинг осмонга қадалган ўркачларида парқув булутлар сузиб юрар, улар тоғ билан зангори осмонни бир-бирига қўшиб турганга ўхшар эди.

Ислом ана шу уйда туғилиб, шу манзараларни илк бор кўрган эди. У қишлоқ марказидаги мактабга қатнай бошлади. Дарсдан бўшаши ҳамоно уйига чопар, келгач, ўзини эркин, бахтиёр ҳис этар эди.

Ислом мактабни тугатгач, ҳарбийга жўнади. Бахтига, у Белоруссиянинг шимоли-шарқидаги ўрмонлардан биридаги қисмга тушди. Тоғдан айрилиқ азоби ўртаб юрган қалбига белорус ўрмонининг майин, яшил манзаралари таскинлик берди.

Лекин у ўша ўрмонда туриб ҳам ўз уйини, этакдаги қишлоғию шимолдаги тоғларини янада севиб қолганлигини туйди, уларни жуда-жуда кўргиси келди.

Ислом кишлоғига келди, уйига кирди, тоғларига сайрга ҳам чиқди. Ана шунда у энди бу юртдан бир умр жудоликда яшай олмаслигини, жасади ҳам албатта шу ерда дафн этилиши кераклигини чуқур ҳис қилди.

Ҳаётнинг, яшашнинг талаб ва қонуни ўзгача.

Ислом ўрмончилик факултетига кириш учун Тошкентга йўл олди. Қишлоқ хўжалик институтига ҳужжатларини топширди. Аммо конкурсдан ўтолмади. Бу ҳол яна икки йил такрорлангач, унинг ўқишдан кўнгли совиди ва қишлоғига қайтиб келиб, ёшлигида ўзи сабоқ олган мактабда бадантарбиядан дарс бера бошлади.

У дарсдан бўшаган маҳалларида томга чиқиб ўтирар, пўстак ёзиб чалқанча ётар, шунда чарчоғи тарқаб, олам-олам завқ олар эди.

Уни кичкина қишлокда ҳамма танир, у ҳам ҳамқишлоқларини билар эди. Бироқ у давраларга кам қўшилар, ёлғизликни, ўз хаёллари ишқи тушган манзаралари билан улфат бўлишни истарди.

Дарвоқе, Ислом шимолдаги тоғлар, ўрмонлар, ундаги ҳайвоноту паррандалар зотини ҳам яхши биларди. У милтиқ кўтариб юрса-да, камдан-кам ўқ бўшатадиган бу ғалати овчини тоғ ҳам, сокин ўрмонлар ҳам, ёввойи ҳайвонлару беозор паррандалар ҳам билишар эди.

Замоннинг зайли билан қишлоқ раёнга айланди, унда редактсия ҳам ташкил топди. Бир куни Исломни ўзи дарс бераётган мактабнинг собиқ директори, пешанаси доимо терлаб юрадиган Омон Фатуллаев, яъни «Тоғлар садоси» газетасининг муҳаррири чақириб қолди.

Ислом ҳайрат ва кизиқиш билан унинг ҳузурига борди.
— Исломжон, — деди у, кўк бахмал сирилган столнинг қошидаги стулни кўрсатиб. — Ўтиринг. Сизга бир илтимос бор эди.
— Марҳамат. Раён ташкил бўлганда бир марта хурсанд бўлган бўлсак, редактсия ташкил бўлганда икки марта хурсанд бўлдик, — деди Ислом.
— Раҳмат, Исломжон. Гап шундаки, ўзингиз айтганингиздек, раён ҳам, газета ҳам янгитдан ташкил бўлди. Ҳали иккаласи ёш, тажрибаси кам... Мақсадимиз аввало, раённи тиклаб, қаддини кўтартириб олиш. Сўнгра, газета ишларини ҳам яхшилаш. Ўзингизга маълум, газета, доҳий Ленин айтганидек, ташкилотчигина эмас, ташвиқотчи ҳамдир. У партиямизнинг идеология қуроли. Исломжон... хуллас, мақсад шуки, биз раёнимизнинг кўркам-обод бўлишига, халқимизнинг бой-бадавлат яшашига газетамиз билан ёрдам беришимиз керак... Биз кеча муҳаррир муовини, бўлим мудирлари билан гаплашиб, газетамизни қандай чиқариш, қандай масалаларни кўтариб чиқиш хусусида келишиб олдик. Сиз газетчиликдан бехабарсиз... Рубрика деган нарса бўларкан. У сарлавҳа дегани. Умумий сарлавҳа. Шу сарлавҳа остида газетанинг ҳар бир сонида биттадан мақола берилиши шарт, бўлмаса, газетамизнинг обрўйи тушади... Бизда бир неча рубрикалар бор, улар билан кейинча танишасиз. Булар ичида «Табиат ва Одам» деган рубрика сизга тегишли.

Ислом қизиқ бир гап эшитгандек енгил тортиб кетди, муҳаррирнинг сўзларини жон қулоғи билан эшитди.
— Ана шу рубрикани бошқариб, уни материаллар билан таъминлаб турадиган бир ходим керак бизга. Бу рубрикани жорий этмасак бўларди. Лекин ўзингизга маълум, раёнимиз тоғли, ўрмонли, боғли... Бу бир. Иккинчидан, ҳозирги даврда табиатни қўриқлаш... уни асраш энг муҳим масалалардан бири бўлиб қолган. Бу ҳол биз тоғликларга айниқса катта масъулият юклайди.
— Яхши... Раҳмат, — деб пичирлади ҳаяжонланиб кетган Ислом.
— Биласиз, райкомимиз секретари олим одам. Сирасини айтганда, бу рубриканинг жорий этилиши у кишининг тавсиялари билан бўлди. Лекин уни бошқара оладиган, табиатимизни беҳад севгувчи бир киши керак, уни топинглар ўзларинг, деб маслаҳат бердилар. Биз Исломжон... ўйлаб-ўйлаб шу ишга сизни жалб этмоқчи бўлдик. Нима дейсиз шунга?

Газета чиқариш нима, рубрикани мақола билан таъминлаш нима, уни уюштириш ва бошқариш нима — бу нарсалар ҳақида заррача тасаввурга эга бўлмаган Ислом...
— Домла, мен табиатни севаман, унинг шайдосиман, — деди. — Лекин... бу иш менга қалай бўларкин? Мен аввало, бу соҳаларни тушунмайман. Кейин... ўн синф маълумотим бор. Ҳозирги даврда бу ғирт саводсизлик.
— Исломжон, биз сизга ёрдам берамиз, ишни ўрганиб кетасиз. Ҳамма газетчилар ҳам ишни она қорнидан ўрганиб тушмаган. Иккинчидан, бирон йил ўтсин, биз сизни журналистлик ўқишига юборамиз. Сиртдан ўқийсиз. Унга кириш учун киши аввало редактсияда ишлаган бўлиши керак. Агар мақолаларингиз босилмаган бўлса, босилган мақолаларингиздан нусха олиб бормасангиз, ҳужжатларингизни қабул қилишмайди... Ҳаммасидан муҳими, сиз табиатни севасиз. Бордию... шундай бўлишига қарамасдан бари бир, бу иш сизга тўғри келмаса, унда мактабингизга қайтиб кетаверасиз. Хўпми?

Ислом «хўп», деб чиқиб кетди. Уйга бориб, гапни хотинига айтди.
— Шундай қилинг, — деди хотини. — Мактабни бошингизга урасизми? Ўқишга ҳам юборамиз, дейишибди. Қачонгача томга чиқиб ўтирасиз, тоғ-тошда дарбадар кезасиз... Рўзғоримизга ҳам яхши бўлар эди.

Бир ой ўтди.

Ислом ишга чунонам берилиб кетдики, газета нимаю уни чиқариш нима, рубрика нимаю унга материал уюштириш нима — булар ҳақида бировга маслаҳат бергулик даражага етди.

Аста-секин унинг мақолалари ҳам босила бошлади. Олдинига ҳамқишлоқлари унга қизиқсираб қарашди: «Ие, ёзувчилик муборак бўлсин», деганлари ҳам бўлди. Кейинчалик унга кўникдилар ва Исломдек табиатни хуш кўрувчи, унинг ишқибози бўлган киши шу ишни қилиши лозим-да, дегандек фикр юритадиган бўлиб қолдилар.

Ислом табиатнинг турли-туман мавзуларида мақолалар ёзар эди, бир туп арчанинг ёнбағирда туриши, қуённинг болалаши ҳақидами, бургутнинг каклик овлаши ҳақидами ёки тоғ айиқларининг хулқ-атвори ҳақидами, хуллас, ҳар хил мавзуларда ёзар эди.

Орадан бир йил ўгиб, унинг номи қишлоққагина эмас, ҳатто областта ҳам беш бармоқдек маълум бўлиб қолди.

Унинг «Тоғлар садоси»да босилган табиат лавҳаларини област газетаси ҳам кўчириб босар, ундан бу мақолалар ўзга раёнларга ҳам тарқалиб кетар эди.

Ислом бир ҳолга амин бўлди:

Тоғни, ўрмонларни, ҳайвоноту паррандаларни — умуман, Бойсунтоғ бағридаги табиат бойликларини фақат ўзигина эмас, ҳамма, ҳамма одамлар ҳам севар экан...

У ўзидан мамнун бўлиб кетди ва аста-секин ўзини атрофдаги табиатнинг илк ошиғи, унинг жонкуяр ҳимоячиси, унинг илк тарғиботчисидек ҳис қила бошлади.

Бу ҳол уни табиатга яна ҳам кўпроқ боғлаб қўйди.

Кунларнинг бирида раён партия комитетининг ташвиқот-тарғибот бўлимидан Исломни чақириб қолишди.

Бўлим мудираси ўртоқ Сотиболдиеванинг ёнида қиррабурун, сочига оқ оралаган, ўттиз беш ёшлар ча-масидаги бир йигит оёқларини бир-бирига чалишти-риб, чиройли қизил пайпоғини кўрсатиб ўтирар эди.

Ислом хонага салом бериб кирди.
— Танишинг, бу киши шаҳардан. Кинорежиссёр. Бизнинг Бойсунтоғ табиати ҳақида филм яратмоқчи эканлар. Шунинг учун келибдилар, — деди мудира.
— Хуш келибсиз, — деди Ислом у билан кўришиб.
— Ислом деганингиз шу киши бўладиларми? — столда турган қўли билан кўрсатди уни режиссёр.
— Ҳа, шу киши, ўртоқ Исмоил Юсупович!
— Марҳамат, ўтиринг, — деди Исмоил Юсупович қаршисидаги стулга ишора қилиб.
— Ташаккур.
— Сиз мен билан икки кун бирга бўласиз. Ўртоқ Сотиболдиева редактсиядан сизга жавоб олиб берадилар. Шундайми?
— Шундай, — тасдиқлади мудира.
— Сиз мени тоғдаги, имкони бўлса, ҳамма қизиқ-ғаройиб нарсаларни кўрсатасиз. Ўзи нималар бор тоғ-да?
— Тоғда ҳамма нарса бор, — деди Ислом жилмайиб.
— Қандай ҳайвонлар, қандай қушлар бор?
— Газетчиликда сир сақлаш деган гап бор... Яхшиси, тоққа чиққанда кўрасиз. Кўрсатаман.
— Келишдик. Раҳмат. Қачон чиқамиз?
— Бугунча раёнимизни айланинг, ўртоқ Исмоил Юсупович, — гапга қўшилди мудира. — Хоҳласангиз, ўзим айлантираман. Қурилишларимиз кўп, янгиликлар кўп. Балки булар ҳам сизга керак бўлиб қолар. Кечқурун, дачамизда дам олинг. Эрталабдан саёҳатни бошлайсиз. Исмоилжон, саёҳатни қай тарзда олиб бориш мумкин?
— Шу... бизникига борамиз. Эшак бор, тонгда миниб, тоққа чиқиб кетамиз.

Сотиболдиеванинг ранги ўзгарди.
— Йўқ-йўқ, ундай деманг, айб бўлади. Машина бор. Машина борган жойгача борасизлар. Кейин, одамларга айтиб қўяман, улар сизларга от беришади... Хўпми?
— Яхши таклиф! — деди режиссёр.
— Майли, — деди Ислом. — Лекин от чиқолмайдиган жойлардан ҳам юришга тўғри келади-да, ўртоқ Исмоил Юсупович.
— Бораверамиз, чиқаверамиз.

Келишдилар.

Кечаси соат ўн иккидан ошганда, Ислом Исмоил Юсуповични райкомнинг қишлоқ жанубида жойлашган боғидан уйига олиб келди.
— О! Жуда содла яшаркансиз-у? — деди ширакайф режиссёр Исломнинг уйини кўриб.
— Лекин ўзимга ёқади, ўртоқ Исмоил Юсупович.
— Ўзингизга ёқади, буни биламан. Шунинг учун яшаяпсиз-да. Лекин бунинг бошқа бировларга ҳам ёқишини ўйлаб кўришингиз керак.
— Менинг уйимга меҳмон кам келади. Редактсияга ўтганимдан кейин ҳам... Мен ҳам бировларнинг уйига кам бораман.
— Да-а, қизиқ!

Исломнинг хотини эри билан меҳмонга томга жой солиб берди.

Соат тўртларга яқин уй этагига келиб тўхтаган райкомсомолнинг «газик»и сигнал берди. Ислом билан меҳмон пастга тушиб, тамадди қилдилар. Виллисга ўтириб, тоққа жўнадилар.

Улар икки кун тоғда айланишди. Ислом Исмоил Юсуповичга учраган ҳар бир гиёҳ ҳақида гапирди, ҳар бир қушга таъриф берди, унинг хулқи ҳақида сўзлади. Лекин режиссёрни кўпинча бунақанги икир-чикирлар эмас, ғайритабиий манзаралар ва ҳайвонлар қизиқтирар, уларни қандай қилиб суратга тушириш ҳақида бош қотирар эди...

Аммо Исмоил Юсуповичнинг тоғни яхши кўриши, табиатдан завқланишига ҳам шубҳа қилиб бўлмас эди.

У гоҳо югургилаб баланд қоя устига чиқиб кетар, олмурутларга тош отиб қолар, какликнинг сайрашига қулоқ берар эди.

Шундай пайтларда Ислом ҳаяжонга тушар, табиат бу меҳмонга завқ бағишлаганидан фахрланиб, унга меҳр қўйганидан ичида шодланар эди.

Улар чўққиларга чиқиб ҳилолларнинг сайрашини ҳам кузатишди, тулкилар ини оғзида олов ёқиб, уларни қочиришди, бўри инлари оғзида папирос чекишди, қоя ўркачидаги бургут болаларига дўппилари пастга тушгудек бўлиб қарашди.
— Мен ўн беш кундан кейин операторим билан келаман, — деди Исмоил Юсупович, улар қишлоққа қайтишар экан.

Машина тоғ оралиқларидан чиқиб, Етим чўққи остидан ўтаётганда Ислом меҳмонни яна бир хурсанд қилгиси келди:
— Машинадан тушамиз! — деди, сўнг шофёрга: — Сиз бир оз ўтириб туринг, биз чўққига чиқиб келамиз, — деб уқтирди.

Улар чўққининг ярмисига етганда, Ислом терга ботган режиссёрга сирни айтди.
— Айиқни кўрсатаман, болалари бор.
— Шуни илгарироқ айтмайсизми? — ҳовлиқиб кетди Исмоил Юсупович. — Тирик айиқми?
— Тирик.
— Одамга тегмайдими? Тўхтанг...
— Тегмайди. Одам тегмаса, тегмайди жониворлар. Уларни ўзларига душман қилиб қўйган одамларнинг ўзи, меҳмон.
— Ҳар ҳолда... Милтиқни олволиш керак эди-да.
— Кўрса, полвоннинг аччиғи чиқади.

Бир неча қадам босишгач, режиссёр таққа тўхтаб, буйруқ қилаётгандек деди:
— Илтимос сиздан, милтиқни олиб келинг пастдан.

Сиз шу ернинг одамисиз, ўргангансиз, ўзингизни ҳимоя қила биласиз. Мен шаҳарликман, биродар!
— Хўп, лекин милтиқни унга кўрсатмаймиз-да.
— Яхши. Милтиқ ёнимизда бўлса, қувват бўлади ҳар ҳолда. Ҳайвон қутурган бўлиши ҳам мумкин...

Ислом сакраб-сакраб пастга тушиб кетди, милтиқни олиб чопиб келди.

Режиссёр уни мақтади.
— Ҳақиқий тоғ йигити экансиз! Сизни бекорга мақташмаган экан.

Улар чўққига чиқиб бордилар. Чўққининг усти кенг майдон, бу ерда олма, олмурут ва писталар чангал бўлиб ўсиб ётар эди. Оёқ остида кеч баҳорнинг қалам-қош гуллари.

Ислом малларанг улкан қоя яқинига бориб:
— Шу ерда, мана, излари ичкарига кетган. Чиқади, кутамиз! — деди ва меҳмонни эргаштириб, изига қайтди. Улар чўққининг лабига етиб, қоя тошлар орасига кириб ўтиришди.

Бу жойни Етим чўққи деганларича бор. Унинг атрофини чуқур даралар ўраб туради, чўққи бамисоли атрофи сув билан ўралган қадимги қасрни эслатади. Фақат, бу «қаср»нинг усти ўрмон.

Қуёш уфққа ёнбошлади, дарахтларнинг сояси кунчиқарга қараб чўзилди. Олисдаги, пастликдаги қоронғи туша бошлаган қишлокда чироқлар ёнди.
— Ҳозир чиқади, олма ейди.
— Мана шу ер сурат олишга қулай экан, биродар.

Ниҳоят, ғордан мўралаб сариқ, бароқ жунли махлуқ чикди. У ёқ-бу ёқни искади-да, «ма-а» деб бўкирди. Сўнг ичкарига кириб кетди.
— Ҳидимизни олди шекилли, — деди Ислом ва яна ҳам четроққа бориб шамол йўлида ўтиришни маслаҳат берди.

Ярим соатлардан кейин яна она айиқ ғордан чикди, яна ис олди ва дам осмонга, дам қизараётган уфққа қаради. Сўнг унинг орқасидан бир жуфт чойнакдек-чойнакдек айиқчалар эргашиб чикди ва онасининг жун тўсиб турган қорнига интила бошлади. Она уларга парво қилмай, резги олма дарахти тагига келди. Дик этиб, орқа оёқларида туриб олди ва дарахтнинг ёш танасига тирноқларини ботириб, ғайритабиий силкиди, бир қанча жажжи-жажжи «пахтасеб» олмалар «дув» ергатўкилди. Айиқчалар чопқиллаб, уларни териб ея бошлади.

Она ўртада туриб олди-да, чўнқайди ва яна хавотир-ла атрофга разм сола бошлади.

Шунда Ислом режиссёрнинг милтиққа қўл чўзаётганини кўрди.
— Нима қилмоқчисиз?! — деди.
— Жуда яхши турибди-да, ҳозир...
— Ҳа, жонивор милтиқнинг ҳидини сезган, хавотири бор кўнглида, — деди Ислом.
— Бундан бошқа жойлардаям айиқ кўпми?
— Бор.
— Менга беринг милтиқни.
— Отсангиз хафа қиламан, меҳмон.
— Э, қизиқмисиз! Битта айиқ нима бўпти? Йиртқич ҳайвон.
— Сизга зарари тегмаяпти. Қайтанга биз уни безовта қиляпмиз...
— Менга қаранг, шуни сиз отиб беринг менга. Териси... жуда керак эди. Хотиним жуда тайинлаган эди. Ахир, бу совға-да! Мен сизни мақтаб юраман, буни бир зўр овчи йигит отиб берди дейман. А?
— Биринчидан, ҳозир ҳайвонларни отиш мумкин эмас. Иккинчидан, қаранг, унинг иккита боласи бор, уларни етим қилиб нима қиласиз. Очдан ўлиб кетишади.
— Очдан ўлмайди, тутиб, зоопаркка топшириш мумкин, уларга керак.
— Меҳмон, сиз мени билмайсиз... Менинг онам ҳам, отам ҳам, дўстим ҳам ана шу табиат. Мени тоғ шайдоси дейишади. Бу хаёлни бошингиздан чиқаринг. Вақти-соати келганда, ўзим биронта қарисини отиб бераман... юбораман сизга.
— Менга қаранг, бу сизнинг шахсий молингиз эмас-ку, давлатники!
— Давлатники бўлса янаям яхши. Сиз ақлли, ўқиган одамсиз...
— Кетамизми?
— Кетдик.
— Турманг ўрнингиздан. Секин тушиб кетамиз. Билиб қолса, тош отиши мумкин.
— Тегмайди одамга дедингиз-ку, ўзингиз?
— Биз милтиқ опчикдик, милтиқ — унинг душмани... Жонивор ниятингизни тушунганида, сизни дабдала қилиб ташлар эди.
— Уф... Мен бу ердан тушолмайман, тош думалайди бари бир!
— Бўлмаса, у кетгунча ўтирамиз.
— Э, мени қамаб қўймайдими ҳукумат?!

Исмоил Юсупович милтиқни шартта тортиб олди-да, айиқни мўлжалга олди, Ислом унга қўл чўзган эди, ўқ овози янграб кетди. Ислом титраб-қақшаб бошини эгди ва ўқ айиққа тегмаса гўргайди, деб кутди.

Она айиқ бирдан бўкириб юборди ва ўқ чиққан томонга отилди. Аммо ўмбалоқ ошиб тушди, ўрнидан яна турди-ю, қаддини кўтара олмай, ўрмалаб кела бошлади.

Айиқчалар қочиб ғор оғзига кириб кетишган эди, ўрмалаб бораётган оналарининг тўхтаб қолганини кўрдилар-да, атрофга қўрқа-писа қараб, чопқиллаб келдилар.

Милтиқни ерга тираб чўнқайганча айиқни кузатиб, қалтираб ўтирган Исмоил Юсупович Исломга қия қараб:
— Ўлдими? — деб сўради.

Ислом худди онаси ўлгану нафаси ичига тушиб кетгандек бақрайиб қолган эди.
— Ўлди шекилли қимирламай қолди, — деди режиссёр ва яна Исломга қаради, сўнг қўзғалмоқчи бўлди, яна ўтирди-да, қизишиб деди: — Бунча хафа бўласиз? Бўлган иш бўлди-да... Мен ҳеч овчилик қилмаганман. Ислом, менга қаранг... Мен сизни хурсанд қиламан. Оладиган филмимнинг бош қаҳрамони ўзингиз-ку, ахир? Э, қўйинг-эй.

Исмоил Юсупович айиқдан беш қадамча берида тўхтаб, унга тикилди. Ўқ унинг манглайини ёриб кетган эди. Ислом ботаётган қуёш шуъласи бир елкасини қизартирган ҳолда, секин юриб, айиқ бошига келди.

Айиқчалар одамлардан ҳайиқишмади, улар тамшаниб, ўлик оналарининг сут тўла эмчагини чўзиб-чўзиб эмишар эди.
— Нима қилиб қўйдингиз? — деди Ислом режиссёрга.
— Қизиқмисиз? Ўлди... Болаларини ҳам опкетамиз.

Ислом гангиб атрофга қаради. Ўрмонлар, тоғлар, осмону ерга — табиатга кўзи чизилиб ўтди. Шунда бирдан қулоғи шанғиллаб кетди. Назарида, бола қалбига аллақачонлар кириб, уни ўз асирига айлантириб қўйган табиат уввос тортиб фарёд кўтараётгандек туюлди.

Ислом ўзини шу табиатнинг ягона қўриқчиси, содиқ дўсти, вафодори деб ҳисоблар эди.

Агар унга қилинган бу жабр учун душмандан қасос олмаса, ўзини хиёнатчи, хоин, сотқин бўлиб қоладигандек ҳис этди. Ва... Исмоил Юсуповичнинг қўлидан милтиқни тортиб олди-да, қулочкашлаб унинг бўйнига туширди. Режиссёр овоз чиқармай кесилган шох каби учиб кетди, апил-тапил ўрнидан турди-ю, яна йиқилди, унинг гавдаси жардан қуйига учди.

1971