OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШукур Xолмирзаев
Асар номиКечаги кун кеча (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шукур Xолмирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм36KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Кечаги кун кеча (ҳикоя)
Шукур Xолмирзаев

Собирова опа ўн саккиз ёшида мансабдор бўлди. Ўшанда у ёзувни зўрға ўқий оларди. Кейинчалик Тошкентда партия кадрлари тайёрлаш курсида олти ой таҳсил кўриб келди. Бор-йўқ олган билими шу бўлди.

Унинг дастхати ниҳоятда хунук ва серхато бўлар, уни ҳеч ким тузатмас эди. Бироқ бу орада опа кўп мартабали лавозимларда ишлади. Артелнинг раиси ҳам, райкомнинг иккинчи секретари ҳам бўлди. Уруш йилларида ота-онасиз болалар уйида директор бўлгани ҳолда, тарбиячилик ҳам қилди. Кўпгина ҳукумат мукофотлари ва ёрлиқлари ҳам олди. Ниҳоят, ёши элликка етиб, унга пенсия тайинланди, сўнг уни райком ишдан бўшатди. Опа ҳали ишлашга қурби етишини айтиб рад этди, лекин улар унашмади. Ишлаб турган ўрни — лесхоз бошлиғи қилиб қишлоқ хўжалиги институтини битириб келган қизчани қўйганларидан кейин опа гап нимадалигини тушунди. Бир неча кун аламини ютиб юрди-да, яна райкомга кириб, жойини сўради.
— Опа, сиз... — деди райком секретари, — қийналасиз энди.
— Қийналмайман. Мен ўн бир йил шу ишда ишладим. Ҳаммасини биламан! — деди Собирова.
— Енгилроқ бир иш берсак-чи, — деган эди секретар, опа хафа бўлиб кетди.
— Мен ҳали ҳолдан тойганим йўқ. Кексайганим ҳам йўқ. Нега енгил ишни қилар эканман?!

Секретар опага, ўйлаб кўринг деб, муҳлат берди. Бу муҳлат ўтиб ҳам кетди. Собирова опа райкомга қайтиб бормади.

Бир куни уни эри Шомурод полвон уришиб берди:
— Энди сенга ишлашни ким қўйибди! Ўтиравермайсанми! Битта сени боқиш қўлимдан келмайдими! Болаларинг ҳам одам бўлди.
— Э, сиз нимани биласиз, — деди Собирова опа, — улар мени шу йўл билан жамиятдан четлаштиришмоқчи. Менга душманлик қиляпти улар. Бўлмасам, нима айбим борки, тинчгина ишлаб турган жойимдан бўшатишса!
— Ҳа, ўзинг биласан-э, — деди Шомурод полвон.
— Мен обкомга ёзаман, — деди опа, лекин обкомга ёзмади.

Қоғоз билан ручка олиб анча ўтирди-да, дастхатининг хунуклигини ўйлаб, йиғиштирди. «Саводи кам экан», — деб ўйлашади, деди, унинг пенсияга чиқиши билан баравар ишдан бўшатилишининг ҳам сабаби шу — саводининг камлиги, мавжуд саводи билан эндиги шароитда ишлаб кетолмаслиги эканини эса тан олгиси келмасди. «Мен тажрибали раҳбарман, мен ишнинг кўзини биламан. Ёшлар мендан иш ўрганиш керак», деб фикр қиларди.

Ҳафталар ўтаверди. Собирова опа хўмрайиб, райком чақириб ишини қайтиб беришини кутиб юрди.
— Мен қирқ йиллик партия аъзосиман, — дер эди у эрига. — Шунча йил ишладим, энди партия ҳақиқат қилиши керак!

Шомурод полвон бу гапларни эшитганда эснар, кейин илжайиб, хотинига майда-чуйда ишларни буюрар эди.

Собирова опа гоҳо хилватда ўтириб йиғлаб ҳам оларди. У қандоқ президумларда ўтирган, минбарларда туриб қандоқ нуқтлар сўзлаган! Уни кишилар қандоқ ҳурмат қилишар эди! Энди бўлса, эри ҳам назарига илмай қўйди. Опанинг тенгқур, хизматчи дугоналаридан ҳам кўнгли қолди. Илгари ҳафтада ўчрашиб, базмларга таклиф этиб туришарди, энди бўлса эслашмайди ҳам, афтидан... опа раҳбарий ишларда юриб рўзғордан чиқиб кетган эди. Кўникиш жуда қийин. Рўзғор ишлари уни баъзан таҳқирлагандек бўлар, бунга фақат эри сабабчидек туюлар эди. Тез-тез юраги сиқиладиган бўлди. Тошкентда ўқиб, ўша ерда қолган ўғлининг уйига фақат тўйда борган эди. Энди ўша ёққа ҳам бориб келди. Андижон пединститутида ўқийдиган қизидан олти ой ичида икки марта хабар олди. Лекин Собирова опа кўчада кўп юрмайди. Ўзига бир вақтлар таъзим билан салом берганлардан уялади...
— Нима, менинг Маликовадан қаерим кам? У ишлаб юрибди-ку, — деб қолади у гоҳо эрига. — Бу ерда бошқа гап бор. Кимлардир менга душманлик қилган. Райкомга ёмонлаган мени. Сиз куласиз-да... — Лекин Собирова опа тенгқур дугоналарининг ўз ўрнида ишлаб юрганига боис — вақти келганида улар билимини ошириб қолишгани, махсус курсларга болаларини ёлғиз қолдирмаслик учун у боролмаганида, уларнинг ўқиб келгани — шуни Собирова опа тан олгиси келмас эди. Кунларнинг бирида раён матлубот кооператсиясининг раиси — дугонаси Унсинова, газетага икки кило шоколад ўраб кириб келди. Собирова опа ўзида йўқ шод бўлиб, уни ўтқазгани жой тополмай қолди.
— Уринманг, Собирова опа, — деди у, — мен тез кетаман.
— Ҳой, худо ярлақаб бир кепсиз...
— Иш кўп-да, опажон.
— Рост, — деди Собирова опа ичида зил кетиб, кейин бирдан кўзига ёш олди. —Кўрмайсизми, Унсиноважон, мана шундай қилиб қўйишди мени. Жамиятдан чиқариб ташлашди. Худоё душманларимнинг кўзига чўп суқилсин!
— Қўйинг, опажон, хафа бўлманг. Райком ҳақиқат қилади. Сиз кўп йиллик коммунистсиз. Давлатга кўп хизматларингиз сингган.
— Албатта, албатта, — илиб кетди Собирова опа. — Мен от миниб тоғ-тошда юрганимда, ҳозиргилар бурнини артолмай юрар эди. Ўзингиз биласиз-ку.
— Биламан, опажон, биламан.

Собирова опа тухум қовуришга тушди. Сопқондан қушларга тош отиб юрган кичкина ўғлини чақириб:
— Чоп, отангнинг олдига, гўшт билан гуруч олиб бераркансиз де, — деди. Лекин Унсинова болани йўлдан қайтарди;
— Мен кетаман, Собирова опажон. Ўтиринг. Сизга гап бор.

Собирова опа ўзидан уч ёш кичик дугонасига умидвор кўзларини тикиб, кўрпачага чўкди.
— Яқинда мен Самарқандга бориб келдим, — деди Унсинова.
— Эшитганим йўқ... шунақа, эшитмас бўлиб қолдим, — деди Собирова опа.
— Кўктош қишлоғидан қимматчиликда бир сағир бола чиқиб кетиб, эндиликда профессор, доктор бўлган экан. Ўша одамнинг эллик йиллик юбилейини СамДУдагилар нишонлаётган экан. Мени ҳам таклиф қилиб қолишди. Мен ҳам кўктошлик эмасманми, домла билан таклиф қилган экан. Мен ҳам нутқ сўзладим. Ҳамқишлоқларим номидан табрикладим. Кейин у киши банкетга ҳам таклиф қилди. Уйига бордим. Иигирма мингга қурган ҳовлиси бор экан. Хотини ҳам одамнинг жони экан, денг. Икки ўғли бор экан. Аспирантурада ўқишар экан. Банкетдан кейин мени олиб қолди, кўнглида дарди бор экан, ёрди: «Ҳамқишлоқ, мен етимликдан шу даражага етиб келдим. Ҳамма орзуларим ушалди, лекин энди кексайганим учунми, кўнглимга бир ташвиш тушди. Мен энди Кўктошга бориб, у ерда яшолмайман. Илмий ишларим учун бу ер қулай. Мана, катта ўғлим уйланди. Кичигига навбат келиб қолди. Шуни кўктошлик яхши бир қизга уйлантирсам. Шундай қилмасам, Кўктошдан илдизим узилади, мен ўлгандан кейин болаларим уни эсларидан чиқариб юборади».

Собирова опа бу гаплардан таъсирланиб, бошини хам қилиб қолди. Унсинова хотиржам давом этди:
— Мен, яхши ўйлабсиз, домла, дедим. Авваламбор, бу бизнинг бахтимиз, дедим. Кейин, ўйлаб-ўйлаб, опа сизнинг қизингиз Наимахонни айтдим. Бизда бир қиз бор, яхши оиладан, онаси коммунист, дедим. Сиз шунга нима дейсиз, опа?

Собирова опа Наимани эрга бериш тўғрисида ҳеч ўйлаб кўрмаган, билимсизлик кўнглига ташвиш солиб юрганиданми, «қизим, сен ўқи, аспирантураларни битир», деб юрар эди. Албатта, кўплар оғиз солишар, айниқса, ўзининг қадимги таниши мана шу олифта билан унинг чиройли ёш хотини гоҳида фотиҳа қилиш ҳақида гап очишар эди. Унинг ҳарбийда хизмат қилаётган ўғли, опанинг Тошкентдаги фарзанди Камолнинг яқин дўсти бўлиб, бир оёғи шу хонадонда бўлиб юрганида, қизининг унга, унинг қизига зимдан қараб қўйишларини опа сезар, лекин бунга: ҳам эътибор бермас эди. Шунинг учун Самад олифта; билан унинг хотинига ҳам бошқаларга берадиган жавобини такрорлаб қўяр эди: «Ўқийверсин-чи...» Сирасини айтганда, Наима ҳам жуда кўҳлик, ақлли, иболи қиз эди. Уни мактабда бўлсин, таниш-билишлар орасида бўлсин, мақтамаган киши кам эди...

Собирова опа ҳайрон бўлиб, бир зум ўйланиб қолди. Кўз олдида кўзойнак таққан профессор, унинг атрофидаги бошқа олимлар гавдаланди. Кейин унинг аспирантурада ўқийдиган ўғли, сўнг банкет кўринди. Опанинг назарида, бир четда қизил бўёққа бўялган минбар ҳам кўринди. Опа бир зумга ўзини шу даврада иштирокчи каби сезди ва синиқ дили ўкинч билан завққа тўлди... Лекин Наимани эрга бериш тўғрисида ҳали ҳеч ўйлаб кўрмаган эди. Кўнглига алланечук ваҳима тушиб:
— Ундай кишилар билан қуда бўлиш ҳақиқатан бахт, — деди. — Лекин Унсиноважон, мен қизимни ҳали эрга бермайман.
— Опажон, домла ҳам келинни дарров тушириб олмоқчи эмас. У киши ҳам қизни ўқитмоқчи. Ўзларининг хоҳиши ҳам шу: ўқиган, маданиятли қиз бўлсин, дедилар. Ўзингиз биласиз-ку, олимлар оиласига тушадиган келин қандай бўлиши керак. — Унсинова дугонасига зимдан қараб, қўшимча қилди: — Шу иш бўлиб кетса, ҳаммамизга ҳам яхши бўлар эди-да... Балки шундан кейин раён раҳбарлари сизнинг кимлигингизни ҳам яхшироқ билиб олармиди...
— Ҳм-ҳм... — деб бош қимирлатди Собирова опа ичида титраб: «Тўғри-да, кимсан, профессорнинг қудаси бўламан... Ҳа, душманларимнинг уйига ўт тушсин!»

Шу суҳбатдан кейин Собирова опанинг дилида бир чўғ пайдо бўлди. Бу чўғ гоҳ кўзойнак таққан профессорнинг, гоҳ унинг атрофидаги олимлар, унинг ўғли ва хотинининг юзини ёритар; ўзини ўшаларнинг даврасида кўрсатар; гоҳ ўзининг бу катта чорбоғини мунаввар қилиб, унда тўй-томошалар намоён бўлар эди.

Собирова опа бир оқшом бу гапни эрига айтган эди, Шомурод полвон:
— Унсинованг шунинг учун келган экан-да. Мен айтдим, қандай шамоллар учирди? — деб кулди. Кейин ўзининг фикрини айтди: — Қиз мардум бари бир бировга тегади. Лекин, кампир, бундай катта одамлар билан қуда бўлишга менинг ҳушим йўқ. Камол ҳам менга ўхшайди. У ёғини ўзинг биласан.

Яна май ойининг иссиқ кунларидан бирида Унсинова қоғозга ширинлик ўраб келди.
— Сизни бир томошага олиб чиқмоқчиман, — деди. — Ўзим ҳам зерикдим, биламан, сиз ҳам зериккансиз.
— Қаерга Унсиноважон? — хушвақт бўлиб сўради Собирова опа.
— Самарқандга, — деди Унсинова хотиржамлик билан. — Бир-икки танишларим бор. Бир келиб кетинг, деб юришади кўпдан. Бир тандир кабоб еб, маза қилиб келайлик.
— Хўп, Унсиноважон, хўп, — деди Собирова. — Сиздай дугонам бир ерга олиб борай деб келади-ю, мен йўқ дейманми? — Лекин ичида: «Шу профессорнинг уйига олиб боради», деб ўйлади. Хаёлида таниш манзаралар яна бирма-бир ўтди. Кўнглини ваҳима аралаш қувонч қоплади. Унсинованинг ҳам кўнглида бу гап бор экан.
— Хоҳласангиз, домланинг уйларига ҳам олиб бораман, — деди. — Ўзингиз кўрасиз, гаплашасиз у киши билан. Лекин, опажон, хурсанд бўласиз.
— Майли, майли, — деди Собирова опа. — Аммо у кишига қизим ҳақида ваъда беролмайман.

Унсинова эркаклардек хахолаб кулди.
— Э, опагинам-эй, унинг ташвишини қилманг. Ҳали гап кўп.

Собирова опа бу хабарни эрига айтган эди.
— Хотин, сенинг ақлинг камайиб боряпти чоғи, — деди Шомурод полвон. — Ўртоқ Унсинованг сени профессорнинг уйига элтиб, оғзингни боғлаб келмоқчи. Бўлмасам, сени айлантириб юриш унга нима зарур? Шунча вақтдан бери ишсиз ётдинг, ҳолинг не деб бир

хабар олдими?

«Тўғри», деб ўйлади Собирова опа. Ғаши келиб, кўнгли қолиб юрган дугоналаридан бири ҳам шу — Унсинова эди... Бироқ, эрталаб тор кўчанинг бошида қолдирилган Унсинованинг «Волга»сини кўрди-ю, амиркон этиги, қора атлас кўйлагини кийиб, йўлга чикди.

Самарқандга борганларининг иккинчи куни Унсинова дугонасини Акбаровнинг уйига олиб борди. Дарҳақиқат, профессорнинг уйи йигирма минг сўмга қурилган деса арзийдиган эди. Лекин ортиқча жим-жимадорлик йўқ, ҳам камтарлик, ҳам салобат сезилади. Профессорнинг ўзи бузилган водопроводини тузатаётган экан. Ёш йигитлардек қаҳ-қаҳ отиб кулиб: «Ерликларим, ҳамқишлоқларим!» деб, буларни қарши олди.

Акбаровнинг бу очиқ, камтар гапи уни Собирова опага жуда ҳам яқин қилиб қўйди. Шу кеча профессорнинг уйида зиёфат бўлди. Қўни-қўшнилар ҳам иштирок этиб, ҳамқишлоқларнинг топишганидан мамнун эканликларини айтишди... Базм чоғида юзлари қизарган Собирова опа бир онга ўзини ҳақиқатан ҳам орзу қилган хаёлидаги манзара қатнашчиси деб ўйлади. Дилини фақат завқ ва шодлик эгаллади. Бундан кейинги ҳаёти ҳам ҳамиша шундоқ ўтадигандек туюлди... Лекин опа бу даврада ўзининг ёпишмай турганини билолмади. Арзимаган. қочириқларга ҳам қаҳ-қаҳ отиб кулди. Ҳолбуки, бу вақтда базм иштирокчилари оддий жилмайиш ё табассум билан чекландилар. Ниҳоят, Унсинова дугонасини номзод кўрсатилган қизнинг онаси эканини айтди: Акбаров бундан жуда хурсандлигини изҳор қилди.

«Энди нима қилдик?» деган савол кўндаланг бўлганида:
— Майли, домлажон, сиз биздан қиз сўрайсизу биз йўқ деймизми? — деб юборди Собирова опа.

Шундай қилиб, Собирова опа Наимани уларга ке-линликка беришга рози бўлиб қайтди. Улар Наимани кўриш учун Андижонга боришларини айтиб, хайр-хўш қилиб қолдилар.

Акбаровлар келишидан икки кун олдин Наиманинг ўзи ҳам таътилга чиқиб, у ёкда Камол ҳам отпускага чиқиб, хотини ва ёш ўғилчаси билан келиб қолишди. Уй тўлиб, хурсандчиликнинг чеки бўлмади. Сўнг Собирова опа бўлажак фотиҳа ҳақида уларга гап солди.

Наима:
— Мен билмайман, — деб ранги оқариб туриб кетди-ю, Камол тажанг бўлиб ўшқирди:
— Бу гап қаердан чиқиб қолди? Нима учун? Наи-манинг сизга оғирлиги тушяптими?

Она ётиғи билан тушунтиришга ҳаракат қилди, аммо ўжар бола:
— Керак эмас, профессор бўлса ўзига! Бунақа одам-лар билан қариндош бўлишни жиним ёқтирмайди, — деди.
— Болам, сен ёшсан. Турмушни билмайсан, — деди Собирова опа

Акбаровлар келишганидан кейин, масалани кўндаланг ҳал қилинишига фурсат етди. Уй бекаси меҳмонлар билан сарҳовузда тахмондан тушмайдиган бахмал кўрпачаларда — даврада ўтирар экан, Камол синглисини болахонага бошлаб чикди. Ёнига, сим каравотга ўтқазиб:
— Гапни қисқа қил, сен нима дейсан? — деди.
— Мен билмайман, — деди Наима ерга тикилиб.
— Сенинг тақдиринг ҳал бўляпти-ку, гўдак! Сен билмай, мен биламанми? — бўкирди Камол.
— Мен билмайман, — деди Наима яна.
— Синглим, шарм-ҳаёнинг вақти эмас, — деб пастга тушди Камол. — Агар биронта кўнглингда ўйлаганинг бўлса, уни айт менга. Мен ҳозироқ чиқиб рад қиламан.
— Қўйинг, акажон, — деди Наима.
— Самад олифтанинг ўғли-чи? Менинг сезишимча...
— Йўқ-йўқ... — сўнг «Онам...» деб минғирлади.

Kamol singlisini onasining soʻzidan chiqmasligini yaxshi bilardi. Shuning uchun «menga nima? » deb oʻyladi alam bilan: «Bir kuni aybdor boʻlib qolaman».

— Бўпти бўлмасам, мен бетарафман! — деб ўрнидан турди Камол.

Шу куни фотиҳа қилинди. Тўй, қиз ўқишни битир-ганидан кейин бўлади, деган қарорга келинди. Икки кундан кейин Камол онаси билан жанжаллашиб, хотин-боласини олиб Тошкентга кетиб қолди.

Собирова опа қаттиқ хафа бўлди. Лекин: «Ҳали эсидан чиқиб кетади. Эт-тирноқ ажралармиди?» деди ўзига-ўзи. Энди орзуларининг амалга ошувига шубҳаси қолмаган эди. Опа беихтиёр тўйнинг тезроқ бўлишини истай бошлади. Ҳақиқатан ҳам иш юришиб кетди. Бир ой ўтмасдан Унсинова келиб:
— Опажон, домланинг хотинлари мени безор қиляптилар ҳар куни телефон қилиб, — деди. — Наиманинг меҳригиёси бор экан. Дилимга тушди. Шунинг тўйини тезроқ қилсак-чи? Бу ерда ҳам институтлар бор, ўқийверар эди... дейди.
— Унсиноважон, ахир келишдик-ку, — деди Собирова опа.

Эрта куз кунларидан бирида Камол: «Синглингнинг тўйи бўляпти. Тезда етиб келинглар!» деган телеграмма олди. Телеграммани йиртиб ташлади.

Тўй данғиллама бўлди. Раённинг барча раҳбарлари келди. Собирова опа райкомнинг биринчи секретари билан қадаҳ уриштириб ичди. Иш ҳақида шу ерда гап очмоқчи ҳам бўлди-ю, ўзини босди. Фақат Самад олифта ичиб келиб, дарвоза олдида бир оз жанжал чиқарди. Унинг ёш хотини бу ҳовлидан чиқаётган чилдирма ва ашула овозлари остида уйида ўтириб юм-юм йиғлади. Эртасига кечки пайт тўй тарқади ва Собирова опа эри билан Акбаров тушган «Волга»га ўтириб, яна учта машина сафида Самарқандга йўл олди. Самарқандда ҳам данғиллама тўй бўлди. Столнинг бошида ўтирган Собирова опа ўзини чинакам бахт оғушида ҳис этди. Тўйдан фақат Шомурод ака бир оз ранжиб келди:
— Бой бўлгани билан хасис экан булар, — деди. — Берган чопонига қара, тиззамга етмайди. Нима, мен кўчада қолганмидим?.. Лекин кампир, Наимангни қайнанаси заҳар кўринади.

Қайтиб келганларининг эртасигаёқ Собирова опа ишда киядиган пошнаси йўғон туфлиси ва одми атлас кўйлагини кийиб, райкомга борди.
— Хўш, Собирова опа, мана, маъракалардан ҳам қутулиб олдингиз. Ўзингиз ҳам ишсиз юриб зериккансиз чоғи? Нима бўлди, ўйлаб кўрдингизми энди? Қанақа енгилроқ ишни танлайсиз? — деди секретар.

Собирова опа ўзини йўқотиб, кўзолди қоронғила-шиб, бир оз қотиб ўтирди-да йиғлаб юборди.
— Менинг нима ёмонлигим ўтган экан кишиларга?! — деб пичирлади, шартта ўрнидан туриб чиқиб кетди. Уйга бориб, боши оғриб ётиб қолди. — Мен нега ўлмадим, эсиз жоним, — деб ёш тўкди. — Камолжон, онангни келиб кўр, — деб нола қилди. Шомурод полвон гап нимадалигини билиб, хотинини овутган бўлди. Лекин бу Собирова опанинг дилига таскин бермади. Кейин бир ой ўтиб, куёви билан қудасини чақирди. Кейин ўзи борди. Бироқ бу гал илгаригидек хурсанд бўлиб келмади...

Опа бош оғриғига йўлиқиб, ётиб қолди.
— Боламни чақиринг, Камолжонни бир кўрай, — дерди. Шомурод полвон кичкина ўғлига айттириб хат ёздирди: «Ўғлим, етиб келмасанг, онангни кўролмай қоласан, деб қўрқаман», деган гапларни ҳам биттирди.

Камол энди қишлоққа бормайман, деб аҳд қилган эди. Бироқ, бу хатни олдию онасини кўришга шошилди. Собирова опа ётган ерида қўл узатиб ўғлининг бошидан қучди. Бир зумда она-бола иттифоқ бўлиб қолди. Эртаси кечқурун Шомурод полвон:
— Ўғлим, ўтган ишга саловат. Синглингда айб йўқ. Уни кўришинг керак. Қайнанаси, қайнатаси, эри ҳам сўрармиш. Бориб кўрмасанг, яхши иш бўлмайди. Ёлғиз синглинг, мусофирчилик... — деб Камолни Самарқандга боришга ундади.

Камол синглисини яхши кўрар, уни соғинган эди. Бориб кўрмаса, синглисининг шаънига дуруст гаплар бўлмаслигини тушунди. Ўғлининг Самарқандга бориш хоҳишини эшитиб, Собирова опа ҳам инқиллаб ўрнидан турди.
— Мен ўзим олиб бораман ўғлимни, — деди. Эри касаллигига ишора қилса ҳам кўнмади. Иккинчи куни она-болани Шомурод полвон автобусга ўтқазиб жўнатди. Улар Кўктошдан ўтганларидан сўнг, Самарқандга борадиган автобусга тушиб кетдилар.

Камол Акбаровнинг ҳовлисига ёт кўз билан кириб, ёт кўз билан чикди. Шунинг учун бу одамнинг дилкашлиги ва шўхликларига ўзга маъно берди. Наима озиб, кўзлари киртайиб қолган, юзларини доғ босган эди. Куёвнинг ортиқча одоблилиги ҳам Камолга ёқмади: ҳамма залда ўтиришганда, онаси неча марта ташқарига чиқиб кирса, куёв бола шунча марта ўрнидан туриб уни қарши олди. Синглиси очиқ айтмаган эса-да, унинг қийналаётганини сезди. Профессор ҳақиқатан ҳам Наимани СамДУга жойлаб қўйган экан... Албатта Камол қайнананинг ўзгаларга баланддан қарашини ҳам пайқади. Айниқса, қайтиб чиқаётганларида, ўзи қишлоқдан зўрға излаб топган икки жўра атлас ҳамон карзина ичида турганини кўрганида, беҳад ғазабланиб кетди.

Собирова опа алланечук титраб:
— Олиш эсларидан чиқибди, — деганди, у билан уришиб кетишига оз қолди. «Бегонамиз... Бизлар бу оилага бегонамиз!» деб чиқди. Куёв йигит буларни автобус тўхтайдиган бекатгача кузатиб борди. Шунда Камол:
— Энди ҳамиша шу оилада тураверасизларми? — деб сўради.
— Йўқ, Наима билан маслаҳат қилдик. Сектсияга чиқмоқчимиз. Шуни отамга айтамиз, — деди куёв.

Камол бу гапдан бир оз қаноатланиб:
— Яхши, шундай қилинглар, — деди. Она-бола «ЗИЛ» автобусга ўтириб, йўлга тушдилар.
— Қалай, онажон, хурсандмисиз? — деди у йўлда ёнма-ён ўтиришар экан.

Собирова опа машаққат билан кулимсиради:
— Албатта, хурсандман, болам. Синглинг яхши оилага тушди. Бахтли бўлди.

Камол заҳарханда кулди:
— Сиз нималик бўлдингиз, онажон? Тушунолмайман...
— Мен... — Опа ғоят таъсирланиб, барбод бўлган орзулари, алдамчи ҳислари қалбида жунбишга келиб деразага қаради, кўзларидан ёш оқиб кетди.

Камол онаси билан Самарқандга борадиган автобусга ўтирган ерларигача бирга келди. Кейин, хайрлашиб, Тошкентга ўтиб кетди.

Собирова опа буғдой ортган бир машинанинг кабинасида қишлоққа қайтди. Опа деразадан ялангғоч, бўр қатламлари чиқиб турган тоғларга мунғайиб қараб борар экан, ўзининг дарҳақиқат кексайганини, ҳам жисман, ҳам маънан ҳориганини ҳис қилди. Шунда лоқайдлик билан яқингинада от миниб, тоғ-тошда юрган чоғлари, президиумларда нутқ сўзлаганлари, ҳамқишлоқларига мағрурона раҳбар кўзи билан қарашлари хаёлидан бир-бир ўта бошлади. Уларни қайта тирилтириш қўлидан келмаслиги, бунинг учун ҳар қандай уриниш — эртанги кунни ҳам қисқартириш бўлишини ўйлади. Шунда ўзининг саводсизлиги, соддалиги ва ўжарлигига ҳам иқрор бўлди. Энди ёшларга йўл бериш фурсати етганига ишонди... Беихтиёр ўзининг бу аҳволи бир кунмас-бир кун тенгқур дугоналари бошига тушишини ўйлади.

Собирова опа бир ҳафтадан кейин ҳорғин қадам ташлаб, ўзига яраша иш сўраш учун райкомга йўл олди.

1968