OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШукур Xолмирзаев
Асар номиКўкбой (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шукур Xолмирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм19KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Кўкбой (ҳикоя)
Шукур Xолмирзаев

Чойхонани бекитиб қайтаётган Қаландар ака овчи ўртоғи Ҳошим аканинг чорбоғи ёнидан ўтаётиб, унинг баланд дарвозаси қия очиқ эканини кўрди ва якка кифт бўлиб ичкарига кирди. Оёқ учида юриб, супага яқин борди. Уй муюлишидан мўралаган эди, олдигинасида, супурги ёнида ғужанак бўлиб ётган кўк жунли кучукни кўрди. Кўрди-ю, унинг бўйнидан бўғиб ушлаб, қўйнига солди. Яна якка кифт бўлиб, дарвозадан чиқди ва музлаб қота бошлаган кўчадан жадаллаб кетди. Йўлда кучукнинг бўйнини бўшатиб, чопонининг барига ўраб олди. Уйга келиб:
— Охири қўлга туширдим, — деди хотинига. Бағридан олиб, пахмоқ, қора пўстак устига қўйди. Кучук бола жавдираб атрофга қаради-да, югуриб тунука печнинг орқасига ўтди.
— Чиройли-а? — деди Салқин опа.
— Сурлон итнинг боласи, — деди Қаландар ака.
— Ошнангиз билиб қолса, опкетмайдими?
— Бермайман. Бу кучукваччангга ишқим тушган, деб юрардим. Бермайман.
— Думи кесилмаган-ку-а?
— Шуниси яхши. Чўлтоқ итдан хунуги борми?
— Оти нима?
— Ўзимиз қўямиз-да отини. Ана, Кўкбой бўла қолсин. Қорабой, Оқбой дейдилар-ку. Бу — кўк.

Қаландар ака печнинг устидан эгилиб, икки қўлини икки томондан кучукчага яқинлаштирди. Кучукча тишларини иржайтириб, бурчакка тиқилганди, бўйнидан шаппа ушлаб кўтарди-да, пўстакка ўтириб, тиззалари орасига қўйди. Дастурхондан бир бурда нон олиб, унга тутди. Кучукча оғзини очмади. Қаландар ака бир чақмоқ қанд олди.
— Буни е, бўлмасам.
— Қўйинг, ит ҳам қанд ейдими? — деди Салқин опа.
— Ейди, — деди Қаландар ака ва Кўкбойнинг тумшуғи ёнидан қисиб, оғзини очди-да, қандни тиқиб юборди. Кучук бола қиҳ-қиҳ йўталиб қолди. Зум ўггач, бошини ёнига буриб, қандни қисирлатиб тишлади. Қанд уваланиб икки бўлакчаси пўстакка тутттди. Кўкбой шоша-пиша оғзидагини чайнаб ютди.
— Айтмадимми, — деди Қаландар ака.
— Балодай еди, — деди Салқин опа.

Кучук бола пўстакдаги қанд ушоқларини ҳам қил-пили билан еб, лабларини ялади.
— Энди отбой! — деди Қаландар ака ва Кўкбойни қорнидан кўтариб, айвонга чикди. Ўчоққа солиб, оғзини тос билан бекитди. Тос орқасига тут тўнкасини тираб қўйди. Уйга кирди.
— Совқотмайдими? — деди хотини.
— Ҳозирдан кўниккани яхши, — деди Қаландар ака ва отасининг хонасига ўтди.

Кучук бола илиқ кулга юмшоқ панжаларини босиб, ўчоқнинг бурчагига борди ва чўнқайиб ўтирди. Деразада чироқ ўчди. Ўчоқ орқасига тутиб қўйилган каноп қоп шамолда патир-путур қила бошлади. Кўкбой лабларини ялаб ёнбошлади-да, пахмоқ думи билан орқа оёқлари орасига тумшуғини тикди.

...Орадан уч йил ўгиб, кучук бола жуда бўлимли ит бўлди. Эгаси билан бир неча бор овга бориб, уни хурсанд қилди. Мукофотига ҳовуч-ҳовуч қанд олди. У занжир кўрмай ўсганидан одамларга ёмон кўз билан қарамасди. Қаландар акани эрталаб дарвозада кузатар, кечаси у кишининг қайтиш вақти бўлганда, чойхона олдида ҳозир бўларди. Уни бутун қишлоқ танирди: кўчада думи узун, қулоқлари қалин жун орасига яшириниб кетган, оёқлари ингичка кўк итнинг пайдо бўлганини кўришса, тўхтаб уни томоша қилишар, мақташар эди.

Қиш кунларининг бирида Қаландар ака Кўкбойни эргаштириб, тонг қоронғисида овга кетди. Чошгоҳларда Йўлбарс дарага рўпара бўлдилар. Бўйин жунлари ҳурпайган Кўкбой олдинда кетаётган эди, таққа тўхтаб, қорга беланган думини қуйруғи устида гажак қилди, бир нарсага ташланмоқчидай, бошини ичига тортиб, пасайди.

Пакана арча орқасидан чурқ-чурқ овоз келди ва даҳшат ичида чуриллаб бир каклик учди. Унинг изидан яна бир гала каклик кўтарилди. Улар дарадан чикди. Қаландар ака ҳам изма-из кўтарилди. Какликлар қордан чиқиб турган янтоқлар оралаб кетишарди. Овчи ўқ бўшатди. Иккитаси қорни титиб қолишди-ю, қолганлари нарироққа учиб бориб, яна қорга бота-бота кетишаверди. Қаландар ака йиқилган какликларни сўииб, белига осиб олди. Яна йўлга тушди. Яна ўқ бўшатди. Учтаси типирлаб қолди. Буларни ҳам олиб қўзғалган эди, қаёкдандир бир гала каклик учиб келди-ю, олдиндагиларга қўшилди. Улар узоққа учолмас, совқотган, музлаган қанотлари бунга имкон бермас эди. Аста-секин какликлар, қизишиб, узоқроққа уча бошладилар. Қаландар ака ҳам энди чопқиллаб борарди. Какликлар дўнглар оша, жарлар оша уча бошлади. Қаландар аканинг кўзига какликдан бошқа нарса кўринмай қолди. Шу кўйи улар анча йўл босишди. Ниҳоят, олдинда туман кўринди-ю, какликлар туманга кириб ғойиб бўлишди. Овчи тўхтади. Атрофга қаради. Қаерга келиб қолганини билмоқчи бўлди — билолмади. Орқасидаги дўнгликка кўзи тушди-ю, «шунинг устига чиқиб қарайман», деб ўйлади. Қадам босган эди, белидаги какликлар оғирлашиб кетганини сезди. Бир неча одим юргач, шунча юкни кўтариб бу ергача қандай чопиб келганига ҳайрон бўлди. Шунда оёғи қалтираётганини сезди. Дўнгликни қўйиб, яқингинада кўриниб турган арчага қараб юрди. Арчага етгач, белбоғини ечиб, қорга қўйди. Ёнидан пичоғини олиб, чўққайиб ўтирди-да, какликларнинг ичини ёриб, ичак-чавоғини чиқариб ташлай бошлади. Кўкбой ҳурпайиб, ейишга тушди, сўнгра тўйиб, чўзилиб ётди. Овчи ҳамон каклик тозаларди. Ниҳоят, Қаландар ака какликларни санади. Йигирма олтита эди. У ҳеч маҳал бунча каклик отмаган эди. Улардан белбоғидан попукдай осилган ипларга қанотларидан боғлаб, ўрнидан қўзғолган эди, юз-тубан йиқилиб тушди. Оғиз-бурни қорга ботди. Ит чўчиб, кўзларини чақчайтирди. Овчи қорга қўлини тираб, бошини кўтарди. Қаддини кўтармоқчи эди, яна юзтубан тушди. Ит ғингшиб, думини кўтарди. Туман буларнинг устидан босиб ўтиб кетди. Овчи яна бошини кўтарди ва узоқ йўл юргач бирдан чўнқайиб ўтиргани учун оёқларининг томири тортишиб қолганини пайқади. Бир ёнбош бўлиб, тақимини уқалашга тушди. Лекин тордай таранг бўлиб қолган томир юмшамасди. Шунда овчининг кўзи бирдан тиниб кетди. Думалаб кетадигандай қорни чангаллади. Нафаси қисила бошлади. Овчи бунинг сабаби ҳақида ўйлолмас, бу узоқ йўл юриб, бирдан тўхташнинг оқибати эди. Овчи итнинг ҳураётганини эшитди-ю, лекин, ит тескари бўлиб кўринди. Ичи ёниб борарди. У қорни ямлай-ямлай ўзидан кетди.

Кўкбой эгасининг теварагида ғингшир, ҳурар эди. Кейин унинг чопони баридан тортқилай бошлади. У эгасини ҳеч маҳал бундай ҳолда кўрмаган эди. Ниҳоят, овчининг бошида чўнқайиб ўтирди-да, тумшуғини осмонга кўтариб ингичка увлади. Сўнг яланиб, яна эгасига қаради. Яна уни тортқилашга тушди. Эгаси қўзғалмас, лекин унинг бурни тегиб турган қор аста-секин сарғайиб борарди. Ниҳоят, ит унинг оёқ томонига ўтиб, чўзилиб ётди.

Қуёшнинг қаерда эканини билиб бўлмаса-да, ит кеч бўлганини сезди. Улар ҳамиша қоронғига қолмай, уйга етиб боришарди. Кўкбой туриб, яна овчининг атрофида айланди ва яна тортқилашга тушди. Овчи қимирламагач, унинг этагидан тишлаб олдинга, орқасига тисланиб судрай бошлади. Боя ўзлари қолдириб ўтган изларга етиб тўхтади. Тағин эгасини айланиб вов-вовлади, ҳурди. Эгаси миқ этмай ётар, унинг бўйинларига қор кирган, телпаги йўлда тушиб қолган эди. Кўкбой овчини яна судрашга тушди. Дўнгликка олиб чикди-да, кўзларига қон тепиб, атрофга қаради. Шунда бирдан қоронғи тушиб қолганини сезди. Дўнглик этагига қараб ҳўл бурнини қимирлатди. Кейин овчини икки марта айланди ва дўнглик пастига отилиб тушиб кетди. Қоронғи туманда итнинг ўткир кўзлари ўзи босиб келган изларни яққол кўрар, у издан чиқмай, дўнгликлар, жарликлар оша учиб борарди. Димоғига қишлоқ ҳиди урилиб, баттар жадаллади. Қишлоқ кўчалари, деворларидан кўз илғамас тезликда ўтиб, таниш дарвоза ёнида тўхтади. Бўғиқ ҳурди. Ҳовлидан чолнинг овози эшитилди. Ит ортига тисланиб, деворга сапчиб ва томорқага ўтиб, айвонга чиқиб борди.

Очиқ эшик олдида ҳассасига таяниб турган чол манглайи тагидан итга тикилиб илжайди, йўлкага қаради. Йўлкада ҳеч ким кўринмагач, яна итга бокди-да, унинг йиртқич важоҳатидан қўрқиб кетди. Ит ғингтиб, супа тупроғини тирнаб пастга отди. Сўнг тумшуғини осмонга чўзиб, ҳовлини бошига кўтариб увлади. Эшикда Салқин опа пайдо бўлди.
— Қизим, куёвингга бир гап бўлган, — деди чол, — итнинг авзойи бузуқ.

Хотин отилиб чиқиб, олазарак бўлиб турган итнинг олдига борди. Ит ўқрайиб, уни тишламоқчидай вовуллади. Шунда нохос сергакланиб, кўзларини чайчақтирди-да, шарт бурилиб чопа кетди. У яна қишлоқ кўчаларидан учиб ўтди. Қирга ўрлади. Энди у боягидан ҳам зўр шиддат билан учиб борар, унинг афсона-лардагина куйланган итлик табиати бир хавфни сезган эди. Дарҳақиқат, таниш дўнгликка чиқиб бораркан, қордаги қорайиб ётган жасад ёнида бир-бири билан талашаётган иккита кулранг ҳамжинсини кўрди. Отилиб бориб, уларга ўзини урди. Бундай бўлишини кутмаган бўрилар икки тарафга қараб қочди. Лекин ўттиз қадамча нарига бориб тўхташди. Ит овчини гир айланиб ҳидлади ва шахд билан бўриларнинг бирига отилди. Кўкбой бу хил ҳамжинси билан бўладиган учрашув икки томондан бирининг ўлими билан тамом бўлишини яхши биларди. Унинг елкасига сапчиб, бўйнига оғиз солди. Сафдоши билан ўлжа талашиб уриша-уриша ҳолдан тойган бўри қорга ётиб қолди. Кўкбой унинг кекирдагини узиб ташлади. Сўнг бурила солиб, дўнгга қараб чопди. Жасад устига келиб қолган иккинчи бўри тишларини такиллатиб уни қарши олди. Лекин Кўкбой ҳозир тап тортадиган эмасди. У ашаддий йиртқичга айланган, кўзига ҳеч нарса кўринмасди. Бориб кўкраги билан уни урди. Кўкбой бу рақибни ҳам чўзилтиргач, эгасининг ёнига чўнқайиб, бўри тишлаган ерларини ялади.

Тонг отиб, туман тарқалди. Дўнг пастида шовқин-сурон қилиб келаётган одамларнинг қораси кўринди. Кўкбой ҳуриб, думини ликиллатиб, овчини айланарди.

Қаландар акани кўтаришганда, у ўтириб олди. Аммо Қулоқлари ва чаккасида оппоқ қор ёпишиб турар, унинг ҳам музлаб қотиб қолишига сал қолган эди. Уни чопонга солиб кўтаришди. Бўриларни ҳам судраб олиб кетишди. Овчининг хотини сочини юлиб йиғлар, чол «бўтам»лар эди.

Шу куни туш маҳали марҳумни гўристонга элтиб кўмдилар. Одамлар йиғлади-сиқтади ва қишлоққа қайтишди. Гўрков ҳам, чол ҳам қайтди. Гўристонда фақат Кўкбой қолди. У гўрнинг қошида узоқ чўнқайиб ўтирди, музлаган тупроқ уюмига бағрини бериб ётди н тумшуғини олд оёқлари устига қўйди. Бирон кимса уни четдан кузатганда, малла кўзларидан ёш оқиб тушаётганини кўрарди.

Кечки пайт Салқин опа итни излаб келди. Ит ҳамон эрталабки алфозда ётарди. Опа ўкириб йиғлади ва итнинг бўйнидан қучоклади. Ит пахмоқ думини қимирлатиб, аёлнинг қўлини ялади. Сўнг, Салқин опа итнинг бўйнидан тортди, аммо ит қўзғалмади. Кесак билан урди, турмади. Унинг бағри гўрга ёпишиб қолганга ўхшарди. Опа яна йиғлади ва уйга қайтиб, ной билан бир ҳовуч оқ қанд олиб келиб, итнинг олдига қўйди. Ит уларга совуққина қаради-ю, аммо ҳидлаб ҳам кўрмади. Аёл тағин уни уйга олиб кетмоқчи бўлди. Ит тағин жилмади.

Кўкбой яна икки кун шу кўйи ётди. Учинчи куни одамлар унинг музлаб қолган жасадини кўрдилар.

1966