OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШукур Xолмирзаев
Асар номиНасиб этса (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шукур Xолмирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм20KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Насиб этса (ҳикоя)
Шукур Xолмирзаев

«
Насиб этса келар Шому Ироқдин,
Насиб этмаса — кетар қошу қабоқдин.
»

Элёр Бўритош опасини жуда яхши кўрарди. У маданият уйидан қайтиб келдими, атрофида парвона бўлиб, бирон нарса билан унинг кўнглини овлашга ҳаракат қилар, сўнг ёнига ўтириб, гап сўрар эди:
— Уйларинг мана шу тоғни орқасидами?
— Ҳа, ўша ёкда эди... Энди йўқ.
— Нега йўқ? Унда ота-онангиз қаерда туради?
— Ўша ерда, уй ҳам ўз жойида. Лекин мен уларга бегона бўлиб қолдим. Энди, Элёржон, менинг уйим ҳам мана шу — сизларнинг уйингиз бўлади.
— Ур-ре-э!... Опажон, тоғ қўрқинчлими?
— Жуда. Лекин аканг қўрқмас йигит... Қўрқоқ бўлганда мени буёққа опқочиб келолмас эди.
— Акамни яхши кўрасизми? -Ҳа.
— Мени-чи?
— Сениям. Сен шундай ақллисан! Катта бўлсанг, албатта яхши одам бўласан. Мард, қўрқмас... Ҳақиқат учун курашадиган, ҳақиқатчи!
— Майли. Мард, қўрқмас...
— Ҳақиқатчи — ростгўй дегани. Айтишади-ку, бошингга қилич келса ҳам тўғри гапир, деб.
— Бўпти... Опа, сизга ўхшаб дуторчи ҳам бўлайми?
— Айланай сендан. Майли.
— Тоғ жуда қизиқми? Мени қачон олиб борасиз?
— Насиб этса.
— Қачон насиб этади?
— Тўй ўтсин... Мен шу ерда қоладиган бўлай. Кейин борамиз. Бердиёр аканг, сен, мен, момомлар, амакимлар — ҳаммамиз.
— Бўритош опа, кеча онам акамни чақириб уришдилар...
— Нимага?
— Мен тушунмадим.
— Энди тушун... Хўпми?

Элёрнинг чорбоғи кенг. Одокда олчазор, у тиғиз ўсиб чангалзорга ўхшаб қолган. Деворнинг бир жойи ўпирилиб тушган. Элёр ола сигирни ўша кемтикдан ўтказиб, подага қўшади. Подачи молларни тор кўчадан тез ҳайдаб, далага чиқаради, у ерда зиғирпоя бор, четда ёлғиз тол, эски чайла, зиғирдан четлатиб адирга олиб ўтади.

Бўритош опанинг бўйи баланд, хипчадан келган, бодомқовоқ. Гавдасини ғоз тутиб юради. Фақат Элёрнинг отаси Қувондиқ ака йўлддн келганида бошини эгиб, паст овозда сўзлайди. Элёрнинг акаси Бердиёрнинг бўйи ҳам новча, ўзи сариққа мойил, малларанг қошлари остидаги йирик кўзлари кулимсираб боқади.

Элёр бугун оқшом бувисининг ҳам Бердиёр ака билан қаттиқ-қаттиқ гаплашганини эшитиб қолди:
— Нима бўлсаям бировнинг фарзанди у! Энди боёқишни куйдирма... Аёл кишининг қарғиши ёмон бўлади!
— Э қўйинг! — деди Бердиёр. — Мен унга юр дебманми. Ҳаваскорлар, ўйинни билар экансиз, дейишганди, ўзи эргашиб келди.
— Унда уйига жўнат бўлмасам ёки бошқа бир жойга кўчир. Сен ёшсан, у ёш қиз... Гузарда гап бўляпти! Ўзиям чиғатойлардан экан, яхши аёл... вақтида довруғи кетган эл. Қўлли-оёқли қиз... Ҳалиям шундан қолма, болам.
— Э-э!

Тўрт ойдирки Элёр Бўритош опасининг ёнида ётади — бувиси тайинлаб қўйган. У бир-икки марта кечаси опанинг Бердиёр ака билан гаплашаётганини эшитиб, уйғониб кетган. Момосининг насиҳатига амал қилиб «Ака, кетинг. Жойингзга бориб ётинг!» деган.
— Бўритош опа-чи... момом ҳам уришдилар акамни.

Эшик ғийқ этиб очилди. Томоқ қириб, Бердиёр кирди. Кесаки ёнида қаққайди.
— Чироқни ёқманг, — деди Бўритош.
— Ҳалиям ёқмайман. Бу... ухладими?
— Ухлаганим йўқ! — деди Элёр. — Кетинг.
— Бир йўла пойлоқчи бўлиб олдинг-ку! Уф... Бўритош, чарчадим. Областдан одам келди. Област ҳаваскорларининг фестивали бўлар экан. Тайёрланинглар, деди. Қаёкдан ҳам халқ театри деган ном беришди бизга! Тиним йўқ.

Элёр ўрнидан туриб ўтирди:
— Бердиёр ака, тўйларинг қачон бўлади? Кейин Бўритош опамлар мени тоққа олиб бормоқчи. Тоғ қўрқинчли... Сиз юрган йўллардан юраман.
— Ҳамма гапни билади-я бу?.. Момом чақиряпти сени, бор!
— Ёлғон. Гапингиз рост бўлса, бораман!
— Рост, рост!

Элёр чиқиб кетди. Момоси:
— Сени алдапти у, — деди. — Опангни ёнидан жилма!

Элёр қайтиб эшик тутқичига қўл узатди-ю, тек қолди. Ичкаридан уларнинг сўзлари эшитилар эди.
— Бердиёр ака, мен сизни деб келдим-ку, — дер эди Бўритош опа. — Биласиз-ку! Бўлмасам бу раёнда менга нима бор? Уёқда, ўз раёнимиздаям маданият уйи бор...
— Лекин мени хафа қиляпсиз-да, Бўритош, — тўнғиллади Бердиёр ака. — Нега мени ёнингизга йўлатмайсиз? Яна севаман дейсиз? Ишонмай қолдим, севган одам мундай бўлмайди. Ўғрига ўхшаб кираман, ҳайдаб чиқарасиз!
— Мен сизга ўйнаш бўламан деб бу ерга келганим йўқ, Бердиёр ака...
— Ҳарҳолда... Унгача... Буёқда тўй ҳаракати тахт эмас. Отам йўлда... Ҳатто бир ўптирганингиз йўғ-а?

Элёрнинг хаёли учди: «Акам Бўритош опамни ўпмоқчи. Нега ўпади? Ҳозир...»

Эшик тарақлаб очилди. Бердиёр қарамай, чиқиб кетди.
— Ёлғончи! — деб қолди Элёр.

Бўритош уни ёнига ётқизиб, пешонасига тушган қўнғироқ сочларини силади:
— Элёржон, мен кетсам, хафа бўлмайсанми?
— Нега кетасиз? Кетмайсиз... Энди бу уй менинг ҳам уйим бўлади дедингиз-ку?! Кетмайсиз!.. Тўй қиламиз, ота-онангиз келишади. Кейин мени тоққа олиб борасиз... Акамга айтинг... мен сиз айтгандек мард, ҳақиқатчи бўламан.
— Раҳмат... Ҳали гапинг узилиб қолди: момонг акангга нима дедилар?
— Ҳим... Ишқилиб, момом сизни мақтади, акамга қаттиқ-қаттиқ гапирдилар.
— Элёржон, Бердиёр аканг мендан бошқа аёл билан ҳам гаплашадими?
— Ростини айтсам, Зумрад опа билан гаплашади! Зиғирпояда кўрганман.
— Қачон? Ҳозир ҳам гаплашадими?
— Ҳозир билмайман.
— Элёржон, акангни бир кузатмайсанми, қани, ўша опанг билан яна гаплашадими, йўқми экан? Кейин... мени яхши кўришингга буткул ишонаман!
— Мен сизни яхши кўраман...

Эртасига Элёр бувиси атрофида ўралашиб, кунни чошгоҳ қилди: катакдаги товуқ тухумларини терди, бувиси иш тикмоқчи эди, игнасига ип ўтказиб берди. Ола сигирнинг бузоғини зиғирпояга яқин элтиб ўтлатди. Ярим халта печак юлиб келди.

У кўчага чиққанида гузар болалари чиллак ўйнашаётган экан. Эргашали сўраб қолди:
— Бўритош опани нима деб чақирасан?
— Опа деб.
— Ҳа-ҳа. Янга деб чақир... Йўқ, кеннойи деб, телевизорда айтади-ку.
— Бекор айтибсан. Хотини эмас! Яқинда тўй бўлади. Кейин янга дейман. Хоҳласам, чеча дейман... Бор!

Кечга томон Бўритош ишдан қайтди. Элёрни уйга олиб кирди.
— Элёржон, кўчага чиқсанг... Аканг ўртоқлари билан гаплашиб қолди, дорихонанинг олдида. Бугун ўша, сен айтган опа келиб кетди! Акангни бир кузат...
— Хўп.

Элёр дорихонага етиб, акасининг сартарохшонага кирганини кўриб қолди. Ариқдан ҳатлаб ўтиб борди.

Эшик оғзида курси қўйиб ўтирган мўйловли сартарош унга тикилиб қаради.
— Акам ичкарига кирди-я? — сўради Элёр.
— Бердиёр сенинг аканг бўладими? Ҳа. Кирди. Элёр косагуллар очилиб ётган пол пуштасига чўққайди:
— Амаки, нимага ҳаммавақт шу ерда ўтирасиз?
— Сен сочингни олдирасанми?
— Йўқ. Бузиб қўйгансиз бир гал, онам уришган...
— Ана сен ҳам менга соч олдирмайсан-у, ичкарига кириб ўтирмайсиз, дейсан яна.

Элёр деразадан мўралаб қаради. Сартарош акасининг юзига атир пуркар, Бердиёр илжайганича афтини тириштириб бошини қимирлатар эди. Элёр бирдан тек қолди: «Кузатсам, ўзимни кўрсатмаслигим керак-да!» У тағин кўчани кесиб ўтиб, дорихона олдига борганди, рўпарасига юк машинаси келиб тўхтади, ундан фуфайкасини қўлтиғига қисган Қувондиқ ака сакраб тушди.
— Ота!
— Э, ўғлим! — ота унинг оёғини ердан узиб, манглайдидан ўпди. — Мени кутгани чиқибмидинг?
— Йўқ... Ҳа.
— Унда уйга кетамиз.
— Ота, мен акамни кузатишим керак.
— Нима?
— Бўритош опам илтимос қилдилар. Акам Зумрад опа билан учрашмаслиги керак, тўғрими?

Қувондиқ ака қошини уйди:
— Юр, аканг билан ўзим гаплашаман.

Қорабой ит дарвозага ўйнокдаб чикди. Қувондиқ ака уни эркалаб кулиб қўйди. Ит яна оёғига ўрала-шаверган эди, тепиб юборди. Элёр орқада қолди. У супага чиқиб борганида, болохонада онаси билан гаплашаётган отасининг сўзлари баралла эшитилар эди:
— Эй, қўй... Бу оқшом келсин, қўлидан маҳкам ушлаб ўтқизаман. Шу ҳафтада тўй қилиб юбораман. Бунинг нимаси ёмон ўша қақажондан?! Одобни билса, ишни билса... бир айби ўғлингнинг гапига учиб келганими! Э, номард ўғил!
— Бирам яхши қиз, чолжон, бирам ачинаман...
— Ачинишдан фойда йўқ, ҳаракатингни қил! Элёр югуриб уйга кирди.
— Бўритош опа... акамнинг қўлидан ушлаб ўтқазар экан. Шу ҳафтада тўй... Нимага индамайсиз?
— Элёржон, бу гапни мен ҳам эшитдим. Аканг мени алдаган экан...
— Алдаган бўлса сирини очамиз! Мен бари бир уни кузатаман. Ҳозир кўчага чиқаман.

Поданинг қайтадиган вақти бўлган эди. Элёр боғ оралаб кетди. Олча бутасидан хивич синдириб олиб, кемтикдан ўтди. Зиғирпояга етиб тўхтади: «Э... Акам Зумрад опа билан анави ерда туришган эди. Чайла...»

Тепа бағридан молларнинг маъраган овозлари кела бошлади.

Сигирни ҳайдаб келган Элёр бузоқни ушлаб туриб соғдирди. Бузоқ думини ликиллатиб, тумшуғидан оппоқ кўпик томчилар, сигир бўлса, «ҳр-ҳр» овоз чиқариб, бузоғининг қуймучини ялар, оёқларини кериб туриб олган эди. Элёр товуқларни ҳам қақолатиб қувиб, катакка қамади.

Ой чиқиб қишлоқни ёритганда Элёр зиғирпояга туташ ўқариқда чўнқайиб ўтирар, кўзлари ялт-юлт қилаётган Қорабойнинг бароқ бўйнидан қучиб олган эди. Зиғирнинг ёқимли, бир оз тахир ҳиди келади. Қаердадир бақа қуриллайди, чигирткалар сайраши авжида. Ўқариқ нам, ботқоқ, чирик япроқ ҳиди келади.

Уфқни тўсиб турган тепалик бағрида иккита қора кўринди, улар оқариб турган сўқмоқдан ўтиб, чайла остига келишди. Элёр уларнинг кулгисидан пайқади: бири акаси, бири товуши йўғон Зумрад опа.

У шоша-пиша орқасига бурилди, итнинг бўйнидан қучиб тортди. Шунда уларнинг гап-сўзлари қулоғига чалина бошлади:
— Вой, сув босипти бу ерни...
— Кўтариб олай.
— Тегманг!.. Анави тоғдан оптушган қушчангизни кўтаринг! Сизда ҳеч инсоф йўқ! Буйдоқсиз... Хўп, ҳаваскорларнинг раҳбари бўлсангиз бўпсиз, уни уйингизда сақлашингиз нимаси?! Мени алдаманг... Ана, домкултуранинг катталарига мурожаат қилсин, унчалик зарур бўлса... Бўлмасам қишлоғига кетаверсин!
— Яқинда кетади, секинлик билан. Лекин битта илтимос...
— Нима?
— Шу... индамай келиб, индамай кетаверадими? Йўқ, тўхтанг-тўхтанг! Мен уни... яхши санъатчи бўлади, деб ўйлагандим. Ким билади дейсиз. Ўзидан билиб, кетай демайди ҳам.
— Сизга ёқади! Ёқмай ўлсин!

Элёр итни торта-торта сўқмоққа етди. Уйга қараб чопди. Ит шинғиллаб чайлага қаради, ҳурди ва Элёрга эргашди.
— Опа... Бўритош опа, сизни кетсин, деди. Зумрад опа! Акам ҳам яқинда кетади, деди... Шунақа деди. Юришипти. Чайлада, зиғирпояда...

Бўритош ранги оқариб каравотда ўтиради:
— Раҳмат, айланай. Менга катта ёрдам қилдинг, — деди.
— Энди нима қиласиз?.. А... айтинг... Лекин кет-майсиз! Ҳеч қаёққа кетмайсиз... тўй бўлади! Чиғатойдан ота-онангиз келади. Кейин биз ҳам борамиз... Опажон, кетманг! Мен айтганингиздек бўламан, мард, ҳақиқатчи.
— Мен ишондим, укам.

Эртаси Элёр уйғониб, ташқарига чиққанда, Бўритош тугунчаси қўлида, болохона тагида туришган уй эгалари билан хўшлашар эди:
— Моможон, раҳмат. Онахон, сизга ҳам. Отажон, мен енгилтаклик қилиб, бу кишининг сўзларига кирган эканман...
— Ахир бу ёлғон гап! — бақириб юборди Бердиёр. — Мана бу шипиёнбаччадан чиққан бу гап. Ҳу кўзингни...

Элёр супадан тушди. Йиғлаб, Бўритош опасининг тугунига ёпишди:
— Опажон, қолинг... Ака, нега бақирасиз?! Мен ҳақиқат гапни айтдим! Бўритош опа, ҳақиқатни айтганим учун кетасизми?!

Бўритошнинг ҳам кўзига ёш тўлиб, болани қучди.
— Сен ҳақиқатчи бўлиб олдинг, — деди энтикиб. — Энди орқага қайтмайсан, жоним!.. Ҳақиқат шундай нарса: у шафқатсиз бўлади, у йиғлатади. Бунинг учун гап эшитишинг ҳам мумкин... Лекин ҳақиқат ҳамма нарсани жой-жойига қўяди. Ёлғончилик, алданишга барҳам беради...
— Ахир...

Бўритош уй эгаларига тағин бир таъзим қилди.