OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШукур Xолмирзаев
Асар номиОлам тортилиш қонуни (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шукур Xолмирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм22KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Олам тортилиш қонуни (ҳикоя)
Шукур Xолмирзаев

Ҳусан акани маҳаллада катта-кичик ҳурмат қилар, зеро, унинг ўзи ҳам гоҳо хасдан паст, тупроқдан хокисор бўлиб кетарди. Йўлда ким учраса салом берар, лекин ўша одам алик оладими, йўқми, бу билан иши бўлмас, ўз вазифасини астойдил адо этгандек, йўлига кета берарди. Оилада ҳам шундай эди. Олти қизининг энг кичкинаси билан ҳам сизлашиб гаплашар, аммо улар ўзини нечоғлик ҳурмат қилади, бу билан ҳам иши бўлмас эди. У гўё одамларни ҳурмат қилиш, лекин улардан бунинг эвазига бир нима талаб этмаслик учун туғилгандек эди.

Бундай одамларни ҳар қанча мақтаса камлик қилади. Бироқ у кишининг яна бир жиҳати бор эдики, уни кузатган одам баъзан ғашланарди ҳам. Масалан, ўзидан амалда сал баландроқ кишига йўлиқса титраб-қақшаб турар, гўё у одам Ҳусан аканинг қисматини шу дамдаёқ ҳал этиб қўядигандек туюларди. Лекин ундан ҳам ўзига бирон бир илтифот кутмас эди.

Ҳовлида ток кесиб юрар эдим, Ҳусан ака очиқ дарвозани эҳтиёткорлик билан тақиллатиб кирди. Минг йиллик қадрдонини дафъатан топгандек шодиёналик билан кўришиб:
— Сизни муборакбод этгали келдим, — деди.
— Э, — дедим мен. — Нима билан?
— Жиянли бўлдингиз, оғажон!
— Қ-қанақа жиянли?
— Шу... мен ўғил кўрдим. Биласиз-ку... Шунга хурсанд бўлганимдан... келар ҳафта туғруқхонадан чиқади янгангиз... Шунга чилласи чиқмасаям майли, бир зиёфат қилмоқчи эдик. Шунга айтиб келдим. Йўқ демайсиз энди. Биламан, ишли одамсиз. Командировкангиз кўп. Шунга... Илтимос-да. Хўпми? Йўқ деманг.

Ҳусан аканинг мана шундай суйилиб, ҳатто чучмал бўлиб кетиши менга ёқмасди. Шунчалар қаторлатиб гапириб ташладики, уни табриклашни ҳам эсдан чиқариб қўйдим.
— Шу денг... нозик дўстлардан ҳам айтганмиз. Улар албатта келишади. Шунга...
— Хўп, хўп. Бир оғиз сўзингиз, Ҳусан ака.
— Қуллуқ, қуллуқ. Бошим осмонга етди, жон ука. Янаги шанба. Соат олтиларда. Соат олтиларда. Ишдан чиқадиган пайтингизга тўғри бўлди.
— Тушундим.
— Хўп, менга жавоб.
— Ўтирсангиз...
— Раҳмат. Миннатдорман.

Ҳусан ака кетди. Мен, дарвозани ёпиб, ичкарига кирдим. Негадир хит эдим. «Одам ҳам шунча суйилиб, хокисор бўлиб кетар эканми? Нега шунақа экан-а!» Бориб, яна ток кеса бошладим. Хаёлим тағин у кишида. Ўзи шаҳардан четда, бобосидан қолган ерда ёз ойлари деҳқончилик қилади. Вақтида агрономлик курсини ҳам битирган, бир неча муддат ўз касби бўйича ишлаган ҳам. Кейин нима ҳам бўлиб, фелдшерлик ўқишига кирган.

Ўша йилларда у киши билна танишган эдим. Ўпкам қаттиқ шамоллаб касалхонага тушдим. Нафас олишим оғир эди. Хайрият, ўша куни Ҳусан ака навбатчи экан. Ёнимдан жилмади. Лекин мени сал боплади ҳам. Нафас олишим оғирлашган сари укол қила берди. Нима бало, ўзим қўпол бўлсам ҳам, терим юпқа эканми, укол акс таъсир қилиб, баданимга қизилча тошиб кетди. Бир ҳафта қашиб, бўлганимча бўлдим. Лекин Ҳусан акага бари бир раҳмат айтдим. Нима дей? Шундай қилиб, танишиб қолган эдик. Уйига ҳам борадиган бўлдим. Домино ўнаймиз. У киши гоҳо агрономлик қилган пайтларидан гапириб қолар, айниқса, қовун уруғларининг асл навлари йўқолиб кетганидан шикоят қилар, колхозда ишлаб юрган чоғларида нуқул «амири» навидан экдиргани, лекин тарози босмаслиги, бригаданинг қовун планини сира бажармаганидан, охири, танқид эшита-эшита ишдан кетганини сўзлар эди.

Фаҳмимча, бу кишининг ичида бировга айтмайдиган гап ҳам бор эди. Дилида орзулари кўп бўлган. Шубҳасиз, бу одам каттакон бир раҳбар, арбоб бўлишни орзу қилган... Лекин бунинг учун нима қилиш кераклигига ақли етмаган. Арбоблик зинасидан кўтарилмоқ учун зарур бўлган ички қобилият етишмаган унга. Оқибат, у киши ўзидан сал амали катта одамларга сирли бир нимага қарагандай қарайдиган бўлган ва бу нарса қон-қонига сингиб келган. Энди у киши нуқул ўшандоқ одамлар даврасида бўлишни истар, даврасига кира олмаса, ўзи уларни бирон-бир баҳонада чақи-риб, ўтиришни истар эди. Мана, ҳали мени зиёфатга айтиб кетди. Мен аминман, зиёфатда оддий, ўзи қатори (ўзи ўта ҳурмат қиладиган) одамларга нисбатан, ўзидан «юқори» одамлар кўп бўлади.

Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди. Шанба куни борсам, дарвоза оғзи турли маркали, турфа машиналарга тўлиб кетган. Ҳовлида бамисоли тўй бўляпти. Кирдим. Зиёфат кўнгилхушлик билан ўтди. Эл қатори чикдим. Уйга келиб, хотинимга гапириб бердим.
— Қизиқ одам, — деди аёлим. — Яна кимлар бор эди?
— Фақат сен йўқ эдинг... Учта совхоз директори, бешта бригадир. Иккита бўлим бошлиғи. Олтита врач... Маҳалла оқсоқоли, магазин директори...
— Яна?
— Э, қўябер. Ўзиям бўлганича бўлди дейман. Энди бир ой нонга ҳам пулни ҳисоблаб сарфлайдиган бўдди!
— Ўзига зиён.
— Мен ҳам шуни айтяпман-да.

Орадан анча вақт ўтди. Ҳусан ака бунақа зиёфатларидан кейин хийла вақт кўринмай кетарди. Кўринмай кетди. Мен ҳам иш деб, командировка деб шаҳарма-шаҳар юрдим.

Йил деганингиз ҳам ҳаш-паш дегунча ўтадиган бўлиб қолган. Туғилган жиянимиз Содиқбекнинг бир ёшга тўлгани маълум бўлди. Ҳусан ака эрта куз кунларининг бирида уйга келиб, мени зиёфатга таклиф этди:
— Илтимос энди... йўқ демасангиз... Нозик меҳмонлар келишади, албатта. Йўқ демайсиз, жон иним... Ишондим... Шанба куни. Соат олтида... Нақ ишдан чиқиб келасиз... Кутаман-а?

Мен одатдагидек кўнгил ғашлик билан гапни қисқа қилдим. Боришга сўз бердим. Лекин дафъатан бора олмадим. Қўқонда эдим. Ўша куни шаҳарга етиб кела олмадим. Эртаси Ҳусан ака эринмай уйга келди.
— Ука, сиздан умидимиз бул эмас эди-ку, жон ука? Роса кутдик-да, оғажон... Кўчага чиқиб қарайман денг. Қани кўринсангиз... Барча меҳмонлар келишди... Совхоз директорлари... Врачлар... Бригадир, бўлим мудирлари... фақат сиз йўқсиз-да... Шундай бўлмапти-да... Ўзингизнинг жиянингиз... Туғилган куни...

Мен Содиқбекнинг туғилган кунлари ҳали кўп бўлиши, Ҳусан акам қўли очиқ, меҳмондўст эканини айтиб, ўшандоқ зиёфатларга жон деб боришга сўз бердим.

Фалокат оёқ остида дейдилар. Келаси йил ҳам ўшандоқ туғилган кунига бора олмай қолдим. Ҳусан ака тағин эртаси келиб, кўп ранжиб гапирдилар. Бу гал у кишига жуда раҳмим келиб: «Шу даҳмазалар жуда шартми!» дегим келди. Лекин начора. У киши шунақа одам. Бир ҳисобда бунақа одатнинг нима ёмон томони бор? У киши бундан завқ олади. Тамом.

Бу гал ҳам Ҳусан ака кетгач, мен у киши тўғрисида хаёл суриб қолдим. «Ҳар қалай омадсиз одам деб бўлмайди... Ё омадсизми? — деб ўйладим. — Қизиқ-да... Бўлмасам, уларни чақириб, бор будини сарф қилиб нима топади? Бу одамни хушомадгўй деб ҳам бўлмайди... Синиқ, орзуманд одам... Унинг дилидагини билиб бўлсайди?!»

Дунёда нима кўп, ўлим кўп. Ажал деган ёшу қарини саралаб ўтирмас экан. Содиқбек қаттиқ шамоллаб қолибди. Касалхонага олиб борибдилар. Ҳусан ака унинг бошидан жилмабди. Роса укол қипти. Яхши сўзлар билан овутмоқчи бўлибди. Лекин фойдасиз.
— Шунақа бўп қолди, иним, — деди у киши оқшом маҳали, энди Термиздан келиб ўтирган эдим. — Ҳа, ука, олло кўп кўрди Содиқбекни... Қаранг-а... Начора, умри қисқа экан. Бир кўрсатиб, дийдорига тўйдирмаёқ олди-қўйди... Қуруқ жасадим юрибди, оға...

Мен донг қотиб турардим. Ҳусан ака ҳақиқатан ҳам чўкиб қолган. Титрайди, қалтирайди. Рангида ранг йўқ. Боёқиш! Шунда билдимки, бу ота ҳақиқатан ҳам Содиқбекни тилаб олган экан! Ахир, олти қиз кўргандан кейин ўғил топган эди-я! Номард фалак.

У кишининг кўнглини кўтармоқчи бўлдим:
— Содиқбекнинг умрини бошқа фарзандларингизга улашиб берган бўлсин, Ҳусан ака... Ҳали яна фарзанд кўрасиз, ишона беринг. Расми, ўзи шундай бўлади. Мениям бир қариндошим кетма-кет саккиз қиз кўргандан кейин яна кетма-кет тўрт ўғилли бўлган эди.

У киши жимгина, юмшоқ, дўмпайган қорни устига бақувват, семиз қўлларини қўйиб, мунис турар эди.

Бирдан миямга бир нима урди: «Нега турибдилар? Бирон нарса керакмикан? Қандай айтсам бўлади?»
— Хўш, Ҳусан ака, уйга кирайлик.
— Йўқ, йўқ. Эртага эрталаб чиқарамиз Содиқбекни. Шунга сизни айтгали келиб эдим.
— Оббо, — деб юбордим. — Шунга ҳам айтадими? Оёғим бор, ўзим бораман-да. Қулоқ бор, эшитдик... Яхши эмас, Ҳусан ака. Уйга боринг. Бу юриш сизга ярашмайди.
— Боринг, — деди у киши дарвозадан чиқар экан. — Шунга... дўст-ёронлар келади... Нозик меҳмонлар... Шунга бир кеча саклаб турмоқчи бўлдик...

Юрагим сиқилиб кетди. Негадир бу одам шу топда кўзимга... кўриниб кетди. Тезгина изимга бурилдим.

Буям оз экан. Эрталаб соат бешлармиди, тўрт яримлармиди, телефон жиринглаб қолди. Раҳбаримиз. «Соат олтига яқин самолёт келади! Меҳмонлар бор. Сиз кутиб олишингиз керак. Агар бу ерда қолишни исташмаса, тўғри Хоразмга учасиз!» Оббо, буёғи қандоқ бўлди энди?

Уйқу қочди. Тош ёғсаям саҳарлаб Ҳусан аканикига ўтаман, деб ўйладим. Лекин йигирма минут ўтар-ўтмас, кўчада «Волга» сигнал берди. Чиқсам, ўзимизнинг шофер.
— Ҳа?
— Келдим, — деди у. — Хўжайин айтдиларки, соат олтига қолмай келиши ҳам мумкин экан.
— Э, шу ишниям...

Соатга қарасам, ўн минути кам олти. Кийим-бошга ҳам қарамай машинага ўтирдим. Самолётлар баъзан қандоқ келиши ўзингизга маълум. Олти ярим, етти ярим бўлди. Саккиздан ошганда келди. Меҳмонлар тўрт киши эди. Юкларини олиш учун ҳам ярим соат овора бўлдим. Меҳмонхонага олиб келганимизда, соат тўққиз эди.

Тўққиз! Тўққизгача мурдани сақлаб ўтирадими! Аслида кеча кўмилиши керак эди!
— Хўш, тамадди қиламизми? — деб сўрадим меҳмонлардан.
— Ҳа, чой ичсак бўлади, — деди каттаси. — Кейин тўғри Хоразмга. Вақт ўтмасин, дўстим!

Соат ўн бирларга яқин уларни олиб вокзалга чикдим. Энди орқага қайтгим келмади. Тузук кийинмаган бўлсам-да, уйга бир телефон қилдим-у, меҳмонлар билан «Самарқанд — Урганч» поездига ўтирдим. Кетдим.

Тўрт кун деганда қайтиб келдим. Ҳамон кайфиятим яхши эмас эди.
— Хотин, сеткани ол. Мен Ҳусан аканинг уйига чиқиб келай.
— Шунақа қилинг, — деди аёлим. — Ўзлари икки марта чикдилар. Ишонмайсизми?!
— Нима деб?
— Қайдан билай.

Учрашувни қаранг!

Энди кўчага чиқиб эдим, мунғайибгина келаётган Ҳусан акани кўрдим.
— Э, — деди Ҳусан ака. — Ҳим...
— Узр, шу... — деб чайналдим. — Иш дегани... Яқинда бўшамоқчиман...

Ҳусан ака мунғайиб бош ирғатди. Сўнг ўзича минғиллаб гапира кетди:
— Кўп кутдик. Кўчага чиқиб қарадим... Йўқсиз... Нозик меҳмонлар келишди. Иккита совхоз директори. Учта врач... Тўртта агроном... Раҳмат уларга... Сизни деб марҳумни бир оз куттирдим ҳам... Фақат сиз... ука...

Мен қуруқ сурат бўлиб, у кишига қараб турардим.

Ҳусан ака тағин шу оҳангда анча гапирди-да, мени дафъатан унутгандек бўлиб, ўтиб кетди. Нима қилдим энди? Удум. Секин у кишининг уйига бордим. Ғамбода бўлиб ўтирган қария қарши олди. Таъзия билдириб чикдим. Энди мен Ҳусан ака билан бақамти ўтириб гаплашишни истардим. Лекин у киши одамови бўлиб қолган, баъзан мени кўрмагандек ўтиб кетарди.

Шунда... «Ҳусан ака оғир ётибди», деган гапни эшитиб қолдим. Борсам, соб бўп қолган. Кўзларида нур йўқ. Докторлар билан гаплашдим. «Шол, — дейишди. — Танаси ишламай қолди. Ёрдам бериб бўлдик. Энди парҳезгаям ҳожат йўқ. Нима истаса есин, нима гапирса гапирсин».

Ҳусан аканинг ёнида бирон соат ўтирдим. У киши бир оғиз ҳам гапирмади, бир нима емоқчи эканини айтмади ҳам. Тасодифни қарангки, жони узилаётганида ҳам у кишининг бошида эдим.

Ёлғончи қилмасин, у кишининг уйида кўрганим кўпгина раҳбар шахслар ўша совхоз директорларию врачлар, бўлим бошлиқлари ҳам шу ерда, бу хокисор, меҳмоннавоз одамнинг қазоси яқинлигини эшитиб келишган экан.

Лекин Ҳусан аканинг табиатидаги энг даҳшатла нарса шу эдики, на менга, на-да анавиларга парво қилмас, онда-сонда аёли билан, қизлари билан сўзлашар, уларга тегишли гап қилар эди.

Фалон кишидан қарзи бор экан, узгани яхши бўпти. Катта қизи ўғлини табибга кўрсатиши керак. Кўз оғриғи бор. Ўзи ўлса, катта амакиси қабри ёнига қўйишсин. Шуни айтишим керакки, Ҳусан ака тамомила ҳушёр эди. Мени ҳам, меҳмонларни ҳам таниб турар эди. Биз — у кишидан ҳаммавақт илиқ-иссиқ сўзлар эшитиб ўрганган эдик! У одамнинг мана шулар билан ўтиришдан олам-олам завқ олишини ҳам яхши билардим! Бу — унинг ушалмаган орзулари, армонлари ҳаққи кўнглига малҳам бўлишини ҳам тушуниб етган эдим. Ҳозир яна ҳаммамиз унинг қошида эдиг-у, лекин шу топда унинг учун йўқ эдик.

Мен у кишининг охирги сўзини эшитиб қолдим.
— Болам Содиқбек, мени ташлаб кетдинг-а... Сенсиз... Ёнингга боряпман... Ёлғиз эдинг... Мен ҳам ёлғиз... — Шундай деб юзини четга бурди.

Назаримда биздан — мендан ва анави меҳмонларидан юзини бурди. Сездимки, биз бу одамга ҳеч маҳал керак бўлмаганмиз! Йўқ, аниқроғи, керак эмас эдиг-у, буни энди сезганди.
— Содиқжон... — деди у яна.

Ҳа, биз унга керак эмас эдик.

Унинг учун энг керакли, бор нарсалар — фарзандлари, оиласи, энг табиий-инсоний ташвишлар эди.

1978