OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШукур Xолмирзаев
Асар номиОлис юлдузлар остида (воқеий ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шукур Xолмирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм31KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Олис юлдузлар остида (воқеий ҳикоя)
Шукур Xолмирзаев

Август ойининг охири. Ёзувчи Сафо Саид билан Бойсун тоғларига сафар қилиб, Дўғоба қишлоғининг орқасидаги янтоқзорда адашиб қолдик. Адашишга мен сабабчи бўлдим. Уч-тўрт йилдан бери у ерларда бўлмаган эдим. Йўл ўзгариб кетган экан. Изимизга қайтдик.

Оёғимиз остида ёнғоқ барглари ғижирлайди. Этакда сой шовуллайди. Бойқушнинг мунгли сайраши бизни изма-из таъқиб қилади. Тун баттар қорайгандай. Ҳаво бўғувчан.
— Нақ Жюл Верн қаҳрамонларининг ўзимиз-а? — дейди Сафо ака пичинг билан.
— Ҳа, — дейман ва атрофни ҳам, ўз аҳволимизни ҳам бир дам унутаман. Уйга боргач, бу саргузаштларни ёзсам, қизиқ чиқадигандай туюлади. Аммо, китобхон учун бу мутлақо кулгили нарса бўлиши эсимга тушади ва ҳафсалам пир бўлади, ғашланаман. Сўнг бу ёнғоқзордан тезроқ чиқиш, Дўғобадаги бирон хонадонга кириб тинчиш ва бир пиёла кўк чой устида ҳозирги саргузаштларимизнинг қизиқ ҳам кулгили эка-ни, саёҳатларнинг шунақаси ҳам бўлиши кераклиги хусусида сўзлаб, Сафо аканинг кўнглини олиш — фикр-ёдим бўлиб қолади...

Лекин, биз Дўғобага бормадик.

Иўлда баланд ўт босиб кетган бир ялангликдан ўтаётгандик, сўл томонимиздаги катта харсанг тошлар орасидан ўсиб чиққан ёнғокдар томондан шатир-шутур товуш эшитилиб қолди. Эшаклар пишқириб, қулоқларини диккайтиришди. Мен милтиқни ўқталиб, фонарни тутдим.
— Чироқни олинг, чироқни! — деди кимдир бўғиқ, кулгили товушда. Фонарни четга бурдим. Одамнинг ўт устида судралиб келаётган чопон этакларини ва белбоғидан ёнига осилиб тушган пичоқ қини билан сарғиш попукларини кўрдим.

Нотаниш одам рўпарамизга келиб тўхтади.
— Адашдиларинг дейман-а? — деди у, гўё бизнинг адашганимиздан чексиз мамнундай. — Мен қирнинг тепасида эдим. Чироқларингизни кўрдим. Геологми деб хаёл қилган эдим. Йўқ, тўхтаб орқага қайтдиларинг. Булар адашиб юрипти-я деб ўйладим.
— Илгари шу ердан йўл бор эди, — дедим.
— Ҳа, йўл бор эди, — деди у. — Ҳозир тепадан юришади. Гумматака боряпсизларми?
— Гумматака боряпмиз.
— Ҳайданглар бўлмаса. Бу ерда тепага чиқадиган сўқмоқ бор. Буни қаранглар-а. Чироқларингни кўрмасам, мен ҳам индамай ўтиб кетаверар эканман-да. Ҳайданглар!

У йўл бошлади. Биз эшакларни ҳайдаб, унга эр-гашдик. Ким билади, биз юраётган ҳозирги ерлардан яқин йиллар ичида бирон шаҳарлик юрганмикан. Ёнғоқ япроқлари шунчалик устма-уст, қалин тушганки, биз гўнг устида юриб бораётганга ўхшаймиз. Димоғимизга аччиқ, эски хазон ҳиди урилади. Бора-бора дўнгликнинг тепасига чикдик. Юзимизга муздек шабада урилди. Осмонда сонсиз юлдузлар чақнаб кўринди.
— Хайрият-э, — деди Сафо ака. — Бу ер нақ жаҳаннамнинг ўзи экан, биродар.
— Ҳечқиси йўқ, — деди йўловчи. Сўнг сўқмоқ ёқасида турган оқиш нарса томонга кетди. Фонарни тутдим. Устига икки қопда нимадир ортилган оқ эшак қулоқларини диккайтириб, бизга қараб турарди.
— Бойсунга боряпсизми? — деб сўрадим мен но-таниш одамдан.
— Жун союзга, — деди у. — Жун топшираман. Гумматакда ошналаринг борми?
— Бор. Ахтамов уйидамикан?
— Йўқ. Ахтамов овулда. Кўчиб тушгани йўқ ҳали.
— Овули қаерда?
— Гумматакдан нари. Хийлагина бор. Тунда у ёққа юриб ўтирманг. Йўллар ҳам ўзгариб кетган. Яна адашишларинг тайин. Гумматакда қўна қолинглар. Битта-яримта хонадон бор. Эрта билан чиқиб борасизлар.
— Раҳмат. Шу сўқмоқ Гумматака олиб борадими бизни?
— Ҳа. Ўзи олиб боради. Хўш энди.
— Хўп, хайр. Раҳмат.

У эшагининг бўйнига тиззасини қўйиб, қоплар ўрта-сига миниб олди. Их-ихлаб кетди.

Йўлга тушдик. Тошлоқ йўл. Эшаклар олдинда. Энди уларнинг ҳам қадами илдам. Гоҳо туёқлари остидан чирсиллаб учқун учади. Бу йўл ёнғоқзор ичидан ўтган йўл билан жар лабидаги кекса туғдона тагида туташаркан. Илгарилари Гумматака келганимда, шу дарахт тагида тўхтаб, қишлоққа қарардим. Паст-баланд писта, тоғолча, ўрик ва ёнғоқ дарахтлари орасидан орқа девори тошдан кесиб ясалган гувалак уйлар ва улар олдида тикилган ўтовлар кўринарди. Бирпасда уларнинг сезгир итлари ҳуриб чиқар, то эгасининг ҳукмдор овози эшитилмагунча йўлни тўсиб, қишлоққа йўлатмасди.
— Шу ер Гумматакнинг боши, — дедим Сафо акага.
— Гумматакда тунаймизми энди?
— Тунаш керак. Бошқа чора йўқ.
— Чироқлари кўринмаяптими?
— Кўриниб қолар. Дарахтлар қалин. Пана қилади. Соат неча бўпти? — Фонарни ёқиб, ўзимнинг билагимга, сўнг у кишининг билагига тутдим. Бу ернинг вақти билан ўн бир ярим бўлган эди. Тошкент вақти билан ўн икки ярим.

Сўқмоқ тупроқ йўлга тушди. Лекин, чироқ ҳамон кўринмасди.
— Одамлар овулда нима қилишаркан-а?
— Беш-тўрттадан моли бор. Боқиб юришади.
— Давлатга фойдаси тегмайди-да буларнинг?
— Нега? Колхознинг чорваси ҳам шуларда. Кузда бўлса, меваларнинг ҳосилини йиғиб олишади. Ғалла ҳам экишади. Давлатга фойда беради булар ҳам.
— Қанча одам яшаркан шу қишлоқда?
— Кўп бўлса, беш-ўн хўжалик. Илгари кўп бўлган. Лекин, кўчиб кетишган. Янги очилган совхозларнинг кўпчилик одамлари — тоғликлар.
— Чироқ кўринмаяпти-я?
— Кўриниб қолади.
— Тасаввур қиласизми, тунни эсимдан чиқарган эканман. Шаҳарда тун нима, кундуз нима билиб бўлмайди. Кейин қулоғим ҳам битиб қолганга ўхшайди. Қаранг жимжитликни... Бу ердагилар эрта ухлашадими?

Ниҳоят, тиғиз дарахт шохлари орасидан юлдуз қуртдай йилтиллаб, нур кўринди. Иккаламиз ҳам бараварига «чироқ-чироқ» дедик.

Чироқни қоралаб, йўлдан чиқдик. Чироқ қаршимизда ястаниб ётган катта ялангликнинг четига тикилган ўтовда ёнар, чий оралиқларидан ситилиб чиқарди. Ялангликни сув босган экан. Уни четлаб, ёш толлар таги билан уйга яқин бордик.
— Чақириб сўранг, — деди Сафо ака.
— Тўғри кириб борамиз. Бу ерда шунақа таомил, — дедим.
— Майли энди, сўраб боқинг. Тўғри келмас...

Милтиқни елкамга осиб олдим. Рўпарамдан отилиб чиқиши керак бўлган кўппакни ҳайдаш учун халачўпни қулай ушлаб, уй тагига бордим. Уйнинг эшиги йўқ, у деворларига таппи ёпиб ташланган бостирма эди. Ўтов эса бостирманинг устида, наридаги пешайвони биз томонга қараган уйнинг олдида тикилган эди.
— Ҳов, бой бобо! — деб чақирдим. Жавоб бўлмади. Яна чақиргандим, ўтовдан ўн ёшлардаги бир бола чиқиб, том лабига келди, қўлини тиззасига тираб, менга қаради.
— Отанг уйдами?
— Товга кетган, — деди у.
— Ким бор уйларингда?
— Энам.
— Бошқа ҳеч ким йўқми?
— Мен бор.
— Сени-ку, кўриб турибман. Бу атрофда сизлардан бошқа одам ҳам яшайдими?
— Йўқ. Ҳамма овулда, — деди у.
— Отанг келмайдими бу кеча?
— Билмайман. Энам билади.
— Энангдан сўраб чиқ. Шу кеча бизга жой бермайдими? Эрта билан кетардик. Икки кишимиз.

Бола орқасига қайтиб уйга кирди-ю, йўқолиб кетди. Ниҳоят, фонус кўтарган аёлга эргашиб чиқиб келди. Фонус ёруғида аёлнинг кўйлаги қизил эканини кўрдим. Аёл кенг енги билан фонусдан кўзини пана қилиб:
— Саломалайкум! — деди паст товушда.
— Ваалайкум, — дедим. — Кечирасиз, безовта қилдик. Ахтамовнинг уйига келган эдик. Ошнамиз бўлади у киши. Овулдан ҳали қайтмаган эканлар. Овуллари узокдамиш. Шу кечага жой берсангиз, ётсак. Биз икки кишимиз.

Хотин жавоб бермади.
— Мен ўзим Бойсундан, — дедим. — Ўртоғимиз Тошкентдан. Гумонсираманг.
— Шундай-ку, — деди аёл ниҳоят. — Эркагим йўқ. Бўлмасам...
— Эшитдик укамиздан. Лекин, бошқа бир гап ҳам бор: тошкентлик меҳмонимизнинг андак мазаси қочиб қолди. Йўлда шамолладиларми, билмайман. Ҳарҳолда, шаҳар одами...
— Ундай бўлса, тушинглар, — деди аёл. — Чорижон, бор, кўликларини ол.

Хотин фонусни шу ерга қўйиб, қайтиб кетди. Чори пастга кичкина арча ёғочидан қилинган нарвон узатди. Нарвоннинг оёғидан ушлаб, ерга қўйдим.

Чори пастга тушгач:
— Саломалайкум, — деб, бир елкасини пасайти-риб кўришди. Унинг кичкинагина қўли ниҳоятда қаттиқ эди. — Ошнангиз қани?
— Ана. — Фонарни унга тутдим. Чори катталардай ҳаллослаб Сафо аканинг олдига борди. У киши билан ҳам кўришди. Мен ҳам бориб Чорига кўмаклашдим: эшаклардан хуржун ва чопонларни тушириб, айилини бўшатдик. Чори эшакларни тушовлаб, ялангликнинг нариёғига ҳайдаб кетди. Биз чекишиб, уни кутдик. У қайтиб келиб:
— Ўтинглар, — деди ва битта хуржунни кўтариб олди.

Томга чиқиб борганимизда ерга сариқ гулли кигиз солинган, узун якандоз ва иккита қуроқ лўла болиш ташланган эди.

Чори хуржунни ёнимизга қўйиб, ўтовга кетди.

Сўнг одатдагича шол дастурхон келди: бир товоқ қаймоқдай қўй қатиғи, бир жуфт катта уй нони, бир косада қовурдоқ, бир косада оқ пишар ўрик билан пахтасеб олма, бир қумғон чой.

Чори рўпарамизда чўққайиб ўтирар, бошини у ён-бу ёнга солиб, бизни томоша қилар, аммо, на таомга таклиф қилар, на ўзи қўл урарди дастурхонга. Лекин, биз буни кўнглимизга оғир олмасдик. Чунки, унинг ўрнида отаси бўлганида ҳам шундай қилган бўларди. Бироқ, емасак-ичмасак хафа бўлади бу одамлар.
— Келмади-ю хўжайин? — деди Сафо ака менга.
— Кеп қолади, — дедим мен. — Чорибой, отангиз ким бўлиб ишлайди?
— Ўрмонга ахраник, — жавоб берди у, боши билан орқасига ишора қилиб.
— Бу аёл онангми?
— Энам.
— Қўрқмайсизларми икковларинг?
— Нимадан қўрқамиз? — илжайди у. Шу пайт эшакларимиз ҳанграб юборди. Чори ирғиб туриб, том лабига борди. Қўлини тиззасига тираб, қоронғиликка тикилди ва қайтиб келди.
— Нима? — дедим.
— Ҳеч нарса. Ўзлари, — деди.
— Бўриям борми бу атрофда?
— Бор. Келса, эшаклар ҳанграб билдиради.
— Нима қилдик энди? Дам оламизми? — деди Сафо ака.

Чори туриб кетди. Биз ҳам ўрнимиздан туриб, четроққа чикдик, чекишиб, атрофни томоша қилиб тур-дик. Бу ердан Бойсун чироқлари юлдуздай милтиллаб кўринарди.
— Ҳув кўринаётган чирокдар Бойсунники, Сафо ака.
— Неча километр чиқади орамиз?
— Ўттиз.
— Ўттиз километрни босиш учун бир ярим кун юрдикми-а?
—Ҳа.
— Самолётда неча минут босардик?

Биз шунга ўхшаш гаплардан гапиришиб турдик. Аёл кўрпа-ёстиқ чиқариб, бизга тескари туриб, ўрин солди.
— Сизниям безовта қилдик, — деди Сафо ака аёлга, у кетаркан.

Аёл жавоб бермади.

Тўшакдамиз. Кўрпанинг устидан гилам ташланган. Кечаси бу ерлар совуқ бўлади. Чалқанча, осмонга қараб ётибмиз. Осмон тўла юлдуз. Кўз қамашади, жимир-жимир. Сомон йўли юлдузлари бошимиз устидан ўтиб, оёқ томонимиздаги қоп-қора тоғнинг орқасига эгилган. Осмоннинг гоҳ у ерида, гоҳ бу ерида юлдуз учади. Учига кичкинагина тош боғлаб отилган бир қатим оқ ипакдай. У учиб бораётганида, гўё думидан бир аланга тушади-ю, то манзилига етгунча уни ёндириб кул қилади.

Том устига эгилиб турган тоғолчанинг қип-қизил мевалари ва япроқларида ўт шуъласи ўйнай бошлади. Бостирма биқинида ўт ёнарди.
— Роса чарчабмиз. Бу кеча шу ерда тунамаганимизда бўлганимизча бўларканмиз.
—Ҳа.
— Лекин, хўжайиннинг келмаётгани яхши эмас.
— Кеп қолади. Пастда бир нарса пишираётганга ўхшайди-я.
— Хўп, ухладик.
— Ухладик.

Шу пайт оёқ томонимдан шарпа эшитдим. Чори рўмолга тугилган бир нарсанинг учидан чимдиб ушлаб, оёқ учида юриб келарди. У Сафо аканинг ёнига ўтди-да, у кишига бир нима деди.
— Нима бу? — деди Сафо ака.
— Қум. Иссиқ қум, — деди Чори. — Шамоллаганни яхши қиларкан.
— Менга бер, бу ёққа келтир, — дедим. Қумни олиб, кўрпанинг тагига солдим ва баданимдан холисроқ қўйдим.
— Шамолладингизми? — сўради Сафо ака.
— Ҳа, — дедим. — Биқиним санчиб қолди.
— Ёнғоқзор зах экан.
— Раҳмат, Чорижон, — дедим.
— Совуса, мени чақиринг, — деди.
— Раҳмат. Шунинг ўзи билан яхши бўлиб қоламан. Чори кетди.

Тоғнинг ўркачи оқара бошлади. У ерда ғўдайиб турган арчаларнинг қораси кўринди. Сал ўтмай, арчанинг орти сарғайди ва бир чеккаси уваланиб кетган ой чиқиб келди. Унинг ёнида Зуҳро юлдузи теварагида бир қанча юлдузлари билан ярқиллаб нур сочарди. Ой унга яқинлашгани сари Зуҳронинг ҳамроҳлари аста-секин ғойиб бўла бошлади. Ниҳоят, ўркачда яшнаб, ой билан Зуҳро қолди. Бир оздан сўнг эса, тоғ тарафдан най чалгандай чўзиқ-чўзиқ, ёқимли бир овоз эшитила бошлади.
— Нима сайраяпти? — чўчиб сўради Сафо ака.
— Ҳилол, — дедим. — Жуда камёб қуш.

Қалбим ҳаяжонга тўлиб, бутун вужудимга ёйилди ва элитди мени.

Кўзим энди илинган экан, кимдир кўрпа устидан туртди. Қарасам, Чори. Энгашиб турипти.
— Қумни беринг, энам иситиб берадилар, — деди у.
— Керак эмас, тузалиб қолдим, — дедим. Бола қайтиб кетди ва тағин келди.
— Берар экансиз.
— Мен тузалиб қолдим. Раҳмат де, энангга.
— Йўқ, беринг.
— Ҳали иссиқ, мана, ўзинг кўр.

Олиб унга кўрсатдим. Қум ҳақиқатан ҳам илиққи-на эди. Лекин, у на қўлини тегизди, на қайтиб кетди.

Ноилож қумни узатдим. Сал ўтмай, олча шохлари-да яна нур ўйнай бошлади. Сафо акага қарадим. У киши бир текис нафас оларди. Ухлаб қолган. Астаги-на ўгирилиб, болишни кўкрагимга тортдим-да, чўзилиб, бўғотдан пастга мўраладим.

Тошўчоқ ёнида қизил кўйлакли бояги аёл — чиройли бир келинчак ўтирар, арча бутоғи билан ўчокдаги ўтларни ковлар эди. Қизғиш биққи билагидаги кумуш билагузук ўтда товланяпти. У эснаб, бирдан сесканиб тушди ва тоғ тарафга қаради. У кулча юзли, ниҳоятда оқ, қошлари эса қора, дилбар жувон эди. Қонига тожик қони аралашган тоғли қизларгина шундай бўлади. Айтишларича, бу ердан йигирма километр ичкаридаги, икки тоғ оралиғида жойлашган Сангардак қишлоғини «Парилар макони» дейишаркан қадимда. Шундай гўзал бўларкан у ернинг қизлари. Лекин, чет йигитларга қиз беришмайди. Хосиятсиз бир иш бўлармиш... Жувон яна ўчоққа ўгирилди-да, капгир билан қозон ичидаги масаллиғни ковлай бошлади. Қозонда қум қовуриларди. Шунда кўзим бирдан унинг хиёлгина очилиб қолган ёқасига тушди-ю, тезгина бошимни тортдим. Ён-веримга кўз ташлаб, кўрпага бурканиб олдим.

Чори шу кеча яна икки марта қумни мендан олиб кетди. Ухлай олмадим. Бир ёкдан баданим қумга тегса жизиллаб куйдиради, иккинчи ёкдан ўй кемиради.

Тонг отай деганда қулоғимга отнинг кишнаши эшитилди. Бошимни кўтариб қарасам, бостирма пастида милтиғининг милини қуйига қаратиб елкасига илиб олган дуркун бир йигит қора отдан тушяпти. Ўтовга қарадим. Эшик оғзида аёл, қўлларини кўкрагига алла-нечук қовуштириб, йигитга қараб турипти. Аёл уйга қараб, бир нима деди. Каловланиб Чори чиқди, йигитни кўрди-ю, нарёқдаги тош зинадан ирғишлаб тушиб, унга отилди. Йигит уни тортиб, елкасига уриб қўйди ва эшикларни кўрсатиб, бир нима деди. Чори ҳам бир нима деб, биз томонга ишора қилди. Йигит биз томонга қаради. Мен кўзимни юмиб, юзимни болишга босдим. Кўзимни очиб қараганимда йигит кичкина хуржунни билагига осиб, қамчин билан кирза этикларининг қўнжига уриб-уриб келар, Чори отни етаклаб, эшаклар тарафга кетарди. Йигит зинадан югургилаб чиқиб, хотинга рўпара бўлди. Унга ўткир бир тикилди-да, хуржунни тутқазиб уйга кирди. Хотин ҳам унинг изидан кирди. Мен ҳаяжон ичида нималар бўлишини кутдим. Лекин, мен кутганимни эмас, кутмаганимни эшитдим: йигитнинг дағал кулгисини ва хотиннинг нозли овозини. Бир пайт йигит ўтовдан чиқиб, уй орқасига ўтиб кетди. Сал ўтмай, семиз бир тўкдининг бўйнидан ғижимлаб ушлаб қайтиб келди. Биз тўшакдан турганимизда қўй сўйилиб, ўтовга киритилган эди. Сафо ака уйғонибоқ:
— Эри келдими? — деди.
— Келди, — дедим мен кулимсираб.
— Қалай? Жанжал қилмадими?
— Қайдам! Ҳали кўрасиз!

Чори келиб, бизга салом берди. Кечаги қумғондан қўлимизга сув қуйиб турди. Ювиндик. Энди артиниб бўлган эдик, ўтовдан жилмайиб йигит чиқиб келди. У ўттиз ёшларда эди.
— Келинглар, меҳмонлар, — деди у. — Яхши ухлаб турдингларми ?
— Раҳмат. Ўзингиз яхши келдингизми? — сўради Сафо ака.
— Энди бизнинг юришимиз шу.
— Кечирасиз. Биз бемаҳалда келдик. Безовта қилдик оилангизни.
— Э, безовтаси борми! — менга қаради йигит. — Тузалиб қолдингизми?
— Раҳмат. Келинойим қум қизитиб бердилар.
— Кеча ёнғоқзорда адашиб юрган сизлар эмасми?
— Биз, биз, — дедик ҳайрон бўлиб.
— Мен кўриб эдим, — деди йигит. — Тоғда эдим. Чироқларингизни кўрдим. Ўша ерда қўнганларингда етиб борардим. Кейин орқага қайтдиларинг. Булар Дўғобага кетди деб ўйладим.
— Бормадик. Бир одам йўлга солиб юборди. Бу ёққа келдик. Лекин, бу кишининг дўсти ўртоқ Ахтамов ҳам ҳали овулда эканлар.
— Яхши қилибсизлар шу ерда қолиб. У ёққа жўнасаларинг, яна адашардинглар.
— Келинойимиз яхши қабул қилдилар. Раҳмат.
— Лекин, касал бўлганларингиз қўл келибди, — деди йигит. — Бўлмасам, қўймас эди уйга. Хотин халқи ўзларингга маълум-у. Қани, уйга кирайлик.

У бизни барча расм-русуми билан меҳмон қилди. Жўнаш олдидан мен уларни суратга туширдим. Лекин, эри ҳар қанча зўрласа ҳам, хотини юзини очмади.
— Керак эмас, керак эмас, —деди у.

Чори бўлса, отасининг қўлидан маҳкам ушлаб, кўзларини лўқ қилиб қараб турди. Суратни олиб бўлгач, у дам отасига, дам онасига илжайиб қўйиб, олдимизга келди-да, уялинқираб тураверди.
— Ҳа? — дедим.
— Беринг энди, — деди у.
— Нимани?

Қўлимдаги фотоаппаратга ишора қилди.
— Суратни.

Ҳаммамиз кулиб юбордик.
— Ҳозир тайёр эмас. Уйга борганда ишлаб юбораман, — дедим, — Ўқийсанми?

Чори иккита бармоғини кўрсатди.
— Дўғобага отда қатнаб ўқийди, — деди йигит.

Хайрлашдик. Йигит бизни баланд яйловда бир тўда оқ ўтовлар кўрингунча пиёда кузатиб борди. Сўнг:
— Ахтамов шу ерда, — деди. — Энди бу ёғига адашмайсизлар. Менинг ишим бор. Кечқурун ўтиб бораман. Хайр.

Йигит бурилиб кетди. Бирпасда арчали дўнг орқасига ўтиб, ғойиб бўлди. Биз биттадан чекишдик.
— Кеча мени касал деганингиз учун жой берганмиди? — сўради Сафо ака.
— Ҳа, — дедим. Сўнг қийналганим, ухлай олмаганимни айтдим.

Сафаримиз тугаб, Тошкентга қайтиб келгач, саёҳатларимизни эслаб, бир неча бор гурунг қилдик.

1965