OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШукур Xолмирзаев
Асар номиОлма емадим (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шукур Xолмирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм9KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Олма емадим (ҳикоя)
Шукур Xолмирзаев

Тоғдан қайтиб келаётган эдик. Мен, яна учта ошнам. Ҳаммамиз эшакдамиз. Ола Чопон қишлоғига кирдик. Одамлари янги ерларга кўчиб кетиб, уйлари ҳувиллаб қолган. Томлари бузилиб, ёғочлари ҳам ташиб ке-тилган. Мол ўтмайдиган баландликдаги деворлари ҳам нураган, боғ ичидаги олма ва тоғолчалар эса пишиб ётибди.

Сой ёқалаб, деворларнинг ёнидан бораётган эдик. Ошналаримнинг бири — шўх, шум, тиқмачоқдай Ҳабибулла:
— Пича олма олмаймизми? — деб қолди. Таклиф бошқаларга ҳам маъқул бўлди. Эшаклардан тушдик.
— Xуржунларни олинглар. Уйга ҳам элтамиз. — Бу таклиф ҳам бошқаларга маъқул бўлди. Xуржунларни олиб, бири елкасига ташлади, бири билагига осди. Мен эсам, эшагимнинг калта ёлидан ушлаб, уёқ-буёққа қараб туравердим. Нима бўлса ҳам, бу иш — ўғирлик-да...
— Ҳа? — деди Ҳабибулла.
— Мен эшакларга қараб тураман, — дедим.
— Эшакларни бўри ейдими, юравер.
— Боргим келмаяпти...
— Эриняпсанми? — деди Мўмин.
— Йўқ...
— Бировнинг нарсасига тегишни ёмон кўради бу киши, — деди кесатиб Ҳабибулла, сўнг бир шумликни ўйладими, тиржайди: — Кўрамиз ҳали, кўрамиз...
— Ҳа, ёмон кўраман, — дедим мен. — Бормайман.

Ҳабибулла бошлиқ болалар тош девордан ошиб, қовжираб ётган ўт-ўлан ичига тушишди. Кейин сакраб-сакраб олмазорга кириб кетишди. Мен, ўтлар ичида илон-пилон йўқмикин, деб уларнинг ортидан қараб турдим. Кейин эшагимнинг нўхтасига боғланган қилчилвирни оёғим остига босиб, тошга ўтирдим. Сой ўртасидаги сувдан холи ерда ўсиб, харсанглар устига ёйилиб ётган ёввойи узумни, қишлоқ уйларини томоша қилдим.

Девор ортида ўт шитирлади. Ўрнимдан турдим. Ошналарим хуржунларининг кўзини тўлдириб, биттадан олмани тишлаб илжайиб келишарди. Бирин-кетин менга кўз қири билан қараб, девордан ўтишди.

Ҳабибуллага қараганда Мўмин менга яқинроқ. Қўшни бўлмасак ҳам, бирга юрамиз. Мактабда пряник олсак, бўлиб еймиз. У хуржунини эшагига ортаркан, бир палласини очди.
— Ол, пахтасеб.
— Емайман, бу ўғирлик, — дедим.

Пахтасеб — олманинг бир тури. Кичкина, сарғиш бўлади. Лекин, жуда мазали, серсув.

Жўнадик.

Йўл тор: бир томон девор, бир томон сой. Тизилишиб кетяпмиз. Орқада мен. Олдинда Ҳабибулла. Шартлашиб олишганми, бараварига олма тишлашади. Пўчоғини бўлса, олдинга чўзилиб, эшакларининг оғзига солишади...

Сой биздан узоқлашиши билан, эшагимни ниқтадим. Олдинга ўтдим. Қаршимизда Жирғоти деган довон бор. Баланддиги уч километрча келади. Эшакнинг елкасини халачўпнинг учи билан қитиқлаб, ҳайдайвердим. Кун қизиб келаётганди. Майли, бир оз юрай, кейин эшакдан тушаман. Арчазор бошланади. Соясидан кетавераман.

Бир пайт орқадан Ҳабибулла:
— Буёқдан борамиз, — деди.

Қарасам, эшагини довоннинг битта ҳам тиккайган дарахти йўқ яланг томонига буряпти.
— Нима қиламиз буёқдан юриб?
— Овул бор, қатиқ ичамиз.

Қатиқ... Қатикдан ким юз ўгиради? Ҳадемай кун қизиб кетади.

Индамай, эшакни изига қайтардим. Улар яна олдинда, мен орқада. Яна улар олма еб, пўчоғини эшакларининг оғзига тиқиб боришяпти.

Довоннинг ярмигача бордик. Лекин, овулдан дарак бўлмади. Чанқай бошладим... Кун қизиб кетди. Теваракда сув деган нарса йўқ...
— Овул қани? — дедим Ҳабибуллага хўмрайиб қараб.
— Йўқ, кўчиб кетишибди, — деди у бепарво ва қарсиллатиб яна битта пахтасеб олмани тишлади. Рости, оғзимнинг суви келди.

Довоннинг тепасига етишимизга беш юз қадамча қолганда ҳолдан тойдим... танглай ўлгур қуриб, тилим оғзимда айланмай қолди. Улар бўлса, ҳамон пишиллаб, олма ейишади.

Эшакка ўрнашиб ўтирган киши бўлиб, Мўминга қарагандим, унинг юзидан менга ачинганини пайқаб қолдим. Дарҳол кўзимни қисдим. Бир майизни икки бўлиб ейдиган Мўмин дўстим фикримни пайқади. Аста-секин эшаги менга яқинлашиб келди.

Мўмин биқинимга туртди. Унга қарамай, орқа чўнтагимни ковлаётган кишидай, қўлимни секин узатдим. Муздаккина, силлиққина олма қўлимга тегди. Шартта чангаллаб олдим-да, ҳеч нарса бўлмагандай, эшакни ҳайдайвердим. Аъзойи баданим билан Ҳабибулланинг кулгисини, таънасини кутдим. Гапларига қулоқ солдим. Йўқ... Бошқа мавзуда... Сезмабди... Иягимни қашимоқчидай бўлиб, олмани секин оғзимга элтдим... Карс... Шум бола кузатиб келаётган экан:
— А-ҳа! — деб юборса бўладими.

Болалар кулиб юборишди. Туф, деб ташладим оғзимдагини. Қўлимда қолган қисмини ҳам ерга урдим. Титилиб кетди. Эшагим тумшуғини чўзган эди, унинг ҳам бўйнига халачўп билан туширдим.
— Қандай бўларкан? — деди Ҳабибулла.
— Емайман, емайман! — дедим.
— Кўрдик емаганингизни.
— Емадим!
— Ҳа-ҳа... Ўғриликни единг-ку?

Анча жанжал бўлди. Кейин болалар иккаламизни яраштиришга тушиб кетишди: «Ҳазил», «келишган эдик», дейишди. Охири Ҳабибнинг ҳам аччиғи чиқиб кетди: «Нима, беш-ўн кило олма билан ҳукуматнинг давлати камайиб қолдими? Шу олма билан биз ўғри бўлиб қолдикми? Одамлар есин деб экишган-да! Қоровули бўлсаки... Аҳ!»

Мен қулоқ солмадим. Пиёда юриб, эшагимни ҳайдаб кетдим. Довонга чиқиб олдим. Ўзимга энди жуда алам қилди: «Чиқиб олдим-ку? Ўлмадим-ку? — деб ўйладим. — Нега чидамадим? Нега ҳеч кимдан сўрамасдан олинган олмани оғзимга солдим. Чидаш мумкин экан-ку? Демак, киши тўғри яшай олади...»

1965