OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШукур Xолмирзаев
Асар номиОмон овчининг ўими (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шукур Xолмирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм52KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Омон овчининг ўими (ҳикоя)
Шукур Xолмирзаев

У ўзи ҳам ўлиши мумкинлигини ўйламасди. У ўлдиришни... ҳайвонларни, паррандаларни, хуллас, Олатоғда ов қилишга арзирли ўлжа борки, у қўлига милтиқни олиши билан ўзи англамаган ҳолдд, улардан ниманидир отиш — ўлдиришни ўйларди. Баъзан, масалан, кийик овига кетаётган бўлса, йўлида дуч келган каклик, чилларни ҳам аямасди. Зағизғону чўпон алдағич қуши учраса ҳам тирик қўймасди.

Мабодо овдан қўли қуруқ қайтса — бундай воқеа жуда кам бўларди — у бамисоли отаси ўлгандек аза тутар, қовоғи очилмас, шунда хотини ҳам кўзига ёмон кўриниб, бечора бирон-бир етишмовчиликдан зорланса, у: «Жонга тегдинг-ку сен ҳам!» дея милтиқни қўлга оларди...

У одам отмаган, бироқ ундан кўплар қўрқишарди, уни ёлғиз учратганда хушомад қилишар, гавжум жойларда унга ялтокданиб ови барор олиб турганми эканини сўрашарди. Омон совуққонлик билан қисқа жавоблар берарди.

Унинг отаси Раҳмон полвон қирқ ёшида ҳам курашда йиқилмаган, кейин бир ўрта яшар ўртача полвон бир қоқмада йиқитиб қўйганида — дарди шунчаликки, омборга бўйра тўшаб, устидан сув сепиб, унга бағрини бериб ёта-ёта олдин йўтални орттириб, кейин қон қуса-қуса ўлиб кетганди.

У киши Омонга ўн уч яшарлигида, «индамас» милтиқ — мелкоколибр милтиғи олиб берган, Омон биротар ов милтиғида эмас, шунда қуш отишни ўрганган, шу тариқа ўткир мерган бўлиб етишган эди: у болаликдан ёввойи қушу ёввойи ҳайвонлар отиш ва ейиш учун яратилган деб ўйлар, ҳар қандай овчида ҳам маълум бир ёшда пайдо бўладиган раҳмдиллик унда ҳамон уйғонмас, чамаси, унинг юраги ҳам бақувват кўкрагидек қаттиқ эдики, бунинг сабабини эҳтимол унинг отасига хос жиҳатлардан излаш мумкин.

Улар Олатоғ бағридаги уйлари бир-бирига мингашгандек кичкина қишлоқда яшарди. Атрофда ундан бўлак қишлоқ йўқ, раён маркази саккиз чақирим этакда эди.

Мактабда бегоналар орасига тушиб қолгандек ҳар куни марказга тушишда саккиз чақирим, қайтишда саккиз чақиримни босиб ўқиган Омон ўша пайтларда расм бўлган ҳарбий дарсга қатнашиш учун мактабга борадиганга ўхшар, чиндан ҳам унинг бошқа фанларга қизиқиши йўқ, ҳарбий дарсда — отишдан ўқитувчини ҳам йўлда қолдирарди.

У ҳарбий хизматга борганида ҳам шу жиҳати билан дарҳол машҳур бўлиб кетган, уларнинг қисмлари ўрмонга яқинмасмиди, офитсерлардан овга ишқибозлари Омонни эргаштириб олар, Омон рус ўрмонида лос, айиқ отишни ҳам шу асно ўрганган, русак қуёнларини отиш — унинг учун эрмак эди.

У ҳарбийдан қайтган йили отаси қазо қилиб, Омон унинг ишини олди: қишлоқчага туташ саккиз гектар ўрикзор бўлиб, отаси Раҳмон полвон унга қоровул, айни чоғда унга боғбон ҳам эди.

Икки йилдан кейин онаси уни уйлантирди. Онани ҳам тупроққа топширган йили ўғил кўрди.

Ўғли тўққизга қадам босганда...

... Омон бир куни овдан қуруқ қайтди: Зовбошида бир қобон, бир мегажин ва ўнтача чурпани камарга қамаб чиқишини кутиб ётган эди, тепада геологларнинг вертолёти пайдо бўлди-да, нақ камар устига пасайиб шундай шовқин кўтарди, шамоли жони қаттиқ арчаларни ҳам титратдики, қамалдаги чўчқалар сел босгандай ваҳимада чиқиб, худди Омон писиб турган арча тагига ўзларини урди. Омон каловланиб, арча орқасига ўта олди, холос. Чўчқалар одамнинг белига урадиган миязорга оралаб, илонизи йўл қолдириб кетипди. Омон биринчи марта ўзини ўқ бўшатишдан тийди: бундай пайтда ўқ қобонга тегадими, боласига тегадими — бўлди, қобон бурила солиб, овчига ҳужум қилади.

Омоннинг таъби хира бўлиб, қишлоққа қайтгандиди.

Хотини сигир соғдирмаётганидан койиниб эди, Омон ўзи хурмани олиб, сигир тагида чўнқайди. Энди елинни ушлаганини билади, сигир бир қимтинди: оёғи кўзани уриб, чил-чил қилди. Омон ўрнидан туриб четга чиқди. Сўнг хотиржам кавшанаётган ҳайвонга бирпас қараб турди-да, пичанга санчиб қўйилган паншахани олиб, сигирнинг белига икки туширди. Жонивор оғир мўраб юбориб, ётиб қолди: дир-дир титрайди.
— Вой, инакни ўлдирдингиз-э, бешафқат! — деб йиғлаб юборди хотини.

Омон миқ этмай раёнга тушиб кетди. Ёлғиз жўраси Ҳамдамни ошхонада учратиб, у билан кўк чой ичаётган эди, Омоннинг қисқа бўлса-да, бировлар учун қизиқ суҳбатига ишқибоз уч-тўрт йигит булар столига ўтишди.

Кейин даврага раён газетасидан бир мухбир йи-гит ҳам қўпшлиб:
— Омон ака, ҳайвонларга раҳмингиз келмайдими? Отар эмишсиз? — деди.
— Шу гапни айтган бекор айтипти, — деди Омон.
— Бўлмасам нималарни отасиз?
— Нимани отишимни истар эдингиз?
— Билмадим энди, масалан, қутирган ҳайвонларни, молга ўрганган бўрини, ишқилиб, одамларга шикаст етказадиган жондор борки, у ўлимга маҳкум...

Омон мерган сомсахонани тўсган тахта деворга бир нафас қараб турди-да, секин ҳикоя қилди:
— Бир куни Кунтегмасдан чиқсам, бир эшакли шудгорда чирқиллаб келяпти. «Ҳа?» дедим. Халачўп билан орқани кўрсатади: нима деганини тушунмайман. У ёққа қарасам, йўғонлиги болдирдай бир илон ўрмалаб келяпти. Отдим. Илонни кўзламай отсанг ҳам ўқ тегади, дейдилр. Бекор гап... Кўзлаб отдим. Илон жойида қолди... — Омон ниҳоят кулимсиради. — Уни отишим мумкин эди-я?

Муштумини иягига тираб тинглаётган мухбир ишшайиб:
— Йўгонлиги қандай дедингиз? — деб сўради.
— Болдирдай.

Мухбир у ёқ-бу ёққа қараб қиқиллаб кулди-да:
— Ие бу сиз аждаҳоларни ештан миллий қаҳрамонларимиз традитсиясини давом эттираётган киши экансиз-ку, ака! Сизни мақташ керак экан! — деди.

Нариги столдагилар кулишди. Омон унга ўқрайиб турди-да, пиёласидаги чойни унинг юзига сепиб юборди. Мухбир бошини эгиб қолди.
— Кетдик, — деди Омон Ҳамдамга.

Омон уйга қайтиб келганида, хотини тағин сигирни эслаб:
— Жониворнинг бир эмчаги шишиб қизариб кетган экан, менам билмаган эканман, — деди.
— Ўзи қалай?
— Овқат емаяпти.
— Сўямиз.

Омон эртаси куни сигирни сўйди. Бели синиб кетган экан. Ярим гўштни қўшниларга улашиб беришди, ярим гўштни қовуриб, хумга солишди.

Шундан кейин қишлоқда Омон сира кутмаган воқеа содир бўла бошлади: қўшнилар бирин-кетин жанубга — Бандихон чўлига кўчиб кета беришди: чўлқувар бўлиб... Омон уларни гангиб кузатар, бу қишлоқни, шимолдаги Олатоғни ва унда бор арчазорлару ҳайвон-паррандаларни ташлаб чўлга — пашша қайнаган қизириқ чўлга тушиб кетаётганларини ақлига сиғдиролмасди...

Қовунни кўриб қовун ранг олгани шуми — ҳадемай қишлоқ бўшаб қолди.

Бу энди қишлоқ эмас, сатти чордевор эди: томлари бузилган, ёғоч тўсинлари ҳам олиб кетилган. Тез орада у ерда каламуш ва сичқонлар кўпайди. Кейин эса уларнинг кушандалари бойқушлар кўпайди: баъзиси кундуз кунлари ҳам девор кемтикларида ҳурпайиб ўтирар эди.

Омон негадир буларни сира отмас, аксинча, уларни узоқ-узоқ томоша қилишни яхши кўрар, баъзан кечалари ташқарига чиқиб бойқуш сайрашини эшитганда — юрак сесканиши қайда! — паришонхотир бўлиб тек қоларди.

Шунда у бу тун қушларининг мунгли ҳамда нимаси биландир тунга ўхшаб кетадиган унларига аллақандай сингишар, гўё ўзи ҳам шу тунга, шу мунгли унга, бойқушга айланиб қоларди.

Уйда хотиннинг ғишинг-ғишинги кўпайган эди.
— Ёввойи одамларга ўхшаймиз... Сиз кетганда, кундуз куниям қўрқаман бу ерда... Ёш бола бир ўзи марказга қатнайди. Ҳадемай қиш киради...
— Мен ҳеч қаёққа бормайман... Мен ҳам шунинг ёшида қатнар эдим марказга... — деб қўярди Омон.

Бир кеча боёқиш жуда зорланди:
— Шамоллапти ўғлингиз. Ичирай десам, сут йўқ, томоғига малҳам бўларди. Тоғдаги жуваналарингиз инак бўлгунча косамиз оқармас экан...
— Хотин, чидасанг — шу, чидамасанг жўна! — деди Омон.

Хотин бир муддат бошини хам қилиб турди-да:
— Майли. Талоқ қилсангиз... — деди.
— Бор. Талоқсан, уч талоқ! — Сўнг айвонга чиқиб бирпас турди-да, қайтиб кириб, ўғлига: — Сен қол... Анавидай милтиқ олиб бераман, — деди.
— Менга милтиқ керак эмас, — деди бола.
— Бўлмасам, сенгаям катта йўл!

Эртаси Омон тажанг ҳолда овга кетди. Ёз ЭДИ. ПИшиқчилик. Ҳар қандай шафқатсиз овчи ҳам бундай пайтда тоққа чиқиб, энди жўжасини учирма қилаётган какликка ёки болалари муштдек бўлган қуёнга ўқ узмайди: уларнинг ҳам тирик жон, зурриёт қолдиришга ҳуқуқли эканини ҳис этишми бунга сабаб, балки не бир сирли туйғу уларнинг ҳам инсон қавмига яқин эканини сездирадими...

Омон овчи шу кетишда катта бир бургутни ҳам отиб, сўнг уни хўп томоша қилиб, кейин унинг худди беш яшар боланинг панжаларидек оқ-сариқ, биққи бармоқли оёқларини кесиб олиб, уйга қайтиб келганда бари жиҳоз ўз ўрнида, фақат хотин билан бола йўқ эди.

«Энам ҳам отамдан чиқиб кетган эди бир-икки марта. Кейин қайтиб келиб эди. Булар ҳам келади ҳали...» деб ўйлади у ва ғашланиб эслади: ўшанда у ҳар гал отаси ёнида қолар эди.

Кийик овларга чиққанда тўрт-беш кунлаб кимсасиз камарларда ётиб, пистирмаларда тунаб, ёлғизликка мутлақо ўрганиб кетган Омон мерган хотинсиз уйига ҳам кўникди. Боладан унинг кўнгли хотиржам эди...

Саккиз гектар чиқадиган ўрикзорга қараш, қишда қовус суви бериш, баҳор аёзларида чалма тутатиш, ёз бошида қуриган шохларини кесиш (бир микдор ўтин тўплаш плани ҳам бор) ва ҳосилини йиғиб, қоқи қилиб бериш ҳам Омоннинг бўйнида эди.

Ана шу — ўрикни қоқиб, туршак қилиш пайтида унинг иши кўпаяр, кунора раён марказига қатнашга мажбур бўларди. Чунки, совхоз одам бермайди. Одамни, яъни, ўрикни қоқиб терадиган ва бўйраларга ёядиган «ишчи кучи»ни у чойхоналарда валақлашиб ўтирадиган, кўча муюлишларида тўп-тўп бўлиб, текканга тегиб, тегмаганга кесак отадиган бекорчилар орасидан йиғиши керак. Яхшиям Омон овчининг ов саргузаштлари кўпларни қизиқтирарди: кўплари ҳикоя эшитиш учун келарди. Лекин ҳар кун эмас-да!..

Унинг бошига бир оғир кун тушди.

Шундан уч ой олдин у қоп-қоп туршакни машинага ортиб жўнатгач, ўзига тегишлисини ҳам бир машинага юклаб марказга тушди. Тайёрлов идорасига топшириб, пулини олди. Тентираб Ҳамдамнинг уйига борди.

У телевизор кўраётган экан.
— Ке, ке. «Ҳайвонот оламида» бўляпти, — деди.

Омон дўстининг хотини билан сўрашиб, кўрпачага чўкди. Рангли экранда Кавказ тизмаларидан бири бағридаги қўриқхона кўрсатилмоқда эди. Оч жигарранг ёнбағирда бир талай ёввойи эчкилар тизилиб турарди. Бошларини мағрур буриб, пастга қарашади. Пастликда тошқин дарёча оқяпти. Тепадан тош кўчди. Кийиклар дик-дик сакраб, ёнбағирни айланиб ўтиб кетишди. Кейин, уларни бошлаб юрган шохи гажак архар чўққида пайдо бўлди. Омон бу манзарага бир қадар ҳорғин кўз билан тикилиб тураркан, хаёлан архарни нишонга олди: «Бўйнидан отсам... Йўқ, ўқ ё куракка тегади, ё қулоғидан пастроққа... Оббо, бу ёққа бурилди-ку! Ўқ сирпаниб кетади...»
— Яхши-я! — деди Ҳамдам. — Ўзимизнинг кийиклардан фарқи борми?
— Йўқ, — деди Омон. — Лекин бизда кам қолди. Операторлар суратга олиб бўпти!.. Кейин, булар қўриқхонада экан, одамга ўрганган, қўрқмайди. Эчкига ўхшайди... Бизникилар жуда шар. Одамнинг исини бир кунлик ердан билади.

Ҳамдам дўстига чой қуйиб берди.
— Бу йил ҳам кийик овига чиқасанми?
— Чиқаман.
— Бир кийик учун беш юз сўм штарап тўлармиш... отган киши. Милтиғиниям олармиш... — Ҳамдам Омонга юзланиб ўтирди. — Сен бепарво бўлма у мухбирга. Орқангдан тушган, жўра.
— Ўлгиси келгандир. Отмаганим — одам эди... — Кейин Омон ҳам унга юзланди. — Милисанинг начайлиги нима деб эди сенга?

Ҳамдам унинг тиззасига урди.
— Яхшиям эслатдинг... «Сатти кийик гўштини Омон полвоннинг бир ўзи ейдими ё сизларни меҳмонгаям чақирадими?» деб эди. Уни меҳмонга чақирмаслик керак. Лекин Омон ке, таваккал-да, бир оқшом унинг уйига беш-тўрт кило кийик гўшти обориб ташла. Ҳозир эмас, кейин, отганингда-да. Ҳе, қишдами...
— Беш-тўрт кило гўшт нима бўлади. Бутунини обориб ташлайман.
— Майли-ю, Ҳамдам Омоннинг жўраси деб, қўйнимга қўл солиб кўрган бўлишиям мумкин...
— Оёғи синиб ётган экан, ҳаром ўлмасин деб, сўйиб олдим дейман...
— Ҳа, бу гапингам маъқул. У ер-бу ерини атай синдириб қўйсанг, а?
— Ўқ еган билан дарров ўлмайди. Шунда бирон жойига урсанг, қон уюшиб қолади. Сўйганингдаям билиниб туради... Кейин уриб синдиришдан фойда йўқ.
— Ў, сен биласан.

Ўриклар барги қонталаш бўлиб тўкила бошлаган, ёмғир савалаб турган кунларнинг бирида Омонни совхоз идорасига чақириб, Бондихонга — пахта теришга боришини маълум қилишди. Омон «Бондихон» номини эшитиб, оёқ тираб туриб олди: «У ёққа бормайман. Бошқа нима иш буюрсангизлар, қиламан... Майли, бошқа раёнга бор денглар, бораман», деди.

Ўрмон хўжалигига қараши лозим бўлган кўп жойлар, арчазорлар ҳамда ёввойи ҳайвонлару ов қушлари мўл бўладиган қир-адирлар вақти замонида совхоз чегараси ичида қолган, совхоз унга қоровул қўймас, бундай штат ҳам унда йўқ, шу хусусда област газетасида бир танқид — мақола босилган экан.

Совхоз директори шуни тилга олиб:
— Мана, ҳадемай қиш тушади, ука. Бу йил қиш қаттиқ келади деган гап бор... Совхоз ўз чорваси билан паррандасини бир амаллаб қишдан чиқаради. Анави ёввойилар қирилиб кетса, яна бошимиз балога қолади, — деди. — Шунинг учун, Омонбой, тоғда, хусусан бизнинг ерларимизда — қаерларда ҳалигидай ёввойи ҳайвонлар кўп бўлади, қаерда каклик, чил кўп бўлади, булар сизга маълум...

Хуллас, Омоннинг ёнига тағин бир кишини қўшиб берадиган бўлишди. Қиладиган ишлари: кийиклар бор жойларда битта-яримта охур ясаб қўйиш, какликлар сув ичадиган, демак, ўрганиб қолган булоқлари атрофини симтўр билан ўраш... токи уларга сочиб қўйиладиган донни ўткинчилар ташиб кетмасин.

Омон мерганга бу вазифа жуда маъқул тушди. Кейин ўйланиб сўради:
— Мен тўғримда ҳар хил гап юради, директор бобо... Шу жиҳатдан мени синаш эмасми бу?
— Инсофингиз бор-ку, ука, — деди директор. — Агар қўйни бўрига топшириб қўйди деб ўз билганингизни қилсангизам Худо бор-ку... Охири яхши бўлмаса керак.

«Нима бўларди! — деб ўйлади Омон. — Изимдан тушган одам мени қўлга туширмаса, ҳеч нима бўлмайди. Э-э, тушириб бўпти!..»

Омон мерган тунда: ўрмонда, тоғда ҳеч нарсадан қўрқмагани каби жин-ажина деган нарсаларга ҳам ишонмас, шу маънода «қон тутади», «гуноҳ», «кўз тегади» деган гапларнинг ҳам унинг учун маъноси йўқ эди.

Масалан, қадимдан қолган гап бор: овчи кийикдан битта отиши керак... Акс ҳолда, бир фалокат юз бериши мумкин эмиш. Омон бу гапга ҳам панжа орасидан қарарди. Чунки бу гап — қадим-қадимдан кийикларни асраб қолиш, уларни қириб юбормаслик учун диний тус бериб айтилган, деб ўйларди.

Тағин, халқда: «Ҳар ким ўз касб-коридан топади», деган ҳикмат бор. Бунинг яхши маъноси ўз йўлига, ёмон маъноси — шу касб-кор йўриғида оламдан ўтади, дегани бўлса керак. Масалан, ўтакетган зўр қассоблар умрининг маълум бир палласида шу даражага етармишки, ёстиқдоши эҳтиёт чораси деб унинг пичоғини ётганда яшириб қўярмиш...

Шундайки, «овчиям овдан топади» дейишади. Бунга ҳам ҳаётда мисоллар кўп...

Омон мерган бу хил ҳангомаларга ҳам панжа орасидан қарарди ва эшитган ҳар бир ҳикмати таъбирини ўзга бир мантиқ билан изоҳлаб бера оларди.

Омон совхоз идорасидан қўшилган йигит билан бир ҳафта Олатоғ атрофидаги совхоз ерларида кезиб, топширилган вазифани адо этиб қайтди-да, бу ишга беихтиёр қизиққани учун уйидан икки дўнг наридаги Қуриқсой ёқасида ҳам какликларга бир кичик қўриқхона ясашга киришди: Ҳамдамнинг ёрдамида юз газ симтўр топиб келиб, сой жиягидаги Ёлғизбулоқнинг атрофига тутди.

Сой бежиз Қуриқсой дейилмас, у кўкламда тўлиб оққани билан ёз ўртасига етмай, суви қуриб қолар, теварак-атрофдаги бир неча гала «ўтроқ какликлар» шу — Ёлғизбулоқнинг сал нарига оқиб бориб, ерга сингиб кетадиган сувидан ичарди.

Омон овчи бу какликларни ўз хўжалигидек билар, тоққа чиқишга хуши бўлмаганда, улардан уч-тўрттасини отиб олиб, хуморини босарди.

Шу орада — шу қиш ичи унинг бошига оғир кун тушди.

Қор тинган, ҳаво илмилиқ эди. Омон «индамас»ни занглатмаслик учун ўрикзорга оралади. Битта зағизғон отди. Сўнг уни олволиш, тоғда тулки кўрган ерларига қўйиб пойлашни ўйлади-ю, буни ўзига эп кўрмади. Отилган зағизтон отварилди...

У кийик овига жўнади. Уй орқасига ўтганда бўри изини кўрди. Из наридаги чолдеворлар томон кетган, қорда баайни битта бўри юргандек эди. Бироқ, Омон битта эмас, камида иккита бўри юрганини изнинг катталигидан билди: одатда, бўрилар овга чиққанда, бир-бирининг изини босиб юришади.

Омон жилмайиб қўйди. Эрталаб овчига бўри учраса, ови барор олади, дейдилар. Шуни эслаган эди. Кейин, бу удумнинг аксини қилишни истаб, қишлоқни четлаб ўтиб кетди.

Қор қалин ва юмшоқ эди. Омон мерган маҳси устидан чориқ кийиб олган, оёғи енгил, қорга ботмасди.

У Олатоғнинг илк чўққиларидан бирига етгунча ҳаво очилиб, кун чиқди: айни каклик овлайдиган пайт бу. Кун совуқ эмаски, какликлар камарлардан чиқмаса. Туман ҳам йўқки, уни кўриш қийин бўлса.

Омон мерган Олатоғнинг ўзи тошини санаган сўқмоқларидан бирига тушганида, юқоридаги чўққилардан қор кўчди. Гувиллаган товуш тингач, жарликдан оқ тўзон кўтарилди. Шунда қаршисида бир кийик ўйноқлаб чиқди-ку!

Омон унинг қоқ манглайини нишонга олиб отди. Жонивор тепага бир сакраб, пастга қулаб кетди. Шунда... унинг ўрнида яна бир кийик пайдо бўлди. Омон милтиқни ўқлай солиб, уни ҳам отди. У ҳам тепага бир талпиниб, қуйига учди. Кейин эса, шохи гажак бир архар кўринди. Омон милтиққа ўқ жойлар экан, алланечук шошар эди. Архарнинг ҳам ажали етгандек қочмасдан қуйига қараб туриб қолди. Омон уни ҳам отди...

Кейин, анча кутиб ётди. Бошқа жонзот кўринмади. Ўз-ўзидан маълум: бу кийиклар кўчкидан ваҳимага тушиб қочган, орқасидан бўри-мўрининг қувган бўлиши ҳам эҳтимол. Акс ҳолда ўзини ўққа тутиб бермасди булар.

Омон отишга... шунчалик берилгандики, кийикларнинг қаерга йиқилиб тушаётгани ҳақида ҳам ўйламасди: яна отгиси, жониворнинг сакраб тушиб кетишини томоша қилгиси келарди.

Ниҳоят, у из тушмаган сўқмоқдан қоплондек енгил юриб бораркан, улар йиқилган жой сув уриб кетган арна экани, кийиклар у ерда бўлмаса, этакка учиб кетганларини тусмоллади. Бориб қарасаки, учови ҳам шу ерда, остин-устун бўлиб, қонга беланиб, ҳамон типирчилаб ётишибди.

Омон улар ётган жойга бир қур кўз югуртириб, бирини ҳам ола билмаслигига ишонди: улар беш-олти газ пастда — токчада, икки томон эса тик девор.

Омон мерган улар кўп типирчиласа, пастга тушиб кетишлари учун ҳар бирига яна биттадан ўқ бўшатишни маъқул кўрди. Масофа арзимлс даражада. Чўнқайиб, бирининг қулоғидан, бирининг юрагидан отди.

Кайфи чоғ ҳолда кечки пайт қишлоққа қайтиб келди.

... У кийик отишга берилиб, уларнинг қаерга тушаётганини ўйламагани сингари, бунинг шавқи орқасида тағин бир нарсани хаёлдан фаромуш қилганини эртаси куни дўсти Ҳамдам билан бир эшакка арқон ва қоп ташлаб шу жойга келганида билди.

Учала ўлжа ҳам дабдала бўлган, беш-олтита баҳайбат, бўйни туксиз ғажирлар уларни «ҳашар» қилмоқда эди. Омон милтиғини ўнглагунча, улар ўзларини жарликка «ташлаб» учиб кетишди. Шундай эса-да, Омон улар орқасидан ўқ бўшатиб қолди.

Унинг таъби хира бўлган, икки кийигу бир архардан ажралган эди. Бу ерда ортиқ турмай, орқага қайтишди.
— Увол бўпти-э, увол, — деди Ҳамдам. — Ёмон экан-ку, булар, а? Архарнинг кўзини ўйиб еяётган экан биттаси.

Тоғдан эна бошлаганда Омон мерган, ниҳоят, тилга кирди:
— Отам айтгич эди, уруш йиллари тоғда ёлғиз қолган одамларни ҳам еб кетишган бу қушлар. Рост айтдинг... Бўрига ташлансаям кўзини ўяди олдин. — Кейин у синиқ кулимсиради. — Бирон жойда шикастланиб ётиб қолсанг, ҳеч чалқанча ётма...

Қишлоққа етишган эди.

Йўлни кесиб сув урган арна ўтади. Унинг тубидаги сув аллақачон музлаб қолган, эни икки газдан ошиқ эса-да, Омон ундан бемалол сакраб ўтиб кетиб юрарди.

Эшак қурғур ариқнинг тор жойидан ҳам ўтмай тайсаллайверди. Ҳамдам нариги бетга ҳатлаб, нўхтадан тортди. Омон унинг қуймучидан зўр бериб итарганди, ҳайвон липиллаб ўтиб кетди-ю, Омоннинг оёғи остидаги қор кўчиб, тўп этиб музга тушди. Арнанинг бу тор ери анча чуқур эди. Ундан ҳам чуқурроққа Омон сакраб тушса, ҳеч нарса бўлмасди. Чунки, табиий ҳол, у тиззаларини букиброқ сакрар эди. Ҳозир эса, музга тикка тушди.

Оёқлари сал оғриди, холос. Бироқ ўрнидан турган эди, тўпиқларида оғриқ шундай зўрайдики, у энгашиб қолди. Шу кўйи қирғоққа тирмашди. Ҳамдамнинг қўлидан ушлаб, арнадан чиқиб олди. Бироқ яна ўрнидан турса оғришини тусмоллаб қорда ўтирганча, маҳсисини ечиб қаради. Икки оёғининг тўпиғи ҳам шишиб кетган, ён-верида жигарранг доғлар пайдо бўлган эди. Омон маҳсини кийиб:
— Жўра, ҳеч мундай бўлмаганман. Эшакни қайтар, — деди.

Ҳамдам эшакни қайтариб келиб, унга ўнг қилди. Омон бир қўлини дўстининг елкасига тираб, эшакка миниб олди.
— Оёғим чиққан бўлса, чатоқ... Эски синиқчи усталардан қолганми?
— Э, устани нима қиласан! — деди Ҳамдам. — Балнисага борамиз. Энг зўр усталар ўша ерда. Ренгин қилишади. Билишади...
— Бўлмасам кўчадан юрмайлик.
— Майли, Ичаксойдан борамиз.

Ичаксойдан бориб, касалхонанинг этагидан чиқишди. Омон милтиқни қопга солиб, қорга кўмдирди-да, ниҳоят, тўқимда бошини эгиб ўтирганча касалхона дарвозасидан кирди. У гараж олдида Ҳамдамни бир оз кутиб қолди. Ҳамдам бориб, хирург ва ренгенчилар билан гаплашиб келди.

Омон эшакдан тушиб юролмай қолди. Уялганидан тер чиқиб кетиб, дўстига суяна-суяна тегишли хонага етди. Уни таниш ҳамшира тепасига қандайдир аппаратлар энгашиб турган муздек каравотга ётқизди.

Оёқлари шишиб кетган эди. Маҳсилар қўнжини ёриб чиқаришди. Кейин оёғи учини дам шифтга қаратиб қўйиб, дам ёнбошлатиб, ренгенга туширишди.

Бир оздан кейин ҳўл, ялтироқ-сарғиш қоғозни келтириб, Омонга кўрсатйшди.
— Ана. Катта болдир суягингиз синган. Болшой бертсовий кост синган... Тўпиқнинг устидан. Икки оёғингиз ҳам... Ёмон бўпти, Омон ака. Очиғини айтамиз, бунинг тузалиши қийин бўлади. Оёғингиз гипсдан чиққандан кейин ҳам беш-олти ой қўлтиқтаёқда юрасиз. Гавданинг оғирлиги тўпиққа тушади-да...

Омон мерганнинг оёқларини оқ тсемент аралашмаси шимдирилган қалин докалар билан тиззасигача ўраб гипслашди. Гипс тезда қотар экан.

Кейин Ҳамдам эшакни дераза пастига олиб келди. Омонни ўтқазиб жўнади.
— Келган йўлимиз билан кетамиз, жўра. Қоп билан милтиқни олиб бериб, ўзинг қолсанг ҳам, майли.
— Гапирма. Менинг бошимга шундай кун тушса, нима қилардинг сен?

Омон ғамгин кулимсиради.
— Билмадим.
— Э, тошни еса бўлмасмиди гўшт ўрнига ўша началник! Қани, эндиям изингдан тушиб кўрсин!
— Бўлмасам, мен билан уйгача бор... Сандикда мўмиё бор... Олиб берсанг, бўлди. Кейин, ҳе-э, Қизилқишлоқда Мазифа аммам туради...
— Биламан, биламан. Сенга биров қарамаса бўладими!

Шундай қилиб, Омон мерган арзимаган бир эҳтиётсизлик орқасида икки оёқни ногирон қилиб, ётиб қолди.

Амма келиб йиғлади.
— Сенга кўз тегди, — деди. — Кейин — ҳадеб жонлини жонсиз қилишингниям хосияти йўқ. Қушам худонинг махлуқи... Уям бир вақтлар одам бўлган эмиш...

Омон оёқларининг синган жойларини солаётганда ҳам инқилламаган эди. Энди ихраб юборди.
— Милтиқни оберинг! Ёнимда турсин...

Амма қўрқа-писа «индамас»ни, кейин у айтган ердан бир чангал ўқни олиб берди.

... Кун дегани шундайки, бошингга оғир савдо тушганда ҳам, ўйнаб-ўйноқлаб юрганингда ҳам — ўтаве-ради.

Омон мерган биринчи кунлар, киши билмас, жуда сиқилди. Кейин бу сиқилишни ўзидан ҳам яширишга бўлган беихтиёр интилиш туфайли аҳволига кўника... бошлади.

Ҳамдам икки-уч кунда бир келиб кетарди. Мазифа опа эса кунора айвондаги ўчоқда бир иссиқ пиёва қилиб, Омоннинг олдига бир коса тортади-да, қолганини сандал қўрига қўяди.

Омон мерган сандал ёнида, ичкарида ўтирган одамга ташқари бемалол кўринсин учун паст қилиб қурилган дераза тагида ётарди.

Иигирма кунлар ўтиб, Омон тўпиқлари усти қичишаётганини сеза бошлади: бу — тузалиш аломати эди. Лекин бошқа нарса унинг ғашига тегарди: оёқнинг шиши қайтиб, «кичрайгани» сари гипсга ёпишган туклар тортилар...

Омоннинг ўзи тиззасида чўккалаб юриб, ҳожатга чиқиб келарди.

...Ўлимидан бир кун олдин кечаси билан қор ёғиб чиқди. Кейин қаттиқ шамол эсди: қор учқунлари дераза ойнасига пштирлаб уриларди. Ўрикзорда икки-уч марта бўри увлагани эпштилди. Эрталаб ҳаво тунд, осмонни паст тушган булутлар қоплаб олган, айвонда чумчуқлар чирқиллашар эди.

Омон иттифоқо каклик сайрашини эпштиб қолди!

«Ҳа, қор қалин. Емиш учун қишлоққа энган», деб ўйлади ва шундай пайтларда чолдеворлар ичида кезиб, ҳам какликларни учириб отгани, қанотлари музлаб қорга кириб қолганини таёқ билан уриб олганини... эслаб, шундай бетоқатланди! Дарҳол туриб ўтириб, милтиққа ўқ жойлади. Кейин деразадан боқка узоқ тикилди. Аммаси билан Ҳамдам босиб келадиган сўқмоқ ҳам кўринмас эди.

«Как-киба, ка-киба, как-как-как!..»

Каклик уйи орқасидан, чамаси, ўша Қуриқсой томонда сайрарди. Омон ақлини йўқотгандек каловланиб, тик кители киссасига ҳам уч-тўртта ўқ солди-да, чопонининг енгларини ҳам кийиб, ўрмалай кетди. Айвонга чиқди.

Каклик ҳақиқатан ҳам Қуриқсой томонда сайрарди. Шунда у Қамдамнинг яқинда совхоздан иккита одамни йўлда учратгани, улар икки эшакка буғдой тўла хуржун ортиб, тоққа кетаётганларини айтганини эслаб мийиғида жилмайди. «Сой бўйидаги қўриққаям дон сепишган...»

Бошқа пайт бўлганда Омон бу тариқа овдан ор қиларди.

Ҳозир...

У шаҳд билан супа лабига эмаклаб борди-да, қорга тушса, гипси нам тортишини ўйлади. Кейин: «Сандал-да қуритиб оламан-да!» — дея бир қўлини қорга ботирди — қор тирсакдан келди. Кейин иккинчи қўлини ботирди. Кейин, судралиб тушиб, оёқларини тиззадан кўтариб олди.

Шу тобда узокдан қараган киши уни кўрмас эди.

У кетаркан, ҳарбийда шундай қилиб — «по пластунски» юрган чоғларини ҳам эслади...

Омон биринчи тепалик устига чиққанида, оёғини тиззадан букишни унутгани, бемалол судралиб келаётганини кўрди. Гарангсиб уни сийпаб кўраётганди, каклик нариги дўнг ортида сайраб юборди яна.

Омон мерган бурила солиб яна ўрмалай кетди. Бу ёқ эншп эди. Тез тушди. Сўнг охирги кучини тўплаб олмоқчидек бирпас ҳансираб, бўйнига осиғлиқ милтиқни пастдан кўтариб турди-да, яна шахд билан тепаликка тирмаша кетди. У баъзи жойлардан сирғалиб тушар, яна эмаклар, бунга сари кўзига қон тўлиб бо-рар эди.

«Уларни отмасам, қайтмайман!»

Омон ўркачда!..

Симтўр билан ўралган «қўриқхона» ичида, қордан чиқиб турган япалоқ харсанг устида учта чиройли оқиш каклик чуғур-чуғур, ғут-ғут қилиб донлашар эди.

Омон ғайритабиий олайиб, биттасини нишонга олди. Шошилмасдан отди. Каклик нарига сурилиб кетиб тек қолди. Омон милтиқни ўқлай солиб, иккинчи какликни ҳам отди. У типирчилаб қолди. Шундан кейин учинчи каклик учмоқчи бўлиб, четга борди-да, шерикларига, кейин теваракка бир оз қараб туриб, тағин тез-тез донлайверди.

Унинг ниҳоятда оч экани кўриниб турарди.

У ҳам чўзилиб қолгач, Омон мерган тезроқ тушиб бормаса, учови ҳам тирилиб учиб кетадигандек шитоб билан пастга эна бошлади.

Энди...

Япалоқ тош. У ёнбошлаб ётган кўйи какликларни битта-битта териб олди. Ниҳоят, уларга жилмайиб қараб, патларини титди: ўқ теккан жойларини кўрди.

Сўнг ўзидан қаноатланиб, ҳали... тузалиб, оёққа туриб кетса, яна овларга чиқиши, майли, ҳозир какликлар камайиб, кийиклар юксак чўққиларга чиқиб кетган бўлса ҳам, ўзининг ўша ерларга ҳам чиқиб боришини хаёл қилиб, бир муддат роҳатланиб ўтирди.

Кейин туйқус хаёлига бир гап келди: «Олатоғда жонвор зоти қуриса, нима қиламан? — Унинг кўзига Ҳамдамнинг уйида телевизорда кўргани Кавказтоғ манзараси, кийиклар кўринди. — Бораман. У ерларгаям бораман...»

У мана шундай хаёл билан банд экан, қор яна учқунлаётганини кўрди. Шунда яна... оёғи эсига тушди: чамаси, бу шундай икки оёқли махлуқ эдики, ярим танаси узилиб қолган чоғда ҳам, руҳи овда... ўлдиришда... бўлар, чамаси, шунинг ўзи унга бас, шу ҳаёт эди.

...Омон мерган шу ўйларидан кейин беш минут ҳам ўтар-ўтмас нобуд бўлди.

У милтиқни тағин бўйнига осиб, какликларнинг биттадан оёғини бир қилиб тишида тишлаб, келган изи билан ўрмалаб кетар экан, симтўрни тагидан кўтариб ўтган ерига етганда, бир сирпанди-ю, оғзидан какликларнинг оёқлари чиқиб кетди. Омон уларга қўл чўзганда ёнбағирга кўндаланг бўлиб қолди. Сўнг аста-секин думалай бошлади.

У думалагани сари бир ўрам оқ кигизга ўхшаб кўринар, бироқ, кигиз тобора йўғонлашар эди. Оқибат, ажабтовур пахта тойидек бўлиб бориб, юлғунлар ичига кириб тўхтади.

... Омон бу пайтда ҳам тирик эди. «Нима бўляпти? Нимага?» деб ўйларди. Ниҳоят, нафаси бўғилди. Кўтарилмоқчи бўлган кўксини қор босиб, дами ичига тушиб кетди. Миясида эса ўша савол жавобснг қолди.

Қор ёққандан ёғиб, кечаси бўрон турди. Қорни тўзитиб, текис ерларда куртуклар пайдо қилди, қори қалин бетларни ялаб-супуриб кетди.

Эрта кўкламда ўрикзорга қоровул этиб тайинланган Ултон пиён деган киши қишлоқда бузилмай қолган якка-ягона уй — Омон овчининг уйини кўргани келиб, уни хосиятсиз деб топди: эгаси ғойиб бўлган ахир. Кейин, ёнида олиб келгани яримта ароқни майдалаш учун Қуриқсой бўйидаги тепаликка кўтарилди. Анча ўтирди. Кун бота бошлаб, пгаша ҳам яримлаганда қўзғалди. Сой ичи билан кетишни маъқул билиб пастга энаётган эди, ҳали барг чиқаришга улгурмаган юлғунлар орасида дўмпайиб ётган ғалати қор қуртугига эътибор қилди. Унга яқинлашиб ўтаркан, ундан чиқиб турган бир жуфт оппоқ...

Бурила солиб сой ичи билан қочди. Уйига яқинлашганда, ўпкасини босиб олиш учун шишада қолган ароқни ҳам симирди-ю, уйга етиб учиб қолди.

...Эртаси Ултон пиённинг ваҳимасига «ергашиб» раёндан чиқиб келган бир тўда одам Қуриқсой ёқасига энавериб, кўнгил айнитувчи манзарани кўрди.

Бир гала маслиқхўр ғажирлар юлғунзор ичида, гўё қор супасида ётган бир кимсани чўқиб-чўқиб ер эди.

1985