OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШукур Xолмирзаев
Асар номиОқтош (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шукур Xолмирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм73KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Оқтош (ҳикоя)
Шукур Xолмирзаев

Биз Улкан қишлоғига кўчиб бордик. Онам — Шўро раиси, мен — энди учинчи синфни битириб таътилга чиққан пайтларим эди.

Бизга атаб катта бир ўрикзорнинг адоғида ўтов тикиб қўйишган экан. Жиҳозлари ҳам бор: шолча, бир тахмон кўрпа-тўшак. Хўш, ўтов биқинида ер тандир, ундан сал нарида — катта ариқ, унинг бўйида толлар. Толларнинг, лоф бўлсаям, ҳар бир бутоғида чумчуқ уяси бор. Чирқ-чирқ, чиғир-чиғир товушлар тинмас эди.

Онам менга тушунтирди:
— Биз Раис бобонинг уйига қўндик. Бир-икки йил турамиз. Кейин яна раёнга қайтиб кетамиз. — Бу гапларни тушунганимдан кейин у киши давом этди: — Раис бобонгни Жўра деган ўғли бор. Ҳализамон келади. Ким билан ўйнасанг — ўйна-ю, ўша билан ўйнама!
— Нимага?
— Ишинг бўлмасин.

Ҳақиқатан ҳам ҳадемай Жўра келди. Ёнида иштонини липа урган, шалпанг қулоқ бир бола ҳам бор эди. Уларнинг бир-бирига муносабатидан кимликларини билиб олдим... Жўра ариқнинг у бетидаги пастак деворга миниб ўтирди-да, қўлидаги палахмон билан толлар шохига тош ота бошлади.

Онам билан Раис бобо ўтовнинг чап томонидаги супада бир-икки кишига нималарнидир тушунтиришар, улардан сал нарирокда Раис бобонинг тўриқ оти билан онамнинг жийрон оти ўтлаб турарди.

Шуни айтишим керакки, Раис бобони мен икки йиллардан бери билар эдим. Туманга — ҳовлимизга мана шу тўриғини миниб бориб қолар ва меҳмонхонада ётарди. Мени эркалар, қачон бўлмасин, ўзининг Улкан қишлоғига томошага олиб боришини айтар, сўнг у қишлоқни мақтар эди: «Дайроси бор. Чўмиласан. Мениям сендай улим бор, дўст бўласан...»

Албатта, мен бу таклифдан қувонардим ҳамда ўша «қачон»дир дейилган муддат тезроқ келишини кутардим.

Мана, оқибат онам ўша қишлоққа Шўро раиси этиб тайинланди-ю, биз келдик.

Раис бобо билан онам анави икки кишига бир нималарни тайинлашди-да, ўтовга қайтишди.

Раис бобо Жўрани кўриб:
— Э, нимага ўйтиб ўтирибсан? Келиб, Содиқбой билан танишмайсанми? Сенга айтар эдим-ку? — деди.
— Ҳа, Содиқжон, кел. Аканг билан таниш, — деди онам ҳам. Ва менинг елкамдан қучиб: — Гапим эсинг-да бўлсин, — деб шивирлади.

Жўра девордан тушиб, қийшайиб келди. Мен ҳар қалай шаҳарлик эдим: унга қўл узатдим. Уям қўлининг учини берди-да отасига:
— Қуртни чумчуқ жеб кетаяпти, — деди.
— Ҳе, уккағарлар! — Раис бобо этигини ечмоқчи бўлиб қўнжидан тутди-ю, вақтни бой берадигандек бирдан алпанг-талпанг юриб бориб, битта толга чиқиб кетди. Кейин айрида туриб олиб шохларни шундай силкитдики, чумчуқ болалари ёмғирдек тўкила бошлади. Жўра билан Оқбойга эргашиб мен ҳам дўппимни олдим-да, палапонларни териб сола бошладим.

Раис бобо шохма-шох юриб, бошқа толларгаям ўтди. Улардан ҳам сон-саноқсиз палапонлар тўкилди. Энди онам чумчуқ болаларига ачиниб, қошини чимириб турар, нуқул:
— Бас энди, ўртоқ Бобоев! Бундан кўра қуртхоналарга қоровулларни кўпайтириш керак, — дер эди.

Шу пайт денг, қайси гўрдан бир маймоқ ит билан иккита мушук пайдо бўлди-ю, улар ҳам тўкилган чумчуқ болаларини териб, ҳалигидай ошқозонларига жойлай бошлади. Ит билан мушук — бир-бирига душман: яқин келганда, ташланишиб, фишиллашиб қолишар, кейин тағин тирик хўракка ташланишар эди.
— Юринг-э, ярашмаган ишни қилиб!.. — Онам жеркиб шундай деди-да, отлар томонга йўл олди.

Салдан кейин Раис бобоям дарахтдан тушиб ва уст-бошини қоқиб:
— Эса биз ғалланинг бошига кетдик. Жўрабой, укангни ўйнат! Палахмон қилиб бер. Чўмилишга олиб бор... Молтишни ўргат. Хўпми, болам? — деб ва менинг кифтимга қоқиб қўйиб, онамнинг изидан хетди.

Ҳадемай улар отларини миниб этакка эниб кети-шаркан, онам қайрилиб қараб:
— Гапим эсингдан чиқмасин, Содиқ! Ҳалиги китобингни ўқи! — деди.

Ўша куни ўрикзорнинг у ёғидаги баҳайбат ёнтоқлар остида паққа бўлмаган ёнғоқларни тошга уриб, пўстлоғини арчиб ўтирганимизда, Оқбой менга қизиқ гапларни айтди:
— Энанг Раис бобога тегармиш... Жўранинг энаси мараз бўлган. Дайродан норманкапада яшайди.

Жўра ёнгоқ шохида эди. Пастга тушгандан кейин:
— Жўрака ака, — дедим унга. — Энангиз мараз бўлганми?

У бошини эгиб қолди.
— Дўхтирга обориш керак-ку?
— Давоси йўқ эмиш, — деб пичирлади у.
— Би-ир ўзлари яшайдими капада? У бош ирғади.
— Юринг, бориб кўрамиз.

Жўра менга тикилди. Оқбой бўлса:
— Бугун бордингми? — деб сўради ундан. У бошини чайқади.
— Кайвони момо тўйга кетган. Нон ёпмаган.

Биз туман марказидаги уйимизда ғамимизни еб, момом ёпган уч-тўртта ёғли патир-нон, кастрюлга қовурдоқ солиб олган эдик. Ҳали келиб, қора уйга

ясойлашганимиздан кейин ана шулардан бироз тамад-ди қилгандик.
— Нон бор. Гўшт ҳам бор, — дедим. — Уйда! Ана, ишонмасангиз, кириб кўринг!

Жўра ғамгин жилмайди. Оқбой бўлса:
— Жур, — деди. — Оламиз! Борамиз!.. Мана муниям қидиртамиз! Борасанми, Содиқ?
— Э, бўлмасамчи, — дедим.

Онам ҳалиги гапни тайинлаб кетган бўлса-да, мен Жўранинг ёнидан жилмаган эдим: ахир, нима қилай? Ким билан ўйнай? Иккинчи тарафдан, Раис бобонинг туманда — уйимизда айтган гаплари ёдимда: Жўра мени дарёга олиб бориши керак эди. Учинчидан десангиз, айниқса онамнинг гапидан кейин бу йигитга қизиқиб қолгандим. Бундан ташқари, бечоранинг...

...онаси ҳалигидай касалга йўлиққан, битта ўзи бир капада — дарёнинг у томонида яшар экан...

Шуни айтишим лозимки, ўшанда — урушдан кейинги, йўғ-э, эллигинчи йилларнинг ўрталарида ҳам тирикчилик кечириш оғир, етимлар кўп, анавинақа касаллар ҳам сероб эди. Ва бизнинг туман марказида ҳам пес, мараз бўлган кимсаларни жамоадан чиқариб қўйиш расм эди.

Оқбойнинг гапидан кейин Жўра елкасини қисиб, менга мўлтираб қаради. Мен унинг қўлидан тортдим.
— Юринг.

Онам ўшандай дегани билан мен бу йигитдан негадир қўрқмадим. Ўзимга ишонармидим — билмайман. Ҳарқалай, мактабда чопиш, сакраш, муштлашиш — бокс бўйича илғорлар қаторида эдим. Ишқилиб, бировдан таёқ емасдим...

Патир нондан бирини олиб, орасига қовурдоқ қўйдик. Бир қийиққа ўраб, йўлга тушдик.

Раис бобо билан онам отларини йўрттириб кетган сўқмоқ билан борардик. Ўриклар ғарқ пишган, ерга кўрпа бўлиб тўкилиб ётибди денг. Кўплари оёқ-туёқ остида эзилган, ачиган. Улар устида арилар ва паш-шалар ғуж-ғуж. Ана шу — эзилган ўриклар ҳиди анқийди!

Қандайдир ташландиқ, ёввойи ўлкага келиб қолгандай сезасан ўзингни.

Бу қишлоқда ўзи хонадонлар сийрак экан: ҳув ундай ерда қора сувоқ қилинган бир каталак кўринса, ундан анча нарида бир капа кўзга ташланади. Ундан ҳам нарида ўтов... Кейин билсам, бу ерликларда чорва ҳам мўл, қўй-эчкиларини яйловларга ҳайдаган ёхуд тоғ ўтлоқларига чиқариб кетишган экан.

Ариқ лабидан бора-бора шолизор ёқасидан ўтдик. Ва бирданига баҳайбат бир жарлик четига чиқиб қолдик. Жарлик шундай каттаки, у қирғоғи билан бу қирғоғининг ораси бирон чақирим келади.

Бироқ ёнбағирдан илонизи бўлиб ўрмалаб тушиб кетган сўқмоқ ҳам борки, унда мол туёқлари ва яланг-оёқчаларнинг излари қолган.
— Ана, дайро, — деди Жўра тубанликни кўрсатиб.

Тубанда — жарлик тубида ялтираб сув оқар, соҳилларни юлғун босиб кетган, қизариб гуллаган бу яшил буталар орасида — қумда бўлса керак, ярим яланғоч болалар ва лозим-кўйлакли қизчалар ҳар хил алфозда ўтиришар-ётишар эди.

Раис бобо «дайро» деганда, мен китобларда ўқиганим каттакон наҳрни кўз олдимга келтирган бўлишим лозим — шунинг учун бу дарё менга сой бўлиб кўринди. Мен унга беписандлик билан боқиб:
— Э, шуми? — дедим.
— Журинглар! Қайтишда чўмиламиз! — деди Оқбой. Ва биз унга эргашдик.

Қирғоқ бўйлаб сал юрганимиздан кейин шундоқ қаршимизда жарлик қиртоқларини улаб турган узун осмакўприкка кўзим тушди. У эртаклардаги пули сирот кўпригидай туюлди менга! Ва юрагим гурс-гурс ура бошлади: «Ўтаётганимизда, узилиб кетса... Худо урди! Онам Жўрани айблайди...»

Дарвоқе, узр этасиз, онамнинг бу йигитчага ишонмасдан қарашининг сабабини ғира-шира тушунгандек эдим: ахир онам Раис бобога тегар эмиш...

Раис бобонинг эса хотини анавинақа аҳволда: ўғли бу... Демак, Жўра менга ғайирлик билан қараши мумкин-да.

Лекин ҳозирча бу нарсани сезмаган эдим. Ҳозироқ айтиб қўяйки, кейинчалик ҳам сезмадим. Жўра тақдирга тан берган, бунинг устига, у ҳам мени тезроқ кўриш ва дейлик, дарёни кўрсатиш, молтишни ўрга-тишни ўйлаб юрар экан.

Кўприкка қадам босдик. Йўлдан фарқи йўқ. Аммо ўртасига етганда, унинг нари-берига бориб келаётгани, аммо бу сезилмас даражада эканини кўриб, ҳа кўриб қолиб, капалагим учиб кетди. Жўранинг билагидан ушлаб олдим.
— Қўрқма, ука. Узилмайди. Маҳкам бу, — деди у тирсагимдан қисиб. — Пода-пода мол ўтади бундан. Сурув-сурув қўй... Бултур бир чол ўлди. Унинг тобути ортидан минглаб одам эргашиб жўнади. Шуниям кўтарди бу...

Жўранинг онаси охирги кунларини кечираётган капа қабристондан берида, қўзиқоринга ўхшаш улкан гужум остида экан. Унга яқинлашганда, Жўра Оқбойдан тугунни олди.
— Қоламиз, — деди Оқбой менга. — Бориб бўлмайди.
— Нимага?
— Бўлмайди-да.
— Майли.

Жўра кетди. Бориб, капага кирди. Биз ҳар томонга қараб, томоша қилиб турардик. Яйдоқ, хас-хашак босиб кетган каттакон қабристонда сўпитўрғайлар кўп, улар хуш овозда чулдирашиб учишар, қайси бири учмасин — том бўйи кўтарилгач, ҳавода муаллақ туриб сайраб олар, кейин ерга-қовжираган тиканлар, алафлар орасига қўнарди. Бир-иккитаси атрофимизда пилдираб юрарди.
— Бу қушни ўлдириб бўлмайди, — деб қолди Оқбой. — Гуноҳ бўлади. Ёмон бўлади.
— Қандай «ёмон бўлади?»
— Ёмон-да.

Кейин гужумга қараб дабдурустдан шу шеърни айтди:

Муллатўрғай — отим бўлғай.

Мени ўлдирган

Етти эшикда етим бўлғай.
— Ў-ў, — дедим. — Чумчуқни ўлдирса бўладими?
— Унинг турган-битгани зиён, — деди Оқбой. — Ҳалиги палапонларни нима қилдим, биласанми?
— Йўқ. Нима қилдинг?
— Битталаб ит билан пишакка жедирдим, — жавоб берди у бамайлихотир. — Мундай олиб тепага отаман. Ё ит илиб олади, ё пишак. Чумчуқнинг турган-битгани зиён, — деб такрорлади яна. — Ғалланиям шу қуритаяпти. Раис бобо бизни машоқ теришгаям қўймайди!

Қамчилаб уради. Чумчуқ бўлса, жеб кетаяпти. Шунинг учун палахмон билан...

Жўра кападан чиқди. Кўзлари нам эди. Юзларини кафти билан арта-арта келди-да:
— Сени алқадилар, — деди менга.
— Мени?
— Ҳа. Кўпга кирсин. Яхши бола экан, дедилар...
— Раҳмат, ака. Эртага яна келамиз-а? Жўра кифтини учириб сўқмоққа тушди.

У — менинг ўлчовим бўйича — ўртабўй, елкалари кенг, юзи ҳам кенг ва кўзлари қийиқроқ эди. Раис бобонинг ўғли бўлишига қарамасдан эгнидаги сурп кўйлаги тирсакларига ямоқ тушган, иштонининг бир почаси узун, дўпписиям ҳилвиллаб кетган эди.

Мен, ҳарқалай, тик шимдаман, шоҳмотнусха кўйлагимнинг енглари калта, оёғимда кети. Соч ўсган: тўғрироғи, соч қўйганман.

Кўприкка етган жойда қуйига эниб кетган эшак йўли бор экан. Анчагина кенг. Афтидан, кўприк қурилмасдан бурун одамлар ана шу йўлдан тушиб чиқишган.

Биз тубанга энишимиз билан дарёнинг у қирғоғи-ю бу қирғоғидаги ўғил ҳамда қиз болалар тикка-тикка бўлишиб, бизни гўё қарши олишди.

Юлғунларни оралаб ўтарканмиз, атрофга қизиққаним учунми ҳар бир нарсага диққат билан назар солардим. Юлғунларнинг танасига ҳар хил хас-чўплар, илдизлар тақалиб қолган. Айримларининг шохларида қуш уялари бор, аммо бари бўм-бўш эди.

Тепамиздан чий-чийлаб жарқалдирғочлар учиб ўтади, баъзиси юзимизга тегай-тегай деб кетарди.

Бу ер, яъни жарликнинг туби ҳам ҳайҳотдек макон экан! Сув ҳам катта ва тинимсиз шовуллар, худди кучли бир шамол эсмоқда-ю, кўзга кўринмас чинорлар силкинмоқда эди!

Айтганимдек, болаларнинг кўпчилиги ярим яланғоч, яъники иштонда, қизлар эса лозим-кўйлакда-ю, аммо кийимлари баданларига ёпишиб қолган ва у-бу ерларига қум юққан, пахтабанд қилиб ўрилган сочлари ҳам ҳўл, юзлари қорайган, шу билан бирга кулиб туришар эди.
— Қалайсизлар? — деб бақирди Оқбой. — Қуртни чумчуқ жеб кетаяпти! Ғалланиям шўри қуриди! Сизлар нима қип журибсизлар-а, бекорчилар?

Қотма, мурти сабза урган бир бола:
— Ўзинг-чи, ўзинг? — деди.
— Мен... — Оқбой Жўрага, кейин қирғоққа имо қилиб қўйди-да, паст тушмади. — Журиппизда, мана Шўро опанинг улини қидиртиб!

Ҳамма менга тикилди. Мен улар билан қўл бериб сўрашиш-танишишга чоғландим. Бироқ бири ҳам ўрнидан жилмади: болалар уст-бошимга қизиқиб боқишар, қизлар ўзаро шивирлашар эди.
— Эшитдингларми, Улканга янги Шўро келди! Жўраларнинг ўтовига қўнди. Жийрон оти бор. Ули мана... Оти Содиқ! Ҳозир сизларга молтишни кўрсатиб қўяди!

«Молтиш» сўзининг — сувда сузиш эканини туман марказидаёқ Раис бободан сўраб-билиб олган эдим.

Аммо сузиш бобида... Менимча, туман марказида яшайдиган-ўқийдиган тенгқурларимнинг энг катта нуқсони — сузишни яхши билмасликлари эди. Тўғри, икки ҳовлининг бирида ҳовуз бор. Унга сув қуйилганда, барг-хазонларни чиқариш учун болалар ҳовузга тушишади.

Шу тариқа мен ҳам беш-ўн қадам сузишни ўрганиб олган эдим.

Аммо бундай вағиллаган дарёда чўмилиш... Уялганим ҳам шу — дарёга қарадим.

Шошқин, оппоқ-серкўпик сув тошдан тошга сакраб оқар, баъзи жойларда оқаётгани билинмас, эллик қадамлар этакда — дарё қирғоқ камаридан айланиб ўтардики, у томонда сув умуман тўхтаб қолганга ўхшар эди: рангиям кўм-кўк.
— Молтишни биласанми? — деб сўради Жўра.
— Сал-пал.
— Шундай кўрингани билан опкетади, — деди у сувга термулиб. — Оёғингдан чалади... Лекин мана булар ўрганган. Марказда дайро йўғ-а?
— Йўқ. Раённи четлаб ўтади.
— Отам айтиб эдилар...
— Қани, бир-бир ташлаб олайлик. Кейин кетамиз ғалланинг бошига! — деб қолди шунда ҳалиги — мурти сабза урган, қотма йигитча. — Жўра ака, чечининг-э! Кун исиб кетди!.. Ҳў, Шўронинг ули, сен ҳам чўмил!

Шу гапдан кейин қизлар бурилиб, оқимга қарши томонга йўл олишди. Болалар бўлса чопа-чопа сувга Ўзларини отиб ва умбалоқ ошиб, кўкариб турган томонга суза бошлашди. Қарасам, Жўра ҳам кўйлагини ечяпти.

Мен ҳам шимим билан кўилак-майкамни ечиб, устига қўйдим.

Биз сув бўйига етганда, қизалоқлар — кўйлак-лозимларида қийқиришиб-кулишиб ва умбалоқ отишиб, олдимиздан ўтиб кетишди-да, кўкариб турган жойга яқинлашавериб, юлғунлардан ушлаб-ушлаб қолишди.

Жўрадан кейин Оқбой ҳам қулоғига бир нимани тиқиб сувга кирди. Сув белидан ошганда, ўзини ташлади ва гоҳ кўриниб-гоҳ кўринмай кета бошлади. Мен ҳам сувга кирдим. Муздек. Икки қадам босганимни биламан, оёғим тойиб кетиб, чалқанча йиқилдим-ку! Тураман дейман — думалайман. Ичимга сув киряпти. Бирон нарсадан ушлайин дейман — гоҳ қўлим етмайди, гоҳ сирпаниб кетади.

Қандайдир ваҳимага тушган пайтимда ҳалиги кўкариб турган жойга яқинлашдим-у, оёғим ердан-сув тубидан узилди! Узилиши замон чўкиб кетаётганимни англаб, апил-тапил тепага интилдим-да, қирғоққа қараб суздим!

Бу ерда оқим суст эди: ҳадемай юлғунлардан ушлаб, тошлоққа чиқиб олдим.

Менинг аҳволимни кўриб ҳавотирга тушишганми — Жўра билан қотма йигитча изимдан қулоч отиб келишаётган экан. Улар ҳам соҳилга чиқишди.
— Қашқа бўлмадингми? Айтдим-ку, тезоқар бу, — деди Жўра ҳансирааб.
— Ҳа, йўқ, — дедим. — Тошлар сирғанчиқ экан... Лекин рост, оёкдан чалар экан.
— Уф. Манаву ийримга кириб кетадиёв деб қўрқиб эдим, — деди мурти сабза урган. — Таги чуқур. Уч-тўрт одам бўйи келади. Кейин оқим зўр. Бир марта ўзимниям чирпирак қилиб опкетган Ҳув кечувга борганда, зўрға чиқиб олганман. Ўшанда ўн ёшда эдим... Уч йил бўпти!
— Сен яхши сузолмайсан, — деди Жўра менга. — Ўргатаман... Қўрқмасанг бўлди.
— Ҳа, қўрқмасанг бўлди, — деди у йигит ҳам.

Шу палла сувнинг кўм-кўк сатҳида Оқбой пайдо бўлди-да, қўлларини юқорига кўтариб шўнғиди. Зум ўтмай ўн қадамлар нарида, сувнинг камардан чиқаётган жойида пайдо бўлди боши! Кейин бизга қараб молтиб, иҳраб-иҳраб чиқиб келди.

Шу нарсани айтишим шартки, биз ўтирган жой жуда-а ажойиб эди. Думалоқ кўк, малла тошлар — курсимиз. Қизалоқлар ҳам томошадан қуруқ қоладигандай етиб келишган. Улар иккита тошда чўмилиб чиққан каклик жўжаларидек ғуж бўлиб, гўё ўзларини офтобга тоблаб, патларини қуритишар эди.

Шундоқ оёғимиз остида — ўша кўк ийрим. Яъни гирдоб! Бироқ унинг қирғоқ қўлтиғига урилиб, ўрама ҳосил қилиб ўтаётгани сезилмас, айтишларича, оқимнинг зўри сувнинг тубида эди. Сирти эса шундай сокин.

Тепамизда гўё айвон шифти бор. Яъни, метин қиртоқ дарёга чўзилиб бағрини тутиб турар, биз унинг соясида ўтирардикки, ҳақиқатан ҳам айвонда ўтиргандек эдик.

Устимизда қалдирғочларнинг чий-чийлаб учиши-э! Бизни бу ердан қувиб юборишга аҳд қилишгандек!

Хуллас калом, мен хиёл мулзам бўлган ҳолда, бош-қалар ғолибона кўринишда эди, ҳалиги мурти чиқиб қолган йигитча:
— Эй, жўралар! «Оқтош» ўйнайлик, а? Жўра ака, хўп денг, — деди. — Кейин тўғри ғаллага кетамиз!
— Ўйнанглар, ўйнанглар! — деб қолишди қизлар ҳам.

«Қизиқ, қанақа ўйин экан бу?» деб ўйладим-да, Жўрага қаровдим, у:
— Оқбой, сен баковул, — деди. — Олдин тушунтиргин ўйинни. Содиқ ҳам билсин!
— Мен тушунтираман, — деб тошдан турди ўйиннинг ташаббусчиси ва қўлидаги оппоқ, жудаям оқ — қуйруқдек тошни менга кўрсатди.

...Ана шу тошни сувнинг энг чуқур жойига отаркан. Отаётганида, ҳамманинг кўз юмиб туриши шарт экан. Кейин баковулнинг гапи билан болалар кўзла-рини очишаркан-да, «Бир, икки, уч!» дейилиши билан ўзларини сувга отишаркан.

Ийримнинг тубидан ана ўша тошни олиб чиқиш лозим экан.

Ким топиб-олиб чиқса, демак, ўша — ғолиб!

Дарёнинг энг чуқур еридан у тошни қанақа қилиб топиб чиқиш мумкин?

Хаёлингизга шу савол келди, а?

Мен ҳам шуни ўйлаб, лол қолиб турган эдим, бу ёғини Жўра тушунтирди:
— Сувнинг тагида кўзни очиб юриш керак. Билдингми? Сув тиниқ...
— Билдим, — дедим.

Сувнинг тагида кўзни очиб, демак, тубидаги тошларга тикилиб юриш?!

Ҳовузнинг лойқа сувига тушганингда ҳатто бурнингни, қулоқларингни ҳам иложи бўлса бекитиб оласан-у, ажаб, кўзни очиш... Ақлга сиғадими шу гап?

Лекин бу ердагилар учун бу — ўта жўн гап, оддий ўйин экан!

Оқбой:
— ...Уч! — дейиши билан иштонини липа уриб, почаларини ҳам ҳимариб олган болалар гув-гув этиб сувга ўзларини отишди. Ва ҳаммаси ғойиб бўлиб кетди.

Қизлар билан мен... соҳилда қолгандим. Сувга тикиляпман. «Ҳозир чиқади... Ана чиқди. Йўқ! Нафаси қайтиб кетмасмикан буларни?»

Яноқлари туртиб чиққан ва кўп чўмилганиданми шўралаб кетган, аммо қувлиги шундоқ билиниб турган бир қизча:
— Ҳув бола! Отинг Содиқ-а? — деб сўради.
— Содиқ, — дедим. Ва беихтиёр китобларда ёзилганидек: — Сеники-чи? — деб сўрадим.
— Мени отимни нима қиласан? — У бирдан шарақлаб кулди. — Майли, оқтошни опчиқсанг, отимни айтаман.

Дугоналари у билан келишиб қўйишгандек кулиб-қиқиллаб юборишди.

Мен ўз-ўзимдан қизиб-қизариб кетдим. Ва аста ўрнимдан турдим. Аммо сув тагида кўзни очиб юриш... Бунинг устига, бундай оқар сувда сузишниям билмайман. Тағин: дарё тубида оқим бор экан. Шу нарсалар миядан ғувиллаб ўтганча сувга қараб жилаётганимни фаҳмлаб қолганимда...

...сув юзасига шўлп этиб бир бош чиқди. Кейин яна бир калла, сўнг тағин биттаси...

Жўра ҳам чиқиб келди.
— Оқимга тушиб қолдим. Аранг қутилдим. Оқбой ҳам чиқди, келиб кулди.
— Оқим опкетипти дейман!
— Ғирром, — деб тўнғиллади Жўра. — Баковул бўлиб ўтирмайсанми?
— Ўтиролмадим-да.

Назаримда, икки дақиқалар ўтди. Ҳамма чиқиб бўлди. Фақат ҳалиги мурти сабза урган...

Хайрият-э!

Бошидан олдин тошни тутган қўли чиқди сувдан! Ва бу ёқда қийқириқ бўлиб кетди!

Айниқса, қизларнинг қувонишгани!

Шунда, ишонасизми, ўша боладек бўлгим келди-э! Ахир, яхши-да.

...қизлар ҳам чуввос солиб, чапак чалиб, олқишлаб қарши олишса сени!

Ғолибни!

Аммо ундай бўлишимга сира кўзим етмасди; йўқ-йўқ, сув остида, нари борса, ярим дақиқа турарман.

Кўзни очиб...

Оқимга тушиб қолсам...

Оббо, олдин шунчаки сузишни ўрганишинг керак, хомтама бўлма, Содиқ!

Қизлар у болани, ўзларича олқишлаб: «Жамол ютди! Жутди!» деганларидан унинг исмини билиб олдим. Ва у билан жўра бўлиш, ундан уни-буни ўрганишга қасд қилдим.

Бироқ ҳозироқ айтиб қўя қолай: у менигина эмас, бошқа болаларни ҳам писанд этмас экан.
— Бўлди қилинглар. Далага кетдик, — деб сўқмоққа тушди. Афтидан у, умуман, кўйлак киймас, шунинг учун бадани темирдек ялтираб кетган эди.

Жўра менга:
— Ҳозир, ҳозир, — деб ўзини сувга отди-да, ҳаш-паш дегунча нариги қирғоққа чиқиб ва юлғунлар орасидан менинг ҳам кийимларимни олиб дарёга тушди. Ва бир қўллаб сузиб, чиқиб кетди.

Қойил!

Кийиниб, Жамолнинг орқасидан тушдик. Қизлар кулиб, гап отиб қолишди. Бояги қув қизча бўлса;
— Жўра ака! Содиқни ташлаб кетинг! Биз молтишни ўргатиб қўямиз, — деди.

Жўра унга қарамай:
— Юрабер. Ўрганасан. Қўрқмасанг бўлди, — деди менга.
— Қўрқмайман. Ўргатинг, ака, — дедим.
— Майли.
— Эртага яна келамизми? Онангизниям кўриб кетамиз... Хўпми?

У менинг елкамга қўл солди-да:
— Хўп, — деди. Пича юрганимиздан кейин... — Содиқ, кўнглишта олмасанг, бир гап айтаман, — деб қолди.
— Ҳеч ҳам кўнгилга олмайман, — деб тўхтадим.

У билагимдан тортди. Биз тупроғи қайнаб ётган сўқмоқдан ўрлаб борардик.
— Айтинг, — деб қистадим.
— Энанг мени ёмон кўрадилар. Қулоғим чингиллаб кетди.
— Ёлғон, — дедим.
— Рост.
— А, нимага? Хўп, ёмон кўрадиям дейлик...
— Бултур, бултур, — деб минғиллади у. — Кечқурун келдилар. Вакил бўлиб. Отам хурсанд бўп кетдилар. Кейин энанг ўтовда ётдилар. Мен отам билан ташқарида ётдик. Бир маҳал уйғонсам, отам йўқ. Хўп ўтирдим. Кейин қўркдимми: «Ота-а!» деб чақирдим. Отам ўтовдан чиқиб келдилар...

Мени ўшанда — «ёш бола» бу, ҳеч нарсани тушунмаган деманг. Мен тушунган эдим...

Ўзимни қандайдир айбдор сезиб, миқ этмай қолдим. Қирғоқ устига чиққандан сўнг:
— Кейин нима бўлди? — дедим.
— Кейин энанг менга ёмон қарайдиган бўлдилар... Кейин келишларида отам мени кайвони холанинг уйига жўнатадиган бўлдилар. Биламан, энанг айтган...
— Ҳа, — деб юбордим-да: — Жўра ака, мени кечирасиз, — деб ялиндим.
— Нимага-нимага?
— Онам чиндан ҳам сизни...

У аста бош ирғади. Сўнг тағин елкамга қўл солди. Мен унинг бу ҳаракатидан қандайдир меҳр, оғанинг инисига бўлган меҳрини ҳис этдим. Сўнгра...

...ўзим ҳам унинг белидан бир қўлим билан қучиб олдим.

Дарё жиягидан, яъни қиртоқ лабидан ипга тизилгандек кетарканмиз, беихтиёр кўнглим бузилар, аммо ич-ичимда шод эдим.

Хуллас, буғдойзор ёқасидаги ташландиқ капада кунни кеч қилдик.

Жўра менга палахмон ясаб берди. Палахмон!.. Килдан эшилар экан. Капада кигиз парчалари кўп эди, ўшалардан қилини ситиб олди. Оқбой бўлса, қаёққадир чопиб кетиб, икки чангал жун топиб келди: ўтлаб юрган эчкилардан юлиб-юлиб олибди. Кейин уларни қўшиб, узун-узун пилта эшдик. Сўнгра қизларнинг майда сочига ўхшатиб ўришди. Икки қулочлар бўлди. Кейин бир учини ҳалқа қилиб, бир учини думга ўхшатиб, ҳатто тараб-тараб қўйишди. Ана ундан кейин бу ғалати чилвирнинг қоқ ўртасида ёнғоқдек тош сиғадиган чуқурча тўқишди.

Шу!

Кейин денг, ўша чуқурчага тошни жойлар экан-сиз-да, чилвир учларини жуфт қилиб ушлаб, тепада уч-тўрт марта айлантирар экансиз. Чилвир қўлингиздан чиқиб кетай-кетай деганда, ҳалиги думли учини қўйворар экансиз!

Шу! Қарабсизки, ҳалиги тош зинғиллаб учиб кетаяпти! Албатта мўлжалга олишниям билиш керак...

Туманда «рогатка» қилардик... Палахмоннинг номини билардим, холос.

Ғаллани қўридик-да-э!

Кечқурун болалар ажралиб-ажралиб кетишди: эртага фалон вақтда «дайро бўйида» учрашилади!

Жўра иккимиз ўрикзорга кирганда, у ийманиб менга тикилди:
— Ука, ке бир иш қиламиз... — деди.
— Хўп бўлади, ака.
— Энангни олдида... бир-биримиз билан гаплашмаймиз. Аразлашгандай бўп юрамиз.
— Нимага?

У менга шундай синиқ, таъна билан бокдики, гап маъносига дарҳол фаҳмим етди.
— Ҳў, онам далага кетгандан кейин...
— Ака-укамиз, — деди у. — Эртага дайронинг юқори томонига обораман сени. У ердаям бир-иккита ийрим жойлар бор... Молтишни ўргатаман.

Мен унинг белидан қучиб олдим.

Ай, болалик-а!

Кечаси онам — иккимиз ўтовда ётдик. Жўра билан Раис бобо ташқарида — ўтов биқинидаги сомон сувоқ Қилинган супада. Менинг анча пайтгача уйқум келмади: назаримда, онамми — ташқарига чиқиб кетадиган ёхуд Раис бобоми— кириб келадигандек эди... балки мен ухлаб қолганимдан кейин улар учрашгандир...

Қизиқ, кейинчалик мен ўша дамларни — колхоз раисининг ўтов сиртида, Шўро раисасининг ичкари-да — шундоқ яқин масофада ётиши ва уларнинг пинҳона алоқаларидан айрим кишилар бохабар ҳам эканлиги, бироқ одамларнинг бу ҳолга панжа орасидан қарашлари ҳақида ўйлаб, ўзимча шундай хулосага келдим: ўша вақтларда турмушнинг изми шу экан-да? Раислар халойиқнинг, дейлик, маломатидан, қўрқмас эканлар-да!

Ўзим ҳам сезардим: булар икковлон Улкан қишлоғининг хонлари — беклари эди!

Шунинг учун улар оддий одоб-андиша деганларидан ҳам устун туришарди чоғи...

Ҳақиқатан ҳам халқ булардан зирилларди. Оқбойнинг машоқ терган, қорни учун ғалла ўғирлаган болаларни ҳам Раис бобонинг қамчилаб уриши ҳақидаги гапи ҳақ эди.

Бундай иш, мен ишонаманки, онамнинг ҳам қўлидан келарди. Оддий одамларга шунақаям дўқ қилиб юборардики...

Узр, сал ўтлаб кетдим.

...Сўрадилар, сўрадилар кечаси. «Нима қилдинг? Кимлар билан ўйнадинг? Дарёга боргансан...»

«Бордим. Узоқдан томоша қилдим Оқбой билан, — деб жавоб бердим онамга. — Лекин Жўра билан гаплашганим йўқ. Оқшом дастурхон устидаям кўрдингиз-ку?»
— «Ҳа, сенга ҳўмрайиб-ҳўмрайиб қаради... — деди онам. — Шундан ҳам билавер. У сенга душман...»

Эртаси Раислар ишга кетиши замон биз Жўра иккимиз яна дарёга отландик.
— Нон-пон оламизми онангизга?
— Тушдан кейин, — деди Жўра. — Дайро ёқасида шотутлар бор. Яқинда каллаклаб кетишган эди... Шу кунлар яна пишиб қолгандир...
— Ўшандан ҳам терамиз-а?
— Ҳа..

Кун бирон терак бўйи кўтарилмасдан биз дарёнинг «юқори» томонига бориб қияликдан эндик. Бу жойдаги жарлик томонга оқаёттан сув кичкина кўприкнинг остидан шовуллаб ўтар ва ёйилиб кетар, сув остидаги барча тошлар баралла кўриниб турарди.

Гапнинг қисқасини айтсам, пешингача сузишни анча ўрганиб олдим. Тағин сув остидаги силлиқ тошларга оёқни қўявермасликни ҳам...

Дарё(ча)ни сузиб-кесиб ўтишга тўғри келса, албатта, оқимга қаршироқ юриш лозим экан. Чунки оқим барибир сени суриб, кўзланган жойингга етказмайди. Шунчаки сувни кечиб ўтаётганингда ҳам ҳадеб оқим бўйлаб қарайверсанг, бошинг айланар экан...

Сув остида кўзни очиб юриш...

Дафъатан кўзни очганингда, қаршингданми, ён-верингданми кўзингни нимадир босар экан: сув албатта! Кейин чаккаларинг сал-пал оғрир экан. Сўнгра...

...қизиқ, мавҳум-хаёлий бир оламда сеза бошлар экансан ўзингни.

Аста-секин оёғинг остидаги тошчаларни ҳам кўрар экан. Улар қандайдир япасқидек! Қўлингни узатсанг, бармоқдаринг ҳам калта-калта бўлиб «қоларкан». Ҳатто оёқларинг ҳам маймоқланиб кўринаркан.

Пакана-хунук бир маҳлуққа айланар экансан.

Орадан беш-олти кун ўтди.

Камина бирон дақиқалар нафас олмай — сув остида сузадиган бўлиб қолди.

Кўз деганингиз ҳам сув тагида нарсаларни балодек кўради. Бу жараёнда ҳалигидай ҳайратланишлар ҳам йўқ бўлди; қиёфамга кўникдимгина эмас, кўзнинг ўзиям ҳалиги босимга ўрганди чоғи — чаккаларимнинг лўқиллаши ҳам қолди.

Биз ҳар куни ё тушгача, ё тушдан кейин лопиллаган осма кўприкдан ўтиб, Жўра аканинг онасидан хабар олгани борардик: ул-бул егулик билан...

Кейин ўша айланма йўлдан юлғунзор соҳилга тушардик. Табиий: болалар-қизлар қатори ўзимизни «дайрога ташлардик», молтиб юрардик...

Жамол ўқтин-ўқтин мени мақтаб ҳам қўярди: «Қўрқмасанг бўлди. Дайро ўзимизники...»

Қизалоқлар ҳам мендан кулишларини бас қила бошлаган, аммо кўзи сузук, яноғи чиқиқ ўша қизчагина қувлигини ташламас, туриб-туриб: «Отимни айтмайман!» деб қоларди.

Нимагаки, биродар, мен ҳали ўша ийримнинг тагига шўнғиб етиб боролмас эдим!

Рост, бир-икки марта яқинлашгандек бўлдим. Аммо нимадир бир куч мени қаёққадир суриб кетаёттанини сезиб, апил-тапил тепага чиқиб олдим.

Оқтошни эса, Жўра ҳам, Оқбой ҳам бир-икки марта олиб чиқишди. Фаҳмимча, бу топқирлик қандайдир даражада омадга ҳам боғлиқ экан: агар ўша тош тушган ерга бориб қолсанг, марра сеники!

Бироқ...

...яна битта нозик жойи борки, бунақа оқтошлар сув остида минг битта!

Сен отилган тошни топиб чиқишинг керак!

У эса — қуйруқдеккина япалоқ тош. Ўта силлиқ. Биронта жойида кемтиги-чўтири йўқ.

Хўш десангиз, бу ерда чўмилиб шўнғиб-молтиб олишгач, яна ғалланинг бошига, кейин қуртхоналарга борардик: қоровуллик-қўриқчилик қилардик.

Оқшомлари онам мени тергаб қолар, мен албатта ёлғон гапирардим: «Жўра билан гаплашмайман!» Аммо оналар ўзи шунақа бўладими, назаримда, у сезар эди. Шунинг учун менга олайиб-олайиб қарарди-да: «Пушаймон бўласан, бола. Ана, мени айтди дерсан. У сени бир бало қилади...» дерди.

Айтмоқчи, бу — «Оқтош» ўйини жуда қадим-қадим замонлардан қолган эмиш. Жамолнинг айтишича, бир замонлар бу юртнинг одамлари ёв босганда, ҳатто ҳалигидай ийримларга тушиб, бемалол... нафас олмасдан ўтиришаркан. Ев ўтиб кетгандан кейин сувдан чиқишаркан.

Эшитяпсизми, биродар?

Ахир, бу жуда ғалати, ғирт фойдали ўйин... экан-да! Унинг ёшликдан болалар, ҳатто қизалоклар ораси-да ҳам урф бўлгани шундан далолат эмасми?

Тўғри, табиий шароит, яъни дарёнинг яқинлиги ҳам шундай ўйиннинг яратилишига туртки бўлган...

Бироқ, ўлай агар, фойданинг кони бу! Вужудни чиниқтиришини айтмайсизми?:

Бир куни ўша кўм-кўк ийрим ёнида — камар соясида ўтиришгандик. Устимиздан қалдирючлар чий-чийлаб ўтар-айланар, биз — бепарво, дарёнинг босиқ шовуллашидан мулойим тортиб (қизлар ҳам шу ерда эди, одатдагича), Жамолнинг ҳикоясини тинглардик.

У сел келганда, «Дайро»нинг қутириши — қора уйлар, капаларни олиб келиши, дарахтларни томири билан юлиши, соҳилларнинг баҳайбат тошларга ва баъзан қўй-қўзиларнинг ўликларига тўлиб қолиши, қўйингчи, бешиклар ҳам топилиши ҳақида сўзлар экан:
— Эй, мен сувчи бўламан-э! — деб қолди. — Ҳозир Улканда биттаям сувчи қолмади...
— Ўқимайсанми? — деб сўради Оқбой.
— Мана, Шўро опанинг ули ўқийди... менинг учун ҳам, — деб қолди-ку бирдан. — Нимагаки бундан сувчи чиқмайди. Шу оқтошниям топиб чиқолмайди...

Мен шаҳд билан ўрнимдан турдим. Жўра қўлимдан ушлади.
— Йўқ. Ҳали эрта, ука.
— Тушаман! Тошни ташласин! — деб туриб олдим. Аммо бутун вужудим дир-дир титрайди: ахир, сувнинг тубига тушишим лозим! Тубига!

Булар камида уч-тўрт йиллаб молтиган, шўнғиб, кўзни очиб юришни машқ қилишган! Жамол менга қараб қолди-да:
— Ўтир жойингга, — деди. — Тегиб кетдими? Мен бор гапни айтдим-ку? Мен сувчи бўламан. Сен ўқийсан.

Ўйлаб кўрсам, гапи рост.

Бироқ буларнинг ёнида ўтиргим келмай қолди. Се-кин четланиб, четдаги тошга бориб ўтирдим.

Сезиб турибман, қизлар ҳам менга ачинишар эди. Анави кўзи сузук қув бўлса, ишшаяди.

Ҳеч кимга парво қилмай, атрофни томоша қила бошладим. Бир маҳал қарасам, тепамизда парвоз қилаётган қалдирғочларнинг бири шувиллаб камарнинг шифтига кириб кетгандек бўлди. Тикилиб боқсам, ҳув ундай қатнинг деворида чипоргина ини бор: ундан бир-иккита малларанг бошчалар сариқ тумшуқларини очиб тепага талпинишар, уя лабига қўниб олган қалдирғоч уларга навбат билан хўрак едирар эди. Тумшуғидан-а!

Оғзини катта очиб тутади. Анави жинқарчи бўлса, бошини суқиб юборади. Нақ жиғилдонидан олади емакни! Қизиқ: тумшуғи онасининг бўғзини тилмасмикан?

Жонивор, бутун умр бўйи шу тариқа тўйдиради-я болаларини! Кейин болалари ҳам...

Мен чумчуқ деганини тумандаги уйимиз-ҳовлимиздаям кўравериб кўзим шшгаб кетган эди. Хўп, ана сўпитўрғайларни ҳам бу ерда кўп кўрдим: уларни «Дашт булбули!» дейишаркан. Улар инини бузиш ёмон экан...

Аммо жарқалдирғочнинг боласини кўриш... Яқиндан кўриш унга тикилиш менга шунчалик қизиқ ту-юлдики, ўша инга чиқиб бориш йўлини қидира бошладим.

Қидира бошладим-у, топдим! Ҳа... Шундоқ ёнимдан қатга ўрмаласам, бемалол чиқиб борар эканман.

«Қат» дегани — тоғ бағриларида бўладиган кўндаланг кесим дейиш мумкин: ўша кесимнинг тепасидан тошлар уваланиб тўкилади. Кейин ундай жойлардан мундайроқ киши энгашиб юриши ҳам мумкин: айтишларича, овчилар юрармиш...

... Ахир, ушбу дарё оқиб тушаётган тоғ туманимизнинг шимолида-да!

Ҳа, тоққаям кўп чиққанман.

Шошманг-шошманг, «кўрпанинг қатига қўйдим» деган гапни эшитганмисиз?

Кўз олдингизга келган бўлса, бас.

Шундай қилиб, қатга чиқишга қарор қилган пайтимда, Жамол Оқбойга бақирди:
— Баковул! Тошни от!

Оқбой ирғиб туриб:
— Кўзни юминглар! — деб ҳайқирди. — Бир, икки, уч!

Болалар «гуп-гуп» этиб, сувга сакрашди. Гирдобга яқинлашганда шўнғиб-шўнғиб кетишди.

Мен анграйиб турарканман: «Жамол топиб чиқмасин-да!» дер эдим. Негадир...

Қарангки, Жамол ҳам.. оқтошни топиб чиқолмади! Жўра ҳам, Оқбой тошни қаерга ташлаганини биларди, албатта. Шунинг учун уям ўзини сувга отиб, икки марта шўнғиб чиқди. Қўли бўш... Болалар ҳансирашиб, яна жой-жойларига ўтиришди ва тошнинг нима бўлганини ўзларича тахминлай бошлашди.

Қизлар бўлса энди буларга ачингандек ўтиришар ва одатдагича шивирлашар эди.
— Э, топмасам, шу ердан кетмайман! Кетсам, шу ернинг сувини ичмайман! — деб юборди Жамол ва тағин ўзини сувга отди. Ғойиб бўлиб кетди. Ундан кейин бошқалар ҳам боз сувга сакрашди: гув-гув-в...

Қизлар ийрим сатҳига диққат билан тикилишаркан, менинг хаёлим тағин қалдирғоч инига оғди: энди катта қалдирғоч йўқ, уячадан сарғиш тумшуқларгина кўринарди.

Қатга ўрмалай кетдим. Юмшоқ ундек тупроқ тўкилган. Митти қушчаларнинг панжа излари бор, холос. Қатнинг айрим жойлари жуда тор — яъни, шифти паст бўлиб, у ерлардан бошимни хам қилиб ўтардим.

Айрим жойлари кенг, шифт ҳам баланд: бемалол чордана қуриб ўтирсанг бўлади.

Ниҳоят, етдим. Мана қаршимда: томчи-томчи лойдан ясалган ҳовучдек ин. Негадир чипор. Митти-митти сомон қипиқлари ҳам қўшиб юборилган.

Тавба, иморатни сувашга, хусусан, том сувоққа ишлатиладиган лойга сомон қўшишларини билардим: сувоқ мустаҳкам бўлади... Наҳот бу нарсани қалдирғоч ҳам билса?

Дарвоқе бу шўрлик қуш лойни ҳам.. тумшуғида келтирган-а?

Болалари учта экан. Уччаласи ҳам мени оналари деб ўйлашдими, чий-чийлаб оғизларини каппа-каппа очишди. Вой, оғизлари шунақаям каттаки, бири иккинчисининг оғзига бошини тиқса, бемалол сиғади. Лекин кўзлари юмуқ. Ҳақиқаттан ҳам малла.

...Мен ҳали уяга қўлимни узатмаган ҳам эдим! Бирдан теварагим чий-чий овозларга тўлиб қолди ва бир жуфт қалдирғоч зинғиллаб айланаётганини кўрдим. Кўрдим-у, улар нақ кўзларимни чўқиб оладигандек човут солишди!

Мен бошимни эгиб қолдим. Улар нақ тепамда чарх уришар, қулоқларимга, бўйнимга, ҳатто юзимга ҳам қанотларининг шамоли уриларди. Тағин кўзимни очгандим, тағин...

...Яна бошимни эгиб қолдим-у, шу бош ўлгур айланаётгандек бўлди.

«Бас! Тушиш керак!»

Яъни, қочиш керак...

Мен юзимни бир қўлим билан тўсиб, келган йўлимга қарадим-у, юрагим орқага тортиб кетди. Йўлак жуда тик ва жуда тор бўлиб, унинг шундоқ пастида...

...кўм-кўк ийрим килкиллаб, худди бир афсонавий маҳлуққа ўхшаб турарди.

Уни кўрдим-у, тамом бўлдим.
— Туш! Пастга! Содиқ! — ана шундай чақириқлар келаётганини ҳам шунда эшитдим. Ва қирғоққа кўз Қиримни ташласам, болалару қизлар тик туришиб, мени имлашаётибди.

Тавба, улар жуда йирокда туришгандек, кичкина бўлиб кўринишди.

Мен тушиш учун бир амаллаб бурилдим-да, демак, тўғри тушишим лозимлигини англаб лол қолдим: қанақасига тўғри тушаман? Йўқ: боягидек бўлиб олиб, демак, сурилиб-тисланиб энишим мумкин, холос! Бўлар иш бўлди!

Тағин уяга ўнгланиб олганимни биламан, қалдирғочларнинг энди қанотлари юзимга тегиб ўтди. Ва яна бош ўлгур айлана кетди. Шунда силжидим-у, у ёғи...

Қатдан қуйига учдим!

Бошим билан...

...сувга кирдим-кетдим: кетяпман, кетяпман. Бир нарсани биламанки, бундай пайтда маълум бир жойга борганингдан сўнг ташланишдаги зарбанинг кучи сусаяди-да, беихтиёр тўхтайсан. Ана шунда тепага интиласан: қўл-оёқларингни қимирлатсанг, бемалол чиқиб кетасан.

Ҳозир эса... тўхтайдиган сиёғим йўқ эди. Бирдан кўзимни очдим. Очдим-у, сутдек оқ нарсани — сувни кўрдим. Кейин у тиниқлашди. Кейин балиқми — бир нарса олдимдан сузиб ўтди. Ундан кейин қуйига тикилдим-да, беихтиёр яна...

...қуйироққа тушиш учун интилганимни сезмай қолдим. Чунки турли-туман оқ-қора тошлар кўриниб турарди.

Тошларга қўлим теккан замон менга таниш... ҳалиги оқим зарб билан суриб юборди. Алпанг-талпанг бир тошга ёпишдим. Қўлим чиқиб кетган эди, бир томирни ушлаб олдим. Тўхтадим. Аммо бутун танам буралиб қолди.

Томирни қўйворсам, кетаман...

Қўйвормасам, ҳадемай нафасим қайтади.

Шу ўй-шу қарор менга қувват бўлди чоғи, бир муддат кўнглим тинчиб қолди ва беихтиёр оқ тошларга тикила бошладим, Ишонасизми...

...Ўша оқтош шундоқ рўпарамда — томирнинг таккинасида чиғанокдек бўлиб ётган экан!

Томирдан бир қўлимни бўшатиб, тошни олдим.

Эсимда: мен бутун даҳшатни унутган эдим!

Энди, майли, илож қанча: бунақада узоқ туролмайман. Бу ёғига — сувости оқими қай манзилга оборади номаълум-у, агар бирон жойда мени чиқариб ташлайдиган бўлса, унгача ҳам, демак, нафас олмаслигимга тўғри келади.

Бу мулоҳазадан сўнг: «Э, болалар бор-ку, Жўра ака бор! Жамол бор!..» деб ўйладим. Ва дамим ичимга тушиб кетаётганини пайқадим-у,.. томирни ушлаб турган бармоқларим бўшашди ва мен оқимга тушиб кетдим. Кетаяпман. Кўзим очиқ...

...Оқлик ва тиниқлик оламидаман. Аммо бу оламнинг яшил гиёҳлари ҳам бор. Улар ҳам узунасига ўсган: сув йўли бўйлаб. Шунинг учун мени тутиб қолишолмайди. Мен эсам, улар орасидан сирғалиб ўтаман.

Бу ажаб бир олам эди: ҳа, ҳа! Бундай манзарани фақат тушда кўриш мумкин! Тушдаям худди шундай бўлади: ихтиёринг гўё бировнинг қўлидадек.

Сен унинг измида: ақлинг-ҳушинг ўзингда бўлса-да, ҳеч иш қилолмайсан...

Китобларда ёзишади-ку, «кўзимни очганда, ўзимни касалхонада кўрдим», деб.

Ўзимга келибман чоғи, кўзимни очсам, чалқанча ётибман. Жўра белимга мингандек туриб олиб, қўлларимни нари-берига обориб-обкеляпти. Кўзларида... сув томчиси эмас: ёш.

Атрофимда — тепамда болалар-у қизлар: бирлари тик туришибди, бирлари чўнқайиб ўтиришибди.

Билмадим, уялганимданми, бирдан ҳушёр тортиб кетиб, ўрнимдан турмоқчи бўлдим. Аммо кўнглим айниб, сув қусдим. Сўнгра бир нафас эгилиб қолиб, яна қўзғалмоқчи бўлувдим, бармоқларим оғриб кетди: қарасам, қўлимда, яъни, кафтимда ўша... оқтош!

Кафтни очмоқчи бўлдим-очилмайди: қаришиб қолган.
— Ҳозир уқалаймиз. Ҳозир... — деди Жўра ва менинг туриб ўтиришимга кўмаклашди. Сўнгра оғиб кетмаслигим учунми Оқбой орқамга ўтиб, кифтимга тиралиб ўтирди. Қизлардан кимлардир кулди: хурсанд бўлгандан албатта. Ахир, бир нарса бўлсам, мен — Шўро опанинг ўғли... Тасаввур этасизми... Тасаввур этасиз.

Худди шу вақт... йироқдан бир қийқириқ эшитилди! Ҳамма аланглаб қаради.

Баланд қиргоқ устида — чамаси бизни қуйига олиб тушадиган сўқмоқда бир жийрон отлиқ турар, от негадир сапчир, чавандоз юганни тортиб ўрнида айлантирар эди.

Шак-шубҳасиз у киши — менинг онам эди.
— Шўро опа! Шўро... — дейишиб қолди болалар. Қизлар ҳам шивир-шивир қилишди-да, отлиқ сўқмоққа тушиб ва чанг-тўзон кўтариб энар экан, ҳамма...

...Жўрадан бўлак, ҳамма зим-ғойиб бўлиб кетишди: қочишди! Юлғунлар тагига, қабристон тарафдаги жарлик камарларига ўзларини уришди.

Ана шунда қирғоқ устида тўриқ отли ҳам кўринди. Ва бирпасдан сўнг у ҳам эна бошлади.
— Жўра ака, — дедим беҳол. — Мени... Сиздан илтимос, кетинг, ака...
— Йўқ, ука... Нимага? Сени яхши кўраман... Яхши боласан...
— Мени ким опчикди?
— Ким бўларди.
— Сиз-да?

Онам отдан тушиб, мени бағрига босди.
— Нима бўлди?... Нима?... Нима қилиб қўйдинг, ҳой, душман? Сеними? Уйга бориб бўпсан...
— Эна, Жўрака мени опчиқди, — дедим. — Қалдирғоч боласини кўраман, деб...

...Раис бобо ҳам етиб келди. Ҳар ёққа разм солиб, чамаси болалар ва қизларни кўриб, ўғлига ҳам разм солиб, менга жилмайди.
— Қалай, молтишни ўргандингми? Қўлингдаги оқтош-ку? Ў, опчиққан бўлсанг...
— Гапирманг, ўртоқ Бобоев! Ўлишга сал қолипти-ку бунинг. Хайрият, худо бир асрапти...
— Йўқ. Мени Жўракам...
— Ташла у тошни! — деб дўқ қилиб қолди онам. — Нимага уни ушлаб ўтирибсан?

Мен бармоғимни очмоқчи бўлувдим... очилиб кетди! Кулиб, Жўра акага қарадим. Уям жилмайди. Шунда онам:
— Ўртоқ Бобоев, буни мингаштиринг, — деди-да, ўзи жийронга минди.

* * *

Оқтош ҳамон менинг хонамда турибди. Сузиш бўйича мусобақаларда олган ҳар хил совға-кубокларим сафида.

Лекин бу тош уларнинг ҳаммасидан азиз.

Онамнинг Жўрага муносабатини сўрайсизми?

Жилла ўзгармади: шунақаям бўларкан-да, биродар... Жўра ҳозир дўхтир.

Раис бобомдан учта укам бор. Онам уларни яхши кўради, албатта.

Аммо Жўрани...

Менинг эса туғишганларим орасида ҳам... энг сирдошим, суйганим Жўра ака.

1992