OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШукур Xолмирзаев
Асар номиОт эгаси (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шукур Xолмирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм22KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





От эгаси (ҳикоя)
Шукур Xолмирзаев

Иноднинг учта бойлиги бор эди. Бири — сой бўйидаги сердарахт қишлоғи; қишлоқ четида босмачилар билан урушда ҳалок бўлган отасининг қабри дўппайиб турар, Инод гоҳо уни зиёрат қилгани борарди. Иккинчи бойлиги — қишлоқ ўртасидаги тепада ўрнашган икки хонали мактаби эди; бу мактабга тоғнинг олис-олис бурчакларидан отли, эшакли бўлиб ўқувчилар қатнар, ҳаммасининг ягона муаллими шу Инод эди. Унинг учинчи бойлиги — қорабайир оти эди; бу отнинг олис авлоди муаллимнинг отасига ҳам вақтида хизмат қилган, уни кўп жангу жадаллардан омон олиб ўтган эди. Лекин Иноднинг қўлидаги ушбу қорабайир ҳам унга содиқ хизматини ўтарди, икки бор анави сойни сел суви босганда, эгасини олиб чиққан, тўрт йилдан буён кўпкариларда улоқни муттасил шу айириб чиқар, яна унинг бир хосияти қуйидагича эди... Узоқ йили Иноднинг бор-йўқ икки фарзанди беда солинган бостирмага туйнукдан кириб, гугурт ўйнайди, бедага ўт кетади. Уларнинг қий-чувини эшитган оналари бориб, эшикни очмоқчи бўлади, бироқ эшик қулф, у ҳам жонсарак ҳолатда туйнукдан ўзини ичкарига ташлайди. Болаларини топади, бироқ тутуну олов босган хонада кирган туйнугини тополмайди. Алангани кўриб яёв чопиб келган Инод хотин, бола-чақасининг аллақачон соб бўлганини кўради. Сўнг уларни отаси ётган қабристонга кўмиб, чорбоғда ёлғиз қолади. У руҳан ва жисман ҳарчанд кучли бўлмасин, ғам уни эза бошлайди, қишлоғу мактабидан ҳам кўнгли совиб боради. Ночорликдан қорабайирни миниб, тоққа кетади. Чўпонлар овулида санғиб, марҳум отасининг жанг қилган ерларини кўради, зумрад қорли чўққилар остидан ўтиб, яшил ўтлоқларда тунайди ва ўзи сезмаган ҳолда кўнгли кўтарилиб, дарди пасайиб, қишлоққа қайтади. Шундан кейин дарсдан бўш кунларида қорабайирда сайр қилиш унга одат бўлиб қолади.

Ойлар ўтиб, йигит қалбидаги яра битгандек бўлади. Қишлоғию мактабига бўлган меҳри яна жўш уради. У азалги аҳволига қайтгандай ҳис этади ўзини.

Мактаб икки хонадан иборат бўлиб, бири даҳлиз, бири синфхона. Ана шу синфда етти яшар болакай ҳам, ўн икки яшар йигитча ҳам ёнма-ён ўтириб ўқишади, уларнинг ҳар бири ҳар хил синф ўқувчиси бўлгани ҳолда, бир синфда ўтириб сабоқ олишлари бир-бирига халақит бермайди. Чунки бу атрофда бундан ўзга мактаб йўқ, шу ерга қатнаб, имкони борича илм оладилар. Иноднинг ўзи вақтида ўн синфни битирганди, холос. Қолаверса, улар ўқитувчиларини севади, бу — бир қадар хўмрайган, оғиркарвон ва алланечук одамови йигитни ҳурмат қилишади. Инод бўш соатларда ва меҳнат дарсларида қорабайир отини мактаб қошидаги майдонга келтириб, ўқувчиларга арғумоқда юришни ҳам ўргатади, милтиқ отишни ҳам кўрсатади, гоҳо сой сувини банд қилиб, болалари билан балиқ ҳам тутади.

Бир кеч Инод мактабдан чорбоғ қоровули билан яёв қайтиб келаркан, қоровул Бўрибой:
— Эшитдингизми, шахсий от сақлаш ман бўлипти. Қарор чиқипти. Бир милиса кеча бизнинг ёнимиздаги юртдан бир чўпоннинг отини ҳайдаб кетди, — деди.

Иноднинг кўнгли хира бўлди:
— Янгилик-ку... Лекин мен отимни бермайман, — деди.

Дарҳақиқат, бу тоғ ёнбағирлари қарашли бўлган раёндаги партия комитети «нега ўзимиз тоғлик бўлиб, қимиз ишлаб чиқармаймиз!» деган мулоҳаза билан янги бир совхоз ташкил этишга қарор қилган, аҳолининг ортиқча байталларини сотиб олиш учун ташкилотлардан жойларга вакил жўнаган эди. Бу томонлардан бия сотиб олиш эса кичик лейтенант Эгамберди Худойбердиевга топширилган эди. Унинг эса дилида бошқа бир пинҳоний истаги ҳам бор эди: ана ўша тоғдаги сой бўйида жойлашган қишлоқда истиқомат қиладиган муаллимнинг кўп яхши, чопқир, чиройли оти бор-да. Шуни ўзиники қилишнинг иложи йўқмикин? У ўйлаб-ўйлаб, иложини топди: бир неча биянинг нархини бичиб, раёнга жўнатгандан кейин Тумшуқда битта чўпоннинг соппа-соғ байтали тургани ҳолда, унинг миниб юрувчи отини алдаб-сулдаб, қўрқитиб, дўқ уриб сотиб олди ва: «Нега бия олмадинг, деб сўрашса, бияси йўқ экан, отини бера қолди. Буни алмаштириш мумкин-ку дейман-да», деб ўйлади. У билардики, қишлоқ қоровули чўпонга қўшни, қишлоқда эса Инод муаллимдан бўлак киши йўқ ҳисоби. Аҳолиси бўз ерларга кўчиб кетган. Демак, бу хабарни қоровул чол Инодга етказади...

Инод пешайвонли уйи олдидаги бедапояда йўнғичқа ўрарди. Қуёш кунботарга эгилиб, кунчиқардаги адирлар бағрини ёритар, сойнинг ҳам у ер-бу ери йилтирар эди. Нари соҳилдан тўриқ от минган шапкали, погони бор киши пастлай бошлади. Сувни кечиб ўтиб, бу соҳилга чиқиб келди.

Инод унга бир қаради-да, ишидан қолмади.

Эгамберди пакана жийдаларни оралаб, бедапоя адоғида пайдо бўлди.
— Ҳов, саломатми? Қани бу, меҳмон келдими, демайсиз? — деди.

Инод қаддини кўтариб турди. Ўроқни ўрик танасига қаттиқ санчиб:
— Келинг, — деди дўриллаб.

Эгамберди тўриқни жадал. ҳайдаб, ўрик остига келди, эгардан сакраб тушиб, тизгиндан тутганича чорбоғ эгаси томон йўрғалади.

Инод у билан хомуш кўришди.
— Қани, бу маза йўқми? — деди Эгамберди кулиб ва тизгинни ўрик чўқморига боғлади, ўриб қўйган ўтдан бир қўлтиқ олиб от олдига ташлади; кафтларини бир-бирига уриб қоққанича, Инодга кулимсираб бокди. — Биламан, нимадан хафасиз? — деди, сўнг чуқур хўрсинди: — Энди, Инодбой, бу кўпга келган тўй, жўра. Биз оддий ижрочи. Шунинг учун биздан хафа бўлмайсиз энди.
— Йўғ-э, сиздан нимага хафа бўламан, — деб тўнғиллади Инод ва уйи томонга бурилди. Айвонга етиб, ичкаридан кўрпача олиб чикди. Шолчага ёзиб ташлаб: — Ўтиринг, чалоб ичасизми? — деди.
— Чалобми, чалобдан ҳам чакки маъқул! — деди милитсионер кўрпачага чўккалаб.

Инод дастурхон чиқариб тўшади, устунга илиғлиқ қўй қорнидан қилинган тулум оғзини очиб, косага ёғоч қошиқ билан сузма олиб сола бошлади.
— Бу, Инод жўра, қачон уйланасан энди? — ўзини унга яқин кўрсатиш учун сен-сенлаб сўради Эгамберди.
— Э, ўлмасак уйланамиз-да бир куни, — деди Инод. Косани келтириб, дастурхонга қўйди. Қоровулнинг хотини ер тандирда пишириб юборган уй нонини тўрт бўлакка бўлиб, меҳмоннинг олдига тизди.
— Олинг, дастурхонга қаранг.
— Қани, ўзларидан, қани.
— Олаверинг, қорним тўқ... Лекин, Эгамберди, бекор кепсиз бу ерга, мен бари бир отимни бермайман. У менга... жуда қадрдон бўлиб қолган.

Эгамберди сузмага булаб олган нонни оғзига солиб, дудуқланганича бидиллай кетди:
— Биламан, биламан, жўражон. Сизларга от сув билан ҳаводай зарур! Лекин илож қанча... Лекин менга бермасанг, бошқаси келиб олиб кетади. Шундай эмасми? Масаланинг бошқа жиҳатиям бор. Мендан, Иноднинг оти қани, деб сўраганда нима деб жавоб бераман? А? Тўғрисини айтаман-да, шуни талаб қилишади, тўғри сўз айтганда жазоям камайтирилади. Унда, жўражон, ўзингга қийин бўлади... Қарорни бажаришдан бош тортган, дейишади сени. Бу ёмон гап, билсанг.

Инод бошини қуйи солиб, анча вақт жим ўтирди. Ниҳоят:
— Шундайми? — деди.
— Ҳа, албатта! — деди Эгамберди.

Инод яна жим қолди. Сўнг меҳмонга манглайи остидан қаради.
— Билишимча, сизлар келишувчиликкаям кўнасизлар, — деди.
— Қандай? — ўсмоқчилади Эгамберди.
— Шу... жўра деяпсиз мени, раҳмат бунга... Эгамберди, менда бир соғин сигир бор, шуни ола кетинг, ўзингизга... Лекин шу от қолсин менда, а?

Эгамберди чайнаётган нонини ютмай: «Э, бир сигирли бўламан-ку?»— деб ўйлади ва говмиш сигирга эгалик қилиш ҳисси унинг қорабайирга бўлган ишқини сусайтирди. Шундан кейин у жиддий тус олди:
— Бу порахўрлик-ку, давлатни алдаш-ку?
— Биламан, — деди муаллим ночорлик билан. — Биламан... Лекин сизнинг кўнглингизни олай дейман-да. Бу... сизга боғлиқ-ку? Майли, мен уч-тўрт йилгача отни раёнга йўлатмайман, ҳов тоққа, танишларнинг қўлига бериб қўяман, ўша ёкда турсаям кўнглим тўқ.

Эгамберди манглайини чангаллади: «Ҳозир сигирнинг устига ўн беш қўй бер десам ҳам беради!»— деб кўнглидан ўтказди.
— Хўп, лекин отинг ёнингда қолади, деб ваъда беролмайман, биронта катта пайқаб қолса, ўзинг жавоб берасан! — деди.

Эгамберди косани ялаб, турди.
— Мен анави қирнинг ортидаги Эшмат подачининг уйида бўламан, қош қорайгандан кейин... сигирни етаклаб ўт. Чолга бериб қўйсанг, ўзи подасининг ичида боқиб юраверади. Лекин шу гап шу ерда қолсин, — деди. Сўнг таҳдид билан давом этди: — Бировдан шу гапни эшитсам, Инодбой, билиб қўй, айб ўзингга тушади. Органнинг одамини йўлдан урмоқчи бўлган дейишади сени. Мен уни синаган эдим, қанча шахсий моли борлигини билмоқчи бўлган эдим, дейман... Менга ишонишади.
— Тўғри гапингиз, — деди Инод.

Эгамберди кетгандан кейин қорабайирга эгалик қилиш истаги унга яна тинчлик бермади, ҳафта ўтказиб, хафақон бир кайфиятда тағин тўриғини йўрттириб, Иноднинг чорбоғида пайдо бўлди.
— Бу ишимиз ўтмади, жўра, — деди у Инодга. — Сенда от борлигини раённинг етти яшаридан етмиш яшаригача биларкан. Ўлган десам ҳам ишонишмади. Яширган, топиб келинг... бўлмасам, ишга совуққонлик билан қараган, деб ўзингизни жавобгарликка тортамиз, дейишди. Мана, келдим.
— Яна бир марта йўқ деб юборинг, — деди Инод. — Ўн бош қўйим бор, шуям сизники... Отни берсам, куним қаттиқ бўлади, Эгамберди. Отамдан ёдгорлик. Эр йигитнинг оти бўлиши керак, дер эдилар. Шу от... менинг оғир кунимга яради.

Эгамберди яна манглайини ушлади, қўйларни ўзиники қилганидан кейин ҳам яна от хуморига тушиб келишини ҳис этди ва:
— Йўқ энди, жўражон! — деди. — Шу сигирингни олганимдан бери кўнглим қора. Хоҳласанг, бориб подачидан қайтиб ол.
— Шундайми?
— Ҳа! — деди Эгамберди ва кўнглига ғашлик тушиб, унинг нима қилишини кутди.

Инод йирик гавдасини оғир буриб, уйи орқасига ўтиб кетди. Арчазор ёнбағридаги қўрикда бойлоқ турган қорабайирни етаклаб келди. Уни ўрик остида қаққайган Эгамберди ёнида тўхтатиб, қашқали пешонасидан ўпди-да, бедапоянинг ўртасига олиб бориб, тизгини учини тиканга боғлади, уйга қайтди.

Эгамбердига Иноднинг ҳаракатлари жуда сирли кўриниб, кўнгли ваҳима тушди. «Нима қилмоқчи ўзи у?» — деб орқасидан қараб қолди. Сўнг кўм-кўк йўнғичқазорда сувсардек ялтиллаб, одатдаги отларникидан йўғон бўйнини гажак қилиб, одатдаги арғумоқларникидан кенг ўмровини кериб ва одатдаги чопқир отларникидан ингичка оёкдарини ерга қаттиқ тираб турган қорабайирга қаради. Унинг кўзларига кўзи тушиб, эти жимирлаб кетди.

От худди даҳшатли бир хавфни сезгандек олайиб, эгаси кириб кетган уйга қарар, ҳайратда қотган антиқа ҳайкалга ўхшар эди. «Ёпирай!» — деди Эгамберди ва хона эшигида Иноднинг қорасини кўрди. От бирдан титроқ товушда кишнаб юборди.

Шунда уй эшигидан отилган милтиқнинг тутуни чўзилиб чиқди, арғумоқ баландга сапчиши ҳамон ўқ овози эшитилди. Ниҳоят, эшикдан қўлида милтиқ тутган Инод чикди. Қорабайир ёнбошлаб ётиб оёқларини силкир, қисқа-қисқа кишнар эди, Эгамберди ўқ унинг пешонасига теккани, қон у ердан тирқираб чиқаётганини кўрди-ю, ҳам даҳшат, ҳам ачиниш билан кўзларини юмди. Инод милтиқни шолчага ташлаб, супа лабига ўтирди.

«Бунинг авзойи бузуқ», деб кўнглидан кечирди Эгамберди Худойбердиев ва милтиққа назар ташлади: бир тиғли. «У ўқ чиқариб жойлагунча анча ерга бориб оламан», деб ўйлади... Йигитнинг карахт гавдасига бир қараб олиб, тўриғини ечди, ўзини эгар устига олиши билан бу манзарадан юраги ёрилгудек бўлиб турган от уни олиб қочаётгандек югура кетди.

«Мени қамашадими?!» — лоқайд ўйлади Инод отлиқ орқасидан қараб ва бу ўйи кор қилмай, устунга суянди. Қорабайир хириллар, ҳамон ингичка оёқларини силкир, иссиқ қон ҳиди атрофга ёйилган эди.

От жимиб қолгандан кейин Инод унинг бошига борди ва бирдан унинг бўйнидан қучоқлаб, кўзларини юмди. От бадани совиди. Инод ўрнидан турди: қаршисидаги арчали тоғлар ҳам, чорбоғи, дарахтлари ҳам, анави сою олисда оқариб турган мактаби ҳам маъносини йўқотган, йигитнинг кўзлари лоқайд боқарди. У тағин от бошида чўнқайди-ю, қишлоқ ёқасидаги қабристоннинг оқ ялови, туғ учидаги қўчқор шохини кўрди. Беихтиёр от тизгини билан унинг оёқларини кулликлаб, билагига солди. Ёнбошига йиқилгудек майишиб судрай бошлади. Қабристонга етиб, жигарлари гўри ёнида отни қолдириб қайтди. Кетмон олиб бориб, ёрма гўр қазиди ва қорабайирни тушириб кўмди.

Сўнг кечгача шу ерда ўтирди, отаси ва бола-чақасининг ҳам руҳига тиловат қилган бўлди. Кейин уйга қайтиб, эшикларини қулфлади-да, сойга тушиб борди.

Унинг ёқаси билан юриб, қош қорайганда сув оқиб чиқаётган боғ бетига етди. Ўтирди. Ой чиқиб, олисда қолган қишлоқнию тепадаги мактабни равшан ёритди. Шунда Инод бош олиб кетиб, қаерда ҳам яшаши мумкинлиги ҳақида ўйлаб қолди.

Инод бир неча ойдан кейин Эгамбердининг ўшандаги нияти нима эканлигини пайқади. Лекин бу вақтда унинг кўнглида қолган икки севгилиси — қишлоғию мактаби яна томир отиб улгурган эди.

1971