OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШукур Xолмирзаев
Асар номиОта юрт (бўлган воқеа)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шукур Xолмирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм28KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Ота юрт (бўлган воқеа)
Шукур Xолмирзаев

I

Мансур деган жияним бор. Новчадан келган, қотма, ўзимга ўхшаган қиррабурун йигит. Совхозда агроном бўлиб ишлайди. Иши яхши. Лекин қайси куни шикоят қилиб қолди:
— Ариқ устидаги Қудрат бобони биласизми? Ўшани ўнта эчкиси бор. Токзорга яқин туради. Деворнинг орқаси — унинг уйи. Шу баҳорда токзорни айланган эдим. Қарасам, бир тарафи кўкариб қолибдию бир тарафи қип-қизил, совуқ уриб кетгандай. Буни нима жин урди, деб текширган бўлдим. Совуқ-повуқ урган эмас — мол еб кетибди! «Ўламан саттор, мол киргани йўқ!» дейди. Ахир, кўриб турибман, мол қийратган. У ер-бу ерга белги қўйдим. Эртасига борсам, яна уч туп токнинг шўрасини еб кетибди. Ишга ўтган йилим шу токларни экдирган эдим. Меҳнатинг сингса, дарахт ҳам болангга ўхшаб қолар экан. Кейинги куни ярим кечада от миниб бордим. Биламан, қоровул гўрсўхта ухлаб қолган. Девордан қарасам, ўнтача майда мол токларни киртиллати-иб еб юрибди. Бедапоя марзасида биров орқа ўгириб ўтирибди. Аста отдан тушдим. Уни бутага боғлаб, девордан ошиб тушдим. Секин-аста ёнига бор-сам, ўша — Қудрат бобо! Ол-а! Ўтирган жойида ухлаётган экан. Ёнгинасига ўтирдим. Эчкилар токни қийратяпти. Бу киши уйқуни уряптилар! Барака топмагур пенсионер. Пенсионерни сўкма, дерсиз. Қўйинг, шунақалари борки, бизда ишласангиз биласиз. Охири чидай олмадим. Ахир, совхознинг токини еяпти-я! Ўтини ҳам эмас! Бу чолни на совхоз, на халқ қизиқтиради, ўлай агар! Йўғасам, шундай қиладими? Тикилиб турдим-да, шаппа бўғиб ерга босдим. Эловсираб қолди. Рости, сўкдим. Кейин қўйвордим. Анчадан кейин ўзига келди. «Туринг, милисага борамиз!» дедим. Йиғлайди, сиқтайди денг. Кўнглим бўш-да. Жавобини бердим. Аммо шу токларни ўстириб берасиз, деб шарт қўйдим. Токни ўстиролмади-ю, бир тсентнер майиз келтириб топширди. Ҳарна-да. Ҳозир мени кўчада кўрса, отда бўлсам ҳам букилиб салом беради. «Саломалайкум, Раҳмон полвоннинг ўғли. Яхши юрибсизми?» — деб қўяди.

...Мансурнинг отаси, яъни тоғам ҳақиқатан ҳам полвон ўтган. У кишининг отаси — бобом ҳам вақтида бекнинг полвони бўлган, ҳатто Афғонистонга бориб, у тарафнинг полвонлари билан беллашиб келаркан. Инқилоб олдида қоқшолдан ўлган. Зурёд бўлиб онам билан тоғам қолган.

II

Мансуржоннинг ҳамма иши жойида-ю, лекин кўнглида киши билмас бир дарди бор. Тоғам урушга кетиб, «бедарак йўқолди» деган хабар келган эди. Бояқиш момом: «Кафан кийган келмайди, кепата кийган келади», деб тоғамнинг йўлига кўз тута-тута дунёдан ўтди. Онам ҳам яқин йилларгача ёлғиз укасининг омон қайтишини кутарди. Тоғамни икки-уч йил кутгач, янгамиз эр қилган. Лекин ёлчимаган. Ундан чиқиб, ҳозир укасининг уйида яшайди. Гап-гурунг устида у ҳам тоғамнинг қачон бўлмасин кириб келишини кутаётганини сезар эдим.

«Бедарак йўқолди». Жуда мавҳум гап-да!

Хуллас, жиянимнинг дарди ҳам шу эди. Бир куни мен:
— Мансуржон, бир сўратиб кўрмайсизми? Ўша хат келганига ўттиз йилдан ошди. Бедарак кетганларнинг кўпларидан дарак чиқди, — дедим.
— Йўқ-йўқ. Керакмас, — деди. Сўнг мунгланиб, айбдордек жилмайди. — Асир тушиб кетган бўлса-чи? Йўқ. Бу иснодга чидолмайман.

Бобомизнинг Фармон деган укаси ҳам елкаси ер искамаган полвонлардан экан. Лекин бекнинг полвонлари сафига қўшилмаган, темирчилигини қилиб юраверган. «Ундай мағрур одам уруғимиздан чиққанмас», дерди раҳматли момом.

У кишини ўша мағрурлиги олиб кетган. Бир куни темирчиликда ўтирса: «Раис жаноблари келяпти!» деб овоза бўлибди. Раис — қози ҳузуридаги бир мансабдор, асосан савдо-тижорат аҳлининг арзини тинглаб, ажрим қиладиган киши. У бозорга от ўйнатиб кирганда, савдогару харидор расталардан тушиб, икки букилиб қарши оларкан. Ҳамма пастга тушибди-ю, Фармон полвон дўкони супасида қаққайиб тураверибди. Кимдир унинг этагидан тортиб: «Полвон, пастга тушинг. Бир балони орттирманг», дебди ҳам. Полвон парво қилмабди. Раис ўзига қарашли ясовул ва навкарлар билан бозорга кирибди. Одамлар билан сўрашиб, аҳволлашиб ўтаверибди. Фармон полвонга етганда тўхтаб, ҳайрон бўлиб сўрабди: «Нега пастга тушмайсиз, полвон?» «Э, тақсир, — деб жавоб берибди темирчи, — сиз ҳам худонинг бандаси, мен ҳам худонинг бандаси. Бандаси бандасига таъзим қилса, фарқимиз қаерда қолди?» Раис навкарларига: «Ушланглар. Бандихонага олиб кетинглар!» дебди. Полвон зиндонда ётаверибди. Акаси, қариндош-уруғлари, мухлислари ҳам бекка бориб ёлворишибди, хунини сўрашибди. Бек бир куни: «Буни раис жанобларидан сўрангиз. У киши афв этса, полвон ҳозир чиқиб кетади», дебди. Улар раисга боришибди. Раис узоқ мулоҳазадан сўнг: «Фармон полвонни бозоржойга олиб чиқамиз. Менинг хоки пойимни ўпиб тавба қилсин. Токи бу иш фуқарога ибрат бўлгай, минбаъд улуғлар шаънига доғ туширгувчи гумроҳ ана шундай жазога тортилажагини тушуниб олурлар», дебди. Нақл қиладиларки, полвон шартга рози бўлмаган. Икки ойдан кейин уни зиндонда жойнамозга мук тушиб, ўлиб ётган еридан олиб келган эканлар...

Мансур: «Отам асир тушган бўлса... бу иснодга қандай чидайман», деганида шу воқеани эсладим. У одамларнинг феъли-атвори менда йўқ. Лекин мана шу жиянимда бор чоғи.

III

Бултур ҳаётимда катта бир ўзгариш бўлди. Ўттиз тўрт йилдан бери биринчи марта ота юртимга бордим.

Отам қўшни областнинг чўлдаги Булғур деган қишлоғидан. Буёққа келишидан аввал у Булғурда маориф мудири экан. Ўша кезлар қандайдир англашилмовчиликлар орасида, баъзи бемаъни одамларнинг туҳмати билан, отамга ўхшаш бир неча зиёлининг ҳаёти хавф остида қолган экан. Отам вазиятни сезиб, Тошкентга жўнабди. У ерда бир йилча яшагач, дўстларининг маслаҳати билан бу тарафга, онамнинг юртига келибди. Озгина муддат раён газетасида ишлаган. Тағин ўшанақа гаплар қўзғалиб, отам... кетганида мен икки яшар бола эканман.

Отам билан бирга кетганлар қайтиб, онамга: «Бандалик экан, у кишини ўз қўлимиз билан ерга қўйдик», дейишган.

Шуни айтишим керакки, онам теккан киши уйимизга келиб юрган чоғларидаёқ унга меҳр қўйиб қолган эдим. У киши бизни нуқул ўз қишлоғига кўчиб кетишга ундар, гоҳо отга миндириб олиб ҳам борар, лекин онам: «Йўқ, мен бу жойни ташлаб кетолмайман. Бу ерда ота-боболарим ўтган. Хилхонамиз шу ерда», дер эди. Ниҳоят, у кишининг ўзи бизникига кўчиб келди. Йил ўтмай, мен уни ота деб кетдим.

Чоғимда, тез бундай деб кетишимнинг бир сабаби — у кишини жуда яхши кўриб қолганим бўлса, сўнгра — бизнинг оилада, мен тушунмайдиган сабабларга кўра, ўз отамнинг номи тилга кам олинар эди.

Йиллар ўтди.

Мен ўз отамни, унинг юрти Булғурни тез-тез эс-лайдиган бўлиб қолдим. Лекин буни ўгай отамдан яши-рардим, сездирсам, у киши хафа бўлади: «Ўгай ўгайлигини қилади-да, бари бир менга фарзанд бўлмади», деб ўйлайди, дер эдим.

Дам олиш баҳонасида бола-чақамни олиб борганимда, бир кеч зиёфатдан сархушроқ бўлиб қайтдим. Нима деганимни эслолмайман, бир вақт ҳушёр тортиб кетдим. Қарасам, отам бошимни силаб:
— Ўғлим, тўғри ўйлабсан. Ота ўғил шундай бўлади. Пулинг бўлмаса пул берай, ота юртингни бориб кўр, — деб турибди.

Негадир йиғлаб юбордим. Назаримда, шу дамдан бошлаб бу меҳрибон одам билан орамизда бир чоҳ пайдо бўлгандек эди.

Булғурга бордим. Уруғларим, аммалар, амакиваччалар шод бўлиб қолишди. «Сени кўп ўйлар эдик. Ўша ёкда бир тирноғимиз қолган, деб армонда юрар эдик. Амакиларинг ҳам урушга кетиб, қайтмади. Буёкда қўлимиз калталик қилиб, сени излаб боролмадик. Бизни кечир», деб йиғлаганлар ҳам бўлди.

IV

Булғурдан қайтиб келган куним Мансуржон ҳам уйимизда экан. Дастурхон атрофига йиғилганимизда, бўлган иш бўлди энди, деб Булғурга борганим ва кўрган-билганларимни айтиб бердим. Отам бирпас хаёлга толди-да:
— Ажаб қилибсан, ўғлим. Менинг ҳам юрагимда армон қолмайдиган бўдди. Шу бола ичида кўп ўксинар, деб ўйлар эдим, — деди.

Отамнинг гаплари қулоғимга кирмади. Кўпроқ ўз туйғуларимга қулоқ солар, уларни таҳлил қилар эдим. Оқибат, ҳайрон бўлдим: отам билан орамизда энди ҳеч қандай чоҳ йўқ эди!

Мансур дастурхон бошидан туриб кетди. Бирор ёққа чиқди, деб ўйладим. Аммо келавермади. Уёқ-буёққа қарадим — йўқ. Момомнинг чорбоғимиз этагидаги бир уй, бир даҳлизли бўш кулбаси деразасида чироқ шуласи кўринди.
— Эна, момомнинг уйида ким бор?
— Ҳеч ким, — деди онам. — Бўш. И-э! Чироқ ёняптими?
— Сиз қимирламанг. Ўзим бориб келаман, — дедим.

Ҳақиқатан ҳам момом қазо қилгандан бери уйида биров яшамас, Мансур бир-икки ой айвонда ётиб туриб, уйлангач, жой қилиб кетган эди.

Бу уйлар кейин қурилган. Асл уйимиз ўша! Онам ҳам, тоғам ҳам ўша уйда туғилган. Кейинчалик у ерда момом билан Мансур яшади, гоҳо мен ҳам бориб ётардим.

Кўнглим ғалати бўлиб, ҳар хил хотиралар ёдимга тушиб, уйга яқинлашдим. Бир неча йилдирки, бу уйчага кирганимни билмайман. Бироқ ҳозир қаерда тош туртиб чиқиб турибди, қаер чуқурча — ихтиёрсиз бир тарзда билиб, шунга мос қадам ташлаб борардим.

Мана, супа. Тарновдан оққан сув супанинг лабларини емириб юборган эди. Ҳамон шундай бўлса керак. Ана, ёғоч каравот. Мен ҳам шу каравотда, момомнинг ёнида ётардим. У дам Мансурнинг, дам менинг бошимни силаб, ҳангомалар айтиб ухлатар эди.

Ана, айвон бошида ўчоқ. Унда бобомдан қолган мис чойдишда чой қайнатиларди. Момом чойнакка чой дамлагач, чўққа қўяр, жўмрагидан пирқиллаб сув тоша бошласа, қозонсочиқ билан тагини артиб, дастурхонга келтирар эди. Дастурхонда туршак, олмақоқи, шафтолиқоқи, ёнғоқ, патир бўларди. Биз нонни чойга бўктириб ер эдик.

Моможон! Хотира мулким! Энг азиз, гўзал дақиқаларим сиз билан ўтган. Ҳаётни сизнинг кўзингиз билан кўрганман! Сиздан бир умр миннатдорман, момогинам.

Деразадан қарасам, Мансур палосда ўтирибди. Олдида қандайдир сурат. Бир қўлини ерга, бирини белига тираб, суратга тикилади. Секин эшикни тортдим.
— Ким у? — дея бўғилиб бақирди у.
— Мен, мен, — дедим. Эшикни очиб кирдим. Таниш ҳидлар димоғимга урилди. — Нима қиляпсиз, Мансур?

У менга лоқайд назар ташлаб, суратга ишора қилди. Эгилиб қарасам — тоғам! Қора чопонда, кўкраги очиқ. Сочи олинган. Кичкина мурти бор. Тоғам бу суратни урушга кетишдан бир кун олдин олдирган экан. Момом борлигида дераза билан эшик ўртасида, деворга осиғлиқ турарди.

Тавба! Нега илгари тузукроқ қарамаган эканман! Бу одам менинг тоғам-ку! Ҳозир ҳаёт бўлганида мени жияним деб суярди. Тоғажон, биз кўп нарсаларни ўз вақтида эмас, кейин суямиз шекилли... Кўкраги очиқ.

Қандайдир чапанинамо. Лекин мардлиги, йигитлиги мана мен деб турибди! Уруш еди бу одамни.

Мансурга қарадим. Дафъатан унинг юрагидаги пинхоний дард ёдимга тушди. Энди ёмон таъсирланиб кетдим. Мансурга яна тикилиб қарадим. Чеҳрасида аламзадалик ифодаси намоён эди.
— Мансур! — дедим. — Бу ўтириш ярашмайди сизга! Мен тоғамнинг асир тушиб кеттанига ишонмайман. Тўғри, ярадор бўлиб, ўзи билмай асир тушиб қолганлар бор, албатта...
— Иўқ! — деди у. — Эркак одам асир тушмайди!
— Шу тобда ўз даражангизга муносиб фикр қилмаяпсиз.
— Мен ўз фикримни айтяпман.
— Бўлмаса, нимадан қўрқасиз? Сўранг, суриштиринг.

У суратни олиб ўрнидан турди. Жойига илиб қўйди.
— Кетдик.

Мансур танчада ёниб турган, — момомдан қолган, — еттинчи лампани тепасидан пуфлаб ўчирди. Чикдик. Атроф зим-зиё, пастга тушиб, ўнгга бурилди. Уйимиз эса рўпарада.
— Қаёққа? — дедим.
— Мен бир... — У чайналиб тургач, ниҳоят айтди: — Шу... опамни бир кўриб келай...

У янгамиз эр қилиб кетгани сабабли ҳамон уни ёқтирмас, янгам ўртага одам қўйиб, неча марта «яраштиринглар», деган, онам ҳам Мансурга кўп марта: «Қўй энди, жигарим. Онангдаям айб йўқ. Тақдир экан, яраш», деган, лекин Мансур у киши билан ҳатто гаплашишни ҳам истамас эди.
— Шундай қилинг, Мансуржон. Ҳаётда ҳамма нарса бўлади. Уруш айбдор, — дедим.

У ерга тикилди. Шу бўйи бурилиб, боғ оралаб кетди.

V

Май байрамини Тошкентда бола-чақам билан ўтказиб, туғилган юртимга жўнадим. Буёкда яна байрамлар кўп. Йўлакай Булғурга ҳам тушдим. Аммамлар, амакиваччалар — барчалари хурсанд бўлиб кетишди. Энди улар: «Ё бизни ҳам ўша ёққа олиб бор, ё уларни бизга ола кел. Борди-келди қилайлик», деб қолишди.

Булғурдан чиқаётиб, кўнглим кўтарилиб, бағрим

кенгайиб кетганини ҳис қилдим. Бу кўнглимга она юрт ҳам, ота юрт ҳам сиғар экан. Сиғибгина қолмай бағрингни кенгайтириб юборар экан.
— Мансур қалай? — дедим онам билан сўрашар-сўрашмас. — Ота, Мансурнинг кайфияти қалай?

Улар бир-бирларига қараб, сўнг бир-бирларига гап бермай:
— Чошгоҳда бир кўринди. Кайфи бор эди чоғи... Яна чиқиб кетди. Лекин онаси билан ярашгани яхши бўлди-да. Момонгнинг уйига кўчириб келмоқчи. Насиб бўлса, балки ўз уйига кўчириб кетар... Кайфияти тузуг-у, биз билан яхши гаплашмади, — дейишди.

Янгамиз билан ярашгани яхши. Аммо... Чой-пой ичиб, дам олган бўлдим-да, кўчага чикдим. Тошкентдан йилда бир келган таниши ё синфдошини кўрганлар нима қилади? Бунинг устига, бугун 9 май — Ғалаба куни!

Ресторандан чиқиб, истироҳат боғига ўтдик. Кўчада мактаб томон кетаётсак, тахта омбори олдида одам гавжум! Қандайдир ҳайкалнинг устидан сурп чодирни туширишяпти. Атрофида пионерлар кўп. Кўпининг қўлида лолақизғалдоқ.

Қаерда бўлмай, Мансурни суриштирдим. Идорасига, бўлимларга телефон қилиб, уни қидириб ҳам келишди. Мансур ҳеч қаерда йўқ эди.

Дўстларим мени кузатиб қўйишди. Дарвозахонада ҳам бир оз гаплашиб турдик.
— Ҳайкал яхши бўпти, — деди Бўронбек деган синфдошим. — Фақат бир жиҳати менга унча ётишмади. Номаълум солдат дейилган, бу тўғри-ю, шу... ҳайкал ўзимизнинг тоғлик йигитларга ўхшамабди-да.

Ҳар ким ҳар хил фикр айтди. Оқибат — қишлоқда ҳайкал ўрнатилишининг ўзи яхши гап, деб хайрлашдик.

Мансурдан кўнглим алағдалиги учунми, уйда узоқ ўтиролмаслигимни сезардим.
— Эна, Мансурдан дарак борми? Дарак йўқ? — Момонинг уйига йўл олдим. Назаримда, Мансур уйда ётгандек туюлди. Чироқни ўчириб ётгандир, деб ўйлаб супага чикдим. Деразадан қарадим. Эшикни очдим. Гугурт чакдим. Уй бўм-бўш.

Айтганимдек, уйда ўтиролмадим. Яна кўчага чиқиб кетдим.

VI

Қайтиб келаётсам, биров салом беради. Қарасам, Қудрат бобо!
— Э, салом! — дедим. — Раҳмон полвоннинг ўғлини кўрмадингизми?
— Ҳе, — дея чол кулиб қўйди. Сўнг ҳовликди: — Нима эди?
— Йўқ, кўрдингизми бугун?
— Шу... қаердаям... Қизилнинг бошида кўрдим шекилли. Отлиқ эдилар. Гиламдай очилган лолақизғалдоқ ичида турган эканлар. Мен билан яхши сўрашдилар...
— Бобой, у менга жиян бўлади, биласиз.
— Албатта, албатта.
— Шуни менга топиб берасиз энди.

Тонг қоронғиси экан. Биров чақирди. Болохонадан чиқсам, дарвоза тарафда ўша Қудрат бобо. Қўли билан мени имлади. Кийиндим, тушиб бордим.
— Ҳа?
— Мана буни кўринг.

Бир сурат берди. Тикилдим. Қандайдир мармар устун, атрофида ўзбекларга ўхшамайдиган кампир, чоллар, ёш болалар.
— Нима бу?
— Яхшироқ қаранг.

Қайтиб болохонага чикдим. Лампочкани ёкдим. Не кўз билан кўрайки, мармар устун — ҳалок бўлган аскарларга қўйилган ёдгорлик бўлиб, унда олтита исм ёзилган, тўртинчиси — «Ўрмонов Раҳмон» эди. «1943 йил, 3 октябр». Атрофда ёдгорликка таъзим қилиб турган кампир, чол ва болалар — руслар.

(Кейин билсам, Мансур отасини ҳарбий комиссар-лик орқали суриштирган, натижада Ростовдан хат билан бирга шу сурат ҳам келган экан. Комиссарликдагилар атай Ғалаба куни беришибди.)

Чопиб пастта тушдим.
— Буни қаердан топдингиз?
— Ёнида ётган экан.
— Ўзи қаерда?
— Ҳозир кўрасиз.

Қудрат бобога эргашдим. Кўчага чикдик. Чол мени мактабга борадиган йўлга бошлади. Ёғоч омборга етмаёқ:
— Ана, ана! — деди.

Мансур солдат ҳайкали тагида, мармар зинада бо-шини ҳайкалнинг пойига қўйганча ётар, ёнида боғланмаган бир даста лолақизғалдоқ бор эди...

1978