OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШукур Xолмирзаев
Асар номиҚорбобо келади (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шукур Xолмирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм7KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қорбобо келади (ҳикоя)
Шукур Xолмирзаев

«
— Қорбобо қаерда?
— Ўрмонда.

Жиянларимнинг суҳбатидан
»

Ҳовлимиз Куйтан тоғининг арчазор ёнбағрида бўлиб, тевараги пастак девор билан ўралганди. Лекин, айвондан туриб қарасангиз, деворлар кўринмайди: дарахтлар шунақа қалин. Бу дарахтлар орасида бир туп арча ҳам бор эди.

Мен шу ҳовлида тўрт фаслни кузатиб, тўрт фаслни қаршилардим. Лекин, булар орасида энг яхши кўрганим — қиш фасли эди. Гап шундаки, мен қиш маҳалида, қиш бўлганда ҳам қирчиллама кунида, биринчи январга ўтар кечаси, Қорбобо келишидан сал олдин туғилган эканман. Шунинг учун мендан бирон киши, дунёга келиб, кўзингни очиб, илк бор кўрган нарсанг нима, деб сўраса, онамдан кейин қишни, қорни, Қорбобони кўрганман, дейман. Хуллас, бу тўртталасини ҳам яхши кўрардим.

Бироқ, кўп ўтмай буларнинг биттасига шубҳа туғилди-ю, ҳаммасига бўлган муҳаббатим шубҳа остида қолди.

Ҳовлимиз этагидаги дўнглик устида жойлашган мактабда Янги йил байрами бўлди. Қорбобо келади, деган гапни эшитибоқ, ўша ёққа қараб учдим.

Мактаб зали, ўртада арча... Атрофда ўқувчилар. Ҳаммасининг оғзи қулоғида. Байрам!

Ниҳоят, Қорбобо келди! Оппоқ кийинган, соқоллари ҳам оқ. Қўлида саватча. Унда турли-туман, қизиқ-қизиқ ўйинчоқлар... «Байрамларинг муборак!» деди Қорбобо. У узоқ юртлардан, нотаниш болалардан салом айтди, ке-йин бизга совғалар улашди, кейин кетди... Кетди!
— Қаерга кетдилар? Қаерга? — деб сўрадим. Кимдир:
— Ўрмонга, — деди.
— Ўрмонга!
— Нимага ўрмонга кетдилар?
— Қорбобо ўрмонда яшайди.

Мактабдан чиқиб, топталиб, сарғайиб қолган қорли сўқмокдан ҳовлимизга борарканман, ўрмонга қарардим.
— Қорбобо ўрмонга кетди! — дедим онамга. Онам кулимсиради.
— Қачон келадилар?
— Янаги Янги йилда.

Мен кута бошладим. Баҳорда ҳам, ёзда ҳам, кузда ҳам кутдим. Яна қор тушди. Яна Янги йил келди. Мактабга югурдим. Уша зал. Ўқувчилар. Арча... Яна Қорбобо келди! Бизни табриклади, саломлар айтди, совғалар берди, яна... кетди!

Ташқарига чиқиб, ўша қорли сўқмокдан атрофга аланглаб, уйга бораётгандим, ўқувчиларнинг гапини эшитиб қолдим:
— Мана, Қорбобо. Шу одам — Қорбобо.
— Қани? — сўрадим мен аланг-жаланг бўлиб.
— Анови кетаётган муаллим-да.
— Ёлғон! Қорбобо ўрмонга кетди.

Болалар мендан кулишди, мени мазах қилишди.
— Нега Қорбобонинг ўзи келмади?
— Келибди-ку мактабга.
— Йўқ. У одам муаллим экан. Болалар шунақа деди.
— Шунақа бўлади-да расми, — деди онам.
— Нега? — алам билан қичқирдим мен. — Ахир у киши Қорбобо эмас-ку. У киши муаллим-ку! Қорбобо ўрмонда-ку!

Онам менга қараб турди-да:
— Рост, Қорбобо ўрмонда. Бу киши муаллим, деди.
— Нега келмадилар ўзлари?
— У киши бошқа мактабларга кетган. Қувонганимни кўрсангиз! Ҳовлига чикдим. Девордан оша ўрмонга рўпара бўлдим. Совуқда дийдираб «Қорбобо, нимага келмадингиз?» дедим. Назаримда, у киши жавоб бергандай бўлди: «Келгуси йил келаман!» Лекин, келгуси йили ҳам келмадилар. Ундан кейинги йилларда ҳам. Бу орада ўзим ҳам ўқувчи бўлдим ва тушундим: Қорбобо деган киши ўрмонда бўлмас экан, ўшанда мени алдашган экан, ўзим-ўзимни алдаб юрган эканман. Лекин бари бир ишонмасдим: Қорбобо бор, у ўрмонда яшайди, янги йилда келади, совғалар олиб келади, табриклайди, деб ўйлар эдим. Шуни ўйласам, ўрмон ҳам, янги йил ҳам, туғилган куним ҳам, қиш ҳам, ҳаммаси сирли бўлиб кўринарди, ёш боладай қувонар эдим. Қорбобо йўқ, десам-чи? Сир тойиб бўлар, ўрмон-ўрмондек, қиш-қишдек, янги йил — шунчаки бир байрамдек, туғилган куним эса, туғилишим керак бўлган бир кундек туюлар, юрагим бўшаб қоларди. Сўнг яна зўр бериб шивирлардим ўзимга: «Қорбобо бор... у ўрмонда...»

Мана, ўсмирликдан ҳам ўгиб қолдим. Қишлоғимдан, мактабимдан, ҳовлимиз, ўрмонимиздан йирокдаман. Энди кўп нарсага аклим ҳам етади. Киши ўзини-ўзи алдаши яхши иш эмаслигини ҳам биламан. Лекин нима қилай? Ҳамон ўша иккиланиш бор менда. Ҳатто, энди кўпроқ ишониб қолганман: «Қорбобо бор, у ўрмонда, у совға олиб келади, у салом олиб келади, у бизни табриклайди...»

Билмадим, бу хаёл чол бўлиб букчайиб қолганимда ҳам ўзгармаса керак.

1967