OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШукур Xолмирзаев
Асар номиҚуёш-ку фалакда кезиб юрибди (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шукур Xолмирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм88KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди (ҳикоя)
Шукур Xолмирзаев

1

... Ўша пастликка эгилиб ўсган гужумча остида ўтиргандим. Курсида. Курсининг оёқлари ерга ботиб кетган. Намгарчилик-да. Айтдим-ку, ё саккизинчи, ё тўққизинчи май эди... Жийдалар гуллаган. Унисининг шохида бир булбул сайраса, бунисининг шохида бир булбул сайрайди. Хўроз-макиён. У ерда ўтроқ қарғалар ҳам бор экан. Қувқ-қув қилиб, бирининг кетидан бири учиб ўтади. Умуман, жонли-жонивор жуфт-жуфт бўлаётган пайт. Ҳатто гужумнинг чакалак шохлари орасида ҳам жиблажибонлар бир-бирини қувлаб юришади. Қанақа қилиб шундай тез учишади? Ҳайронман!

Бир маҳал денг, бир-бирини қувлаб иккита оппоқ капалак келди. Шундоқ оёғим остида энишда. Қийғос гуллаган зиралар устида пилдираб уча бошлашди. Вой, шундай чиройли, шундай чиройли!

Мен бунақа манзараларни унутиб юборган эканман. Унутиш ҳам эмас — қандайдир эт қотиб, бундай манзараларга бепарво қарайдиган бўп кетган эканман.

Шунданми, ё ёлғизлик, бекорчилик, аниқроғи, ночорлик туфайлими, ёки эрмак истабми — ўтирган эдим-да!

Шунда ҳув этакда — унда-бунда қаққайган тош иморатлар олдида томорқасига памидор кўчатими, карамми — нимадир экишаётган қизил кўйлакли қиз-жувонлар у улар қошида ғўдайишиб гурунглашиб турган (аксари) қора чопонли эркакларга кўзим тушди. Ғалати бўлиб кетдим: «Ишлаяпти улар. Мен эсам — бекорчи...»

Ана шунда калламга ғалати фикр келди. «Атрофга қара, — дедим ўзимга-ўзим, — ҳамма жонли жонворлар жуфт-жуфт! Сен эса— ёлғизсан! Сенинг ҳаётинг — нотабиий ҳаёт...»

Ўзим-ку шу ёлғизликни истаб бу ёққа келган эдим! Энди бўлса, бу ҳол менга ёмон таъсир этди!

Хотинимни эсладим, қизимни... «Улар эсон-омон Тошкентга етиб боришганмикан?» деб ўйладим.

Шу пайт меҳмонхонага олиб чиқадиган тошлоқ иўлда чопонини эгнига ташлаб олган Мисир кўринди. Совхоз директори, хўжалик раҳбари.

Ўрнимдан турдим.
— Ҳа? — деди у сиз?
— Йўғ-э, ўзим... Атрофни томоша қилиб. антиқа пайтда кепман-да, Мисирбой!
— Ҳа, энди, баҳор-баҳор... Лекин сиз хапаси ака, — деди у.
— Қаёғдан билдингиз, қаёғдан?
— Э, мен эмас, ҳамма билиб турипти ҳисоб... Пақат сизда дурбин йўқ! — деди у. Кўришдик. — так-қиттак отамизми? — сўради у.
— Кўнгил тортмаяпти, дўстим.
— Уйламанг-э! — деб тирсагимдан тортди у. Юринг, биллиард ўйнаймиз!

Унгаям ҳушим йўқ эди. .
— Сиз ажойиб инсонсиз! — дедим Мисирга чин дан ҳам ҳавасим келиб. — Ишлайсиз, ишлатасиз... Югуриб-эласиз. Вақт бўлганда, мендан хабар оласиз.

У елка қисди.
— Бизнинг ҳаётимиз шул-да... Мана, битириб олсак, насиб бўлса, йўл битса, ана сизга ўхшаган акалар, туристларнинг келиши, олиши соз бўлади. Мен чойхонани ҳам ҳашар билан битқазаман. Фермерларим ваъда беришди... ўйламанг-э, ҳаёт яхши бўлиб кетади. Бир қўй

терининг ичида неча бор озиб, неча бор сел экан.
— Рост айтасиз, — дедим.
— Нима, зеркдингизми? Марказга тушиб келас ми? Раёнга? Балки, чол-кампирниям кўриб дегандай...
— Ҳа, ҳа, — деганимни билмай қолдим: мен, афтиг дан, шароитнинг ҳам қандайдир ўзгаришига муҳтож эдим.
— Ўзимам билиб эдим-ов, — деди-да, ёғоч энгаг ракдан (қўлбола дарвоза) кейин эниладиган жарликнинг у бетидаги хўжалик идорасига қараб шовқин солг ди: — Ҳў-ў, Болтабо-ой! — Идора олдида ГАЗ-69 мошинаси турарди. Ёнида кимлардир бор эди. — Болтабой, бери ке, ука! — деб қўлини силкитди.

Болтабой — директорнинг-бошлиқнинг шопири. Яхши, камсуқум, камгап бола.
— Бўлмаса, бирон нарса кийиб олинг. Ҳаво айланаяпти. Ёғиб қолар, — деди Мисир.

Бу ернинг ҳавоси жуда ўзгарувчан экан... Ҳа-ҳа, қор дейсизми, дўл дейсизми — марҳамат! Бир парча булут меҳмонхона устида пайдо бўлса, албатта бир нарса ташлаб ўтади. Салдан кейин қарабсизки, қуёш кулиб турибди!

Меҳмонхонага кирдим. Ўз хонамга — четдаги ҳужрага бориб, чопонни кийдим. Сигаретни олдим... Биласизми, бу уйчани қанақа қилиб безатган эдим! Битта диван. Қаршида битга кресло. Буларнинг ўртасида ёзув столи. Ёзув машинкаси. Хўш, бурчакда милтиқ, биротар. Ёстиқнинг тагида пичоқ. Ёки бир парча нон... Онам ўргатган-да болаликдан. «Яроғ — қўриқчи, болам!» деб, ҳозир ҳам уйимизга бориб ётсам, ёстиғим тагига ё нон, ё пичоқ қўяди... Хўш, уйча ҳақида гапираётган эдим. Бурчакда қандайдир маркали радиоприёмник. Нақ оёғим остида — олдимда электр плита. Ёлғиз дераза ҳалиги гужум томонга очилади. Гужум орти — этакдаги қишлоқ кўринмаса ҳам, қишлоқнинг у четидан ўрлаб кетган арчали тоғ мана мен деб туради. Ошувгача. Арчалар найза кўтариб, афсонавий қасрга интилиб бораётганда тўхтаб қолган навкарларни эслатади. Сув оқадиган ўйиқлар, оқмалар дўл тушганда икки кунлаб оқаради, холос.

Тоғнинг пастроқ жойларига тушган уйлардан тунлари милт-милт нур кўринади, холос.

Аммо мен хонамдаги чироқни ёқсам борми, ўша томонлардан кўплаб итлар ҳуришади!

Меҳмонхонада мендан бошқа бирон кимса йўқ-да. Ёзда кўп бўлса керак...

Меҳмонхона тошдан ясалган. Шунинг учун совуқ, ёздаям салқин бўлиши керак.

Битта ўзим ётиб турардим. Қоровулнинг ўғли ҳар эрта битта нон келтириб берарди. Овқатниям ўзим қилардим. Ошхона бор! Газ бор!

Тунлари фақат каламушлар безовта қиларди. Полнинг тагида бир-бирини қувиб югуриб қолишади денг: гудур-гудур этиб! Баъзан тирқишларидан фиш-фиш этган овоз эшитиларди. Шунда жаҳлим чиқиб, ўша ерни тепардим. Бир марта патроннинг ўқини олиб, дорисини тешикка отмоқчи бўлдим.

Каламушларни ўлдиришган. Лекин яна кўпайган... Меҳмонхона тошнинг устига қурилган. Шу тошнинг ёрикдардан ҳид олиб келса керак-да.

2

Хуллас, жўнадик. Кеч бўлиб қолган эди. Қишлоққа тушибоқ машина чироқлари ёруғида кета бошладик. Ер нотекис, лой. Газик у ён-бу ёнга сурилиб кетади. Лекин мен гўё сезмайман. Мунг, мунг! Бутун вужудим мунгдан иборатдай!

Мен ҳаётни яхши кўрардим. Вассалом! Борича: бутун товланишлари, ҳатто фожеалари билан...

Ана шу ҳаётдан кўнгил совуди-да, биродар!

Сотсиализмнинг барбод бўлганига ачинмайман. Бироқ у билан бирга менинг ҳам нималаримдир барбод бўлганига аминман: мен инонган қадриятлар пучга чиқди...

Гўёки бугунги кунгача беҳуда яшаган эканман... Биламан: инсон нимагадир интилиб яшайди, акс ҳолда ўлади. Чамаси, менинг Тошкентда ишдан бўшаб, туғилган юртга улоқиб келишим ҳам ана ўша нимагадир интилиш, ҳечқурса, яшаб қолиш, балки яшашдан маъно топиш мақсадида эди.

Яхшиям Мисирбойнинг мени кўргали уйимизга, яъни чол-кампирнинг кулбасига бориб қолгани. У менинг аҳволимни дарҳол сезди, дарҳол тоққа — ўзи бошчилик қилаётган совхозга таклиф этди. «Тинч, ваҳималардан йироқ!» деб туриб олди. Раёнда ҳам Тошкентдаги гап бор экан-да: «Энди нима бўлади?»

Менга шу саволни беришади. Мени кўргани келган ёр-дўстлар. Ҳатто нотанишлар ҳам...

Фузулийдами, Навоийдами бир ғазал бор-ку? Бемор даво излаб табибга борса, табибнинг ўзи давога муҳтож чиқади: бундай гаплар эски адабиётда кўп...

Қисқаси, хотиним Тошкентга қайтди, қизчани олиб; иши бор. Мен қолдим...

Ҳа, май байрамини ўтказиш баҳонасида келган эдик.

Кечирасиз, сал чалғидим.

3

Қишлоқдан чиқа бошладик. Машина чироқлари нуридан ўзга нур йўқ. Сойдан ўтдик. Суви кўп. Шунақаям шовуллайдики, моторнинг овози эшитилмайди. Икки марта тўхтаб қолганда, моторнинг юрган-юрмаганини билолмай қолдим.

Нариги бет — тошлоқ. Аста-секин кўтарилиб, юксак тоққа айланади. Унинг ҳам бағирлари — арчазор. Бузуқ жойлар ҳам кўп: шу кунларда наъматаклар қутириб гуллаган эди! Йўл ўша-ўша: нотекис, хавфли.

Лекин Болтабой юришни билади. Мисир уни бекорга шопир қилиб олмаган...

Ҳорғин ўтирибман денг. Хаёлимда бир замонлар — ўн икки-ўн уч ёшларимда шу жойлардан ҳам милтиқ кўтариб ўтганим: отам тайёрлов идорасида ишлар эди, менинг белимга пул боғлаб, қўлимга милтиқни ушлатиб, эшакка миндириб, бу томондаги қишлоқларга жўнатарди.

У кишининг ҳар бир қишлоқда ошнаси бўларди. Мен айтилган қишлоққа келиб, айтилган кишини топиб, иккала қўлимни ҳам баланд кўтарардим. Отамнинг ошнаси белимдан белбоғни ечиб олар, ана ўшанда яна пул келтирганимни англардим. Кейин ошна: «Бориб айт. Фалон кундан кейин шунча эшак олмақоқи боради, туршак боради», дер эди. Мен кўпинча ўша куниёқ раёнга қайтардим. Нимагаки, масалан, саҳарлаб марказдан чиққан бўлсам, қуёш ботишига бирон терак бўйи қолганда, ўша қишлоққа етиб келардим. Биласизки, қуён ҳам, каклик ҳам кун ботаётган пайтда сўқмоқларга, ялангликларга чиқади. Айниқса, қуёнлар!..

Отолмасанг ҳам, уларни қувиш, ортидан ўқ бўшатиш, хуллас, томоша қилишнинг гашти бор-да.

Сўнгра: тунлари милтиқни ўнглаб, арчазорлар орасидан юришни яхши кўрардим. Қулоғинг динг! Сезгиларинг ўткир! Бамисоли баҳайбат бир маҳлуқ чиқиб қолади-ю, у билан сўқишасан...

Қолаверса, зим-зиё туннинг ҳам ўзига хос гўзаллиги бўлади-да. Юлдузлар яқин, бойқуш сайрайди, ҳар қадамингдан жир деган тун қуши учиб ўтади. Эшаккина бепарво... Ой чиққан маҳалларда арчазорлар негадир тинч бўларди. Улкан-улкан арчалар сояга ўхшаб туради. Эшакнинг туёқ товуши йироқ-йироқлардан баайни акс-садо беради.

Ўлай агар, қўрқув нималигини билмасдим. Ҳолбуки, мен ўрмон билан боғлиқ эртакларга ишонардим...

Ўтинаман: ҳаяжонланиб кетиб, асосий мақсаддан чалғияпман, лекин бу изоҳлар ҳам керак.

Болтабой йўлни териб ҳайдаб, ўркачга чиқди. Чироқлар нурида фақат икки марта тулкими, шақолми кўринди: тўғрироғи, йилтиллаган кўзлари кўринди, холос.
— Товушқон қолмаганми? — деб сўрадим.
— Камайиб кетди, ака, — деди Болтабой. — Лекин бор... Энди, улар ҳам замонга қарайди-да. Ҳадеганда ўзини кўрсатмайди. Бугун эрталаб бировини кўрдим. Ҳар сакрайди — одам бўйи! Уни отиб бўладими? Какликлар ҳам даққи бўлиб кетган. Қорангизни кўрса, бир чақиримдан қочади.

Тоғдан эна бошладик. Олисда юлдузларга қўшилиб кетган марказ чирокдари кўринди. Лекин уларга етиш учун... Чўпонлар тўғри айтишади: нур кўрган ерингга борма, ит ҳурган ерга бор! Зўр гап.

Марказ чегарасига кирганимизда, ёмғир томчилай бошлади. Соат ўнлардан ошган эди.

Қўштегирмон кўпригидан ўтгач, анча ҳушёр тортдим. «Раёнда ўзгариш борми?» дегандай қарай бошладим. Жимжит. Одамлар кундузги ваҳимали гап-сўзлардан қочиб, уй-уйига, тўшагига кириб олгандай эди.

Чорраҳага етганда, Болтабой:
—Уйлариютами, домла? — деб сўради.

Уй... Уйда нима қиламан? Тунда уларни безовта қилиб, нимани гаплашаман?

Қаёқдан калламга келди шу гап:
— Почтага! Почтага! — деб юбордим.

4

Почта биноси Саритепанинг бағрида. Ўрлаб бориб, энгаракка ўхшаш дарвозадан кирдик. Одатда, мошиналар дарвозадан буёқда қолади. Бизники энди... директорнинг улови. Қолаверса, мени жумҳурият ўқувчилари яхши танимаса ҳам, тупроқдошларим яхши билишади. Ҳатто айтишим мумкинки, айримлари фахрланишади.

Мошинани майдонда қолдириб, ичкари залга кирдик. Одам сийрак. Ўриндиқларда ҳар хил алфозда ўтиришибди: бир-бирига орқа ўгириб.

Энди, каминани танийди-да, почтачилар ҳам... Тўрдаги туйнукдан навбатчи йигитнинг овози келди:
— Салом берди-ик, Қудрат ака!
— Салом, салом, — деб илжайдим. Уяламан. Ҳамма менга ўгирилиб қаради.
— Тошкент билан гаплашасизми? — сўради у йигит. Ўлай агар, кўчада кўрсам, танимайман. Аммо шу биланми, бошқаси биланми Тошкентда туриб ҳам кўп гаплашганман: чол-кампирни соғинганимда...
— Ҳа, — дедим.
— Номер ўшами?
— Ҳа, — деб юбордим.
— Ҳозир! Биринчи кабинага кираверинг!

Энди жилганимни биламан, тепамдан қайноқ сув қуйиб юборилгандай бўлди.
— Нега бу киши гаплашар экан? Менинг навбатим-ку? — деди бир... қора духоба камзул кийган қизми-жувон. У анча нарида деразага қараб ўтирган экан. Менга бурилиб олган, бошқалар қандайдир безовталаниб қолган эди.

Айтдим-ку, иссиғим чиқиб кетди, деб!
— Хўп-хўп, синглим. Бемалол... Бу киши гаплашсинлар! — дедим-у, юзим қора бўлгандай изимга қайтдим.

Почтачи йигит нимадир деб дўқ қилди. Кимлардир ҳалиги қизми-жувондан нолиди...

Мен эшитмас эдим.

Тўғри майдонга тушдим. Ёмғир кучайди. Бўғот панасига ўтиб сигарет тутатдим.

Болтабой ҳам мен билан бирга.
— Ҳе, парво қилманг. Қишлоқчилик-да, — деди.
— Йўқ-йўқ, ҳаммаси тўғри, — дедим.

Қаранг-а, Тошкентда шундай жойга кириб қолсангиз, биринчи галда: «Ким охири?» ёки «Кто крайний?» деб сўрайсиз. Бу ерда... Хом сут эмган бандамиз-да.

Болтабой ичкарига қайтиб кирди. Бирон беш минутлардан кейин зинада кўриниб, мени чақирди.

Беихтиёр биринчи кабина томон борарканман, почтачи:
— Кечирасиз-да, ака, — деди.
— Ҳечқиси йўқ.
— Линияда янгам...
— Раҳмат.

5
— Тинчликми? Қаёкдардан телефон қивотсиз? — деб сўради хотиним. «Қаердан?» деганининг сабаби — ўша қишлоққа ҳали телефон тушмаганини Мисир мени кўргани келганда айтган эди, афтидан, хотиним бундан мамнун бўлган эди.
— Раёндан. Марказдан, — дедим.
— Нега? Раёнга тушдингизми?
— Кўриб турибсан-ку?
— Нега тушдингиз?

Мен унга тахминан ярим ойлар ўша тоғлар орасида бўламан, деган эдим. Чамаси, марказга энмаслигимни ҳам айттан эдим. Албатта, бу қарор унга ёққан эди.

Марказга тушсанг, биласиз-ку, яна ёр-дўстлар билан ўтирасан. Ҳалиги исқотидан кетади. Кейин рангинг бир хил бўлиб... Иш ҳам қолиб кетади...

Хотиним менинг аҳволимни, умуман, тушунар эди: тушунгани учун ҳам хизматдан бўшаб бу ёққа жўнашимга, яъни, жўнашимизга рози бўлганди. Йўқса, бир қути сигарет фалон сўмга чиққанда, хизматдан бўшашга бало борми!

Хайрият, энг сўнгги китобимга уч-тўрт сўм қалам ҳақи теккан эди...

Ҳа, сўнгги китобимга!..

Ҳа-да: шу нарсалар ҳам таъсир этганди-да менга... Маънавиятнинг қадри шунчалар тушиб кетадими?

Еб, ичиб, борингки, туғдириб, ухлайдиганлар замони келгандай: ҳолбуки, бу иш — фақат жонли жониворларга хосдир. Ахир, бизлар — одам...

Бунинг устига, «маданий одам?» дейишади бизни... ям!

Президент маҳкамасидаги мулозимлар ҳам нуқул «Мафкура тамом! Иқтисодни ўйлаш керак!» деб уқтиришади. Ҳолбуки, шу — иқтисодни ўйлаш ҳам — демак, мафкура эканини, инсонни ўйлаш эканини тушунишмайди.

Ҳа-ҳа, бу масала ҳали юзага қалқиб чиқади. Шундай қалқиб чиқадики, бу йўриғда ҳам бирёқламалик қилганимизни фаҳмлаб қоламиз. Кейин аттанг...

Ҳа-ҳа: менинг мафкурам — ҳаётни борича севиш эди. Ҳалиям ундан қайтмаган эдим. Аммо...

... шу ҳаётнинг ўзи, нима бало, чарчатганмиди, жонга текканмиди, билмайман.

Э, дўстим, мени сўроққа тутгандан кўра, ўзингиз — ўз кўнглингизга назар ташланг. Назар ташланг-чи... А-а, балли! Сиз ҳам мен каби улоқиб кетгингиз келади.

Начора, мен шу ишни қипман, балки имкониятим борлиги учундир...

6
— Нима учун, нима учун? — деб чирсилладим мен ҳам хотинимга. — Балки сенинг овозингни эшитиш учун... тоғдан тушгандирман!
— Уйдан телефон қивотсизми?
— Почтадан! Ишонмасанг, ана, навбатчидан сўра, — дедим. — Уйга бормайман. Нима қиламан чол-кампирнинг олдида? Бемаҳалда?.. Ҳа. Тоққа қайтиб кетаман...
— Мошина борми?
— Ташқарида турипти... Ўзи, яхши етиб бордингларми?
— Ҳа, ишқилиб... Бу ердаям ёмғир, ёмғир... Ҳаммаёқни зах босиб кетди...
— Хўп, менга топшириқ борми?
—Тезроқ қайтиб кетинг!.. Ҳой, сиз марказдаги жўраларингазгаям кўп ишонманг. Мен сездим. Тўқсон пойизи қитмир, одамнинг қўлига қарайдиган бўпти. Ҳа, пул кўрмаганлар... Қайтамга илгари тузук эди...
— Худди шундай, — дедим.

Бу нарсани мен ҳам жуда яхшигина сезган эдим... Нима десам экан, ўкинган ҳам эдим: «Эсиз йигитлар», деб... Биламан, ишонаман, бу кунлар ўтади!

Нима, меҳр-оқибат тикланмайди, деб ўйлайсизми? Бу даҳшат-ку?

Унда чиндан ҳам инсон инсонга бўри бўлар экан-да?.. Ишонмайман: ахир, Мисир ҳақида гапириб бердим, шекилли? Ундай инсонлар бор-ку?

Менга етади...

Хуллас, хотин билан хайрлашдим. Почтачига гаплашганим ҳақини узатгандим — қайтарди. Бари бир ташлаб чиқдим. Ташқарига чиққач, кўнглим бузилди: нега?

Балки бу тентирашим таъсир эттандир?

Аммо нега тўппа-тўғри бу ерга — почтага келганимни ўйлаб, иттифоқо англадимки, ҳалиги меҳмонхона олдида — гужум остида ўтирганимда, ўша капалакларни, қарғаларни, чопон кийган эркаклару аёлларни кўриб: «Ҳаммаси жуфт-жуфт», деб ўйлаганим таъсир қилган бўлса керак: «Мендаям хотин бор-ку?» деб...

Хўш, шляпани бостириб, мошина олдига бордим. Бораётганимда орқа эшик олдида турган бир қора гавдага кўзим тушган эди. «Болтабой», деб гумон қилганмидим, билмайман, ишқилиб, унга парво қилмай, ол-динги эшик тутқичидан тортдим. Шунда у қора гавда:
— Қудрат ака, мени олиб кетинг. Қўштегирмонда тушиб қоламан, — деди.

Кўзим илғади: ўша — духоба камзулли қизми-жувон... Энди негадир юрагим ғашланиб:
— Бемалол, — дедим.

Мен ўтирдим. Уям орқа ўриндиққа кириб ўтирди. Жўнадик. Саритепадан эна бошладик.

7

Одам ўзини билмайди: кўнглини, дёмоқчиман. Тоғда Мисир: «Отамизми?» деганда, рад қилгандим. Энди негадир сал тусаб қолдими, ёки, умуман, меҳмонхонага қуруқ қўл билан боргим келмадими, ҳарқалай, шундай дедим:
— Болтабой ука, мана, бирон ҳафтадан бери сизларнинг меҳмонингизман. Ейиш-ичишдан зориққаним йўқ. Аксинча... Шу, малол келмаса, ресторанга ҳайдасангиз. Мен бирон нарса олволсам...

Шофёр менинг шундай дейишимга жавобни ав-валбаҳор тайёрлаб қўйгандай:
— Йўғ-э, домла, — деди. — Бу мошин — дириктирники. Отнинг қашқасидек маълум. Рестораннинг олдида кўришса, «Директор нима қилиб юрипти?» дейишади...

Мен унинг бошлиғига содиқлиги учун беш кетдим. Аммо бир андиша ғашимни келтирди: илгари, ҳув илгари шунақа дейишса, эътироз билдирмас эдим.

Чунки райком котиби — ҳоким, хоқон эди! Панада билганини қилиб, очиқда одамларнинг тирноқча «нуқсон»ини ҳам туядек қилиб кўрсатар эди: умуман, хўжалик раҳбарларининг ресторанга кириши истисно ҳол эди. Аммо хилват гўшаларда улар қилган ишни ўша хонлар ҳам қилолмаган-ов...
— Ҳалиям ҳокимдан қўрқасизларми? — дедим.
— Э, домла, ҳоким-ҳокимда... Кейин бизнинг халқимиз ўрганиб қолган... Тўғри, бетгачопарлар чиқаяпти. Бой фермерлар пайдо бўлаяпти. Ўзимизнинг совхоздаям бор... Мисир ака совхознинг ярмини фермерларга берган. Техниканиям...

Бунақа гапларни ҳам марказда, хотиним билан уч кун турган пайтимизда, роса эшитган эдим.
— Бўпти. Тўғрига ҳайдайвер, — дедим. — Кейин чапдаги тор кўчага кирасан. Ресторанга орқа томондан келамиз.

Болтабой жим қолди.

Тор кўчага кираётганда, орқага қарамасдан сўрадим:
— Синглим, шошилмаяпсизми?
— Э, йўқ. Қаерга шошаман, — деди у ғоят бепарволик билан.

«Зўр», деб қўйдим ичимда.

Торкўчадан бора-бора бошқасига тушиб, ресторанга етдик. Орқа томон қоронғи.

Мошинадан тушиб, ошхонага кирдим. Оқ қалпоқ кийиб олган ошпазлар мени таниб, дарров сўраша кетишди.
— Кечирасизлар, менга биронта ичимлик керак эди, — дедим.

Буфетчини чақиришди. Уям қуюқ сўрашди ва аҳволимдан — чопон кийиб, рестораннинг орқа эшигидан шумшайиб кирган кишининг, яъни, таникли шоирнинг аҳволидан завқланиб:
—Ароқ йўқ, акажон. Шампан бор, коняк бор, — деди.

Қамма бизга тикилиб турибди.
— Биттадан беринг, — дедим.

Берди. Ва уям узатган пулимни олмади. Лекин... чўнтагига тиқиб чиқдим.

Яна йўлга тушдик.

Менинг, ҳартугул, кайфим чоғ эди. Болтабойга ҳали — тепадан энаётганда айтган гапларимнинг бари рост эди-да: бир ҳафтадан буён тирикчилигим шуларнинг бўйнида. Табиий: ичимлик ҳам... Дарвоқе, Мисирбой меҳмонхона ошхонасидаги холодилникка уч-тўртта турли ичимликлардан ҳам солиб қўйган.

8

Кетяпмиз.

Айтганимдек, кайфим чоғ. Келаётган пайтимдаги мунг мени ҳарқалай тарк этган эди: бироз яйраб қолсин дегандай... Лекин ич-ичимдан ҳис этардим: хотиним айрим дўстларимнинг бозор иқтисоди одамларига айланаётганини эслатгани ва, дарҳақиқат, ўзим ҳам бу ҳолни сезганимга зид ўлароқ...

Мисирнинг ўзгармагани, почтачиларнинг ҳурмат-эҳтироми, ресторан хизматчиларининг иззат-ҳурмати — дилимни анча равшан этган эди.

Балки мана бу ичимликларни олиш фикриям, нима десам экан, руҳимни кўтарган, қандайдир пинҳона хижолатдан халос қиладигандай эди.

Аммо сизга очиғини айтишим керак: тағин ўзга, тоят яширин ва сирли бир нарсаям дилимга, қандайдир... малҳам эдики, у нарса шубҳасиз — почтахонада «олдин мен гаплашаман!» деб шаккоклик қилган қизми-жувоннинг тағин мошина ёнида туриб олиб, бемалолгина кириб ўтиришни сўрагани ва... кириб ўтиргани эди. Ҳа-ҳа, шу эди.

Ўзингиздан қолар гап йўқ: бундоқ пайтда эркак зоти борки, маъносиз мамнун тортади. Кўнглида заррача «қийшиқ фикр» бўлмаса ҳам.

Тилинг бийрон бўла бошлайди ва айтаётган гапларингни «орқада ўтирган киши» ҳам эшитишини истайсан ҳамда... унга қандайдир мослаб давом этасан.

Лекин каминанинг тилига гап келмас эди.
— Ҳа, гурунг беринг-э, Болтабой, — дедим. — Халқнинг аҳволи қалай? Бу Озодлик деган эдик, етишдик! Горбачёв бобо бир атом уруши қилолмайдиган ишни қип кетди... Баъзилар: «Озодликни нима қилишни билолмай қолдик», дейишади. Тўғри энди, қафасдаги какликни чиқариб юборинг-чи? Тоғларга эркин учиб кетадими? Йўқ... Қайтиб келади. Шу маънода Навоий бобомизнинг «Олтин қафас ичра қизил гул битса, булбулга тикандек ошён бўлмас эмиш» деган байтлари нисбийдир...
— Домла, мен бу томонларини тушунмайман-у, халқ бойияпти... Лекин хасис бўп бораяпти! — деди Болтабой. — Бундан ташқари, ишсизлар кўпайиб бораяпти. Биздаям анча бор эди... Мисир ака анави ишларни бошлаб юборди. Тошкентлик битта савдогар йигит бор экан. Қандайдир ассасиянинг бошлиғи! Балки танирсиз? Хуллас, ўша киши билан келишибдилар шекилли, у катта пул берган... Хўш, йўл қурилиши учун. Меҳмонхонани жиҳозлаш учун. Миллий чойхона қуриш учун... Мана шу туфайли денг, анча одамлар ишли бўлиб қолди. Маошиям ҳалигидай!
— Ҳим, халқ Мисирдан хурсандми?
— Жуда! Мисир ака ўзгармайди-да... Яхшига — яхши, ёмонга ёмон. Қаттиққўллигиям бор.
— Ҳа-а, бу яхши. Халқни ўз бошига ташлаб қўйиб бўлмайди.
— Шу-да: минг қўшчига бир бошчи.

Сирасини айтганда, бу гаплар ҳам маълум ҳақиқатлар эди: ахир, анархиянинг олдини олиш керак-да!

Биз ўрганмаганмиз бундай эркинликка... Шунинг учун ҳам, назаримда, инсондаги энг табиий, инсоният даражасидаги ожизликлар ҳам, ёвузликлар ҳам юзага балқиб-балқиб чиқа бошлади: ўғирлик, шафқатсизлик, порахўрликнинг қандайдир олий шакллари... Меҳр-оқибатнинг кўплардан кўтарилаётгани...

Бу йўриғда «еркинликка чиққан» дин ҳам ожизлик қилаётгани... Умуман, диний таълимот йўргакдан сингиши керак кўнгилга! Тўғрими?

Биз эса — суяги атеизм билан қотган одамлар... Ҳа, энди, кўнгилнинг тубида нималардир бор эди.

Мозорнинг туғини олган бир коммунистнинг қўли шол бўлиб қолганини биламан.

Балки унинг ҳам кўнглида ўша «нимадир»дан бўлган-у ночорликдан...

9

Юқоридаги гап-сўзлар билан сизни зериктирмадимми? На илож, биродар? Қаерга борсанг, шу хилдаги гап...

Нима? Йўқ-йўқ, «Орқадаги киши» суҳбатимизга жилла бўлса-да, қўшилмади.

Қўштегирмондан ўтиб кетдик. Кўприкдан ҳам ўтгач, орқага қарагим келди. Қандайдир хижолат бўлдим. Болтабой «Қудрат акам бу билан келишган», деб ўйлайди, дедимми? Кейин: «Наҳот шофёрдан сўрамаган?» деган хаёлга бориб, унга секин шивирладим:
— Бу аёлни танийсанми?

У йўлдан кўз узмай танглайини тақиллатди. Сигарет тутатдим: «Қизиқ-ку?»

Бу орада Пода деган қишлоққа яқинлашиб бора бошладик. Мен охийри ўгирилиб сўрадим:
— Синглим, Қўштегирмон қолиб кетди... Қаерга борасиз?

У аллақачон шундай савол беришимни кутиб, жа-вобни ҳам Болтабой сингари ҳозирлаб қўйгандай:
— Сиз қаерга борсангиз, ўша ерга-да, — деса бўладими!

Карахт тортиб қолдим. Юрак ўлгур гурс-гурс ура кетди. Хаёлда ҳалигидай мавҳум-қизиқ манзаралар...

«Тавба! — дейман. — Бу қанақаси бўлди!» Болта-бойга кўз қирини ташласам, мийиғида табассум. Уф, уялиб кетдим: буларнинг олдида мен ҳалигидай — покдомон кишиман-да...
— Бу-а, сиз мени танийсизми? — деб, ярим бурилиб сўрадим.
— Нега танимас эканман? Сиз — Қудрат ака-да, — деди у қандайдир терслик билан. Сўнгра хотиржам-шаддод бир тарзда давом этди: — Хотинингиз, қизингиз билан келган эдингиз. Биринчи майда кўчага чиқдинглар.. Ҳалиги параддаям бўлдингизлар. Тўғри, одам оз бўлди. Қари-қартанг. Лекин байрам-да. Шаҳар ҳокими сиз билан кўришди. Кейин уйларингга кет-динглар... Кўрган эдим. Танийман сизни.
— Юртдош сифатидами?
— Ҳа-да, — деди у кескин. — Лекин шеърларингизни ўқиб тураман. Қўлимга тушганда.
— Ҳим, маъқулми?

Ожизмиз-да, азизим. Жиндек мақтовга қулмиз... Йўғасам, бу саволнинг нима ҳожати бор эди!
— Яхши, — деди у. — Ўзимизни ёзасиз. Тоғларимизни... Сизнинг шеърларингиз ҳаммаси тушунарли. Содда.
— Раҳмат.

Унинг гапи — мен учун катта мукофот эди.
— Тошкентга қачон қайтасиз? — сўраб қолди у.
— Ҳим, билмайман, — дедим. Шунда Болтабой гапга аралашди:
— Домла хоҳласалар, эртага кетадилар. Хоҳламасалар, бир ой ҳам тураверадилар.

Бу гап ҳам менинг шаънимга айтилган ўзига хос мақтов эди. Бироқ мақтовнинг тагида мени... нима десам-а, қизғаниш ҳам йўқ эмасди.

Поданинг сертош сойидан мошинанинг тарақ-туруқ қилиб ўтишиданоқ Болтабой аёлни ёмон кўраётгани ёки ёмон кўриб қолганини аниқ сездим.

Аммо, мени сўксангиз — сўкинг, бу гапларни хотинимга етказсангиз ҳам — майли, миқ этмай ўтиравердим: Нега? Нимага? Ёлғиз Оллоҳга маълум.

10

Подадан кейин ўр бошланади. Ўр, ўр! Тақир тошлоқлардан айланиб ўтади йўл. Ва ниҳоят, тоғ ўркачига чиқиб борадики, ана у ердан мен яшаб турган ўша қишлоқ бир туп қора дарахт каби кўринади.

Қарасам, Болтабой «Газик»ни суриб, сакратиб ўрлатиб бораяпти. Шунча тикиламан афтига, бир қарамайди!
— Болтабой, бир минут тўхта, ука, — дедим.

У мошинани таққа тўхтатди-да:
— Домла, сиз ўйламаяпсиз... Сизни ҳамма дурбинда кузатиб туради! — деди. — Бу киши борса, дарров кўришади. Кейин гап-сўз... Мисир аканинг ҳам шаънига яхши бўлмайди...

Худо ҳаққи, мен бу аёлни қишлоққа — меҳмонхонага боришини тасаввур ҳам қилмагандим: шунчаки, унинг ёнимизда экани завқли эди.

Ва бошқа жиҳатларни ўйлагим ҳам келмасди.
— Тўғри, тўғри айтасиз, — дедим. Шунда орқадан садо чиқишини кутдим: чиқмади.

Нима қилиш керак?

Бу ёнбағирлар ҳам мен учун қадрдон, ёшлигимнинг шошқин даврлари кечган манзил эди. Бу адирларда какликдан кичикроқ, аммо гўзалликда ундан сира қолишмайдиган чил деган қушлар кўп бўлар, улардан талайини отган ҳам эдим.

Ёмғир томчиларини нари-берига сураётган ойна чўткасига қараб турдим-турдим-да:
— Қайтар. Пастга — сойга эндир, — дедим. — Сойга. Бироз ўтирамиз.

Хонимдан яна садо чиқмади. Болтабой эса моши-нани чапдастлик билан буриб олиб, орқага қайтди. Сўнгра бўртиб-бўртиб турган тошлар устидан авайлаб ҳайдаб, ҳайҳотдек сойликка эндира бошлади.

Пода қишлоғида кичрайиб қоладиган сойликни боши — кенгайиб кетган, ҳар қирғоғи бамисоли тоққа айланган ва шимолдаги улуғ қирраларга туташадиган бу макон ҳам менинг суйган манзилларимдан бири эди.

Гап шундаки, сой тубида, сув жиякларида бир қаватли, икки қаватли уй баравари келадиган баҳайбат ҳарсангтошлар думалаб ётади. Табиий, уларнинг кўпи анави тоғсимон қирғоқдан қулаб тушган ва текис жойда туриб қолган. Кўпчилигйнинг ён-веридан арча, тоғолча, аччиқ бодом шохлари чиқиб туради. Тағин, бундай харсанглар тагида камарлар кўпки, уларга бемалол кириб ўтириш, гулхан ёқиш ва ҳатто ётиб қолиш мумкин.

Камарларга ёмғир-қор тушмайди. Ўт ёқиш учун эса хас-хашак, ўтин-чўп сероб.

«Газик» сойга тушиб, сувдан ўтди. Нариги бетдаги энг катта қоянинг қошига етдик.
— Тушамиз... Қаршилик йўқми? — дедим орқага сал бурилиб.
— Менга барибир, — деди аёл ўша дангаллигида.
— Яхши, — дедим. Ва беихтиёр, балки табиий тарзда шу фикрга келдим: «Бузуқ аёл... Майли, бироз ўтирайлик. Қайтариб юбораман. Болтабой обориб Қўштегирмонга ташлаб келади. Ўзим ў-ўтираман гулхан ёқиб...»

11

Мошинадан тушдик. Чироқлар ёритиб турган камарни кўрсатиб, одоб юзасидан:
— Бориб туринг, — дедим хонимга.

У «бориб туриш»ни ўзиям яхши биладигандек индамай ўша томонга йўналди. Биз Болтабой иккимиз нима қилардик? Сўзсиз ўтин жамғаришга тушдик.

Бу ерда бултурдан қолган каврак, қуриган бодомча, тағин аллақандай тиканлар мўл эди. Хаш-паш дегунча хонимнинг олдида ўртача одамнинг кўкраги баравари ўтин-чўп йиғилди. Болтабой унинг устига чиқиб, бироз тепкилагач, пасайиб босилибгина қолди. Ниҳоят, камардан сал берирокда, ёмғир тушмасдан қиялаб ўтаётган ерга ўтин-чўпдан босиб, гугурт чақиб тутдик. Зум ўтмасдан чирсиллаб, тутун чиқариб гулханимиз ловуллай бошлади...

Мен бениҳоя хурсанд эдим: ахир, болалигим давомида минг бир марта қилган ишни тағин такрорлаётган эдим. Ва менга шундай туюлардики, Тошкентда ҳам, анави туман марказида-ю тоғдаги қишлоқда ҳам мана шундай ёввойича гулхан ёқиш етмаган экан.

Бунинг устига, ёнингда — ким бўлишидан қатъи назар, аёл киши бўлса...

Гулханнинг атрофига учта йирик-йирик тошларни думалатиб келдик.
— Марҳамат! — деб ўтирдим-у, аёлга қарадим. Ва... лол қолдим.

Қоя бағридан оппоқ, ёниқ бир чеҳра ўта қизиқиш билан қараб турарди!

Рўмолини бошидан тупшрган (иссиқ ўтган бўлса керак), бўйинлари, сочлари ҳам баралла кўринар, бу қиз-жувон... нари борса, ўн саккиз-ўн тўққиз ёшда эди! Биласизми, бунақа юзни учратиш қийин: кўзлари сал қийиқ ҳамда бир-биридан хийла йироқ жойлашган. Мўғилларнинг кўзини эслатади. Аммо яноғи билинмайди, бунинг устига, ияги чувакроқ.

Бу бир ғалати — кўп қонлар томирида қоришиб юрган, нима десам экан, мўъжиза эди.

Ҳайрон бўлиб қопман. Мен уни «қиз-жувон» деб атадим, «аёл» деб гумон қилдим, «бузуқ хотин» дедим. Бу бўлса...

Ҳа, айтмоқчи, лаблари юпқадан келган ва уларда майин хайрихоҳона, айни чоғда, қизиқиш тўла табассум бор эди.

Тавба, лекин гаплари дангал, овози ўктам. Ҳатто қандайдир қўпол эшитилади...
— Келинг, ўтиринг, — дедим-у, у ёнбошида бўй чўзиб турган арчани суриб, бу ёққа чиқиши ҳамон бошим айланиб кетгандек бўлди...

12

Қоянинг бағри — камар жуда қоронғи жойга, аниқроғи, қора ўрмонга айланди. Қизнинг эгнидаги қора духоба камзул... юпун бир кўйлак тусини олди. Оёкдари ён-верида хас-хашаклар эмас, балки чучмома, бўтакўз ва шулар каби чечаклар очилиб турарди.

Қиз қандайдир қийналиб ёруғликка чиққандек, шундан лабида табассум ўйнар, табассуми ҳам... ёрқин ва шодон туюлар ва умуман, у ўзлигини йўқотиб...

... Зумрадга айланган эди!

Зумраднинг кимлигини биласизми?

«Икки сандиқ» эртагини эсланг... Балли! Ўша етим қиз. Ўз онаси ўлиб кетиб, ўгай онанинг қўлида қолган... кунларнинг бирида ўрмонда адашиб, сеҳргар кампирнинг ҳужрасига бориб қолган...

Билар экансиз... Шошманг, ўшанда айтилади-ку: Зумрад юрган йўлларда чечаклар бош эгиб унга салом берарди... Қизиқ-а? Гуллар салом берса...

Лекин, ишонинг, азизим, мен шу гапларга юз фойиз ишонардим! Шунинг учун гулларнинг менга салом бермаганларини кўриб, ҳайрон қолган, аламим келган пайтлар ҳам кўп бўлган... Яхши эслайман! Ўша эсдаликлардан қолгани, афтидан, шу эдики, гулларни... қанақа бўлмасин, яхши кўрардим!

Афсуски, йиллар, бу ёқда ҳар хил турмуш таш-вишлари, устига-устак, ёвуз салтанатнинг инқирозидан кейин пайдо бўлган тентирашлар...

... халкнинг ҳам гангиб қолгани, арбобларнинг тезда йўл тополмасликлари...

Ҳа-ҳа, менинг охир-оқибат хизматдан бўшаб, дарвишнамо бўлиб бу томонларга кеп қолишимнинг буюк боислари ўша-ўша чечакларга меҳрни ҳам ўтмаслаштириб қўйган-юборган эди.

Бугун — кечки пайтдагина мен табиатни фавқулодда ўткир ҳис эта бошлагандим, холос!

Энди бўлса, мен учун энг суюмли, балки менинг шеъриятга ҳавас қўйишимга, табиатни-ю ҳаётни борича — барча товланишлари билан яхши кўришимга ва тасвирлашимга сабаб бўлган азиз эртагим (ертакларимдан бири) ҳам жонланди. Ва бир неча дақиқага бўлсада, мени...

...ёш болага айлантирди. Йўғ-э, ўсмирга! Нималар деяпман? Зумрад ўн икки-ўн уч яшар бўлади. Демак, менинг тоғ-тошлар кезиб юришим ҳам ўша даврга тўғри келади: ҳа-ҳа, қоронғи ўрмонларни яхши кўришим, бойқуш сайрашларига ишқибозлигим, ой...

Хуллас, қиз келиб, менга яқин тошга сал қийшайиб ўтирди. Оёғида эски шиппак, лекин пайпоғи оппоқ. Лозими атласдан экан. Қулоғида сирға-пирға деган нарса йўқ.

Болтабой ҳам бу ёндаги тошга ўтириб, қўлларини ўтга тоблади-да:
— Домла, нима қилай? Анавини опкелайми? — деди.

Мен ҳамон паришон эдим.
— Э, опкелинг! Опкемайсизми? — дедим.

У туриб кетди.

13
— Нимага мундай тикилиб қолдингиз? — сўради қиз қуруққина қилиб.
— Сизни бир кишига ўхшатдим, — дедим.
— Кимга?
— Зумрадга...
— Э, ўзим Зумрад-ку? — деди у.

Мен... оғзимни очиб қолдим. Негадир Увайсийнинг «Анор» шеъри эсимга тушди: «Бу на гумбаздир, эшига-туйнугидан йўқ нишон...» Нега бу байт хаёлимга келди? Тушунсам, ўлай... Аммо оғзим очилиб қолганини тушунса бўлади.

Нима қилишимни билмай: «Э, худо, — дедим кейин. — Бу қандай сир-синоат? Ёки фавқулодда исмлар бир-бирига мос келдими? Ҳа, ҳа. Бошқача бўлиши мумкин эмас!» деб ўзимга уқтиргач, сал-пал ҳушимга келдим.
— Сиз «Икки сандиқ» эртагини ўқиганмисиз? — деб сўрадим.
— «Икки сандиқ»? «Зумрад билан Қиммат» эмасми? — деди у. Ва менинг шошиб бош ирғаганимни кўриб, давомини айтди: — Мактабда ўқигандим. Қимматни аждаҳо ютиб қўяди...
— Шу-шу.

Шунда у бирдан бошини ўгириб кулди.
— Ўша Зумрадга ўхшатдингизми мени?
— Ҳа, ҳа.
— Яхши қизга ўхшатган экансиз, — деди у. Сўнг «хирмон»дан бир даста тикан олиб, гулханга ташлади. Ва хўрсинибгина қўйди-да, шишаларни кўтариб келаётган Болтабойга қаради.

Болтабой битта пиёла ҳам олиб келган экан. Шампанни олдим-у, Зумраддан сўрадим:
— Ичасизми?

У елкасини қисди. Мен дарҳол шишани очиб пиёлани тўлатиб, узатдим.
— Пиёламиз битта... Мен коняк ичаман.

У пиёлани олиб, кўпиги пасайгунча тикилиб турди-да, сўнг қандайдир ийманиб-кулимсираб:
— Хўп. Омон бўлинглар, — деб ютди-қўйди.

«Ҳа, ичиб ўрганган, — деб ўйладим. — Ёшиям... Демак, мактабни битирган... — Эрга теккан ёки бола туққан-туғмаганини тусмоллаш учун юзига тикилиб қарадим: лоф бўлсаям, нақ олма... — Қизиқ, мени таниса, нега почтахонада унақа қилди?»

Конякдан қуйиб ўзим ҳам ичдим. Сўз айтмадим. Афтидан, Зумрадга: «Сизнинг соғлигингиз учун!» дейишга истиҳола қилдим: ахир, у жуда ёш-да!

Болтабой мошинага ишора қилиб, ичмади.

Ана шунда камина катта бир хатога йўл қўйганини англади. Яъники, тўғри айтасиз, газак олмаган эканман: умуман, газак харид қилиш хаёлга ҳам келмаган эди.

Сиз ҳозир: «Бу Болта шопирни газакка юборади.

Мақсади париваш билан ёлғиз қолиш...» деб ўйладингиз. Рост! Лекин сиз ўйлаган маънода эмас: газак ҳақиқатан ҳам керак! Иккинчидан, бу эртакдан чиққан ғалати қиз билан...

... ҳайҳотдек дарада — сой бўйида, чўнг харсанг тагида, гулхан атрофида, сим-сим ёмғир остида ўтириш — ёш ўспирин бўлиб ўтириш мен учун...

ҳаётнинг ажабтур ўзгариб кетганидан куйиб ва совуб, «Бирон нарса топарманми?» деб тоғлар қаърига йўл олган кимсанинг бемалол гурунг қилиб ўтириши...

... ахир, менга, дардимга жилла бўлса-да, даво эди-да!

Ҳа, энди, кўнгилнинг қайсидир бурчагида бошқа ният ҳам туғилгандир?

Ҳарқалай, Зумрадга «аёл киши» деб қараш — менинг учун ўнинчи даражали гап эди.

14
— Шаҳарга тушгунча ресторан бекилади. Уйингизга бориш ноқулай, — деди Болтабой. — Қишлоққа бориб келгунча, соат... тўрт бўлади, домла.

Мен соатга қараб нималарнидир чамалаган бўлдим. Шунда Зумраддан «садо» чиқди-ку:
— Мен аёл бошим билан шу кишини деб келиб ўтирибман. Сиз йигитсиз-ку!

О, аёлнинг таънаси!

Болтабой ирғиб туриб кетди. Мошина қошига етганда, қайрилиб сўради:
— Қоровулдан олайми, ё меҳмонхонада борми?
— Хонамда, хонамда бор, — дедим. — Эшикдан кирган жойингизда бир қўлтиқ равоч бор. Стол тагида — кастрюлда қовурдоқ, тортмада нон.

Болтабой мошинани вангиллатиб сойдан ўтказиб кетди. Ҳадемай чироқлари ҳам кўздан пана бўлди.

Атай ўша ёққа қараб ўтирибман. Зумрадга қарашга юрак йўқ. Ҳа-ҳа, энди у билан ўтириш менга қандайдир қўрқинчли бўлиб қолди.

Шунда шамол эсдими, ёмғир қиялаб устимизга қуйиб ўтди. Мен негадир чопонни ечиб, қизнинг эгнига ташлаб қўйишни ўйладим. Аммо бунга ҳам журъат йўқ: бу-ку — арзимас дилдорлик. Аммо шу асно нимадир ваъда этадигандек бўлдим шекилли. Гулханга чўп-хашак босиб, яна ловуллатдим-да, яна Зумрадга кўзим тушиб, ўлай агар, яна бошим айланиб кетгундек бўлди.

Гап шундаки, азизим, мен мана шу баҳайбат сойнинг, аниқроғи, даранинг ҳар иккала қирғоғидаги арчалар ичида милтиқни ўнглаб, гангиб юрган чоғларимда кўпинча шундай туюлардики...

... Зумрад арчалар орасидан чиқиб келади! Мен унга нимадир яхшилик қиламан!

Чўнг қоялар устида дам олиб, сукутга толиб ўтирган чоғларимда ҳам туйқус-туйқус шундай туюларди. Ва мен атрофга аланглаб қолардим.
— Сиз неча ёшга кирдингиз? — шу савол тилимдан чиқди.
— Ўн саккизга, — деди у хотиржамлик билан.
— Ҳим, турмушга чиққанмисиз? — Ҳа..
— Болалар...
— Бола қайдан бўлади! Бор-йўғи олти ой яшаб қочиб келдим. Отамнинг уйига...
— Ишлаяпсизми?
— Иш йўқ. Ҳозир иш топиш қийин. Лекин... яқинда боғчага ўтаман...

«Фаррош бўлиб...» кўнглимдан кечди ва хафа бўлиб кетдим: ўзим кал, кўнглим нозик дегандай, унга ачиндим-да... У эса хотиржам!
— Хўш, нима иш билан шуғулланасиз? — деб сўрадим. Ҳалиям кўнглимда уни «ҳалигидай...» деб ўйлаш бормиди.
— Уйда иш кўп, — деди у ва оёкдарини сал узатиб, ёнбошидаги тошга тирсаклаб олди.

Унинг гавдаси кичик, оёқлари бўлиқ, ўзи бақувват ва миқти эди.
— Ичасизми? — деб сўрадим.
— Сўраб нима қиласиз. Бўлар иш бўлди, — деди у. Ва баҳайбат харсангга қараб алланечук кулимсиради.

Пешонамдан тер чиқиб кетди, шампандан қуйиб тутдим. У тағин ютди-қўйди. Ўзим конякдан отдим. Сигарет тутатдим. Шу тариқа ҳалиги уят-андиша пардаси юздан туша бошлади. Ҳа, лабда табассум, кўзлар биё-биё...

Ниҳоят сўрадим:
— Почтага кирганимда мени танибмидингиз?

У бирдан сергак тортди.
— Йўқ-йўқ, — деди. — Эгнингизда чопон... Танимадим. Кейин уялдим. Кейин нима бўлса бўлар деб мошина ёнига чиқиб турдим. Онам билан гаплашгандим. У киши опамни кўргани қўшни раёнга кетиб эдилар...
— Ҳим, тушундим... Бу тоғларимизни севасизми?
— Вей, албатта! — деди у гапимга ҳайрон қолгандай. — Отам чўпонлик қилганда, мен қўзи-улоқ боққанман... Кейин бари молимизни сел олди. Отам касал бўлиб қолди. Ўнгланмади. Марказга тушиб кетдик... — У тошга ўмровини тираб сой томонга боқди. — Шундай тунларда бемалол юрардим... Ҳозир уйда свет ўчса, шабкўрга ўхшаб қолади одам. Ёмғир ҳам яхши: одамни ўстиради... Арчанинт ҳиди келаяпти!

Сезмадим. Лекин: «Сиз ҳам шоир экансиз!» дейишимга оз қолди. Қизиқ-да: тун, арча, ёмғир тўғрисида шундай жўнгина қилиб гапиргандики, шу жўнлиги билан мени ларзага солганди.

Ахир, биродар, мен ҳам севардим-да: тунни ҳам, ойни ҳам, ёмғир, қоялар, арча...

Сезаяпсизми, унинг табиатга қараши менинг қарашларимга мос келаётир!

Мен — дорилфунунни битирган, ҳаёт тажрибасига эга, оилали-фарзандди, тағин мавжуд турмушнинг пасту баландига баҳоли қурат ақли етадиган одамнинг...

...табиатга муносабати бу қиз-жувон — Зумрадникидан деярли фарқ қилмас эди.

15
— Сиз, синглим, бу турмушдаги, мана, кўриб турган ўзгаришларга қандай қарайсиз?

Бу саволимдан кулманг, ҳайрон ҳам бўлманг: ахир, ўқувчилар билан учрашувларда ўн-ўн бир яшар бо-лалар ҳам шу маънода савол беришади.

Ана шу кўникма туфайлими ёки Зумраднинг бу масалаларга ҳам муносабатини билиш менга қизиқ туюлдими, балки унинг бу йўриғидаги қаноатларини ҳам ўзимникига мос тушишини истадимми — шу саволни бердим.
— Э, мени қизиқтирмайди, — деди у чарслик билан. — Пошшолар кеп кетаверар экан. Сиёсатчи деганларингиз ҳам... Райкомлар ҳам! Бари... — Кейин менга боқиб, майингина кулимсиради. — Мен газета ўқимайман. Телевизордаям... кино бўлса кўраман. «Ҳайвонот оламида», «Оламга саёҳат».
— Яхши, жуда яхши, — дедим.

Зумрад энди оёқларини бемалол узатиб, ёнбошлаган эди, мен:
— Чопонни тўшай, чопонни, — дедим.
— Ўзингиз шамоллаб қоласиз, — деб қўйди у.
— Ҳа. Тўғри.
— Биласизми, нимага эргашдим сизга? — деб қолса бўладими шунда.
— Билсам, ҳар нарса бўлай!.. — дедим-у, бошни кўтаролмадим.
— Бола-чақангизни Тошкентга юбориб, бир ўзингиз тоққа кетганингизни эшитган эдим. Буни кўплар билади... Ҳар ким ҳар хил гапиради. Бунинг устига, нуқул хафа кўриндингиз. Сизни кўплар кузатди...
— Тушунарли, — дедим. Ва, тасаввур этингки, бунинг менга қизиқиб, ҳатто эргашиб чиқиши ҳам менга анави... дейлик, Мисирнинг меҳр-оқибати, почтачи-ю ресторан хизматчиларининг дилдорликларига ўхшаб кетди.

Аммо, табиий, бунинг қизиқиши — истисно эди!

Бу, табиийки, менга яхшилик ниятида эмас, ўзининг қизиқишини қондириш учун чиққанди: энди, бу ҳолга унинг қандайдир зерикиши ва ана шу ҳисни ҳам бир миқдор қондиришга эҳтиёжи сабаб бўлгандир...

Мен тағин бир нарсани аниқ туя бошлаган эдим: ҳозир ўртамизда нимадир бўлиши керак.

Шу мени ҳаяжонга сола бошлаган ва ўша қандайдир иш содир бўлгандан кейин «нима бўлажаги» қизиқтирар эди.

Тағин биттадан ичдик. Шунда йиғилган ўтин-чўп камайиб қолди. Ёмғир эса кучайди: демак, тезроқ ўтин жамғармасам, бориям нам тортиб қолади.

Чопонни ечиб ташлаб, сапчиб ўрнимдан турдим-да, атрофда қолган тикан, каврак ва бодомчаларни юла кетдим.

Зумрад эса туриб, тошга ўтириб олди: кўзларида шундай қизиқиш ва ёрқин кулги бор эдики, мени томоша қилар, ҳамда, нима десам экан, бу ишларни...

...гўё фақат унинг учун қилаётгандек туюлардим шекилли!

Бу ҳолатни аниқ сезганимдан кейин тикан юлишга бот киришиб кетдим ва ҳадемай толиқиб қолдим: мен Болтабой эмасдим... Лекин юлаяпман! Шу, баъзи бодомчаларни қисимлаб тортсам, лаънати жилла суғурилмайди денг, қўлим сирғалиб чиқиб кетади. Кафтимга қарасам: қон...

Шунда фаҳмлаб қолдимки, унинг — ўн саккиз яшар жувоннинг олдида ўзимни ёш, бақувват кўрсатмоқчи бўлаётган эканман!

Нега?

Билмайман.

16

Оқибат талайгина ўтин жамғариб ва Болтабойдек тепкилаб, қўлни ҳам чўнг қоя ёриғидан сизаётган сувга чайиб олгач, жойимга ўтирдим. Чопонни эгнимга ёпдим.

Зумрад эса, бериги тош ёнига ўтириб ёнбошлади-да, оёқларини биқинимдан орқага узатиб юборди.

Унинг бутун вужуди-борлиғи қаршимда эди: мана мен, деб ётарди...

Тағин битта отганимдан кейин кўнглим бузилди: «Э, худо, — дедим. — Бутун болалигим давомида шундай бир қизни... шундай тоғлар орасида, арчазорлар бағрида кўришни орзу қилдим! Мана бугун у баайни қоя бағридан чиқиб келди. Лекин...

.. бугун!

Бу ёш, тажрибасиз...

Мен эсам, даққиюнусдан қолган... Яъни, ҳар қандай ишнинг оқибатига ақлим етадиган кишиман: агар янада очиқроқ айтсам, мундай:

Дейлик,мен ҳозир унга қўл узатсам, шубҳасиз, қўлимни ушлайди. Кейин...

Ундан кейин бунинг менга қизиғи қоладими? Майли, бир неча минут ёки соатга бўлса-да?

Менинг асл мақсадим нима?

Сал-пал тирилиш... руҳни тиклаш, маънолироқ яшай бошлаш ва ижодга қайтиш-ку?

Мана келдим: руҳимда озми-кўпми ўзгаришлар бўла бошлади. Яъни, кимларнидир дафъатан ёқтирмай қолган бўлсам, кимларнидир ёқтира бошладим. Ва яна муҳими...

«Энди нима бўлади? Ҳаёт қандай йўлдан кетади?

Эртанги кун қандай бўлади?» деган инжиқ саволлардан халос бўла бошладим». Мисирнинг одамларни иш-латиши ва ўзининг ҳам тинмаслиги, боз устига, «парво қилманг, ҳаёт яхши бўлиб кетади», деган гаплари ҳам менга таъсир этган эди.

17

Энди бўлса, ёшлигим билан бетма-бет ўтирардим: ҳа, қаршимда Зумрад...

...менинг орзуларим, ҳаяжонли хаёлларимнинг бугунги кундаги рўёби эди.

Мен ҳам кўнглимнинг аллақаерида ёшгина ўспирин эдим! Аммо моҳиятим, умрим, борлиғим билан ўзга, ёши ўтинқираётган кимса эдим...

Демак, шундай бўлиб қолишим керак. Ва бу учрашувни Аллоҳнинг неъматидек қабул қилмоғим даркор. Ҳамда буни бузмаслигим-булғамаслигим шарт, деган фикрга келдим: ана шунда қалбимнинг алла-қаеридаги ёшлик — табиатга ва унинг турфа кўриниш-товланишларига меҳрим янгиланганича қолса керак.

Зумраднинг менга, ўзи билмай ҳадя этаётган завқи бугунги капалагу булбуллару жиблажибонларнинг берган завқидан кам эмас, ортиқ бўлса ортиқдир!

Менинг уларга бўлган меҳрим қандайдир даражада тирилгани каби унутилган, балки унутилаёзган болалигим ҳам тирилиб қолди, ахир...

Шундан бўлса керак-да: ёмғир ҳам, тун ҳам бошқача кўрина бошлади: хусусан, Зумрад ушбулар ҳақида ўйчан сўзлагандан кейин...
— Сиз яхши кўриб уйланганмисиз? — ўтдан кўз узмасдан сўради у.
— Ҳа, албатта, — дедим.
— Мен эримга кўнгилсиз эдим, — деди у. Ва қандайдир чалқанча бўлиб уф тортди. — Майли.
— Нима «майли»?
— Барибир яшаш яхши, — деди у ва бошини орқага солиб, энди тоғдек юксалиб турган қояга боқди. — Кичкиналигимдаям шу харсангни туриши шу эди... Ана тоғларнинг ҳам туриши ўша-ўша! Ҳеч нарса ўзгармаган. Осмон ҳам. Булутлар, ёмғир... Ҳе, нимасини ўйлайман... — У ҳамон менга қарамай давом этди: — Сизларни... катталарни турмуш, ундаги тўполонлар хафа қилади. Отам ҳам нуқул: «Энди нима бўлади?» деб ўйлайди... Шундай пайтда мен шоир Ғафур Ғуломнинг мактабда ёд олган бир шеърини эслайман:

Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди,

Умримиз боқийдир, умримиз боқий...

Ажабо, биродарим, мен ҳам ушбу сатрларни бир неча бор такрорлаган, лекин тасалли топмаган эдим: ахир, биз фалакдаги ҳалиги азон учиб кетаётган «қора туйнук» нималигини ҳам, Ер куррасидаги экологик ҳолатнинг ҳам бузилиб кетганини биламиз. Ва шу ҳам руҳимизга таъсир этиб, ошимизга заҳар қўшиб туради-да!

Бу жувон эса бу нарсаларни ўйламайди: у борига — кўриб турганига инонади, вассалом.

18
— Қудрат ака, сиз тарихни яхши биласиз, шоирсиз, — деб қолди кейин. — Мана шу сотсиализмга ўхшаган тузум ўтганми олдин?
— Мактабда айтишмаганми? — дедим.
— Айтишган-э, — деди у қандайдир силтаб. — Лекин баъзи одамларнинг гапини эшитсанг, илгари ўтган золим тузумлардан фарқи йўқ эмиш-ку?
— Ҳа-ҳа, — дедим беихтиёр ҳаяжонланиб. — Золимликка қурилган тузумларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшаш бўлади...
— Шу экан-да, — дея шампанга қараганини сездим ва яна пиёлага қуйиб, унга узатдим. У идишни олиб: — Бунисиям ўтипти. Шунгаям ғам тортишми! — деди-да, бу пиёлани ҳам бўшатди. Кейин кулди. — Шундай эмасми? Одамларнинг қўлидан нима келади? Тағин битта тузум бўлади-да: яхшими, ёмонми... — Сўнгра яна кўксини тошга бериб, сойга — қоронғуликка боқди. — Лекин бу ерлар қолади. Шу сой ҳам, сув ҳам, мана бу гулхан... Кечирасиз, сизнинг шеърларингиз ҳам...

Мен карахт эдим: гўё бу ёшгина қиз мени овутмоқда, менга мангу ҳақиқатлардан дарс бермоқда эди: ажабо, бу гаплариям нақадар жўн!

Ишонасизми-йўқми, энди у мен учун қизлигини-аёллигини йўқотган, аниқроғи, унга нисбатан дилнинг пинҳон гўшаларида бош кўтариб турган ҳалигидай ҳислар ҳам ғойиб бўлган эди.

Биласизми, бу ҳолатни нимага ўхшатиш мумкин?

Дейлик, аёлингиз билан ҳам ҳалигидай муносабат устида рўзғорнинг ҳал бўлмаган бир ташвиши ҳақида баҳс чиқиб қолгандаги ҳолатга ўхшатиш мумкин...
— Қудрат ака.
— Лаббай!
— Мошина келса, мени Қўштегирмонга обориб қўясизларми?
— О, албатта! — дедим.
— Раҳмат... Мен жуда маза қилдим, — давом этди у. — Худо урсин агар, сизни... шунақа бўлсалар керак, деб ўйлаб эдим. Рост чиқди.

Мен фикрини тушунган эдим. Конякдан яна отдим-да, дадилланиб:
— Яхши тушунмадим, — дедим.

У башарамга боқиб турди-да, бу ёмғирли тунни тўлдириб кулиб юборди.

Тасаввур этинг, мен ҳам унга қўшилиб кула бошладим. Табиий, қандайдир айбимними-гуноҳимни яшириб кулар эдим. У бўлса... балки у ҳам ўшандай айбиними-гуноҳиними бекитиб кулар эди.

... Болтабой келгач, яна бироз ўтирдик. Сўнгра Зумрадни Қўштегирмонга оптушиб қўйдик.

У хўшлашаётиб:
— Ёзиб туринг. Ёзмай қўйдингиз, — деди.
— Албатта ёзаман! — дедим.

Аммо ҳали нимани қандай ёзишни билмас эдим.

Билмас эдим-у, тезроқ тоққа-қишлоққа кетгим келар, поли остида каламушлар гудур-гудур этиб чопадиган ҳужрамга киришни, курсига ўтириб, деразани очиш ва чироғим ёнгани туфайли... сойнинг у бетларидан ҳура бошлаган итлар томонга тикилишни истар эдим!

... Тонг ёришавериб, қишлоққа етдик!

Меҳмонхона олдида Мисир айланиб, афтидан, хавотирланиб турган экан.
— Хўш кўрдик-э! — деб бақирди.
— Хўшвақт бўлинг, — дедим.
— Булбул роса сайраяпти-да! — Ҳа..
— Ҳиди келяпти. Отибсиз-да? — Ҳа..
— Дам оласизми, ё шу ерда беш-ўн минут ўтирамизми? Булутлар ҳам тарқаб кетди.

Болтабой меҳмонхонадан Мисирга курси чиқарди. Гужумча остига қўйди. Ўтирдик.

Мен ҳолдан тойган эдим: уйқусизлик, йўл азоби... Лекин руҳим тетик, кайфият юксак, тағин бир кунлар ухламасам ва йўл боссам мумкиндек эди.

Энди хулоса қилайми?

Хулоса шулки, азизим, дунё ўтар экан! Тузумлар ўтар экан! Шайхзода домла айтганларидек, эл-улус қолар экан. Анави содда қиз-жувон айтганидек — табиат, тун, тоғлар, ўрмонлар, борлиқ қолар экан!

Биз ҳар қанча мавҳум-мунгли хаёлларга чўмиб, руҳий тушкунликларга тушмайлик, яшашга маҳкум эканмиз ва борлиқни севиб яшашимиз лозим экан!

Эртага нима бўлади? Аҳволимиз қандай кечади?

Бу саволлар ўз-ўзидан ечилаверар экан. Чунки инсон минг-минг йиллардан бери яшаб ва сон-саноқсиз салтанатларнинг инқирозини кўриб, демак...

Ўшанда ҳам кўп ғамлар чекиб, кўп саволларга жавоб бера олмасдан ва Мисир айтганидек, «бир терининг ичида неча бор озиб, неча бор семириб» келаётган экан, демак, эртамас-бурускун яна янги ва мислсиз бир салтанатда яшаши аниқ: инсоннинг табиати ўзи шуни тақозо этади.

Ва унинг табиати яшашдан завқланишни ҳам, руҳий тушкунлик яхшиликка олиб бормаслигини ҳам, жуда нари борса — менга ўхшаш кишиларнинг ҳаётдан бир муддат совиб...

... қандайдир тўхтамга етиб келишини ҳам тақозо этар экан.

У тўхтам нималигини айтдим шекилли?

Раҳмат.

1992