OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШукур Xолмирзаев
Асар номиСайр (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шукур Xолмирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм17KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Сайр (ҳикоя)
Шукур Xолмирзаев

Жўра уйғониб кетиб, бошидан оқ чойшабни юлқиб олди. Овоз келган томонга қаради. Онаси Рухсат опа ўчоқ бошига энгашганича ўғли томонга ачиниб қараб турар, қўлида самоварнинг малла карнайи бор эди.
— Ухла, ухла, — деб пичирлади у.

Жўра чалқанча бўлиб, устига эгилиб турган баланд ўрикнинг чамбарак шохларига қаради. Бош томонидаги ҳовуз бўйидаги толда чумчуқлар чирқиллар, ҳовузнинг нарига томонидаги пешайвон устунида мусича кукуларди. Жўранинг эсига бугун Хўжақўчқорга сайрга боришлари тушди, у гавдасини даст кўтариб, тирсагига тираниб олди. Чап ёнига қараб, ухлаб ётган хотинига тикилди. Унинг тўзғиган сочларига суйкалиб, ғужанак бўлиб ётган ўғлига қаради ва энгашиб унинг очиқ елкасидан ўпди. Кайфи чоғ бўлиб, чойшабни кўтарганича ирғиб ўрнидан туриб кетди.
— Ухлайверсанг бўларди, ҳали эрта, — деди она ачинганнамо бўлиб. Бақувват, йўғон қўлларини бўйнига чалиштириб, айвондаги умивалник томон кетаётган Жўра:
— Армияда соат олтида турардик, — деди керишиб, ҳовузнинг ёғоч панжарасини айланиб ўтди.

У пешайвоннинг хунук қилиб бўялган устунидаги умивалник «мих»ини боши билан итариб, шапиллатиб ювинди. Сўнг устунлар орасидаги дорга ташлаб қўйилган узун сочиққа артина-артина чорпояга қайтди.

Отаси мол сўйгани аллақачон кушхонага кетган, укаси Ҳабиб унинг жойида узун оёқларини кўрпадан чиқариб ётар эди. Жўра чорпояга илиниб ётган укасининг устини шарт очди. Кифтига совуқ кафти билан шаппа урди.

Ҳабиб кўзларини очиб:
— Э, — деб ғингшиди. — Олифтагарчилик қилманг-да... Эна, бу кишига айтинг! — У яна бошини чит кўрпага буркаб олди.

Рухсат опа Жўранинг ёнида тўхтаб, унга жилма-йиб тикилди. Сўнг:
— Мен ўлай, кўз тегмасин сенга! — деб ўғлининг чаккасидан ўпмоқчи бўлди. Жўра бошини тортди.
— Қўйинг, эна. Ҳадеб ўпаверасизми?
— Вой, она тўядими болага? Ўзинг болангни ёмон кўрасанми? Ҳо-о! Шунақа яхши кўрасанки. Мен ҳам шундай!

Жўра илжайганича бош чайқаб, чаккасини тутди. Она ўпиб-ўпиб олди.
— Илоҳим сени болаларинг билан пушти паноҳида сақласин бегона шаҳарда, — деди ва шошиб, унинг ёнига қийшайиб ўтириб олди. — Болам, қишлоқни соғинмайсанми? У ёқда ишхонангдагилар билан яхшимисан? Душманинг йўқми, жоним! Шуни эсингда тут, дўстнинг мингги ҳам камлик қилади, душманнинг бири ҳам кўплик қилади, болам... Биламан, дарров қизишиб кетасан, оғир бўл энди. Бир боланинг отасисан, гулдай хотининг бор. Худога шукур, обрўйинг яхши. Қишлокдагилар сени иззат-ҳурмат қилади, жоним. Қачон бир ўйин бўлса расминг чиққан газетани олиб, идорамга келади одамлар. «Қаранг, чемпион ўғлингизга қаранг, холажон!» дейишади. Ўзингга эҳтиёт бўл, болам! Хўпми?

Бу вақт Жўра оёғи учида илиниб турган чарм бошмоғига қараб: «Шуни кийиб борайми ё туфли кийсаммикин? — деб ўйлар эди: — Бунинг таги чарм, хас-хусда сирпанади, яхшиси, таги резина туфлигимни кияман», деб, онасига анқайиб қаради.

Она гаплари ўғлининг қулоғига кирмаганини пайқади.
— Ана, гапимни эшитмадинг, болам... Шунинг учун айтадилар-да, онанинг кўнгли болада, боланинг кўнгли далада, деб. Ҳа, омон бўл, доғингни кўрмай.

Рухсат опа каравотдан силжиб тушар экан, Жўра ҳам сакраб тушди ва:
— Энажон, хафа бўлманг! — дея бир оёғида туриб, иккинчи оёғини тиззадан букиб кутарди, бошмоқ боғичини ўтказди, сўнг иккинчи оёқда солланиб туриб, унисининг боғичини маҳкамлади ва ҳавони сузган каби қўлларини айлантириб, бир сакради-да, лўкиллаб, ошо-супа орқасидаги бедапояга тушди.

У биров билан уришадигандек қўлларини кўксида тутиб олиб, лўк-лўк сакраб, пуштадан юрди, сўнг қадамини тезлатиб, бедапояни айлана бошлади.

Соат етти яримларда чорпояда жамоат жам: тўгарак қилиб тўшалган кўрпачаларда Жўра, хотини Манзура, ўғилчаси ва хўмрайган Ҳабиб қўр тўкиб ўтиришар, Рухсат опа келтириб қўйган алюминий товоқчадаги қовурдоқни нон билан ейишар эди. Рухсат опа катта, тумшуғи артилмаган чойнакда чой олиб келиб, Ҳабибнинг ёнига ўтирди.
— Аяжон, олинг ўзингиз ҳам, — деди Манзура қайнанасига, — ҳеч нарса емаяпсиз.
— Болам, келинжоним, — деб бўйнини чўзди Рухсат опа. — Сизларнинг дийдорларингни кўриб туришнинг ўзи менга овқат, болагинам... Ҳа, сизлар ҳали боланинг қадрини билмайсизлар. Қани, олаверинглар, иссиғида олинглар. Яна қовуриб келаман. Худога шукур, гўшт сероб, а, Ҳабибжон? — У кичкина ўғлига қаради, — худо умрини узоқ қилсин. Отанг омон бўлса, биз дард қолмаймиз. — У энди катта ўғлига қараб гапида давом этди: — Жўражон, менинг топадиганим чирт-пирт бўлиб йўқолиб кетади. Шу отагинанг топгани баракали...
— Сиз қизларингизга жўнатинг, — деб тўнғиллади ҳамон кўзи уйқудан аримаган Ҳабиб, кейин жилмайиб турган акасига қаради. — Бу кишини биласизми? Худди ўғрига ўхшайдилар, отамдан бекитиб, опамларнинг уйига нарса юборадилар. Опамнинг кичкинасиям ўрганиб қолган, икки куннинг би-рида: «Салом, момажон!» деб кириб келаверади... Унақада пул чидайдими? — У дағал, узун қўлини узатиб, қовурдоқнинг ёғлиғидан олди, оғзига тиқиб юбориб, «уят бўлади», дегандай бош чайқаб турган онасига ўқрайди.
— Болам, шипиён ўзимиздан чиққан, — деди Рухсат опа. — Бизга бошқа шипиённинг кераги йўқ, ҳа!
— Э! — деб бақириб юборди Ҳабиб. — Уларнинг бизга нима фойдаси тегади? Ака, бир куни опам «ерим урди», деб йиғлаб келди. Бу киши дарров яланг оёқ бўлиб, йўлга тушдилар. Мен ҳам бордим нима гап экан деб. Бир вақт денг, бу киши куёвларига насиҳат қилаётса, опам эрининг ёнини олса бўладими... Нима кераги бор аралашишни? Отам минг марта айтади, бу киши қулоқ солмайди, одам ҳам шундай бўладими? Ё ёлғонми гапим! Айтинг, мана... ўқиган ўғлингизнинг олдида!

Рухсат опа ўсал бўлиб, бир нафас бош чайқаб қолди.
— Бўлди энди, Ҳабиб! — деди Манзура. — Бола деган ҳадеб онасини айблайвермайди. Бу киши сизниям яхши кўрадилар.

Шунда кўчада чўзиб-чўзиб машина сигнал берди.
— Келишди! — деб Жўра чорпоядан тушди. — Ҳабиб, сен бор, опке уларни. Манзур, юр, кийинайлик.

Ҳабиб чорпоя суянчиғига қўлини қўйиб, нари томондан сакраб тушди. Рухсат опа:
— Вой-й, гўштни емадиларинг. Жўражон, бир нарсага ўраб бераман-да, ўша ёқда ейсизлар, — деб қолди.
— Майли, майли. Нондан ҳам қўшиб ўранг, керак бўлади, — дея Жўра ўғилчасини олиб, худди айвон устунларидек чала-чулпа бўлган зинапоядан болахонага чиқиб кетди. Эшикдан дахдизга кириб, дераза томонга энгашиб қаради: — Ҳей! — деб бўш қўлини кўтарди.

Улар кийиниб пастга тушганда, Жўранинг ёшлик дўстлари — ўзидек лўппи, лекин бўйи паст, хушчақчақ милитсионер Нодир ва редактсия ходими — бурни узун, қорача Имом чорпоя ёнида биттадан устухонни кемириб туришар эди.

Ниҳоят, Рухсат опага «бир фотиҳа беринг, сафаримиз яхши ўтсин!» деган таклиф тушди.
— Омин! Ой бориб, омон келинглар. Мазза қилиб дам олинглар, лекин Хўжақўчқорнинг суви кўп бўлса, тушманглар. Хўпми, Жўражон? Келинжон, сиз, кўз-қулоқ бўлиб туринг. Мен у шаршарани биламан, тошдай келиб уради одамнинг елкасига. Хўпми... Айтмоқчи, сизларнинг хотинларинг ҳам боради-я?.. Ҳа-а, ҳа, уларнинг ҳам эси бор. Кечга қолманглар, тоғ совуқ бўлади, келинжон, тайинланг буларга. Булар ҳазил-ҳазил билан қоп кетаверадиям. Хўпми? Мен кечқурун попукли палов пишириб тураман. Виллис-а мошиналаринг?

Нодир ҳам, Имом ҳам пиқиллаб кулишди.
— Ана, дуоларимниям мазах қиляпти булар... Хўп, омин! — деб фотиҳа тортди Рухсат опа.

Тор кўчадан чиқаверишдаги маҳалла болалари тўп ўйнайдиган ерда артел раисининг «виллиси» орқасини ўгириб турар, шофери — Нодирнинг жияни кир дока латта билан унинг ёнверини артар эди.

Рухсат опа кўзларини мўлтиратиб, алланималарни ўйлаб турди-да, Жўрани туртди.
— Улай мен, бу ёққа қара, — деб унинг орқасига ўтди. Жўра ҳам гир айланди. Онанинг салқиз юзлари аянчли жилмайди, қисиқ кўзлари жавдиради, — Болажон, мен ҳам сизлар билан борсам, нима қилади?
— Майли, майли! Хўп! — деди Жўра, — машинага сиғишамиз. — У машинага қараб, унга ўзлари зўрға: сиғишлари мумкинлигини англади. — Энажон, сиғмай қоласизми дейман?

Она машинага еб қўйгудек тикилди.
— Қайдам, болам...

Жўра онасини машинада тиқилиб ўтиргандек тасаввур қилди: улар очилиб гаплашолмасликлари мумкин...
— Энажон, сиз қолинг, нима қиласиз ёшлар орасида? — деди энди. — Бугун якшанба, уйда жонингизни чақириб дам олинг. Биз кечқурун келамиз, маза қилиб паловни урамиз, а?

Она ҳадиксираб, мўлтираб:
— Майли, болам, майли... шунчаки айтдим-да, жоним! — деди, энди боласи, онамни оп кетолмадим, хафа бўлдилар, деб ачинишини гумон қилиб жилмайди. — Мени ўйлама, болам.

Машина кетди, Рухсат опа хўшлашиб, яна насиҳат қилиб қолди, хомуш уйга қайтди. У ўзича ғамгин кулимсираб, бошини сарак-сарак қилар эди...

Ҳар йили шу аҳвол такрорланади: Жўра бола-чақаси билан қишлоққа келган вақтда тоғнинг хушҳаво жойларига ўртоқлари билан сайрга чиқади. Она уларни кузатганда, ўзининг ҳам бориш исгини билдиради. Жўра олдин рози бўлади, сўнг онанинг бормаслиги учун биронта сабаб топилади.

Рухсат опа ҳовуз бўйига келиб, бедапояда қуриган йўнғичқаларни ўроқ билан суриб, боғ қилаётган Ҳабибни кўрди. Она чорпоя суянчиғига суяниб, уни лоқайд кузатди... Ўзининг ёшлиги: комсомол ташкилотларини мустаҳкамлаш учун тоғ қишлоқларида отлиқ юрганлари, қулоқларни тугатишда фаол қатнашганларини эслади. Уруш йилидаги воқеалар — болалар уйи директори бўлгани ҳолда новвойга калава бериб, нон олганлари ёдига тушди... Яна Ҳабибга қаради.

Жўраларнинг сафарга кетганини эслади ва енгил хўрсиниб: «Шунисигаям шукур, шу кунларга етказганига шукур... Шулар ўйнасин, шулар кулсин. Ахир: менинг умрим ҳам шуларни деб ўтди-да, дея ғурурланиб чорпоядан тушди.

Она теваракка бир нафас мағрур қараб турди, сўнг чойи совуган чойнакни олиб, Ҳабиб томон кетди.

1971