OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

4 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШукур Xолмирзаев
Асар номиШудринг тушган бедазор (икки инжиқ ҳақида ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шукур Xолмирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм87KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Шудринг тушган бедазор (икки инжиқ ҳақида ҳикоя)
Шукур Xолмирзаев

«Мен ёмон одам бўлсам кераг-у, буни ўзим билмасам керак...» Кейинги вақтда Икромжоннинг яхши кўриб айтадиган гапи шу бўлиб қолди. Шу гапни айтса, кўнгли аллақандй тасалли топар, турмушдаги кўп майда-чуйдаларга муносабати ўзгаларникидан ҳарчанд фарқ қилмасин, «мен шунақа эканман-да», дегандай кўнгли жойига тушиб, ортиқ эзилмас эди.

Лекин аёли Турсунойга муносабатда... бу ҳикматли сўзнинг ҳам «қўли калтаклик» қилиб қоларди.

Қандай чиройли, беозор дамлари ўтиб кетди! Турсунойни илк марта қаерда, қайси кўча, қайси боғда кўргани эсида йўқ, бироқ шу тўғрида ўйласа, кўз олдида ажиб бир йўнғичқазор намоён бўлади. Шудринг кўтарилмаган намхуш йўнғичқазор. Нақ одамнинг бе-лига уради. Баъзи йўнғичқалар оч-пушти бўлиб гуллай бошлаган. Ўшандоқ жойлари айниқса баланд ва ғовлаб кетган. Паст ўсган жойлари ҳам бир ажойиб! Унда тўқ бинафшаранг чучмомалар бўй чўзиб туради. Боғ чучмомалари ўзи аслида баланд ўсади. Поялари сип-силлиқ ва оқ. Жуда гўзал-э! Анави ғовлаб кетган жойларда ҳам шунга ўхшаш гуллар бор. Аниқроғи, улар гул эмас, боғпиёзнинг бошлари. Тус пиёладек келади. Тўқ-қизил ё жигарранг. Бадбўйлигини айтмаса, улар ҳам гўзал!

Ҳа, Турсуной билан илк учрашган дамларини хотирламоқчи бўлса, худди шу манзара кўз олдига келади Икромжоннинг. Нечук, а? Билмайди. Балки бу манзарани ўзларининг чорбоғида кўргандир? Ҳа, ўша ерда кўрган. Шуниси қизиқки, бу манзаранинг Турсуной билан сира алоқаси йўқ. Алоқаси бўлса, ҳаётнинг бирон бурчагида сумбатини кўрсатар эди-ку!

Йўқ, гап шундаки, Турсуной унинг энг азиз хотиралари, қувноқ ўтган дамлари, орзули ва армонли чоғлари билан қўшилиб, омухта бўлиб кетган.

Балки Турсунойни у илгаритдан кўриб ва аллақачон сезиб юргандир-у, нуқул ўшандоқ тўлғоқли дамларида эслагандир? Балки ўша йўнғичқазор жиягида туриб, унинг шу ерда жамол кўрсатишини истаган ё уни шу ерда, деб тасаввур қилгандир?

Ким билсин одам юрагини!

Турмушнинг ўз изми бор... Бу изм Икромжонни Турсуной билан туташтирди. Турсунойларнинг данғиллама ҳовлисига Икромжоннинг ёлғиз онаси қиз сўраб борди. Қизнинг отаси «фарзанди»га ҳавола қилганини айтди. Фарзанд билан ички хонада гаплашиб чиққан Улуғой опа табассум қилиб, Икромжоннинг онаси қошига келди.

Турсунойлар Қассоб гузаридан, отаси чаласавод, лекин топармон эди. Онаси хат танимас, лекин турмушнинг кўп сир-асрорига ақли етадиган, мулоҳазали аёл. Турсуной — ёлғиз қиз. Учта шердай акаси бор. Савдо соҳасида ишлашади.

Тўйнинг харажатини асосан қиз тараф кўтарди.

Ҳозир яшаб турганлари кичкина боғчани олишда ҳам ўшалар бош бўлди. Икромжон тўққиз ой деганда қарздан узилди. Онасининг тоғдаги Берди чўпонга бериб қўйган олти бош қўйи ҳам шу йўлда кетди. Икромжон гўдаклигида раҳматли отаси ариқ бўйига ният қилиб эккан ўттиз туп терак кесилиб, эски ҳовлининг иморатларини янгилашга ишлатилди. Турмушлари изга тушди.

Улар ҳеч нарсадан нолимаса ҳам бўлади. Кунлари эл қатори ўтиб турибди. Оилаларида баъзан шундай иноқлик, меҳр-муҳаббат пайдо бўладики, олти йиллик эр-хотинни кеча топишган Тоҳир-Зуҳра дейсиз.

Лекин, баъзан...

Икромжон шундай «баъзан» пайтларда ширин ўтган дамлари, Турсуной билан кабутарлар каби ғудиллашиб гаплашганлари, пиқир-пиқир кулишганлари ва ширин-ширин хаёл суриб ётганларини эслаш билан кўнглига таскин беради.

Ўшандоқ дамлар!
— Йўқ-йўқ, мен сизни ҳеч қачон севган эмасман! — дейди Турсуной. — Ўзингиз шилқимлик қилиб олдингиз мени... Уёққа ўтсам ҳам — тикиласиз, буёққа ўтсам ҳам — тикиласиз! Кўзингиз билан еб қўйдингиз-ку?.. Нима? Кошки жимгина тикилиб юрган бўлсангиз? Волибол майдончасида Тўрақулни урган ким? Тонинг-а!.. Бекор гап. Мен учун урдингиз. «Ўйна», деб ўзи чиқиб турди, бечора. Айби шу. Сиз бўлса, келган тўпни сеткадан оширмай, уни «тушит» қиласиз!
— Ҳадеб бечора деяверманг. Раҳмингиз келяпти чоғи, — тўнғиллайди Икромжон.
— Раҳмим келса, нима қиласиз?
— Оббо! Келинг, яхши-яхши гаплардан гаплашайлик... Кеча лесхозда қоровулни ҳайдашди!
— Яна лесхоз!
— Йў, ўзи қаллоб экан-да, соқолинг тўкилгур! Қуёнчилик фермаси ташкил этганмиз-ку. Шундан ўн битта қуённи йўқ қилган экан. Ўзимиз ҳам сони камайиб кетаётганини сезар эдик. Лекин, ўлгур чол, «ер остига ин қазиб кириб кетган, чиққанида келинглар, шу соқолим билан ёлғон гапираманми», дер эди. Директор қатиқ ичгани капасига кириб қопти. Бурчакдан кадини тортса, орқасида бир бўхча бормиш. Яхшиямки, четидан биртерининг сийроғи чиқиб турган экан. Очиб қарапти. Ўн битта тери! Ўзимизнинг қуёнларнинг териси... Ҳайдаб юборди.

Икромжон қишлоқ хўжалик техникумини битирган, ўрмон хўжалигида ёрдамчи инженер бўлиб ишлайди. Иши ёмонмас. Вазифасини виждонан адо этади. Битта қусури — маоши кам. Қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаётган ёрдамчи агрономларникидан анча кам. Юз сўмнинг нари-берисида. Лекин табиат муҳофазаси, ўрмон хўжаликлари тўғрисида кўп яхши қарорлар чикди. Шояд уларнинг маоши ҳам ошиб қолса. Умуман, ўрмон хўжалигининг ишчилари кам маош олади. Қурилишда ишлайдиганларникидан икки-уч баравар оз. Шунинг учун ўрмон хўжалигида ишчи «чидамайди». Бурнидан ошиқ гап бўлса, қурилишга кетиб қолади. Ғишт териб, тсемент қориб ҳам ойига уч юз сўм топади.

Икромжон эса... бу ердан кетишни акдига сиғдиролмайди. Унга ўртоқлари бир неча марта: «Совхозга ўт, ишлаб чиқаришнинг бошида бўласан. Уйингга бир қоп пиёз, бир қоп картошка бепул келсаям ҳарна-да», дейишди. Икромжон қизариб кетиб: «Раҳмат. Мени ўзимга қўйинглар», — деди.

У қаердадир эшитгани шу ҳикматни маҳкам ушлаган: «Киши овқат ейиш учун яшамайди, яшаш учун овқат ейди».

Икромжонни бу фикридан қайтариш ҳам мушкул.

Эр-хотиннинг суҳбати давом этади.
— Турсуной, Галақўтонда зира пишипти!
— Зира пишипти... Пишипти демай, шу топилмагурдан бир кило-ярим кило олиб келинг! Зиғирчасини йигирма тийинга оламан бозордан!
— Йўқ, ярим кило деманг-у, юз грамм-эллик грамм... Шошманг! Келаси бозор чиқсак-чи, ўша ёққа? Ана, эшак бор! Минасиз! Мен ёнингизда пиёда... А? Хўп денг!
— Уф, сиз ҳалиям ёш боласиз! Мен эшак миниб юрар эмишман! Гапларини қаранг!
— Ҳа, минмаганмисиз?
— Минган бўлсам, вақтида мингандирман.
— Биласизми, нима...
— Билмайман!

Лекин Икромжон шундай дамларда, яъни шу суҳ-батлардан кейин хотини кўнглидан кечган ўйларни билар, ҳис қилар эди. Ҳар гал Турсуной Икромжоннинг шу каби ҳар гапига терс жавоб берса-да, кейин хаёл-чан бўлиб қолар, не бир интилиш билан гоҳо унинг пинжига тиқилар ва ораларида ўша суҳбатларнинг тамом акси бўлар эди.

Энди Турсуной қизчалигида ўртанча акаси билан пилла қуртига деб мингбош ўргани чиққанларини эслар, аллакимнинг нортуяси қутургани, оғзидан оппоқ кўпикли халта қулдираб тушгани, сўнг уни яна қандай қилиб лиқ-лиқ ютганини хотирлаб кулар эди... Сўнг турмуш қурганларининг иккинчи йилимиди, Икромжон уни эшакка мингаштириб тоққа, Берди чўпоннинг овулига олиб борганини эринмай қайтадан ҳикоя қилар, ўшанда еган қурутларини яна татиб кўраётгандек тамшанар ва оқибат орада иноқлик қарор топар эди.
— Адаси, сизни... Сиз сал кеч қолсангиз, ўзимни қўйишга жой тополмай қоламан, ишонинг! Эркалик қиламан-да! Аёл кишига ёқади бу! — Яна давом этарди: — Онангизга хўп деганимни билмай қолганман... Қизиқ! Сизни қачон яхши кўрганман, билсам худо урсин! Ишонинг... Менга сизнинг зирангиз ҳам, катта маош олишингиз ҳам керак эмас! Ишонинг...

Турсуной шу гапларни айтар экан, Икромжон унинг сўзларига шак-шубҳасиз ишонар, илло ишонмасликка зарра асоси йўқ эди.

Агар Турсуной Икромжонни севмаганида, агар ўзига тўқ, бели бақувват оилада эсини таниган қиз турмушнинг мана шу жиҳатларига қизиққан бўлганида ёлғиз онаси билан бир нав кун кўрадиган йигитга дафъатан «хўп» дермиди!

Турсуной ҳам Икромжонни ундан кам севмас эди!

Дарҳақиқат, баъзида улар, айниқса ўша — хотирага айланиб бораётган вақтларни эслаганда бамисоли энди топишган Тоҳир-Зуҳра эдилар.

Кейинчалик... Турсунойдаги қайсарлик, чўрткесарлик кучайгандан-кучайиб борди. Икромжон эса унга сари паст тушар, эзилар, ўйларга чўмар эди.

Ниҳоят, оилада бўладиган танқисчилик ҳам ўртага тушадиган бўп қолди. Турсуной ўшанда «тузукроқ йигитга чиқмаганини» бир-икки марта армон билан айтди. Икромжон тамом бўлди...

Лекин, ажабо, баъзида Турсуной тағин ўзлигига — ўша Турсунойга айланар, шунда Икромжон хурсанд бўлиб кетар, орадан ҳеч нарса ўтмагандек бир вазият вужудга келар эди.

Лекин бу вазият вақтинчалик эсган кўклам шамолига ўхшар эди. Кетидан қиш заҳрини олиб изғирин, гоҳо оламни остин-устун қилгулик довул қўзғалар эди.

Икромжон хотинидан юрак олдириб қолди... Аммо у шу хилда қолавермади. Эркак одам бундай пайтларда ўз ҳамжинсларига интилиб, улардан тасалли топгиси келар эди. Ҳасратини фақат «ўз қавми»га айтар экан. Суҳбатни тинглайдигандаям тинглайдиган бор. Бир гал ишдан қайтаётиб юраги ўз-ўзидан гуп-гуп ура бошлади. Ўрмон хўжалиги йўлагида ям-яшил бўлиб турган қарағайлардан учтаси қуриб қолган экан. Бухгалтернинг хотини тўккан мағзава шу қарағайлар остига сингар экан. Шунинг машмашаси билан кеч чиққан эди... Сомсахона олдидан ўтаётиб синфдош ўртоқларидан Шоди чўтирни қўриб қолди. У шофёр, шаҳарда яшар эди. Икромжон тўхтади. Шоди туриб, йўл бўйига чикди. Улар қучоқлашиб кўришишди. Сўнг Шоди унинг қўлтиғидан олиб, ўтирган столи ёнига бошлади. Икромжон, «беш минутдан кейин тураман!» деб, ўтирди... Беш минут ўн минутга чўзилди.

Икромжон ичмасди эмас, ичиб турар эди. Лекин: «Уйга вақтли бориш керак... Турсуной кутиб қолмасин? Эртага иш... Кўзим қизариб борсам одамларга қандай қарайман?» — деб меъёрида ичарди.

Шу куни нима жин урди уни, қанча ўтирганини ҳам билмай қолди, қанча ичганини ҳам, ўрнидан турса, довдираб кетяпти.

«Бўлди! Балога қолдим!» — дея каловланиб йўлга тушди. Йўлни қисқа қилиш учун жинкўчага кирди. Кўча ўнқир-чўнқир, кўп жойларига сув тошган экан. Тийғаниб йиқилди. Уст-боши шалаббо бўлди... Кейин деворга суяниб, йўдла давом этди. Пахсадеворга тирсаги ва биқини суйкалиб борар эди.
— Вой, нима бўлди? Ким урди? — Айвонга чиққан Турсуной қўққисдан йиғлагудек бўлиб, пастга тушди. — Вой, шўрим! Энди нима қиламан? Ҳой, болалар, буёққа чиқинглар!.. — Турсуной эрининг ёқасидан ушлаб юзига тикилди-ю, бурни жийрилиб, афти буришиб, бирдан тисланди. — Маст! — деди йиғламсираб. — Пиёниста бўпти! Шуниси кам эди... Вой-до-од, қаерга борай? — У яна отилиб эрининг олдига борди. — Пулни қаердан топдинг? — У сенлади ва сенлаб давом қилди: — Айт деяпман!.. Ҳали ўзингни оппоқ қилиб кўрсатарсан, ҳали давлатнинг одамиман, дейсан! Қаердан топдинг пулни?
— Ичиришди, — деди Икромжон. — Кечир...
— Хўп, кечираман! Ҳозир кечираман! Турсуной болаларни нари-берига суриб, даҳлизга кирди.
— Алло! Алло! — деган товуш эшитилди. — Мелисани ол! Мелисадақа мелиса-да!

Турсунойдаги ўзгаришларнинг боиси нимада? Наҳотки, мол-пулга хуруж қўйиш ёхуд уй-жойим бировларникидан кам бўлмасин деб, ёхуд вақтида топармонроқ йигитга тегмаганидан афсусланиш унинг ўзгаришига сабаб бўлса?

У қизлигида ўзига яраша эрка эди. Бундан ташқари, эрига эркалик қилиш, унга қандайдир азоб бериш ҳам унга ёқарди: буни ўз оғзи билан ҳам айтарди.

Балки унинг тобора баджаҳл ва шафқатсиз бўлиб бораётганига шу ҳол сабабдир?

Бир нарса дейиш қийин.

Балки буларнинг ҳаммаси қўшилгандир?

Аммо... Турсуной эрини ҳамон севади! Ўша ғалати «кўз бойлағич» севгиси билан севади! Бироқ йиллар — ёш ҳам ўз таъсирини ўтказганми, энди унинг қошида кўп ҳам ёқимли хаёлларга толавермайди. Икромжоннинг қалбига малҳам бўлғуси азиз хотираларни ҳикоя қилмайди.

Ҳикоя қилмайди?.. Ичида ҳикоя қилади.

Орадан ярим соат вақт ўтар-ўтмас Икромжоннинг мактабдоши, ўз маҳаллаларида участкавой, гирдиғум, бақувват Қаюм кириб келди. Ғўдайиб ва йўталиб, атрофга қаради. Пастга тушган Турсуной юм-юм йиғлаб, ҳасрат қилди:
— Бундай одати йўқ эди... Буни йўлдан қайтаринглар, жон ака! Пиёниста бўп қолса нима қиламан? Элу юрт, отам, акаларим юзига қандай қарайман... Ўзинг пиширган ош, дейишмайдими улар? Шўргинам қурсин!.. Жон ака, қўрқиб кетяпман. Мастларнинг кимлиги ўзингизга маълум-ку!..

Икромжон айвон пастидаги супада ғужанак бўлиб ётар, буларнинг гап-сўзлари зўрға қулоғига кирар, аммо бошини кўтарай деса, еру осмон айланар, гапирай деса, тили айланмас эди.

Шу аснода бир-икки марта ўрнидан ирғиб тургиси, нимадир кутилмаган ишлар қилгиси келиб кетди.
— Тур ўрнингдан, Икром!
— Олиб кетасизми? — Турсуной кутилмаганда қўрқиб сўради. — Қамайсизми?
— Ҳечқиси йўқ, — Турсунойга кўзини қисдк Қаюм участкавой. — Бир кеча ётса, эси жойига тушади... Хавотир олманг, келин! Бу кеча ўзим навбатчиман!

У Икромжонни суяб турғазиб, қўлтиғига кирди. Сўнг липиллатиб кўтариб кетди. Йўлакнинг ярмисига етганда Турсуной ҳаллослаб етиб борди.
— Жон ака, шу ерда бир-икки оғиз гапириб қўя қолинг.
— Келин! — Турсунойга жўрттага жаҳли чиққандек маъноли тикилди у. — Менга ишонмайсизми?

...Турсуной шу кеча йиғлаб-йиғлаб ётди. Мелиса чақиргани учун ўзини қарғади. «Ваҳимачи бўлмай ўлай, эркак одам ичади-да! — деди. — Бу гап бировларнинг қулоғига етса, нима деган одам бўламан! Эрини қаматган... Кошки мени урган бўлса! Беозоргина, «кечир» деди... Боёқиш... Шундай майин, мўмингина... Менинг хархашаларимга чидаб келяпти. Икки дунёда бундай эркак топилмайди... Ўзим айбдорман... Уйдаги сирни кўчага чиқарган хотин хотинми?»

Шундан кейин у ўпкасини босиб олди... Кейин ширин хаёлларга толди. Нима учундир дафъатан ёдига Икромжоннинг энг дилкаш ўтиришларда ҳикоя қиладиган манзараси тушди. «Йўнғичқазор... Шудринги кўтарилмаган...»

Икромжон шу тўғрида кўп гапирган, Турсуной кўп марта эшитган, бироқ у манзара ўзидан узоқлиги учунми, эслаёлмас эди. Ҳозир ўшани эслаганидан анчагача ҳайрон бўлиб, ниҳоят, кўзини юмди.

Икромжон... эртаси ишдан вақтида чиқиб, уйга келди. Турсуной унинг синиққан ранг, ботиқ кўзларига разм солиб, ундан гап кутди: «Ҳозир кечирим сўрайди... Ҳамма гапни айтиб беради!» Лекин Икромжон унга қай тил билан гап қотсин?

У ҳатто хотинининг юзига боқишга ҳам ботинолмас эди. Юраги дир-дир титрар, ножўя қадам ташлаб юбормаслик учун ўта ҳушёр, айни чоғда Турсунойга кўзи тушса, у бобиллаб берадигандек эди.

Йўқ, яхшиси, жим бўлгани тузук.

Жим, жим, жим... Балки Турсуной Икромнинг «жим»лигини ичдан азоб чекишга йўяр?

Ахир, кўриб турибди-ку?!

Аммо-лекин ўзи аҳмоқлик қилди!

Шармандали иш бўлди!

Турсуной... ундан гап, узр кута-кута тоқати тоқ бўлиб кетди. Икром костюмини ечиб, эски шимини кийиб чиқиб, ошхонага кириб кетар экан, Турсуной бақириб қолди:
— Ҳў, ичадиган йигит! Энди қадамингизни билиб босинг! Хўпми?.. Мен ўзимни оёқ ости қилдириб қўймайман! Мана шу уйга ўт қўяман-у, икки боламни олиб отамникига кетаман... Улар мени бошига кўтаришади... Ёлғиз қизлариман! Куним ўтади. Бу ердагидек... ўтмаса, бундан ёмонроқ бўлиб ўтар, ахир!

Икромжон бошини ушлади. «Дод!» деб юборишига оз қолди.
— Хўп, — деди аста бурилиб. — Айб менда, Турсуной.
— Албатта!
— Мени авф этинг.
— Майли... Икки бола ҳурмати, бу гал кечирдим... Лекин яна шундай бўлиб келсангиз, мендан ўпкаламанг! Нақ ўн беш сутка бердираман... Шармандангиз чиқади! Ишхонангизга ёзишади... Обрўйингиз бир пул бўлади!

Икромжон бош ирғади.

«Турсуной ҳақ... Айб менда, — деди нимқоронғи ўтинхонага кириб. — Мен унинг қадрига етмаяпман... Уни кафтимда кўтариб юрсам арзийди... Ахир, у мени ўйлаб шу гапларни айтяпти!»

Турсуной эса, уйга қайтиб кириб, ичида бирам хурсанд бўлди... Кейин Икромжоннинг мунислик билан: «мени авф этинг», деганини ўйлаб, томоғи бўғилди. Йиғлаб юбормаслик учун лабларини тишлади.

Сўнг... лабида оғриқ сезиб, бунинг учун ҳам Икромжонни ичида айбдор санади...

Ҳафталар, ойлар ўтди... Турмуш яна эски изига тушди. Баъзан иноқлик, меҳр-муҳаббат, ширин суҳбат... Баъзан телба-тескари гаплар, хафагарчилик.

Лекин энди Турсунойнинг шевасига Икромжон учун яна бир асос қўшилган эди: ичиб келгани!

Икромжон — ҳамон ўша Икромжон. Бироқ энди унда анча асабият пайдо бўлган, гарчи Турсунойнинг олдида ўзини тутиб тура олса-да, ишхонасида гоҳо бўлар-бўлмасга жаҳли чиқиб кетади. Директорга ҳам терс гапириб юборади. Участка бошлиқлари билан қўпол гаплашади. Юраги гоҳо шундай бир тўлиқиш сезадики, нималарнидир уриб-янчиб ташлагиси, қаёқларгадир, олис-олис тоғ ораларига чопа-чопа қочиб кетгиси келади. Шундай пайтларда аламини ишдан олади. Ўзига ажратилган ориқ бўз отни миниб, тоғдаги бодомзор, ёнғоқзор ёхуд наъматак майдонларини кўргани чиқиб кетади.

Гоҳо ҳафталаб тоғда қолиб кетади. Сўнг Турсунойга интиқ-интизор бўлиб, уни узоқ ёлғиз қолдириб кетгани учун ўзини сўкиб, хотинидан минг-минг узр сўрашга шайланиб, қайтиб келади.

Турсуной айвонга чиқади... Ичида эрини соғинган! Уни соғ-омон кўриб, боши осмонга етади. Тунлар кўрган ёмон тушларини унутади. «Ўзингга шукур!» — дейди. Аммо тилида:
— Ҳа, мунча қопкетдингиз? Биттасини топдингизми дейман? Тоғ қизлари чиройли бўлади деб эшитаман... Яшанг! Болаларингиз ҳам эсингизга келмайди-я! Қойилман... Хўп эркак чикдингиз-а, умрингиз узоқ бўлсин!

Икромжоннинг тарвузи қўлтиғидан тушади. Унинг ҳамма гапларини асосли деб тан олади ичида. Ва ортиқ жаврамасин учун гапни қисқа қилади:
— Узр энди... Шундай бўп қолди, Турсуной.
— Хўп яхши гапни ўрганиб олгансиз-а?

Икромжон мунислик билан бош ирғайди.

Сўнг... сўнг улар орасида яна иноқлик...

Ўрмон хўжалиги ходимлари ҳам Май байрами намойишига чиқишга қарор қилишди. Икромжон ишламасдан бурун ҳам улар намойишга чиқишган, бироқ шунчаки ўзлари... гўё сафни тўлдириш, райком, ижроқўм раҳбарларига кўриниш бериш учун ёки шунчаки вақтичоғлик учун... Бу гал ўзларининг маҳсулотлари билан чиқишга келишишди. Яъни таги билан қўпориб олинган бир туп арчани кузовининг қанотлари туширилган машинага ўтқазиб қўйилади. Унинг ёнида тағин наъматак ниҳоллари ва турли кўчатлар ҳам бўлади. Машина кабинаси айни ўрмон хўжалигида етишган атиргуллар билан безатилади... Бу тўғрида райкомнинг ташвиқот-тарғибот бўлими мудири ўртоқ Оқбоевга хабар берилган эди, у киши жуда маъқуллади, ҳатто табриклади.

Икромжон Турсунойга: «Бораману келаман! Кейин бирга чиқамиз», деб саҳарлаб ўрмон хўжалигига жўнади. Хўжаликнинг идораси, жумладан, боғи ҳам раённинг четида. Икромжон етиб боргунча ярим соатча вақт кетди. Қараса, машинага ортилаётган арча — тоғ арчаси! Паққос кесиб келинган... Бир ҳисобда тоғ арчасини илдизи билан қўпориб олиш ҳам ўзи мумкин эмас, илдизи чуқур кетади ва ўзга арчалар томирига туташ бўлади. Умуман, тоғ арчаларининг деярли ҳаммасининг илдизи бир деса бўлади.

Икром лов этиб олов олди. Директорни топиб:
— Сизнинг фармойишингизми бу? — деди. — Ана, боғда қанча арча бор!.. Буни нима қиламиз намойишдан кейин? Ўтин қилиб ёқамизми? Бултур янги йилга деб боғчанинг одамлари сўроқсиз арча кесгани учун ўзингиз нима гаплар қилиб эдингиз? Ҳайф-э! Ана, ўриси арчадан олсак, қайтиб келтириб тағин ўтқазиб қўярдик!..

Директор Бобоқулов унга дўнг пешанаси тагидан вазмин қараб турарди.
— Хўп. Шунга шунчами! — деди. — Қорабой ака бизга яхшилик қиламан деб шу арчани кесипти.
— Хушомадга денг!
— Жуда жиззаки бўп боряпсиз, укам... Эркак одам оғир бўлади расми.
— Э, мен оғир бўлмадим.
— Хўп, шундай улуғаям кунда... а? Бечора кесган экан. Кечаси билан йўл юриб, ҳали етказиб келди... Қўйинг, иним, кейин гаплашамиз.

Икромжон, дарҳақиқат, шундай шодиёна кунда бундай қизишгани, ҳа демаса, бировларнинг дилини қора қилиши мумкинлиги, демак, жилла бўлса-да, ноҳақлигини сезиб турарди-ю, лекин ўзини босолмасди. Тўнғиллай-тўнғиллай чикди. Кейин ёғоч қути топтириб, арчани ўтқаздирди. Киши билмайдиган қилиб, атрофига тупроқ уйдирди. Бу иш тағин ўзига ёқмай, ўзини кўзбўямачи каби ҳис этиб, намойишга хотини билан етиб боришини айтиб, йўлга тушди. Келгунча яна вақт ўтди. Келса... дарвоза қулфлоғ!

«Э, бор-э!» — деб кўчага чиқиб кетди. Одам гавжум. Икромжоннинг ҳоври босилди. Кейин хотин-қизлар орасига кўз солиб, Турсунойни излай бошлади. Тополмади. Бу орада колоннага ўрмон хўжалик ходимлари ҳам довдаскаги билан келиб қўшилди. Икромжон улар сафида катта кўча бўйлаб Пойгашбоши адирига йўл олди.

Тумонат одам!.. Осмон тиниқ. Салқин. Оёқ остида бахмалдек ажриқ.

Бу ердаям қайси жойда аёллар тўп бўлса, Икром-жон уларга кўз солиб юрди.

Турсуной... У ҳам шу ерда эди. Уч-тўрт марта Ик-ромжонга кўринарли жойга чикди. Бахтга қарши, Икромжон уни кўрмади. Сўнг Турсуной унга разм солиб, эрининг нуқул аёлларга тикилаётганини пайқади. Беихтиёр у ўзини излаётганини билди. Билди-ю, зардаси қайнаб кетди. «Ким билади эркак зотининг кўнглини!»

Икромжон намойишдан кейин ҳориб ва тағин Турсуной билан учрашганда ундан гап эшитишни кутиб, уйига борди. Ҳақиқатан ҳам Турсуной тишини қайраб турган эди.

Олди эрини! Олди!

Икромжон:
— Бўлди. Бўлди-и-и! — деб кўчага чиқиб кетди.

Тўғри ресторанга кириб борди... Кимлар йўқ бу кунда ресторанда? Кимлар улфатга илҳақ эмас? Икромжонни ёнига таклиф этмайдиган йигит борми?

«Байрам! Май! Бугун ҳамма нарса кечирарли!.. Ўйна, кул! Шу бугун хомуш бўлма! Ғамни йиғиштир! Ўйлама ҳеч нарсани... Оламнинг ишлари қачон битиб эди-ки!..»

Ичиб ўрганмаган одам кўп ичмасин экан.

Икромжон... дарвозага суянганини ва «ёмон бўлди!» деганини билади. Сўнг қандайдир саёқ итни силади чоғи. Сўнг кўзига айвон шифтида осилиб турган лампочка кўринди... Эсида... Турсуной нималардир деди...

Бошқа ҳеч нарсани эслолмайди! Ўб-бў, ёмон бўлди-ку! Кимларни сўкди? Кимни хафа қилди? Турсунойни яна... Вой-вой!.. Айб ўзида! Кеча нега ҳовлидан чиқиб кетди? Нега Турсунойга ўтган гап-сўзларни ётиғи билан тушунтирмади-я? Бўларди-ку! Иўқ, ўрмон хўжалигида... директорнинг кабинетида телефон бор эди-ку, уйига телефон қилса, олам гулистон эди.

Улуғ айём кунида-я!..

Икромжон қоп-қоронғи камерада туриб ўтириб, шу тарзда ўйлар, бир ёқдан боши зирқираб оғрир, ўю бош оғриққа чидолмай, ўзини осиб қўйиш даражасида эди.

Шунда қаттиқ чанқаганини сезди. Сув! Сув қани? Нега сув йўқ? Э! Икромжон мелисахонада-ку? Қамоқда-ку?!. Ким уни олиб келди? Қаюмми?

«Э, Икром, одам бўлмадинг-бўлмадинг-да!.. Сенга иш ҳам ҳайф, хотин ҳам!

Болаларинг... Ана, болам бор демайсан! Қайси куни Турсуной рост айтди: «Болангиз ҳам эсингизга келмайди!» деб... Сен ота номига иснод келтирасан!»

Икромжон туриб, пайпаслаб эшикни топди. Шунда баданига совуқ, зах ўтиб кетганини сезди. Энди бирдан тиши такиллаб, эшикни қоқа бошлади.

Бирпасдан кейин нақ эшик ортида диван ғижирлади. Биров томоқ қирди. Сўнг эшикка калит солинди. Эшик очилди.

Қаюм! Кўзлари шишиб турибди. Уям ухлаган экан.
— Э, Икром бўлмай кет! — деди участкавой тўнғиллаб. — Сувсадингми?
— Ҳа. Чиқсам майлими?
— Чиқ. — Қаюм камерага кўз солиб, изига қайтди. — Ерда ётибсан. Сенга кўрпача солиб берган эдим... Э, қуриб кет! Сиғса ичгин-да!.. Ўзинг туппа-тузук йигитсан!.. Э! Ҳамроҳинг қарға бўлса, еганинг ахлат бўлади...
— Ўзим ичдим, — деди Икромжон.

Хонанинг ярмиси то эшиккача ёғоч тўсиқ билан тўсилган, унинг ортида, стодда лампа ёниб турар эди. Ўша ёққа ўтган Қаюм алюмин кружкада сув келтириб тутди. Икромжон ютоқиб ича бошлади. Сув муздек! Лекин ичган сари ичгинг келар эди. Ниҳоят, тағин сувсаб қолса ичадигандек кружкада қолган сувни тўкмай ва уни Қаюмга қайтармай, йўлакдаги диванни кўрсатди.
— Ўтирсам...
— Ўтир, ўтир.

Икромжоннинг ҳамон боши оғриб турар, юраги-да ола-тўфон, лекин вужудида ғалати бир ғайритабиий шижоат пайдо бўлган эди. Бу ўша... қаёққадир бош олиб чиқиб кетишга ундовчи туйғунинг янгитдан жумбиши эдики, бунда мазкур дамдаги ҳолати, пушмони, уяти ва ўзига нисбатан ғазаб-нафрати ҳам бор эди.
— Кеча нима қилиб қўйдим? Қаюм ака, айтинг!.. Ножўя иш қилган бўлсам, жавоб бераман... Худо ҳаққи, тайёрман! — Шунда дераза токчасида турган телефон жиринглади. Қаюм телефонни олди. Икромжон тўнғиллаб жимиди. — Очиғини айтсангиз...

Қаюм ким биландир узоқ, асабий гаплашди. Сўнг қоматини ростлаб гимнастёрка кўйлаги тугмаларини ўтказди-да, Икромжонга бир муддат энсаси қотиб тикилди.

Икромжон... уялди! Ер ёрилсаки, кириб кетса! «Э, бўлди, кўп қарама, Қаюм! Ундан кўра белингдаги қайишингни ечиб, ур!..»
— Яна шундай бўлиб қўлимга тушсанг, ёки хотинингни шикоят қилганини эшитсам, олти ой бердирмагандаям, ўн беш кун супуртираман!.. Тур! Жўна! Ҳужжатларинг уйингда! Бор, кўзимга кўринма... Секин чиқиб кет, биров билмасин. Э, сени қара-ю... Рангингни кўр, қусгинг келади.

Икромжон каловланиб ва у ер-бу ерини қоқишга шайланиб, эшик оғзига борди. Ташқарига мўралаб қаради. Сўнг Қаюмга боқди.
— Раҳмат, Қаюм ака, — деди. — Лекин нима қилганимни... а?
— Нима қилганингни хотинингдан сўра! — Қаюм чимирилиб, трубкани кўтарди. Номер терар экан, тўнғиллади: — Шундай хотинни хафа қилиб бўладими?.. Сени ўлгудек яхши кўрар экан. Ўрнида бошқа хотин бўлса, кўрардинг кунингни... Бор, кетавер энди! — у аппарат ричагини босди. — Бошоғриқ қиламан деб юрма... Пиёнисталикнинг боши — бош оғриқ қилиш!
— Раҳмат сизга.

Икромжон кўчага чикди. Жимжит. Ҳали қушлар ҳам уйғонмаган. Йўл бўйидаги дарахтларнинг сербутоқ шохлари орасидан лампочкалар хира нур сочади.

Икромжоннинг қадам товуши олисларга таралиб, кимларнидир безовта қилаётгандек бўлади.

Бир пайт у кўчанинг қоқ ўртасида туриб қолди. Ҳўнграб йиғлаб юборгиси келди.

«Нега бундай бўляпти ўзи? Сен чиндан ҳам ёмонмисан, Икром? Ўзингни виждонли, ҳалол йигит деб биласан. Ишингда нуқсон йўқ. Хўп, кейинги пайтда сал асабий бўпсан. Нима қипти шунга?.. Иш-хизматчилик. Бўлади-да.

Турсуной... «Сени ўлгудек яхши кўрар экан». Наҳот шу гап рост бўлса? Нега энди «наҳот»? У мени севмаса тегармиди? Бошқа зўр йигитлар қуриб кетганмиди унга?.. Севади! Бунга шубҳа йўқ... Лекин, нега унақа?»

«Қанақа?» Икромжон бу саволга жавоб беролмади-ю: «Айб ўзимда... Фақат менда! Қаюм ака рост гапни айтди», — деди. Сўнг бутун-бутун айблари... учун хотинидан ер ўпиб узр сўрашга қасд қилиб, илдамлай кетди.

Икромжон ўзларининг кўчасига кирганда яна юраги гупиллаб ура бошлади. Лекин баттар жадаллади. Ҳовлисида чироқ бормикин? Йўқ, ўчириб ётишган бўлса керак... Дарвозани тақиллатадими? Қўшнилар эшитади-ку... Қандай шармандалик! Қамоқдан чиқиб келяпти-я? Хайрият, Қаюм мактабдоши...

«Э, ҳовлида чироқ ёниқ-ку? Айвон чироғи ёниқ!»
— Раҳмат сенга, Турсуной!
— Киринг уйга! Ётинг, — деди айвонда қаққайиб турган Турсуной. — Сиз билан эртага гаплашаман!
— Мени авф этолсанг...

Турсуной чапдаги эшикдан ётоққа кириб кетди. Икромжон шу ерда ечинмоқчи эди, Турсунойни тағин безовта қилмаслик учун аста айвон чироғини ўчирди. Сўнг эшикдан кирган ерда уст-бошини ечиб, туфли-сини оёғига илди-да, бир-бир юриб, супадан тушди. Ўтинхона биқинидаги водопровод крани ёнига борди.

Шунда боғ адоғида эшак пишқирди, тепинди. Арқони олмага ўралиб қолган қўзи бўғиқ маъради.

Икромжон шоша-пиша водопроводни очиб ювинар экан, назарида, моллар ҳам уни ёмон кўриб қолгандек, ундан ўпкагина қилаётгандек бўлди. Ич-ичидан эзилиб: «Энди арақни оғзимга олсам ўлай!» — дея водопроводни бекитди. Совукда дийдираб айвонга қайтди. Дордан сочиқни олиб, наридан-бери артинди.

Меҳмонхона деразасига қалин парда тутилган, шунинг учун ҳамон тонг отмагандек туюлдими, Икромжон эртасига кун ёйилиб кетганда уйғонди. Кейин, кечаги воқеаларни эсида қолгани бўйича эслаб ва ҳали катта жанжал олдинда эканини ўйлаб, юзини яна ёстиққа босди: ҳеч кимни кўрмаса, шу бўйи нимадир бўлса!

«Оҳ! Қанийди кечаги кун йўқ бўлса, ҳа, йўқ — йўқ бўлса! Кечаги воқеалар ҳам йўқ бўлса-да... Бўлди. Тур, Икром! Қилғиликни қилдингми, буёғига ҳам туриб бер энди!»

Икромжон кийиниб, ташқарига чиқди. «Оҳ! Баҳор!.. Мунча чиройли бу баҳор! Олмалар қийғос гуллаб қолган! Асаларилар! Икромбой, шунча кундан бери қаерда эдинг? Оламнинг гўзаллиги ўз ҳовлингда-ку? Йўқ, анави уйчада... Турсунда! Ўша... ўша туфайли дунё кўзингга гўзал кўринган! У бор — гўзаллик бор, баҳор бор! Сен бахтли йигитсан!»
— Ҳой, кўп серраймай, буёққа киринг! Икромжон бирдан бўшашиб кетди. «Бошланди!» — деб ўйлади ва бутун вужудига титроқ кирди... Ҳа, у қачондир, нималарнидир уриб-янчиши керак!

Икромжон айвон четидаги чойгумни энгаштириб, бет-қўлини ювган бўлди-да, ичкарига кирди. Дастурхон ёзиқ. Чойнак, пиёла. Нон, оққанд, ёғ... Хона илиққина. Бунда тунука печ бор. Турсуной бугун ҳам ёқибди.

Икромжон тўрга ўтиб, печга яқин кўрпачага чўк тушди. Олдидаги пиёлани олиб, чойидан бир ҳўплади.
— Қулоғим сенда, — деди. — Гапир!

Турсуной жимиб, дастурхонга кўз тикди... Сўнг бирдан ҳўнграб йиғлаб юборди. Икромжон қотиб қолди. Ўрмалаб унинг ёнига борди. Елкасини иккиланиб силади.
— Турсуной... Жоним, менга қара... бўлди энди! Қасам ичаман! Бошқа бўлмайди.

Кеча Икромжон қай аҳволда келганини ўзи билмайди. Лекин Турсуной билади... Шуниси қизиқки, кеча чиндан ҳам унинг жаҳли чикди. Икромжонга ачинмади ҳам. Фақат Қаюм битта шериги билан Икромжонни олиб кетаётганида: «Жон ака, биров билмасин... Уятга ўламан! Ўзига келса насиҳат қилиб жўнатинг!» — деб қолди, холос... Лекин, ҳозир йиғлаб юборди.

Қизиқ, Икромжон уни силаб-сийпагани, тотли

сўзлар айтгани сари баттар йиғлагиси келар, ўзини тўхтатолмас эди.
— Турсуной?..
— Биз ажрашамиз... Мен бу турмушга тоқат қилолмайман! — Турсуной ирғиб туриб кетди. — Афтингизни кўрмайин дейман! Ҳа-ҳа. Рост... Мен сизни ҳеч қачон севмаганман... Сизга раҳмим келиб текканман. Сиз!.. Мени оёқости қиляпсиз энди... Хотинли бўлдингиз-да! Болали, уй-жойли бўлдингиз-да, а?

Икромжон карахт бўлиб ўтирар, унинг юраги ҳам тўхтаб қолгандек эди.
— Рости билан-а? — деди секин.
— Рост! Рост! — Турсуной шундай деб бурчакка, сандиқ қошига бордию дафъатан ҳушёр тортиб, унинг нима қилишини кутди. Сўнг бирдан қўрқиб кетди: «Кетиб қолса-я!.. Ўзимни ўлдираман! Мен бу икки эргашма билан қаёққа бораман? Отамникигами?.. Иўқ, йўқ... Ахир мен бу йигит ўлгурни яхши кўраман-ку? Нега шуни билмайди? Нуқул мени хафа қилади... Менга ўчакишгани-ўчакишган... Миқ этмайди! Ичимдан топ!.. Ичишни ўрганди... Ичганиям майли. Кеча кўзимнинг олдида кетиб қолди-я. Авзойи бузуқ унинг!.. Ё биттасини топганми? Йўғ-э, ўлдими? Менга қилиқ кўрсатяпти... Кўрсатиб бўпсан! Одамингни топибсан-ку!..»

Икромжон ҳамон карахт эди. «Ҳа-а. Гап буёкда экан... Рост, менга шафқат қилиб теккан бўлиши ҳам мумкин... Мумкин! — деб ўйлади. — Ўзи айтди-ку?.. Бунақа гап тилидан биринчи чиқиши... Э, галварс Икром!»

У ўрнидан турди. Нима қилишини билмас, лекин туриши керак эди. Буни кўриб, Турсуной югуриб эшик олдига борди. Эшикни тўсиб олди.
— Қаёққа?
— Қоч йўлдан.
— А? Ҳали менга дўқ қиладиган бўлдингми? Ҳой, кимсан ўзинг? Сиздан сўраяпман... Дадаси, нимага ўзгариб қолдингиз-а? Нима бўлди сизга? Бирон киши айтяптими, а? Ростини айтинг... Майли, ундай бўлса, мен ўзим уйни бўшатиб чиқиб кетаман...
— Қоч деяпман! — Икромжон икки қўллаб бошини ушлади. — Худо хайрингни берсин, эзма мени!
— Мен-а?
— Сен...
— Вой тавба! Ҳали бундай туҳматингиз ҳам борми-ди? Астағфирулло... Вой, қудратингдан!.. Мен айбдор эмишман! Мен?? — Турсунойнинг юраги тагида сирли бир овоз: «Бас қил» Бўлди энди. Ўзингни бос!» деб турса-да, баттар хуруж қилди: ҳали Турсуной айбдор бўлиб қолдими? Ана! Туҳмат балонгдан сақла худойим! — Тўхта! — бақириб юборди Турсуной. — Кеча сени... бўшатиб юборинг, деб Абдиқаюм акадан илтимос қилганим учун бўшатди! Шунинг учун келдинг бир маҳалда. Йўқ! Мен энди тоқат қилолмайман!.. — Турсуной эшикни ланг очиб чикди. Яна ортига бурилди. — Ҳозир дод солайми? А? Туҳмат қилиш қандай бўлишини кўрсатиб қўяйми? А?.. Ҳой, кеча нима иш қилганингиз ёдингиздами?

Икромжоннинг фикри тиниқлашиб, дафъатан унга самимий назар билан боқди.
— Йўқ, балки айтиб берарсан?
— Айтиб бераман... Мени урдинг! Ҳа... Гувоҳим бор! Гувоҳим — болаларинг!.. Бошимга муштладинг. Тепдинг!.. Онангни деб сўкдинг, тилинг кесилсин! — Турсуной турган ерида чайқалиб кетди. — Войдод, қаерга борай? Ким эшитади оҳимни!.. Дунё бедарвоза бўлиб қолди! Войдод!..

Ранги қум ўчиб, лаблари пирпираб қолган Икром-жон бир қадам босиб, остонада тиз чўкди.
— Авф эт! — деди ва кўзидан тирқираб ёш оқиб кетди. — Авф этгин, Турсуной... Болаларимиз ҳақи, мени кечир! Кечирмасанг, қамат мени!
— Керак бўлса, қаматаман ҳам!
— Рост... Шундай қил! Ўзим ҳам тўйиб кетдим... Узр, мен одам бўлолмайман чоғи...
— Ҳали ўзингизни одам деб... Астағфирулло... Туринг ўрнингиздан! Эркакка ўхшанг мундай!.. Ҳе, мижгов бўлмай кетинг!

Икромжон ўрнидан ирғиб турди.
— Нима қилай? — деди. — Буюр!

Турсуной бурнини тортиб, кўзларини юмди. Сўнг эрига, «ҳозир келаман», дегандай қаттиқ қараб олиб, меҳмонхонага кириб кетди. Нимёруғ хонага киргач, тағин йиғлагиси келди. Энди чиндан йиғлашни истар эди.

Ахир, Турсуной унга, «урдинг, тепдинг!» деб мутлақо ёлғон гапирди. Икромжон бўлса тиз чўкиб, узр сўради... «Қизиқ! Тиз чўктириш мумкин экан-а? Боя нима деяётган эди? Йўлимни тўсма! А-а!.. Шундай бўлади... Хоҳласам, маймун қилиб ўйнатаман сизни... Леқин бечора қийналди чиндан ҳам... Буюр, деб турибди... «Сенга раҳмим келиб тегиб эдим» деган гапимни ҳам эсидан чиқариб қўйди! Қўрқиб кетди шекилли!».

Шунақа! Эркакни жиловлаб оламан десанг, қўрқитиб ол экан! Энди Турсуной нима қилишини яхши билади!

Лекин... Икромжон қўрқмасаям бўлмайди... Ахир, Турсуной яхши билади-ку, Икромжон ўз ишини қанчалик севади!.. Тилидан ўрмон, табиат тушмайди! Ундан ҳайдалган куни чўлда қолади. Ахир, Турсуной даъво қилса, ҳайдалиб кетишиям ҳеч гапмас!..

Э худо! Шунча йил!..
— Гапиринг. Талқон ютдингизми?

Икромжон ўзида бор куч-қудратни ишга сола олди. Ўзини боса олди. Ҳа, бу тарзда — аросат бир аҳволда кетиб қолиш — номардлик! Турсуной илгариям аччиқ устида телба-тескари гапларни айтиб юбораверар эди!
— Турсуной, бир гапни сўрайман... Мен сўрамасимдан буруноқ ўзингиз жавоб бериб қўйдингиз... Лекин яна сўрайман... Илтимос, ўйлаб жавоб беринг!

Турсуной юраги пўкиллаб олға жилди.
— Хўш, — деди. — Қанақа савол экан?

«Мени заррача писанд қилмайди» дилидан ўтказди Икромжон ва ўша саволини беришга яна журъат топди:
— Мени чиндан ҳам севмайсизми?

Турсуной унга анқайиб қараб турди-да, қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди. Сўнг бурилиб, тиззаларига шапатилади. Икромжоннинг оғзи бир зум очилиб қолди. Кейин аста бурилиб, зинадан тушди. Бир, икки, уч, тўрт... Бешинчи қадамда ўтинхонага етди. Ҳозир орқасидан чопиб келади! Ҳозир... Балки Турсунойнинг ўзи энди тиз чўкади?.. Икромжон ажаб бир титроқ кайфиятда шуни истаб, олтинчи қадамни босди. Йўқ, йи-қилиш нима! Шунчаки чақирсин!
— Йўл бўлсин? Икромжон шарт қайрилди.
— Қаёққа?
— Мен савол берган эдим, — деди Икромжон, жавобингиз ўшами?

Турсуной... Турсуной... «Жавобингиз ўшами?» Икромжон бу гапни нима учун айтди? Айтмаса бўларди...

Ахир, у аста жилар экан, Турсунойнинг ўзи чопиб ортидан бормоқчи эди-ку?
— Сизга ёқиб тушдими ўша жавобим?

«Энди бас! Бачканалик етар!»

Икромжон тезгина бурилиб, дарвозага етди. Яна эшакнинг пишқиргани, қўзининг маъраганини эшитгандек бўлди. Назарида, уй-жой, олмалари, деворлару йўнғичқапояси ҳам унга аллақандай хайрлашув назари билан қараётгандек туюлди.
— Ҳой!

Икромжон яна ҳарчанд қарамоқчи бўлмасин, қарай олмади.

Турсуной туриб қолди айвонда... У қалт-қалт титрар: «Кетдими? Бутунлай кетдими? — деб ўйлар эди. — Э худо! Энди нима қиламан? Эри ташлаб кетипти деган гапни қандай кўтариб юраман... Мени ташлаб кетади? Икромжон-а? Хомтама бўлма! Турсуной бурнингни ерга ишқайди. Ташлаб кетар эмиш! — Турсунойнинг алами келиб, яна кўзига ёш олди. — Нималар бўляпти ўзи?.. Шошма! Ҳали қўрқибгина турган эди... «Буюринг!» деб турган эди... Нега бирдан?.. Йўқ, у менга ўзини кўрсатмоқчи! Кўрамиз... Ҳали шундай ялинтирайки! Қаршимда «буюринг!» деб тургин!.. Лекин ўша гапни чакки айтдим... Қайдан калламга келди ўша гап?.. Раҳм қилиб эмиш! Тавба! Ҳайронман... Чакки бўлди... Ҳечқиси йўқ!»

Икромжон катта кўча томон кетиб борар экан, юраги бўм-бўш ва лоқайд, шу кетишда тағин ресторангами, сомсахона ёнидаги буфетгами боришини ҳис қилди-ю: «Чиндан пиёниста бўламан!» — деб ўйлади. Хўш, қаёққа бориш керак?

Тоққа, тоққа-да!.. Ўрмонга!

У кўчага чиққач, бурилиб, ўрмон хўжалигига йўл олди. Сомсахона ёнидан шошиб ўтиб кетди. Унда одам гавжум!

Байрам давом этмоқда!.. Май!.. Ҳамма ясан-тусан-да! Ҳамма шоду хуррам!.. Тавба! Ҳаёт қизиқ... Айтмоқчи, Икромжон бундай гарангсиб қадам босмаслиги керак... Абдуқаюм кўрса, «яна ичибди» деб ўйлайди... Одамлар ҳам эътибор қилади. Биронтаси тўхтатиб: «Нима бўлди?» — деса, нима жавоб қилади?

Оиласидан нолиб, бировларнинг ҳам кайфиятини бузадими? Кераги йўқ! Шошма! Хўш, тоққа ҳам чиқиб кетди. Кейин, бари бир қайтади-ку раёнга?

Шунда Икромжон баъзи танишларнинг ўзига қараб ўтаётганига диққат қилди-ю, шарт четга чиқди. Тоғ томонга кетгувчи тошлоқ йўлга тушди. Бу йўлда ҳам одам кўп... «Мунча кўп! Кеча байрам эди! Бугун яна кўчага тошиб чиқишибди... Бекорчи бўлгандан кейин шу-да... Йўқ. Ахир, нима учун уйда ўтиришлари керак? Икромжон, ноҳақсан! Қўй, ким нимани истаса, шуни қилаверсин!.. Лекин сен четроқда юр!»

Икромжон йўлнинг сўл ёғидаги энди асфалт тўшалган хиёбонга чиқди-ю, бу хиёбон тугаган жойдан ажриқли сўқмоқ бошланиши, сўқмоқ тўғри Яккатол чашмаси бўйига боришини эслади... Э, ўша Яккатол тагларида болалар билан копток ўйнарди бир вақтлар!

Яккатол — қари тол. Жарлик бўйида. Танаси ковак бўлиб кетган. Жарликнинг буёғида ҳаво стантсиясига қарашли оппоқ иморат бор, бир томони совхознинг олмазори.

Икромжон сўқмоқ билан юриб, жарга кирди. Соҳиллари паст, емирилиб кетган. Бетларини қариқиз ўтлари босган. Оёқ ости нам. Лекин Икромжон хурсанд!

Бу ерда ҳеч ким йўқ!..

Икромжон сўқмоқ билан жарликнинг ҳаво стантсияси томондаги текис майдонга кўтарилди-ю, бир энтикди... Кейин оёқ-қўли бўшашиб, бутун вужудидан мадори кетиб, туриб қолди. Не кўз билан кўрсинки, майдонга йўнғичқа сепилган экан, йўнғичқазор нақ тиззага уради. Шудринги ҳам кўтарилиб кетган бўлса керак... Чучмомаси-чи? Боғпиёзи-чи? Икром гангиб паришонҳол кўзлари билан йўнғичқазорга тикилар, оёғи ҳам ўзига бўйсунмай, ўтириб қоладигандек бўларди... У аста чўнқайди... Бир туп йўнғичқани олиб тикилди. Ҳали гулламаган. Ёш экан. Шундоқ бўлса-да, уни ҳидлади. Оғир, соф, тоза бир ҳидни туйди... Йигитнинг тағин йиғлагиси келар, лекин кўзидан ёш чиқмай, фақат қисқа-қисқа энтикар эди.

У бирдан ўзини ерга отди. Анча йўнғичқани босиб тушди. Қулочини кериб, юзини ҳўл тупроққа босди.

«Оҳ! Қандай яхши!.. Алвидо энди, йўнғичқазор!.. Йўқ-йўқ, мен ўлмайман. Лекин энди сен мен учун йўқсан... Турсуной йўқ — сен ҳам йўқ!»

Икромжон анча вақт шу алфозда ётди... Кейин: «Бу жиннилик. Аҳмоқлик, — деб туриб ўтирди. — Эр-хотин ўртасида гап қочади-да... Шунда бир-бирининг оғзидан нима гаплар чиқиб кетмайди! Наҳотки Турсуной билан шунча йил яшаб!.. Хўш, уйдан чиқиб кетганим билан нима топаман?.. Бекор гап! Ҳечқурса болаларим ҳурмати — яшашим керак. Майли, Турсуной севмасин мени... Начора! Ҳаётда алданган эркак ё аёл йўқми? Мен ҳам алданган эканман... Бахтим шу экан... Қизиқ! Ўша йўнғичқазор қаерда? Билмайман... Турсунойни қачон севиб эдим? Билмайман... У-чи?.. У ёлғон-чи... Майли! Номаълум нарсалар йўқ бўлди. Маълуми шу: бизнинг оиламиз бор. Яшамоқ керак! Ишим, севган ишим бор: ишламоқ керак...»

Икромжон уйга қайтди. Тавба! Наҳот кетган бўлса Турсуной? Эшик яна қулфлоғ!

Шу пайт муюлишда мототсиклнинг овози эшитилди. Икромжон бурилиб қараб, ўтирғичда Қаюм участкавойни кўрди. Жилмайди. У шу томонга келмоқда эди.
— Ассалом алайкум.

Қаюм саломига алик олмай мототсиклни чийиллатиб, шу ердан орқага буриб олди.
— Чиқ! Ўтир! — деди. Икромжон яна жилмайди.
— Тинчликми?
— Тинчлик.

Икромжон мототсикл кажавасига ўтириб олди. Қаюмга яна бир жилмайди-ю, аллақандай бўлиб кетди: «Нима гап? Тағин Турсуной... Йўғ-э... Ахир... Э, Ик-ром! Икром! Боласан!.. У сени қутқарган эди-ку! У қаматиши мумкин яна!.. Галварс!» Икромжон шундай ўйлаган эса-да, бари бир ишонмади ўз ўйларига. Аммо нима учун Қаюм уни олиб кетяпти? Уни излаб юргани аниқ! Кўргач, мототсиклни буриб олди. Иккиланмай: «Чиқ! Ўтир!» — деди.

Катта кўча. Қаюм мототсиклни тез ҳайдаб борар экан, Икромжон энди ваҳимага туша бошлади: «Яна ўша камерами?.. Қоронғи хона! Қаюм кечирмайман деб эди... Турсунойнинг қадрига етмаяпсан деб эди. Лекин у сени ўлгудек яхши кўради» деганди ҳам... Кулгили гап! Бўпти... Пешанада борини кўраман-да... Умуман, мен ёмон одам бўлсам кераг-у, буни ўзим билмасам керак... Лекин Турсуной ҳам мени алдаб...»

Икромжон бирдан ўйларига барҳам берди: «Ўйдан фойда йўқ... Рост... Мелисахонага боряпмиз! Ана, ана... Энди тамом! — яна ўйлай бошлади Икромжон. — Ишхонагаям хат ёзишади...»

Мототсикл дарахтлар тагига бурилиб, хиёбонга кирди. Тўхтади. Рўпарада катта, қизил, темир дарвоза... ундан чап томонда навбатчилар хонаси бор... Унда телефон, диван... Тўрида эшик. Эшик орқасида...
— Кир, кир!

Икромжон бир қадам босиб, диваннинг нари четида бошини эгиб ўтирган Турсунойни кўрди. Сўнг диваннинг бу четида омонатгина ўтириб, ҳайратланган кўзлари билан тўсиқ ортига, унда иккита стулда қоматларини тик тутиб ўтиришган таниш милитсионерларга қаради.

Қаюм шаҳд билан стол ёнига ўтиб, унда очиқ ётган қоғозга ўткир тикилди. Сўнг Икромжонга ўқрайди-да, шарт тортмасини тортиб, икки варақ оқ қоғоз олди. Столга қўйиб, устига тақ этказиб авторучкани қўйди.
— Кел, — деди Икромжонга. — Кеча нима воқеа юз берган бўлса, ёз! Эсимда йўқ деб тентаклик қилма!.. Ҳар қандай маст одам ҳам у-бу нарсани эслайди!

Икромжон ўрнидан турди.
— Лекин менинг эсимда қолгани сизга ҳеч нарсани англатмайди, Қаюм ака.
— Бари бир!
— Рост айтяпман!
— Бўлмасам, Турсуной нимани ёзиб берган бўлса, шунга қўшиласанми?
— Албатта! — деди Икромжон. — Бу киши биладилар... Ҳим, бу киши нимани ёзган бўлсалар, шу гап тўғри... Чунки шундай бўп қолган экан...

Қаюм столдаги қоғозни олиб тикилди. Бир оз минғиллаб, ўқиб бошлади:
— ... Хўш, «Бошимга урди... Ҳим, оёғи билан тепди... Отам-онамни ҳақорат қилди... Безори! Ичиб келади... Ҳалол ишлашига ишонмайман...» — Қаюм Икромжонга қаради. — Тўғрими? Мана, ўқиб кўришинг мумкин! — У қоғозни узатди. — Тўғри бўлса, тўғри

деб имзо чек!

Икромжон қоғозни олди. Хотинининг хатини таниди. Юраги аллақандай бўлиб тўлғаниб кетди... «Энди нима бўлади?» — деб ўйлади ва ўзини даҳшат қўйнида ҳис қилди.

Сўнг Турсунойга қарагиси, ундан ниманидир илтижо қилгиси келди. Шунга баробар Яккатол яқинида, йўнғичқазорда ўйлаган қарорини айтиш фикри туғилди.

Икромжон, қара! Қара унга!.. Турсуной шунга илҳақ эди! Ҳа-ҳа! У эрининг «тумшуғини ерга ишқамоқчи» бўлиб келди. Жаҳл ва кўзёши билан арзнома ёзди. Бироқ энди унинг ўзига қарашини... кўзларини кўришни истар эди!..
— Бўлдими? Ручканг борми?
— Бор-бор! — «Имзо чексам, бари айбларимни бўйнимга олган бўламан, — ўйлади Икромжон ичида. — Эрим қитмир эмас экан дейди кейин... Имзо чекмасам, юзимга тупуради!.. Э, қараб турибди менга! Тезроқ қўл қўйсанг-чи!» Икромжон киссаларини тимирскилаб, ручка тополмади. Қаюмга синиқ жилмайиб, ручкасига ишора қилди. Ручкани олиб: «Шунда ёзилган сўзлар тўғри! Айбимга иқрорман», деб ёзди-да, катта қилиб имзо чекди. — Марҳамат!

Қаюм олиб, тикилди. Сўнг тортмасини шарт очиб солиб қўйди-да:
— Турсуной синглим, сизга жавоб! Сизга раҳмат, — деди. — Эрингиз қолади!

Турсуной ўрнидан турди. Жуда вақти хуш кишидек рўмолини тузатди. Аста йўталиб олди. Сўнг:
— Судга келаманми энди? — деди.
—Ҳа.

Турсунойнинг лаби пирпиради.
— Қачон бўлар экан?
— Бўлади-бўлади.
— Раҳмат, акажон... Шу одамни бир жазосини беринглар! Ҳукуматимизнинг қонунларидан айланай! Раҳмат сизларга... — Турсуной эшикка етди.

«Вой, нималар бўлади? Буни кесиб юборадими? — ўйлади-ю, ияклари титради. Лабини қимтиди. — Ахир... Нима учун? Тўғри, бунинг айби бор... Аммо мендан узр сўради-ку! Йўқ, — яна қайсарлиги тутди. — Уйдан чиқиб кетди бу! Шу бўйи уйга қайтиб келмас эди... Энди қўлимга тушди!»
— Раҳмат, акалар, — деди Турсуной ва қўққисдан Икромжонга қараб бақириб юборди. — Гунг бўп қолдингизми? Нимага гапирмайсиз? Чиқиб, қаергача бордингиз?! Ҳе сизни!.. Кўряпсизларми бу одамнинг кесакдай бўлиб ўтиришини! Шунақа-да! Номард... Бевафо! Бир адабини есин!..

«Бевафо!» — Икромжоннинг миясига нина санчилгандек бўлиб кетди. — «Бевафо» дедими? Мен-а!.. Вой-вой! Турсуной нақадар ҳақ! Ўша кетганимда

ҳақиқатан ҳам бевафо бўлардим. Рост... Лекин мен бошқа қарорга келиб уйга қайтган эдим-ку?»
— Кечирасиз, Турсуной, — Икромжон тилга кирди. — Ҳа-ҳа... Қарийб бевафолик қилган эдим... Лекин ҳозир фикрим ўзгарди...
— Ҳозирми?
— Йўқ, ҳозир эмас... Яккатолда... Ўйладим... Сиз мени севмасангиз ҳам бари бир яшашимиз керак... Мен шу фикрга келдим. Рози бўлсангиз, ҳим...
— Рози бўлсангиз?!
— Ҳа-да! — Икромжон туриб кетди. — Хўп денг, Турсуной... Ўртоқ мелисалар, бизни кечиринглар... Бу оилавий гап...
— Гапир, гапир, — деди Қаюм. — Сизларнинг гап-сўзларингиз оиладан ташқарига чиқди... Энди у оилавий гап бўлмай қолди. Яна гапинг борми?

Турсуной унинг яна гапиришини, илтижо қилишини, қандайдир ваъдалар беришини кутарди... «Гапир, Икром! Бўл тезроқ!» Икромжон Турсунойга қаради-ю, уни қайтадан танигандек бўлди: «Ўша Турсуной бу! Менга шафқат юзасидан теккан...»

Икромжон бир дақиқага бугун дарвозадан чиқиб кетаётгандаги ҳолатига тушди.

«Бас энди! — дер эди ичидан бир овоз Турсунойга. — Бўлди қил! Шикоят хатингни ол! Йиртиб ташла!.. Ахир, бу Икромжонинг-ку? Тағин иш чаппасига кетиб қолмасин... Йўқ, нега чаппасига кетади? — деди Турсуной ҳушёр тортиб кетиб. — Агар мелисалар ёмонликка оладиган бўлса, аччикдан ёзиб эдим, дейман... Икромжон ҳеч нарсани билмай — ман нима десам, шу тўғри, деб туради... Қутқариб олиб кетаман! Шу билан бир умр ўзимники бўлиб қолади...»
— Қўйинг, Қаюм ака! — деб юборди Турсуной. — Бу одамнинг шу гаплариям ёлғон.

Икромжон шу тобда ҳеч нарсани ўйлаётгани йўқ эди. Лекин ўрнидан сапчиб турди.
— Хайр бўлмасам, — деди Турсунойга. — Лекин билиб қўйинг, мен ҳаммавақт сизга рост гапириб келганман!.. Баъзи гапларни гапиролмай қолган бўлсам, ким билади, сабаби бордир...

Турсуной яна туриб қолди.
— Кеча урганларингиз, сўкканларингиз-чи? Нега эсимда йўқ дейсиз? — Турсуной эрига баттар тикилди. Яна лаблари титради. — А, ёлғон гапряпсиз-ку? — «Э тавба, нималар деяпман? — кўнглидан ўтди Турсунойнинг. — Туҳмат-ку бу!.. — Қаердан миямга сингиб қолди бу гап?.. Ҳали бу гапни ёлғонга чиқаришим керак-ку?» — Хўш?.. Ана, шунақасиз! — Бу гап ҳам оғзидан чиқиб кетди. — Тилингиз йўқ гапиргани!

Икромжон ҳаво етишмаётгандек энтикиб нафас олди. Қўллари қалтираб:
— Нега тилим йўқ? — деди. — Урдимми — урдим!.. Сўкдимми — сўкдим! Ана, хатгаям имзо чекдим-ку?

Турсуной қандайдир завқланиб:
— Ана энди ўзингизга келдингиз, — деди.
— Вой!.. — Икромжон ўзини идора қилолмай қолди. —Абдуқаюмака!..Жон Турсуной! Урдим! Сўкдим! — бирдан кўз олди туманлашиб қичқириб юборди: — Урдим! Сўкдим! Тепдим!.. Хотиржам бўлинг! Суддаям шу гапни айтаман. Тил тортмай ўлайки — айтаман!

Икромжон диванга ўтириб қолди. Турсунойнинг завқи зим-ғойиб бўлди. — «Нима деди бу? Суддаям айтади?.. Қанақасига? Бекор гап! Жинни бўп қолди бу... ўл, Турсуной! Нималар қилиб қўйдинг?.. Ол хатни, йирт, улоқтир! Яшайман деди-ку? Яшайди... Бу ёлғон гапирмайди! Мени севмайсиз эмиш... Севаман! Сенсиз менга ҳаёт ҳаром... Бир кун ҳам яшолмайман сенсиз!.. Отингдан ўргилай! Менинг бутун ҳаётим сенсан-ку!»

Турсуной Қаюмга қўлини чўзди.
— Хатни беринг. Қаюм унга ўқрайди.
— Нега?
— Беринг деяпман!
— Берилмайди.
— Унда ёзилган бари гап ёлғон!

Икромжон Турсунойга ялт этиб қаради ва худди даҳшатли бир нарсага кўзи тушгандек тез сурилиб, диваннинг у четига бориб ўтирди.
— Икром, хатдаги гаплар ёлғонми? — сўради Қаюм.
— Қанақасига! Ҳаммаси рост!
— Ўйлаб гапир!
— Рост-рост!

Турсуной Икромжонга бурилди.
— Икром ака!

Икром камера эшигига қаради.
— Икром ака деяпман!
— Рост!

Қаюм ўрнидан турди.
— Турсуной, бу ерда бақириш мумкин эмас... Боринг! Уйингизга боринг! Вақти келганда, чақирамиз!..
— Келмайман!.. Эй, йўқ, келаман... Йўқ, менга қаранг, бу хат, ахир?..
— Сизга жавоб!

Турсуной ташқарига чикди. Телбаланиб, дераза пастидаги скамейкага ўтирмоқчи эди, ортидан чиққан милитсионерни кўриб, дарвозага йўналди.

Кўча. «Нима қилиб қўйдим? Вой, Икром! Икромжон!.. Турсунойинг ўлсин!.. Вой, нима қилай? Қайтайинми? Йўқ!.. Ҳайдашди-ку? Киритишмайди энди...»

Қаюм чуқур хўрсиниб, сигарета тутатди. Хатни тортмадан олиб, яна бир кўз югуртирди. Кейин энсаси қотгандек яна жойига солди-да, ёнидаги милитсионерга буюрди:
— Опчиқинг!

Икромжон Қаюмга хаёлланиб қаради.
— Бу камера-чи?
— Бунда бир суткаликлар ётади.

...Шундай қилиб, Икромжон икки йилга кесилди. Турсуной: «Мендан кечди энди», деб отасининг уйига кўчиб кетди.

1976