OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШукур Xолмирзаев
Асар номиТикан орасидаги одам (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шукур Xолмирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм36KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Тикан орасидаги одам (ҳикоя)
Шукур Xолмирзаев

Буғдойпояда сариқ тиканлар мўл, улар очилиб турган аллақандай гулларга ўхшайди. Зарғалдоқлар «чулу-лу» деб тикан шохларига бемалол қўнади, совуқда жунжиккандек ҳурпайиб олади. Эҳтимол, тиканлар остида инлари бордир, мовут парчаси, хас-чўпдан ясалган. Ҳозир куз бошланиб қолган...

Кун чошгоҳ. Адир устида қуёш гардиши оқаринқираб нур сочяпти. Буғдойпоя ёқалаб ўтган тупроқ йўлда оқ ёлини елпитиб, бўз от йўрғалаб келяпти. Эгар-даги барваста йигит қизарган кўзларини ҳорғинлик билан очиб, уёқ-буёққа қарайди. Эгнида оқ, калта пўстин. Бошида шапка, узангига тиралган оёқларида кирза этик. Ўнг қўлидаги қамчи эгар ёнида осилиб турибди. Чап қўли билан юганни силтаб-силтаб қўяди. У ёнбағирдан кўтарилиб, ғуж бўлиб ўсган тиканлар орасида алланечук ғужанак бўлиб ўтирган кишини кўрди. Киши ҳам отлиқни кўрди-ю, ирғиб турди. Афти дард ва аламдан тиришди. Шитоб билан юриб, йўлга чикди. Йигит ҳам юганни тортиб, унга беҳол қараб турди. У келиб, юган тасмасидан ушлади:
— Қалай? — деди.
— Нима «қалай?» — тўнғиллади йигит.
— Мени қийнама, ука!
— Бўпти. Бўлар иш бўлди.

Тиканзордан чиққан киши кўзи ер чизиб, от ўмровидаги хасни чимдиб ташлади:
— Мени афв эт, ука.
— Қўйинг, мен бир оз дам олай. Биронтаси сўраса, Қорабоғдаги ҳовуз бўйида, денг.

Суҳбатдош шошди:
— Юринг бўлмасам. У ерда қариндошим бор, тўшак опчиқиб бераман. Овқат қиламиз!.. Кетдик!
— Томокдан овқат ўтадими!

Ҳалиги киши бошини хам қилди:
— Хўш... — отлиқ юганни силкитди, қамчи ушлаб турган қўли оғир тебранди. От йўртиб кетди.

* * *

Қуёш ботиб, атрофга қоронғилик чўккан, буғдойпоя ортидаги чайла ёғочига илиб қўйилган «Спидола» бақириб ашула айтар, бояги тикан орасидан чиққан киши чайла поясига суяниб ўтириб, пичоқ билан ёғоч йўнар эди. Бу одам ўтган ҳафтагача бўлимнинг агрономи бўлиб, такаббурлиги ва манманлиги туфайли ишдан олинган, бунга унинг саводсизлиги ҳам сабаб бўлган эди. У қаттиқ хафа бўлиб: «Амални кўрдим, энди қоровулчиликни берасан!» деб туриб олди, директор ҳам унинг афтига бир нафас хўмрайиб тикилиб тургач: «Бўпти бўлмаса!» — деди.

Этакдаги сўқмокда ҳалиги отлиқ кўринди. Бу йигит ўтган йил институтни битирган агроном бўлиб, боғдорчилик бригадасига бошчилик қиларди. Эски агроном тушгач, катталар унинг ўрнига шу йигитни кўтариб қўя қолишди.
— Салом, Амирқул ака, ҳорманг!
— Ўзингиз ҳорманг, биз ҳоришдан кейин туғилган йигит! — деб уни қарши олди дала қоровули.
— Йўқ, ҳориган кўринасиз, — деди ёш агроном. — Этакдан бир хабар олинг, шудгор қилиб кетибди яна жайраларингиз!
— Балки, мен шудгор қилгандирман, Мирҳайдаржон, — семиз, гўштдор юзини силаб агрономга тикилди Амирқул ака.
— Йўқ, сиз шудгор қилмайсиз. Сиз тўқсиз-ку, — тўнғилади Мирҳайдар.

Амирқул ака пичоғини шолчага санчиб, ирғиб турди:
— Мен тўқ?! — деди ва ўйланиб, кулиб юборди. — Ҳа, мен тўқман! Йиққаним етти пуштимга етади. Қўша сигир ҳам бор, бўрдоқиям бор, матасекл ҳам бор. Сенда... шу амалдан бўлак нарса йўқ, агар ундан тушсанг, тишингни сўриб қоласан!
— Бачканалик қилманг! — деди Мирҳайдар. — Нима бўлди ўзи? Ё қоровулликниям эплолмайсизми? Айтинг унда. Нимага бақраясиз? Топширилган ишни қилинг-да! Милтиқ қани?
— Менга милтиқнинг кераги йўқ.
— Гап мундай: мен сизни огоҳлантираман, Амирқул ака, мен билан ўчакишманг. Яхши бўлмайди. Мендан алам оламан деб, совхозга зарар етказасиз.

Амирқул ака мийиғида жилмайиб, бош чайқади:
— Совхознинг манфаатини кўзлайдиган одам!..
— Ҳа, мен шундай одамман, — деди Мирҳайдар. — Сиз ҳам шундай бўласиз. Агар шундай бўлмасангиз...
— Ў! Шу қоровулликниям кўп кўряпсизларми ҳали? Ҳой, бола! Менинг қитиқ паримга тегаверма, билдингми? Мен ўша райкомингниям, директорингниям бир чақага олмайман! Эшитяпсанми?! Бир чақага! Мен ҳаммасини кўрдим! Бир бошим, икки қулоғим бор! Хотин, бола-чақа — нима у!
— Сиз яқинда одамгарчиликдан ҳам чиқасиз.
— Хўп, ука, — кулимсиради Амирқул ака. — Сен жўжадан шу гапларни эшитдим-а. Ҳа, майли! Хор бўлдикда, а? Йў-ўқ. Чучварани хом санама, чироғим! Биласанми, дунё кенг! Бу ер тўғри келмаса, бошқа ер бор. Совет ҳукуматининг ери кўп!

Мирҳайдар отини этакдаги боғда қолдириб, шом қоронғисида қўлида икки милтиқ билан хуржунни кўтариб келди. Милтиклардан бирини қоровулнинг олдига ташлаб, иккинчисини ўзи ўкдай бошлади.
— Бу кеча мен ҳам сиз билан қоровуллик қиламан.
— Ў, ўзлариям катталарга ёқмай қолдиларми, дейман. Тайёргаликми бу?.. Бу кеча жайра овларкансиз-а?!
— Ҳа, жайра овлаймиз. Қани, нимангиз бор егулик? Менда мана булар бор... Сиз ичасиз-а?
— Ичамиз ҳам!
— Йўқ, бу кеча ичмаймиз.
— Адашиб бир-биримизни отиб қўйишимиз мумкин дейсиз-да?
— Шундай... Ўзлари отишни биладиларми?
— Отишними? Керак бўлса биламиз!
— Мен сизнинг овга чиққанингизни ҳеч кўрмаганман.
— Ука, овга чиқиб нима қиламан, нима етмаяпти менга? Ҳамма нарса бор. Айтмоқчи, сен менинг уйимга ҳеч бормагансан-а?
— Борамиз бир кун. Нимага эплолмаяпсиз милтиқни? Унақа эмас. Менга беринг, беринг! Билмас экансиз... Узатинг, нимага анқаяпсиз?
— Марҳамат!
— Отдан тушсангиз ҳам эгардан тушмайсиз-а?
— А? Яна бир қайтар шу гапни.
— Билмайсизу ўзингизни биладиган киши қилиб кўрсатасиз, Амирқул ака. Бўйнингизга олинг... Агрономияни ҳам яхши билмайсиз, саводингиз йўқ ҳисоби. Ҳозир агроном бўлиш қийин. Шунақа... Совхозни, раённи кўтариш керак. Сиз буни ўйламайсиз ҳам. Сизда ташаббус ҳам йўқ, жон куйдириш ҳам. Ўзингизни ўйлайсиз, бир сигирим икки бўлсин дейсиз, янги участка солай дейсиз. Утган йили ўн гектар ердаги картошкани ўт босиб кетди. Вақтида уни ўтдан тозалаш керак эди. Сиз буни ўйламадингиз. Бунинг иккинчи сабаби шундаки, картошка бизда энди экиляпти, унинг агротехникасини билмайсиз. Қўлингизга иккита картошка берсам, биридан-бирини фарқлаб беролмайсиз, бўйнингизга олинг, Амирқул ака.
— Гапиравер, лекин мен сенинг аканг эмас... Ик-кита укам бор эди, иккаласиниям топширганман. Бошқа уканинг кераги йўқ!
— Ёшингизни ҳурмат қиламан-да.
— Хўш, яна қандай камчиликларимиз бор экан?
— Билмайсизми?.. Ўн олти гектар боғдан қанча олма олинди? Эсингизда йўқми? Нима учун?.. Чунки сиз олманинг ҳам агротехникасини билмайсиз. Обрезка нима, тушунмайсиз! Эскичасига қўйиб қўйгансиз. Қизиқ, сиз нимангизга учиб, мундай катталик қиласиз-а? Айтинг! Ё бир сирингиз борми?.. Ёки одам бадавлат бўлиб кетгандан кейин, катта-кичикниг фарқига бормай қоларканми? Ҳайронман. Раёндаги катталардан ошна-оғайнингиз йўқки, шунга суянади, десам, областдаям йўқ, қизиқ!

Амирқул ака чайла устунига суянганича бўшашиб, мунғайиб қолди. Қоронғи тушиб қолган, этак томондаги картошка экилган майдон то жар лабигача реза-реза бўлиб кўринади. Атроф ҳашаротларнинг нағмаларига тўла бошлаган. Ўша, этакдаги жар тагиданми бақалар қуриллайди. Унинг ортидаги адир ҳавоий — қора тусда кўринади. Осмон оқиш. Унинг адоғидан қорамтир тоғ тизмалари кўзга яққол кўринади, Мирҳайдарнинг оти боғланган Қорабоғдан тун қушининг «ҳут-ҳут—ҳут-ҳут!» деган сайраши келади. Шу боғниг орқа тарафидан магнитафон овози эшитилди.
— У, ука, сен қайси уруғдансан? — сўраб қолди қоровул.
— Билмайман, — деди Мирҳайдар. — Энам тожик, отам тўғизлардан бўлса керак.
— Тўғизлардан? Улар жуда мард келади!
— Биламан. Нима, мен номардманми?
— Фақат ҳамиятни билмайсан. Йўқ, энанг тожик эмас. Чин тожик кўнгли бўш бўлади. Тўғри, лўлиларга худо бас келмаса, бандаси бас келмайди.
— Сиз ҳам ҳамиятни билмайсиз, Амирқул ака!
— Ҳм...
— Сиз... хўжайинлик қилишни жуда ёқтирасиз-а?
— Нимага энди... бўйин эгишим керак? Нимага? Катта бўлса ўзига! Менга нима!
— Сиз «юз»лардан бўлсангиз керак? Амирқул ака кулди:
— Мен ҳам аниқ билмайман.
— Ҳаммасидан ҳам милтиқ отишни билмаслигингиз ёмон экан.
— Милтиқ отишни... Буни сен қаердан биласан?
— Ушлаганингиздан. Эплолмадингиз. Муниям бўйнингизга олмайсиз.
— Ука, одамнинг қўлидан келмайдиган иш йўқ!
— Милтиқ билан муомала қилиш сизнинг қўлингиздан келиши шарт, зарур! Ахир, сиз — қоровулсиз!
— Қоровул...
— Ҳа, ўзингиз буни сўраб олгансиз.

Чайла яқинидаги ерўчокда ўт ҳам сўнди. Чойдишдаги чой ҳам совиди. Тимқоронғи қишлоқ биқинидан ой кўтарила бошлади. У қизғиш қонталаш эди. Ҳашаротлар қўшиғи авжга минди. Тун қуши оҳиста учиб ўтди, унинг қизғиш кўзлари кўринади. Қорабоғда от кишнади. Сўнг, қишлоқнинг у ер-бу еридан итларнинг ҳуриётгани, эшакнинг ҳанграётгани эшитилди. Дакангхўроз қичқириб юборди. Қаердадир маст киши ашула айтарди.
— Жайрани кўрганмисиз, Амирқул ака?
— Ўзинг кўрганмисан?
— Мен кўп отганман. Кўрган бўлсангиз керак-а? -Ҳа.
— Ё сихини кўрганмисиз?
— Кўп валдирайверма! Кўрганман... Кўрмаган бўлсам нима қипти!
— Ёмон бўлади, Амирқул ака. Жайранинг бир одати бор, устига бориб қолсангиз, бутингизга кириб олади. Сонингизни илма-тешик қилиб ташлайди.
— Билмадим... — Амирқул ака қорнини дўппайтириб, чалқанча ётар эди, қўлларига тираб ётган бошини кўтариб кулди. — Сен шу кеча... жайранинг устига бир бостириб бормайсанми? Кўрар эдим, кейин ишонардим.

Мирҳайдар кулиб қўйди.

Чўққилари очилиб, оқара бошлаган тоғдан совуқ шабада эса бошлади. Ўчоқдаги кул чангиди, чайланинг томига осилган тол пўстлоғи шитирлаб тебрана бош-лади.
— Амирқул ака, ухладингизми? Ҳой, Амирқул ака!
— Уф...
— Кўрдингизми, сизда масъулият кам. Бўйнингизга олмайсиз. Мен қоровуллик қиляпман-а, сизнинг ўрнингизга! Масъулият йўқ сизда. Туриб ўтиринг, Амирқул ака... Беш сотихча уруғликни еб кетибди. Уруғликни! Бунинг ўрнидан ўт ўсиб чиқади энди, тонна-тонна картошка йўқ... Эртага овчилар союзидан қопқон опкелиш керак! Сиз опкелишингиз керак. Эшитяпсизми? Ёнбошламанг, яна ухлаб қоласиз. Бир соатча вақт қолди. Тонгга яқин чиқади у.
— Қўймадинг-да, — Амирқул ака туриб ўгирди. — Сендан яхши қоровул чиқар экан. Агрономликни ташлаб, ўрнимга бўлсанг-чи?
— Мендан яхши агроном ҳам чиқади, Амирқул ака. Лекин сиздан яхши қоровул чиқмас экан. Ўтган ҳафта огоҳлантирган эдим-а!
— Уф-ф... Одамлар нимага уйланар экан? Падарига лаънат! Бошингни олиб тоғ-тошларга чиқиб кетсанг!
— Тоғ-тошга чиқиб кетсангиз, яшолмайсиз. Ўрмонда катталик кетмайди, ҳайвонларни ҳам дўқ билан қўрқитолмайсиз. Сизга чўл тузукроқмикин, дейман.
— Бўлди.
— Нима?
— Бўлди, деяпман. Ўзи, жонимдан тўйиб ўтирибман. Шу... бир кориҳол бўлади.
— Ҳеч нарса бўлмайди.
— Эҳ! Ажаб бир замонлар ўтиб кетган-да!
— Ёмон кўрганингни шартта отибми, ўлдирибми кетилаверадиган замонларни айтяпсиз-да?
— Ҳа! Эшитдингми? Ҳа!.. Дунёни сув босса, тўпи-ғимга чиқмайди, биласанми шуни?
— Секин, бир нарса шитирлаяпти!
— Қани?
— Жим.
— Э, шамол! Манави пўстлоқ, уйинг куйгур!
— Э-э... Амирқул ака, бир кечаям пойламадингиз-а, ҳеч бўлмаса!
— Э, менга қолса... Ука, сенга бир гап айтайми, қулоқ сол. Бу, давлатнинг хазинаси камаймас экан. Ҳа, кейин билиб оласан. Ҳозир ўзингни меҳнаткаш қилиб кўрсатяпсан. Давлат... совхоз манфаатини кўзлайман, деяпсан. Бекор гап! Вақтинчалик гаплар бу. Кўрганмиз, кечирганмиз... Яқинда уйландинг, ҳали ош-нон дейдиган боланг йўқ! Хотининг ҳам содда, ўзингга ўхшаб. Ҳади уям қилиқ чиқаради. Топиб келинг, дейди. Эшияпсанми? Шундай. Хотин зотининг мен дегани ҳам латтапараст бўлади. иним!.. Кейин-кейин ўзинг ҳам нима учун ишлаётганингни ўйлаб қоласан. Ана шунда эсинг киради. Кўрамиз ҳали!
— Кўрамиз, Амирқул ака.
— Сенинг қоровулликка чиқиб, уйқудан қолиб, милтиқ ушлаб ўтиришинг ҳам бир соддалик. Агрономга ярашмайди бу!
— Бўлди. Мана, соат ҳам тўрт бўпти!.. Амирқул ака, жонингизни койитмай ўрганиб қолгансиз-да. Шунинг учун қип-қизариб семиргансиз! Юракни ёғ босган, ҳозир бошингизни қўйинг, ухлаб қоласиз... Амирқул ака!
— Нима?
— Жим... Сиз анави арикдан ўрмалаб бориб, ҳов наъматак бор-ку, шунинг остига кириб ётасиз... Тўхтанг! Милтиқ отишни билмайсиз-ку!
— Хўп, ана билмаймиз!
— Хайрият, бўйнингизга олдингиз. Лекин ўша сиз айтган замон бўлганда, манглайингиздан шартта отиб ташлар эканман.
— Сен-а?
— Ҳа, мен.
— Ука, кел, бир отишайлик бўлмаса! Шу ўтар дунёда бир иш кўрсатиб қолайлик. Мениям умрим ўтди, ёшим элликка етди. Энди бу ёғида нима каромат кўрсатар эдим. Сен ҳам ёшсан, ҳозир дунё кўзингга яхши кўринади. Лекин бу дунё — кўп бемаъни дунё, хўп де. Ҳали кўзи очилмаган мушукваччасан, отишайлик, а? Ке, ўлсак армонда кетмаймиз. Нима дединг? Мениям юрагим совур эди! Рост гап, мен сени ёмон кўраман, ёмон кўраман! Сен келдингу менинг тагимга сув кетди, эшитяпсанми, ука! Сен йўқ бўлганингда, мен яна беш-ўн йил керрайиб юрардим. Ке ука, бир дуелга чиқайлик. Дуел дейдими шу отишмани?
— Сиз айнабсиз, Амирқул ака! Агар отишма ҳақида гаплашсак, билиб қўйинг, сиз анави сойнинг нари бетида турсангиз ҳам шу қоронғида учириб ташлайман. Мен эллик метр нарида турсам сиз ўқни теккизолмайсиз. Биласизми шуни?! Мен овчиман... Сиз милтиқ ушлашни билмайсиз. Шунинг учун бу бемаъни гапни қўяйлик. Кейин дунёдан жуда совиган одам эмассиз! Сиз яшашни яхши кўрасиз. Мени айтмайсизми! Э-э! Менинг ҳали ниятларим кўп, ака... У ёкда хотиним ҳомиладор. Бу ёқда менга ишониб, агрономликни бериб қўйишди. Ҳосилнинг бору йўғига жавобгар одамман. Шу ҳам борки, кураш тушсангиз, муштлашсангиз ҳам мен сизни енгиб қўяман. Буниям бўйнингизга олинг. Тожикларда бир гап бор: зўри беҳуда миён мешиканд. Биласизми, беҳуда кучанишдан фойда йўқ.
— Шундай де?
— Шундай. Яхшиси, мен сизга милтиқ отишни ўргатай... Тағин адашиб мени отиб қўйманг.
— Қани, қани, бир ўргатиб қўй-чи!
— Мана, стволни очдим. Мана, ўқ жойладим, бу патронда тулки отадиган ўқ бор. Жайрани ўлдиради... Шошманг... Нафасни ичга ютиб ётаверинг, яқинингизга келиб қолгандан кейин отасиз. Шундаям сизни сезади, исингизни олади-да.
— Мирҳайдар ука, агар ўқ адашиб сенга тегиб қолса-чи?
— Менга тегиб қолса... Мен жайраманми...
— Мисол учун-да.
— Унда мени атай отган бўласиз... Ўлмай қолишим ҳам мумкин, унда мен бари бир сизни отиб ўлдираман! Менинг патронимда тўнғиз ўқ.
— Тўнғиз ўқ?
— Ҳа, бошмолдоқдек келади! Теккан жойини ўпириб кетади. Тўхтанг, авзойиниз бузуқ... ҳозир.
— Ўқни оляпсанми?
— Ҳа, сочмадан жойлаб бераман. Буям жайрани бирёқли қилолади.
— Кўрқяпсанми?
— Нимангиздан қўрқаман? Лекин илтимос, жиннилик қилманг, хўпми?

Амирқул ака Мирҳайдар тепкисини қайтариб берган милтиқни у айтгандай қилиб ушлаб, эҳтиёткорлик билан ариқ ичидан кетди. Наъматак олдига етиб, тиззасига милтиқни беўхшов қўйиб, жар томонга тикилди. Мирҳайдар ҳам милтиқни қўлига олиб, шудгорнинг нари ёнидан эгилинқираб борарди. У йўлакай бир неча жойда тўхтаб чўнқайди. Ниҳоят, жарга яқинлашиб, бир туп янтоқ ёнига чўнқайди. Нариги бетга кўз ташлаб, Амирқул ака томонга қаради ва унинг чўнқайиб ўтирган гавдасини ва ботаётган ой нурида йилтираётган милтиғини аниқ кўрди. Ён-веридаги кесакларни нари-берига суриб, узала тушиб ётди.

Иккаласи шудгорнинг икки тарафида; шудгорнинг ўртаси унчалик чуқур бўлмаган жарликка етиб тугарди. Жайралар жар остидан ва нариги томондаги ўйиқлардан чиқиб келади.

Бирдан шитир-шитир бўлиб қолди, лекин Мирҳайдар унинг қаёқдан келаётганини билолмади. Кунчиқарга илкис қараб, Зуҳро юлдузи атрофидаги митти юлдузчалар бирин-кетин сўнаётганини кўрди. Уфқ ҳам бўзариб келар, шамол кучайиб, баданни жунжиктирарди... Яна шитирлаш!

Мирҳайдар бирдан шудгорнинг Амирқул ака ўтирган томонига тикилиб қолди. Ой нурида сўник-сўник йилтираб, бир нарса ҳурпайиб ўтар эди. У беихтиёр милтиқни унга тўғрилади-ю, дарров туширди: «Амирқул акага яқинлашяпти... Қани отсин-чи, бир! Хурсанд бўлади! Кейин милтиқни, овни яхши кўриб қолади, кейин ўзи пойлоқчилик қилади. Отсин!»

Жайра ҳам худди Амирқул ака ўқидан ўлишни истагандай унга томон ўрмалай бошлади.

Мирҳайдар энди жар тарафга қаради: жайра битта бўлмайди-ку, изидан бошқаси чиқиб келади, албатта!.. Яна Амирқул акага қаради. У ҳамон ғужанак бўлиб ўтирар, жайра бўлса унга яқинлашиб қолган эди.
— Амирқул ака, — шивирлаганини билмай қолди Мирҳайдар. Бироқ яқинлатиб отинг, деган ўгитни эслаб, тилини тийди.

Жайра Амирқул аканинг ёнгинасидан ўгиб кетди. Беш-олти қадам нарига бориб, шудгорни кавлай бошлади. Мирҳайдар тупроқ чангиб кетаётганини ҳам аниқ кўрди ва алам билан «Суф-э, сендай овчига! Ухлаб қопти» — деди. Ариққа тушиб, ўрмалай кетди...

Шунда Амирқул ака бирдан қимирлади. Мирҳайдар таққа тўхтади:
— Отинг! — деб шивирлади.

Амирқул ака чўккалаб, уёқ-буёққа қаради.

Дарҳақиқат, уйқудан уйғониб кетган, шитир-шитир товушни эшитар, лекин шошганидан овоз қаердан келаётганини билолмас эди.

Ер чангиётганини кўрди-ю, оёқ-қўли бўшашиб кетди. Милтиқни қўлига ола Мирҳайдарга кўз тикди. Оқ пўстинга ўралган агроном бола нақ жайра бўлиб кўринди. «Каттаси бу ёкда экан!» У стволни ўнглаб, тепкини босди.

Ўқ зарби Мирҳайдарни думалатиб юборди.

Амирқул ака буни аниқ кўрди ва ирғиб туриб, ўша ёққа отилди. Бироқ бир неча қадам юриб, йиқилган «жайра»нинг беҳад катта эканини пайқади, энди жайра отганига ишонмай тўхтаган эди, йигитнинг инграган овозини эшитди. Яна шитоб билан бир қадам қўйди-ю, таққа тўхтади. Сўнг, Мирҳайдар отадиган чўчқа ўқ кўкрагига тегишини тахминлаб, орқасига бурилди. Бир кўнгли қочмоқчи ҳам бўлди, бироқ йигитнинг ўқи бари бир орқасидан етишини ҳис қилиб, аста-секин қадам ташлади-да, ўтирса, ўкдан қутуладигандек бўлиб, бирдан чўнқайди, саждага бош қўяётгандек бўлиб, бошини эгди. Бир, икки, уч!.. Амирқул ака хўрлиги келаётганини сезиб, орқасига қарамоқчи бўлди, лекин ўқ юзига тегадигандек, қарашдан қўрқди.

...Мирҳайдар ўнг оёғи ҳам оғирлашаётганини сезиб, этигини ечмоқчи бўлди. Бироқ фикридан қайтиб, пўстинни ҳам кийди.
— Ҳов, нима қилиб турибсиз? Амирқул ака илкис қаради.
— Буёққа келинг, — беҳол гапирди Мирҳайдар.
— Йў... йў... — деди Амирқул ака. Агроном ёнидан милтиғини олди:
— Буёққа келинг, отиб ташлайман бўлмасам! Амирқул ака унинг олдига учиб келди. Мирҳайдарнинг қаршисида чўккалаб, бошини эгди.
— Ҳе, ўлинг-э!
— Ука, укажон... уйқусираган эканман, — пичирлади қоровул.
— Жайра қани?
— Билмайман.
— Алангламанг. Кетди...
— Ёмон тегдими? Ўзингиз бу сочма ўқ деб...
— Туринг. Отни опкелинг.
— От? От қаерда... Ҳа-ҳа. Ҳозир!

Амирқул ака худди бекинмачоқ ўйнаётган боладек шудгорни чангитиб чопиб кетди.

Мирҳайдар милтиқни зўрға букиб, ўқни чиқариб олди, чўнтагига солди. «Хайрият, деб ўйлади у. — Териб ташласа бўлади. Нимага қизиб кетяпман. Ўқ текканда одам чанқайди дейишади. Чанқаяпман...»

Амирқул ака отни чоптириб келиб, отдан тушди. Юганни ушлаб туриб:
— Мана, мана! — деди. — Айилни тортайми?.. Ука? — Амирқул ака яна тиз чўкди. — Ука... агар чини билан отган бўлсам, энам... Сен ишонмайсан! Мен сени ҳақиқатан ҳам ёмон кўраман. Лекин... ухлаб қолдим. Мен... уйғоқ ўтиролмадим.
— Хайрият, шуни бўйнингизга оляпсиз... Тортинг айилни. Қаттиқроқ.
— Э, падарига лаънат бундай ишни. Ука, энди ўзинг биласан. Нима десанг ҳақсан. Биров ишонмайди менга.
— Албатта ҳеч ким ишонмайди. Бўлдими?
— Мана, тайёр.
— Келтиринг. Узангини тутинг... Ў-ў, ушламанг қўлни! Раҳмат.
— Укажон, энди нима бўлади?
— Нима бўларди. Милтиқларни олинг, чайлага боринг... Чой-пой қилиб туринг! Йўқ... балки сизни қамашар. Хўп, ўтган ишга саловат. Лекин бу кеча кўз юммайсиз. Сиз қоровулсиз!
— Э, ука...
— Юринг. Белбоғим чайлада қолган.
— Хуржунингиз ҳам бор!
— Кечаги чойдан қолганмикан?
— Бўлса керак... Ҳозир кўрамиз-да.

* * *

Тонг ҳам отиб қолди.

Тоғлар оқарди, адирлар ёришди, уфқ қизарди. Кундалик юмуш бошланди. Амирқул ака кўзлари қизарган ҳолда чайлага суяниб ўтирар, у ҳолсиз эди. Ўчоққа ўт қўймоқчи бўлди, ҳафсаласи келмади. Бир-бир босиб, адир тепасига кўтарила бошлади ва бирдан йиғлагиси келди. Лабларини қаттиқ тишлаб, тепага чиқиб борди. Қаршисида буғдойпоя ястанган, ер ҳайдалмаган эди. Сариқ тиканлар, кўп зарғалдокдар сайрар. Бу шундай сўник, лоқайд ва ғариб манзара эди. Қоровул пастроққа тушиб, кесакка ўтирди.

Сўқмоқда бўз отлиқ кўринди.

1972