OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШукур Xолмирзаев
Асар номиУчинчи ҳамроҳ (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шукур Xолмирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм15KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Учинчи ҳамроҳ (ҳикоя)
Шукур Xолмирзаев

Зиёрат билан Теша овга чиққанларида сафларига яна бир ҳамроҳ қўшиларди. Бу — Олапар деган ит эди. Зиёратларнинг ити. Кўп ювош, одамга тез эликувчи, келган меҳмонга бир ириллаб, кейин уни кўчагача кузатиб қўйгувчи эди. Уни ҳамма таниш-билишлар мақтар, ўзларининг ҳам шундай итлари бўлишини орзу қилишар эди.

Итнинг бундай бўлиб ўсишига, албатта, умри бино бўлиб занжир кўрмагани сабаб эди. Зиёрат уни эркалатиб ўстирган, кўчаларда ҳам гоҳо эргаштириб юрарди... Шу аснода уни овга ҳам ўргатди. Тўғри, биринчи гал Олапар овга чиққанда ўқ тегиб йиқилган қуённинг чириллашидан қўрққан, беҳудага бир тулкини қувиб, жарга учиб кетишига оз қолган эди.

Кейинчалик у овда овоз чиқармай юришни одат қилди. Шу билан бирга Зиёратга ҳам жуда қаттиқ ўрганди: уни бир кун кўрмаса ёки Зиёрат уни эркалатмаса, ариқча устидан ўтган кўприк тагига кириб, олдинги оёқларига бошини қўйганча ётиб оларди.

Йиллар ўтди, Олапар қариди, қиш маҳаллари қўшни итлар билан бўлган жангларда тишларини бой берди.

Лекин ундаги одатлар сақланиб қолди: овни севади ҳамон, эгасига эркаланади, баъзан аразлаб, хафа бўлиб ҳам туради.

Куз куни эди, Зиёрат билан Теша эшакларини миниб, Санжар тоққа овга жўнади. Олапар ҳам уларга эргашди. Йўл узоқ эди. Шунинг учун қариган итни Зиёрат қолдирмоқчи бўлиб кўп уринди, аммо Олапар уни изма-из таъқиб этиб борди, ҳадеб олдидан чиқаверди. Сўнгра Зиёрат итни хафа қилиб қўйиши мумкинлигини ўйлаб, уни чақирди, дағал бўйин жунларини силади. Ит узун думини ликиллатиб, унинг қўлларини яламоқчи бўлди. Жўнадилар.

Саҳар эди, қишлокда хўрозлар қичқирар, ҳовлилардан эркак овозлари эшитиларди. Қишлоқ орқада қолди. Йўловчилар қишлоқ четидаги корезни четлаб, ён бағрига тушдилар, изғиринда эшакларни ғизиллатиб кета бошладилар. Энди тоғ қушлари, жонзотлари ҳам уйғонган эди; чулдираб муллатўрғай учади, ҳавода қанот қоқиб, кескин пасаяди; нарида қаттиқ овоз чиқариб жир-жир қуши учади. Ит бепарво, эшакларга ёндаш кетяпти, гоҳо учган қушлар овозига диққат қилиб, шалпанг қулоқларини диккайтиради, ҳамроҳларига маънодор қарайди, сўнг яна лўкиллаб йўлида давом этади.

Йўловчилар дарага киришди, атроф ғира-шира ёруғ бўлиб, даранинг метин қоялари хаёлий соя ташлаб турарди, қоқ тошга тушган эшак туёкдари саси жаранглаб кетади. Йўловчиларнинг «их-их» деганлари ҳам одатдагидан баланд эшитилади.

Дарадан чиқиб, тўлқин адирларга ўрлашади; сўқмоқ йўл чуқур бўлиб кетган, туёқлар тагидан чанг кўтарилади, шамол қаёққа эсса, ўша ёққа бурилади ва ҳар тарафда сочилиб ўсган айиқтовоннинг сариқ тахир ҳидли гулларига қўнади. Унда-бунда арчалар учрай бошлади, уларнинг ён-бери кемтик, йўловчилар дуч келган шохларини синдириб кетишган. Ғадир-будир тоғ йўли бошланди. Энди сўқмоқ арчалар орасидан ўтади, эшаклар устидаги хуржун шохларга тегиб силкитади, арчанинг роҳатбахш бўйи анқиб кетади, Гоҳо йўловчиларнинг бири арчанинг бутоғини синдирмоқчи бўлади, бироқ чайир дарахт тоб бермайди, йўловчининг қўлида бир ҳовуч нина барглари қолади, йўловчи шу барглар билан ҳам қаноат топади, уларни ҳидлаб кетаверади, сўнг ташлаб юборади, аммо кафтдаги ҳид қолади. Йўлни кесиб, арча томирлари ўтган, турли шаклда, эшаклар уларга тўқнашмаслик учун оёқларини кўтариб-кўтариб босади.

Олапар олдинда, энди у жуда сергак. Овчилар ҳам хуржунларда буклоғлиқ турган милтиқларини чиқариб, ўқлаб олишган, тиззаларига ўнглаб қўйиб, сергаклик билан кетишяпти.

Бу ёкда қуёш кўтирилган. Қуёш осмонни айланиб, уфққа бош қўя бошлаганда йўловчилар Санжар тоғининг ортидаги Оқзов остида эшаклардан тушишар эди. Чунки олдинда булоқ бор, бу булокдан бўлак сув маскани теварак-атрофда йўқ ҳисоби. Шунинг учун жами қуш, жондорлар шу ердан сув ичишга мажбур. Демак, ҳозир ҳам у ерда бирон ўлжа бўлса ажабмас...

Иккита каклик сув ичиб оғирлашганиданми, секин-секин юриб, ён бағрига ўрлаётган экан. Улар овчиларни кўрмай, адирга чиққан ерда юмшоқ тупрокда тўхташди ва тупроққа ётиб олиб уни чангита бошлашди. Шунда қоя ортидан уларни кузатаётган йигитларнинг бири — Теша ўқ узди, бирдан тупроқ чангиб, иккала каклик ҳам типирчилаб қолди. Чопа бориб, уларни босиб олишди, сўйиб, белларидаги тасмага осишди. Сўнг яна «пистирма қоя» ортига келиб, кузата бошлашди.

Қуёш ботгунча улар кўп ҳаммас, оз ҳаммас — ўн битта какликни ўлжа олишди, шундан тўрттасини ўзлари ушлашди. Қолганига Олапар ёрдам берди — улар енгил яраланганларидан сапчиб қочаверишди, ит қувлаб етиб, оёқлари билан босиб тўхтатди, эгалари келгунча кутди. Олапарнинг одатини яхши билган Зиёрат ҳар гал унинг манглайини силар, рағбатлантирарди.

Ниҳоят, ғира-ширада Оқзов остидаги камарда уларнинг гулхани ловиллади, учқунлари осмонга сапчий бошлади. Йигитлар чордана қурган. Олапар ҳов нарида сергак, чўнқайиб ўтирибди. Ниҳоят, овчилар какликлардан иккисини тозалашди ва бодомча сихига ўтказиб, чўққа қўйишди. Устига майдалаб туз сепдилар. Кейин хуржундаги арокдан ичиб олгач, ов тафсилотлари ҳақида сўзлаб, гўштни ея бошладилар.

Олапар нарида сергак, чўнқайиб ўтирар, энди ҳамроҳларига қия қарар ва тилини чиқариб, тумшуқларини ялар эди. Ҳамиша овга келганларида, ов барор олиб, мана шундай гулхан ёқилганидан кейин овчилар тамадди қилишга ўтирар экан, Олапар ҳам қорнини тўйғазиб олар эди.

Ҳозир бўлса, овчилар ов жуда барор олганиданми шод, ароқ кайфи таъсиридан сергап бўлиб кетган, итни тамом унутиб, суҳбат ва овқатга зўр беришарди.

Олапар аста-аста ғингший бошлади. Ундан атиги беш-ўн қадам беридагина какликнинг ичак-чавоқлари ётар, ит уларни бемалол олиб ейиши мумкин эди. Лекин Олапар изнсиз бирор нарсага оғиз уриб ўрганмаган эди. Балки унинг шу фазилати учун ҳам уй эгалари хуш кўрар ва унга ишонар, қозон-ўчоқ бошидаги косалар ювиқсиз, устига карсон тўнкарилмаган гўшт очиқ қолган чоғдаям кўнгиллари тўқ эди.

Йигитлар яна битта қуйиб ичиб олгач, суҳбат тағин қизиб кетди.

Олапар энди тумшайиб, узун думини ерга теккизиб, уларга тикилиб турар, пасайган гулхан ёруғида унинг кўзларида алам, ўкинч кўринар эди. Бир маҳал у ўрнидан турди, турдию, худди олис бир нарсани қўмсагандек, ғамгинлик билан чўзиб увлади. Сўнг бирдан ортига бурилиб, секин-секин қадам ташлаб, шитоб билан кета бошлади.

Ана шунда овчилар итни бирдан эслаб қолишди, унга овқат бермаганлари, унинг хафа бўлганини сезишди. Зиёрат ирғиб туриб, уни чақира бошлади.
— Олапар! Олапар! Бах-бах... Ма, гўшт, ма, нон!

Олапар гангиб тўхтади, орқасига бир қаради, тағин бурилиб, лўкиллаб кета бошлади. Овчиларнинг таъби хира бўлиб кетди. Шоша-пиша унинг изидан чопдилар. Яна «Олапар!» деб чақира бошладилар. Ит тағин бир тўхтади, аммо энди бурилди-да, қаттиқроқ лўкиллаб кетди ва тун қўйнига кириб ғойиб бўлди. Унинг изидан борган ҳамроҳлар ҳам тўхтади, тағин ҳар эҳтимолга қарши деб уни чақиришди, кейин қўноққа қайтишди.
— Оч, ўзи қариган, етиб боролмайди! Аблаҳлик! — деб хитоб қилди Зиёрат.
— Сен-да, — деди Теша.

Улар бир-бирини айблаб қолавердилар.

Олапар лўкиллаб кетиб борарди. У келган йўлларидан юриб, тоғ бошига етди. Ҳансираб, пастдаги чироқларга қаради. Бир нафас чўнқайиб ўтирди, тағин олис бир қадрдон нарсасини қўмсагандек увлади ва сўқмоқ билан чопа кетди. Йўл нишаб эди, юриш ўнғай. Арчазорга етганда бир гала тўнғизларга дуч келди, уларга чап бериб ўтди, аммо бундан у ёғига секин-секин кета бошлади: у ҳолдан тойган эди. Таниш дарага етгач, у йўл ўртасида ўтириб олди-да, анчагача жилмай қолди. Сўнг судралиб пастга тушди. Сойдаги сувдан шалоплатиб ялади, у ерда ҳам бир оз чўнқайиб ўтирди. У тағин ортига қаради, олис ўрмонга, қояларга қараб увлади.

Қишлоққа тушганида, унга итлар ёпишди, талашди, Олапар зўрға улардан қутулди, йиқила-йиқила, ниҳоят, уйга етиб келди-да, судралиб кўприкка етди, унинг остига кириб, бошини олдинги оёқлари устига қўйиб ётди...

Эрталаб Зиёратнинг отаси совхозга, онаси далага кетди, улар итнинг келганини сезишмади. Кечқурун овчилар ҳам қайтиб келишди. Зиёрат ҳовлига кириши ҳамоно:
— Олапар! — деб бақира бошлади, эшакни қўйвориб, чорбоққа оралади ва бирдан кўприкни эслаб, чопа кетди. Энгашиб қараб, Олапарни кўрди. — Олапар! Олапар! — деб чўнқайганича уни эркалаган товуш билан чақирди.

Ит жавоб бермади, унга қарамади ҳам.
— Олапар, Олапар! — яна чақирди Зиёрат энди ваҳима билан.

Итдан тағин садо чиқмади. Зиёрат ариқ лабидан кесак ушатиб, унга отди, кесак итнинг бўйнига тегди. Лекин ит яна қарамади.
— Олапар! — деб бақириб юборди Зиёрат ва ариққа тушиб, унинг бўйнидан ушлаб тортди. Итнинг боши кўтарилмади, у қотиб қолган эди.

1971