OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШукур Xолмирзаев
Асар номиХорун ар-Рашид (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шукур Xолмирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм41KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Хорун ар-Рашид (ҳикоя)
Шукур Xолмирзаев

Ғўлабир-миқти Мелибой Бўриев — вилоят фирқа қўмитасининг мафкура котиби бугун, ниҳоят, собиқ секретарнинг ҳовлисига жойлашиб олди, уйлар яқинда таъмирдан чиққани ҳам унга қўл келди: ётоғи — ётоқ, емакхонаси — емакхона, кутубхонаси — кутубхона бўлди.

Мана, оқибат, у болаларини ётқизиб, чоққина ҳовлини ҳам кезиб келиб, кутубхонасида, тўғрироғи, иш ҳужрасида, стол ёнида ўтирибди.

Ён томонидаги ҳарир пардали дераза қия очиқ, ундан тоза ҳаво киряпти. Ўқтин-ўқтин қурвақаларнинг оғзига сув олиб ғарғара қилгандай сайрашлари эшитилади: баҳор-да.

Котиб контслагер маҳбуслари кийимини эслатадиган йўл-йўл оқ-пушти, юмшоқ кийимда.

У «БТ»дан тутатиб, ўзича роҳатланиб хаёл суради: ипши бошлашга бошлади — институт, редактсия, соғлиқни сакдаш бошқармаси бошлиқлари билан алоҳида-алоҳида гаплашди, — наздида, уларнинг дардини билди; собиқ котибдан нолишларини эшитиб жилмайди. Ўзининг ходимлари ҳам анча маъқул, яъники, хушомадгўй кўринди: ҳали уларни ҳам битта-битта билиб олади.

Умуман, иш яхши бошланди. Бироқ... бироқ ҳозирги талаб, хусусан, мафкура бобидаги «минг»лаб газеталарда ёзилаётган эътирозлар, бу йўриғда бошқача — ҳалигидай — умуминсоний қадриятлар дастуриламал бўлмоғи кераклиги, илло, партиявий мафкура кўп жиҳатдан ўзини оқламагани ва ҳоказоларни ҳам ҳисобга олиш лозимки, бу борада бош қотирмай деса, Биринчи котибнинг қатъий талаби шу: партиянинг обрўсини кўтариш керак, дёмак, одатдаги партиявий мафкурани янгича-самарадор қилиш жоиз, бунинг илк шарти — халққа яқин бўлиш, демак, унинг қалбига кириш, хўш, унинг барча эҳтиёжларини билиб — ишни шунга мослаш...

Ана шу «халқ ичига кириш» масаласи Мелибой Бўриевни кўпроқ ўйлатар, бу гап ҳамма вақт бўлган, депутатлик жўнидан сайловчилар билан учрашиш ҳам, пахта терими маҳалларида «Волга»ни йўл бўйида тўхтатиб, уват бошида теримчилар ила тўрт оғиз гаплашиш ҳам — «халқ ичига кириш» ҳисобланардики, энди ўша тадбирлар Мелибойнинг ўзигаям кулгили туюларди: демак, қандайдир бошқача йўл тутиш лозим.

У қандай йўлки, оҳ, партиянинг обрўсини бир кўтариб берса! Унга одамларнинг ихлосини бирдан ошириб, дейлик, Биринчининг олдида юзи ёруғ бўлса!

Лекин начора...

Мелибой ана шундай жиддий ва мураккаб ўйлар оғушида эса-да, унинг кайфи чоғ, «БТ»ни роҳатланиб тутатар ва юмшоқ креслодан тургиси йўқ эди.

Бир маҳал керишиб, сигарет қолдиғини биллур кулдонда эзиб, қўзғалди. Ва беихтиёр дераза томонга йўналар экан, қаршисидаги қизил жавон ичида — токчаларда ярқираб турган китобларга кўзи тушди. Чамаси, уларни томоша қилиш — қандай жойлашгани, дейлик, «Дунё адабиёти дурдоналари» кўзга дафъатан яққолроқ ташланадими ёки «Лениннинг жилдлари», ана шу ҳолниям бир қур кўздан кечиргали жавон олдига борди-ю, энг юқори токчада кўримсиз бўлиб, ҳатто бу гўзал «манзара»га ёпишмайроқ турган бир саф асарларга тикилиб қолди.
— «Минг бир кеча», — деб пичирлади. Кайфияти янаям кўтарилиб, шўхлиги тутиб, улардан бирини бармоғида тортди. Олди. Бу асарларнинг аксарини ёшлигида хатм қилгани, улардаги севги саргузаштлари кўп замонлар ёдидан чиқмай юргани хотирасида уйғониб, яна стол ёнига қайтди. Китобни тахта ойна устига қўйиб, таваккал очди-да, кўзойнагини олиб тақди.

Ҳарфлари йириклашиб кетган саҳифанинг илк қатори:

«Бағдод халифаси Хорун ар-Рашиднинг вақт-вақти билан тунлари дарвиш либосини эгнига илиб, қаландархоналар, такяхоналарда юриш одати бор эди. Шу асно у фуқаронинг аҳвол-руҳиятидан хабардор бўлар эди...».

Мелибой ўқишдан тўхтади-да, апил-тапил «БТ»дан бирини олди. Кўзойнакни ечиб қўйиб, сигаретни япон ёндиргичида тутатди ва бирдан изига қайрилиб кетди.

Ахир, буни билади-ку? «Чор дарвиш»ниям ўқиган-ку? Шоҳлар, шаҳзодалар ҳам қаландар жомасида...

Мелибой ҳаяжонланар, гўё излаган-истаган нарсасини топгандай ҳовлиқиб нафас олар, ҳа-ҳа, у чиндан ҳам муҳим бир кашфиёт яратгандай эди.
— Да, вот та-ак.

Тағин стол қошига қайтди-да, энди бу китобнинг кераги йўқдек шартта ёпиб, қўйгали жой излади. Жавонга оборса хаёлини тортаверадигандек туюлиб, столнинг қуйи тортмасига тиқиб юборди. Эшигини ёпиб, серрайиб қолди.

Ярим соатдан кейин у дарвоза сиртида — ёмғир савалаб ўтган хиёбонда баайни пахта теримига чиққан азамат либосида безовталаниб турар, тепадан — ўриси дарахт япроқларидан томаётган томчиларни гўё сезмас эди.

Эгнида ўн саккиз яшар ўғлининг айни терим маҳаллари киядиган қалин пахталиги, кирза этиги ва телпаги. Албатта, бу кийимлар ифлос, кир, тер ҳиди ўрнаб қолган... аммо на чора, кийишга мажбур эди.

Мелибой, бу уст-бошга сира ярашмайдиган бир жиддий нигоҳ билан ариқнинг у бетидан ўтган — неон чироқларида йилтираб турган асфалт кўчанинг у боши-бу бошига қарар, хаёл қилиш мумкин эдики, хизмат «Волга»си негадир кечикиб қолаётир: котиб бундан дарғазаб!

Бир маҳал ўнг томондан — дарахтлар панасидан аста жилиб келаётган енгил машина кўринди. Мелибой унга қатгиқ тикилди ва кўрдики, у — «Волга», олдойнаси четида яшил чироғи ёниб турибди.

У ариқдан ҳатлаб ўтиб, қўл... кўтармади: қўлини сал олдинга чўзиб ерни кўрсатди: шу ерда тўхта!

Машина ҳам унинг қошида тўхтади. Ойнаси тушириб қўйилган деразадан шўртумшуқ, кўзи йилтироқ, қорача бош чиқди.
— Ҳа? — унинг оғзидан «Прима»нинг аччиқ ҳиди келди.
— Нима «ҳа?» Йўл бўлсин?
— Ўзинг қаерга борасан?

Котибнинг бадани жимирлаб кетди: минг йилдан буён биров сенламаган эди.
— Ўзинг-чи, ўзинг? — Чамаси, бу саволни унида қаттиқроқ сенлаш учун берди.
— Э, бор-э!
— Тўхта-тўхта! — Мелибой шошиб, эшик тутқичидан ушлади. — Шу ёққа! Тўғрига! — деди.
— Шундай демайсанми!

Мелибой «Волга»нинг ортидан айланиб ўтиб, беихтиёр орқа эшикни очди. Бояги аччиқ ҳид ўрнаб қолган кабинага кириб, кирган жойида ўтира қолди ва шошилинчда ён ойнани туширди.

Шофёр машинани яна жилдиргач:
— Ойнани кўтар, — деди. — Шамоллаб қоласан.
— Бўлмаса, сен тушир ойнангни. Ҳайдовчи унга бошини буриб қаради.
— Кимсан ўзинг?
— Менми? Мен... механизатор, — жавоб берди Мелибой ва деразага қаради.
— Что-то не похож, — тўнғиллади ҳайдовчи. — Қаерга борамиз?
— Ҳайдайвер!

Мелибой Бўриев қўшни вилоят фирқўм котиблигидан келган, бу юртда илгари икки-уч марта бўлган, ушбу йўл эса бора-бора бир гал меҳмон бўлгани — тоғ бағридаги Қайнарбулоқ деган қишлоқдан ўтишини биларди.

У ана шуни бирдан эслаб:
— Қайнарга! Ҳе, булоққа! — деди беписандлик билан. — Биласанми уни?
— Бе.
— Билсанг, ўша ерга!.. Ресторан ишлаяптими?
— Ҳа, Пасажир оламизми?
— Қанақа пасажир?
— Автостантсияга бурилсак, оламиз-да. Ё бир ўзинг тўлайсанми?
— Бир ўзинг эмиш... Мен сенга буюрдим. Ҳайдайвермайсанми! Ҳим, ҳа, ўзим тўлайман. Ҳим, жуда ғалати бўп кетгансизлар-а?
— Тушунмадим.
— Энди... Шу сигаретни ташла. Мана, мундан чек! — Мелибой «БТ» қутисини узатгандан кейин хато қилганини... умуман, хато қилаётганини англади. — Обкомнинг дўконига кириб қолган эдим, шунда бор экан... — деб тўнғиллади. Яна хатога кетаётганини фаҳмлаб изоҳ берган бўлди: — Хўжайинлар билан келган эдик... Улар обкомнинг дачасига келишди.
— Сен ўзинг қаерликсан? — сўради шофёр. — Бунингдан чекмайман. Слабий.
— Мен ҳам чекмас эдим-у... — Кейин кулиб юборди. — Чекиб ўрганмаганларга бу яхши... Нимани сўрадинг? Ҳа-а, «қаерликсан»... Э, жўра! Шу ерликмиз-да! — деди Мелибой Бўриев ва чапаначасига ястаниб олди. — Да-а... Ўзинг-чи?
— Биз ҳам, — деди у истамай, — шу ерлик. Кейин Мелибойга илжайиб қаради. — Мабодо КГБга алоқанг йўқми?

Мелибойнинг капалаги учиб кетди. Айни чоғда ўтган куни вилоят ва шаҳар ДХБлари бошлиқлари билан ҳам Биринчи котиб ҳузурида учрашганини, рекетчилар бу ерда ҳам пайдо бўлишгани ҳақида қайғули суҳбат кечганини эслади. Шофёрга аллақандай қараб:
— Нима дединг? — деди.
— КГБчимисан?
— Бекорларни айтибсан! — оғзидан чиқиб кетди Мелибой Бўриевнинг. — Тавба...
— Ким билади энди.
— Шунинг учун билмасдан гапирма, ука! — Тағин хато қилди: шофёрини «ука» дер эди. — Хўш, нима гаплар бор оламда? Э, айтмоқчи, пудратга ўтдингларми?
— Арендага де, — деди шофёр ва сигаретасини тортиб, узун пуфлади. — Куч етмади.
— Қанақасига?
— Шунақасига-да... Таксининг янгисини олиш учун фалон пул бериш керак. Эскиси ярамайди. Бунинг устига, ремонт ўз ҳисобингдан. Э, оға, бу ишлар бўлмайди... Эй, менга қара! — Ўзи Мелибойга қараб қўйди. — Бу ишларнинг охири нима бўлади, а? Мана, обкомга кириб турар экансан. Катталар...
— Катталар ҳам билмайди, — деди Мелибой Бўриев туйқус. Лекин ўз гапидан ори келди. Катталар... ҳамма вақт ҳамма нарсани билишарди: айниқса, коммунистлар... — Менга қара, — деди энди у шофёрга, — сен шу, партия... деганига қандай қарайсан? Умуман, сизлар — ҳамкасбларинг қандай қарайсизЛар?

Ҳайдовчи елкасини қисди.
— Бизнинг завгар партиядан чиқди... Лекин барибир завгар! — хитоб қилди кулиб. — Ўрис шопирлар оёқ тираб олишди. — Демократия! — У яна қаҳ-қаҳ отиб кулди. — Партком чангаллаб қолди. Бечора...

Бўриевнинг таъби тирриқ бўлди: ҳа, бундай ишлар кўп бўлаётир. Айниқса, Тошкентда, айниқса, ҳалигидай ишчи синфи орасида. Мана бу ергаям етиб кепти.
— Эй, партиянинг нимаси ёмон-а, нимаси? — бирдан дўқ қилгудек бўлиб сўради.
— Сен партия аъзосими?
— Албатта!
— Унда ўзингдан сўра... Бизга барибир, оға. Ишқилиб, қорин тўқ бўлса, уст бут бўлса, тагимиздан шамол ўтиб турса — бў-ўлди.
— Ахир, партиявий эътиқод-чи?
— Нималар деяпсан ўзи?
— Эътиқод.
— Мен бунақа гапларни тушунмайман.
— Эсиз.
— Жим ўтир.
— А?
— Тушириб ташлайман. Мана, икки километр юрдик. Ҳақиниям олмайман.

«Тушириб ташлайман, — ўйлади Мелибой алам билан. — Бунга қандай чидаш мумкин? Бу — ўзбошимчалик-ку? Йўқ, бу аҳволга йўл қўйиб бўлмайди!»
— Менга қара, қайси паркдансан? — деб сўради-ю, боз хатога кетганини англаб қолди: бу билан жанжал қилиш — ўчакишишдан нима фойда? Бунинг қалбини билиш керак-ку? — Сизларда ҳамма шопирлар ҳам шунақа қўполми?

Машинани секинлата бошлаган йигит яна тезлатди.
— Йўқ. Мен шунақа... Сен ҳам катталардан йироқ юр, отдан туш. Анави «БТ»ни «Прима»га алмаштир, мендан баттар бўласан... Ҳе, биламан, механизаторларни! Бари ўғри-алдамчи. Битта орден-медал деб юради. Қарабсизки, депутат!..

Мелибой кулимсиради.
— У замонлар ўтиб кетди.
— Барибир...
— Шошма! — Мелибой олдинга интилиб сўради: — Ўша кунлар ёмонмиди, а?
— Кимга қандай. Лекин ўшанда ул-бул топилиб турарди. Бозорлар маъмур эди.
— Ана! — деди бирдан Мелибой шодданиб. — Партиянинг обрўси тушгани учун шундай бўлди! Эндиги мақсад — уни кўтариш! Тушундингми? Ҳим, бунга сен ҳам ҳисса қўшишинг мумкин... — У янги сигарет тутатиб олди. Шофёрнинг ёндиргичга қараб қўйганини кўриб ишшайди. — Совға... Хўш, — шиддат билан давом этди яна, — ҳалигидай правакаторларга қарши туриш лозим! Завгарингни айтяпман!..
— Эй, сен ким ўзи, а? — Шофёр машинани четга буриб юборди.
— Ҳайда, ҳайда!
— Олдин кимлигингни билай.
— Айтдим-ку?
— Туф-э! — У яна «Волга»ни шиддат билан ҳайдаб кетди. — Менга партиясини мақтайди! У қил, бу қил... Э, тавбангдан кетай! Мен бунга тушунтираман: ош-нон керак, уст-бош керак... деб! Вот, тушунмайди и всё!

Мелибой унинг дардини тушуниб турарди. Лекин ўрганган оғиздан ўрганган гап чиқар экан.
— Да-а, — деди у беихтиёр хўрсиниб. — Сизларга фақат шу... керак: ейиш, ичиш, кийиниш, пул...
— Сенга-чи? — У бақириб юборди, тағин тормозни босди. — Бола-чақанг борми ўзи? Уй-жой?
— Бор, бор, — деди Мелибой. Унинг кўз олдига уй-жойи, кутубхонаси келмади: фирқўм котибининг бундай нарсаларга эга бўлиши табиий ҳол. — Лекин менда... жўра, эътиқод ҳам бор! — деб хитоб қилди.
— Яна эътиқод... Менинг эътиқодим — яхши яшаш. Ҳалол яшаш. Лекин ҳалол яшашнинг иложи йўқ. Турмуш мажбур қилади. Мана, мен автостантсияга ўтайлик дедим. Ўтсак, камида яна икки кишини олардик. Кўнмадинг. Ўзингдан кўр.
— Бу нима деганинг?
— Ҳаммасини ўзинг тўлайсан энди.
— Тўлаймиз.
— Майли-э! — хўрсиниб юборди шофёр. — Айтмоқчи, обкомнинг дўконида яна нималар бор экан?
— Кўп нарса.
— Туфли-чи?
— Бўлса керак.
— Ўғил инжиклик қилади. Чайқовга чиқса, юз эллик сўм депти..
— Қиммат... — Мелибой ўзини ўнглаб олди. — Энди улар — чайқовчи-да!
— Очиқ магазинда бўлса-ку, ўзимгаям олардим. Ҳе! Керакмас! Шу галги маошни шундай қўлига тутаман! Бор, ўғлим, дейман. Ол, кий! Яйра! Тепкилаб-тепкилаб кий... Воҳ! Автостантсияга ўтсак бўларди-да.
— Айтдим-ку, ўзим тўлайман деб!

Шофёр машина тезлигини яна оширди. Рўпарада, чап қўлда ёлғиз чироқ милтиллаб турар, бир-икки одамнинг қораси кўринарди.

Ҳайдовчи «Волга»ни ўша ерга — тош деворли бекат ва йўловчилар қаршисига етганда тўхтатди-да, моторни ўчириб, бутун гавдаси билан Мелибойга бурилди.
— Пулни чўз.
— Ҳим, Қайнар... га борамиз. Оласан! — деди Мелибой ва бекатдагиларга қараб кулимсиради. — Бу ерда пасажирлар бор эканми?
— Ҳа. Мен сенга ишонмаяпман. Мана, счётчикка қара, уч сўм урди. У ёкда икки сўмлик йўл қолди. Тўла-чи? — У энди қўлини узатди. Мелибой ҳайрон қолди.
— Вей, борайлик. Менга ишонмаяпсанми? — Кейин қўшимча қилди: — Балки яна бирга қайтишимизга тўғри келар...
— Хўп. Лекин ҳозирча борини тўлаб қўй. Бўл-бўл! — Шунда бекатдан чопиб келаётган ўсмирни кўриб бақирди: — Машина ҳеч қаёққа кетмайди.

Мелибой ниҳоятда хижолатга тушди: наҳотки бу йигит унга ишонмаса!
— Эй, одаммисан? — деб юборди бирдан. — Инсонга ишонмайсанми? Мен ахир...
— Уф!
— Обормагунингча бермайман!
— Шундайми?

Шофёр моторни юргизиб, машинани вангиллатиб жилдирди ва эллик қадамлар масофадан кейин кескин чапга бурди. Шунда «Волга» шағал уюмига дуч келиб сапчиб кетди. У ёкдаям шағал кўп экан.

Йигит машинани жаҳл билан тислантирди. Келган йўлларига тўғри қилгач, моторни ўчирди-да, ёниқ қолдирилган чироқлар олдидан айланиб келиб, эшикни очди.
— Чиқ!

Мелибой уятдан, ҳақоратдан терлаб кетди. Ва шофёрнинг қўли чўзилмасдан бурун чиқишни маъқул кўрди. Сурилиб, сиполик билан чиқди.
— Ишонмадинг-а?
— Чўз! Чўз! — Шофёр машина тумшуғи томон жилди: олган ҳақини нурга тутиб кўрмоқчи.

Мелибой эса у ерга борса... анави бекатдагилар таниб қоладигандек жойидан жилмай, ҳар эҳтимолга қарши дея олиб чиққан пулидан уч сўмни ажратди-да, узатди.

У оласолиб тикилди.
— Кам-ку бу?
— Нега? Ана, счётчигинг...
— Счётчикнинг онасини... Яна уч сўм бер! Туда-судага... Ўзим ҳам билгандим-а! Апирист! Тағин орқага қайтмоқчилар бу киши. Олтмиш сўм планим бор!.. Мошина ҳақини тўлашим керак! Мени кафангадо қилмоқчи бу ҳароми!

Мелибой унинг дардини дарҳол англади: ҳа, бунақа яп-янги «Волга»ни гараждан олмоқ учун хўжайинларга камида минг сўм чўзиш керак: бу ҳақиқат... Бироқ, энди шофёрнинг қаттиқ-қурум гапларига, ҳатто сенлашига-да кўниккан эса-да, унинг «апирист, ҳароми» дегани... йўқ, бунга тоқат қила олмайди. У фирқўм котиблигидан кетса кетади-ю, ўзини бунчалар ерга урдирмайди: у ўрганмаган ахир!
— Бери ке, — деди унга.
— Пулни чўз... — Тисланди у. — Бу йўлда одат шу! Ҳамма билади! Қани, бўл!

Шубҳасиз, шофёр йигит ғўлабир-миқти Мелибойни тик ҳолда кўриб, тағин унинг ишонч билан «бери ке» деганидан қўрққан эди.

Шунда ҳар иккисининг ҳам жонига ора кириб... бояги ўсмир билан новча, саллали киши ҳам яқинлашиб кела бошлади. Мелибой ўзини орқага тортди, шофёр эса баттар авж олди:
— Эй, мусулмонлар, мана бу апиристни кўринглар! Пулни бермаяпти! Мен коммунист дейди. Яна бир балоларни айтади. Пулни бермайди... — Кейин қўлидаги уч сўмликни ёруққа тутиб кўрсатди. — Бергани шу! Хўш, айтинглар-чи, марказдан шу ергача шуми?

Саллали:
— Мен беш берардим, — деди.
— Бунинг бергани шу!.. Ҳой, буёққа чиқ, номард! Мен кетишим керак. Время — денги!

Меливой Бўриев, ниҳоят, машинанинг бу ёғидан ўтиб, улар қошига борди.
— Ассалом алайкум! — У авомга саломнинг кучини биларди: айниқса, қалтис вазиятда.
— Алекум, — деди қария.
— Қаранг, бу салом беришниям билади-ю! — Чийиллади ҳайдовчи. — Мундай қарасанг, дуппа-дуруст одам...
— Мен сенга бир сўм ҳам ортиқча бермайман, — деди Мелибой Бўриев. — Счётчик кўрсатганини олдинг. Энди... кетаверишинг мумкин. Лекин биз сен билан Қайнарбулоққача келишган эдик. Буям эсингдан чиқмасин!
— Вой, номард-э, — қиқиллаб кулди шофёр. — Вой, иплос-э! Ахир, эй нокас, ҳаммасини тўлайман деб айтган ким? У ваъда сени эсингдан чиқдими?
— Ҳалиям тўладим, — деди Мелибой. У йўловчиларда яхши таассурот қолдириш учун ўзини мумкин қадар сипо-вазмин тутмоқда эди.
— Вой, қиззиғар-э!
— Сўкинма.
— Ахир, мен автостантсияга ўтсам... Вой, тавбангдан кетай! Бу қандай бало, а, мусулмонлар?
— Ҳе, шопирни ҳақини беринг-э, — деди саллали. — Буниям бола-чақаси бор. Фалокат оёқ остида, тўрт ғилдирак устида юради. Бунинг устига, буёқлар овлоқ...
— Қайнаргача йигирма беш сўм беришганини кўрганман, — деди ўсмир.

Чамаси, бу гап шофёрнинг аламига ермойи сепди, у тутатмоқчи бўлаётган сигаретини ерга урганда, Мелибой:
— Йўқ, ўртокдар, — деди. — Мен принтсипиалли одам, ортиқча пул бермайман. Бундан ташқари, энди... — Қолган гапни ичига ютди. «Энди Қайнаргача обориб қўйишини талаб этаман!» демоқчи эди. Бу гап ғоят хавфли туюлди: шофёрни буткул қуюшқондан чиқариб қўйиши устига, қишлоққа етгандан кейин ҳам жанжал кўтарса...

Ҳайдовчи ўпкаси тўлиб:
— Отахон, мен умримда бундай нахалга биринчи дуч келишим, — деди. — Нима қилай, а? Нима қила-аай? — бақириб юбориб, Мелибойга юзма-юз бўлганди, Мели уни уриб юборишдан ўзини зўрға тийди-да:
— Мен обком секретариман, — деди. Дегач: «Булар барибир билишарди. Бўлган иш бўлди», — деб ўйлади. — Энди ажралишамиз. Ўзи, бу машмаша жонга тегди.

Лекин у катта хатога йўл қўйган эди: фуқаронинг вилоят беги — обком секретари ҳақидаги муқим тасаввурини ҳисобга олмаганди.

Шофёр қотиб қолди.
— Нима, нима?
— Обком секретариман.

Шофёр жаҳл билан олдга юриб қулочкашлаб урди. Мелибой Бўриев — сипогина, ҳатто виқор билан турган йигит чайқалиб учиб кетди. Шағалга бориб тушди. Шофёр унга интилиб бориб тепа бошлади.
— Обком секретари! Обком секретари эмиш... Ҳе, онангни... сени, апирист! Бошдаям сезган эдим бир балоси бор, бу маккор, деб... Мана, сенга Қайнарбулоқ! Мана... дилигатлигинг учун! Механизаторлигинг... Йўқ, бу механизатор ҳам эмас... Вой, отахон-э, шу ерда тўхтаганимни қаранг!

Кўзидан ўт чиқиб кетиб, йиқилгач ақли оғгудек бўлиб қолган Мелибой Бўриев энди фақат юзини бекитиш учун юзтубан бўлиб олган, миқ этмас, ҳатто тепки тушган аъзосини ҳам қимирлатмас — ағдарилмас эди.
— Ҳе, онангни... — Шофёр унинг юзини эҳтиёт Қилаётганини, бир сўз қотмаганидан ўз гаплари ҳаққа чиққанига инониб, тантанавор кулди. — Тур энди! Обкомингга бор... Энағар! Вой, бунинг тайинли жойи Ҳам йўқ, отахон! Қани, машинага киринглар. Худо ҳаққи, айтмади... Ҳозир юртда ким кўпайган — рекетчи, апирист.
— Рост, рост, — деди қария. — Замон бузилди... Ҳе, лаънати-э.

Шофёр эшикни очаркан, яна кулди.
— Обком секретари! Сал пастроқ туш...
— А, бўлса-чи, обком секретари бўлса-чи? — деди ўсмир. — Мен райком секретарини кўрганман, худди шундай кийиниб пахтада юрган эди.
— Пахтанг бошингдан қолсин. Кир ичкарига!..
— Биздан қанча, болам?
— Ўн сўм берасиз, отахон. Мана, неварангиз ҳам бор...
— Ҳе, пулниям қадри кетди.

Шофёр оёғи учида кўтарилиб, ҳамон тўнкарилиб ётган Мелибойга қаради-да, кабинага кириб, моторни юргизди. Мапшнани яхмалак отгандай қилиб ҳайдаб кетди. Салда унинг орқа чироқлари ҳам ўчди.

Мелибой, ниҳоят, туриб ўтирди-да, биқинлари қаттиқ зирқираётгани, оғзи шўртак эканини туйиб тупурди. Хўрсинди ва алам-ўкинч билан тошбекатдаги ёлғиз чироққа қаради.

Сўнг инқиллаб йиғлаб юборди. Тиззалари кўзига манглайини қўйиб хўп силкинди. Бир маҳал машина товуши эшитилаётгандек бўлиб, ўрнидан қўзғалди-ю, инграб юборди. Бели... нам, майда тошчалар. Эгнида қалин пахталик борлигига шукрона қилиб қоқинди.

Сўнгра кимдир қараб тургандек қоматини тик тутиб, бекатга йўл олди.

Бу ерлар — чиндан ҳам овлоқ эди. Ўнг тарафда — қоп-қора тоғ сояга ўхшаб турарди, сўл томон — энига адирлар. Ҳаво намхуш, зах.

Мелибой бекатга бориб тошкурсига ўтиргани маъқулми ёки панага ўтиб ўтирганими — шуни ўйларкан, баданидаги оғриқ уни шу ерга чўктирди. У қийшайиб қолган телпагини бостирди-да: «Ишқилиб, танишлар ўтмасин-да», дея бошини эгди.

У чайқалар, пушаймон ейишниям, емасликниям билмас эди. Бир пайт мошина номерини эсламоқчи бўлди: номерга қарамапти.

«Уни-ку топтириш мумкин... — деб ўйлаб ичида кулимсиради. — Нима фойдаси бор?» Аммо шу оннинг ўзида у йигитдан... бир қасд олмаса, уни бир марта дабдаласи чиққанини кўрмаса, сира-сира хумордан чиқмаслигини ҳис қилди. Ва ҳатто: «Кўрамиз!» деб ҳам қўйди.

Аммо айни чоғда бу ўйлар — хомхаёл, аламзадалик натижаси эканини англаб турарди.

Ниҳоят, ғижимланган «БТ» қутисини чиқарганида, ажабо, Қайнарбулоқ йўлида кўзини... кўкартириб келаётган машина кўринди.

Мелибой ўзини тутиб ўрнидан турди. Бетон супачадан тушиб, қўлини... ерга қадаёттандек қилди. Оқ «Волга» келиб тўхтади. Мелибой ишонч билан тағин... орқа ўриндиқ эшигини очмоқчи бўлди, очилмади. Шофёр ичкаридан унга тикилиб турарди.

Мелибой эшикка имо қилди. Шофёр йўловчининг башарасидан ўзига керакли маънони уқиб олдими, тугмачани кўтарди.
— Ассалом алайкум, — Мелибой Бўриев ичкарига кириб ўтирди. — Хавотир олдингиз-а?
— Ваалайкум ассалом... Энди, эҳтиёт шарт яхши-да.

У киши ўрта яшар, дўппи кийган, ҳорғин кўринар эди.
— Маъқул, маъқул, — деди Мелибой.
— Марказгами? — Ҳа..

Машина жилди. Шофёрнинг ҳайдаши ҳам ўзига ўхшарди: бир маромда.
— Чексам майлими?
— Ойнангизни тушириб қўйинг.
— Раҳмат... — Мелибой сигарета тутатиб, ўриндиққа ястаниб олди-да: — Ака, сиздан бир нарсани сўрасам майлими? — деди.
— Сўранг, ука.
— Ҳим, райком... йўқ, обком секретарининг мана шундай уст-бош билан тунда юришига ишонасизми?

Шофёр унга қаради.
— Обком секретаримисиз? Мелибой ҳорғин бош ирғади. — Ҳа..
— Билмадим.
— Нега? — қизишиб сўради Мелибой. — Ахир, халқни ўрганиш учун юриши... мумкин-ку? Шу тариқа. партияни халққа яқинлаштириш учун, демак, партиянинг обрўсини кўтариш учун... Умуман, раҳбарликнинг...
— Йўқ, ука, — деди у. — Бунинг учун секретар... Хорун ар-Рашид бўлиши керак. Ана шундай бўлолмагани учун ҳам партиямизнинг обрўси кетган...
— Обрўси қайта кўтарилмайдими?

Шофёр кифтини учирди.
— Ука, сиз ҳам бизга ўхшаб оддий одам экансиз, — деди у йўлдан кўз узмай. — Келинг, пастроқ тушиб, оддий гаплардан гаплашайлик.
— Хўп.
— Бекатда ўтирган эдингиз...
— Э, шу...
— Йўлда ишлайсизми?

Мелибой Бўриевнинг тағин йиғлагиси келар, эт-баданидаги оғриқ етмаётгандай бағри-дили хун бўлиб эза бошлади.

У кўзларини юмди ва... очди.

Машина нақ ҳовлиси ёнидан ўтмоқда эди. Бирдан шофёрнинг елкасига туртди.
— Келдик!

Машина тўхтади. Мелибой чўнтагидан пул чиқарди. Ундан битта учталикни ажратди-да, ўйланиб қолиб, тағин битта учталикни қўшди, узатди.

Шофёр олти сўмни олиб:
— Яхши боринг, — деди. — Лекин партиянинг обрўси...

Мелибой тез-тез бош ирғаганча кабинадан чиқ-ди-ю, қотиб қолди.

1990