OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

3 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШукур Xолмирзаев
Асар номиЯшил «Нива» (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шукур Xолмирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм20KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Яшил «Нива» (ҳикоя)
Шукур Xолмирзаев

Аввало, шуни айтишим керакки, биз томоннинг одамлари анча серандиша келади. Бунинг тарихий илдизлари бор: биз катталарга — хусусан, ёши улуғлар-у лавозимли шахсларга таъзим қилиб ўрганганмиз.

Йўғасам замонга қарамайсанми денг. Сотсиализмдан путур кетгани аниқ: Прибалтикада Мустақиллик учун намойишлар бўляпти. Тошкент ҳам тинчини йўқотган...

Бизда эса Бағдоддагидек осойишталик.

Тўғри, биздаям «диктатор арбоб»ларга қарши чиқишлар бўп турарди: шундаям азоб-у камситишлар жонидан ўтиб суягига етганлар...

Курбақани боссанг ҳам, «вақ» дейди-ку?

Бироқ, онт ичиб айтаманки, гап бунда ҳам эмас.

Нимагаки, шахсан менга ўхшайдиган зиёли ҳамма ерда бор. Ва мен тилга олмоқчи бўлган (садқаи тилга олиш кетсин!) «диктатор амалдор» ҳам бошқа областларимиздан топилади. Пироварди, яшил «Нива»нинг ҳам уруғи сероб. Қолаверса, ўша баланд — Оқдовонга ўхшаш довонлар ҳам республикамизда кўп.

Хуллас, ...га бораётиб эдик — юртга, шаҳримизга. Мана шу қизил «Жигули»дамиз: хотиним, ўғлим, қизим.

Ўзим рулдаман.

Йўлимиз Оқдовондан ўтиши керак.

Довон эса, ҳалигидай бир «диктатор»нинг совхозига қарайди.

Илгарилари бу ёққа йўлим тушса ҳам, қайтишда ҳам довонни четлаб, чўл орқали кетардим: у ёқ тинч, йўли текис, энг муҳими — «диктатор» йўқ.

Бу гал жуда шошиб тургандик: соат 12 да инсти-тутда бўлишим керак: дарсим бор. Сўнгра не бир хаёл билан: «Баҳор-ку? Болалар ҳам бир яйрасин, томоша қилсин», деб уларниям олволгандим.

Ҳа-ҳа, довоннинг йўли яқин-да!

Хуллас, шаҳардан чиқдик.

Тоғ этагида кабоб пиширадиган битта кафе бор. Ўша ерда тўхтаб, икки сихдан кабоб едик. Бир пиёладан чой ичдик. Кейин яна йўлга тушдик.

Йўл денг, тоғ бағирлаб кетади.

Ҳамма ёқ яшнаган. Дўланалар оппоқ гуллаган. Наъматаклар ҳам роса очилган. Бутун дунёнинг бул-були шу ерларга йиғилиб келгандай: ҳар шохда чағ-чағлайди.

Этакда сой бор, нари бетларда — қор.

Шундай қилиб, атрофни томошалаб, жуда хушнуд кайфиятда кетаётиб эдик. Машинанинг тезлиги ўрта-ча— соатига эллик-олтмиш километр.

Кетаяпмиз-у, кўнглимнинг остида бир тахлика пайдо бўлди. «Диктатор» учраб қолмасин-да».

Тўғри, у бизни еб қўймасди. Аммо унинг қилмишлари — даҳшат! Анчайин салом бермай ўтган ўсмирни оёғидан остирган...

Хуллас, бурилишдан ўтаётиб эдик, шундай қийғос гуллаган олмалар ичидан битта яшил «Нива» лоп этиб чиқди-ю, олдимизга тушиб, секин кета бошлади. Не кўз билан кўрайки, худди ўшанинг машинаси! Машҳур машина!.. «Диктатор директор» деяпман-у, илтимос, уни жиндак эслашиб олайлик. Хўш, у кимса — ўша райком секретарларини алмаштириб юрганлардан бири... Ўз билганингизни тасаввур қилаверинг. Уларнинг бари бир-бирига ўхшайди. Пул билан мансабга чиқиб олган. Кейин давлат планларини халқни қулдай ишлатиб, тағин припис-мрипис билан ошириб бажариб, герой бўлган. Кейин Марказқўмдан ҳимоячи — «ака» топган. Балки ўша «ака» туфайли «герой» бўлган. Хуллас, аканинг «очил дастурхон»ига айланган, бу ёкда ўзларига хон — ўзларига бек бўлган киши...

Бизга ўхшаган одам — институтнинг оддий ўқитувчилари ҳам у кишим учун бир чигиртка: чертса, учиб кетамиз.

Дарвоқе, бу одамнинг зулми институтни ҳам забт этган, ректоримиз, — бечора бир яхши одам, — унинг номини эшитса зириллар эди: унинг қишлоғидан ёки қариндошларидан биронта бола ўқиётган бўлса, аввало ўшанинг кўнглини олиш пайида, ўргулиб-ўртаниб юрарди.

Лекин унинг устидан ёза-ёз ҳам кўпайган, қаерлардадир ғалаёнлар бўлгани ҳақидаям эшитардик.

Шундай қилиб, яшил «Нива» йўлга тушиб олди-да, жуда секинлаб кета бошлади. Албатта ўшанинг машинаси бу. Ён-веридан антенналар чиқарилган, демак, ичида ратсияси ҳам бор. Машинанинг ўзи денг, яп-янги. Лекин ён-бағирдан чиқиб келди-ку, орқа ойнаси лой эди, шунинг учун ичкарида неча киши ўтиргани кўринмасди.

Жуда имиллаб кетяпти.

Мен ҳам тезликни камайтирдим. Нима қилай? Ўтиб кетайми? Бе, ўша куни институтдан думимни тугдиради: бунақа воқеалар бўлганда, айримлар эҳтиётсизлик қилиб ўтиб кетиб балога йўлиққанлар.

Ўзи, мен сизга айтсам, бундақа ўзига хон — ўзига бек арзандалар илгари ҳамма жамиятларда бўлган ва, қизиғи шундаки, улар бари бир-бирига ўхшаган. Бироқ бизнинг жамиятимизда уларнинг пайдо бўлиши... истисно ҳолдирки, бу кишини жуда ўйлатади...

Биз ҳам «Нива»нинг оёғига қараб кетяпмиз.

Бир маҳал ўғлим инжиқлик қила бошлади: «Ада, ўтайлик. Ўтиб кетайлик!» Нариги текис йўлда юришимга ўрганган-да. Бу ердаги баҳор манзаралари уни яна кўтарди. «Хўп, — деиман. — Ҳозир ўтамиз», дейман. Кейин хотинимиз ҳам хархаша қила бошлади: «Нима бўлди сизга? Мундай имиллаб қолдингиз? Йўл кенг-ку, абгон қила қолинг, адаси».

Менинг ҳам дардим ичимда: институтга тезроқ етиб олишим керак. Бу юришда, ким билади...

Хуллас, кетяпмиз. Тавба, дейман. Гоҳо «Нива» тўхтаб-тўхтаб қолади. Гўё «ўт, ўтавер», дегандай. Ўтиб бўпман: мен ҳам «Жигули»ни тўхтатиб қоламан.

Кетавердик, кетавердик.

Табиатдан завқ олишнинг ҳам расвоси чиқди. Ўғил тағин хархаша қилади, хотин минғирлайди. Қизалоқ ҳам онасининг гапини такрорлай бошлади.

Ана томоша!

Ҳе, гапнинг қисқасини айтсам, бир ярим ёки икки соатлар унинг орқасидан эргашиб юрдим: сал тезласа-тезлайман, секинласа-секинлатаман, тўхтаса-тўхтаб қоламан.

Баримиз бўлганимизча бўлдик: ўғил йиғлай бошлади, хотин биз билан гаплашмай қўйди, қизалоқ хўмрайган. Ўзим-чи? Менга зарил кептими шу юриш?

Институтдаги дарс ҳам барбод бўлди: довондан ошгандан кейин ҳам камида икки соат юришим керак.

Соат ўн иккига яқинлашганда, қўлларим қалтираб, машинаям қизиб кетиб, довонга чиқишимизга бир чақиримлар қолган эди, «Нива» бирдан бурилиб, чап тарафга ўтди-да, шундай тик қирга зинғиллаб чиқиб кетди. Хаёл қилдим: самолётнинг мотори ўрнатилган. Қирдан ошиб гойиб бўлди.

Шукр қилиб, ёқаларга «туф-туф»лаб тезликни оширдим. Довонга чиқдик.

Шундай четда ДАН пости бор. Қарасам, таниш инспектор йўлга чиқиб келяпти. Ола таёғини шундай чўзди. Тўхтадим. Хурсанд бўлган чоғда яна юрак уришини кўринг. «Йўлда бирон ножўя ҳаракат қилдимми?» деб ўйлайман. Инспектор ҳам — «диктатор»га қарашли одам-да! Ратсия орқали бир нима деган бўлса, праванинг ўн жойидан тешади. Бу йўлни бир умр орзу қилмайдиган бўламан.

Ҳужжатларни олиб чиқдим.
— Ассалом алайкум.

Сержант чест берди-да:
— Буларни жойига соп қўйинг, домла. Хўжайин «жуда одобли бола экан» дедилар, — деди кулимсираб.

Карахт бўлиб қолдим.

Биз болакай «одоб юзасидан» у кишини йўлда қолдириб ўтиб кетмаган эканмиз!

Вой, муттаҳам-э...

Ҳа, ундан қутулганимизга минг бор шукр қилиб, йўлда давом этдик. Ҳадемай хотиннинг ҳам чеҳраси очилди, ўғилчамиз ҳам отасини танигандай бўлди, қизалоқ ҳам йиғидан тўхтади. Лекин бизнинг ишимиз расво бўлган эди: дарс ўтилмай қолди...

Орадан икки кун ўтган эди денг, бу ёқдан телефон бўлиб қолди. Ҳа? «Тезда етиб келинг, Вилнюсга жўнайсиз, ўзбек санъати тарихидан маъруза ўқиб келасиз».

Бизнинг институт билан уларнинг институти орасида шундай — ўқитувчиларни айрибош қилиш, бир-бирининг санъати ҳақида маъруза ўқиш анъанаси бор эди.

Яна йўлга тушдик. Энди довондан тушадиган бўлдик. Биринчидан, вақтли етиб боришим керак. Иккинчидан, биз хўжайинга хийла ёқиб қолган «одобли бола»миз. Бу гал ўтган галгидек қийналмасмиз. Кейин, «хўжайин» ҳар куни шу йўлдан қатнайвермас...

Кўнгилга таскин бериб довонга етиб келдим. Қарасам, ДДН пости берк. Инспектор йўқ. Ҳа, «чақириб олгандир-да», деб ўйладим. Ахир, мелисалар, ҳам у кишининг югирдаги эди-да!

Нишаб йўл. Анчагина тезлик билан тушиб кетяпман. Лекин бутун вужудим кўз-қулоқ: тағин бир бурилишда чиқиб қолса, биласиз-ку, ундай одам еб турган таомига ҳам тупуради...

Тушиб кетяпман, кетяпман. Тинчлик. Баҳор авжида. Яна булбуллар сайраб ётишибди.

Йўлда иморатлари тошдан ясалган кичкина бир қишлоқ бор эди, ундан ўтгач, кабоб пишириладиган кафе келади. Шу қишлоққа етдим деганда, ўша инспекторни кўриб қолдим. У мени анча нарида эканимда кўрган шекилли, таёғини чўзиб турибди.

Машинани тўхтатдим. Ҳар эҳтимолга ҳужжатларни олиб чиқдим. Инспектор ўрнидан жилмади.
— Ассалом алайкум, — деб олдига бордим.
— Нега тез келяпсиз? — деди у. Чест бериш қаёқда! Мени танимагандай.
— Йўқ-э, ана спидометрни кўринг, — дедим.
— Кўриб турибман. Уч сўм, — деди.
— Хўп-хўп. Пулни тўлаб:
— Хўжайин яхши юриптиларми? — дедим. У афтимга энсаси қотгандек қараб турди-да:
— Хўжайин ке-этди, — деди.
— Қаёққа?
— Кетадиган жойига... Тушундингизми? Кеча партиядан ўчирилди. Бугун ишдан олинди.
— Сабаб?
— Халқ... Ҳамма сизга ўхшаган «одобли бола»ми?

Шу гап менга таъсир этиб кетди денг: худди ўша кунги одобли эканимни таъна қилган эди.
— Ўзлариям одоб масаласида каминадан қолишмас эканлар, — дедим. Ва яна сўрадим: — Наҳотки?
— «Ака»лари кетган одам кетади-да, — деди у. — Бошқа «ака»ларга ёқмай қоптилар. Бу ёқда халқ турибди, тишини қайраб... Гўё халқнинг ёнини олишди улар... Энди йўлдан қолманг, домла. Йўғасам, одобда сиздан қолишмаслигимни...

У бир нима деб пўнғиллади.

Мен машинани миниб жўнадим. Ҳам хурсандман, ҳам куламан ҳам: «Ўл, — дейман ўзимга. — Куни битган экан-ку? Нега ўша куни мунча қўрқдинг? Хотининг, болаларинг олдида шарманда бўлдинг? Қанча асабинг кетди? Ванғиллатиб ўтиб кетмайсанми, номард!» дейман.

Ул одамнинг партиядан ўчгани, ишдан олиб, қамалганини эшитгандирсиз? Эшитмаган бўлсангиз, ўзингиз билган шундай «диктатор»ни эсланг: уларнинг ҳам бошига шундай кун тушади? Балли... Ўзи бу ҳол — жамиятимиз учун истисно ҳол эди-да. Аммо бундан кейин ҳам ўйлатадиган ҳол...

Энди бу ёғини эшитинг: ўзимни сўкиб, номарддан номардга солиб, табиий равишда энди ўзимни мард чоғлаб кетаётсам, ишонасизми, кафедан ўтган жойдаги бурилишдан шундай қайрилган эдим, шундай чап тарафдан — сув сизиб оқаётган қир оралиғидан битта... яшил «Нива» ғув этиб тушди-да, йўлнинг чети билан секин кета бошлади.

Шундай тормоз берибманки, бошим ойнага урилди.

«Худо урди, инспектор мени алдаган бўлса-чи?», деб ўйладим. Яна «Жигули»мни секин ҳайдаб, у билан изма-из кета бошладим. Бояги мардлигим қаёққа кетди денг?

Тезроқ юрса — тезлашаман, секинлашса-секин. Қадамига қараб, ичимни мушук таталаб, «Яна кечикадиган бўлдим-да!» деб бораётиб эдим, «Нива» бирдан тўхтади-да, эшиги очилиб, битта рус боласи бошини чиқарди.
— Ҳа? — дедим. Машинамни сал илгари ҳайдаб, бу томоннинг ойнасини туширдим.
— Чё ты преследуешь? — дейди.

Қотиб қолдим.
— Извените, извените, — деб машинасига зеҳн солсам, анча эски машина.

Ўтиб кетдим. Яна куламан: «Ўл сен ваҳимачи! — дейман. — Қўрққанга қўшалоқ кўринади, дегани шу экан-да... Дадил бўл-э! Одамсан-ку, анави «диктатор»лар пайдо бўлишидан олдин ҳам бор эдинг-ку? Халқдан ибрат олмайсанми? Халқ уйғонаётир-ку...»

Ана шундай қилиб, йўлда давом этдим. Шаҳарга кириб келдим.

Лекин бир нарсани яширмай айтаман: ҳали-ҳамон шаҳар кўчаларидами, овлоқ жойлардами — яшил «Нива»ни кўрсам, юрагим орқамга тортиб кетади.

Нега бундай? Ақлим етмайди. Балки буям ўйлаб кўриладиган ҳолдир.

1987