OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШукур Xолмирзаев
Асар номиЁсуман (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шукур Xолмирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм21KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ёсуман (ҳикоя)
Шукур Xолмирзаев

Рассом Қўзибойнинг назарида, оламдаги инсонларнинг ҳаммаси ҳам яхши, пок ва самимийдир, лекин... уларнинг орасида қандайдир одамбашара ёсуманлар борки, шулар бузғунчилик қилади: кишилар орасига нифоқ солади, алоқаларини узади, ғийбатчилик қиладилар ва ўзлари бу қилиқларидан хурсанд бўлиб юрадилар. Қўзибой содда эди; ёши ўттиздан ўтган бўлса ҳам, узоғи йили Ленинград рассомчилик академиясини битириб келди. Уруш йилларида ота-онасидан айрилиб, етим болалар уйида тарбия топди, у ерда шайтонга чап берган муттаҳам билан ҳам, ётоқдаги чойшабу одеялларни ўғирлаб, хуфия пуллайдиган ўғри билан ҳам, кечаси эл ётгач, девор оша ҳамсояларнинг чорбоғига тушиб, ўрада сабзиси борми, қазилмай қолган картошкаси борми — каноп қопда орқалаб чиқиб, банкнинг қоровулига сотадиган ярамас билан ҳам ҳамтовоқ бўлишига қарамай, ўзининг болаларча содлалиги ва кўнгилчанлиги сақланиб қолган йигит эди. Ана шунинг учун у одамларнинг феъл-атворлари ҳар хил бўлишини ҳам, ниҳоят, кишилар орасига нифоқ солувчи «ёсуман»лардан бири — улар мавқеидаги фарқ, яшаш шароитидаги фарқ эканини ҳам тушунмас эди.

Рассомлар союзидан кеч чиққан Қўзибой йўлда ҳаваскор рассом дўстини учратиб, унинг машқларини кўргани уйига кирди; дўстиникидан соат ўн бирларда чикди. У кам ичар эди, шу сабабли бир стакан «оқ столовой» ҳам таъсир қилди, пиёда йўлга тутттди. Икки хонали квартирасига етиб келгунича аллавақт бўлиб қолди. Қўнғироқни босди. Хотини Афруза эшикни очдию, ёш қизлардай қувонч билан:
— Суюнчи берасиз! Тўхтанг! — деди.

Қўзибой гангиб, зал томонга аланг-жаланг қарадд у ерда ҳеч кимни кўрмай, хотинини ўпмоқчи бўлди. Афруза тисланиб:
— Вой, уят бўлади! — деди.

Қўзибой эшикни ёпди-ю, унинг орқасида бекиниб турган ёшлик дўсти Худоёрни кўрди.
— Худоёр?! Э-э! Худоёр! — у пояфзалларга қоқилиб, барваста, гирдиғундан келган дўстини қучоқлай кетди. Кўтариб, ерга қўйди. Афтига тикилиб, яна: — Худоёр! Бу сенмисан, дўстим! — деди.

Худоёр мийиғида илжайиб турарди.

Залга ўтдилар. Қўзибой у ерда ҳам бир кишини учратди: у дўстининг ўзидек жуссадор хотини Норбиби эди.
— Э, Норбиби! Келинг, келин! Салом! — деди у қувончдан бақириб.

Ўтириб сўрашдилар. Қўзибой севинчдан энтика-энтика меҳмонларнинг ҳол-аҳволини сўради. Худоёр хотини ўтирган диван четидан жой олиб, чарчаган кишидек стол қиррасига ўмгагини тираб олди:
— Мана, — деди ўзини ўнглаб Худоёр. — Уйинггаям кеп қолдик! Норбиби қўярда-қўймай шаҳарга оборинг, жўрангизнинг уйини бир кўрай, деди, олиб келдим. Ҳозир отпускадаман.
— Дўстим, қачон келдиларинг! Ҳозирми?
— Ҳа, ҳозир поезддан тушдигу тўғри бу ёққа келавердик.
— Жуда яхши бўпти-да, бошимиз осмонга етди! Афруз, Афруза, қаердасан? — Қўзибой ошхона ёққа қараб, газнинг биғиллаб ёнаётганини эшитди. — Ҳа, чой қўйяпти! — деди ва столга кўз ташлаб, унда бир пачка шоколаддан бўлак нарсани кўрмади: ноқулай ўтириб қолгандек қимирлаб, қошларини чимирди, секин ўрнидан турди: ахир, ўзи хотини билан қишлоққа бориб, Худоёрларнинг уйига кириб қолгудек бўлса, дастурхонлари шунақа бўлармиди?! — Ҳозир, ҳозир! — дея у шошиб ошхонага ўтди. — Афруз, Афруз... ҳм, бу қандай бўлди энди?

Чойнакка қуруқ чой солаётган хотини унга кулимсираб қаради:
— Нима, нима бўлди?
— Ҳм, — Қўзибой чўнтакларига қўлини тиқиб, турган ерида бир айланди, томоғини қириб, ўқрайди: — Бу, столда ҳеч вақо йўқ-ку? Нима қилдик энди?
— Нима қилардик, ҳеч нарса, — деди хотини тушунмай.
— Йўқ, йўқ, ахир... ўзинг биласан-ку, биз борганда, улар қўйгани жой топишолмасди, бор нарсаларни олдимизга тўкиб ташларди.

Афруза бир оз ўйлади-да, синиқ кулди:
— Нима қипти, уларда бор, бизда йўқ, бўлганда қўярдик.

Қўзибой бошини орқага қилди:
— Гапинг тўғри! — деди таъкидлаб. — Уларда бор, бизда эса йўқ. Афруза, ақллисан-да! Шунга ақлим етмай, ҳайрон бўлиб турган эдим.

Афруза чойни дамлаб, газга қўйди. Қўзибой илдам одимлаб залга қайтди-да, яна чикди:
— Афруза, — дея шивирлаб унинг ёнига келди: — Нон ҳам йўқми?
— Ноннинг суви қочиб қолган экан, — деди Афруза. — Қўшнининг молига бериб чиққан эдим. Ўзлари ҳам кеч келишди, ҳозир магазинлар берк.
— Ҳа, — Қўзибой шундай деб қишлоққа бориб қолган вақтларида буларнинг уйига қачон кирмасин, ҳатто тонготар маҳалда ҳам йўқни йўндиришларини эслади: — Ҳм, лекин... булардан уятга қолдик-да!
— Нега ундай дейсиз, ахир ўзингизнинг жўрангиз-ку! — деди Афруза. — Мен улардан сўрадим, қорнимиз тўқ, ресторанда овқатландик дейишди ўзлари.
— О, ресторанда! — Қўзибой қотиб кулди, яна залга ўтди. — Хуш келибсан, дўстим. Худоёр, келинжон! Мана бу бошқа гап! Лекин, Худоёр, мен сени танқид қилишим керак, сенда феодаллик бор, ҳа, бўйнингга ол! Келинни ҳеч қачон бирга олиб юрмагансан.
— Мана, энди бошладик-да, — деди Худоёр.

Norbibi xuddi eridek horg‘in koʻrinar, uyning faqir jihozlariga oʻychan qarar, shokolad pachkasini barmog‘ida turtib-turtib qoʻyardi.

Афруза чой келтиргач, Қўзибой уни пиёлаларга қўйиб, меҳмонларга узатди:
— Марҳамат! Марҳамат! Э, сизларни қаранг-а! — Ў ўйланиб, Худоёрдан сўради: — Худой, қорин қалай? Афруза айтди, тўқ эмиш. Сизники-чи, келин, тўқми?
— Худога шукур, тўқ! — деди Норбиби ва Қўзибой келиннинг сўз тарзида қандайдир беписандлик ва кишини таҳқирловчи оҳангни уқди.
— Йўқ, йўқ! — дея ирғиб ўрнидан туриб кетди:
— Йўқ, бекоргинани айтибсизлар! Э, Афруза, шуларни гапига ишондингми? Ахир... Ҳа-ҳа-ҳа! Ахир, поездда ресторан қачон бекилади? Булар ёлғон гапиришяпти!

Qoʻziboy oshxonaga chikdi. Orqasidan kelgan Afruzaning bilagidan ushladi: — Pul bormi?

— Ҳозир нима топила қолади? — деди Афруза.

Қўзибой ўйланиб қолди:
— Тўғри! — деди. — Лекин... Бирон нарса қилиш керак-да!
— Бир қути чучвара бор, шуни қайнатайми?
— О, яхши, яхши! Жуда ақлли хотинсан-да, Афрузам! Битта ўпай!
— Ундай бўлса, сиз... бирон шиша ароқ топиб келинг!

Қўзибойнинг кўзлари чарақлаб очилиб кетди:
— Қойил! Ахир, булар ароқсиз ўтирадими?!

Қўзибой коридорга чиққанда, ортидан Худоёр етиб келди:
— Қаерга кетяпсан?

Қўзибой энди ўз ахдидан мамнун бўлиб:
— Йўқ-йўқ! — деди, — сизлар меҳмон!.. Ўтиратуринглар, ҳозир, дарвоқе, меҳмоннинг ихтиёри мезбонда!

Худоёр ичкарига қайтди, хотинига маънодор тикилиб қўйди. Афруза чойнакни Худоёрнинг олдига суриб, ошхонага чиқди, у куймаланиб, тақир-туқир қилар экан, Худоёр хўрсиниб манглайини силади. Норбиби бўлса, эрига қаттиқ тикилиб турди-да, пиқиллаб кула бошлади.
— Нимага куласан? — деди Худоёр дўқ қилиб.

Норбиби яна қаттиқроқ кулди.
— Ҳа, энди... булар меҳмон кутиб ўрганишмаган-да, — деди Худоёр. — Шаҳарлик...
— Шаҳарлик, — Норбиби хахолаб юборди, сўнг бошини эгиб: — Шўрим қурсин! — деди. — Ҳой, мени шу ниятда бу ёққа оп келдингизми? Очдан ўлдирасизми мени? Йўлга чиқаётганда шунақа бўлишини айтмайсизмики, егилигимни олиб келардим.
— Бўлди! — Худоёр эснаб, тўнғиллади: — Ресторанда овқатландинг-ку?
— Ресторан эмиш, — деди Норбиби. — Тирноқча гўшт билан икки дона картошка ҳам овқат бўптими. — У яна уйни кўздан кечириб, кулди.

Худоёр унга дўқ урмоқчи бўлиб, илкис қаради-да:
— Бас, овозингни ўчир, — деди. — Эрталаб кетамиз!

Афруза меҳмонлардан яна хабар олди... Бу вақтда Қўзибой паст кўчада машина кутиб турарди. Бир такси келиб тўхтади. Қўзибой машинага ўтириб, шоферга илтижо қилди:
— Дўстим, менга яримта ароқ керак бўлиб қолди... уйга азиз меҳмон кеп қолди. Тушунасиз-ку? — деди.

Шофёр ароқ сотадиган чолнинг ёнига обориб қўйишини айтди.
— Лекин қайтиб келмайман, заказ билан кетяпман, — деди шофер.

Қўзибой шунга ҳам хурсанд бўлди.

Уйда меҳмонларнинг суҳбати давом этарди:
— Бошқа ердаям уйлари борми буларнинг? Ё шуми?
— Билмадим, — деди Худоёр. — Ҳар ҳолда бўлса керак. Шаҳарликларнинг ҳовлисиям, квартирасиям бўлади.

Норбиби бош ирғаб қўйди.

Чучварани қозонга солган Афруза қайтиб кирди.
— Афрузахон, — деди Норбиби. — Эртага участкаларингизгаям олиб борасизларми? Ё қишлоққа шу ердан кетаверамизми?

Афруза тушунмади:
— Қанақа участка? — деди ва кулди. — Участкага дейсизми? Участкамиз йўқ. Участкани нима қиламиз? Бу ер яхши!

Эр-хотин зимдан бир-бирларига қарашди.
— Шу-шу, — дея чайналди Норбиби. — Бор бисотларинг шуми?
— Ҳа, шу! — деди Афруза. — Бўлади-да!
— Уфф...

Қўзибой келди. У Худоёрни мажбур қилиб, бир-икки пиёла ичирди, ўзи ҳам ичди... Норбиби яна ўзини тута олмади:
— Қўзибой ака, машинага пул йиғяпсизларми дейман?
— Машинага?! — Қўзибой кулиб юборди. — Машинага ҳожат йўқ. Ана, кўчада трамвай, троллейбус бор, бўлади-да. Машина сизларга керак. Олсаларинг бўлади...

Норбиби ранги ўзгариб чойдан ҳўплади. Ўринга ётишгач, эрига:
— Ўлгудай хасис экан-ку булар! — деди.
— Билмадим, — деди Худоёр.

Улар суянчиғи ёзиб қўйилган диванда ётишар эди.
— Эрталаб гум бўламиз бу ердан! — деди Норбиби. — Энди билдим! Қани, булар қишлоққа боргач, уйга обориб кўринг-чи, ўзим биламан! Қўйинг-э, одамгарчилик ҳам шу бўптими. Булар борганда, ўзимни қўйишга жой тополмасдим!.. Буларнинг эса парвойига

келмайди-я?

Эрталаб меҳмонларни Қўзибой уйғотди-да, шошиб:
— Юринглар, мастерскойга кирамиз, — деди.

Ҳозир офтоб чиқиб турибди. Расмлар яхши кўринади.

Эр-хотинга мезбоннинг бу «одобсизлиги» ёқммади. Улар эран-қаран ўринларидан туришди. Ювиндилар. Қўзибой уларни устахонага олиб кирди.

Меҳмонлар ичкарига қадам босишлари билан бўёқлар ҳиди димоқларига урилди, бу ердан тезроқ чиқиб кетиш ниятида, остонада тўхташди.

Қўзибой ҳар хил рамкадаги расмларни ўнглади, сўнг ҳар бирига изоҳ бериб:
— Биринчи таассурот қалай! — деди.

Худоёр ҳам, Норбиби ҳам бу расмларда ўз қишлоқлари, унинг манзаралари ва одамларини яққол кўришди. Сўнг рассомдан буларнинг нархини сўрашди. Қўзибой гангиб қолди, дудмал жавоб берди. Қайтиб чиқдилар.
— Энди кетамиз! — деди Худоёр. — Бозорда ишимиз бор, кейин қишлоққа қайтамиз.
— Мунча тез?! — деди Қўзибой. — Шаҳарда қурилиш кўп, кўриш керак.
— Янги музей, кинотеатр! — қўшимча қилди Афруза.
— Бизлар қишлоқи, келин, — деди Норбиби. — Қурилиш кўп экан, кўрдик, кинони телевизорда кўрамиз.

Худоёр ўйланиб, тушунтирди:
— Тўйчиғимиз бор, бир-икки юз метр газмол олишимиз керак. Бугун якшанба, вақт ўтмасин!
— Чой ичинглар...
— Мана, иссиқ нон олиб келдим, — деди Афруза. — Қаймоқ бор.

Чиқдилар. Қўзибой қишлоққа борган маҳаллари дўстларининг то катта йўлгача узатиб қўйишларини эслади:
— Бўлмасам, ишларингиз битгач, бу ерга қайтиб келинглар... — деди. — Вокзалга олиб чиқиб қўяман!

Худоёр кулимсиради:
— Имкони бўлса келамиз.

Норбиби кулди:
— Бу йил эртароқ боринглар, кутамиз. Қора камарга чиқамиз, қўй сўямиз, тандир кабоб қиламиз!

Қўзибой сергакланиб, дўстига қаради:
— Бўпти! — деди. — Афруза, бу йил албатта борамиз-а? Бир маза қилайлик! Колбаса жонга тегди?!
— Бўтгги, бўпти! — деди Афруза.

Меҳмонлар хусусий машинага ўтириб жўнадилар.

Қайтиб келишмади...

Авжи баҳор кунларининг бирида Қўзибой билан Афруза тоғ этагидаги қишлоқларига боришди... Афрузанинг таржимаи ҳоли Қўзибойникига ўхшаш эди: у ҳам уруш йилларида ота-онасиз қолиб, етим болалар уйида тарбия топган, шунинг учун баъзи расм-русмни билмай ўсган эди.

Қўзибой таниш шофернинг уйида меҳмон бўлди, эртасига Худоёрга телефон қилди:
— Салом, Худоёр! Биз келдик! Дўстим, Қора камарга чиқамизми? — деди.

Худоёр сукут қилди, сўнг:
— Қўзибой, хафа бўлманг, вақтим йўқ. Агар мол керак бўлса, бераман, олиб бориб сўйинглар! — деди.

Қўзибой алланечук бўлиб кетди:
— Мол... ҳм, биз нима қиламиз молни? — деди. — Бизга... ярим кило гўшт ҳам етади, дўстим! Сизлар билан борсак, бошқача бўларди-да.
— Мен чиқолмайман, хотиним ҳам, — деди Худоёр.
— А, ҳм... унда қачон вақтингиз бўлади, биз кўп турамиз бу ерда!
— Биз.. вақтимиз бўлмаса керак...

Қўзибой гангиб, трубкани жойига қўйди. Кўчага чиқиб, хотини ёнига келди:
— Кетдик, — деди.

Афруза жилмайди.
— Гаплашдим, — деди Қўзибой у ёқ-бу ёққа аланглаб қараб. — Гаплашдим... Лекин... менимча, Афруза, Худоёрни кимдир бузибди. Ҳа-ҳа. Мени унга ёмонлаган биров, сениям... Ҳа, ёмон одамлар, ёсуманлар бор ҳаётда!

1969