OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифШукур Xолмирзаев
Асар номиЁзувчи (Хотира ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Шукур Xолмирзаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм130KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/07/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ёзувчи (Хотира ҳикоя)
Шукур Xолмирзаев

1

Кетяпмиз. Йўл узун, ўнг ёнда — Жипортепа қолиб кетди. Чап қўлда — саёз Измасой. Йўл адоғида Қўштут кўринади. Қорайиб, битта бўлиб.

Одил ака олдинда, шофёрнинг ёнида ўтирипти. Оқи кўпайган сийрак сочи бошига ёпишиб қолгандай, толаси қимир этмайди. Мен у кишининг ортида ўтирибман. Ҳаяжонланаман: юртимни кўраётганим, унинг азиз манзараларига кўзим тушаётгани ва бундан ҳадсиз қувонаётганим учунгина эмас, илк қиссаси «Тенгдошлар»ни ўқибоқ меҳрим тушиб қолган, эҳтимолки, юртимни севишга кучлироқ туртки бўлган ва балки қўлга қалам олишга-да ундаган омиллардан бири бўлган асарларини севган адибимга ҳам ёқишини, айтганим — ушбу манзаралар ёқишини истаб-тилаб ҳаяжонланаман ва оғзим тинмайди:
— Одил ака, Жипортепа дегани — Ифортепа дегани. Ифор бор-ку, гиёҳ... Уни кўрмаган шоирлар гул, деб тасвирлашади. Фақат Ғафур Ғулом «ифорнинг бўйи», деб тўғри айтган. Унинг ҳиди... бошни айлантириб юборади...
— Закускагаям ярайдими? — Одил ака пиқиллаб кулиб қўяди.
— Ўзи-да, ўзи, — дейди Бахтиёр Ихтиёровга ўхшагани учун Бахтиёр лақабини олган шофёр. — Қатиққа булаб урсангиз, жуда кетади-да!
— Ҳе-ҳе-ҳе. Бизбоп экан-да, — дейди Одил ака ва сой узра қорли тоққа қараб, жиддий тортади: айтган гапларига қайтарилажак муқобил муносабат у кишини қизиқтирмайди. Илло, ўша шўхчан муносабатлари анчайин дилдорлик учун, бизнинг кўнглимиз учун, гурунгимиз қизиши учун айтилганини яхши биламан. Ва мен ҳам бирдан жиддий тортиб у киши кўз тиккан тоққа қарайман: нимасини таърифласам экан?

Гап шундаки, Одил ака — меҳмон: «Юртингни бир кўрайлик-чи, мунча мақташади...» деб бир-икки марта айтганларидан кейин, бир тўй баҳона у кишини сафарга чорлагандим ва Одил ака қандайдир зарур ишларидан кечиб, менга қўшилган эдилар. Қолаверса, адиб ўзи туғилган Туркистон манзараларини беҳад севиб тасвирлаган ва у манзараларни ўзимникидек севиб қабул қилган эдимки, шояд менинг юртим кўринишлариям у кишига ёқса, деб ўйлардим: йўқ, истардим ва шунга тиришардим.

Одил ака эса ҳалигидай шўхчан жавоблари билан муносабатини билдириб қўяр ва, табиий, салдан кейин унинг нигоҳини ўзга суратлар тортар, шу асно мен ҳам у кишига «ергашардим»: яна таъриф, тасвир...

Одатда ҳар қандай мезбон ҳам ўзининг суйган меҳмонига шундай муомалада бўлса керак.

Бироқ кўнглимнинг тагида тағин яширин бир ташвиш, айтиш мумкинки, сир бор эди: мен талай катта-кичик ёзувчи-шоирлар билан бу юртга келганман... ўша қорли тоғларгача чиққанмиз ва айримларидан, хусусан, «улкан»ларидан қаноат ҳосил қилмаган эдим: бири, масалан, адашиб қолганингда, ваҳимага тушиб: «Нега адашдинг?» деб туриб олган ва юрагимни қон қилган, бошқаси қоракўл қўйларига, аниқроғи, қоракўл териларига кўпроқ қизиққан ва нуқул ўша манзилларни «кўриш»га иштиёқи борлигини такрор-такрор айттанки, олиб борганимда, сафардан мақсади томоша эмаслиги маълум бўлган; ўзимнинг тенгқур адибларим ҳақида эсламайман: улар — ўзга олам...

Энди сиримнинг пардасини янада баландроқ кўтарсам, у шудир: Одил ака ўзини қандай тутаркан? Нималарга қизиқиб, қандай баҳо бераркан?

Э, Худо, у киши ҳам менинг юртимни севиб қолсинлар-да! Ўзлариники каби...

Хуллас калом, дилимдаги яширин ташвиш замирида ана шу ҳадик ҳам ётарди ва мен у кишини беихтиёр кузатиш, таъбир жоиз десангиз, хатти-ҳаракатларига баҳо беришгаям маҳкум эдим: ўз қаноатларим бўйича баҳони кўзда тутаман...

2


— Шуми Бойсунтоғ?
— Шу! Бойсунтовнинг тизмаларидан бири, — деб гапга тушиб кетдим. — Чўнтоғми, Чўштоғми — билмайман. Чўнтов дейишади... Сезаяпсизми, Одил ака, тилимизда «жўқчилик» номлари кўпроқ қолган. Лекин, ўзаро гапдаям бемалол учрайверади... Ҳали уйга борайлик, бизнинг отани кўгасиз. Натуралний қўнғирот шевасида гапиради. Қизиқ, сизлар ҳам Шайбонилар тарафидан-у, тилларинг тоза, а? Адабийчага яқин?
— Ҳа, шундай, — деб паришон жавоб беради Одил ака. — А, бу тоғларда ёввойи ҳайвонлар кўпми?
— Бор, — деб қўяди Бахтиёр.
— Жуда кўп! — деб тошиб, давом эттираман мен. — Айиқ, қор қоплони, бўри, тулки, шақол.. Бор! — Кейин дамим ичимга туша бошлайди. — Лекин камайиб қолган, Одил ака... Отишади ҳалиям. Браканер кўп...
— Э, геологлар қуритди, — деб гап қўшади Бах-тиёр.
— Ҳа, — деб илиб кетаман. — Тоғда маъдан кўп-да! Хазина-да бу тоғлар! Ана, кўмир кони...
— Геологлар верталётдан отишар-да?
— А-а, билар экансиз, — деб давом этаман. — Шундай... Аммо кейинги вақтда бошқалар ҳам қуритаяпти...
— Ноинсофлар, — деб тўнғиллайди Одил ака. Ва мен у кишининг юзига қарамоқчи бўламан: ифодаси ҳам сўзига мосмикан? Ёки йўлига айтиб қўйдими?
— Табиатни муҳофаза этадиган идоралар бордир? — Одил ака сўрайди.
— Бо-ор, — деб қўяди Бахтиёр.
— Лекин, тайинлик иш қилмайди, — деб изоҳ бераман мен. Кейин куйиниб, тушунтирган бўламан: — Уларга ким бас келолади, Одил ака? Военниларни айтаяпман... Геологлар ҳам шундай: верталётдан отади-отади...
— Нима?

Одил ака хаёлдан арийди чоғи, кейин:
— Э, шунчаки... — деб пичирлайди-да, яна бирдан кулимсираб шофёрга, сўнг менга қарайди. — Бизга қолгандир? Овга опчиқасанми мени?
— О, албатта, — дейман бояги куйинишларимга зид ўлароқ. — Милтиқ бор... — Сўнг йўлига Бахтиёрдан сўрайман: — Ҳозир нималарни отса бўларкан?

У менга қия қарайди-да:
— Сиз биласиз-да, — дейди.
— Ҳа, сен билишинг керак, — таъкидлайди Одил ака. — Сен овчисан. Матёқиб айтувди. Хотинкўприк-да ондатра овлагани чиққан экансизлар...
— Ҳе, кўп йиллар бурун... — дейман ва чалғимаслигимизни истайман. — Бу ерда ҳозирги вақтда, Одил ака, хўш... тўғрисини айттанда, ов қилиш мумкин эмас: какликлар бола очган, қуёнлар ҳам туғаяпти. Бизда уни — товушқон, дейишади. Олтойлар товшон дейишаркан...

У киши ўйчан бош ирғади.
— Яхши, қолган бўлса, яхши, — дейди. Ва бирдан қизишиб кетади. — Қолиши керак-да, чўрт побери! Масалан, келгуси авлодлар ҳам кўриши керак-ку? Биз энди ўткинчи...

Мен у кишига тикилиб қоламан: асабланиб кетдилар — рост. Бироқ, айтган гаплари — ҳамманинг ҳам оғзидан чиқадиган, модний гаплар.

Шунга қарамай, у кишининг ҳаяжони беихтиёр менгагина эмас, Бахтиёрга ҳам юқади ва биз иккимиз биримиз қўйиб, биримиз олиб, ўғри овчилардан ҳикоя айтган бўламиз, уларни сўкамиз ва ҳатто «верталётни отиш» кераклиги ҳақидаги жасоратгача борамиз. Кейин маълум бўладики, Одил ака Қўштутга қизиқиб қараётган экан. Уларнинг атрофида сув йўқлиги-ю қандай ўсиб тургани ҳақида сўрайди ва ўзи жавоб берган бўлади:
— Ё бирон киши сув қуйиб кетадими?

Мен томоқ қириб қоламан: бу энди — романтика. Ким, қайси азамат яланг дашт ўртасидаги қари тутларни суғориб кетади? Жони қаттиқ экан, ер остидан нам олади-да... Бироқ Бахтиёрга кўзгу орқали кўз қисиб:
— Балки суғоришар, — дейман.
— Ундай бўлса, яхши, — дейди Одил ака. Ва: — Чекамиз-да энди... — дея ёнидаги «Ту»дан бирини олиб, лабига қистиради. Бахтиёр шошиб ёнини кавлайди. Одил ака: — Ничево, гугурт бор, — деб тутатади. — Ўрислар бу масалада катта ишлар қилишаяпти, — дея фикрини давом эттиради кейин. — «Литературная»да «Клён — мой клён», деган мақолани ўқиганмисан?

Ўқиган эдим албатта ва ёқтирган ҳам эдим. Аммо:
— Йўқ, ўша сон қўлимга тушмаган бўлса керак, — дейман. Табиий, оғанинг сўзлашини, майли-да, маза қилишини истайман ва яна нималардир қўшимча этса, уни эшитиб қолишни дилимга тугаман. — Қизиқми, Одил ака?
— Жуда зўр. Масалан, мана шундай текис ерда ўсиб туради. Қари бир дарахт. Трасса ўшанинг устидан ўтиши керак... Уни ўртада қолдириб, атрофидан айлантириб ўтказишади йўлни.
— Ў, уккағарлар.
— Тошкентдан чиқишимиз билан тилинг ўзгара бошлади. Тўғри, у ёқдаям билинарди-ю...
— Э, шунчалик ҳам бўлмасинми, Одил ака... Ҳим, лекин баъзан атай гапираман. Эсдан чиқиб кетмасин учун...

Одил ака кулиб қўйди.
— Буям ёмонмас.

3

Дарвозамиз. Йўлкамиз. Онам келаётир. Оппоқ: кўйлаги ҳам, туси ҳам. Рўмолнинг ҳам оқидан, каттасидан ёпиниб, учини томоғидан ўтказиб ташлаган. Сезаман: саксондан ошиб кетган эса-да, томоғидаги ажинларни...
— Мен ўлай, Шукуржон. Овора бўп кепсан-да... Шунчаки, сўксаям овозини эшитиб турай, деб эдим... Худоям омонатини олмайди, ҳаммани қийнаб қўидим...
— Бекор айтибсиз. «Омонатини олмайди» эмиш, — деб ёлғондакам жеркийди дарвозани ланг очиб турган кенжамиз — суюкли укам Хайрулла. — Эрталабдан бери «журагим тушди», деб ҳаммани қўрқитиб юрипти. Уч марта дўхтир кеп кетди... Омонатини топшириб бўпсиз.

Онам ҳам ёлғондакам кулади.
— Укангди биласан-ку?.. Шунинг борига шукр. Урпоқдан бўлган эди. Туғилди-ю, бошмалдоғини эма кетди. Тавба... Момонг раҳматли синдирибгина қўйди. Ана, икки чиначоғиям қийшиқ питиб қолган... Ассалом-алайкум, меҳмон,
— Ҳа, олдин меҳмон билан кўришинг, — дакки беради Хайрулла. — Улингиз қочиб кетмайди... Одил ака, юринг. Тортинг, ака, улуғсиз.
— Хўш кепсиз, меҳмон, қадамларингиздан айланай... «Устозим билан бораяппан» деб эди бу шогирдингиз... Қўлларидан сўмкани ол, маҳмодоналик қилма, Хайри!

Шунда йўлка адоғида бошига оққина қийиқни чандиб олган, девқомат отам кўринади. Яноқларининг кенглиги билан Одил акага ўхшаб кетади.
— Ҳў, Шукурбой ҳам кеп қоптилар-ку? Келинг-келинг, ташканлик.
— Бу киши — Одил Ёқубов! Энг катта ёзувчи! Телевизорда кўргансиз! — деб бақириб уқтиради Хайрулла. — Олдин меҳмон билан кўришинг-э, уккағар.
— Ҳа, эса шундай қиламиз... Хўш кўрдик, мейман... Ҳе, ўзимизга ўхшаб кетар экансиз-ку?
— Ажаб эмас уруғдош чиқиб қолсангиз, — деб яна бақиради Хайрулла.

Кулги кўтарилади. Кўришув. Ўзига хос — ярим қўпол, ярим юмшоқ мулозаматлар.

Ҳазил-ҳузулдан Одил ака ҳам четда қолмайди.
— Шундай яхши онамиз бор экан, отамиз бор экан. Укангни қара... Шаҳарда нима қилиб юрибсан — ҳайронман. Масалан, мен ўрнингда бўлганимда...

Яна кулги. Мен ич-ичимда завқланаман: у кипшнинг «онамиз, отамиз» деб, буларни-да ўзиники қилиб гапириши менга мойдай ёқади. Иўқ, титратади ва хаёлимнинг бир қатидан Учқун Назаров шу даргоҳга қадам қўйганида, онамни менга ўхшаб: «Эна», деб атагани ва бундан кўзимга ёш келаёзгани эсимга тушади: илло, мен дўстимнинг онасини у каби: «Ая», дейман.

Бу хотирага эргашиб, бошқа икки катта адибнинг бу борадаги муомаласи ёдимга тушади: «Хола» деб атаганди бирови, «кампир дадил...» деган эди иккинчиси.

«Юринг, марҳамат, тортинг-тортинг» билан ҳовуз бўйидан ўтиб, болохонага кўтариламиз. Меҳмонхона. Дастурхон. Кўрпачалар, болишлар.

Чўкамиз.
— Ҳа, мейман, хўш кепсиз, — дейди отам фотиҳадан кейин. — Бачалар чопаяптими? Ташканлар жойидами?.. Биздинг. улимиз қалай, бу язувчи? Теккина журиптими? Сўкадиган одатлари бор... Ҳе, булардинг ҳаммаси эрка бўлиб ўсти...
— А, мана шундай домилалари, оғалари бор-да, — деб отамга тушунтирган бўлади онам. — Қадамларидан айланай...
— Хўп. Ҳозирча пастга тушиб, бир айланинг, эна, — дейди Хайрулла. — Келиннинг бир ўзи...
— Ҳа, рост айтдинг. Эсар бўп қолганман. Манавини кўриб, гапданам адашаман...
— Боринг-боринг... Ога, сизам калта қилинг... Анавини сўясизми, ё ўзим...
— Сен баччасан. Ўтир, гурунг бер... Каклигинг қани? Ҳали шу ерда журиб эди.
— Ҳозир опкеламан... Ҳа, бир пиёладан чой ичайлик, кейин... Нима дедингиз, ўртоқ Холмирзаев?

Одил ака авайлаб сўрайди:
— Полвон ака, сиз Шукурнинг чин отасими?
— Э, чиниям биз, ўгайи ҳам — биз, — дейди отам. — Бир қаричлигида қўлимизга тушган... Шунинг изидан худайим мана буларни берди. Бундан каттаканиям бор. Апасиям бор... Шукурбойдинг отасини мулла одам дейишади. Қамалиб, жўқ бўп кетган. Сибир-да... Сўнг энаси биздинг қўлимизға тушган. Худайга шукур, нолиймаймиз, яшаб келаяппиз. Бу яғигаям худа пошша... Агар омонатини олмаса, яна уч-тўрт жил...
— Э, бўлди-э, — деб жеркийди Хайрулла. — Уккағарлар кейинги вақтда нуқул «омонат-помонат» деб гапирадиган бўлишди... Қаришнинг белгиси бу, ота! Уят! Бўйинга опқўйибсизлар... Унда муддатидан олдин чақириб қолипга мумкин.

Кулимсираб ўтирган Одил ака бизларга зимдан тез қараб олади ва:
— Хайрулла менга ёқди. Очиқ гапирар экан... Сизлар ҳам кўнгилга олмас экансизлар, — дейди. — Шукур, сен ҳам шундайми? Тоза сипо бўп қолдинг?
— Ў, шундан ўрганган-да ҳаммаси, — дейди отам. — Ҳа, эса, мен турайин.

У киши туриб кетганидан сўнг Одил ака чойдан ҳўплаб хонага зеҳн солади. У кишининг назарини кузатиб турган Хайрулла айрим суратлар ҳақида гапириб берган бўлади. Пичоқ, милтиқ, қамчи ҳақида сўзлайди-да, бирдан менга қараб им қоқади: «Ҳалигиндан қўяйми? Е гўшт қовурилсинми?»

Унинг нигоҳини Одил ака сезган чиқар, ҳар хил хаёлга бормасин деб очиқ гапираман:
— Опкелавер... Нима дедингиз, Одил ака?
— А, уними? — деб пиқ-пиқ кулади Одил ака. — Қаршилик йўқ... Хайрулла — уйнинг эгаси. Унга бўйсунишдан бошқа иложимиз йўқ... Шу, олдин қўлни чайиб олсак бўларди...
— Ўтиринг-ўтиринг, домилла, — деб туриб кетади Хайрулла. — Дасшў бор, опкеламан... — Кейин уйдан чиқиб, айвонда бақиради. — Ҳе, Холбек, қаякда юрибсан? Мен сенга нима деган эдим?.. Азизани кўтар! Ҳовузга-тушиб кетса, ўзинг ҳам тушасан кейин... Каклик катакка кирдими?

4

Шу пайт йироқдан — йўлкадан ёшликдаги дўстим Нурилланинг шўхчан овози янгради:
— Саломалекум, Полвон бобо! Қассобликни яна бошлаяпсиз-ку?.. Э, ундай жотқизмайди-э! Менга беринг...
— Ўтинг-ўтинг, — дейди отам. — Биз мол сўйиб журганда, сиз отангизди қулоғида эдингиз... Шукур келди. Мейманам келди. Одил ака дегич. Тепада.
— Ҳа, эса, ҳаром томири эсдан чиқиб қолмасин...
— Э, боринг-э, тажикти ўзбакка иш ўргатганини қаранг. Қондан қўрқади-ю бу.
— Мен қўрқар эканманми? Ҳе, босмачи... Йўқ, полвон бобо, нимага мени тожик дейсиз? Қатаған қачондан бери тожик бўлиб қолди? — астойдил куйиниб дейди Нурилла ва овозини кўтаради. — Ҳозир ёзувчидан сўраймиз!
— Уйингиздаям жиккиллаб тажикчалаб жотасиз-у, тағин ўзбекман, дейсиз.
— Ҳе, энди...

Онамнинг овози эшитилади:
— Нуриллажон, қўйинг у кишини. У кипга учун қўнғиротдан бошқаси бекор.
— Шу-шу, саҳройи-да.
— Кеча гулларимни ўриб, молга берди. Тавба... Юқорига чиқинг...
— Э, анави каптарбозми? Кечирасан, какликбоз, қалайсан? Бургутга ўхша-аб қараб турибсан, а? Мен какликка ўхшайманми? Сираям ўхшамайман-да.
— Чиқинг-э, кўп гапирмай! — дағдаға қилади Хайрулла. — Капитан бўлдим, деб, ҳе, тилингиз узун бўп қопти. Бизга язна бўлсангизам қўрқмайман...
— Қўрқмайсан-а, қўрқмайсан... Акангни ҳурмат қиламан-да! Йўғасам сени жойинг...

Шунда отам бақириб юборади:
— Ҳей, Нурилла, чиқсанг чиқ тўбага! Бўлмаса, мана бу арриқ экан, ўзингди жотқизаман!
— Эшитдингми, Нури? — деб кулади онам.
— Ўлай агар, холажон, фақат шу кишидан қўрқаман, — дейди Нурилла ва зум ўтмай, зинапоя тап-туп этади-да, ёзги — оппоқ милитсия капитани формасида Нурилла киради. — Ассалому алайкум! Турманглар! Одил ака, ўтиринг-э... Ҳа-а, раҳмат. Хуш кепсиз энди? Қийналмай келдингизми? Узоқ йўл, кун иссиқ... — Одил ака паст товушда нималардир дейди. Англайманки, ўзининг жавоби эмас, бошқаларнинг гап-сўзию саволи қизиқтиради. — Ҳа, сиз-чи Шукур? — деб мен

билан сўрашади дўстим. — Келин-кепчик, болалар, а? Ҳаммаси жойида? Яхши...

Мен Нуриллага чой узатаман. Одил ака эса унга манглайи остидан боқиб сўрайди:
— Сиз қатаған уруғиданми?
— Чисти қататон, — жавоб беради Нурилла жид-дий тортиб. — Нимайди, Одил ака?
— Йў, ўзим, масалан... Кечирасиз, бу ерда қатағанлар ҳам тожикча сўзлашадими?
— Йўғ-э, — деб орқага тортилади Нурилла ва чўккалаб ўтириб олади. Кейин менга қараб қўйиб, давом этади: — Лекин кўп жойларда тожикча сўзлашади... Нимага шундай, а, Шукур? Ҳайронман. Шукур ҳам шунга қизиққан эди, сабабини билолмадик... — У баттар тажангланиб кетади. — Шу Бойсуннинг кам деганда ўттиз фойиз одами — қатағонлар. Лекин йигирма беш фойизи десам ҳам муболаға бўлмайди, тожикча гаплашиб юради. Ана, атлас фабрикаси! Ярим қизи — бизнинг уруғдан...
— С-слабий бир уруғ-да, — деб Хайрулла ароқни унинг олдига қўяди. — Эрта-индин ўрисча сўзлашиб кетишиям ҳеч гап эмас... Нима дедингиз, язнажон? Сизлар олдинда юрасизлар-да, а? Шамол қаёқдан эсса, ўша ёққа бурилиб, тўғрими?
— Алжима, — деб қўяди Нурилла. — Ўрисга қарши ташвиқот қилаяпти, деб акт тузаман.

Хайрулла қийшиқ битган жимжилоғини кўрсатиб, бир нима дейди. Ҳаммамиз кулиб юборамиз.

Одил ака ҳам силкиниб куладилар-у, кейин менга боқадилар.
— Шукур, бизнинг уруғ ҳам — қатаған, — дейди. Ва мезбонлар бир-бирига ялт-юлт этиб қарашади. Сўнг Нурилла шишани олиб чайқатади-да, укамнинг боши узра кўтаради.
— Нима қилай, э, қўнғирот бачча? Шукур, рухсат берасизми?... Майли, кечирдим. Аммо билиб олдингми язнанг кимлардан эканини? Отанггаям ат; энанггаям айт! Бойсунга жар сол... Милитсия капитани Нурилла Муртазаев Одил Ёқубовнинг уруғидан де! — Укам боёқиш ийманиб, лабини қимтиб жилмаяди. Мен ҳам қандайдир уялган кишидек кулимсирайман.

Бироқ ичдан яна ҳаяжондаман: Одил Ёқубовнинг уруғдошлари Бойсунда! Йўқ: Сурхон ўлкасида қанча қатағон бор? Вой, тавба! Туркистон қайда-ю, Сурхон қайда?

Тўғри, мен бу уруғлар тарихини, ҳарқалай, биламан ва бу юрт ҳам қадим Туркистоннинг бир парчаси экани кундек аён: бироқ ҳайратга тушаман, холос. Ва Нурилланинг, ниҳоят, жиддий саволга чоғланганини кўриб, ўзим ҳам Одил акага бурилиб ўтираман.
— Одил ака? — дейди Нурилла ва жим бўлади.

Унинг саволи маъносини англаган Одил ака:
— Ҳа-ҳа, — дейди чордана қуриб ва аллақандай букчайиб. — Мен эшитган эдим. Сал-пал билардим ҳам. Масалан... Лекин менга сизларнинг муомалаларинг жуда ёқди. Бевосита, панимаете... Непосредственност бор, а, Шукур?

Мен енгил нафас олиб:
— Ҳа, шундай экан. Мен ҳам бу ердан узоқлашгач, сездим бу ҳолни, — дейман.

Шунда Хайрулла ҳам хижолатдан чиққандек, ирғиб туриб, тахмондан лўла болиш олади-да, Одил аканинг тирсагига қўяди.
— Ёнбошлаб ўтиринг...

Одил ака бирдан бурилиб, унинг елкасига қоқади.
— Яхши йигит экансан, Хайрулла... Вот, — дея даврага юзланади. — Ўзбекнинг қизиқлиги, ранг-баранглиги мана шунда, ўртоқлар. Биз буни тушуниб, қалбларимизга сингдириб олишимиз керак, токи битта яхлит миллат эканимиз, битта Ўзбекистон деган ватанимиз борлигига ҳар дам, ҳар онда имон келтириб, унинг билан, масалан, фахрланиб, унинг ҳимоясига ҳар он тайёр туришимиз лозим, деб ўйлайман.
— Раҳмат. Яшанг, Одил ака, — дейди Нурилла бениҳоя чуқур фикрни эшитгандек. Кейин бирдан кулади. — Сен ҳам эшитдингми, Хайрулла?
— Бўлди энди, — деб тўнғиллаб қўяди укам. Ва менга қарайди. — Сал қовурдоқ бор эди...
— Опке, — дейман.
— Ҳозир...
— Матлабга қўнғироқ қип қўй... Базм нечада бошланади? Нурилла, сиз баковулдирсиз?
— Ҳа, ширинхонага хўжайинман... Соат... Бир ярим соатдан кейин турамиз... — Шундай дейди-ю, эшик оғзида тўхтаб қолган Хайруллага дўқ қилади: — Бор энди! Опке опкеладиганингни!.. Олдинроқ сўйиб қўймайсизларми шу қўзини? Ҳе, пухта бўп кетаяпсан-да сен ҳам...

Хайрулла чопиб чиқиб кетади.

5

Бир оздан кейин менинг яна икки дўстим: яқинда Ёзувчилар уюшмасига қабул қилинган, «Тоғ ҳикоялари»нинг муаллифи Исмат (бурун) Норбоев билан шаҳар санъаткорларининг устози, машшоқ Абдуқаюм Абдулхаев кириб келишди.

Шўхликда улар ҳам Нурилладан қолишмайди. Хайрулла укам билан бемалол гаплашишда ҳам, онам-отамга эркинсирашда ҳам. Одил акага ҳурмат кўрсатишда ҳам дарҳол бир умумийлик кўзга ташландики, дақиқалар орасида эл бўлиб кетишди, яъни, келганлари билинмай қолди.

Ниҳоят, сўйилган қўзининг қовурдоғи ҳам келди. Яна шиша очилди ва Одил ака ҳам даврага қўшилиб-сингиб, унинг бир доимий аъзосига айланиб қолдики, энди мезбонларнинг меҳмон демасдан, яъни, Одил акага ортиқ эҳтиром билдирмасдан муомала қилишлари-да, қолаверса, ҳазил-қочирма гап отишлари-ю, Одил аканинг баҳоли қудрат жавоб беришларида билинарди бу...

Шунинг учундирки, бизни тўйхонага олиб кетгани келган Бахтиёр қаҳқаҳамиз устидан чиқиб:
— Ё, қудратингдан, — дея ёқасини ушлади, — Одил ака, сизни танимай қолдим: ўлай агар, тирноқча парқларинг бўлса... У ёқда — тревога, машҳур ёзувчи келаркан, деб кўчага чиқишди одамлар... Турасизларми?

Тўйхона. Одамлар. Давра. Текисланиб, сув сепилган майдондан чанг ҳиди келади. Аммо давра устидан кесишиб ўтган симларда чироқлар ёниши билан хаёл чалғийди ва қўлбола ўриндиқларга ўтиришаётган қиз-жувонларга кўз тушади. Уларнинг қошидан ўтаётган навжувон йигитлар-у вазмин-вазмин эркаклар у томонга майин, қитмирона гаплар отишади ва у ёқдан ҳам шунга муносиб тагдор гаплар чиқади.
— Сизларда бемалол ўтиришаркан-а? — дейди Одил ака сочининг кўзи устига тушганига атай парво қилмасдан сигарет бурқситаётган Исматга. :— Паранжи ёпинишганми бу ерда? Бизда, масалан, паранжи бўлмаган ҳисоб...
— Ғирт ўзимиз экансиз-да, домиллажон, — дейди Исмат хиёл қизарган кўзларини бақрайтириб. — А Шукур?.. Ана, Шукур даштдаям яшаган. Даштдаям аёллар юзини очиб юради. Бемалол... Тоғдаям. Шаҳарнинг марказида паранжи ёпинишган албатта... Шуям, менимча, бой оилаларда...
— Тўғри айтаяпти, — дейман мен ва тарихга шўнғиётганимни билмай қоламан. — Паранжининг ислом дини билан алоқаси бўлмаган, Одил ака. Ислом тарқалишидан бир ярим минг йил бурун ҳам шу ёпинчиқ бўлган экан...
— Шундаям кибор оилаларда.
— Раҳмат.
— Ҳар хил типлар кўп экан-а?
— Ў, домиллажон, тентак ҳам шу ерда, соғ ҳам, — деб хитоб қилади Исмат. — Мана, масалан, мана бу ғижжакчининг қошига қаранг. Пайваста... Ҳе, аканг айлансин! Анави «жандармерия»да тук ҳам йўқ. Нуриллада...

Мен яна тушунтиришга ҳаракат қиламан:
— Бойсунликлар асли — қурама халқ, Одил ака. Қўнғирот, қатағон, тожикдан бошқа — қовчин ҳам бор, олчин ҳам бор, чағатаю турк ҳам бор...
— Э, ҳаммаси ўзбек-да, — дейди Исмат инжиқланиб ва жилмайиб ўтирган Абдуқаюмни кўрсатади. — Бу қаламқошли ким тожик дейди? Ўлай агар, уйидаям ўзбекча гапиради... Тўғрими, ўзинг айт? Одил ака, қулоқ солинг.

Абдуқаюм кулиб, шикоятомуз тарзда айтади:
— Шунақа, Одил ака. Хотиним бўлса: «Сен ўзбекларга сотилгансан», дейди. Болаларим ҳам ўзбек мактабига қатнайди. Тожик мактаби бор — боришмайди. Нима қилай?.. Мана бу миршабнинг уйига кирдингизми?

Столимиз олдида қўлини белига тираб турган Нурилла:
— Ғийбатимни қилма, Қаюм, — дейди тахдид билан. — Ана, Менгли келди. Айтаман, чаккангга ёпиштирилган пулдан бир сўминиям қолдирмайди...
— Шундай ҳам қил, — дейди Абдуқаюм кулиб, — ўйинчимга айтаман, орқангдан қолмайди, то сени касод қилмагунча... Исмат, ишонмайсиз-да, буни шарманда қилиш мумкин... Тўғри айтасиз, бундан бир сўм чиқса, тамом, уйқудан қолади... Айтмоқчи, Одил ака, наҳот сизнинг уруғингиздан-а, шу милиса?
— Ҳе, куйибгина кул бўл, — дейди Нурилла бу ёққа қарамай. — Сен хойин...

Одил ака сигарет чекади ва қаршимизда кулимсираб келаётган баланд бўйли, қирра бурун йигитга тикилиб қолади. У йигит келиб, Нуриллага «кишт» дегандай қўл учини силкитади-да, менга илжайиб қўйиб, Одил акага қўл узатади.
— Ассалом алайкум. Хўш кўрдик, Одил ака... Кечирасиз, мен шу тўйнинг эгасиман... Ҳой, нимага таништирмай ўтирибсизлар? Майли, ҳали кўраман... Ўзим таништираман: мана бу ёнингиздаги ёзувчига тоға бўламан мен. Ёлғиз тоғасининг ўғлиман. Тоғаман. Хўш, мен тўйга таклиф этганман... Мана бу шайканиям. Аттангки, буларнинг ҳаммаси — менинг жўраларим... Бурун билан бирга ўқиганмиз. Абдуқаюм кейин қўшилган. Бу киши — ўртоқ Холмирзаевнинг ўртоғи. Келаётиб деворидан чақирмадими?.. Шундай одати бор эди. Ўша ерда томоқни ҳўллаб, кейин уйга келардилар... Ҳа, сизни юзхотир қилган...

Шунда Нурилла унга дўқ қилади:
— Мундай ўтириб гаплаш! Яхши кутиб олдинг, раҳмат... Қаранглар, кўчага чиқиб, бағрини очди-я! Ахир, бир тўйчи бўлса шунчалик бўлади-да...

Матлабжон унинг гапига парво қилмай Одил акадан узр сўрайди:
— Келинингизни уруғлари келиб эди. То кўришиб, фотиҳа ўқигунча...
— Э, ничево, Матлабжон, — дейди Одил ака. — Узр сўрашингизни ҳеч ҳам ҳожати йўқ. Мен бу даврада, биласизми, масалан, ўзимнинг ёшликдаги ёр-дўстларимни кўрдим. Мен Бойсунга келганимдан жуда хурсандман.
— Илойи, шундай бўлсин, — дейди Матлаб самимият билан. — Ҳали хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз... Нурил, эрталаб тоққа чиқасизлар-а? Шукур ака, биз шундай план туздик. Мен бу ерда келди-кетди билан бўламан. Сизлар тоғда айланиб, дам олиб келасизлар. Кейин яна...
— Айтмоқчи, молларингни кўрсат менга... Одамлар ўрнашгунча вақт бор ҳали, — деб чиранади Нурилла. — Семизгина бир улоқ бўлса бўлди. Тандир қиламиз... Одил ака, улокда ёғ кам бўлади, кабоби яхши чиқади.
— А машҳур тандир кабоб, — деб қўяди Одил ака. — Яхши. Матлабжон, сиз даврага қаранг.
— Раҳмат, Одил ака. Келганингиз учун минг раҳмат... Бу ер — ўз уйингиз. Мана бу йигитлар...
— Одил акамни шайкабоши қиламиз, — деб пихиллаб кулади Исмат. — Эшитяпсанми, ҳей, миршаб? Жўрабошиликдан чиқдинг! — Кейин менга қараб, баттар пихиллайди. — Бир қатағандан қутилиб, иккинчисига тутилар эканмиз-да...
— Дод, — деб қўяди Нурилла.

Кулги-кулги билан Матлаб кетади. Кейин Нурилла ҳам узр сўраб, унинг изидан йўрғалайди.

6

Салдан кейин Абдуқаюм ҳам:
— Кечирасизлар... Одил ака, маъзур тутасиз, биз — хизматга, — деб туриб кетди-ю, унинг «ғийбати» бошланди.
— «Шалола»ни эшитганмисиз, «Шалола»ни? — деб сўради Исмат Одил акадан.
— А, фолклор ансамблими?
— Отангизга раҳмат, домиллажон... Ўзбекистонда биринчи халқ ансамбли! Полшада иккинчи ўринни олиб келди. Дунё бўйича. Кумуш болтани опкелди! Музейда турипти... Насиб бўлса, кўрасиз уни... — Кейин: — Оҳ! — деб пешонасига урди Исмат. — Шунинг эвазига ансамбл тарқатилди.
— Как это? Тушунтириб айтинг, Исматжон, — деди Одил ака ва менга қараб кулди. — Бу — парадокс-ку, Шукур? Унинг пешонасини силаш ўрнига тарқатсалар.
— Шукур, айтинг, айтиб беринг. Мен бир айланиб келай. Матлабнинг тўйи... — деб Исмат ҳам қўзғалди ва рўпарамизга келиб, жой олаётган Хайруллага та-йинлади: — Сен қараш... Хизматда бўл! Матлаб — сенгаям тоға! Мошинасини ҳайдайсан...
— Тоғам бўлгани учун ҳам мошинасини ташладим, — деди Хайрулла ғижиниб. — Асалчилик қиламан. Куним ўтади... Боринг, хизмат қилинг. Мен қилиб қўйганман... Одил ака, қалай бўляпти дам олиш? Қишлоқнинг тўйи-да...
— Ҳаммаси жойида, — деди Одил ака. — Всё нормални... — Кейин Исматга қараб кулди. — Бизга-ям хизмат бўлса, айтинглар. Ўзимизнинг жўрабоши деб қўйдинглар-ку?
— Ҳе, янги жўрабошининг қурбони бўлай! — Исмат столга ёпиқ докани шарт кўтарди. Ноз-неъматлар очилди. — Мана, хизмат! Сиз бошлаб бермагунча, сузилиб ўтиради Шукур ҳам... Кўк чой ичасизми, қора?
— Бизга барибир. Сизлар ичадиганиям бўлаверади... — Одил ака зўр аския қилгандай кулиб, мендан сўради: — Кечирасан, Шукур, «Шалола»ни нима учун мундай жазоладилар?
— Э, «Шалола»ни гапиряпсизларми, — деди Хайрулла. — У мендан сўзлашга рухсат сўрагандай қараш қилди-да, давом этди: — Бу шўрликлар юртдан чиқмаган. Туркияни бўлса, яхши кўришади... Ўзимиз ҳам бир ҳисобда — турк-да. Тўғрими?
— Тўғри.

Хайрулла жонланиб, бамаъни суҳбатга қўшилганидан, табиий, хурсанд бўлиб, давом этди:
— Қаюм аканинг айтишича, булар Полшага боргандан кейин Туркиядан келган ансамбл қатнашчилари билан учрашиб қолишади. Таги бир, тили бир. Бир-бирини соғиниб юрган эмасми, мана мундай ош-қатиқ бўлиб кетишади.

Мен Одил аканинг ҳайрон бўлмаслигини кутувдим. У киши, аминман — бунинг сабабини билганлари ҳолда:
— Наҳотки? — деб бирдан қизишиб кетди. — Ахир, бу яхши ҳодиса-ку? Масалан, бир халқ вакиллари бошқа халқ вакиллари билан яқинлашса... Қолаверса, а, Шукур, ўша кўриклар деймизми, мусобақалар деймизми, ўтишидан мақсад нима? Халқларни бир-бирига яқинлаштириш эмасми?
— Худди шундай. Раҳмат, Одил ака, — дейман мен ва қўлларимни ёзиб илжаяман. — На чора...
— Суволочлар, — деб тўнғиллайди Одил ака ва укам менга олайиб қарайди: «Ёмон-ку бу одам?» — Вот, шундай қилиб, тарқалиб кетдими?
— Офитсиални-да, — жавоб беради Хайрулла. — Лекин ҳозир ўзларини кўрасиз. Буларни тарқатиб бўпти...

Одил ака ўйланиб қолади.

7

«Шалола»нинг ўзаги — «Яқ-қу!» бўлса керакки, қўшиқнинг суръати-ю ифода шакли, яъни, қўр тўккан йигитларнинг ўзига хос рақси тез орада вилоятдан ҳам чиқиб кетди; қўшни вилоят кишилари «Шалола»ни «Яқ-қу» орқали эслайдиган бўлиб қолишди.

Бу қўшиқда нима борки, одамни тезда махлиё қилади? Ва руҳингни кўтариб, нимадир қилиқлар қилишга ундайди?

Таъқиқланган ансамблнинг, демак, маън этилган «кўзири» ижро этиларкан, даврани деярли доирасимон ўраб олган оломон гурс-гурс қарсак чалар, кўплар ўринларидан туриб кетишган, қандайдир ёввойи қий-қириқлар-да авж ола бошлар экан, ўлай агар, Одил акани таниб бўлмас эди.

Япалоқ юзидаги Чингизхонникига ўхшаш қошлари чимирилиб кетган, бироқ ул улуғ хондан фарқли ўлароқ ҳаяжонга йўғрилиб, ўқтин-ўқтин шивирлар эди:
— Нима бу?

Мен у киши эшитадиган даражада сайрай бошладим:
— Ана чол, ўтирипти-ку ўртада. Ўша чол охири ўрнидан туриб, йигитларга қўшилиши керак. Яъни, у тирилади... Нима учун тирилиши бошқа масала.
— Э, ўшаниси керак-да. Демак, мухим бир маъно бор экан бунда! Лекин сўзлари...
— Сўзлари кўп ўзгарган.
— Яқ-қу — нима дегани? Яқ қувми?

Одил аканинг беихтиёр оғзидан чиқиб кетган бу сўз, назаримда, «Яқ-қу»нинг янгитдан кашф этилган маъносидек туюлди: чиндан ҳам «яқ» билан «ақ» — оҳангдош, «қу» эса — шундоқ ҳам «қув» шаклида айтилади. Бундан хулоса чиқадики, ўртадаги чол — қандайдир «оқ қув», яъни, оққуш бўлиши мумкин... Ярадордир? Касалдир? Ҳолдан тойгандир у? Оқибат, ёш-яланг тазйиқи, шаҳди-жаҳди билан ўрнидан туриб кетади.
— Ў-а, бўлиши мумкин, — дейман тезгина юқори-да айтганимни хаёлдан кечириб. Сўнгра Абдуқаюм ташкил этган бу ансамблнинг ғоявий раҳбари — жияним Холиқ Хуррамов билан ушбу сўз мағзини чақишдаги уринишимизни айтаман: — Лекин, Одил ака, қадимги турк тилида «Яғ-ғу» деган сўз ҳам бор...
— «Буяғ» эмасми?
— А-а, буям қизиқ вариант. Буяғ — унвон, даража бўлса керак, а?
— Шундай.
— «Яа-ғу»да маъно кўпроққа ўхшайди, Одил ака...

Я-ғу — ёв десак, демак, қабилани ёв босаяпти, туриш керак — оёққа қалқиш керак, деган маъно борга ўхшайди мана шу ҳаракатларда... Демак, ўлаётган чол ҳам ёв босаётганини англаб, ўрнидан туради... Бу — ўзига хос пантамимо...
— Йўқ, анави шарҳингда жон бор... Ҳим, всё-таки, жуда қадимги қўшиқ экан-да, — гўё хулосага кела бошлайди Одил ака. — Қара, йигитларнинг ҳаракатлариям ёвқур.
— Ҳа..
— Ҳе-э, биз кўп нарсани унутганмиз... Унутишга мажбур қилишган: арабиям, форсиям, ўрисиям...

Мен аста томоқ қириб қўяман. Укам кўзини олайтиради. Қандайдир хизматларини қилиб келиб, Одил аканинг ёнига — жойига ўтириб олган ва атай суҳбатимизга қулоқ бераётган Исмат, ниҳоят, ғулдираб қолади:
— Ўрис... шу, шу... Шунинг сиёсати етди бошимизга... Хайрият, Бойсун бор... Бойсун — халадилник, Одил ака. Бунга одамниям консерватсия қилиб тиқиб қўйиш мумкин... Бузилмасдан тураверади. Бир кун келиб, қарабсизки...
— Исматжон, гапларингизни тушунмаяпман, — дейди Одил ака. — Кейин айтасиз.
— Тўғри, кейин айтаман... Лекин Бойсун бузилди. Кейинги вақтда. Усмон рост айтади: «Кетиб қопти Бойсундан Бойсун!» А-а, отангга раҳмат, Усмонжон...

8

Шу пайт ўртани обораётган Собиржон — Матлабнинг она томондан жияни — журналист микрофонга чертиб, тарқалаётган яқ-қучиларга раҳмат айтди-да:
— Ўртоқлар, жиндак гурунг ҳам керак, — деб қолди. — Бу ҳарбий қўшиқдан кейин, майли, ҳарбийча гурунг бўлсин... Нима? Ўзим бошлаб бераман.

Қаердандир ортимизга етиб келган Нурилла Исматга бир нималар дея шивирлар экан, Одил ака — Иккинчи Жаҳон урушининг охирги кунларида Манжурияда хизмат қилган собиқ ҳарбий яна чимирилиб:
— Эшитайлик, — деб қўяди. Шу билан қўшнилар ҳам жимийди ва Собирнинг янгроқ овози тарала бошлайди:
— Ана, этакдаги Шаҳид гузарда Омон полвон деган киши ўтган экан. У киши Афғонистонга бориб, кўп полвонларни енгиб, лекин тиришма деган касални орттириб келган, кейин тиришиб вафот этган эканлар. У кишидан бир қизу бир ўғил қолган бўлиб, ўғилнинг номи Абдураҳмон экан. У киши ҳам отасидек полвон бўлиб етишади ва Бойсунда биринчи марта ташкил бўлган халқ театрида ишлайди. Қатор рўллар ўйнайди..

Одил ака менга савол назари билан қарайдилар. Мен «сабр қилинг, гап бор» дегандай ишшаииб қўяман.
— Жаҳон уруши бошланиб, Абдураҳмон полвон фронтга кетади ва Русиянинг ғарбий чегаралари учун бўлган жангларнинг бирида бедарак йўқолади. Яъни, Матлаб акамларга шундай извешение келади: «Безвести пропал...»

Кимлардир:
— Йўқ, ундай эмас... — дейишди. Энди Исмат уларни босди:
— Охиригача эшитинглар. Илтимос, оғажонлар... Буям бир нарсани билар...
— Йиллар кетидан йиллар ўтади. Абдураҳмон полвон бедарак йўқолганча қолаверади, — деб давом этди Собиржон. — Бу орада Матлаб ака эр йигит бўлади. Қишлоқ хўжалик институтини битиради. Раёнга келиб, агроном бўлиб ишлайди. Ниҳоят, «Хамза» совхозига директор...
— Э, тоғангиз ҳақида гапиряпти-ку? — дейди Одил ака туйқус мамнун бўлиб кетиб. — Чекишга олинг-э... Да, сўзга чечан экан бу йигит...
— Шу ўтган йиллар орасида Матлаб ака бир орзу билан яшайди, — яна давом этарди Собир. — «Отам қандай қилиб йўқолиб қолиши мумкин? Тўрт мучали соғ одам ҳам ғойиб бўладими? Ўлган бўлса — ўлигини, тирик бўлса — дарагини топаман», деб юрадилар-у, Иттифоқнинг барча чегара вилоятларига кетма-кет запрос юбориб турадилар. Қарабсизки, Белоруссиядан жавоб келипти: «Отангиз шу ерда дафн этилган. Қардошлик мозорида. У киши партизанлар орасида жанг қилган ва қўлга тушиб, ярадор ҳолда кўмилган. Фашистлар кўмиб юборишган. Марҳамат, келинг, ўртоқ Абдураҳмонов!»

Одил ака сигаретни ерга ташлаб юборди. Кўзи қандайдир ялтираб:
— Фожиа, фожиа, — деди. — Эй, ўттиз йиллаб билишмаса, айтишмаса? «Бедарак йўқолди» — вассалом. Нима бу, одамнинг қадри шунчалик бўлдими? Ахир, у шу Иттифоқни ҳимоя қиламан деб борган эди-ку?

Шуни айтишим керакки, давра аҳлининг бир кўзи биз тарафда, аниқроғи, Одил акада, шу-чун бу ерда гап-сўз бўлиб қолса, давранинг раиси ҳам сўзини тўхтатиб турарди.

Табиийки, Одил аканинг фавқулодда қизишиб айтган гапларини қаторимиздагилар эшитди.

Собир эшитмаган эса-да, маъносини тахмин қилдими — маъқул ишораси-ла бош ирғиб, тағин давом этди:
— Бордик... Матлаб ака мен билан Умиджонни ҳам олиб Белоруссияга жўнадилар. Минскдан у ёғига мошинада, кейин тракторда кетдик. Қор қалин экан. Борсак, бир қайинзор... — Одил аканинг кўзида ёш кўриб, мениям кўнглим бузилди. У киши хўрсиниб, ароқдан бир ҳўплаб қўйдилар-да:
— Ҳе, Шукур, менга нақадар таниш, — дедилар. — «Эр бошига иш тушсални ўқигансан-а?
— Ҳа..
— Айтмоқчи бўлган сўзим шуки, — деб ҳикоясига якун ясай бошлади Собир, — агар Абдураҳмон полвон тирик бўлганларида, шу давранинг тўрида савлат тўкиб ўтирган бўлардилар... Мана, у кишининг ўрнида неваралари Алишер ўтирипти... Ҳе, чолларнинг олди-да. Каравотда...

Шунда Одил ака:
— Мен бир оғиз гапирсамми, — деб қолдилар менга. Мен шошиб, Собирга қўл кўтардим. У:
— Гурунгни эшитганларинг учун раҳмат. Навбат яна «Шалола»га! «Ҳалинчак»... — деди-да, гуррос чапаклар остида микрофонни таглигига ўрнатиб, қошимизга йўрғалаб келди. — Ассалому алайкум, Одил ака!
— Салом, Собиржон. Яхши йигит экансиз, сўзамол... Шукур, Собирга узатинг. Томоғини ҳўллаб олсин... Да, кечирасиз, Собиржон, сиз ҳам армияда хизмат қилганмисиз?
— Ў-ў, бу Афғонистонни оламан, деб бориб, зўрға қутулиб келди-ку, — деди Исмат.

Кулги бўлди.

9

«Шалола»нинг юлдузига айлана бошлаган Сайёра Қозиева икки йигит елкасига обкашдек кўтарган «арғимчоқ»қа ўтирган ҳолда қўшиқ айтиб «чиқди»:
— Ҳалинчак-э, ҳалинчак, Ҳалинчакда келинчак...

Қўшиқнинг учинчи ё тўртинчи марта айтилиши — аниқроғи, қайсидир замонларда айтилган халқ қўшиғининг қайтадан кашф этилиши эканки, ўзаро суҳбатимиз бўлиниб қолиб, унга қулоқ тутдик: ўйноқи, шўх, дилга яқин...

Ниҳоят, қўшиққа ўйин уланиб кетди. Хайрулланинг ёнида — бизга қараб ўтирган Собиржон:
— Одил ака, менга бошқа саволлар йўқми? — деб сўради. — Балки сўз айтарсиз, эълон қилайми?

Мен бош ирғадим. Одил ака:
— Айтмоқчи, ҳа, ижозат бўлса, биз ҳам икки оғиз сўз айтсак, — дедилар. — Лекин кейинроқ... Қизларингиз ҳам жуда тушишар экан! А, Шукур?.. Нимага биттанглар ҳам бу ердан уйланмагансизлар? На Усмон, На Эркин, на сен... Ҳе-ҳе-ҳе... Биламан, тушунаман: тақдир-пешана...
— Шу-шу, — дедим. — Биз Муқаддасларга етишганмиз, холос... Собиржон, Одил акамнинг «Муқаддас» қиссаларини ўқигансиз-а?
— Мактабда! — деб юборди у ва Одил акага қўлини узатди. — Ўшани ёзган қўлингизни бир қисиб қўяй!

Одил ака илжайиб, унга қўлини берди. Сўнг:
— Ваенний закалкангиз бор, — деди. — Айтмақчи, Авғанда хизмат қилгансиз-а?
— Ҳа, Одил ака. Афғониниям кўрдик... Унча-мунча сирларга кўзимиз очилиб ҳам келдик...
— Масалан? — Одил ака чамаси йўлига сўради-ю, кейин қизиқиб тикилди. — Ўша сирлардан биронтасини айтишингиз мумкинми? Агар, военний тайна бўлмаса...
— Э, тайна бўлсаям айтавераман... Бу жон — фойдага қолган, Одил ака!

Одил ака жиддий тортди: шундай ёш йигит шунақа деса... Кейин ўйинни ҳам унутиб, тағин чимирилиб олди.
— Қулағим сизда.

Собиржон ёш бўлишига қарамай, давраларимизнинг собит иштирокчиси эди; ҳазил-ҳузул бобида ҳам «отасини аямас», айни чоғда дангалчи ҳам эди.
— Э, нимасини айтасиз, — деди у. — Мен... шовинизмни кўриб келдим! — Кейин тўхтовсиз давом этди: — Ертўлага кириб яшириндик. Ўқ ёғилаяпти. Томга тирсиллаб урилгани эшитилади. Камандирнинг тўппончаси тушиб қопти. Бизга буюради: «Вихадити, ишите!» деб авчаркага буюргандай... Бизлар энди, тушунамиз, «қоралармиз». Ким ўлишни истайди? Чиққан йигит ўлади. Сўзсиз... Бирдан автаматни ўзига қаратдим: «Вихади сам, сука», дедим. Болалар ҳам автаматларини ўнглашди... Ҳе, қўрқмас экан-да.., деб зўрға қутулди...

Биз унинг оғзига қараб қолгандик. У — Собиржон анчайин бир нарсани айтгандай:
— Лекин қасдини олди, — деди кейин. — Просто имконият туғилиб қолди-да унга... Икки йил ўтди. Яна уч ой хизмат қилдик... Уруш-да. Настаяший уруш...
— Тасаввур қиламан.
— Бизга жавоб бўлди. Ўрнимизга папалнение келди... Шунда бир заставани духлар ўраб олгани маълум бўлди. Камандир ялина кетди: «Бу малакасослар порохни ҳидламаган. Бир рейд қилинглар. Охирги марта...» Ҳаммамиз руҳан тайёрмиз: кетишга! Юртни соғинганмиз. Дўстларни. Ота-онани... Жавоб берилган куни ўлиб кетиш — абидна-да! Йўқ, дедик. Хизмат —

тамом, дедик. Биз уже нима учун, қим учун урушаётганимизни тушуниб бўлган эдик... «Йўқ» деб туриб олди. Паспортларимизни йиғиштириб олди-да: «Трибуналга бераман!» деди. Ноилож жашта кирдик... Ўн саккиз йигит эдик. Ўн биттамиз қолди.
— Ўлди?
— Ҳа... Ҳе, у ерда бизнинг қадримиз йўқ эди... Бир ҳисобда яхши бўлди: кўзимиз очилди...
— Ҳа. Ҳеч қачон қадримиз бўлмаган, — деди Одил ака бошини эгиб-ирғаб. — Ўф-ф, ҳайронсан...

Шунда Исмат:
— Бўлди-э, — деб қолди. — Эсламайлик... Мана, — оғзини очиб, тилла тишларини кўрсатди. — Қани тишларим? Таъмни биладиган оппоқ тишларим? Ўзга юртда қолди, — деб бирдан шивирлади. — Ракетний базада қолди. Бировнинг сочи, тирноғи, менинг тишларим қолди. Бир суткада чол бўлдим...

Кулиб юбордик. Кулгимиз албатта Исматга ёқди. Аммо қадрини янаям кўтариш учунми, Хайруллага дўқ қилди:
— Сен нимага куласан, жўжахўроз? Порохни ҳидламаган? Акам ёзувчи деб...
— Да, идите... — деб юборди Хайрулла. — Қаяғдан билибсиз искамаганимни? — Кейин Одил акага қараб шикоят қилди: — Олти ой гаупвахтада ётдим. Ҳозир ҳам совуқ текса, белим оғрийди... Солардим-да, «чуч-мек» деганини...

Одил ака қўлини узатиб, унинг билагидан ушлади. Кейин бошқа қўли билан Собирнинг қўлини тутмоқчи эди — у тутди. Шунда Исмат ҳам шошиб, қўдини чўзди-ю, Одил аканинг тирсагидан ушлади. Одил ака унга кулиб қўйиб:
— Раҳмат сизларга, — деди. — Мен хурсандман... — Кўзлари яна ғилқ ёшга тўлди. — Мен

фахрланаман... Ана энди сўз берсангиз, майли, Собиржон.

10


— Азиз меҳмонлар! Йигитлар, қизлар! Матлабжон — Абдураҳмон тоғамизнинг... шу Ватан учун, халқ учун, каттакон Иттифоқ учун, қолаверса, масалан, Белоруссиянинг озодлиги йўлида жонини қурбон қилиб, етарлича қадр кўрмаган оғамизнинг ўғиллари, Матлабжон! Авваламбор, тўйларинг муборак бўлсин! — деб одатдагича қайтариқ, изоҳ ва ҳаяжон билан бошладилар Одил ака. Ва «Тошкентдан тўйга етиб келган» машҳур ёзувчини олқишлаб чалинган чапакка тўлиб кетди давра. Нотиқ бундан илҳомланиб, айни чоғда кўнгли ҳийла хотиржам тортгандек, яъни, маърака ўзимники бўлди, деган каби давом этдилар: — Менинг Бойсунга келганимга, масалан, бир неча соат вақт бўлди, холос. Бироқ мен буни, бу қадимги ўлкани... Алпомишнинг ватани, Алпомишлар ватанини, яна масалан, Шукур ёзганидек, қадимий Бақтриянинг марказларидан бирини кўрибгина қолишга эмас, унинг мард, танти ва тўғрисўз йигитлари билан танишишгаям улгурдимки, бундан ўзимни, масалан, бахтли ҳис қиламан... — Яна чапак гуриллаб кетди. Одил ака сўз излагандек қўримизга кўз ташлаб олиб, хитоб қилдилар. — Биз язувчилар ўзбекнинг характери деганда, кўпроқ Фарғана водийси одамларини кўзда тутамиз. Ман, масалан, ўзим туғилган Туркистон одамларини кўз олдимга келтираман... Келтирар эдим...

Одил аканинг нутқини қисқартириб айтиш мум-кинки, оқибат, гапни — тўйбола Алишерга оптушиб боғлаб:
— Абдураҳмон ака бобонгдек, отанг Матлабжондек бўл! Ўзбекда бир мақол бор: «Болангдан ҳурмат истасанг, отангни ҳурмат қил», дейдилар. Бунинг маъноси бениҳоя чуқурдир... Отанг Матлабжоннинг ўз падари бузруквори Абдураҳмон полвон учун қилган фарзандлик бурчи — сен учун сабоқ бўлсин, — дегандан сўнг Матлабнинг ёр-дўстларини бирма-бир тилга олиб: — Булар шу тупрокда туғилиб ўсган мард, танти, сўзи билан иши бир ўғлонлардир! Буларнинг деярли ҳаммасини ватанпарвар, шу юрт учун ҳеч нарсасини аямайдиган, унинг ор-номуси учун охиригача кураша-диган йигитлардирки, булар ҳам сен учун, масалан, ибрат намунаси бўлиб қолишига ишонаман! Ахир, қуш инида кўрганини қилади, дейди-ку халқимиз... — дея Собиржон узатган пиёлани олиб ва кулимсираб: — Қани, шу гапларга қўшилган ўртакдар шу оби зам-замдан кўтарганча олсинлар, — деб, кулги-қийқириқ остида пиёлани бўшатдилар.

Шундан кейин яна қўшиқ, ўйин, сўз айтиш давом этди. Ниҳоят, ўиинни билмайдиганлар ҳам ўртага тушиб, сўз берилмаганлар ҳам нутқ ирод қила бошлагач, бизлар Нурилла жўрабоши раҳнамолигида қўзғалиб, ушбу давра адоғида, яъни, шу бедапоянинг этагида тикилган ўтовга бориб кирдик.

Эртаси «касал оши»ни ичиб, тоққа жўнадик: ўша қорли чўққининг пойига...

11

Адирлар. Тўлқиндек кўтарилиб-пасайиб кетган ва тек қотган тўлқинларга-да ўхшайди. Фақат булар сариқ: буғдойпоялар, лалмикор қирлар. Тошлоқ йўлни ғажигандек ўрлаб бораётган «Газик» секинлаганда, солланиб турган хайригул шохида зарғалдоқ сайрайди. У шу қадар хотиржамки, биздан жилла ҳайиқмайди ва шу тариқа бизнинг кўнглимизга ҳам бир осудалик, ҳатто лоқайдликка яқин туйғулар бахш этади.

Мошинада чайқалиб-чайқалиб кетаверсанг... Аммо шахсан мен кўнглим тагида бу йўллардан юрганларимни, салдан кейин қандай муюлиш келишини ва чамаси, қайси жойда уловни тўхтатиб, Одил акага «мақтаниш»ни, тўғрироғи, мақташни ўйлайман ва туйқус эслайманки, бирон ярим чақирим ўрлаб боргач, ўнгга кескин қайрилиб, сувсиз сойдан ўтамиз...

Ёзнинг мана шу кунларида унинг суви қурийди, яъни, Хўжақўчқор ота айрисидан тушаётган шаршаранинг бир ҳовуч бўлиб қолган муздек суви сойнинг ўша ерларида — тош оралиқларига сингиб кетади.
— Бахтиёржон, Қоплондарага энишда бир тўхтата-сиз, — дейман. Ва ёнимда ўтирган Нуриллага қарайман. — Ҳалиги жойни бир кўриб ўтайлик.
— Ҳа, — дейди Нурилла ҳушёр тортиб. — Одил ака, бир қизиқ жой бор-да, яввойи хурмо ўсиб ётади... Шукур топган уни. Айтиб беринг, Шукур. — Сўнг нарига сурилмоқчи бўлиб, семизгина улоқнинг бўйнидан қучганича мизғиб келаётган Исматни бурчакка тиқади. Исмат ихрайди. Нурилла уни гавдаси билан мендан тўсади. Исмат унинг елкасига муштлагач, Нурилла унга илкис бурилиб қарайди ва кулади. — Э, сен шу ердамисан?

Исмат унинг елкасига яна бир мушт уради. Одил ака кулишни афтидан хаёлгаям келтирмайди.
— Шукур, роса ўраб ташлаган-а? — дейди. — Ахир, қантса кантсов, бу ҳол халқнинг ғазабини келтиради-ку! Қачонгача чидаш мумкин...

Ҳаммамиз жим қоламиз. Чунки жилла изоҳсиз аёнки, биз мустамлака, қараммиз...

Буни тан олгимиз келмайди, холос...

12


— Ҳа-э, золимгаям боққан бало бордир-да, — дейди Нурилла. — Ҳокимияти абадий эмас... Тўғрими, Одил ака? Ҳеч қачон ҳокимият абадий бўлмаган. Тарихдан маълум-да... Нимага туртасан, бурнингни эшик қисиб олсин! Ахир, мен тарих факултетини битирганман, ғалча.
— Нурилла, тўғри айтасиз, — дейди Одил ака ҳамон жиддийлик билан. — Ҳеч қандай истибдод, империя, салтанатлар абадий қолмаган. Бари ўткинчи. Ўзимиз қоламиз, халқимиз қолади, юртимиз қолади. Фақат кўп шикастлар еймиз-да... Шукур, нега қўшилмаяпсан? Нимани ўйлаяпсан? Айтмоқчи, сен бу гапларни биздан ҳам яхшироқ билишинг керак, эсселарингда кўп ёзгансан... Да, мана шу — тасалли, ўртоқлар. Лекин қараб турмаслигимиз керак. Ҳар ким баҳоли қудрат...

Бахтиёр менга қаради.
— Тўхтат, — дедим. — Кечирасиз, Одил ака... Ҳалиги жойни бир кўрайлик.
— Ҳа, Нурилла айтувди.

Сойга энаверишда таққа тўхтади мошина. Бирин-кетин тушдик. Куннинг иссиғи дарҳол билинди. Атроф чигирткаларнинг чирқ-чирқ, жиз-биз этган товушларига тўла, рангсиз янтоқлар, итқовунлар муаллақ турганга ўхшар эди.

Мен тиканлар оралаб, соҳилдан бир оз юриб, нариги қирғоқ ўркачини кўрсатдим.
— Одил ака, ўшанда ёш эдим. Ўн икки ё ўн учда эдим. Пастда қолиб кетган Паданг қишлоғидан бир Ибодуллабой деган чол ва унинг ўғли Абдурасул билан овга чиққандим... Мана шу ерга келганимда, ана ўша сариқ тош ёнидан бир каклик учиб чиқди. Чиқди. Ер остидан чиққандай... Отдим. Типирчилади-ю, ғойиб бўлди. Яна ер остига кириб кетгандай...
— Юриб гапиринг, юриб, — деди Нурилла. — Барибир пастга тушамиз-ку?
— Эй, Шукуржон, қайтишда кирармиз, салқин-да, — деб қолди Исмат. — Кун қизимасдан арчага етиб олайлик... Уҳ, қовоғини қаранг. Юринг-юринг. Ҳе, бу одамнинг бўлгани шу: минг марта хўп дейди-ю, билганидан қолмайди.

Одил ака менга қизиқиш билан қараб турарди.
— Ерга сингиб кетди, шундайми?
— Ҳим, ҳарқалай, бир гап бор, деб ўша ерга тушиб бордим. Қарасам, бир тешик бор. Ичкарида сув шилдираяпти... Ана шу сойнинг сувида..
— Қаранг, Одил ака, сувнинг қаёққа кетишини билиб бўлмайди, а? — тушунтирди Нурилла мамнунлик билан. — Ҳолбуки, у анави арнага кириб кетади-да...
— Ҳа, ернинг остида дара бор экан, — дедим ва сўқмоқдан эна кетдим.

Улар ҳам бир амаллаб қуйига, аслида сой ўгган ерга тупшшди. Мен қирюқ бағрида қорайиб турган ўйиққа энгашиб кирдим. Кейин бошқалар ҳам киришди. Тепадан ёруғ тушиб турарди, биз чанғароғи очиқ ўтов ичига киргандик: биқинларни сув емириб, камар қилиб юборган...
— Мана шу ер нимаси биландир Тешиктошни эслатади, а, Исмат? — деди Нурилла. — Эшитгансиз-а, Одил ака, неандертал одами яшаган торни? Ташқарига чиқсак, кўринади!.. Тоғи кўринади-да! Катман чоптининг...
— Бўлди, бўлди. Биламан, — деди Одил ака ва яна бирдан яйраб кетди. — Ажойиб мамлакат... Ҳе, йигитлар, буни севинглар, бу билан фахрланинглар... Хато қилмасам, Тешиктош — Ўрта Осиёда ягона тор.
— Ягона, — деди Исмат.
— Шу-шу. Ҳе, Одил ака, биласиз! — деб талтайиб кулди Нурилла. — Мана бу Исмат бўлса, ўқимаган, билмайди... Китобим чиқди, дейди. Ишонмайман шунинг асар ёзишига... Мунинг афтига бир қаранг: наҳотки шу ёзувчи бўлса?!
— Отаман сени, — деди Исмат. — Кейин семиз бир қобонни отдим, деб ҳикоя қилиб ёзаман.

Шу пайт Бахтиёр шошилиб бурилди ва тешикдан сиртга чиқди. Исмат ҳам ғулдираб унинг изидан чиқди. Нурилла менга ҳайратланиб қаради. Мен унга. Шу пайт ташқаридан Исматнинг:
— Нури-ил! — дегани эшитилди.
— Бўлди, улоқ чиқиб қочган, — деди Нурилла. — Чиқайлик, Одил ака. Кайтишда яна кирамиз. Бу торнинг давоми бу ёкда... Бир кун юрсангиз ҳам охирига етолмайсиз...

Одил ака алланечук завқланиб турарди.
— Улоқ қочиб кетган бўлса, нима қиласизлар? — деди. Худди унинг қутилиб кетишидан манфаатдор одамдек. — Шошманглар, бу савол-да.
— Жавоби шу, — деди Нурилла. — Шопирди еймиз... Э, куласиз-а, Одил ака...
— Юринглар-э. Омон бўлинглар... Сизларнинг муомалаларинг ҳам уникални...

13

Ҳаво қизиётир: ҳар дўнгалда, ёнбағирда сароб жимирлайди. Қушларнинг овози йироқлардан келади. Тупроқ йўлда илон излари. Осмон кенгайиб ва чуқурлашиб кетган. Биз учовлон ҳам табиатнинг бир толғин бўлагидек сўқмоқда турибмиз: қошлар чимирилган, юзда ҳорғинлик.

Чиқиб келган йўлимиз ҳе-э пастликда, ўйикдан ўрлаб келганга ўхшайди. Ўйиқ оёғида — қишлоқ қорайиб кўринади. Йўлнинг давоми бир айланибоқ палахса тошлар сочилиб ётган — қўтир қирга тирмашади. Қирнинг ўркачларида палахсалар йирик-йирик ва тобора ўсиб каттариб борганга ўхшайдики, оқибат дарз кетган чўққилар ҳосил қилади.

Биз беихтиёр ўша томонга қараб-қараб қўямиз. Нимагаки, улоқнинг дараги ўша ёқдан чиқади: улоқ-эчки жонивор ҳамма вақт баланд-бузуқ жойларга қочади. Олис авлодлари кийикларни эслармикан қочаётганда...

Табиий, Бахтиёр у ёққа олдин чопиб кетган. Исмат кейин унга эргашган...
— Одил ака, мошинанинг соясига ўтинг. Ўтинг, ака. Кун ўлгир қизиди. Тош-да тош... Ярим соатдан кейин жаннатга борамиз. Шукур, Қўққиянинг нари ўнгирида яхши шабада бор-да... Қизиқ, қишин-ёзин эсиб туради...

Нурилланинг гапидан мақсад — Одил акани овутиш, чеҳрасини очиш.

Одил ака сўзни тўғри қабул қиладилар ва миқ этмай мошина ёнига йўл оладилар. Биз ҳам бурилган чоғда юқоридан шовқин келади:
— Кетди-ии!

Қараймиз: қора-сарғиш узун жунлари (қил дейишга тил бормайди) селкиллаб ва ялтиллаб тушиб келяпти улоқча. Нақ устимиздан энади.
— Шукур, Шукур, — деб ташвиш-ла шивирлайди Нурилла. Хатосиз англайман: жонивор ўтиб кетиб қолади: биз ҳам қувлаб тутолмаймиз бу буғдойпоялар-да. Уни тўхтатиб қолиш учун нима қилиш керак? Битта йўл бор.

Мен:
— Ҳозир, — дейман Нуриллага ва отилиб, кабинага суқиламан. Тимирскиланиб, орқа ойна тагида чўзилтириб қўйилган биротар ов милтиғини оламан. Сўнг ўша ердаги дастурхону карзиналарни нари-берига суриб, уч-тўртта картон патронли ўқ топаман. Иккитасини олиб, ерга тушаман-да, бирини дарҳол милтиққа жойлайман. Ва шу ернинг ўзидаёқ қўндоқни елкага тираб, улоқни нишонга оламан: кўкраги ўнг келди. Бўлмайди: гўшти қорайиб кетади... Ҳозир, ҳозир. Барибир бурилади...

Ҳақиқатан ҳам улоқча бизга кўзи тушиб, нақ тиканли буғдойпояга бурилади ва бизлар қимир этмай турган эсак-да, мақсадимизни жуда яхши биладигандек сакраб-сакраб ёнимиздан ўта бошлайди. Мей унинг олдинги оёқларини нишонга оламан: чўккалаган кўйи думалаб ёнимизга тушади...

Шунда сезаманки, ёнимда узатилган қўл милтиқ стволидан ушлайди.
— Ҳа? — деб бақирганимни сезган пайтимда Одил акани кўраман. — Нега?
— Отманг, илтимос... — У кишининг чеҳрасида қандайдир хавотирми-изтиробми, ишқилиб омухта бир ифодани кўраман ва беихтиёр хавотирланиб қоламан.
— Нимага?.. Кечирасиз, у кетяпти... Одил ака, қўлингизни олинг.
— Шукур!

Мен дўқни эшитаман ва аъзойи баданим бўшашиб кетади. Аммо ҳамон умидворлик билан улоқнинг кетидан қарайман: олтмиш-этмиш метрлар пастлади. Ҳозир ҳам...

Шунда рўпарамизда Бахтиёр кўринади ва нимагадир қоқилиб учиб тушади. Унинг ортидан чиққан Исмат мендан нафратланган каби бақиради:
— Нега отмай турибсиз?

Нурилла ишора билан Одил акани кўрсатади. У пишнаб тўхтайди-да, Бахтиёрни сўкади:
— Ўл-э, тўғри йўлда йиқилиб юрсанг! Туф де, кал бўласан... Сендан одам чиқмайди! Ўлай агар сен билан юрсам, очдан ўлдирасан мени... Матлабга айтиб, ишдан ҳайдатмасам кўрасан! Ҳой, қаяққа бораяпсан? Мошинани мин! Ҳайда! — Исмат олдимиздан ўтади. — Кечирасиз, Одил ака, унга етиб бўлмайди... Э, пичоқни ол, Нурилла!

Нурилла ихтиёрсиз бир тарзда биқинини пайпаслайди-да:
— Кабинада! — дейди.

Мен милтиқни буклаб, патронни оламан. Сўнг ствол ичига бир кўзимни қисиб қарайман: кирланипти... Пуфлайман. Кейин Нурилладан сўрайман:
— Бу кимнинг милтиғи ўзи?
— Матлабники бўлса керак... Эрталаб Исмат сўраганда, «мошинада бор», деб эди.

Шунда англаб қоламанки, Одил акани (қандайдир) хижолатдан халос қилишни истаяпмиз.

14

Одил ака аста бурилиб, харсанг ёнига борди. Кейин бинафша ранг бўлиб гуллаб турган абрук тупидан бир чангал юлқиб олиб ҳидлаганча қоянинг у томонига ўтади-да, сойга қараб ўтиради.

Биз кўзларимиз қисинқираб, этакка қараймиз: улоқча ҳамон қочиб бораяпти... қутилиб кетадиган-дек. Мошина унинг изидан тушган, чанг кўтариб эна-япти.
— Шукур, хафа бўлдилар, — дейди Нурилла улоғ-у мошина ҳақида гапираётгандай.
— Ҳа, — дейман. — Исмат ўлгурнинг гапиям тегди... Юринг, кўнглини кўтарайлик.
— Сезилиб қолади, бир минут сабр қилинг... Чекинг. Гугуртчўпни ташламанг...
— Мошинада кетипти.
— Яхши одам-а?
— Ҳа..
— Кўнгли очиқ экан... — Сўнг қиқиллаб кулади... — Мундай одамни алдаш осон.
— Ўлинг.
— Омади гап-да бу... Содда эканлар. Эй, нимага шундай бўлади, а? Ойбекниям кўп алдашар экан-а? Хотини сотиб олган кўмирга пул тўлаб юрганми?
— Улар ишонади, — дейман тумшайиб. — Ишонишни истайди... Э, бир-биригата ишонмасанг, бу дунёнинг нима кераги бор... Биламан, сиз ҳеч кимга ишонмайсиз...
— Оббо! Ахир, болаликдан бирга ўсдик... Бирон марта сездингизми сизни алдаганимни?
— Бошқаларни-чи?

У яна киқиллаб кулади.
— Милиса халқи сергумон бўлиши керак... Лекин, менимча, Одил аканинг кўнглиям бўш экан.
— Билмадим... Лекин жойи келганда, отасиниям аямайди! Шу... бўридай ташланади. Кўрганман-да... Ўзи мард одамлар содда келади, тўғрими?
— Шу гапингиз тўғри... Ана, тутишди! — Нурилла шодон бақириб юборади.

Ҳақиқатан ҳам, мошина тўхтагани, Исматми, Бахтиёрми чанг ичида чўнқайиб ўтирганига кўзим тушди. Ва аста Одил акага қарайман. Нурилла ҳам қарайди ва икковлон жиламиз. Одил ака ҳам ўрнидан туради ва афтидан нимадир дейиш учун:
— Сўйиб опкелса керак, а? — дейди.
— Албатта, — дейди Нурилла. — Эчки шайтон бўлади-да, Одил ака. Ўлишини билади. Шунинг учун анавиндай боғлаб қўйиб пичоқни қайрай беринг, бағиллай беради...
— Барибир йиртқичмиз-да... — дейди Одил ака.— Шуни боқамиз, тарбия қиламиз-да, бир куни сўйиб еймиз... Шукур, сен ҳам шафқатсиз экансан...
— Гап бунда эмас, Одил ака, мен шунчаки... Ана, қочиб кетди. Барибир сўйилди...
— Йўқ, Шукур, барибир Одил акам ҳақ, — дейди Нурилла. — Уй ҳайвонини отиш, а, Одил ака, сал... номарддик. Кечирасиз, Шукур, ўша пайтда милтиқ қўлимда бўлса, мен ҳам... — У яна қиқиллаб кулади.

Одил ака эса ўз ҳаракатига, ниҳоят, сабаб топгандай:
— Конечно, номардлик бўларди, — дейди ва бутун вужуди ишончга тўлади. — Ўзларинг мард йигитсизлар... Ҳар битталаринг — бир шахс. Бу —мақташ эмас. Ҳатто Хайрулланинг «чучмек» деганларига чидай олмасдан бировларни уриши ҳам менга яқди: одам ўзини, шаънини ҳимоя қилиши керак... Тўғри, бу ишни ҳар ким ҳар хилда қилади... Масалан, Собиржоннинг автаматни камандирига қаратиши ҳам — бир жасорат, ҳимоя...
— Тўшюнчаси йўқолса, трибуналга беришади-я? — ўзини анойига солиб сўрайди Нурилла.
— Шак-шубҳасиз! — дейди Одил ака ва бу масалага нуқта қўйгандай енгил тортиб, ўрнидан туради. — Келишаяпти... Исмат ҳам яхши йигит. Лекин унинг жисмоний камчилигини юзига солиш, менимча, яхши эмас.
— Вей, Одил ака, унинг камчилигини юзига солдимми? — деб ҳайрон бўлади Нурилла. — Мен фактни айтдим, холос. Камчиликка келадиган бўлсак, унинг турган-битгани... Астағфурилло! Кечирасизлар.

Куламиз. Одил акаям силкиниб кулади-да:
— Ундай бўлса, мен... масалан, каминага қандай баҳо берган бўлур эдингиз?

Нурилла менга кўз қисиб юборади-да:
— Сизми? Юсуф пайғамбардан тирноқча фарқингиз йўқ, — деб хитоб қилади.

Одил ака буралиб-буралиб кулади.
— Юсуф пайғамбар... Ҳим, масалан, кўрганмисиз у зотни? — Кейин менинг билагимдан ушлайди. — Мен Юсуф пайғамбарга ўхшар эмишман... Ўзини кўрганмисиз? — яна сўрайди.
— Кўрганман, — дейди Нурилла. — Худди ўзисиз. Уям ёзувчи бўлган. «Юсуф-Зулайҳо»ни ёзган.

Одил ака яна чайқалиб-чайқалиб кулади. Мен зсам Худога шукрона айтаман. Одил ака ўзимизники бўлди-қолди.

15

«Газик» етиб келгач, ҳар қайсимиз ўз жойимизга кириб ўтирамиз.

Ва мошина палахса тошлар сочиб ташлагандай адир бетидан ғингшиб, лўкиллаб ўрлар экан, кечаги ўтиришнинг таъсири билина бошлади: Исматнинг кўзи юмилиб-юмилиб кетади, Нурилла унинг елкасига бутун оғирлигини ташлаб олади. Мен оёғимиз остида чўзилиб ётган — аллақачон қотиб қолган улоқчани нари-бери сураман ва Одил акага қараб-қараб қўяман.

Ниҳоят, паст-паст арчалар учрай бошлайди ва ўркачдан эсаётган шабада уларнинг бўйларини олиб келади. Мен, ниҳоят, енгил тортаман: энди Одил ака яйрайди албатта. Тоғни кўргандай бўлади.

Одил ака янги манзара таъсирини бояги сўзига улаб юборади:
— Ахир, шу юртни... ўзларинг ҳам севибгина қолмай, унинг ҳимоясига ҳам тайёр турасизлар-ку? Ёки хато қилаяпманми? Шукур, мени тузатиб қўй.
— Хато қилган бўлсангиз, албатта, тузатардим, — дейман мен. — Бироқ, бизга ошириброқ баҳо бераяп-сиз, холос... Тўғри-тўғри, бу — бизнинг ватан...
— Одил аканиям ватани шу, — жаҳл билан дейди Исмат.
— Ҳа, албатта, — дейман мен тезгина ва Одил ака:
— Туркистон ҳам сизларники, — деб менга қараб қўядилар. — Шўрлик Туркистон... Кафтдеккина жойни шу номда атаймиз ҳозир. Шунгаям қаршилик қилинмаётгани учун шукур қиламиз...
— Ничево, — дейман мен. — Ҳали ҳаммаси битта бўлади, Одил ака... Бу — башорат эмас. Бу - факт... Йигирманчи йиллар, Туркистон мухториятини эсланг, ҳамма хатти-ҳаракат шу йўлда: мустақиллик, озодлик, Туркистоннинг бирлиги учун бўлганди... Чўлпон, Қодирийлар, Фитратлар...
— Да-да, ҳаммасининг ғояси шу бўлган, — таъкидлайди Одил ва пиқ-пиқлаб кулади. — Орамизда шипиян йўқ-а? Йўқ... Ҳазиллашдим. — Сўнгра ойнадан йироқларга шоирона тикилиб туриб, давом этади: — Ажабо, ҳаммамизнинг кўнглимиз бир-а? Яратганга шукур дейсан киши...
— Кўнглимизми, кўнглимиз, албатта — битта, — деб қўяди Нурилла.
— Бунга шубҳа бўлиши мумкин эмас, — дейди Исмат бўғилиб. Ва йўталиб қолади-да, бурчакка тикилиб ғулдирайди: — Фақат мана шу жандармериядан хавфим бор.. Одил ака, бунинг кўнгли шу ерда, дейсизми? Хато қиласиз, оғажон... Бу! Бу — манфаатнинг қули! Ичи бузуқ, кир...

Унга жилмайиб, сабр қилиб турган Нурилла бирдан кафти билан оғзини ёпади.
— Одил ака, буюринг, бу бузғунчини нима қилай? Шу Зовбошидан ташлаб юборайми?

Одил акани буларнинг гап-сўзидан кўра айтилган бир ном кўпроқ қизиқтиради.
— Нима «боши?»
— Зовбоши... — Нурилла ҳам беихтиёр Исматни бўшатиб, ўнг тарафга қарайди-да, менга шивирлайди: — Томчи булоқда тўхтаймизми?
— Майли, суви бўлса...
— Суви бўлади, — дейди ва шофёрга буюради: — Бахтижон, ҳув қамишлар ёнида бир оёқ илдир... Суви бор экан... Арчанинг соясига ҳайда...

16

Мошина дарз кетган ясси тош устига қалқиб чиқиб тўхтайди. Биз шодон инқиллашиб, пастга туша бошлаймиз. Исмат карзинани кўтариб тушаркан:
— Кўп тўхтамаймиз-да, — дейди. — Юзта-юзта урамиз-у, далши олға! — Ва Бахтиёрга бақириб юборади: — Кўрпачани олмайсанми? Сени тўшаб ўтирамизми?
— Пажолиста, — дейди шофёр. — Тўшолсангиз...
— Ўлмапсиз шу аскиянгиз билан... Армияга бориб, кантужин бўп келди... Одил ака, ҳазил эмас, хаёли кирди-чиқди бўлиб қолган бунинг.

Зов лабига борган Одил ака пастда осмон қадар кенг ва чуқур дарани қоплаб ётган чангалзор-жунглига тикилар экан, сергакланиб қайрилади.
— Нима? Бу кишиям Афғонистонга борганми?
— Қайта Авғонистонга борсам яхши эди, — дейди Бахтиёр. — Ўзим билардим нима қилишни...

Ажабо, шунча манзара Одил аканинг ёдидан чиқиб кетади ва Бахтиёрга бошдан-оёқ зеҳн соларкан, кўзига бир нима кўриниб кетгандай шимолга — туя ўркачидай кўтарилиб кетган қирлар оралиғига тикилиб қолади.

Биз ҳам беихтиёр ўша ёққа боқамиз-у, оралиқ адо-ғида — кўндаланг ўтган тепалик устида, қўш арча тагида турган ғалати мошинага кўзимиз тушади: усти чодир билан ёпилган... Ғалатилиги шундаки, у осмондан тушиб қолгандай, илло, у ерга мошина зоти чиқа олмайди.
— Исмат, нима у? — дейман.
— Мошина, — дейди Исмат. — Эй, Бахти, дурбининг борми?.. Миршаб, улар кимлар бўлди? Тутун чиқаяпти... Ҳе, кўр бўл. Чапроққа қара! Қуруқ ўтин ёнаяпти. Шунинг учун тутуни сийрак... Эй, тепада арча ўсиб турипти...
— Ҳа, ким бўлсаям — бегона, — деди Нурилла. — Мошинаси... У ерга тирактир чиқипш мумкин, Одил ака... Ё сен чиқоласанми, Бахтиёр?
— Бе, шу ерга зўрға чиқдим-у, — деди Бахтиёр ва иккиланмай айтди: — Улар военнилар бўлиши керак... Мошина военниларники. Кўриниб турипти-ку? Устидаги тент. Бортовой... Дам олишга келган бўлишлари керак...
— Ҳа, Термиз томондан кеп туришади. Бола-чақаси билан, — тасдиқлайди Нурилла. — Лекин ўша ёққа чиқиши шартмиди... Исмат? Ў ерда сув йўқ.
— Кетдик, Одил ака, — дейди Исмат ва дарҳол сўзига таҳрир киритади: — Мен бориб келай...
— Борсак, бирга борамиз, — дейди Нурилла.
— Бўлмаса, юр!
— Одил ака, сиз ўтира туринг... Шукур, Зовни кўрсатинг. Зов дегани — тик-текис бет...

Ҳамон у ёкдан кўз узмай, аммо гап-сўзни тинглаб турган Одил ака фавқулодда қизариб кетиб:
— Нега... нега мени қолдирмоқчисиз? — деб зуғум қилади. — Нима бу? Мени аяганингизми, Ну-рилла?
— Кечирасиз, жон Одил ака, — деб ёлворади Исмат. — Марҳамат! Ўзингиз йўл бошланг. Биз энди...
— Хватит. Мени аяб...
— Бир қошиқ қонимиздан кечинг... Шукур, кетдик! Эй, Бахтиёр, сен кўрпачаларни тўшаб... анави арчанинг соясига тушиб, а... закускани...
— Ҳаммаси тайёр. Мен ҳам бораман, — дейди йигитча ва беихтиёр жиламиз.

17

Кетаяпмиз-у, ич-ичимдан қувонаман: «Хайрият-э... Одил ака ўзимизники бўп қолди ҳисоб. Йўқ, бизни ўзиники санайди. Яқинлик шунча бўлади-да... Унинг юришини! Ўз боғида юргандай! Қандай чиройли...

Вей, одамзоднинг бир-бирига яқинлигида улуғ бир сир, балки қудрат бор-ов! Йўғасам, нега мунча хурсандман?.. Аллақандай Отабой қишлоғида туғилган бир ўзбек бу ерда, ў-ў, оламнинг бир бурчи-гўшасидаги ўзбеклар орасида «меники» деб бораяпти... Вей, миллатдаям ўша сир-қудрат бор-ов...

Шукур, бу нарсаларни кашф этганингдан ҳам бахтиёр бўл. Бу — тансиқ ҳолат...

Биласан: дўстлик яхши, яқинлик — яхши... Аммо уни қалбдан туйиш...

Ажаб, шу дақиқаларни орзу қилганмидинг бу ёққа жўнаган онларингда? Йўқ, шунчаки...

Шак-шубҳасиз!» — дейман кейин ва бу масалага нуқта қўяман.

Айтиш лозимки, биз тўртовлон, йўғ-э, бешовлон қандайдир шаҳд билан одим отардик: кимлар экан у ерда— бизнинг арчалар яқинида бемалол ўт ёқиб ўтирганлар? Ҳаммаёқ қуп-қуруқ ўт-хашакка тўла, бир гугурт чақиб ташласанг ёки гулханингдан бир чўғ учса, пов этади: ёнғин қоплайди бу оламни. Тутун ичра қолади бу олам ва кейин ўт сўниб, тутун тарқалганда, жаҳан-нам сиёғини кўрасан киши: бундай воқеалар бўлиб туради.

Хаёлимдан чўчиб кетиб, тезроқ одим отаман. Ва сезаманки, ўзгалар ҳам мен каби... жим ва жадал бо-раяпти: чигиртканинг кўплиги-э!

Олдимизда чирт-чирт этиб, ўнг ва сўлга учади: гўё бизга шошиб йўл бўшатади...

Йўлимиз, яъни, қирлар ораси — улкан бир дарёнинг қадим ўзанидек, ва ўзан каби бурилади-да, биз кенгроқ жойга чиқиб қоламиз.

Кўрамизки, қаршимизда тепалик устидаги мошина ёнида қоққан қозиқдек бир ола-була кийимли аскар турипти. Қўлида дурбин, карабин-милтиғини сонига суяб қўйган. У милтиқни олиб, дурбинни қўйворади ва пастликка, яъни, шундоқ қаршимизга қараб нимадир дейди. Ва биз энди кўз-дурбинимизни унинг овози етиб келган жойларга қаратамиз-у, дафъатан кўрамиз: баланд-баланд арчаларнинг тагида учтадан-бештадан бўлиб аскарлар, келинг, солдатлар дейин, ўшалар чалқанча ётишипти, шу кўйи оёқларини чалиштириб олишганки, этикларининг ости бизга қараб турипти. Тўрда — чапроқдаги қари арча остидан тутун ўрлаяпти, иккита солдат бизга орқа ўгирган ҳолда чўнқайиб нимадир қилишяпти.

Улардан берирокда, текисгина жойда ўндан ошиқ милтикдар конус шаклида бир-бирига суяб қўйилганки, қандайдир филмлардаги жангдан қайтган жангчиларнинг ҳордиқ олаётган чоғини ёдга туширади.

18

Ажабо, шу дақиқанинг ўзида кўнглимда бир раҳм-шафқат ҳисларини туйдим: бу боёқишлар қаердадир — Термизнинг олтмиш даражали жазирамасидами хизмат қилишади: бизнинг чегарани қўриқлашади...

Аммо шу сониянинг ўзида бу ҳис сўнди: дарвоқе, булар — истибдод тузумнинг қўриқчилари-ку!

19

Тентнинг чети кўтарилиб, кабинадан кимдир эриниб туша бошлади ва арча остидаги аскарлар ҳам бирин-кетин қоқиниб рёққа туришди. Мен дўстларимга қарасам, барчасида сергаклик: ахир, улар ҳам Термиздаги воқеаларни эшитиб туришади.

Фақат Одил ака бу ишлардан бехабар эди — бу ҳол тезда билинди.
— Здравствўйте, ребята! — деди Одил ака. Бир-иккитаси қийшайиб-керишиб:
— Привет, — деди.
— Отдихаете?
— Да, так...

Шу пайт кабинадан миқти капитан тушди. Чайқалиб кетди-да:
— Кто они такие? Кто вы такие? — деди бўғилиб.
— Мы здешнне люди. А вы кто такие? — деди Одил ака. Ва бизлар бир-биримизга қарадик. Барчамизнинг кўзимизда ҳадик пайдо бўлган эди.
— Одил ака, — деб шивирлади Нурилла. — Булар бошқачага ўхшайди...
— Нима? — деди Одил ака Нурилладан жирканган каби. — Бу нима деяпти, эшитяпсизми?
— Эшитдим-у, Термизда...

Мен ҳам беихтиёр «Термизда...» деганимни бил-май қолдим.

Илло, Термизда хусусан Афғон урушидан қайтган Рус аскарлари «хўжайин»лик қилаётгани, ўзларини баайни «марадёрлар» каби тутаётганини Учқизилда яшайдиган синглим Барнодан ҳам эшитган эдим. Ўша ердаги аскарлар синглимнинг дўконига ҳам тушишган экан.

Хайрият, уларнинг излари қумда қолгани...
— Причём Термиз? Йўқ, сиз бунинг гапини ўйлаб кўринг. Маъносини...
— Тўғри, менсимаяпти, — деди Исмат. — Лекин, Одил ака, булар билан яхшиликча хайрлашиш керак... Мениям ғирт эсимдан чиқипти, Термиз...
— Яна Термиз дейди... — Шундай ёнимиздаги арча остидан юкхалтасини судраб жилган аскар капитанга бир нима деди-да, нарига ўтган пайтида халтанинг оғзидан бирин-кетин иккита оққина қуён тушиб қолди.

Билмай қолдим — нима бўлди менга? — илдам бориб, қуёнлардан бирини кўтардим. Қулоғидан тутиб, қорнига боқдим: қизил-қизил эмчаклари бўртиб чиқиб турарди. Назаримда, аҳмоқона кулимсираб, қуённинг қорнини Одил акага қаратдим.
— Боласи бор, сутга тўла... — Сўнг биқинини кўрсатдим ва ўзим ҳам кўрдим: ичига чўкиб кетган, ёлғиз ўқ билан отилган. — Мана, ҳали қотмаган...

Фаҳмимча, Одил ака ҳам менинг ҳолатимга тушдими, гангиб келиб, қуённинг маммаларига ва ўқ тешиб ўтиб кетган кўкрагига эгилиб тикилди. Кейин кўзига қон тўлиб аланглади ва уни шартта қўлимдан олиб кўтарди.
— Что эта такое? Я у вас спрашиваю? — деди беихтиёр ярим айланиб. Ва капитанга юзланиб қолди. — Ну, вы отвичайти, товариш капитан?

Энди ўйлаб қарасам, ўшанда мен-у Одил аканинг телбанамо қиёфамиз ва қуённи бемалол томоша қилишимиз, сўнгра унинг атрофга кўрсатилиши фавқулодда солдатларни тек қотириб қўйган экан.

Капитан бирдан чанг солиб, қуённи тортиб олди ва эгасига отиб юборди.
— Ну, какой ответ тебе надо, казах? — деди. Ва шаҳд билан ёнидан тўппончасини чиқарди. Кейин негадир хўрланган-таҳқирланган каби овозда чираниб бақирди: — Ребя-ята! Акружат их... этих черна... их!

Аскарлардан уч-тўрттаси шошилинч милтиқларини қўлга олишди. Қолганлари норози қиёфада бир-бирига зимдан қарашгани, ҳатто биттаси шофёрга: «Уни ушла» дегандай имо қилганини кўриб, сал енгил нафас олдим.

Дўстларим карахт эди. Улар ҳам вазиятни англаш-ди ва бир енгиллик сезилди.

Одил ака эса ҳайрон эди, холос... Кейин бемалол ўнгу сўлга қараб кулди.
— Ну, вм молодтст, — деди. — Не ожидал, не верил... Ну, что ж, стриляйте, сволочи! — шундай чинқириб юбордики, ўлай агар, тўппонча-ю милтикдан эмас, у кишининг овозидан қўрқиб кетдим ва шу оннинг ўзида шундай қувонч ичимдан чиқдими, ичимга кирдими, энтикиб қолдим. — Бандити! — бақира бошлади Одил ака. — Не воини вм... Я тепер — наконетс узнал, кто вт такие... — Кейин яна нутқ ирод қилаётгандай давом этди: — Хотя я служил... в Манчжурии! Зашишал эту власт...

Шу пайт ҳали шофёрларига ишора қилган солдат шахдам юриб келиб, капитаннинг тўппонча тутган қўлини кўтарди-ю, билагидан ушлади. Сўнг аста пасайтириб, қуролни ғилофига солди. Кейин Одил акага қараб:
— Не ари, старик. Убирайса! — деди.
— Я? Мне тт говориш? — баттар чинқириб юборди Одил акава биз тамом бўлдик. — Тм, вм, все вн убирайтес к чорту! Эта — мая, мая родина, понимаеш! Родина... Мая земля... Я — здес хозяин. А вм все...
— Хорошо, хорошо, — деди ҳалиги солдат ва капитанни итариб, кейин кўтариб, кабинага жойлади. Эшикни шарқ этказиб ёпиши билан мошина жилди. Солдат — солдат экан-да: «пашли, пашли» дейишиб, милтиқлари-ю сафар халталарини олишиб, чопишиб, бортга чиқиб олишди.

Охирида кузовга чиққан бояги йигит кўзини қисиб қўйиб, муштумини бизга, тўғрироғи, Одил акага тўғрилади-да, қўлида тўпппонча бордек, кўрсаткич бармоғини босиб қўйди. Кейин кулиб, у ёққа қаради. Мошиналари вездеход каби силкиниб-силкиниб елиб тушиб кетди.

Одил акага қарасам, ранги оппоқ: ҳамон жаҳлдан тушмаган. Хрлбуки, биз тирик қолганимиз учун шукр қила бошлаган эдик: бунга шубҳам йўқ.
— Ярамаслар, — деди Одил ака ниҳоят. — Қаранглар-а, тавба... Вабше, бу ақлга сиғмайди... Уф! Чекишга борми? А-а, пастда қолган эди. Кетдик...

Биз дўстлар яна бир-биримизга қараб олишар, тўғрироғи, биз Одил акадан ҳайратда эдик. Шу ҳиснинг оқибатидами, дарҳол «кетдик»га бўйсуниб, қимирлай қолдик. Ва сўзсиз, таранг бир ҳолатда анчагина юриб қўйгач, хотиржам тортиб, тилимиз чиқа бошлади, илло, бизга Одил аканинг ҳолати юққан эдики, бу ҳолат айни чоғда — буюк бир сабоқ ҳам эди.

20

Зовбошига энгач, шу ердан жилгимиз келмай қолди: унинг пастидаги баҳайбат қозондек даранинг қалин-ибтидоий чангалзорларию, ҳув йироқ жанубда тасмадай оқариб кўриниб турадиган Амударёнинг сеҳри-тарихи, қолаверса, бу ерларнинг энди бизга эсдан чиқмас эсдалик бўлгани ҳам, пироварди, ўзимизни бу ерда беихтиёр қўриқчилардек туйганимиз ҳам бунга сабаб бўлса керак; балки бояги бир неча дақиқалик тўқнашув бизни фавқулодла толиқтириб қўйган эдики, таппа-таппа ўтириб чўзилиш ва ўша воқеанию кейинги ҳолатларимизни ҳазм қилишни истардик...

Тик турганча ярим пиёладан отиб олгач, лабларимизга кулги югуриб, тандиркабоб ташвишига тушиб кетдик. Нурилла тош қалаб тандирча қуришга тушди. Исмат улоқни музхонадан олгандай кўтариб, қамишлар ортида терилай бошлади.

Мен негадир милтиқни олиб, томоша қиламан, ҳидлайман ва ҳатто шуниям уёққа олиб бормаганимизни ўйлаб, ҳайрон бўламан: ахир, солдатлардан қўрққулик эди...

Одил ака дам чордона қуриб ўтиради, дам илдам туриб, шаҳар кўчасида кезгандек нари-берига бориб келади: қўли орқасида, боши эгик, баъзан кулимсираб:
— Шукур, қизиқ бўлдими... — дейди-ю, дарага ва узокдаги дарёга қараб қолади. — Жуда катта-я бу мамлакатимиз... Э-ҳее, масалан, Кобул...
— Тошкент бу ёқда...
— Биламан, — деб шимолга бурилади-ю, кўзи йўлга қадалиб қолади. — Бу ердан мошина ўтиб турар экан-да... Бу якда қишлоқлар бўлса керак, а?
— Ҳа..

Шунда Бахтиёрнинг овози эшитилади:
— Матлаб акалар келишяпти!

Кўришув. Шунда бир нозик ҳол сезилади: биз уларни соғиниб қолганга ўхшаймиз, йўқ, биз улар билан қайта учрашмаслигимиз ҳам мумкин эди-ю, учрашганимиздан бахтиёрмиз. Улар, табиий, нечун бу ерга қўниб қолганимизни сўрашади ва бизлар — ҳар ким ўзича кулимсираб ва айни чоғда ийманиш аралаш ғурур билан кечган воқеани айта кетамиз.

Одил ака «қаҳрамон»га айланган чоғда мен ич-ичимда буюк қаноатни туяман ва мақтангим келади: «Ёзувчилар борки, дуруст ёзадилар. Аммо шахс сифатида... гаплашгинг келмайди. Улар сизу бизга дўст ҳам бўлолмайдилар. Чунки одамга «материал» деб қарашади, ўзлари билмаган ҳолда... Ҳа, Шахс-Ёзувчилар кам бўлар экан: хайрият, биттаси ёнимизда...»
— Ҳа, Одил ака, ямон экансиз, — дейди Исмат.
— Ҳим, мен ҳам қойил бўлдим, — дейди Нурилла.
— Мен қўрқиб эдим, — дейди Бахтиёр. Одил ака эса:
— Э, это уже слишком, — деб чайқалади. — Ман ҳам битталарингман, масалан... Энди ўйлаб қарасам, ўша ерда соддалик ҳам қилибман экан... — Кейин пиқиллаб кулади. — Отиб қўйса, а, Шукур? Кеннайингга нима дер эдинг?.. Келинглар, эсламайлик. Ўтган ишга саловат. Бу ёғига омон бўлайлик. Бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлайлик, масалан...
— Масалан, сиздай ёзувчилар бизга қанча тез-тез келиб турса, шунча ўсамиз, кўнглимиз ўсади, — дейди Матлаб ва ҳайқириб юборади: — Акамиз учун! Биз улкан ёзувчини эмас, жигардек оғамизниям кўриб турибмиз!

Шунда Собиржон:
— Шукур ака, сиз бирон нарса ёзинг, — дейди. — Шу сафар ҳақида...
— Да, ёмон бўлмасди, — деб қўяди Одил ака ҳам. Ва Абдуқаюмни эслаб сўрайдилар: — Қани у?.. Ташлаб келдингларми тўйхонага? Биронта куй чертиб берарди...
— Келади. Бугун тоғда дам оламиз, — дейди Матлаб ва кулади. — Ёвни ҳайдабсизлар. Кўнгил тинч... — Кейин узун қўлини узатиб, Одил аканинг кифтидан қучади.

Бахтиёрнинг ёнида чекиб турган укам:
— Э, яшанглар, Шукур ака. Уялиб кетяпман мен... — дейди. — Ёзинг энди бир нарса, ўзингизни оқданг... Ёзувчи. Ёзувчи мана Одил акадай бўлади. Сўзиям, ҳаракатиям — бир. Китобларидаги геройларидай...

Укам менинг кўнглимдагини айтган эди...

Орадан ўн йиллар ўтиб, бир муносабат билан ўша воқеани хаёлан кўз олдимга келтириб, ушбу ҳикояни битдим.

Бу ёғи бошқа ҳикоя...

1982-1994