OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСобир Абдулла
Асар номиХомтамалик балоси (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Собир Абдулла
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм5KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/06/13
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Хомтамалик балоси (ҳикоя)
Собир Абдулла

Оқ пошшо замонида, шаҳарларнинг биринда Парпихўжа номли киши бир катта маҳалланинг эллик бошиси бўлиб, узоқ йил давр сурди, бошқа эллик бошилар кўпинча унинг маслаҳати билан иш қилар эдилар, у доим шаҳар бойларининг тўйларида бел боғлаб хизмат қилиб, дастурхончилик «фазилати» билан ҳам машҳур эди.

Бироқ, Парпихўжа эллик бошининг ғашига тегадиган яна бир «фазилати» бўлиб, тўйларга таклиф қилинган ҳофизлар ёнига ўтириб олар, ёқимсиз, ғализ, ёввойи овози билан хонишларга қўшилар, ҳаммага малол келар, дўстлари бу ҳақда танбеҳ берсалар қулоқ солмас эди.

Бир куни бир зиёфатдаги майхўрликдан кейин бир-икки кўнгилтортар улфатларига «Мастлик— ростлик» қилиб, юрагида тугиб юрган «дарди»ни айтди ва улардан ўпкалади:
— Ҳозирги шаҳар минг бошиси бўлиб юрган одамлардан нимам кам?.. Маҳалладаям, шаҳар бойлари хизматидаям, ҳукумат маҳкамалари олдидаям унча-мунча обрўйга эгаман!.. Шунча минг боши сайловлар ўтади-ю, на бойлар, на сиз савдогарлар ва на ҳоким тўра мени шу минг бошиликка лозим кўрмайсизлар!.. Ахир, қадримга йиғлайман-да!..

Улфатлар унинг елкасига қоқиб, юпатиб, кўз ёшларини артиб, шундай дедилар:
— Ўзингиз айтмасангиз, бизнинг эсимизга келмас ҳам экан! Бу бизнинг айбимиз, шу чоққача эслатмаганингиз сизнинг айбингиз! Аммо сайлов тағин яқинлашяпти, бу томонини бизга қўйиб берингу, ўзингиз билмаган киши бўлиб тура беринг!..

Орадан беш-олти ой ўтгач, шаҳарда яна минг боши сайлов бўлиши ҳақида гап тарқалди, Парпихўжа эллик бошининг юраги така-пука бўлиб, тез-тез улфатларга йўлиқар, улар унинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб жўнатар эдилар. Бир кеч улфатлардан уч-тўрттаси Парпихўжанинг эшигини бевақт қоқдилар ва бундай дедилар:
— Иш пишди, Парпихўжа ака! Қўйни сўйсангиз ҳам бўла берар эди-ю, бир жойи чатоқлашиброқ турибди! Нима десангиз, сизнинг минг бошилик номзодингизни шаҳар баёнларидан тортиб ҳокимларгача маъқуллашиб турганда уламолардан бирлари қаршилик кўрсатиб, «Бу одам ашулачи! Ашулачини минг бошиликка сайлаш нотўғри!» деб, ишнинг пачавасини чиқарибди!

Шу пайт, сизни танийдиган бойлардан бирлари масалага аралашиб, ўша онда уламолардан йўл-йўриқ сўраган экан, қарши чиқтсан уламо шундай дебди:
— Агар Парпихўжа эллик бошининг минг бошилик номзоди сизларга маъқул экан, у вақтда унинг шаръий йўли бор! Парпихўжа қозихонага бориб, «Бундан кейин ашула айтсам фалон-фалон!..» деган қабиҳ иборалар билан қасамёд қилиши керак!.. Ўшандагина мумкин!..

Парпихўжа кечаси билан тўлғаниб тонг ёришишини кутди ва эртатуриб, қозихонага борди, шундай деб қасам ичди, минг боши сайловини энтикиб кутди, сайлов ҳам бўлди, ҳеч ким Парпихўжанинг номини ёдламади, тарвузи қўлтиғидан тушди.

Энг алам қиладиган жойи шу эдики, минг бошилик умидида ашула айтиш чилпакка чиқди. Энг қувонадиган жойи шу эдики, шинавандалар Парпихўжанинг ёқимсиз, ғализ ва ёввойи овози билан ашулага қўшилишидан қутулдилар.