OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифСобир Ўнар
Асар номиБибисора (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Собир Ўнар
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм129KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/12/6
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Нашр белгилари
«Шарқ юлдузи» журнали, 2010 йил, 2-сон


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Бибисора (қисса)
Собир Ўнар

«
Уларда дард ва изтироб не қилар,
Улар фақат кишнаб юрган йилқилар.

Ўлжас Сулаймон
»

Мактаб ҳовлиси катта танаффусда ўйинқароқ болаларга тўлиб кетади. Айниқса почтачи қўниш ака келса худо урди – кейинги соатга бир гуруҳ бола кечикиб киради. Чунки почтачи опкелган хатларни эгаларига улашгунча кўп вақт кетади. Кейин эса қўниш ака четига обуначининг фамилияси ёзилган газеталарни тарқатади. Кимга хат келган бўлса, хат эгаси виқор билан даврадан чиқади, шартта конвертнинг гардишини йиртади-да, четга ўтиб ўқий бошлайди. Армиядаги акаси хатга қўшиб сурат юборган бўлса-чи, униям деярли ҳаммага кўрсатиб мақтанишга улгуради. Акаси посанг аскар кийимида, шапкасини дўндириб тушган бўлса, унда кўринг қизиқни. Кечагина шу мактаб ҳовлисида лой оралаб, ланка тепиб, муаллимдан дакки эшитиб юрган бола сал ўтиб Москвадами, Ленинграддами ёхуд чет элда хизмат қилаётган бўлса, албатта расмини жўнатади. Укаси расмни хўп мақтаниб ўртоқларига, синфдош қизларга кўрсатиб бўлгач уйидаги кўринарлик жойга осиб қўяди. Аканг қарағай мана армияда, полвон йигит, ефрейтор бўпти, ҳадемай сержант унвони олармиш, командирлари раҳмат айтибди – ҳалол хизмат қиляпсан деб, тунов куни ота-онасигаям ўрисчалаб машинкаланган қоғозда ўғлингиз Совет Армияси сафида сидқидилдан хизмат қиляпти, шундай интизомли йигитни тарбиялаганингиз учун сизларга раҳмат ва ҳоказо, деб мактуб йўллабди. Бундан ота-она бир газ ўсади. Қолганини ўзлари тўқиб-бичишади: ўғлимиз мана, мактабдаям дуруст ўқиган эди, лекин институтда домлалар пул илинжида ёмон баҳо билан йиқитиб юборишувди, ана, ҳақиқат бор экан, ўрис камандир мақтаб ётибди, хизмати тугасаям юбормаймиз, бундай одам давлатга керак, зарур бўлса ўзимиз ўқитамиз, уй берамиз, энг чиройли қизга уйлантирамиз, бола-чақали бўлади, бир қучоқ неварали бўлгач келиб кўрасизлар, полковник бўлгандан кейин ўзи қайтиб боради қишлоғингизга. Ва яна кўп гаплар. Бир парча қоғоз бўлса, яна у ўрисча ёзилган бўлса, ким тушуниб, ким суруштириб ётибди қолган гапларни.

Боз устига армиядаги йигит сенинг аканг бўлса ҳар қанча керилсанг арзийди. Топ-тоза офицер кийимида қирчиллаб юрган, ранг-рўйи ҳам оқариб-тозарган, қўл остида қанча аскар чест бериб буйсуниб турган бўлса, рус жононлари, ҳа-ҳа, бир-биридан ўтиб тушган оқбилак ўрис қизлар унга ҳавас қилиб кетма-кет севги изҳор қилиб ётган бўлса, пўрим йигит кечалари буларнинг қайси бири тузук, қайсиси хотинликка ярайди деб ўзича ўйлаб ётса. Бундай йигитга ҳавас қилмай бўладими?

Ахир у қизлар дунёнинг сулувлари. Бизнинг қишлоқдагиларга ўхшаб қўли косов, сочи супурги, кийимидан тезак иси анқиб ётмайди-да. Эҳ, қўяверсанг-чи!..

Бу галги катта танаффусда почтачи ўзиям юзтадан ортиқ хат тарқатди. Гарчи акам армия ёшига етмаган бўлсаям менга-да хат тегди. Хат амаким Султон акага эди. Мен уни мактабдан қайтишда уйига ташлаб ўтишим керак эди.

Синфхонага кириб хатни очиб ўқимоқчи бўлдим. Кимданлигини билолмадим. Тагига Танями, деб ажи-бужи имзо қўйилган эди. Орқасини ўгирсам «Ўз қўлига тегсин!» деган ёзув. Лекин жуда қалин конверт. Ўйлаб-ўйлаб топдим: бўлғуси янгам Тўлғанойдан. Акам уни севади. Хатлар ёзади, хатлар олади. Китоблардагидай севишиб ётади. Бари бир конвертни очишга уруниб кўрдим. Очилмади. Янгам биров очиб ўқишидан чўчиб конвертни обдон елимлаб ташлабди.

Султон амаким чавандоз. Армиядан келиб ўқишга кирмади, кондаги шахтада ишлади, кейин шофёрликка ўқиб самосвал ҳайдай бошлади. Лекин кўпкари жони дили. Кейинги вақтларда танилиб қолди. Ўзининг оти бўлмаса ҳам биопунктнинг айғирларидан минади. Амаким бир гал қўрғондан ишдан қайтаётганда машинасига иккита қиз ўтирган, улар жумабозорлик қизлар экан, бири чавандозни таниркан, «сиз Султон полвон бўласиз, таниймиз», дебди. Амаким шундан сўнг ҳалиги қизга ошиқу беқарор. Ўшанда у қизни уйигача обориб қўйган. Кейин боришга уялиб нуқул хат ёзади, янгам ҳам шундоқ: қалин-қалин мактублар йўллайди. Мактубни амакимга обориб берсам суюнчисига уч сўм пул беради. Уч сўм катта пул. Ўртоқларимга мақтаниб Жўллибой аканинг дўконидан бир ҳафта картошкали пирашка олиб ейман. Амакимнинг севгиси ҳам бор бўлсин!

Геометрия дарсида хатни латта папкамга энди беркитиб турган эдимки, почтачи синфга кириб келди, ҳой, Жонибеков, сенга яна битта хат бор, ҳалиги чегачи чолга бериб қўярсан, деб менга тағин бир конверт берди. Конверт одатдагидан каттароқ, сарғиш-малларанг, орқаси ҳам қалин малла рангда сўрғичланган эди. Хатнинг қувонарли жойидан кўра ажабланарлиси кўпроқ эди. Сабаби у чолни мен кимсасиз деб ўйлардим. Аввал Болиқул бобоникида бир ойча ётиб юрди. Кейин бизникига келиб бобом билан ошна тутиниб қолди-ю, шу ерда танда қўйиб қолди. Бобом содда одам, юмшоқкўнгил бўлгани учун ҳар нарсани гапираверади. Ҳалиги чол эса қулоқчинли қора телпагини кўзигача бостириб чақчайганча эшитиб ўтираверади. Чолнинг кўриниши алламбало. Елкасига хуржун ташлаб олади. Телпакли узун қора плашини ҳечам ечмайди. қишнинг изғиринли кунларида мотоциклчиларникига ўхшаш катта кўзойнак тақиб олади. Қош-кўзини совуқдан сақласа керак-да. Чолни Ўшданми, Жўшданми, бир ёқдан келган дейишарди. Албатта, у юртларни биз билмаймиз. Шунинг учун чет эллик деб ўйлаймиз.

Қалин қора соқоли ҳар замонда кўриниб қоладиган, кир босиб-ялтираб кетган ола кўйлагининг ёқаларигача тўсиб туради. Устки мўйлови ҳам ўсиб оғзигача тушган. Тағин бурқситиб чилим ҳам чекадики, бу ҳол уни баттар ажнабийлаштириб кўрсатади.

Чолнинг хуржунида бир белбоғ қора ялтироқ кўмир, уни пуфлаб ёндирадиган найсимон мис асбоб, чинни идишларни ямайдиган майда тунука ва елимлар юради. У ҳар бир чойнакни чегалар экан, буни алоҳида маросимга айлантирарди. Ҳовлига чиқиб кичкина ўра қаздирар, унга бир ҳовуч кўмир ташлаб, яна пайраҳа, ёғоч ўтин опкелтирар, мослашиб ўтириши учун ўриндиқ ҳам талаб қиларди. Айни замонда Хитой чиннилари арзанда эдими, топилмасди чоғи, синган чинниларни одамлар Иштихондаги мўлтони ёхуд Каттақўрғондаги араб дўконларига олиб жўнаб кечқурун қир ошиб қайтиб келишарди. Отам бир замонлар армияда Владивостокда хизмат қилиб хитойлардан катта сариқ чинни чойнак сотиб олиб келган экан. Ҳадеганда чойи адо бўлавермайдиган чойнакни бобом кўп қадрлар эди. Не тонгки, катта энам бир гал ўчоқ бошида чойнакнинг тумшуғини офтобага уриб олиб, тумшуқ иккига бўлиниб тушган, шунда ҳам темир чойнакдан обрўли, афзал бўлганидан бобом уни ишлатишни қўймас эди. Кунларнинг бирида мана бу чол келдию чойнагимиз темир ямоқ билан бўлсаям тузалиб, бобомнинг кўнгли жойига тушди... Шундан бери анови чолнинг олдида гўё муттаҳамдаймиз. Уйимизнинг тўрига ўтқазиб қўйдик.

Ўша куни мактабдан чиқиб амакимникига ўтдим. Амаким кўпкарига кетибди, уйидагиларга хат борлигини билдирмадим. Кечқурун тағин борсам, энди кўпкаридан қайтиб баланд пошнали этигини айвондаги устунга суяниб олиб ечаётган, терлаб-сасиб кетган пайтаваларини чорпояга қараб отаётган экан. Мактабда роса қолоқлиги учун ўқимай қўйган укаси Суюндикка терга пишиб кетган, устидан бутунлай буғ кўтарилаётган катта қора отнинг жиловини ушлатиб қўйди-да:

– Эгарини очиб, жобувини ташла, тўхтатмай юргизиб тур, икки соатдан кейин жойига опкелиб бойла, бир сатил чойни совитиб ичир, – деди-да, менга ўгирилиб:

– Ҳа, дабба, ўқишинг зўрми, Марди муаллим «беш» қўяяптими? – деди.

Мен ўқишим аъло эканини, мана, иккинчи синфга ўтганимдан кейин синфком бўлганимни ҳам айтиб мақтандим.

– Ў, маладес, – деди амаким. Гуппи фуфайкасининг кўкрак киссасидан бир сиқим букланиб кетган пул чиқарди. Орасидан бир сўм олиб менга узатди:

– Ма, яна яхши ўқи, бизлар одам бўлмадик, ука.

– Сизга хат бор, ака, – дедим.

Ажабсиниб қаради-да:

– Армия жўраларданмикан? – деди менга.

– Йўқ, Таня чечамдан, – дедим мен ҳам тап тортмай. Эшикни ланг очиб қараб турган энасига бир ялт этиб қаради-да:

– Келинингиз хат ёзипти, – деди. – Ана, тезроқ оббермасангиз уйингизга кеволади.

– Ай, сен бети қора, Таня нимаси тағин? – деди энаси айвонда ялангоёқ берироқ юриб.

– Таня-да, ўрис-да янги топганим, – деди амаким ҳингир-ҳингир кулиб.

– Қамчини бер, қани, – деди энаси.

– Мана, деб қўлига тутқазди амаким.

– Агар Тўлғанойдан бошқасига кўзингни олайтирсанг, мана, кўрасан, мана, – дея гўппи фуфайка устидан савалай кетди энаси.

Амаким роса таёқ еган боладай у ёқдан бу ёққа вой-вой деб думалаб қочар эди.

Бу уриш ҳазил уриш эканлигини мен ҳам билиб турардим. Амаким шунақа эшгириб отаси билан ҳам, онаси билан ҳам ҳазил қилишни яхши кўрарди.

Амаким таёқдан бўшагач:

– Ўҳ-ўҳ, қани, Таняхоннинг хатини бер бу ёққа, – - деди менга.

Уйга кириб мойчироқнинг ёруғига тутиб ўқий бошлади. Амакимнинг дув қизариб бўғриқиб кетганини кўрдим.

– Товушингни чиқариб ўқи, менам эшитай, – деди онаси.

Амаким хатдан кўзини узди-да, эшитмагандай менга бир оз жиддий қараб турди. Сўнг энасига:

– Ўрисчани тушунмайсиз-да, – деди.

– Эй, бети қора, косов билан соламан ҳозир, ҳа-а, – деди она.

Амаким эътибор бермай олти бетлик хатни охиригача ўқиб чиқди. Сўнг беихтиёр уни яхшилаб қатлади-да қўйин чўнтагига тиқди.

– Ҳайит қачон? – деди ўшандай паришон ҳолда.

– Олти кундан кейин, – деди онаси.

– Олти кундан кейин Суюндик билан янгангникига ҳайитлик юборасизлар, – деди менга амаким.

– Индамасак, ўзинг ўзингга тўй ҳам қилиб юборарсан? – деди иддао билан онаси, худди ота-она бўлиб бизлар нима қилиб юрибмиз, дегандай. Аммо амаким бу гапгаям парво қилмади.

– Маладес, ука, – деди менга тағин.

Ўрнимдан туриб эшикка бораётган эдим:

– Шошма, – деди.

Ёстиққа ёнбошлаган кўйи кўкрак чўнтагига тағин қўл юбориб, беш сўм чиқарди.

– Буниси суюнчи, – деди.

Онаси бирданига қизғанчиқлиги тутиб:

– Ўзи кўпкарида беш сўмлик жалов олганмидинг? – деди тўрсайиб.

– Бир тўйлик соврин олдим, бўлдима? – деди онасига ўзини аразлагандай кўрсатиб ва тағин ҳиринг-ҳиринг кулди: – Таня келинингиз зўр-да, пойчалари шилдинглаб бир хизматингизни қилсин ҳали!

Она энди гап Таня эмас, Тўлғаной ҳақида кетаётганини тушунди, шундаям ўғлига ёлғондакам пўписа қилиб қўйди.

* * *

Суюндик акам билан янгамникига ҳайитлик оборадиган кунимиз кун гарчи қуёшли бўлса-да, кечга бориб аёз тушди. Янгамнинг қишлоғига етти-саккиз чақирим бор эди. Катта газа – қишлоқ чегарасидан ўтаётганимизда қуёш ботиб бораётган эди. Эшакка ҳолва ва бошқа мевалар солинган хуржунни ортганмиз, амаким бир ҳўкизча ҳам етаклатиб қўйди. Қишлоққа ўрганган ҳўкиз қишлоқдан чиқаверишда сира етовга юрмай қўйди. Ҳўкизнинг ипини эгарга боғлаб эшакка ўтириб олганман. Совуқ уриб кетаёзди. Айниқса қўнжи калта ботинкамда оёғим қотиб қолди. Ҳўкиз ҳар торхошовлик қилиб силтанганда эшак ҳам мункиб кетар, йиқилмоқдан бери бўларди. Суюндик акам бўғилиб ҳўкизни сўкар, таёқ билан аямай бошига соларди. Янга бўлмишнинг уйига етганимизда қоп-қоронғи тун эди. Даҳлиздан жиккаккина бир сариқ чол чиқиб ҳай-ҳайлашимизга қарамай бизнинг юз-кўзимизга ун суриб ташлади. Удум шу эмиш. Бўлажак келин-куёвнинг ҳаёти оқликларга буркансин эмиш.

Гарчи ҳайитлик келтирган дастёрлар бўлсак ҳам қудалар мақомида эканмиз. қуда бобо-чолнинг олдимизга келиб ўтириб катталар билан ҳангома қилгандай жиддийсифат ўтириши, сергўшт кулчатой тортилгани, ва энг муҳими, сўпоқ, каттакон шишали «Портвейн» виноси келтирилиб сузилгани бунинг яққол тимсоли эди. Суюндик акамга тенгқур бир қўшни йигит келди, у ўзидан бир неча ёш кичик уй эгаси Норча деган йигитга бемалол ҳазил қилар, қўлидан винони тортиб олиб дадил пиёлаларга қуяр, ора-чура Самарқанддаги аллақандай техникумда ўқиб юрган чоғидаги қизлар билан муомалаларини мароқ билан ҳикоя қилиб қоларди. Албатта, қулоқни бекитиб туришнинг иложи йўқ, қайтанга мен учун жуда қизиқ эди бу гаплар. Суюндик акам бошидан бунақа ширин саргузаштлар ўтказмаганиданми, уқувсизлигиданми, ҳар қалай бир оз маҳлиё бўлар ва винонинг кучи зўрлик қилиб, бари бир мақтангиси келиб нуқул акаси билан тоғда каклик, олқор, тўнғиз овига чиққанидаги гапларни сўзларди. қўшни бир маҳал ташқарига чиқди-да, учта пати юлинган қушни кўтариб кирди.

– Эй, қуда, – деди, – сизга ўхшаб тоққа чиқмасак ҳам шу ернинг ови етади бизга. Мана бугун эрталаб отамнинг йигирма саккиз милтиғига бир картонни сочмага тўлдириб ўригимиз остидаги зағчаларга қаратиб битта қўйиб эдим, ўн олтитаси жойида қолди. Мана ов, мана ов. Гўшти какликникидай ширин. Опам тушда бештасини қовурмага босди. қолгани турибди. Мана, Норча, опангга айт, қовурсин.

Йигитнинг ўткири ўткир бўлади-да. Унга термулиб тамшаниб ўтиришдан бошқа иложимиз қолмади.

Қуда бобо ҳам ўзимиз қатори оддий, камбағал одам экан. У киши яқин орадаги беморхонада кўмир ёқувчи, кампири ҳам ўша ерда ошпаз экан. Винодан икки пиёла сипқориб, гўшт, картошка, пиёз, оқ ёғ, карам, макарон, гуруч улуши борлиги, шу нарсалар уйига текин келишидан ғурурланиб, ўзи ҳам ора-сира уйига кўмир ўмариб келишидан мақтанди. Кўмир обдон қизарган печканинг ёнида мулгиб-мулгиб, охири ухлаб қолибман. Турсам, тонг ёришиб кетибди. Уй сигарет ва вино ҳидидан сасиб кетган. Суюндик акам фуфайкасини бошига тортиб қотиб ухлаб ётибди. Нарида Норча, уям чалқанча тушиб хириллаб ухлаяпти. Дераза пардасини тортиб қарасам, чол жегдасининг ўнгирини белидаги қизил белбоққа қистирган кўйи ташқарида қор кураб ётибди. Орқасида қалин оқ жун рўмолни танғиб ўраб олган қиз чўкир супургида қорни супуриб юрибди. Чамаси қуда бобо одамлар тургунча ҳожатхонага йўл очаётган эди. Батартиб, янги калиш кийиб олган хушбичим шу қиз ҳойнаҳой янгам бўлса керак. Музлаган дераза ойнасини нафасим билан эритдим-да ўша «тирқиш»дан янгамни томоша қилиб туравердим. У олдидаги супани ҳафсала билан супурарди. Гоҳ-гоҳи совқотган қўлларини куҳ-куҳлаб иситиб оларди-да, тағин энгашиб супура кетарди. Юзи тўлин ойдек оппоқ, қомати бежирим, ўрим сочи жун рўмолнинг тагидан тошиб тушиб турибди. Амаким бекорга ошиқ бўлмаган экан-да. Ҳадемай шу қиз тўй бўлади. Амакимнинг оғушига тушади. Ҳазиллашишади, ўпишишади. Сўнг тўшакда ўйин қилишади. Шундай нозиккина, сулувгина қиз-а!

Этим жимирлаб, ичим шувиллаб кетди.

Ҳожат қистаб қолди...

* * *

Кўкламнинг булутли, аммо ёғинсиз бир кунида тўй бўлди. Мастура момо гулхан ёнида лапар айтиб, чилдирма чалиб ҳамма хотинларни ўйнатди. Келин-куёвга салом солдирди. Дарвоқе, у замонларда енгил машиналар камёб эди. Бўлсаям бизнинг қишлоққача довон оша етиб келолмас эди. Лойгарчиликда юк машина ҳам юролмасди. Келинни Мустафо аканинг «Зил»ида аввал довонгача, ундан берисига куёв бўлмишнинг кўпкари жўраларидан бирининг саман қашқасига мингаштириб келибди. Келганда амаким келинни ўзи отдан кўтариб туширди. Шунда янгамнинг оқ, қалин пошнали туфлиси отнинг яғринига тегиб учиб кетди. Шўтаноқ болалар туфлини опқочишди. Амаким келинни кўтариб тураверди. Роса ўсал бўлди. Хотин-халаж, қизлар, бизлар чувиллашдик. Келин, чамаси йиғлаб юборди. Амаким ноилож уни ерга қўйди. Янгам оёғи совқотган лайлакдай оппоқ пайпоқли оёғи учини ерга тираганча энгашиб турарди. Шўтаноқ болалар охири туфлини келтириб беришди. Амаким жуда изза бўлди. Отақул бахши унга танбеҳ берди:

– Султонбой, полвон деганам шундай бўлама? Келинни даст кўтариб олмайдими одам! Бир улоқча солмоғи йўқдир ўзи!

Егани бир туйир нон, ичгани бир коса шўрва, одамлар ҳам эрта кунни кеч қилиб уй-уйига тарқашди.

Эртаси куни қуёш чарақлаб чиқди. Офтоб чиқди оламга, югуриб бордим холамга, деганлари сингари уч-тўрт қайнлар, беш-олти қайнсингиллар янга кўришга шошдик. Ҳали юз очар бўлмаган, келин чимилдиқда экан. Чошгоҳда дугонаси ва кайвонилардан бирининг етовида келин ўчоқбошига қараб юрди. Оппоқ либос, оқ пойафзал, бошида ҳам оқ ҳарир рўмол, унинг тагида ироқи гулли оқ дўппи остидан кўп ўримли қўнғир сочлар соллана тушиб турибди. қишлоғимизда бундай гўзал кийинган қизни ҳеч ким кўрмаган. Чунки асли янгамнинг ўзи гўзал. Жудаям гўзал.

Янганинг юзини намоз ёшига етмаган ўғил бола очиши керак экан. Албатта, намоз ўқиш ёшига етган бўлсам-да, бу юмушга биринчи галда мен талабгор эдим. Чунки янгамнинг уйига ҳайитлик оборганман, янгамнинг хуснихатларида битилган севги мактубларини почтачидан биринчи мен опкелганман, амакимнинг хатлариниям почтачига ўзим оборганман. Хўш, бу мишиғи оққанларнинг ичида мана шундай муҳим вазифаларга қўл урган мардлар бормикан? Албатта йўқ.

Талабгор эканимни билдирдим. Хотинлар кўнмади. Бироқ қараб ўтирганим йўқ. Ўчоқдаги қозонда турган чўмичга биринчи бўлиб чанг солдим. Хотинларнинг уни ўчди. Биламан, мойли чўмич билан келиннинг юзи очилади. Чўмични паранжига текизсанг бас, у ёғини хотинлар эплашади. Ҳа, шундай.

Янгамнинг ойдек юзи ялтираб кўринди. Сурма қўйган кўзлари оқи оққа, қораси қорага ажралиб, қуралай бўлиб турарди. қалам текизилган қошлари ҳам ибодан яна эгилиброқ кетган, ўзи ҳам бошини тағин қуйи солинтирган эди. Бундай тиниқ чеҳрали сулув ҳеч ерда йўқ. Ҳеч ерда! Ўша сулув менинг янгам. Ўзимнинг янгам!

Янгам кўзининг ости билан бир оз сузилиб қараб кулиб қўйди. Бу менга хайрихоҳлиги, балки яхши кўриши эди. Ичимда бир нарсалар тўлғониб кетди. Уқдимки, янгам сиз яхши боласиз, деди. Эшиттирмай пичирлаб айтди. Эшиттирса уят бўлади. Ҳалитдан қайнисини суйиб эркалаяпти деган, кўча-куйда тарқалади.

Хотинларнинг ундови билан янгам ярим чўмич мойни ўчоқдаги ёниб турган олов устидан қуйди. Шундай қилса келин мойли оёқ бўлар эмиш. Бу уйга келин барака опкелар эмиш. Одамлар нималарни ўйлаб топишмайди-я. Ахир шундай гўзал аёл хизматингизни қиламан деб эшигингизга келди, остонангиздан уч бор тавоф олди, ҳар биримизга эгилиб салом берди – етмайдими? Уни хижолат қилиб, уялтириб ҳар иримга дуч қилаверасиз.

* * *

Тўйнинг тўппаси тўрт кун. Яъниким тўрт кунгача тўйхонанинг овқати узилмайди. Зериккан, бекорчи борки, тонг отгач бу ёққа секин томоқ қириб кириб келаверади.

– Ҳай, Жонибекип, келин мойли оёқ бўлсин! Опкелавер нишхўрдингдан, бизга бўлаверади.

Амакимникида калла-поча қозонга осилган куни бўйинсалари шундай деб келади.

Бир ҳафтадан сўнг куёвнинг тенг-тўшлари келади.

– Тарвузинг ёрилди, илигинг қуриди, қулоғингдан ой кўриняпти. Ҳай, баччағар, энди кўпкарига ярамайсан. Хотининг билан кўпкари ўйнайберасан. Тамом бўлдинг, тамом. Овқат-повқат ҳам еб тур. Қани, топган-тутганингни опкел, биз ҳам шерик бўлайлик.

* * *

Ўша кунларда қишлоққа эндигина электр келган эди. Уям пастки овулдаги Пўлат тоғанинг моторхонасига қўйилган катта движокдан одамларнинг уйига тортилган симлар бўлиб, кечқурун уч соат ёнарди. Пўлат тоғаям уч сўм, беш сўм ёхуд «Портвейн»нинг мудгори, то шом қоронғуси чўкиб одамлар бетоқат бўла бошлагандагина моторхона ёнига эшагини бойларди-да, аввал битта «Беломор» сигаретни обдон охиригача сўриб, кайфини суриб, кейин бемалол моторхона дарвозасини очиб қўйиб тимирскилана-тимирскилана моторнинг учидаги парраги ёнига каноп арқонни хўп ўраб оларди-да, оёғини тираган кўйи тортиб юборарди. Мотор шу юрганда юрса-юрди, бўлмаса тўрт-беш учқун чиқариб «пат» этиб ўчиб қоларди. Сўнг арқонни ўрай кетарди ва бошқатдан оёқ тираб тортиб қолар эди. Шундан сўнггина қишлоқ чироқлари чўғдай лимиллаб турарди-да, мотор овози кучайгач, чароғон бўлиб кетарди. Кечқурун қирларга чиқиб қишлоқ этагидаги сой ичига жойлашган моторхонага кўз тикиб ўтирган ёшу кексанинг Пўлат тоғага инсоф тилаб термулиб ўтириши, мотор юриб, чироқ ёнгач қичқириб қувнашларини кўрсангиз эди. Бу бир олам қувонч, бир олам соғинч, яна бир нималар эди-да. қишлоққа электр келиши билан Жиянбой муаллим шаҳардан «Рассвет» деган телевизор сотиб олиб келганди. Мол-ҳолларни жойлаб бўлгач, биз болалар катталарга қўшилиб домланинг уйига уриб кириб борардик. Аксар ўрисча кўрсатувлардан бирор маъно уқмасак ҳам тирик одамларнинг экранда юриши, қўшиқ айтиши, хоккей ўйнаши, гапиришини томоша қилиш ғоят мароқли эди. Кўп ўтмай тоғ қоровули Исоқул ака ҳам «Кварц» деган кичкина телевизор сотиб олди. Шундан сўнг қишлоқ одамлари иккига бўлиниб телевизор кўришга киришиб кетишди. Султон амаким катта чавандоз бўлишига қарамай тўртинчи ё бешинчи бўлиб телевизор олди. Шундан кейингина болаларни жеркиб берувчи муаллим ва тоғ қоровулининг миннатларидан қутулдик.

Энди чироқнинг ёнишини ҳам амакимникида кутиб оладиган бўлдим. Янгам менга эрига ўхшаб «дабба бола» деб от қўйган эди, бу от менга ёқмади. Асли бобомнинг кичик укаси қора отам ўйлаб топган бу лақабни. Қора отамни қора деган ҳам, акасини Малла дегувчилар ҳам янгалари бўлган. Улар қайниларининг исмини айтолмагани учун лақаб қўйишган. қишлоқда шу – агар бехосдан келинчак қайнисининг исмини айтиб юборса, қолди балога – худди улкан бир жиноят содир этгандек қарашади унга. Акамнинг оти – «Зўр қора», укамники «Тошбақа», меники «Дабба». Оғир, тенгқурларимга нисбатан гавдали бўлганим учун шу номни қўйишгандир. Аммо янгам ҳам ҳадеганда «дабба»лай кетгани бошида сира ёқмади. Шундай чиройли аёл бирор чиройли исм топса бўлармиди? Бари бир кейин-кейин қулоғим ўрганди. Бора-бора янгам билан ҳазиллашадиган ҳам бўлдим. Янгам мени қитиқлар эди, мен унинг баданидан чимчилаб қочиб кетар эдим. Мени тутиб олиб қитиқлаётганда бир ажойиб атир ва бадан ҳиди димоғимга урилар эдики, тўсатдан энтикиб кетардим.

Шу уйга, аниқроғи, Тўлғаной янгамга тамоман ўрганиб қолдим. Янгам ҳам бошқа қайнлари билан эмас, мен билан гаплашишни яхши кўрарди. Баъзан оқ чамадонини очиб амакимнинг мактубларини, яна аллақайси жойлардаги дугоналаридан олган хатларини ўқирди. Мен учун бу хатлар жуда сирли, ҳаммасида севги-муҳаббат туйғулари яширин эди. Янгам хатларни овоз чиқариб ўқир экан, мен унинг оппоқ бўйнига, балдоғи каттакон сариқ исирғасига, чиройли энгаги, бурни, лаби, ёноғи, энтикишлари, кийими, антиқа атир бўйлари – бари-барига термулиб тўймас, ҳаяжонланар эдим. Катта энам бир маҳаллар ойнани очиб:

– Ҳей, дабба, уйинг борми сенинг? Чечангга жуда ёпишдинг-қолдинг, уят эмасми? Бор, жўна. – деб қоларди. Айб иш қилгандай секин ўрнимдан туриб жўнай бошласам, янгам:

– Эна, қўйинг, бир пасил ўтирсин, яхши бола-да бу, – деса, энамга қараб турардим, у эса:

– Бўлди-бўлди, молига қарасин бориб, онасиям изиллаб излаб юргандир, – дерди жеркиб.

Бу ерда қолиб кетишим, албатта, онамга, амакимгаям ёқмасди. Нима қилай, жудаям ўрганиб қолган эдим. Чунки бу дунёда биргина чиройли аёл бор эди, у ҳам нуқул севгидан сўзлаб одамни илҳомлантирар, бу жозибали туйғуга кишини асир этар эди.

Одат бўлиб қолди: кечқурун ҳам телевизор кўргани келаман. Амаким ҳаш-паш дегунча овқатини еб бўлиб бир оз телевизор кўриб ўтириб мудрай бошлайди. Катта энам дарров:

– Тўлғаной, бунга жой соббер, тоза тинкаси қурибди, – дерди одатдагидай жеркинсиб.

Янгам ирғиб ўрнидан туриб нариги келин-куёвнинг уйига кириб кетарди-да, шу билан ўзиям ғойиб бўларди. Менга эса энди бу ерда ўтириш тоза азобга айланарди. Чунки бошқалар ҳам қачон уйига даф бўларкин шу бола деётгандек бўлаверарди.

Биз амакиларнинг уйлари бир қатор узунасига солинган эди. Уйидан чиққанни бир-бири билиб, кўриб тураверарди. Бир гал кечки пайт амаким билан янгам уйларига кириб кетишгач, одатдагидай бегонасирай бошладим ва секин туриб жўнадим. Ҳожат баҳона уйнинг орқасига ўтдим. Янгам билан амакимнинг товушлари орқа дарчадан эшитилиб турарди. Назаримда ички дераза очиқ, фақат ташқи ёғоч қопқа ожизгина ёпилган эди. Амаким шивирлаб бир нарсалар дер, янгам беғубор овозда қиқир-қиқир куларди. Кейин янгам кулгидан тўхтаб аразлагансимон:

– Боринг-э, – дегани ва афтидан, амакимнинг яланғоч баданига шапатилагани эшитилди.

Титраб кетдим.

Жимиб қолишди.

Туйқус аёл кишининг сескангандай товуши чиқди.

Сўнг чўзиб «вой-й!» деди. Жаҳлгами, ғазабгами ўхшаган бир нима қорнимдан биқинимгача ўрмалаб чиқди. Сескангандай тиниқ овоз такрорланди. Энди инграётгандай эди. Амаким янгамни нимадир қиляпти, аммо аямаётган эди. Бирдан уни ёмон кўриб кетдим. Одамзот шундай ажойиб аёлга шафқатсизлик қилиши мумкинми? Ҳайвон, йиртқич инсоннинг иши бу!

Одам баданининг нафас ва кўрпа товушига қўшилиб ишқалангани, нафасларнинг тезлашиши, дунёнинг энг бокира аёли бирданига ўзига қўтосдай ташланаётган эркакнинг қулоқлари тубига беихтиёр чўзиб «жони-им!» деб юбориши ақлга сиғмас ҳодиса эди. Тушуниб бўлмас эди. Кечириб ҳам бўлмас эди.

Музлаб кетдим.

Иштонимни ҳўллаб қўймаслик учун нарироққа чопиб кетдим.

Бу гапларни бировга айтиб бўлмасди. Тушунтириш ҳам қийин. Янгам айниқса, мен учун ёмон иш қилган эди. Шундоқ ийманиб тургани билан бари бир уятсиз хотин экан-да, деган қарорга келдим. Уч кунгача бу ерга қадам босмадим. Тўртинчи куни амакилар янги келинчакни бирин-кетин нонга чақира бошладилар. Чилласи чиққач, яқин қариндошлар нонга чақириш одат эмиш.

Янгам бизнинг бўсағадан уч карра тавоф олиб уйга киргач, менга кулиб қўйди. Бошқалар олдида ийманиб ўтирди. Сўрашиб бўлиб бир оз киришимли бўлгач, менга юзланиб:

– Бу асал бола бизникига бормай қўйди. Хафаман. Янгасини ёмон кўрадими ё? – деди жуда тиниқ овозда энтикиб кулиб.

Негадир дилимдаги ғубор бирданига тарқади. Хайрият, дедим ичимда. Янгам амакимни эмас, мени яхши кўради деб ўзимни ўзим ишонтиргим келди.

Орада янгам ота-онасиникига ҳам бориб «чой ичди» бўлиб келди қудағайлар етовида. Анча юзи очилиб, ҳамма билан баралла кўришадиган бўлиб кетди.

Янгам ҳам менга ўхшаб ҳалиги чегачи чолни ёқтирмас экан.

– Бизнинг қишлоққаям борган, – деди у. – Одамларникида чегачилик қилиб юрар, почтахонага кўп қатнар эди. Айтишларича кимлардандир унга ўрисча хат келармиш. Бошқача конвертларда. Буям хат жўнатармиш – ўшандай конвертларда. Почтачилар бунинг хатини алоҳида олиб туманга обориб беришармиш. Жуда ғалати чол, индамайди, нуқул гап эшитади, бировга эл бўлмайди. Шпионми дейман-да.

Шпион чол амакимнинг уйида ҳам уч-тўрт кун яшади. Тўйда синган бир-икки пиёла, чойнакларни ямаган эмиш. Сўнг яна бизникига қайтиб келди. Бора-бора сездимки, бобом ҳам уни ёқтирмайроқ қолди. Ўз ишига уннаб чолни холи ташлаб кетадиган бўлди.

Бобом жуда меҳрибон одам. Мени ортиқча яхши кўради. Мана, мактабга бораётган бўлсам ҳам қайтганимча соғиниб қолади. Иккинчи синфда ўқишимга қарамай «қани, булбулни кўрай-чи!» дейди. Энди уяламан. Бобом бўлса эркалаб, чақалоқдай қилиб «оҳ-оҳ, улимнинг булбулидан-а!» деяверади.

Орада каникул бошланди. Султон амакимга янги уй бошлашди.

Овул-ҳамсоянинг ҳашари билан ҳадемай девор тикка бўлиб, эшикбоши ҳам қўйилди. Гувала, лой ташишларда биз ҳам қатнашдик. Ҳаммасидан кўра турғазилган девор ичи, биз болалар учун чинакам ўйин майдонига айланди. Иссиқ кунларнинг бирида Жумабозордан янгамнинг синглиси Бибисора меҳмонга келди.

У мен билан тенгқур экан. Бир сиёғи янгамгаям ўхшайди. Юзи лўппи, шаҳлокўз. Аммо жуда оғир, босиқ қиз. Янгамга ўхшаб ҳар икки гапнинг бирида шарақлаб кулавермайди. Биз тенгқурлар билан уни бекинмачоқ ўйнашга зўрға кўндирдик. Бора-бора бизга ҳам эл бўлди. Янги уйнинг деворлари, гувалалар уюми, ҳожатхона, уй орқасидаги қуюқ тераклар ортига – дуч келган жойга беркинардик. Топган одам маррага биринчи келиб тупуриши, агар ундан ўзиб маррага қараб чопса қўлидан тутиб тўхтатиб ҳам қолиши мумкин эди. Бибисора ўзи босиқ бўлгани билан бизга ўхшаб кета кийиб олганиданми, жуда илдам экан. Ҳар гал биз ўғил болаларни доғда қолдирарди. Шуйтиб у бизга жўра бўлди-қолди. Ўйин асносида бир-икки марта унинг оппоқ, юмшоқ қўлларидан ҳам тутдим. Негадир яна ушлагим келарди. Уч-тўрт кун тургач у уйига кетди. Шунда биз уни қўмсаб қолдик. Янгамдан синглингиз яна келадими, деб сўрадим. Янгам маъноли кулди. Кейинроқ келади деди. Уни ростакамига соғинаётган эдим. Янгамдан уларнинг адресини, ўқиётган мактабининг номери ва синфини сўрадим.

– Акангизга божа бўлмоқчимисиз, дабба? – деди янгам ва энтикиб-энтикиб кулди. Мен бу сўзни тушунмадим, лекин уят гап бўлса керак деб ўйладим.

Бибисорага хат ёздим. Неча баҳоларга ўқиши, уйида неча киши экани, каникулда нималар қилаётганини сўрадим. Ундан ҳам жавоб келди. Уям худди шунақа саволлар берган эди. Жавоб ёздим. Кейингисида расм сўрадим. Яхши расмим йўқ, кейин жўнатарман дебди. Бир гал янгам оқ чамадонини очиб хатларини ўқиётган пайтда Бибисоранинг расмини кўриб қолдим ва билдирмай қўйнимга тиқдим. Бибисора опаси – янгам билан бир-бирига суянишиб тушган. Сочларининг орасидан бежирим парқ очиб, икки ўрим қилиб кўксига ташлаб олган. Эгнида атлас, енги калта кўйлак. Янгам ҳам шундай кийинган. Мен бу расмни папкага солиб, панада ёки ҳеч ким йўғида хўб томоша қилар эдим. Кейинги ёзган хатимда беихтиёр, ўғирлаганим эсимда йўқ, расмга зўр тушибсан, деб ёздим. Негадир сени яхши кўриб қолдим, деб ёзгим келди. Уялдим. Бунинг ўрнига «Ж+Б=С» деб ёзиб қўйдим ва кимдир кўриб қоладигандай тезда конвертни елимлаб ёпиштирдим. Почтачи қўниш акага беришдан олдин конвертнинг елимланган жойига «Ўз қўлига тегсин!» деб катта ҳарфларда ёзиб қўйдим.

Эртаси куни жўраларим билан келаётган эдим, газанинг устида чегачи чолга кўзим тушди. Кун иссиқ бўлишига қарамай у одатича қора плашига ўралиб, бўйи баробар заранг ҳассасига суяниб олган эди. Биз бу сўхтаси совуқ одамга салом беришгаям чўчирдик. У бўлса кўзини чақчайтган кўйи менга тикилиб турарди. Ёнидан ўтаётсам, олдимни тўсди. Жўраларим тирақайлаб қочиб қолишди. Мен ҳам қора соқол чолни айланиб ўтиб қочмоқчи эдим, у эпчиллик билан қўлимдан ушлаб қолди.

– Ҳа, гўрсўхта, – деди. – Сенга севишни ким қўйибди, сволоч! – Шундай дея у чўнтагидан мен Бибисорага ёзган хатни чиқарди. – Расм қани?

Ичим ўтиб кетди. Қалтирай-қалтирай папкамдаги китоб ичидаги расмни олиб бердим. Чол уни юлқиб олди-да, мендан кўз узмаган кўйи хат билан қўшиб тилка-пора қилиб ташлади.

Сўнг уни майда-чуйда қилиб чанг йўлга сочиб юборди. У ҳамон билагимдан сиқиб ушлаб турарди. Юзини юзимга яқин олиб келди. Кўзлари чақнаб кўкимтир тус олди. Соқолларига нимадир майда нарсалар ёпишиб турарди. Бурнимга унинг оғзидан қўланса бир ҳид урилди.

– Қисиб юр, бўлмаса қамоқда чиритаман!

Шундай деб у суякдангина иборат қўлини билагимдан бўшатди. Уни шапалоққа мўлжал қилиб орқасига тислантирди. Йўқ, хайрият, урмади. Аммо эсхонам чиқиб кетди.

Бир-икки кунгача қилаётган ишимни ҳам билмай юрдим. Кўз олдимда унинг кўкимтир кўзи ялтираб турар, ҳадеб юзимга қўланса ҳидли нафаси уриларди.

Ҳаммаси майлику-я, у мени севишганга чиқариб бобом, отам, онам, акам, янгам ва амакиларим олдида шарманда қилса-чи? Ёки элдан бурун айтган бўлса-чи?

Шу кунларда чол бизникида ётмади. қаердалиги номаълум. Бобом ҳам кун бўйи пастдаги олмазор чорбоғ остида ўт ўради. Тушда қизил белбоғида бир белбоғ чучук олма олиб келади. Бу олмаларни бобомнинг ўзи эккан. Сап-сариқ, олтиндай ялтиллаб турибди бу олмалар – жуда серсув, карсиллайди. Ўта ширин. Димоқни қитиқлагувчи муаттар ҳиди бор. Олма дарахтлари ёввойидай шохлаб, бўйи ҳам теракникидан баланд бўлиб кетган. Музбулоқдан оқиб келаётган тегирмон ариққа тап-тап олмалар тушади. Тилладай ялтироқ олмалар...

Чолнинг қилиғи ҳеч эсимдан чиқмай қолди. Уни эслаганим заҳоти танамда титроқ тура бошларди. Энди Бибисорани ҳам эслашга чўчийман. Чунки ўша заҳоти шпион чол кўз олдимда гавдаланади.

Кунларнинг бирида Бибисора яна келди. Энди амакимнинг уйига болор кўтаришган, устини ёпишга янтоқ, хашак, хари, ходалар келтириб ҳовлига уйиб ташлашган эди. Уста Омон каттакон пойтешасини олиб у ёғоч билан бу ёғочни жуфтлаб, мослаб кесиш, йўниш билан машғул эди. Бибисора аввал мендан уялиб, ётсираб турди. Кейин беихтиёр поччасининг янги уйини кўргиси келдими, том олдидаги ёғочларни айланиб ўтиб ичкарига бўйлади. Мен ҳам орқасидан бордим. Шумлигим тўтиб орқа ром ўрнидан ичкарига ошиб тушдим-да, унинг рўпарасидан чиқиб «паҳ» деб қўрқитдим. «Вой ўлмасам, опажон!» дедию дарҳол қизарган юзини рўмоли билан бекитди. Орқасига тислана туриб шаҳлога монанд кўзини норози бўлгандай сузди ва «тавба қилдим» деди оҳиста. Туриб қолдим. Бориб «кечирасан» демоқчи бўлдим. Хат ёзиб ҳам чакки қилибман, ўзи келаркан-ку. Ҳар қалай «сени севаман» демовдим-ку. Шпион чол мени йўлдан қайтарди-ку.

Чол шу заҳоти рўпарамда пайдо бўлди. Кўзини ўқдай қадаб чап қўли билан ўнг юзимга чарсиллатиб бир шапалоқ урди. Юзим ёниб кетди ўзиям. Бир пас кўз олдим қоронғулашди. Нимагадир бутун танам қизий бошлади. Гўё айб устида қўлга тушган жиноятчи ҳолида эдим. Оёқ-қўлим қалтирай бошлади. Шапалоқнинг зарбидан эмас, ҳолимнинг забунлигидан хўрлигим келиб ҳўнграб йиғлаб юбордим. Ўтириб олиб кўп йиғладим. Кўзларим ачишиб кетди. Бориб уйдагиларга айтиб берсам-чи? Отам уйда йўқ, акамнинг бу одамга кучи етмайди. Бобомга айтсаммикан? Бобом «гўдакни нега урдинг, эй, от тепкур» дейди. Хезланиб келади. Урмоқчи бўлади, шунда чол мени айблаб қолса-чи. Бировнинг қизига кўз олайтиряпти, хат ёзяпти, деса-чи. Бундан ортиқ уят, алам қиладиган жойи борми тағин. Моторхонани томоша қиладиган қирга чиқиб, узала тушиб ўзимни босиб олмоқчи эдим. Қирга чиқдим. Атрофда ҳеч ким йўқ. Тавба, бўкириб йиғласанг ҳам биров нима бўлди, деб сўрамайди-я? Узала тушиб олдим, энди йиғлагим келмаётган эди. Чаккам ҳалиям қизиб жонсиздай бўлиб турибди. Теваракка қарасам, ўнг кўзим жимир-жимир қилади, қовоғим халтадай осилганга ўхшайди. Туриб, ҳайрон бўлиб, узоқларга, Оқзов томонларга қарадим. Бир қора одам кетаётгандай туюлди. Ўнг кўзимни бармоқларим билан беркитиб, чап кўзимда қарадим. Чол елкаси бир оз букчайган кўйи шувоқ, буталар оралаб бир маромда кетиб борарди. қозонбулоқ, Токли, қизил олма, Кийикли, Оқ зов, Парандоз, Беш бармоқ, ўҳ-ҳў, ундан нарисида яна юртлар бормикан ё дунёнинг охири ўша ерлармикан? Менинг бола назаримда ер шарининг охирги чегараси кўриниб-кўринмаётган ўша кўкимтир тоғлар эди.

Анови менинг кўнглимни вайрон қилган, ёруғ хаёллар суришга, шаҳлокўз Бибисора билан суҳбат қуришимга, хат ёзишимга монелик қилувчи, мудом қўл кўтариб йўлимни тўсиб қўрқитувчи қора плашли шпион сўхтаси совуқ чол ўша тоғлар чўққисидан йиқилиб ўлсин, Парандоз чўққидан қулаб кетсин, парча-парча бўлган гўштини, қузғун, калхатлар есин!

* * *

Кечқурун молайиришдан сигир, таналарни айириб қайтдим. Онам нега бунча шишиб кетгансан, биров урдими, деб тергади. Ҳеч нарса бўлгани йўқ, бетимга чўп тегди, дедим. Онам юзимни ушлаб кўрди, ким урган бўлсаям илоё қўли синсин, деди. Ҳеч ким урмади, десам ҳам, бармоғининг излари турибди-ку, деди. Бари бир айтмадим.

Ётарда онам ҳар куни эртак айтар эди.

Бу гал эртакдан сўнг ухламай, анови шпион чол яна бизникига келадими, деб сўрадим.

– Бу Азроилдай сўрамай келадиган чол, – деди онам. – Чолни келган куниёқ таниганман. Урушдан кейинги ўроқ-машоқ йили у Саритой тоғамни ўроқ билан сўйиб кетган.

– Нега сўяди?

– Негалини ҳеч ким билмайди. Бу одам мактабда дарс берар эди. Саритой тоғам саводли эди. Райондан газет, китоб опкелиб ўқир эди. Бир куни ёз пайти тоғам уйининг олдидаги супада газет ўқиб ўтирса бу одам ўроқ кўтариб келиб қолган. Келинг маллим, деб ўрнидан тураётса, ўроқни бир силтаб қорнига тиқиб тортиб юборган. Тоғам ичак-чавоғи осилиб қолиб кетган. қизлари, бизлар, янгам чувлаб қола берганмиз. Бу совуқбашара шундай плашини ечиб майкачан бўлиб олиб тоққа қараб қочган.

– Ҳеч ким ўч олмадими?

– Билмадим. Биров дарагини тополмаган бўлса керак. Бизлар ёш эдик-да.

* * *

Шу бўйи чол қишлоқда қорасини кўрсатмади. Мен ҳам энди Бибисорага хат ёзмадим. Энди ўйлар эдимки, хат ёзсам ёки учрашсам чол бир ёқдан қора калхатдай учиб келади. Йўлимни тўсади.

Балки энди ўроқ кўтариб келар...

* * *

Ёз ўтди. Янгамнинг бўйида бор эмиш. Унинг оқиш-сариқдан келган юзлари қизариб, тўлишди. Семирди. Билак ва кўкраклари бўлиқ бўлди. Оёқлари ҳам.

Янгам ойдай эди. Ойдек тўлин эди.

* * *

Қишга бориб туғди. Бир бўларли ўғил туққан эмиш: новча, кўзлари кўкиш. Кимгаям ўхшарди, амакимга-да: полвон бўлса, кўзи кўк эмас, маллатоб. Лекин ҳазилнинг уйини куйдиради. Онаси билан ҳам сенсирашиб, туртишиб, жўрттага уришиб кетаверади. Бунда хотин бўлса балиқдай. қишлоқнинг азобли меҳнатидан чўчимайди. қайтамга кундай, ойдай очилаверади.

Менинг дунёда ягона янгам!

Амаким у билан қандай бахтли!

* * *

Мен бир оз улғайдим. Пионер бўлдим, сўнг комсомолга яқинлашдим. Бибисора ҳам бўй етган қизлардай очилди. Энди биз бир-биримизга бошқача қарай бошладик. Бу бошқача туйғу эди. Биз гўдак эмасдик, бир-биримизни сизлардик.

Янгам бир этак бола туғиб ташлади. Ҳаммаси ўғил. Ҳаммаси оппоқ, полвон болакайлар. Фақат каттаси новча, ориқ, қора, кўк кўз. Бошқанинг боласидан ажралиб туради.

Янгам энди турмуш ташвишларига кўмилди. Шаддодлиги ҳам сусайди. Биз билан аввалгидай ҳазиллашиб ўтиришга вақти ҳам йўқ эди. Балки хоҳиши ҳам йўқдир. Аммо синглиси Бибисорани менга оберишга ваъда қилган. Бибисора эса янгамнинг аввалги кўришига ўхшаб тобора бўй етар, тобора гўзаллашиб борарди. Аммо биз энди бир-биримизга аввалгидек болаларча тирғалишдан ийманар эдик. Янгамнинг икки оғиз ваъдаси худди бизни унаштириб қўйгандек эди. Чунки бизни таниганлар аллақачон ошиқ-маъшуққа чиқариб улгурган, гап-сўз қилиб юборишганди. Шу боис унга хат ёзмаётган бўлсам ҳам ҳар куни ёзаётган, кўришмасам ҳам ҳар куни пана-пастқамларда учрашаётган, қучоқлашаётган ва бўса... олаётган эдим.

Бироқ унга айтар сўзларим кўп. Чегачи чолни у ҳали билмайди. Бу сирли одам ҳақида гапиргим келади. Чол эса шу бўйи гумдон бўлди. қанийди зовдан тушиб кетган бўлса.

* * *

Бир замонлар, тоғ ортидаги тожиклар билан бизнинг қишлоқдагилар борди-келди қилмасларидан бурун ўша ёқлик овчилар тонг чоғи Парандоз чўққисида ялтираган қора нарсани кўриб қолишибди. Ўшшайиб катта сойга туртиб чиққан чўққи учида телпакдан каттароқ бир нарса тонг шафақида живир-живир товланар эмиш. Бири- ёмби, този олтин бўлаги деса, бири – тош шираси – мўмиё, кийик ҳам етолмайдиган қояда қотиб туриб қолган дейди; ёзда у эриб, сойга томчилаганда кийик, олқорлар сой тошлари устидан уни ялаб ейдилар. Чунки умр бўйи тоғ-тошда сакраб ҳаёт кечирувчи бу беозор жониворлар кўпинча оёғини, тошга уриб лат ейди, синади. Савқи табиий равишда шу мўмиё малҳам эканини биладилар ва талпиниб ундан ризқланадилар, шундай қилиб ўзларининг жароҳатига ўзлари малҳам қўядилар. Ўқ тегиб ярадор бўлса ҳам қочиб қутулиб кетиб, сўнгра тузалиб оёққа туриб кетгувчи олқорларнинг соғайиш сабаби ҳам шундан. Буни овчилар яхши билишади. Қочди демак, энди у мўмиё бор жойга етиб олади, ўша ёқлардан пойлаш лозим дейишади. Ҳушёр жонивор эса ўта ҳид билгич, одам исини ҳам, мўмиё исини ҳам тез пайқайди: энди чўққилар атрофида тағин овчига ўлжа бўлишни хоҳлармиди дейсиз – қочади-кетади-да.

Хуллас, овчилар маслаҳатни бир жойга қўйиб, зовга чўққининг тепа томонидан бир кишининг белига арқон боғлаб туширишни келишининг олишади. Арқонларни бир-бирига боғлаб, Парда исмли бир бўз йигитни тушириб, ўзлари нарёқда арқоннинг бир учини маҳкам тортиб туришади. Йигит чўққининг ёмби ялтираб турган лабига етай деганда шунақа қаттиқ шамол турадики, муаллақ қолган йигит беихтиёр ён томонга сурилиб кетади. Ўз оғирлиги билан босиб турган арқон ҳам сирпанади, шу сирпанишда давом этаверади, қоянинг қиррали тошлари арқонни кесиб кетади, бора-бора у енгил ипларда илиниб қолади ҳамда қоянинг бир четига етганда чарс узилади ва йигит пастга қараб вой-ҳойлаганча тушиб кетади. Пастга, боя улар маслаҳат қилган жойга Парданинг бир неча бурда гўшти ва кийимларининг бир парчасигина учиб тушади. қолган тана қисми Парандознинг арра тишидай чўққиларида осилиб қолиб кетади. Шундан бери у ёққа кишилар кўп ҳам талпинмай қўйишган. Ёмбини ёки мўмиёни кўрадилар, тамшанадилар, аммо у беозор тоғ жониворининг дахлсиз ризқи эканига иқрор бўладилар.

Бир бўз йигитнинг бевақт ажали уларнинг очкўзлигига барҳам берган бўлса ажабмас. Айтиб бўлмайди: вақт-замони келиб бир уддабурон учар бу чўққиларга вертолётда келиб ҳамла қилиши ҳам мумкин-да. Ахир техника тараққиёти нималарга олиб келмаяпти.

Мана, неча йил ўтди, чегачи чол ўша ёқларга кетди, даф бўлди. Бироқ ўсиқ қошлари ва юзидаги баттар қора мўйлари орасидан ўқдай қадалиб боқувчи кўк кўзлари ҳамон эсимга тушади, туйқус сесканиб кетаман. У менинг болалик туйғуларимнинг йўлини кесиб чиқди, гўё сен бола эмассан, ўйнаб-кулишга ҳаққинг йўқ, дегандай бўлди.

Бу дунёси унча ҳам кенг эмас экан.

Ўша чўққи, Парандоз – дунёнинг бир чеккаси. Чол эса чўққидан ошиб нарига кетган. қани эди у чиндам ҳам ер шарининг охирги чегараси бўлса-ю, чўққидан нарёққа овчи йигитдай парча-парча бўлиб тушиб кетган бўлса...

* * *

Еттинчи синфга ўтаётганимда биз турган жойлар торлик қилиб, пастдаги қишлоққа кўчиб тушдик. Мактаб олислигини ҳисобга олмаганда бу ерлар кенг, яйлов кўп, сербулоқ-сув ҳам етарли, ҳаммадан ҳам мол боқиб кун кўрувчи отамга ўнғай эди. Мактабдан келгач, биз бемалол отамга ёрдамчилик қила олардик. Энг муҳими, биз Бибисоранинг қишлоғига яқин жойга кўчгандик. Бир уй, бир даҳлиз қурдик. Саккизинчи синфга ўтганимда тағин бир уй ва ғаллахона, молхона солдик. Кейинги йил каникулда ўтинхона ва яна бир уй қурсак, эл қатори яшай бошлаймиз, ҳеч ким бизни камбағал демайди.

Физкультурадан бизга тарих ўқитувчимиз, отамнинг ошнаси Сайпи муаллим дарс ўтарди. У ҳар баҳорда сел ювиб кетувчи сайхонликдаги стадион деб аталувчи майдончамизда олтмиш метрга пойга югуртиришнигина биларди. Мактабимиз футбол, волейбол тугул бир турникка ҳам ёлчимаган эди. Югуришга ўнғай жой ҳам умумий машина йўли, ҳар замон патирлаб бирор трактор ёки мотоцикл чангитиб ўтиб қоларди. Тракторни эса то кўздан пана бўлгунча қувиб борамиз, ичимиздан бирда-ярим шўтаноқларимиз теляшкасига осилиб олар, тракторчи пайқаб қолиб, такторини тўхтатиб сўкиб туширгунча тушмас эдик. Тушгандан кейин ҳам қўймай теляшкасига тош отиб қарсиллатиб урар эдик. Нима зарил экан – ҳайронман. Шўхликмикан ё техника камлигидан ҳавасакмикан? Тавба.

Хуллас, Сайпи муаллим қадами билан ҳоппойлаб олтмиш ҳоппой санаб, у бошигаям, бу бошигаям ялпоқ қайроқ тош билан ўйиб бир чизиқ тортарди. Команда беришдан олдин уқтирарди: «бошинг етсин, кетинг қайтсин! Тушундингми?» Албатта, бу гапни қиз болаларга айтарди. қиз шўрликлар рўмоли ечилиб, калишини пойи тушиб қолиб, сўнг имиллаб орқасига қайтиб, рўмолини бошқатдан пешонасига танғиб ўраб, отилиб кетган калиш пойини топиб, учи йиртиқ пайпоғини қўли билан қоқиб, артиб, кейин пойабзалини кийиб, устидан кулган ўғил болаларни қарғай-қарғай бемалол юриб келарди. Муаллим бари бир уларга «тўрт» ва «беш» баҳо қўйиб нарига ҳайдаб юборарди-да, сўнг ўрнига ўғил болаларни сафга тизарди.

Бу сафар ўн икки нафар ўқувчига худди бир болага уқтиргандек команда берарди: «Қара, ҳой бола, бу чизиқ и нарги чизиқ, ораси олтмиш метр, старт берилади – учасан, нариги чизиққа бошинг етсин, ортинг қайтсин. Бутун дунё спортида шу қоида – қаерга борсанг баравер. Биров бир нарса деса – номаъқулнинг нонини жепти! Хўпми, ҳаммага тушунарли, а? Кетдик: внимание! На старт! Марш!

Ичимизда биргина Зойир «тўрт» баҳо оларди. қолганларники – «беш». Чунки унинг қишин-ёзин киядиган кетаси тамом айрилиб кетган, тез югурганда оёғининг остига қайрилиб тушиб суриниб кетар, югурганда ҳам пойабзалининг ичига ҳаво кириб «ҳап-ҳап-ҳап» этган товуш чиқарар, биз бу товуш қаерингдан чиқяпти, деб қотиб кулардик.

Абдураим билан Ражаб бу ташвишдан холи эди. Чунки улар қишда ҳам бир нарса киймасдилар, бемалол ялангоёқ қор, лой кечиб келаверишарди. Чамаси камбағалчилик ё отасининг зиқналиги устун келиб оёқлар туёққа айланиб бўлганди, валлоҳу аълам.

* * *

Шаҳардан Фахриддин деган физкультура ўқитувчиси келди-ю бу юмушларга барҳам берилди: «туёқдорлар» қандай кўринишда бўлса-да пойабзал киядиган бўлди –ўқувчи қишда ялангоёқ ўқишга келиши кодексга мувофиқ эмас. Иккинчи янгилик – Сайпи муаллим жисмоний тарбия дарсидан озод эитилиб, тарихчилигига куни қолди.

Қорачадан келган, хушбичим бу физкультура ўқитувчиси ўта қаттиққўл эди. Берилган вазифани бажаролмасанг жазоларди. Масалан, темирдай қаттиқ қўли билан билагингдан маҳкам қисиб ўзига тортиб, кўзини тик қадаб тураверарди. Темир қўли билакни ўйиб кетарди. Иккинчи жазоси – бош кийимни ечтириб қўйиб, бошқа бармоғини иккинчи қўли бармоғига тираб туриб рогатка қилиб уриш эди. Ўйлашимча бошга гурзи тушса, бундан кўра енгилроқ бўларди, чунки унинг бармоғи оддий бармоқ эмас, мундайроқ болтга ўхшаб тегарди ва ўша заҳоти шишиб чиқарди. қизларни эса иягидан қўли билан кўтариб, ўзига қаратиб оларди, иягига бармоғини тираб кўзини чақчайтириб тураверса – шунинг ўзи оғир гап эди, биринчидан, қизнинг нозик ияги кўкариб чиқади – оғриқ ҳам бор-да, иккинчидан, нигоҳ масаласи анча ваҳимали эди – кўзига кўзи тушгач беихтиёр ҳўнграб йиғлаб юборарди.

Аммо мактабимизда кўп ўзгаришлар бўлди. Ўз кучимиз билан волейбол майдончаси қурдик: сой тошларини териб майдонни тозаладик, иккита устунга ер ковлаб, уни ўрнатдик, сетка тортдик, майдон четига майда тошлар териб чиқдик. Бир чеккага турник ўрнатдик.

Баъзан кечки пайтларда шу тор майдонда футбол ҳам ўйнардик. Бироқ тўп ҳадеганда сойга тушиб кетар, тошқин сой уни оқизиб кетарди. Икки бола югуриб, унинг ортидан қувар, хода билан уриб сувдан ташқарига чиқаролмагач, бир чақирим пастдаги тегирмоннинг ёнидаги қисилчангдан сув кечиб тутиб келишарди. Бунгача футболчиларимиз коптокни сувга тепиб юборган чемпионни сўкиш билан андармон бўлиб турар, у бўлса ўзини оқлаш учун бошқани айбдор қилиб бақириб ётарди. Бу тор майдонда «аут» қилмасликнинг эса сира иложи йўқ эди.

Нима бўлганда ҳам Фахриддин муаллимнинг турник ўрнатиш сиёсатини ижобий баҳолаш мумкин эди, сабаби биз ўғил болалар турникда тортилиш у ёқда турсин, чирпирак бўлиб айланиш машқини ҳам ўзлаштириб олдик. Дарсдан кейин ҳам галма-галдан турникка осилганимиз осилган эди. Домла бу юмушга қизларни ҳам сафарбар этиб улгурди. Табиийки, умрида бир нарсага осилиб кўрмаган қизлар турника яқинлашгиси ҳам келмасди. Домла уларга қатъий команда бериб чақирар, ўзи белидан кўтариб турникка етказиб қўяр ва «тортил» деб зўрлар эди.

Бу ишларга қизлар қарши эди. Ҳатто ота-оналар, баъзан муаллимлар ҳам аралашиб кўришди. «Қизларимизнинг путини кўтариб гимнастикачи қилмоқчимисан, мактабни битирса эрга тегади, ўқишгаям, ҳеч жойга бормайди. Буларни буйтиб шарманда қилма!»

Фахриддин муаллим рус тилидан дарс берувчи Аҳмад муаллимникида ётиб юрарди. Аҳмад муаллим бир куни ўқитувчиларга айтибдики, бу йигит марказдан махсус жўнатилган, қишлоқларда спортни ривожлантириш, улар ичидан зўр чемпион етиштириб бериш унинг асосий вазифаси, топшириқ билан келган.

Ростдан ҳам мактабимизда хоккейдан бошқа ёт ўйин турларининг ҳаммасини ўргана бошладик. Қизлар ҳам лозимларини ечиб брижа, кета кийишарди, югурганда елпиниб халақит бермаслиги учун дуррача ва рўмолларини ечиб ялангбош бўладиган одатлар чиқаришди.

Қиш ўтса, туман марказида ўтадиган ўқувчилар спартакиадасига ҳам қатнашадиган бўлдик.

Қишда синф хоналарда дарс ўтиларди. Волейбол, футбол, гандбол, баскетбол ва бошқа спорт турларининг қоидаси, назарияси ўқитилар, ёздирилар, ёдлатилар эди. Дафтарлар тўлиб кетарди. Ёзилган қоидаларни ёдлаш шарт, бўлмаса жазо қаттиқ.

Айни вақтда тош кўтариш, ўтириб туриш, қўлга таяниб гавдада ётиб туриш каби машқлар ҳам синфда бажариларди. Ётиб туриш айниқса қийин эди. Мактаб пол бўлмаганидан парталар ўртасидаги йўлак лой, тупук-шилимшиқ жой, шу ерга кафтинг билан таянишинг керак эди, чарчасанг ҳам домла устингда туриб «давай» деяверар, охири қўлинг толиб юзинг, кўкрагинг билан шу булғанч жойга ётиб ҳам қолардинг. Аммо муаллим бошингда туриб олиб «двадцать один, давай, еҳё четўре раза» деб бақираверарди.

Аҳмад муаллимнинг уйига икки хотин ва бир чол жанжал кўтариб борибди: қизларимизни тинч қўядими бу ё қишлоқдан изини қуритайликми?.. Муаллим яна ўртага тушибди: бу ўзи яхши йигит, нияти яхши, ҳукумат бободан шундай-шундай топшириқлар олиб келган, қишлоғимизнинг номини элга кўрсатмоқчи. Яна бир янгиликни сизлар билмас экансизлар, айтиб қўяй: бола асли қишлоғимизга жиян экан. Саритой бобонинг ҳалиги бурун қочиб кетган аёли бор-ку, ўшанинг ўғли эмиш. Момой уч йил олдин ўлипти, боласигаям тоғаларингни топ, деб васият қипти. Бу, энди, тоғаларининг ичида бир оз эркалик қилса, кечиринглар-да. Педагог ўғил-қизларингизни тарбиялаб одам қилиши керак. қизиқ экансилар. Мана, бизга ўхшаб мундайроқ ўқитса, болалар русчани ўрганмаса, майли, қаттиқ турганнинг энасини Учқўрғондан кўрсатиш керак экан-да, а? Бундай бўлмайди-да, қўйинглар энди...

Одамлар қариндошлик туйғулари билан бир оз юмшаб, шунда ҳам қизларимизни путини кўтариб турникка осилтирмасин, дея шарт қўйиб ортга қайтишибди.

Бироқ Фахриддин муаллим бари бир шаштидан қайтгани йўқ. Айниқса у мен билан ўчакишади. Ерга қўл билан таяниб туришни бошида эплаёлмасдим. Кейин йигирма, элликтага чиқардим. Бошқалар йигирматага етказа олмаса ҳам менга етмишта қиласан, деди. Етмиштага ҳам етказдим. Бари бир у менга илиқ гапирмади. қишнинг ўртасида у қаердандир йигирма тўрт килолик тош топиб келди. Аввал ўзи кўтариб кўрсатди. Енгил нарсани кўтаргандай уч марта ҳаволатиб кўтарди. Партадошим Абдушукур беихтиёр «ўҳў, маллим, полвон экансиз, нечтага оборасиз?» деб қолди.

Муаллим қовоғини уйди.

– Йигирмадан ошади, – деб қўйди сўнг тўнғиллагансимон.

Тош ниҳоятда оғир, жойидан қўзғатишнинг ўзи амри маҳол эди. қиш бўйи ҳадисини олгач, кўпчилигимиз уни уч мартадан ошириб кўтарадиган бўлдик. Мен майиша-майиша йигирмага етказдим. Майишганим менга дакки олиб келарди. Сўнг майишмай ўнг қўлимда ўттизга етказадиган бўлдим. Чап қўлда ўнтадан оширолмасдим. Муаллим шу томонимга ёпишиб олди. Худди бошқа қиладиган иши йўқдай мен билан ўчакишар, сира бунинг сабабини тушунолмасдим.

Кўклам чиқди. Дарслар ичида энг муҳими физкультура бўлиб қолди. қизлар ҳам оғир жисмоний машқларга ўрганиб қолишди. Футбол ўйнамас, кураш тушмас, тош кўтармас эдилар, холос, бошқа ҳаммасини бажаришга мажбур эдилар Баҳордаги туман спартакиадасида биз яхши қатнашдик. Югуришда, узунликка сакрашда камина биринчи ўринни олдим. Футболда ишимиз юришмади, майдон катта, қоидадагидек тўқсон метр, тор жойда ғуж ўйнаб, коптокни сувга тушириб юборишдан чўчиб қисқа масофага тепиб ўрганганимиз панд берди чоғи, ҳеч қайсимиз узоққа тепиб, бир-биримизга оширолмаймиз. Дарвоза ҳам катта, дарвозабонимиз узоқдан келган тўпни ҳам ўтказиб юборади – кичкина дарвозага ўрганиб қолган-да. Учта мактаб билан ўйнаган бўлсак, учовидаям йирик ҳисобда ютқаздик: югурамиз – бефойда. Ҳар гал ўйиндан кейин ҳақимизни оламиз: Фахриддин муаллим бўралатиб ўрисчалаб сўкади. Нима деяпти – тушунмаймиз. Одам бўлмайсизлар, деётган чиқар-да. Янаям айтиб бўлмайди, шаҳар кўрган, ўрисча таълим олган.

Қизларимиз волейболдан учинчи, биз иккинчи ўринни олдик. Биринчини ҳам олардиг-у, ҳакам уларга очиқдан-очиқ ён босди. Ўқитувчимиз бир оз қизишди, ҳакам билан талашди, фойдаси бўлмагач, тағин биздан ўчини олди – русчалаб бақирди.

Ўнинчи синф қизларидан Тўти опа деганимиз ҳам турникда машқ бажаришдан учинчи ўринни эгаллади. У ҳамма машқларни рисоладагидек бажарди, бироқ формаси йўқлиги, қишлоқча кийингани, ақалли рўмолини ҳам ечмагани унинг очкосини тушириб юборди. Шундоқ ҳам муаллим Тўти опани мактаб турнигига белидан ушлаб чиқариб қўйгани, оёқларининг юмшоқ жойларидан ушлаб турникда айлантиргани, кейин яна кўтариб тушириб қўйиб, ўрисча мақташи гап бўлиб кетган эди.

Кўп ўтмай муаллимнинг Аҳмад аканикидан мактаб қоровули Исрофил бобоникига кўчиб ўтгани бу гап-сўзларни яна кўпайтирди. Чунки Тўти опа – Исрофил бобонинг кенжа қизи. Гарчи мактабда унча аълога ўқимаса ҳам жуда чиройли, дуркун қиз. Унча-мунча аълога ўқийдиган катта йигитлар ҳам унга суқланишар, хатлар ҳам ёзишарди. Айтишларича, у бу синфдошларига парво қилмайди, Тошкентда ирригация институтида ўқийдиган туман марказидаги йигит билан аҳд-паймони бор эмиш, қиз мактабни тугатган заҳоти бунга уйланармиш, кейин Тўти опани медтехникумда ўқитиб дўхтир қилармиш. Ана орзу, ана бахт! Одамлар ҳали ўқувчилигидаёқ келажак истиқболини таъминлаб қўя оладилар.

Куёв бўлмиш ҳам гоҳо қишлоққа келиб, мактаб атрофида ўралашиб юрармиш. Кеч тушгач Тўти опа билан бекитиқча шивирлашиб кетармиш. Тошкентга бориб фавворалар бўйида гулдор кўйлак, клёш шим, узун сочларда ўртоқлари билан тушган, пастига «Тошкент-1974» деб чиройли ёзилган суратини юборармиш.

Фахриддин муаллим Тўти опаларникига кўчиб ўтгач бу миш-мишларнинг шовири камайди. У Тўти опага келган хатларни йиртиб ташлармиш, йигитга ёзилган хатлар ҳам етиб бормасмиш.

Ва, кунлар ўтди – Тўти опа Фахриддин муаллимни севиб қопти, деган гап чиқди. Ростдан ҳам муаллим энди физкультура дарсларида Тўти опани кўп аяйдиган, аввалгидай мураккаб машқларни бажартирмайдиган бўпти. Ҳар қалай бу гап бекорга эмасдир. Дўппидай қишлоқ, ҳамма бир-бирини билади – сир ётадими бу ерда?

Мен туман газетасига бўлиб ўтган спартакиада ҳамда унда мактабимиз спортчи ёшларининг муваффақиятларини бир-бир санаб, мақола қилиб хатда жўнатиб юбордим. Унда Тўти опанинг ҳам моҳир гимнастикачи экани, туманда фахрли учинчи ўрин соҳибаси бўлгани тилга олинган эди.

Тўрт кун ўтиб, мактабда буткул шов-шув кўтарилди, «Жонибекип, ёзувчи бўп кет-э», «Илғор чорвадор»да мақоланг чиқибдими? Югур, қўниш почтачи ҳали шу ерда, хат тарқатяпти».

Отилиб чиқиб дўконнинг ёнидаги почтачи от боғлайдиган столбага қараб чопдим. Одатдагидек қўниш ака икки кўзи посилка ва газетага лиқ тўла хуржунини бутини орасига қисганча кирланиб, шўр босиб, ранги унниққан дўпписини кўзигача бостириб терлаган кўйи бир даста хатни эгалари ёки қариндошларига тарқатмоқда. У содда бўлсаям жуда сезгир одам. Узоқдан мени пайқади-ю хат ўқишдан тўхтади.

– Ўҳ, бўламнинг боласи, молодес. Жўрналис бўлади бу. Бери кел.

Шундай деб у хуржунидан менга иккита «Илғор чорвадор» газетасини олиб узатди. Яна қайтиб олди-да:

– Мана бу ерда, охирги бет. Ана, «Жонибеков», сенми шу? Ҳа, бўламнинг боласи, яна ёз! – деди ва тағин гувиллаган ўқувчилар қуршовида мактубларни бирин-кетин ўқий кетди.

Мақола газетада бир қарич жойни эгаллаган, бу жуда катта дегани эди. Менинг биринчи мақолам. Чиқадими, чиқмайдими деб ёзиб юборсам, чиқаришибди азаматлар. Илгари «Гулхан» журналига икки марта шеър жўнатганимда, улар ҳали пишиқ эмаслиги, кўп ўқиб, ўз устимда ишлашим зарурлиги ҳақида ёзиб жавоб жўнатишганди. Чиройли, рангли қоғоздаги мактуб эди. Негадир шунда ҳам жуда севинганман. Бу гал эса нақ газетанинг ўзида, ҳе йўқ, бе йўқ, босиб чиқаришибди-я. Демак, таниш-билишчилик қилишмас экан, эгасини билмасаям чиқараверишаркан. қойил!

Сўз, гап тузилиши, сарлавҳа ҳам гарчи ўзимники бўлмаса-да, маъноси ўша-ўша эди.

Кейинги алгебра дарсимизда деярли дарс бўлгани йўқ, ўқитувчи ҳам қизиқиб кетиб, аввал бизнинг мақолани, кейин газетанинг у ёқ-бу ёғини ағдариб обдон синчковлик билан ўқиб чиқди.

– Ҳа, ана, биздан ҳам чиқар экан-а, – деди.

Болалардан дам-бадам газетани тортиб оламан. Ўзим ёзган нарсамни қайта-қайта ўқийман. Ҳарфлар бир-бирига урилиб жимирлашиб кетади. Шунда кўзим ёшланаётганини сезиб қоламан.

Дарс сўнггида синфга директор кириб келди. У мени турғизиб қўйиб бир оз мақтади. Мактабдан ташқари бўш вақтларида шеър ҳам ёзаркан, мана, районимизнинг газетида шеъри чиқибди, биласизларми бу қандай газет-жуда катта газет, у ерда унча-мунча нарсани чиқазишмайди обдон суриштиради-кимнинг боласи, отаси судланганми, қайси мактабда ўқийди, «беш»и кўпми, «тўрт»ими, хулқи, интизоми қандай – бари-барини сўраб, билиб, ундан сўнггина шеърини чиқаришади. Шундай экан, биз бу боланинг хулқи, одоби, ўқиши билан тинмай шуғулланишимиз зарур. Шундай эмасми, домла?

– Шундай-шундай.

– Ўзи сиздики нима предмет?

– Алгебра.

– Ҳа, дарвоқе, алгебра. Бу боланинг ўзлаштириши қандай ўзи?

– Тузук. Масалаларга бир оз кучи етмайди, лекин тарбияласа бўлади.

– Физкультураси қандай экан?

– Унисини билмадик, директор бобо. Мана, шеър ёзишиниям сиздан эшитдик. Мақоласини ўқидик.

– Ие, бу мақола дейиладими, шеър эмасми?

– Мақола-да бу, домла.

– Майли, бизга бари бир. Муҳими – чиқибди. Физкультурасини қандай дедингиз?

– Буниям ўқитувчиси билса керак-да.

– Ҳа-ҳа, билмаппиз, янги маллим ўтса керак-да. Энди билдик, тўғри-тўғри. Турник қандай, турник, – дея менга ияк қоқди директор.

– Турник яхши, баланд.

Болалар дув кулиб юборишди.

У турникда яхши машқ бажарасанми, деб сўрамоқчи эди, буни билардим. Лекин – саволга яраша жавоб-да.

Директор савод масаласида андак бадхатроқ. Лекин «хулқи яхши» эди. Шунинг учун ва айнан чаласаводлиги учун атайлаб район маориф бўлими мудири келиб тайинлаб кетган уни. Чунки шунгача икки-уч директор қўйилганда нуқул устидан ёзишма бошланиб кетаверган, бирини иккинчиси, иккинчисини учинчиси ёзиб бадном қилиб, ишдан олдириб ташлайверган. Бу одамнинг довдирлиги, саводсизлиги маорифгаям қўл келган: мана, баттар бўлинглар, дегани бу.

Жонибековнинг мухбирлиги оғизга тушди. Мактабда она тили, адабиёт ўқитувчиларим керилишди: болани биз тарбиялаяпмиз-да, ўқитяпмиз, ёздиряпмиз, иншоларини текшираяпмиз, топшириб «беш»ини қўйиб беряпмиз, натижада мухбирлик даражасига кўтардик. Мана, бутун районга танилди.

Камина бир парча информация ёзиб шу алфоз шов-шув кўтарибман, мабодо Тошкентдаги бирор газетада мақолам чиқиб кетса, билмадим, нима бўлади. Онам бурун сенга ўхшаган саводи борлар одамларга ариза ёзиб бериб ҳожатини чиқарарди, масалан, Саритой тоғам ўн бир одамни қамоқдан опқоганман деб айтганини эшитганман. Сен ундан ошиб тушдинг, деди. Бобом ҳам алқади: ёзғич улим, барака топ!

Менинг ёзғичлигим фақат бир кишига – Фахриддин муаллимга ёқмади. Мақтов, олқишлар бир оз пасанда бўлгач, у мени мактаб коридорида тўхтатди ва ташқарига опчиқди.

– Ёзибсан, яхши, – деди. – Лекин билиб қўй: бундан бу ёғига Тўти опангга тил теккизма, нақ қўлингни синдириб ташлайман.

Фахриддин муаллимга сўз бердим. Тўти опани ёзаман деб кўзим ҳам учиб тургани йўқ. Лекин бу одам нега ҳадеб мен билан ўчакишади: шунисига қотаман. У туман Наврўз байрамидаги тош кўтариш мусобақасига мени атайлаб қатнаштирмади. Ўзи катталар ўртасидаги тош кўтаришда қатнашиб ютқазиб келди. Ўқувчилар баҳсида албатта соврин олишим мумкин эди. Боз устига мактабдаги тош кўтаришда ҳам нуқул менга элликдан оширсанг, олтмишдан оширсанг баҳо қўяман, деб қийнайверади. Кураш тушишга уқувим йўқлигини билгач, нуқул катта синф болалари билан кураштирадиган бўлди. Тош кўтариб юрганим боис рақибимнинг белига кучим етса бас эди, агар у тоғ бўлса ҳам ердан озод кўтариб қулатардим. Мувозанатдан чиқариб чалиш ёки оёқ тираб тўсатдан елкадан ошириб ташлаш усулларини ҳеч қўллай олмасдим.

– Приём ишлатолмайсан, баҳойинг «бир», – дерди у кўзини лўқ қилиб.

Болалар, синфдошларим муаллимнинг адолатсизлигини билишса-да, пичинг қилиб кулишарди. Айниқса, қизлар.

Бир куни муаллимнинг кўзига тик боқдим:

– Илтимос, ўзимнинг баҳойимни қўйинг, сизга ўхшаб физкультурачи бўлмоқчи эмасман!

– Шундайми?

– Шундай!

– Унда жаноби олийларининг баҳоси «бир!»

– Қўйинг ўша «бир»ни. Устингиздан районга ариза ёзаман.

– Ундан нарига – Москвага ёз, билдингми? Кимсан ўзи сан: ўқитувчига, азиз устозингга гап қайтарасан! Мана шу шапалоқдан битта тушади – ўласан-қоласан!

Қочишни мўлжаллаб, орқага бир оз тисландим-да:

– Ўқитувчининг ўқувчини уришга ҳаққи йўқ, – дедим.

– Кўрамиз. Сенга ўхшаган бетарбия, мараз, сволочларни кўзини жойига келтириб қўйиш учун қамчи билан савалаш керак!

Шундай деб у мен томон хезланиб, лекин уришни мўлжалламай – қўлини орқага қилиб келди-да:

– Тупурдим-сенгаям, уруғ-аймоғингаям, – деди башарасини жийириб.

Уруғ-аймоғим бунга нима ёмонлик қилган экан – тушунмадим. Буни ўйлаб ҳам ўтирмай шартта директорнинг хонасига кирдим.

Директор «Прима» сигаретини буруқситганча нималарнингдир чўтини ташлаб ўтирарди.

– Маллим, – дедим ҳовлиқиб, – мен бу мактабда ўқимайман. Бошқа мактабга ўтаман, рухсат берасизми, йўқми – эртадан бошлаб келмайман.

Директор:

– И, – деди-да қотди-қолди.

– Ариза ёз десангиз ёзаман.

– И, – деди яна бир марта директор.

– Фахриддин маллим мени қўймаяпти. Энди ўқимайман бу ерда.

– Жонибековсанми? – деди директор бир оз ўзига келиб. – Ҳа, жўра, нима гап, бунча пишқирасан?

– Физкультура маллим қийнаяпти. Ўқимайман бу ерда.

– Сен бир нарсани тушун: уни ҳукумат бобо, яъниким партия жўнатган – шу ернинг аҳолисини ҳаммасини таълим-тарбия қилиб, муносиб кадр чиқарасан деб. Бундай деганинг нимаси – гўргаям бормайсан.

– Унда районга ёзаман, – дедим тап тортмай.

– И, – деди-да яна қотди директор.

Турди, турди-да, папиросини охиригача симириб бичогини ерга ташлаб, ости қалин боғичли ботинкаси билан обдон эзғилади.

– Жонибекипсан-а сен? Биламан, ёзишни эплайсан. Сен бизга кераксан. Лекин у ўқитувчи билан ўйнашма: тайинланган кадр.

– Бўлмаса айтиб қўйинг, мени қийнамасин.

– И, – деди директор. – Марказдан, – дея бармоғини осмонга нуқиди, – ҳа, марказдан келган етук домуллога бир нарса деб бўладими? қизиқ болаякансан-ку, жўра.

Шартта чиқдим-да, синфдан папкамни олиб қўлтиғимга қисиб уйга кетдим. Ҳеч кимга айтмай икки варақ дафтар қоғозига физкультура ўқитувчиси Фахриддин қурбонов устидан шикоят ёздим. Районга. Кечқурун почтачи қўниш аканинг уйига бориб, бир конверт сотиб олдиму устидаги адресини ўзига ёздириб қўлига тутқаздим.

Директорга ҳам энди бу мактабда ўқимайман, деган мазмунда ариза бердим. Домла одатдагидай «и» ҳарфига урғу бериб қотиб қолаверди. қайтиб мактабга бормадим.

Уч кун ўтдими, тўрт кунми, директор мени, ота-онамни чақиртирибди. Отамнинг қўли тегмаганидан эшакка миндириб онамни олиб бордим. Ўқитувчилар хонасида синф раҳбарим Улаш ака, завуч Ҳотам муаллим, директор ва директорнинг ёнида физкультура домлам мунғайиб ўтиришибди.

– Чеча, – дея гап бошлади директор, – бу болангиз бизда тузуккина ўқиётиб эди, кейинги вақтда айниди. Газетада шеъри чиқди – айниди-қолди. Бу укамиз Пахриддин шаҳардан келган. Олий маълумотли. Гандболми ё волейболданми, а, – дея физкультурачига қаради директор, – ҳа, гандболдан чемпион бўлиб медаль олган полвонлардан ўзи. Бизга керак одам. Ўғил-қизларимиздан спортчи чиқараман, деб жон куйдиряпти. Улингиз, манови бўлса шундай катта домулла билан тирашади. Ай, ким қўйибди тирашишни бунга, китобини ўқисин, одам бўлсин.

Онам менга мўлтираб қаради. Жуда хафа эди. Бечорани мажлисга чақиришнинг ўзиёқ уни тамом қилганди.

– Маллимжон, кечиринг, мен буни уришиб қўяман, – дея олди зўрға.

Йўлда онам билан шунга келишган эдик. Бошқа гап гапириб ўтирманг, дегандим.

– Масала ҳал, – деди директор, – ота-она буни тарбия қилолмаган, биз эпини қилолмадик, улингиз ҳайдалади мактабдан. қаерга борса бориб ўқийверсин.

– Ўзи нима қилди болам? – дейишга журъат қилди онам. – Айтинг-чи, нима қилди, қаерга бориб ўқисин?! – Шундай дея онам бечора юм-юм йиғлайверди.

– Йиғламанг, – дедим онамга. – Қайтанга яхши бўлди. Жумабозорнинг мактабига бориб ўқийман. У ерда ўқитувчилар яхши ўқитади экан. Ҳаммаси олий маълумотли. Мактабни битирганларнинг ҳам ҳаммаси ўқишга кирар экан. Йиғлашингизга арзимайди. Жумабозорнинг мактаби энди бизга яқин-ку. Ҳечам йиғламанг, кетдик.

Йўлда онам йиғлай-йиғлай менга арз қилиб кетди:

– Шу жаллоднинг боласиминан қасдлашасанми? Отаси Саритой тоғамни сўйиб қочган, уч кундан кейин Гулой чечамни отга ўнгариб опқочиб кетган бўлса, Гулойдан туғилган бу бола тағин келиб қишлоқда билган номаъқулчилигини қилиб юрган бўлса, бандаси буларминан тенг келолмайди, болам. Нега сен қасдлашдинг?

– Мен ҳали унинг ковушини тўғрилаб қўяман, – дедим негадир. Аммо отасининг қилган ишларидан қўрқиб, титроқ босди.

– Сени бир нарса қилиб қўяди, шунисидан қўрқаман.

– Нурмат, Шермат тоғалар Саритой тоғанинг болалари-ку. Шулар ўч олса бўлади-ку.

– Қўй уларни. Мурғак гўдакка ўхшайди.

– Ана холос. Бу дунёда қотил бўлиш керак экан-ку. Кўрасиз, ҳали совет ҳукумат бундайларни жазолайди. Бугун-эрта жазолайди.

Уйда бобом ҳам мени койиди.

– Буларминан тенг бўламан дея кўрма. қўли қон, болам. Сенга зиёни тегади. Бизнинг қўлимиздан нима келади? Худо кўрсатмасин, отаси қилган қилиқларни қилса бутун юртни харомга ботиради.

– Мен унинг устидан ёзганман. Ҳадемай комиссия келиб текширади.

Уйда бобом ҳам мени койиди.

– И, – деди бобом директорга ўхшаб. – Тинч юр, ёзма буни, нега Азроилга тегишасан, жоним болам. Бекор қипсан, энди ҳаммамизни хонавайрон қилади.

* * *

Мактабни комиссия босди. Мен шикоятда Фахриддин муаллимни ахлоқан бузуқ, ўз ўқувчиси Тўти Исрофилова билан бузуқ ишларни амалга оширган деб ҳам ёзган эдим. Иккита мелиса ҳам кепти. Улар муаллимдан тушунтириш хати опти. Тўти опа мен муаллимни севаман депти. Бироқ отаси мен кўп нарсани билиб юриппан, қўрқиб индамаётувдим депти. Тўти опанинг онаси келиб қизининг ҳомиладорлигини айтибди. Бу жуда катта гап бўлиб кетди. Боз устига мелисани кўриб ҳимоячи топилганидан бошқа ота-оналар ҳам менинг боламниям урар экан, деб ёзиб беришибди.

Бўлди тўполон, бўлди тўполон.

Аканг қарағай жиноятчидан қаҳрамонга айландим. Муаллимни мелиса опкетадиган бўлди. Мен ҳам шу атрофда ғолибона айланишиб юрар эдим. Почтачи қўниш ака келиб мени сўрабди. Бордим. Бир каптанса тутқазиб қўл қўй деди. қўл қўйдим. қўйнидан олти сўму йигирма тийин чиқариб берди. Газетадан пул келибди. Гонорар дейишаркан буни.

– Менга қара, бўламнинг боласи, – деди у тўсатдан. қизиғар ўттиз йилдан бери хат, пенсия, газет-жўрналларингди ташийман. Биров бир оғиз раҳмат демайди. Сен ёз. Мақта, хўпми? Газетада чиқсин. Мана, беш сўм. Икки винонинг пули-да. Ол. Ош бўлсин. Ҳалол пулим.

Пулни олмаганимга қўймади. Уни олгач нима деб мақташни ўйлаб қолдим.

Почтачининг олдига директор келиб қолди.

– Тоғамнинг боласи, – деди уям менга қараб. – Отасининг отаси тус тоғам-да менинг. қўниш, бу бола анови ифлосни ёмон боплади-да. Ёмонам боплади. қутуладиган бўлдиг-э шу мараздан. Тоза жонга тегиб юрувди. Биров бир нарса деёлмайди. Шу қилди ҳамма ишни. Ҳа, молодес, жўра. Ўзинг бўладиган боласан-да. Документларингам қолади. Энди шу мактабда ўқийверасан. Оббо тоғамди ули-я.

Ичимда шайтон қўзғолиб «жиян»га гап қайтардим:

– Муаллим, энди мен сизнинг мактабингизда ўқимайман, Жумабозорга қатнайман, отам директори билан гаплашиб келди.

– Номаъқулнинг нонини ебсан. Отангга ўзим айтаман. Бу нимаси, бу ерда ҳаммаси оға-ини, қариндош, бегона жойда пишириб қўйибдими сенга?!

– Бари бир у ёқда ўқийман, кўрасиз.

Кўз олдимга Бибисора келди. Балки бир синфда ўқирмиз. Майли, бир синфда ўқимасак ҳам танаффусларда кўришсак, икки оғиз гаплашсак. Жуда бўлмаганда қуралай кўзларини сузиб кулиб ўтиб кетса ҳам майли. Эҳ-ҳ.

Мелисалар Фахриддин муаллимни сайхонликдаги «Уазик» машинаси томон олиб тушишди. Домла хафа эди, бироқ кўзи ёнарди. Тўдага қўшилиб мен ҳам пастга тушдим. Муаллим машинага минатуриб тўхтади. Менга қаради. Мелисага бир нарса деб шивирлади-да, мен томон юрди. Орқага тисланган эдим, қўрқма, урмайман, деди. Келиб энгашди.

– Чавандоз аканг бор-а, Султон деган? Шерали деган ўғли бор-а? Ўша бизнинг ука бўлади. Тушунасанми бунақа гапларга? Бу қишлоқда бизнинг уруғларимиз бор. Ҳали улар отилиб чиқади. Бизни излаб топади. Янгангга, чавандозга тайинлаб қўй, укамизни яхшилаб боқишсин, ўртоқ Жонибеков!

Унинг кўзларидан яшин сачрагандек бўлди.

Машинага чиқаётиб ортига, аниқроғи менга тағин тикилди. Чамамда бўрининг кўзлари шунақа бўлса керак. ғижиниб «Жонибеков!» деди яна, тишларининг орасидан тупук сачради.

Кетди. қайтиб қорасини кўрсатмади.

* * *

Янгамнинг энди келин бўлиб тушган чоғларини эслайман: ҳуркаккина, қалин қўнғир сочлари тўпиғини ўпади, юзи оппоқ – сулувларнинг сулуви, кўзларининг оқи оқ, қораси қора – тип-тиниқ, кийим-либослари ҳам – ҳамма нарсаси гўзал, энтикиб сўзлашлари-да бўлакча эди. Менинг ғўр ва дағал болалигим янгам туфайлигина маъноларга қоришди. Гўзал инсон, бокира аёл қандай бўлишини янгам тимсолида кўриб, мафтун бўлдим. Янгам мен учун бўй кўрсатиб турган жонли хилқат, битмас-туганмас орзулар манбаи эди.

Анвойи атирлари бўйи шундоқ димоғимни қитиқлаб ўтди. Аввал шарақлаб сўнгра энтика-энтика ҳаяжонланиб кулганлари кўз олдимга келди.

Мана бу ифлос, кўланканинг, қўлансанинг фарзанди нималар деяпти? Нимага мени, бизни ҳақорат қиляпти? Шундай дейишга ҳаққи борми ўзи? Бутун бир қишлоқни булғанчга ботириб кетаверадими? Отасининг қилгани, қилганига яраша жазоланмагани етмагандай боласи ҳам нажасини бегуноҳ болалар, пок қизлар оғзига тиқиб, устидан хоҳлаганча кулиб кетаверсинми?

Наҳот, наҳот менинг Тўлғаной янгамнинг этагига ит теккан бўлса? Итдан баттар қора чол... мараз, яна қандай сўз бор экан, таърифлаб бўлмайди. Наҳотки ўша шу сассиқ чол учун ҳамманинг эшиги, уйи, ҳатто бокира қучоғи ҳам очиқ бўлса?! Буни тушуниб бўлмайди. Ўғли-чи, ўғли? Нега ундан ҳам ҳамма қўрқади? Шермат, Нурмат тоғамлар нега унинг қорнига ўроқ уриб ёриб ташлашмади? Мана мен – сенинг отангнинг қотилининг ўғлиман деб кўкрак кериб ёлғиз келди-ку бу! Ёлғиз ўзи бошқа ишларни ҳам қилди-ку!

Отаси-чи? Отангизнинг жаллодиман, онангизни отга ўнгариб опқочиб кетган ҳам ўзимман. қаридим, лекин тап тортмай, қўрқмай яна келдим, қани, қўлингдан нима келади, демадими? Бечора, ғурурсиз, латтачайнар тоғаларга бу ҳам камми? Номусини, орини ҳимоя қила олмайдими? Мактаб директори-чи? Ўл мундай ялтоқланмай. Аввал Фахриддиннинг товонини ўпар эди. Энди у кетар бўлгач, мен тоғасининг ўғлига айланиб қолибман.

Хўш, Фахриддин нима ишлар қилди? Ҳаммаси кўзингизнинг ўнгида содир бўлаётган эди-ку, директор бобо? Ҳаммаси сиз бошқараётган, сиз раҳбар бўлган улуғ даргоҳ ичида бўлди-ку. Исрофил бобо сизнинг ишчингиз эмасми? қизи Тўти опанинг кимдан кам жойи бор эди – у сизнинг ўқувчингиз, керак бўлса, бир мард эркакнинг бахтини очадиган гулдай қиз эди-ку. Ёки мен кимман? Ўгаймидим? Ит, тўнғиз ғажиганда думоғингиз чоғ бўлиб қараб турасиз, қўл қовуштирасиз. Энди дунё ўзгариб ит ҳайдалса, тоғам дейсиз?

Энди мени бу мактабда арқон билан ҳам боғлаб ушлаб тура олмайсиз. Елкамнинг чуқури кўрсин! Жумабозорга бориб ўқийман, Жумабозорга! У ерда қандай муаллимлар борлигини биласизми: маданиятли, билимли, муҳими – ғурурли! Яна бир зот бор у ерда. Буни сизга айтиб ўтирмайман. Айтганимда ҳам тушунмайсиз. Умуман, тушунишгаям арзимайсиз, домла!

* * *

Уч кун ўтиб, ҳали мактабдан ҳужжатларимни ҳам олиб улгурмаган эдим. Бибисорадан мактуб келди.

«Салом Жаҳонгир! Соғликларингиз яхшими? Ўқишлар қалай? Биламан, «беш»га ўқийсиз.

Хат ҳам ёзмайсиз. Жуда бўлмаса 8 мартда табриклаб турардингиз. Аразмисиз? Майли, ўпкаламайин, ўпкалашга ҳаққим ҳам йўқ.

Бизлардан сўрасангиз, яхши. Ўқишлар ҳам ёмон эмас. Фанлар анча мураккаблашиб кетди. Ўқитувчилар талабчан.

Отам тўрт ойдан бери касал. Дўхтирлар инсульт дейишди. қон босимидан бўлармиш. қимирламай ётади. Акам армияда. Укам жуда дангаса. Дарс тайёрламайди. Онам балнисанинг ошпазлигидан бўшамайди. Кеч келади. Отамга ўзим қараб ўтирибман.

Баъзан сиқиламан. Сизни ҳам ўйлайман, нима қилаётган бўлса деб.

Тепа қишлоққаям бориб турибсизми? Тўлғаной янгангизни яхши кўрардингиз. Ҳазиллашиб юрганларингиз эсимга тушяпти. Кўриб турибсизми? Отам ётиб қолгандан бери бир мартагина келди. Болалари кўпайиб қўли тегмай қолгандир-да. Бироқ поччам ҳар замонда келиб туради. Катта ўғли – кўк кўз жиян роса тўполончи эмиш. Кўрсангиз, менинг номимдан ўпиб қўйинг, илтимос. Соғиндим. Тайинлаб ҳам қўйинг: кўп тўполон қилмасин, онасини қийнамасин.

Айтмоқчи, сиз мухбир экансиз-а? Билмас эканман. Бугунги «Илғор чорвадор»да қўниш почтачини мақтаб чиқибсиз. Мен ҳам танийман у одамни. Балнисанинг орқасидаги почтахонага кириб туради.

Аввалроқ ҳам бир мақолангиз чиққан экан. 48-мактаб болалари районда ютиб чиқди, деб ёзибсиз. Кечроқ олиб ўқидим. Физкультура муаллимларингизни ҳам мақтабсиз. қойил, энди физкультурадан нуқул «беш» олаётган бўлсангиз керак.

Дарвоқе, бизнинг мактабгаям янги физкультура устози келибди. Унинг ҳам исми Фахриддин экан. Шаҳардан келган дейишди... қора плаш кийиб юрармиш...

Шу билан соғинчлик салом хатим тамом. Хайр. Кўришгунча.

Биби. 19.. й. 14 апрел».